8 МАРТНИНГ ҒАРОЙИБ САРГУЗАШТЛАРИ


Муаззам ИБРОҲИМОВА

  Ҳар йили байрам арафасида 8 Март дунёнинг турли бурчакларига саёҳатга отланар экан. Мақсади ҳар хил миллат аёлларининг турмуши билан танишиш ва уларга, ўз қўллари билан совғаларни топшириш экан. У катта қопига Армани, Гуччи каби машҳур атирлар, олмосу, ёқутлар билан безатилган тилла тақинчоқлар, Парижнинг энг зўр либослари ва пул жойлаб, учар товоғига ўтирибди. Сеҳрли сўзларни айтиб, мурувватини бурабди-ю, кўзларини чирт юмибди.
  Бир муддатдан сўнг учар товоқ ерга қўнибди.
  Қараса, ғаройиб жойлар эмиш. Кенг далалар, сарҳади осмонга туташиб кетган боғу-роғлар ва жилдираб оқаётган ариқдаги зилол сувларга мафтун бўлибди.
  Ие, аллақачон аёллар уйғонибдими?
— Қизиқ, —дебди 8 Март, — қаерга тушиб қолдим ўзи? Танноз ойимчалар бу вақтда ҳали донг қотиб ухлашаётган бўларди. Бу юрт аёллари жуда ғалати эканми? Ёки бу байрамолди ўзгача бир тайёргарликмикин? Тозалик, орасталикни ҳам қойиллатишар экан. Кўп юртларда бўлиб, турфа жувонларга дуч келаман, хаёлидан кечирибди 8 март. Баъзиларига қараб, совға бергинг ҳам келмайди. Ювиқсиз юз билан тўшагида қаҳва ичиб ўтирган хонимчалар шу юрт аёлларидан ўрнак олса бўлар экан.
  Байрамга таёргарлик мана шунақа бўлади. Ораста хонадон бекаларини қутлашга нима етсин.
  Ана, катта қозондаги таомга қараганда, улар мени аҳиллик билан, нозу-неъматларга тўла дастурхон атрофида ўзгача кутиб олишади. Лекин эркаклар қани?
  Ҳа, тушунарли, улар совға олгани кетишган. Ишқилиб, менинг совғаларим аёлларга манзур бўлсин-да! "Шарқ аёллари ўта нозиктаъб бўлади”, деган хавотиру хаёллар билан ариқ лабида гиёҳ териб ўтирган аёлга яқинлашибди.
- Ҳорманг, – дебди у нарироқда турган аёл қиёфасига кириб, – Нима теряпсиз, ўргилай?
  Қорачадан келган, озғин аёл унга “осмондан тушдингизми нима бало?”, дегандай қараш қилиб, жилмайибди:
- Нима теряпман? Ҳозиргина кўришганимда айтдим-ку, Робахон. Ялпиз, ўргилай қўшни, ялпиз.
  8 Март янада хурсанд бўлибди. Демак,у ялпиздан пардоз воситасини тайёрламоқчи. Қадимги Шарқ шуниси билан машхур бўлган-да. Европа аёллари турган битгани кимёвий унсур бўлган пардоз воситаларини юзларига чаплайверишади. Бу аёл эса юзини табиий воситалар ёрдамида парвариш қилар экан.
— Офарин! —дебди у, ялпиз япроғидан чимдиб, хузурлангач, — илтимос, менга ҳам буни тайёрлаш усулини ўргатинг?
- Нимани?
- Ялпизли кремми, атирми? Нима тайёрламоқчисиз ўзи? Ҳа, топдим. Сиз уни сувга солиб, тинчлантирувчи ванна қабул қиласиз.Таббий релаксация денг?
  Озғин аёл қўшним мен билан ҳазллашяпти деб, шарақлаб кулиб юборибди:
- Ўлманг Робахон, ўлманг!
- Бизнес қилмоқчимисиз?
- Албатта, – дебди аёл ишини давом эттириб, – Нимага қилмас эканман? Ялпиздан атир, жағ-жағдан пудра, отқулоқ ва исмалоқдан ҳалиги нима дедиз, оти қурсин. Реклак….ревак…э, революция деган ванналар ясаб сотаман. Рекламасиям керак эмас, ўзингиз етти маҳаллага тарқатиб чиқасиз, қўшни.
  8 Март қаршисида ўтирган қувноқ ишбилармон аёлга қойил қолибди. Мана, хақиқий ишбилармон. Тез фурсатда у Кристиан Диордан ҳам машхур бўлиб кетса керак. Унга нима совға қилса экан? Бундай аёллар ўта нозик бўлишади.
  Топдим!
  Дойче Габбанининг либосини совға қиламан. Базмларга кияди.
  У ялпизини териб, қўлини ювиб олган аёлга қиймати 1000$лик, Сваровский тошлари қадалган ягона нусхада тикилган куйлакни бериб, бу байрам совғаси эканини айтибди.
  Аёл куйлакнинг у ёқ, бу ёғини қараб, яна кулиб юборибди ва қўшнисининг қўлига қайтарибди:
- Бу зормандани қаттан олдиз, Робахон? Нима, мен сизга саҳнада ашилла айтадиган артисмидим? Орқаси, кўкраги очиқ кийимларни фақат анавинақалар кияди. Эрим Россияда бўлгани билан элнинг кўзи менда. Кимдир етқизса сўйиб қўймасин буни кийсам. Ундан кўра тўнғичизи кофта, юбкаларини берсангиз хурсанд бўлардим…
  8 март ҳозиргина шарақлаб кулиб турган аёлнинг бирданига хафа бўлиб қолганига тушунмабди.
- Фарангизим мактабга бормаяпти. Кийимлари опалариники эди. Титилиб кетибди. Уялаяпман деяпти. Бурҳонжонимнинг дориларига кетиб қоляпти—да пулимиз Робияхон. Тошкент дегани ямламай ютаркан ўзиям. Дориси фалонча, дўхтир ҳаққи писмадонча... Майли, яхши бўлиб кетса мингдан-минг розиман.
  Аёл анграйиб қолган 8 Мартдан узоқлашар экан, мижжаларига қалққан ёшни беркитиб илжайибди:
- Ҳа-я, Робахон, кўк чучварага чиқинг. Болаларим нонуштада иссиқроқ нарса есин дегандим...
  Ғалати аёл экан, хаёлидан ўтказибди 8 март. Бир кулади, бир йиғлайди. Касал шекилли. Шундоқ кўйлакни назарига илмади-я. Майли, анави хотинларнинг ёнига борай.
  У бир думалаб, ҳозир суҳбатлашган аёл қиёфасига кириб, қозон бошига яқинлашибди.
  Хотинлар катта қозон ичидаги таомни димлаб, энди тарқалишаётган экан. Уни кўриб сўрашиб, тахта сўрига қайтишибди.
- Яхшимисиз Ўлмасхон? Сумалакни энди димладик. Ҳа, айтганча Бурҳониддин тузукми?
Ҳеч нарсага тушунмай, довдираб турган «Ўлмасхон»ни хафаҳол турганга йўйиб, астойдил юпатишибди
— Майли, хафа бўлманг. Бу ҳам бир синов-да. Ҳали отдек бўлиб кетади.
  8 март бу саволлар ўзига тегишли эмасдек жим эшитиб, сўнг бақалоққина хотинга гап ташлабди:
- Байрам яхши-да! Хўш, кимнинг эри нима совға қилди? Ёки энди маркетга кетишдими?
  Хотинлар хандон отиб кулиб юборишибди.
- Ўлмасхон, нима,чап томониз билан турдизми? Қанақа байрам? Қанақа маркет? Э, ха 8 март, а!
  Меҳмон ўзининг исмини эшитиб, хурсанд бўлибди. Аёллардан шаддодроғи биринчи бўлиб совғалар хақида оғиз очибди.
- Ҳа майли, айта қолай. Эрим менга эмас, рўзғорга падарка олгани кетган, ўргилай. Дон тугабди. Товуқ бечоралар ҳам байрам қилсин-да. Қўшни тўкиб қўйган гўнгни титавериб, тагидаги аспалтини ҳам еб тугатишди. Жамилахон, сизи эриз қатга кетганди?
- Маникими, Сочига!
- Вой дам олганими? Қандай яхши! – дебди 8 Март, хурсанд бўлиб, - Эр-хотин бирга бормадингизми?
  Шаддод аёллар “бу хотинга нима бўлди? Нахотки, девор-дармиён қўшнисининг эри Россияга нима мақсадда кетганини ҳалигача билмаса, ё хазиллашяптими", дея кулиб юборишибди:
- Вой, ҳаммамамизнинг эримиз дам олишга кетган-ку? Меники Оренбургда тўрт йилдан бери қурилишда дам олади. Сожиники Московда, Нурхонники Омскда, Тожихонники Томскда, Шафоатники Питерда, Роиланикини яқинда Туркиядан олиб келишди-ку қоқиндиқ.
- Турфирмадан кетишганми?
  Ўлмасхоннинг пойинтар-сойинтар саволларидан ҳайратлари ошиб бораётган хотинлар қолган жойидан олишибди:
- Ҳа-да, – Турфирмами, гўрфирмами... Ишқилиб мазза қилиб юришибди. Пулам жўнатиб туришибди. Фақат сизнинг эрингиз …
  Қувгина Озодани Тожихон опа деганлари чимчилаб олмаса “сизники бир кетганча кўринмай кетди” деб "Ўлмасхон"ни ранжитиб қўйиши муқаррар эди. Вой гап оҳанги Ўлмасхонга заррача таъсир қилмади-я, тиржайиб турибдими?
  8 Март эрлари ёлғиз дам олиб юрган, берашк аёлларга ҳайрон қолибди.
- Айланай қўшнилар, - илжайиб сўз қотибди 8 Март, — Mайли, бир эрларсиз яйрайлик. Хўш, байрамни қайси ресторанда нишонлаймиз?
  Унинг алмойи-жалмойи гапларидан кулиб ўтирган қўшнилар, «Ўлмасхонни томи кетмадимикин", деган хаёлда сесканиб кетишибди. Бечорага қийин. Эри қайтмади. Икки норасидасининг бири касалманд. Ишқилиб, бошига тушган савдолардан мияси айниб қолмаган бўлса бўлди.
  Қўшнилардан бири уни хафа қилиб қўйишдан чўчиб, авайлаб елкасига қоқибди:
- Вой, Ўлмасхон, ресторан сиздан айлансин! Қайсинисида ўтирайлик? Мана, қозондаги сумалакни даст кўтариб кетаверамиз-да.
- Яшасин! – чапак чалиб юборибди “Ўлмасхон” – Унда, мен сизларга аввал совғаларингизни берай, чиройли кийиниб олинглар. Кейин қаерга десангиз кетавераман.
  У боядан бери қучоқлаб ўтирган қопидан қимматбахо тошли тақинчоқларни чиқариб, хотинларга улаша бошлабди.
 Қўлларига тутқазилган, кўринишидан арзон турмайдиган совғадан хотинларнинг тиллари калимага келмай қолибди. Сўнг ҳаммасини тез-тез қопга тиқишибди.
- Вой, кимники булар? Қаердан олдингиз? Ўғирламадингизми?
  «Ўлмасхон» «ўғирламадингизми?» деган сўроқдан яхшигина ранжиган бўлса-да, қаққайиб қоииб қолган хотинларга юзланибди:
- Нимага ҳайрон бўласизлар, совға дедим-ку! Олилар....Нега анграясизлар? Ҳаммаси сизларга!
- Бунга аниқ бир нарса бўлган, - шивирлабди Жамила деганлари қўрқиб, - Эссиз, эссиз шундай аёл увол-а...
- Ўлмасхон, буларни тез жойига олиб бориб ташланг! Бизни кўрмади, деб ҳисобланг. Йўқ, ҳозир сиз билан бирга бориб, уларни олган жойингизга билдирмай қолдириб келамиз. Дўхтирлар яна пул дейишган бўлса, хавотир олманг. Мана, маҳалла-кўй туриб беради. Эрингиз ҳам қайтиб қолар...
  8 Март шундай ноёб, ҳар бири ягона нусхада ясалган тақинчоқларни олмай, қопга қайтариб солаётган хотинларни тушунмабди.
  Қанақа юрт бу ўзи? Америками, Лондондами бу зеб-зийнатларни кўришганида борми? Бошига бир уриб, қопи билан бирга олиб қўйишарди. Садқайи совға кетсин! Эрлари зўр топса керак деб ўйласа, эгнидаги кийимларидан унақага ўхшамаса. Назарлари шунчалик тўқмикин?
  У: - Э боринглар-е, бошқа аёлларни табриклайман - дея қопини судраб, улардан узоқлашибди.
  Анча юриб, бир ҳовлига аста мўралабди. “Энди бировларининг эмас, асл қиёфамда кўринаман”, деганча остона ҳатлабди.
- Ким бор?
  Бир-икки чақиргач, ичкаридан “келаверинг”, деган сас келибди… Хонадон ичкарисига кириб қараса, ҳали қирққа ҳам кирмаган аёл каравотда ётган экан. Унинг кўзлари ожиз эди. Саккизинчи Март, ўзини тантанавор таништирмоқчи бўлибди, аммо ўсал ётган жувонга қараб, гапирмоқчи бўлган гапини ҳам йўқотиб қўйибди.
- Кимсиз?
- Mеҳмонман, синглим. Савобли ишлар билан шуғулланувчи ташкилот раҳбариман. Эртага байрам, шунга ҳолингиздан хабар олгани келгандим. Кейин совға дегандай… Ожизанинг кўзлари чарақлаб кетгандай бўлибди:
- Юқорироқдан келгансиз, шекилли-а? Ҳеч нима керак эмас, меҳмон. Фақат ўтган йили давлат томонидан ажратилган соғин сигирнинг дарагини топиб беринг...
- Қанақа сигир?
  Ожиза чуқур хўрсиниб, давом этибди:
- Маҳаллаларда бизга ўхшаган кам таъминланган оилаларга берилган сигир-да. Улар соғиб ичиб юришибди... Беш-олти ой олдин қишлoқ фуқоролари кенгашининг раиси уйимизга келиб “сизга сигир беряпти хукуматимиз” деса, роса хурсанд бўлибман денг. Қўлимдпн ушлаб жониворни силатиб қўйгандаги қувончимни кўринг. Иккита қоғозга қўл қўйиб бердим. Томи очиқ оғилимизни хўжайинимга шошилинч ёптириб сигиримизга жой хозирлатдим. Унга қизим қарарди. Алданганимни у ўқишга чиққанидагина билибман. Қўшниники мўраса бизники деб ўйлаб, дик этиб ўрнимдан туриб,туртиниб-суртиниб ҳовли этагига югурдим. Оч қолгандир деб, қўлимда пайпаслаб юлган ўтим.... қани энди говмишни топа олсам.
  Раисимиз Тошкондан келган меҳмонни уйимга бошлаб келгани-да, қўшнимнинг сигирини пракатка олиб, оғилимизга боғлаб телевизорга олдириб, менга қўл қўйдирганини эса кеч билдим. Буни бутун қишлоқ билади энди. Лекин ҳеч ким, ҳеч нарса демайди. Азизани ҳоким билан ҳамтомоқ, тепада ҳам акахони бор дейишади. Кейиин шаҳар прокурори ҳам уни ёнини олар экан. Қаранг, давлатимиз берса-ю, раисимиз юлса... Олдин ўзимизда говмишимиз бор эди. Сотдик. Пули мени даволатишга кетди. Икки марта апараца бўлдим-да бошимдан. Вақтида тўғри ташхис қўйишмай нотўғри даволашгани учун кўриш нервларим бутунлай емирилиб, кўр бўлиб ўтирибман. Яна-чи, агар қўлингиз узунроқ бўлса, шу қизимни ишга жойлаб қўйинг. Коллежни битиргандан бери ишсиз. Аввал менга қарарди. Ҳозир ўзимни анча эплаб олганман. Ҳовлида еталашмаса ҳам юравераман. У ишламаса бўлмайди. Мени пенсиям оз, дадамизнинг ойлиги яхши бўлгани билан рўзғорга етмайди.
  Меҳмон аёлга аста яқинлашибди:
- Опажон, қўйинг шу ҳасратларни. Ростини айтсам, мен 8 Мартман.
  Ўзи мени биров нишонлайдими бу ерда?! Ҳа, майли... Энди қийналмайсиз, опа. Манави қопдаги ҳамма бойлик сизники.
  Аёл қўлига тутқазилган қопни ҳаттоки очиб ҳам кўрмай, эгасига қайтарибди.
- Бизга бировники керак эмас. Сигирни қайтарсангиз бўлди!
- Тушунсангиз-чи, ҳозир сизга сигирни қаердан топаман. Бу қопдаги бойликка бутун бир фермани сотиб оласиз.
  Аёлнинг ожиз кўзларида ёш қалқибди,
- Керак эмас!
  8 Март бу аёлнинг ҳасратига ортиқ бардош бера олмай, кўчага отилибди. Одамлардан суриштириб, Азиза деганнинг уйини топиб, шаҳд билан ичкарига кирибди. Унга айтадиганлари кўп эди. Аммо бир ногирон, кўрни алдаган шайтонни башарасини кўргиси келмай, қопини ҳашаматли ҳовли сатҳига отиб. “Жазоингни ол, илоҳим”, деб қарғабди-да, товоғига ўтириб, учиб кетибди…
  Эртасига қулоғида бриллиант кўзли зирак, юз-кўзи кўкарган, “ҳеч қанақа прокурор ўйнашим йўқ, бу нарсаларни ҳовлимизда ётган қопдан топгандим”, деб додлаб қочаётган Азиза ва кетмон кўтариб қувлаётган эри кўрсатган томошадан бўлак, ҳеч қанақа байрам бўлмабди. Қишлоққа 8 Март келиб кетганини биров сезмай қолаверибди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот