САМОВОТ ЎҒЛИ


Соҳиба АБДУЛЛАЕВА

САМОВОТ ЎҒЛИ
Фантастик ҳикоя
 
   Ким у ўзи, ким?
   Компьютернинг бошқарув қисмидаги яшил чироқлар ёниши билан Ёрқин чуқур хаёлларга толарди. Аниқроғи, бу унинг истаги билан, керакли мурватни босганидан сўнг амалга ошарди. Фазо кемаси қуёшга яқин учиб юрган кезлари Ёрқиннинг ўй-хаёллари бир мунча мавҳум, фақат илмий мушоҳадалар билан боғлиқ эди. Мана Ер томон учиш бошланди-ю, ҳаяжонли ўй-хаёллар йигитга тинчлик бермай қўйди. 
    Ким у ўзи, ким?
    Ёрқин компьютер тугмаларидан бирини босди. Хонага ер ости ирмоқларидай қулоққа аранг илинадиган майин куй тараларди. Фазогир ҳеч қачон ер ости ирмоқларининг шилдирашини эшитиб кўрмаган бўлса-да, ишончи комил эдики, бу хазин куй айнан ер ости ирмоқларининг куйлашига ўхшаб кетарди, сабаби Ёрқин она ерига оид бир қанча маълумотларни билимдон компьютери орқали ўрганарди. У ихчам дискетни қўлида ушлаганча, узоқ ўйланиб қолди. Ҳажвий тасвир ҳосил қилувчи компьютер туйнугига ҳалиги дискетни киритиб, буйруқ юборди. Чироқлар ўчиб, қоронғуликда ҳажвий тасвирлар жонланди. Экран ниҳоятда кенг бўлгани учун Ёрқин ором курсисини хонанинг бир чеккасига суриб, қўлларини қовуштирганча, ястаниб ўтирди. Ички бир туйғулар идрок қила бошладики, содир бўлаётган воқеаларнинг бари аввалдан ёзиб қўйилган. Йигитнинг истак-хоҳишлари жуда секинлик билан бўлса-да, амалга ошаяпти. Ҳозир унинг ягона истаги – ўзлигини англаш.
  Ким у ўзи, ким?
  Ҳажвий тасвирлар тиниқлаша бошлади. Шаффоф идишдаги суюқликда парча эт лиқиллаб турарди. Бу тасвир шунчалар аниқ эдики, Ёрқин ўрнидан туриб колбага қўл теккизиб кўргиси келарди, лекин у ўзини босди. Ана, ҳомила дақиқа сайин шаклланиб бораяпти. Улкан колбанинг қопқоғига ўрнатилган беҳисоб найчалардан қандайдир нурлар мажмуаси таралмоқда. Бу нурлар қушча танасидек келадиган ва оҳиста ўсиб бораётган инсон танасига иссиқлик ҳам берарди. Ҳарорат ошиб кетган лаҳзаларда митти вужуд тўлғониб-тўлғониб қўярди...
  Ҳимоясиз, лекин қандай шароитда бўлмасин яшашга маҳкум этилган ожиз ва нотавон мана бу инсон боласи ким?
  Ким у ўзи, ким?
  Ёрқин сирли колбадан кўз узмай тикилиб ўтирарди. Ҳомила ўз ҳаракатлари билан очилаётган гулдек кўзга ташланиб қолди. Шиша идишга тушаётган нурлар қуёш нурлари эканлигини Ёрқин яхши биларди. Гўдак худди она кўкрагини ушлаб эмаётган чақалоқдек, дўмбоқ қўлчаларини нур томон чўзиб, ангишвонадек оғзини каппа-каппа очар, гўё лаззатли нарса ютгандек тамшаниб кўярди...
  Яна... Яна бир лаҳзадан сўнг!..
  Ёрқин ўзини бошқаролмай карахтланди. Ўз-ўзидан кўзлари юмилиб, уйкуга кетиш олдидаги лаҳзалар босинқирашга ўхшаш ҳолат исканжасида қолди. Воқеаларнинг бу ёғи хотирасида уйғонганлиги туфайли нима бўлишини олдиндан сезиб олганди...
  ...Бола ўсиб катталашади, шаффоф идишнинг қопқоғи очилиб, у ташкарига чиқади. Унинг миқти гавдаси атрофида шафақранг ёғду ҳосил бўлади. У – одам қуёшчага айлангандек эди гўё.
  Лекин нима учун у ёлғиз? Нима учун?..
  Тош қобиққа ўхшаб кетувчи мана бу ҳаво кемасида неча-неча йиллардан бери ёлғиз учмоқда. У компьютер хотирасига жамланган маълумотлардан илм олди, ўрганди. Лекин нима учун ёлғиз яшаб келмоқда?
  Ёрқин даҳшатли зерикиш азобидан инграб юбораёзди. Нега айни шу вақтда, шу дақиқаларда, ахир йигирма беш йилдан бери чексиз самовот қаърида роботлар билан ёлғиз ўзи учаётган эди-ку? Балки учиш давомида бир неча бор қаттиқ уйқуда бўлганлигидан; вақтнинг ўтганини сезмагандир? Ер ҳақида, одамлар ҳақида китобларда ўқиганди, видеофильмлардан биларди. Нега илгарироқ бу савол уни безовта қилмади?
  Ким у ўзи, ким?
  Ёрқин шу ҳафта ичида Ер билан икки-уч бор алоқа боғлади. У олимлар, шифокорларнинг саволларига жавоб берар, ўзи эса савол беришга ошиқмасди, назарида олган билимларидан қаноатланиб келарди. Кечаги учрашув эса Ёрқиннинг фикрини алғов-далғов қилиб юборди... Ёрқин самовий кема ичидаги ойнаиоламнинг катта экранидан ўзига қай бир жиҳатдан ўхшаб кетадиган одамлар билан мулоқотда бўларди.
  Учрашув қатнашчиларидан бири ғалати савол бериб қолди:
– Айтинг-чи, сиз бахтлимисиз?
  Мазкур фазовий мулоқотда ҳакамлик қилаётган, “Қуёш-Ер” бошқарув тизимининг бошлиғи, Одил Маҳмудий деган кимса, савол бергувчига норози тикилиб, Ёрқиннинг фикрини чалғитишга ҳаракат қилди: “Бугунги суҳбатимиздан мақсад, Ёрқиннинг қуёш тожларига яқинлашиб борганидаги кузатувларини ўз оғзидан эшитиш эмасми? Илтимос азизларим, савол мақсадга мувофиқ бўлсин!”
  Ёрқин ҳам ўз вақтида бу саволга жавоб беришни кейинги сафар бўладиган учрашувга қолдирди. У ўз тенгдошларининг бошқа саволларига бажонудил, завқ-шавк билан жавоб берди. Қуёш теграсини қамраб олган қуюқ алвонранг булутларини тасвирлашга ҳаракат қилди. Айни вақтда ўзи тасвирга туширган видеофильмни экранга чиқариб турди.
  Экран орқали бўлса-да, ерликларнинг ҳайрати, қизиқишларини пайқаб олганидан, ўзини улардан кўра қудратлироқ ҳис қилганди. Ҳозир эса ўйланиб қолди. Бахт?!
  Бахт?! Нима у ўзи? Тўғри, ўқиган китобларидан биладики...
  Лекин Ёрқиннинг бахти нимада экан? У инсониятга ҳали насиб этмаган Буюк учишлардан бири – Қуёш тожларига энг яқин масофада етиб борган ягона фазогир-ку, бу бахт эмасми?
  Бахт?! Нима экан у инсонлар наздида? Нега менга даб-дурустдан бунақа савол бердилар, нега? Нега марказ бошлиғи гапни бошқа ёққа буриб юборди? Мен эса ўз сўзимдан адашиб, савол берган қизга эътибор қилмадим. Қиз, негадир лабини тишлаб, бошқа мавзудан гап очди, менинг ҳазрати Навоий ижодларига бўлган муносабатим билан қизикди? Лекин у қиз ўйламай айтиб юборган аввалги сўроғидан ҳижолат чекаётганини кўзлари айтиб турарди. Кўзларида, менинг берадиган жавобимга илҳаклик сезилиб турарди. Қизнинг исми эса... Муҳаббат эди шекилли...
  Муҳаббат?..
  Ёрқин ором курсидан шахд билан туриб ўргатувчи роботи – “Устод”га яқинлашди. Хаёлий саволларини унинг сунъий онгига юбора бошлади:
  “Эй устод, айт-чи, ўзинг, ким менинг яратгучим?! Сен энага билан биргаликда, болалигимдан бошлаб ўқитдинг, ўргатдинг. Фалсафадан тортиб риёзатгача, назмдан тортиб, фазо илмигача – барчасидан хабардор этдинг. Лекин сен бир нарсадан мени мосуво қилиб қўймадингми? Менинг, бу барча ўқиганларим ҳақида чуқур мушоҳада қилишга вақтим, имконим бормиди? Умуман мен ўзим ҳақимда ўйлаб кўришга, келажагимни тасаввур этишга, нечук ўрганмадим? Ахир мен ҳам, бу улкан кемадаги темиртанлар қатори махсус дастур асосида яшаб келган эканман-да. Ерга қайтишимга оз вақт қолди. Даҳшат! Мен одамлар ичида қандай яшайман? Нима билан машғул бўламан?..
  Бахт?!
  Менга шу саволни берган қизнинг исми Муҳаббат экан... “Myҳаббат ўзи нима?”
  Ёрқин клавишларга бармоқларини текизиб “муҳаббат” сўзини экранга чиқарди, туйғуларида бу сирли сўз ҳақидаги тушунча уйғунлаша бошлади. Демак, муҳаббат... У ҳам бирон кимсага муҳаббат қўя оладими? Умуман у ҳам инсонмикан? Ахир одамлардан катта фарқ билан ажралиб туради-ку... У катта иссиқликка чидамли биороботми. Танаси инсон танасига ўхшайди, лекин онги-чи?
  Ким у ўзи ким?
  Кўзгулар алдамас, у баланд бўйли, тик қоматли йигит, лекин кийим киймайди, ахир вужуди қуёш нурида тобланган. Ўзи ҳам худди сезилар-сезилмас нур тарата олади. Ердаги одамлар ҳам шунга қодирми?.. Ёрқин ҳаво етишмагандек бўғилиб кетди. Аста юриб бориб боққа олиб чиқадиган йўлак томон юрди. Юзига илиқ ҳаво эпкини урилди. Тиниқ, шаффоф гумбаз остидаги мўъжазгина боғга хам ботиқ эшик орқали кириларди. Йигит ичкарига кириши билан эшик ёнламасига сурилиб аввалги ҳолатини эгаллади.
  Бу ернинг иқлими, табиати асабларни осойишта қилиб, танга роҳат бағишларди. Ёрқин шалдираб оқаётган жилғадан ҳовучини тўлдириб сув ичди. Боққа чиқариб кўядиган эшик уни самовий куч майдонидан халос этганлиги туфайли, йигит бир мунча эркин нафас ола бошлади. Қизиб кетган вужуди аста совиди. Кўнгли бир ажиб маҳзунликка мойил бўлиб тургандай, Навоийнинг ўлмас сатрлари ёдига тушди:

... Ки ҳар бир кўргузуб жаннат фазоси, 
Фазосидек суви бирла ҳавоси.
Келиб бир фаслга ҳар бир мувофиқ, 
Бўлиб шаҳзода оромига лойиқ...

  Бу байтни унга Устоз робот ўқиб бергани эсига тушди. Ўша куни Ёрқин биринчи марта мана шу боққа қадам қуйганди.
– Нега мен буларни энди кўраяпман? – сўраганди у темиртан устозидан. Устоз ўзига хос босиқ, ҳис-ҳаяжонсиз оҳангда Ёрқинга тушунтира кетди: 
  Бу боғ сен учун чорак аср умр кўрганингга бағишлаб барпо этилган, мана энди вақти келди. Яқин кунларда Ерга қўнамиз. Унгача сен она еринг шароитига мослашиб боришинг керак. Бу боғда бир вақтнинг ўзида тўрт фасл яратилган. Албатта улар бир-бири билан кўринмас тўсиқ ёрдамида ажратилган. Шунинг учун бу боғнинг тўртта сунъий Қуёши бор. Сен учун яратилган ана шу митти сайёра кемамизга автоматик тарзда келиб қўшилди...
  Ёрқин бир ўзи, эртаклардаги шаҳзодалардек шунча мулкка эга. Бахтли бўлиши учун яна нима етишмаяпти, нима?! 
  Ким у ўзи, ким? 
  Қаердадир огоҳлантириш қўнғироқлари жиринглаб кетди. Темиртан Ёрқиннинг олдига югуриб келди-да, уни аранг суяб қолди.
– Азизим, кўп ўйлаш сенга зиён! Дам олишинг керак, – деди Устоз.
– Менга нималар бўлаяпти ўзи, диққи-нафасликдан портлаб кетай деяпман!
– Мумкин эмас, кўп ўйлаш мумкин эмас! Ахир яқиндагина анабиоз ҳолатидан уйғонгансан. Мия тўқималаринг эндигина жонланаётган бир пайтда, нейронларни ҳалок қилсанг, уларни қайта тиклаб олиш жуда қийин, буни ўзинг яхши биласан.
  Робот-энага худди шифокорлардек Ёрқиннинг томирини ушлаб кафтини танаси бўйлаб юритди. Зумда махсус қурилмада юрак ва мия фаолиятини белгиловчи чизиқлар намоён бўлди.
– Ана, юрак уришинг безовта, бош чаноғингда қон босими ниҳоятда ошиб кетган, – деди ҳамшира робот. – Афсуски, яна анабиоз ҳолатига  ўтишинг керак.
– Истамайман, кераги йўқ! Мен ўзлигимни англаб олишим керак!.. 
  Ёрқин қайсарлик билан боғча четидаги супачада ўтириб қолди. Ичкарига, кемадаги ётоқхонасига киришга, яна узоқ давом этувчи уйқуга кетишга истаги йўқ эди. Гўё шу сафар мангу уйқуга кетадигандек. Ҳамшира унинг ёнига ўтирди. Ёрқин чалқанчасига ётиб шаффоф гумбаз остидаги сунъий алвонранг булутларга термулди...
  Ҳамшира Ёрқиннинг эндигина соч ўса бошлаган бошини юмшоқ, эгилувчан қўллари билан уқалай кетди. Қизларникидек нозик бармоқлари асабни тинчлантирувчи, уйқуга элтувчи нуқталарни аниқ топганидан, Ёрқиннинг кўз олдини хира пардалар тўса бошлади. Ёрқин “керакмас”, дегандек роботнинг қўлларини олиб ташламоқчи эди, зумда бутун танасини лоқайдлик эгаллаб, кўзлари уйқуга кетди...
  Йигитнинг қаттиқ уйқуга кетганига ишонч ҳосил қилган ҳамшира қўлларини баланд кўтариб, ҳавода ҳаракатлантира бошлади. Йигитнинг таёқдек қотган гавдаси аста тепага кўтарилди. Робот энди қўллари билан илгариланма ҳаракатлар қилди. Ҳосил бўлган куч майдони Ёрқиннинг тош қотган вужудини ётоқхонага элтиб қўйди.

* * *

  Муҳаббат эшик тутқичига қўли етганда бир зум иккиланиб турди. Ичкари киришга юраги бетламади. Ҳозир Одил Маҳмудий рoca койийди, деган фикрдан кўнгли ғашланди.
  “Бўлар иш бўлди”, деб хаёлидан ўтказган Муҳаббат эшикни очиб ичкарига қадам қўйди.
  Деразадан уфқни кузатаётган Одил Маҳмудий, қизга ўгирилмаган ҳолда таклиф қилди:
– Қуёш ботишини кузатганмисиз? Келинг шу манзарани кўздан кечирайлик.
  Муҳаббат устозининг ёнида туриб диққат билан уфққа тикилди. Бир неча кун ёққан ёмғирдан кейин, бугун қуёш чарақлаб чиққанди. Эртага ҳаво очиқ бўлишидан кўнглини тўқ қилса бўлади. Қуёш алвонранг, йўқ, йўқ, алвонранг эмас, қандайдир самовотнинг ўзигагина хос бўлган, қизғишрангдаги ёғду узра бош қўйиб, кўздан ғойиб бўлаётганди. Қуёшнинг уфқ ортида шундай тез “ботиб” кетишини Муҳаббат эндигина кўраётгандек, ҳайратланиб қолди.
  Наҳотки Ёрқин ана шу Қуёш ёғдуси атрофидан, фазо кемасида Ер томон учиб келаёттан бўлса? Қуёш теграсининг алангали қип-қизил булутлари фазо кемасидан қандай кўринар экан? Йиллаб давом этаётган, бунинг устига фақат алангалар қаърида кечаётган фазовий учишлардан Ёрқин зерикмадимикин?..
  Борлиқнинг бетакрор гўзаллигидан завқланган Одил Маҳмудий бояги қатъийлигидан асар қолмаган ҳолда қиз томон ўгирилиб, гап бошлади:
– Ўтиринг, – деди у босиқ оҳангда.
  Муҳаббат аста юриб келиб марказ бошлиғининг қаршисидаги ўриндиққа ўтирди-да, қилган гунохларига яраша отасидан жазо кутиб турган қиздек, итоаткорлик билан устозига тикилди:
– Чақиртирган экансиз?
– Сени койимоқчи эмасман, қизим, фақат тушунолмай қолдим-ку, бахт ҳақида савол беришинг, умуман Ёрқиннинг ҳис-туйғуларини уйғотиб юборишинг... Мен ахир сизларга ҳаммасини айтиб берган эдим-ку? Наҳотки учиш давомида туйғуларга берилиш Ёрқин учун хавфли эканлигини билмасдинг? Ҳар қандай зўриқишдан мия пўстлоғидаги майда қон томирлари ёрилиб, асаб толалари ишдан чиқиши мумкин. Ёрқин кучли магнит тўфонлари таъсирида эканлигини унутдингми. Гарчи у... ҳомиладан ўсиб ривожланган бўлса-да, ярим сунъий одам ҳисобланади-ку! Биз каби фикрлаш, мушоҳада юритиш унинг учун хавфли, шуни билмасмидинг қизим?! 
  Одил Маҳмудий зиқнафас дардига йўлиққан кимсадек “уфф” тортиб гапида давом этди:
– Миясида қон айланиши яхши таъминланганидан Ёрқиннинг энг нозик, майда қон томирлари ҳали гўё уйқуда. Унинг териси қаттиқ, иссиққа чидамли бўлганлиги туфайли, қони қуюқлашгани боис асаб толалари таранг. Шу боис у ортиқча хиссиётларга берилмай, олдиндан тузилган аниқ дастур бўйича ишлаши, яшаши керак. Худо хохласа еримизга қайтиши билан у биз каби фикрлаб, биз каби эмин-эркин яшайверади.
- Тушундим. – деди Муҳаббат ҳижолатли оҳангда. – Кетсам майлими?
- Ҳа, ҳа, бемалол.   
  Инсоният Ёрқиннинг она заминга қайтишини орзиқиб кутаётганди. Экранда кўрганларига асосан ҳар ким уни ўзича тасаввур қилади. У ерлик йигитлардан кўра ўктамроқ ва мағрур кўринади. Йигитга нигоҳи тушган ҳар бир кимсада ҳавасданми, ачинишданми, қандайдир илоҳий меҳр уйғонади. Бу меҳр етим болага кўрсатиладиган меҳрдек, безавол, беминнат бир меҳр эдики, ерликлар Ёрқин билан бўладиган учрашувга катта тайёргарлик кўраётгандилар. 
  Муҳаббат уни даставвал талабалик йилларида Олий фазо илми мактабини битириши арафасида телеголограф экрани орқали таниган эди. Шу кундан бошлаб қиз ўз илмий иши номини ён дафтарчасига ёзиб қўйганди: “Самовот ўғлининг ердаги ҳаётга мослашуви”. Шундан кейин илк учрашувда берадиган саволларини ёзиб юрди. Ниҳоят “Сиз учун бахт нима?”  деган саволни берди.
  Бунинг нимаси ёмон? Ахир, Ёрқин буткул темиртан эмас-ку? Наҳотки йигирма беш йил яшаб қўйган йигит бахт ҳақида фикр юритишдан ожиз бўлса. Ахир бу унинг энг катта мусибати эмасми? Тўғри, у қатъий дастур асосида бунёд бўлган ва учиш давомида бу дастурдан четга чиқа олмаган. Лекин, лекин у барибир инсон боласи-ку!
  Бахт ҳақида тафаккур юритишга ҳақли эмасми? Бундан бу ёғига ерда унинг ҳаёти қандай кечади? Унинг онаси ким? Қандай қилиб икки ойлик ҳомиласини илмий тажрибага бағишлаган? Тўғри, ерлик аёллар,  туғишни истамаган аёллар икки-уч ойлик ҳомилани вужудларидан ажратиб ташлашга рози бўладилар, ўзлари шуни истайдилар. Баъзи аёллар хасталик туфайли боладан воз кечади. Одамлар бунга кўникиб кетган. Она вужудидан бевақт ажралиб, бир парча эт холида қон-қушларга кўмилиб, ҳаёти сўнган вужудлар, дунёда инсон бўлиб яшашдан маҳрум бўлган мурғаккина вужудларнинг қанчаси йўқ бўлиб кетган... Бу ахир гуноҳ эмасми?
  Ким у ўзи, ким?
  Ёрқин шу ҳақда ўйлаб кўрганмикан? Мен бахт ҳақида бежиз савол бермадим. Агар, агар унинг ҳиссиёти уйғониб қолса, ўзлигини англармикан? Уни мурғак ҳолида жаҳаннамга отганларини кечирармикан? Қизнинг кўзларига ёш қалқиб лаблари пичирлай бошлади: 
  “Агар, агар менинг қўлимдан келса, сени бахтли қилар эдим, самовот ўғли! Фидойилигим боисини тушунмаслигинг мумкин, англамаслигинг мумкин. Лекин бир инсонни бахтли қилиш ҳам олий фазилат эмасми?
  Нима учун бундай қарорга келганимга ўзим ҳам ҳайронман. 
  Ҳозирча орамизда олисдан-олис самовий кенгликлар... Шунга қарамай, мен экран орқали бўлса-да, кўзларингда темиртанларга хос лоқайдлик эмас, инсон кўзларига xoс бўлган, азоб тортган инсон кўзларидаги маҳзунликни кўрдим. Қанийди, ўзимда бир илоҳий куч пайдо қилсам-у, ерга қайтиб тушганингда нафақат онгингга, балки шуурингга таъсир ўтказа олсам...
  Муҳаббат ўзи ишлайдиган тажрибахонага кириб келганида Зумрад опаси оқ халатини ечиб кўчалик кийимини кийиб турган экан.
- Муҳаббат, тинчликми, бошлиқ нега чақирган эканлар? – сўради ҳамхонаси хавотир билан.
- Ўзлари, шунчаки баъзи нарсаларни тушунтириб қўйдилар – қиз ортиқча гапга ўрин қолдирмай.
- Ҳа майли. Кийинақол, йўлда гаплашиб кетармиз
  Зумрадхон кўпинча машинасида Муҳаббат билан уйига қайтарди, чунки бир маҳаллада яшашарди. Ўзи Муҳаббатнинг шундай нуфузли илмий текшириш илмгоҳига келишига ҳам Зумрадхон сабабчи бўлган эди. Уқизнинг кўнгидан ўтаётган мулоҳазаларини тахминан биларди, ахир бирга ишлаётганларига ҳам тўрт йил бўлди.
  Машина катта текис йўлга чиқиб равон тезликда кетиб бораркан, Муҳаббат ишончли ҳамкасбига дардини очди. У Одил Махмудийдан ололмаган жавобини Зумрадхондан билиб олига ошиқди:
- Зумрад опа, биласиз, яқин орада самовот ўғлини кутиб оламиз. Менинг илмий ишим мазмуни сизга таниш\
- Ҳа, албатта, сен Ноёб фазогирнинг еримиздаги ҳаётига қизиқаясан, бунга оз вақт қолди. – деди Зумрадхон йўлдан кўзини узмай.
- Мен унинг ота-онаси қандай қилиб икки-уч ойлик хомилани илмий тажриба учун бағишлаганига тушунолмаяпман.
- Биласанми, Муҳаббат, ҳаётда сен ўйламаган, кутмаган ҳодисалар рўй бериб туради. – деб гапида давом этди Зумрадхон. Ёрқиннинг ота-онаси бизнинг илмий гуруҳимизда етакчилардан эди. Улар бўлажак фазогирни туғиб берадиган онани ҳам топишганди. У аёл беникоҳ бола кутаётган экан. Кутилмаганда бахтсиз ҳодиса содир бўлиб, Ёрқиннинг ота-онаси автоҳалокатга учради. Отаси рулда бўлгани учун тез нобуд бўлди. Онаси ички қон кетиш туфайли жонлантириш хонасида бир ҳафта яшади. Яратганнинг марҳаматини қарангки, қорнидаги болага зарар етмаган, унинг юраги уриб турарди. Марҳаматхон ўзини илмга бағишлаган, фидойи аёл эди. Шунинг учун ҳам ўттиз ёшдан кейин фарзанд кўришга ният қилганди. Эртаси куни мен кўргани борганимда у қўлимга қисқагина мактуб бериб, унга имзо чекиб, ҳатто бўлажак ўғлининг исмини ҳам ёзиб қўйганди...       
  Бу хатдан бохабар бўлган илмий гуруҳимиз аъзолари Марҳаматхоннинг васиятини амалга ошириш учун тезлик билан ҳаракат бошладилар, акс ҳолда бола ҳам онаси билан нобуд бўлиб кетарди.
  Кўрдингми қизим, - деди Зумрадхон машинасини секинлатиб, орқасига ўгирилиб Муҳаббатга тикилган куйи. Тақдир ишлари мана шунақа, Ёрқин чорак асрни яшаб қўйди, бу ёғи яна тақдирига боғлиқ. Шошилма, қизим, хавотир бўлма, хали у ўзлигини англаб олади, ота-онаси яхши одамлар эди. 
  Машина Муҳаббатнинг уйи олдида тўхтади.
- Вой, уйимизгача олиб келибсиз-ку Зумрад опа яна орқага, уйингизга қайтасизми, юринг уйга кирамиз. - деди қиз юзлари қизариб.
- Бошқа сафар, қизимиз ўй-ҳаёлларига шўнғиб, уйини тополмай қолмасин дедим-да, - кулиб хайрлашди Зумрадхон.
  Муҳаббат уйга етиб келиб, кийимларини алмаштириб, онасига кўмаклашди. Овқатдан кейин идиш-товоқларни ювиб, ошхонани чанг ютгич билан тозалаб, кечки юмушларини битирди ва ювиниб чиқди. Бугунги куни кўнгилдагидек якунланганига шукронада бўлиб тез орада кўзи уйқуга кетганини ўзи ҳам сезмай қолди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот