ҲАЁТИМНИНГ БИР КУНИ…


     Ўшанда биринчи синфда ўқирдик. Мактабда Янги йил байрами тантанаси бўлди. Ҳаётимизда илк марта катта байрамдаги иштирокимиз бўлгани учун жуда қувондик. Аммо тадбир бошловчисидан: “Ҳаво иссиқ бўлгани учун Қорбобо ўрмондан келаётиб эриб кетибди”, деган хабарни эшитиб ҳаммамиз хафа бўлдик. Мактабдан берилган таътил кунларида оғир қопда совға кўтариб келаётган саховатли бобо кун иссиғидан эриб кетганини ўйлаб юрагим ғашланиб юрдим. Келаси йил янги йил яқинлашгани сари ҳамма болаларнинг кўзи осмонда. Яна қуёш чиқиб кунлар исиб кетса, Қорбободан айрилиб қолишдан қўрқиб пичирлаб дуолар қиламиз. Бир куни дарс пайтида синфимиздаги эркатой қиз Хайрихон хиққиллаб йиғлаб қолди. Сабабини сўраган устозга: “Эртага байрам, қор ёғмади. Қорбобомиз яна эриб кетади”, деди. Бир-иккимиз унга жўровоз бўлдик. Аввалига жилмайиб турган устозимиз бошимизни силаб юпатишга тушди. Бу гал иссиқ бўлса ҳам келади, йиғламанглар, ҳамма болаларга совға олиб келади. Эримайдиган Қорбобони чақирамиз, ҳамма чиройли кийиниб келсин. Қорбобо билан бирга рақс ўйнаймиз”, деди.
     Биз кутган ҳаяжонли кун келди. Биз тенги болажонлар чор-атрофга қараб кимнидир кутишарди... Шунда соқоллари кўксига тушган, ялтироқ чопонлари ўзига ярашган Қорбобо даврамизга кириб келди. Қувнаб рақс ўйнадик. Совғалар улашди. Энг ёдимизда қоладиган байрам бўлди. Таътил тугаб мактабга қайтдик. Ҳамма ўз уйида бўлиб ўтган байрам, меҳмонлар, совғалари ҳақида тўлиб-тошиб гапирарди. Бир чеккада индамай ўтирган устозимизнинг қизи Гулсаранинг ёнига бордим. “Сен нега гапирмаяпсан, нимадан хафасан?” дедим. У кўзига ёш олиб: “Дадам байрамга деб йиғиб юрган пулларига совға олибди...” деди. Шунда Қорбобонинг устозимизга ўхшаган чеҳраси кўз олдимга келди...
     Меҳрибон устозимиз Тожирали Дадажоновнинг охиратлари обод бўлсин!

Мунаввара Усмонова - "Саодат" журналининг Бош муҳаррири