АДОЛАТ ЧЕГАРАСИ


Ўзбектош Тўрахонли

  Дунёни борича-бутунича изоҳлаш учун сўзлар камлик қилади. Бу танқисликни тўлатиш учун “Адабиётчилар” соч оқартиб тер тўкишади. 
  Ҳаёт ҳақида энг тўғри хулоса ҳанузгача яратилмаган. Ва яратилмайди ҳам. 
  Мутлақ ғалаба — мутлақ мағлубият! Яъни ютқизиқ ютуққа тенг ёки ютуқ ютқизиқ билан баб-баравар бўлиши мумкин!  
  Камина тақлид, таассуф касаллигидан кучли иммун тизими билан ҳимояланган. Қуйида ёзаётганим кўнглим тубидан чиққан ҳисларим ифодаси. 
  Бу ҳаётда энг соф ранг алоҳида мавжуд-ми?  
  Қуйида шу саволга жавоб беришга уриндим...
  Баҳо бериш ўқувчининг дунёқарашига ҳавола.

7 Ноябрь 2007 йил.
ТОШКЕНТ.

АДОЛАТ ЧЕГАРАСИ
киноқисса

  Тун ярмидан ўтган.
  Қишлоқни жимжитлик ва қоронғилик қуршаган. Одамлар ҳам табиат ҳам ширин уйқу оғушида. Маҳалладаги уйларнинг чироқлари аллақачон ўчган, оҳиста липиллаётган ҳовли ёритгичларидан хира ёғду сочилади. 
  Дарвозахонасида тепасига катак-катак сариқ тамға ўрнатилган такси турган ҳовли. Нарироқда бошини олд оёқлари устига қўйиб ётган кўппак. У эринчоқлик билан кўзларини очиб юмади. 
  Ит яқинидаги пастаккина уйча эшиги тирқишидан сарғиш нур тўкилади. Хонадан ўрта яшар кишининг йўталгани эшитилади. Уйнинг асосий қисмидан ажралган бу кичик хонада Ойбек деворга ўрнатилган чироққа орқа ўгирганча ёзиб ўтирибди. 
  Хонанинг бор бисоти — электр мусиқа жиҳозлари-ю автомобил моторининг ишдан чиққан қисмлари турли томонда тартибсиз сочилиб ётади. Бир чеккада деҳқончилик асбоблари — кетмон, курак, болта, хаскаш бор. Томдан чакка ўтиб ивиган шифт, нураган девор ўтмишнинг оғир йилларидан садо бераётгандай. 
  Ойбек шапалоқдай қоғозчага нималарнидир қайд этиб қўйгач, қора мойга ботган қўлларини чўзиб стол бурчидаги катта, кенг энли дафтарни олади. Дафтар муқоваси кўп қўл теккизилганидан четлари ейилиб кетган, рангсизланган, устида доғ излари бор. 
  Ойбек муқовадаги босма катта-катта ҳарфлар билан қўлда кўринарли қилиб ёзилган “EZGULIK”  сўзига кўз югуртириб дафтарнинг ўртасидан очади. Ярмига ёзилган саҳифанинг юқори қисмига бош бармоғини босади. Оппоқ қоғоз юзида қиров соч бу кимсанинг бармоқ изи қолади. 
  Ойбек “EZGULIK” дафтарини ёпиб-очгач, бармоқ босган саҳифанинг четига айни кун санасини ёзади. 

20 Октябрь 2002 йил. 
“— Хайрли кеч, Ойбек ака! Яхши ишлаб қайтдингиз-ми?!
  Шундай сўзлар билан яна “EZGULIK” дафтаримни очдим. — деб пичирлайди Ойбек ёзиш баробарида. —  Ишларим… эзгу мақсад йўлида қилган беминнат ишларим ҳақида ёзиб кўнглимни бўшатмоқчиман. Зеро, сал кам қирқ йиллик ҳаётимнинг мазмуни шу қилган эзгу ишларим. Уларни эслаб дам қувонаман, дам йиғлайман. Бугун мен эрталаб ариқ бўйида...”
  “...Бетон ариқ бўйи.
  Таниш такси мажнунтол сояси остида тўхтаган. Ичида учта қиз, жувон.
  Ариққа йиқилиб тушган қари сигирни бурни оққан ўсмир ва уч киши чиқаришга уринмоқда. Уларнинг орасида шимини тиззасигача қайирган Ойбек ҳам бор. Ҳаммаси сигирнинг ҳар еридан ушлаган. Бири қайрилма шохидан, Ойбек қулоғидан, бошқаси думидан, ўсмир эса йиғламсираб қўлидаги хивич билан тинмай сигирни савалайди. 
— Озгина ҳаракат қилсанг-чи, ҳаром қотгур... Тур! 
— Ҳа-ҳа, — далда беради Ойбек, — яна озроқ... торт... тортинглар...
  Сигир олд оёғини сал типирчилатиб туришга уринади. Ҳамма бор кучини ишлатиб сигирни оёққа қўйишга тиришади. 
  ...Ойбек машинаси ёнига югуриб келади-да, оёқяланг ҳолича рулга ўтиради. Унинг ортидан кинояли танбеҳ овозлари эшитилади. 
— Ўв, таксичи, нима қилганинг бу?!
— Атайлаб қилса ҳам бундай бўлмайди-я?!
— Энди отамга нима дейман?! — Баралла йиғлайди ўсмир.— А, амаки?
  Ойбек моторга ўт улайди. Машина жойидан чанг бурқситиб қўзғалади.
  Машина кўприкдан ўтиб ариқ ёқалаб ўнгга кетади. Бояги сигир бошини силкиб-силкиб ариқнинг нариги томонида кетяпти. Сигирнинг узилган қулоғи ўсмирнинг қўлида. 
  Ойбек йўловчи қиз-жувонларга бир нималарни кулганча ҳикоя қилиб кетяпти. Ҳойнаҳой, бемаза кулгули ишини айтаётгандир.”
  Тонг. Таниш кичик хужра. Ойбек столдаги ҳалиги дафтар устига бош қўйганча ухлаяпти. 
  Ташқарида от туёқлари эшитилади.  
  Ойбек чўчиб уйғонади. Ташқарига чиқиб пода кетидан от йўрттирган укаси ЭЛБЕКни кўради.
— Эй, машинага эҳтиёт бўл! — укасининг ортидан қоришиқ овозда ғўлдирайди у. — Шохи билан тирнаб ўтмасин! 
  Укаси индамайди. Пода кўздан йўқолади. 
  Ойбек бирдан қувноқ тортади. Болаларча кулиб ирғишлайди. Ўзича бадантарбия қилади. 
— Онаси, — қўлларини карнай қилиб ичкарига овоз беради у. — Онаси, бугун сени ишхонанггача элтиб қўяман! Онаси-юв... 
— Йўғ-э, — эшик очилиб чиройли чеҳрали аёл — Шоҳистанинг табассумли юзи кўринади. — Ростдан-ми? Бугун қуёш қаёқдан чиқди?
— Мана буёқдан!
  Шоҳиста эрининг хужра дарчасидан бош чиқариб турганлигини кўради.
  Ойбек калитлар шодасини бармоғида ўйнатиб хужрадан чиқади.
— Қани, кетдик, яхши қиз!
— Вой, чой ичмаймиз-ми?
  Ойбек дарвозахонага элтадиган йўлакчага ўтади.
— Йўлда ичамиз. Кетдик... 
  Аёл машинанинг ғириллаб ўт олганлигини эшитади. Ва шошиб уйга кириб кетади-да, бироздан сўнг кўча кийимида ихчам сумкачани илиб чиқади. 
— Ҳой, музлатгичдаги қаймоқни олиб енглар... Тушликка у-бу қилинглар... биз кетдик... 
  Дарвозага етгунча аёл шуларни жавраб боради.
  Машина ойнасидан бошини кўрсатган эр шундоқ ҳам шошиб чиқаётган аёлини яна-да қистайди.
— Бўлинг. Бўлинг-а, яхши қиз... Чиқинг... 
  Шоҳиста эрининг ёнидан жой олгач, машина жўнаб кетади.

  ...Ойбек машинасида хиёбон яқинидаги йўлдан кетяпти.  
  У йўл четидаги қуриган дарахтни чопаётган чолни кўриб машинасини тўхтатади. 
— Ҳорманг, БОВО АКА! — Ойбек машинадан тушиб чолга, кейин унинг ўн ёшлардаги невараси Тоғайга қўл узатади. — Ҳа, тирмизак, қалайсан?! Аҳволинг тузук-ми?! Келинг, бобо, болтани менга беринг! Ўзим икки минутда буни тахлаб қўяман! 
  Чол болтани таксичига узатади.
— Эҳтиёт бўл. Қўли яхшимас...
  Ойбек унинг гапларига парво қилмай, дарахт танасига зарб билан ура бошлайди. У дарахтни ҳар тарафдан болталайди. 
  Чол ўтирган ҳолича унинг болта уришини жиддий қиёфада кузатади.
  Ойбекнинг кейингги уришларининг бирида болтанинг сопидан темир қисми учиб кетади. 
— Вой, бола-ам!!! Вой, болагинам!!!
  Чол додлаганча Тоғайнинг устига отилади.   
  Чол ҳушсиз йиқилган неварасини қўлга олиб унинг иягидан оқаётган қонни кўради. Чолнинг норози ҳайқириғи узоқ-узоқларгача эшитилади.
  ...Тун. 
  Ҳорғин, хомуш қиёфали Ойбек ҳовлисида қаққайиб турибди. 
  Босай-ми, босмай-ми дегандай бир-бир қадам олиб эшикка яқин боради. Эшик тутқичидан ушлаб ичкарида йиғлаётган аёлининг овозини эшитади.
  “— Вой, менггина ўлсам бўлмайди-ми?!! Вой, гулдек дугонам ўлгунча мен шарманда ўлсам бўлмайди-ми?!!” 
— Ҳа, нима бўлди, опа?! Намунча?..
“— Ҳа, ўлиб кетгур-а, йўқол кўзимдан! Йўқол! Ҳа, отанг ўлиб отасиз қолгурлар!!! Ўша отанг эртароқ элтиб қўяман демаганда бошимда бу кўргуликлар йўқ эди. Эртароқ бормай мен ўлай... Борсам қоровулхонада... — Йиғидан нафаси бўғилиб, — қоровулхонада бошлиғим билан анави дугонам қип яланғоч... Вой, кўрган кўзларим ўйилиб тушсин-а!!! Қип яланғоч ағанаб ётишибди... 
  ...Бошлиқ ариза ёз дегани майли-я... Вой, шўрликкина дугонам-а... шўрликкина-я... Номусига чидолмай ўзига ўт қўйса-я! Вой, бу бошимга шундай ташвишлар ҳам бормиди-я?! Вой, энди нима қиламан-а? А-А-А-А!!!
  ...Эртага чиқаришаркан бечорани... Вой, бечорагина-я...” 
  Танасига титроқ югурган Ойбек секин ортига қайтди.
  Ва дарвозахонада турган машинасини юргизиб кўчага чиқиб кетди.
* * *
  Янги кун.
  Ҳаёт саҳнасида барчага муносиб рол берган абадий режиссер — Қуёш Шарқ тоғларига ёнбошлаганча олисдан актёрлари маҳоратини кузатади.
  Ойбекнинг ҳовлиси. Подасининг кетидан от қўйган Элбек дарвозадан чиқиб кетмоқда. Ойбек эшикка яқин деразанинг токчасига ғўла мисол суянган. “Кўк” кийган аёли остонада кафтига иягини тираб ўтирибди.  Ойбек чуқур ўйчан нигоҳ билан аёлига қараб-қарамай туради. 
— Кўп сиқилма! Ўзингни уринтириб қўясан... 
  Ойбекнинг овози журъатсиз эшитилади.
  Шоҳиста жавоб ўрнига чуқур хўрсинади.
  Эри нима деб овутишни билмай унга қарайди.
  Маъносиз нигоҳлар бир сония тўқнашади.
— Ишлаб юрган одамни уйда ўтириб қолиши қийин бўларкан! 
  Шоҳиста яна хўрсинади. Бундан таъсирланган Ойбек ҳам кетма-кет икки марта аёлидан ошириб хўрсинади. 
— Ҳадеб хўрсинаверма... 
— Нима қил дейсиз?.. — Ғамнок пичирлайди Шоҳиста. — Топганим рўзғор ямоғига яраб турувди... 
Ойбек бош бармоғи билан ўзини кўрсатади. 
— Олий маълумотли эринг бор... Хор бўлмайсан...
— Энди ўзимникидай тоза иш... бухгалтерлик ишини топа олмасам керак...
— Топасан, қўрқма! Мен ҳам қараб турмасман. Эртага марказга борганда таниш-билишлардан сўраб кўраман. Тагимда машина бўлса, ғир этиб бориб келаман-да... Балки синфдошим Тўра кўса ёрдам берар...
Шоҳиста ўрнидан туриб уй томон бурилади. 
— Қаранг-да... топмасак бўлмайди... Бўлмаса пақиллаб ёрилиб кетаман.
  Ям-яшил томорқаси томон юрган Ойбек ўзича минғирлайди.
— Ростданам пақ этиб ёрилса-я! Пақ, пата-пақ! Бутун маҳаллага эшитилса! Пақ! Пақ! Би-ир тасаввур қилдим-да! 
  Ойбек яхши унгган бўйдор райҳонлар билан иҳоталанган помидор пушталари ичига шўнғийди. Қип-қизариб катта-катта пишган помидорлардан сара-сарасини териб олади. 
  Девор оша чандиқ юзини кўрсатган Тоғай Ойбекни кузатади. 
  Энкайган Ойбекнинг ёнига икки-учта кесак учиб келиб тушади. Ойбек бошини кўтармай Тоғайга танбеҳ беради.
— Тоғай, бўлди-да энди! Катталик ҳурматим йўқ-ми?!
— Йўқ! Йўқ! — Иягидаги чала битган чандиғини силаб Тоғай яна кўриниш беради. — Сизни деб бутун умр тиртиқ бўлиб қоламан энди! Қани мени деб бир бошингиз ёрилсин...—Тоғай яна кесак отади.— Ўшанда кўрамиз аҳволингизни...
— Қўрқма, операция қилдирамиз... пластик операция ҳозир...
  Ойбек яна бир нималар деб болани овутмоқчи бўлади. Лекин Тоғай қўл силтаб тезда ундан нари кетади.
— Ўргилдим сени эртагингдан...
— Кел, билла-билла шакароб еймиз... Кейин китоб берам...
  Томорқадан чиқаётган Ойбек девор устида ҳеч ким йўқлигини кўради.
— Онаси! Ҳой! — У қўлидаги помидорларни даҳлиздаги музлатгичга қўйиб тикиш қилаётган аёлига режасини айтади. — Мен кетаман... Бозорга тушиб помидорларга дори олиб келаман. Кўчатларинг яхши, яна бир-икки марта ҳосил бериши мумкин...
  Ҳовлига чиққан Ойбек девор ошишга уринаётган Тоғайни кўради.
— Ҳа, тирмизак, нима қилмоқчисан?!
— Ҳеч нима! 
— Юр, сенга китоб коллекциямни кўрсатаман. Юр... Қўрқма, қулоғингдан тортмайман. Юр!
  Тоғай Ойбекка эргашиб гаражга киради. Ойбек чанг-чирк босган ёғоч сандиқни очади. Тоғай сандиқ ҳар хил китоблар билан лиқ тўла эканлигини кўради. 
— Тоғай, сенга Кайковуснинг “Қобуснома” сини бераман. Ўқийсан-ми?
— Ҳа... 
  Ойбек сандиқни тита бошлайди. 
— Шунча китоб ўзингизники-ми?
— Бўлмаса, кимники?
— Ҳаммасини ўқиганмисиз?
— Ҳа. Роса серсаволсан-да! Ёки ғирт анақа одам кўп савол беради ёки...
— Ёки?
— Ҳа, буни сен билишинг шарт эмас...
  Бироз жим қолишгач, бола яна сўрайди.
— Шунча китобни нима қиласиз? 
—Туради.Бойлигим! Кўрамиз балки ёзги кинотеатрга олиб бориб қўярман.
— Нимага у ёққа?
— Эски кутубхона ўрнига. Қизиқадиганлар ўқийди-да!
  Ойбек китобларни ағдар-тўнтар қилади. 
— “Мауглини” ҳам беринг! — деб сўрайди бола эски муқова устидаги “МАУГЛИ” сўзини кўргач.
— Менда Киплингни унақа асари йўқ. 
— Ҳу, ана, турибди-ку!
— У китоб русча! Сенинг тишинг ўтмайди.
  Ойбек китоб чанг-чунгини қоқиб болага беради.
— Манави “Қобуснома”. Бор, ўқи. — Чиқиб кетаётган боланинг қўлидан ушлаб тўхтатади. — Ҳам ўқи, ҳам уқи! Кейин менга гапириб берасан! Бўпти-ми?
  Бола ризолик аломатида бош ирғаб гараждан чиқади.
  ...Ойбек бир чироқ машинаси ёруғида йўл танлаб қишлоққа кириб келмоқда. Уйларнинг чироғи узоқдан хира милтиллаб кўринади. “Бир кўз” машина чорраҳадан чапга бурилади. 
  Рулга кўксини тираб кетаётган Ойбек кутилмаганда қаттиқ гумбурлаш товушидан чўчиб тушади. Ранги докадек оқариб, бўшашиб қолган Ойбек беихтиёр машинани йўл четида тўхтатади. 
  Бутун қишлоқ чироқлари бирданига ўчади. Атрофга қоп-қора парда тортилади. 
  Узоқдан кимнингдир қичқиргани эшитилади.
— Ойбек такси!  
  (Дарвоқе, қишлоқда уни шундай деб чақиришади.)
— Ойбек такси! — Ҳалиги овоз яна такрорланади. — Ойбек, машинангни катта трансформатор тагига ҳайдаб бор. Трансформаторга бир бало бўлди...
  “Бир кўз” машина трансформаторни ёритиб турибди. Йўғон баджаҳл монтёр Отабой, физика ўқитувчиси Дадажон ака трансформатор симлари ёнида куймаланишмоқда.
  Отабой ҳар икки ҳаракатининг бирида Ойбекни сўкади.
— Занғар! Зиқна! Пулинг бўлса бор. Битта бузуқ фарани алмаштиришдан қочасан, қисталоқ! Йўқ, биласан-ку, кунора ток ўчиши мумкин. Шу фарангни янгилаб қўйсанг ўзингга ҳам яхши-ку! Мана...Дадаш, буни қара-чи, нима? Ҳа, қисталоқ, занғар! 
  Машинасининг “Кўр кўзига” суяниб турган Ойбек ҳам жим турмайди. Отабойни совуқ сўзи билан билдирмайгина шапатилайди.
— Ўргилдим, сендақа электрикдан. Электрик — ўлик-тирик!!!
— Тамом, — ҳамманинг қулоғи Дадажон акага қаратилади. — Трансформатор куйибди... Янги трансформатор қўйиш керак!  
  Ҳамманинг руҳи тушиб кетган, машина атрофида жимгина туришади. 
— Янгилари чет элдан келяпти деб эшитдим... Ўшандан оламиз-да...
  Ойбекнинг бу гапидан Отабойнинг оғзидан кўпик сачрайди.
— Ўв, занғар, шунча пулни қаердан оласан,?! Онангни гўрини қазиб оласан-ми?! Ҳей, сени ўқитган... Дадашни-ям... бошқасиниям...
— Ҳой, ҳой, — Дадажон ака уни тўхтатишга уринади. — Бу гап ҳам тўғри... Бир марта яп-янги қўйсак... Кейин бошни оғритмайди. 
— Пулни ҳаммадан йиғиб оламиз. Муаммо йўқ! 
— Энанг йиғиб чиқади-ми, шунча одамдан?!
— Ўзи-да! — Орани юмшатади ўқитувчи жаноблари. — Ўзи ҳамманинг уйига бирма-бир кириб пулни йиғиб чиқади. Тагида машинаси бор. Муаммо йўқ!
  Ойбек ўз сўзи ўзига қарши қурол бўлганлигини тушунади. 
— Эртага кўриб, нархини билиб келинглар. Кейин жон бошига ҳисоблаймиз.
  Отабой истар-истамай машинага ўтиради.
— Ҳайда, занғар! 
  Учовлон машинага миниб кетади.
* * *
  ...Кун ботаётган палла.
  Бутун қишлоқ аҳли дўкон эшиги остонасига тўпланган. Нимадир танқис молга навбатга туришибди. Ҳаммасининг қўлида бидон, елим идиш, йирикроқ банка бўлганидан бу ерда қандайдир камёб суюқлик тарқатиляпти.
  Машинадан тушган Ойбек зич турган оломонни кўриб ҳайратини яширолмайди.
— Во-о, мой келди-ми?! Мой тарқатяпти-ми?! Айни муддао...
  Ойбек ўзини оломон ичига уради. Уриниб-туртиниб эшикка яқинлашади. Хотин-халажнинг аччиқ мазахлари, қарғишларига эътибор қилмайди.
...— Аёл киши-ям демай туртиб ўтишини қаранг, буни...
...— Вой, ушлаган жойини! Вой, қўлгинанг сингур... 
...— Такси-макси...
  Баландроққа туриб олган Ойбек халққа мурожаат қилади.
— Ҳалойиқ, уйларингда чироқ бўлиши хоҳласанглар, эртадан қолдирмай беш мингдан менинг уйимга олиб боринглар! Пул қанча тез йиғилса ток шунча тез келади. Ўзларинг ишонган электрик — ўлик-тириклар билан ҳисоб китоб қилдик. Янги трансформаторни кўрдик. Зўр. Импорт трансформатор! 
Ғала-ғовур бошланиб Ойбекнинг кейинги гаплари эшитилмай қолади. 
  Янгиликни ҳар ким ўзича таҳлил қилади.
  Четроқда турган тўлагина жувон ёнидаги дугонасининг белидан чимчилайди.
— Қанақа “транспортер” дейди?!
— Экспорт!
— Ҳа-а!
  ...Ойбек машинасидан тушиб ҳовлисига ўтяпти. 
  Хужра дарчасидан чиқиб тўсатдан кўз олдида пайдо бўлган бош чаноғини кўриб Ойбек эсини йўқотаёзади. Таёққа илинтирилган суякни кўрган Ойбек ичига туфлайди. Эшикдан Тоғайнинг тиржайган юзи кўринади. 
— Помидорга дори олиб келганингизга бир ҳафта бўлди. — Ортдан Шоҳистанинг оғрингансимон овози эшитилади. — Одам ҳам шунчалик бемалолхўжа бўлади-ми?!  Кетган пулингизга ачинмайсиз-ми?! Сепсангиз сепиб ташланг... 
  Ойбек хужрага киради. Столда турган банкани Тоғайга беради.
— Бор сув олиб кел.
  У кетгач, аллақандай дорининг ёрлиғидаги тавсиялари билан танишиб чиқади.  
— Ҳм, бир литр сувга... Ҳм... Аэрозол...
  Тоғай келтирган сувга рангсиз кукунни солиб эритма тайёрлайди. 
— Яна гўр кавладинг-ми?! — Ойбек боланинг қўйнидаги бош чаноғига ишора қилади. — А?
— Йўқ, қабристонда қўй боқиб юрувдим. Ўзи чиқиб қолди... Ерда ётган экан...
  Ойбек эритма дори билан ихчам пуркагични тўлдиргач, ташқарига чиқади. 
  Помидорнинг яшил кўчатлари устидан дори сепишни бошлаганда Тоғай ҳам савол беришни бошлайди.
— Қанақа дори бу? 
— Нима қиласан, бунақа нарсаларга қизиқиб? Китобга қизиқсанг бўлмайди-ми? 
  Тоғай девор ошиб кета бошлайди.
— “Қобус... Қобусномани” ўқидинг-ми?..
— Бобом ўқиб беряпти. Қизиқ эмас экан. Ундан кўра “Мауглини” беринг...
— Сен қўй-қўзидан бери келмасанг! Ўзингни Мауглидан нима фарқинг бор.
  Райҳонлар устига ҳам дори томчилатаётган Ойбек девор ёнида ҳеч кимнинг йўқлигини кўради. У барги-новдасини шилта қилиб  кўчатлар устидан қайта-қайта сув пуркайди. Идишдаги суюқлик адо бўлади. 
* * *
  Тонг ёришган. Уйқуси тўла очилмаган Ойбек ҳовли ўртаси ярим карахт, сўппайиб турибди. Ола-қора, ориқ-семиз моллар молхонадан бирин-сирин чиқиб кўчага кетяпти. Отининг нўхтасидан етаклаган Элбек отхонадан, Шоҳиста эса молхонадан чиқади. Шоҳиста калишига илашган гўнгни қоқиб тушураркан, Элбекка сўз қотади.
— Қайнижон, мана ўттизга ҳам чиқяпсиз! Уйланинг-да энди! Юраверасиз-ми... Келинг, шу кузакда хотин олиб берайлик!
— Мана менинг хотиним! 
  Элбек шундай деб отининг кўзидан ўпади. 
  Шоҳиста турган жойида қотиб қолади.
  Ойбекнинг эса уйқуси очилиб кетади. 
  Элбек бир сакраб отига минади-да, жўнаб кетади. 
  ...Ойбек уйга кириб кетаётган аёлига буйруқ беради.
— Қайнаган сувимдан олиб чиқ! 
— Эй, қаранг... — Коса билан қайтиб чиққан Шоҳиста эридан нимадир муҳим гапни сўрамоқчи бўлади. — Эй... эй...
— Қачонггача “Эй, эй” деб чақирасан! Сал уялсанг-чи, ахир учта боланг бор! 
— Гапни бурманг! Шу пайтгача айтмаганман... Мен бошқа нарсани... Ҳалиги...
  Косани Шоҳистага қайтариб бераётган Ойбек кўрсаткич бармоғини жим бўл маъносида лабига босади. 
— Тш-ш-ш! Жим! Айтдим-ку, бироз сабр қил! Тўра кўса ваъда берган... Бўлади. 
— Эй-й... — норози оҳангда ер тепинади Шоҳиста. — Бўлади, бўлади, қачон бўлади?! Пақиллаб кета-аман!
— Жим дедим-а! Шу кунларда бошни жуда оғритяпсан-да! Ўзи, хотин — жафо, ит — вафо деганлари рост экан! 
  Ойбек узиб-узиб хуштак чалади. Ва ҳовли этагидаги тут тарафга овоз беради. 
— Абдуҳошим ибн Ҳошим абу Ҳошимқул! — Хуштак чалиб, — Абдуҳошим ибн Ҳошим абу Ҳошимқул! Ба-ба! Ба!
  Тут остидан ҳаммага таниш ола кўппак югуриб келади. Ойбек ўтириб итга қучоғини очади. Ит узун тиллари билан унинг юз-кўзини ялаб ташлайди. Шоҳиста бу манзарага кўнгли айниб қарайди. 
Ойбек эса бундан роҳат қилиб ёйилиб кулади.
— Ит — вафо деганлари-ча бор-да! Сен ҳам эрингни шундай ўпасан-ми! А? 
— Шу пайтгача ўпган бўлсам ҳам энди ўпмайман. Ҳе, айнимай, ўл!
  Шоҳиста шарт бурилиб уйга кириб кетади. 
— Нима қиляпсан?! 
  Ойбек ортига ўгирилиб ҳовлига қадам қўйган сийрак соч, кенг пешона Жўрахон акани кўради. 
— Келинг, келинг, Жўрахон почча, бормисиз? Тўй ташвишлари билан чарчамаяпсиз-ми? Хуш келдингиз.
  Улар қўл олишгач, супачага бориб ўтирадилар. 
  Жўрахон чўнтагидан пул чиқариб Ойбекка узатади.
—Трансформаторга... Бу дейман, беш мингдан йиғяпсизлар экан. Кўп эмас-ми? 
— Эй, почча, трансформаторнинг зўрини оляпмиз... шунга арзийди! Импорт мол! Сизам қизиқсиз-да, нима ўлар жойдамисиз. Биттасининг молига укол қиламан деб сув юборсангиз ҳам қўлингизни қуруқ қўймайди-ку... сиз...
— Эҳ, бўтам, нимасини айтасиз. Мен-ку берарман, сиз ҳам берарсиз. Лекин бева Шоира-чи?!! Унинг қўшниси сувчи Эрматқул, Қўзибойлар ҳам бера олармикан?! Шунисига доғман... Уларни ҳам тушуниш керак-да!
  Улар бирданига чуқур хўрсинади. 
— Ҳа, мен шошиб турувдим. Биласан тўйчилик... Қирқ йил йиғиб-териб халтага жойлаганингни тўйда бўшатар экансан. Эртага туш пайти халққа ош, индин — базм.
— Халққа ошни туш пайти бермоқчимиз?
— Ҳа. Шу десангиз қурғур ошпаз Толмас касал бўлиб қолибди. Нариги ошпаз... “эшшак” билан биласан уришиб қолганман. Келиннинг қўли ширин деб... Шу ерга келдим. Уни ишдан бўшабди дейишди. Шунга Шоҳистага айтгин... Бир белини боғлаб ошни қилсин...
— Эй, қўйсангизчи, қизиқмисиз? Қайси замонда кўргансиз тўй ошини хотин киши қилганини?! Мана ўзимиз буни “беш” қилиб уддалаймиз-да! 
— Йўғ-э?! Ошни сен қиласан-ми?! 
— Ҳа, ишонаверинг! Армияда бир ярим йил ошпаз бўлганман!
Дарвозадан кимдир Жўрахон акани чақиради.
— Ўв, дўхтир ака, бўлдингиз-ми? Кетдик.
  Жўрахон ака ўрнидан туради.
— Ҳа, боряпман. Майли, сен бундай қил. Бугун сабзи тўғрарга ўтасан. Ўшандайига қозонингни тўғирлайсан. Майли, мен кетдим. 
Ойбек меҳмонни кузатиб келади. 
  Помидор кўчатларига кўзи тушиб ажабланади. Ойбек ҳаммаси бир хилда қовжираб сўлиётган баргларни ушлаганча ўйланиб қолади.
  “— Нега улар қуриб кетяпти?!”
  Райҳонларнинг ҳам шалпайиб қолганлигини кўриб баттар ҳайрати ошади.
  ...Кеч кираётган маҳал.
  Ўша хужра, ўша стол. Ўша дафтарга ўша Ойбек ёзиб ўтирибди.
  “...— Ойнинг охирги куни. 
  ...Ҳозир шошиб ёзяпман. Помидорлар, райҳонлар сўлиб қолипти. Шуни деб хотиним билан ғижжиллашиб қолдим. Ўзим айбдорлигимни ҳам айбсизлигимни ҳам билмай қолдим. Шошяпман. Тўйга кетдим.”
  Ойбек ўзи эътироф этганидек, чиндан ҳам шошиб кўчага чиқади.
  Ва камдан-кам такрорланадиган ҳолда — пой-пиёда кўчанинг юқорисига қараб юради. Буни дарвозаси олдидаги ўриндиқда ўтирган Отабой кўради. Унинг учун салом-аликнинг ўзи кифоя қилмайди.
— Ҳа, оёқда кетяпсан? Машинани минмадинг-ми?
— Тўйга... 
— Ҳа, кир. Чой ичамиз.
— Биласиз-ку, қайнатилган сув ичаман!
  Шошқич кетаётган Ойбек гапнинг маъносига эътибор бермай жавоб қилади.
  Бу эса баджаҳл Отабойнинг нафсониятига тегади.
— Ҳа, занғар! Пули кўпайиб қолган-да, қарагиси келмайди! Қисталоқ! 
  Ойбек кетаётган кўча иккига қайрилган. Кўчанинг тўғрисида, девор остига кўмилган терак ёғочли баланд симёғоч. Симёғочга туташ ўриндиқ атрофида ўттиз чоғли одам кенг давра қурган. Бу ер қишлоқнинг виждони! Ҳар кимнинг тақдири шу ерда норасмий равишда ҳал этилади. Бу ерда қораланган одам қишлоқда бош кўтариб юролмайди, одамлар ундан юз ўгиришади. Шунинг учун ҳам барча бирдек бу “Улуғ виждон” ёнида тиз чўкади. Барча бирдек ҳайиқади. Яхши, ёмон қишлоқ хабарлари, албатта, шу ерга етиб келади. Ва “Виждон” нигоҳидан ўтгач, бу ердан қишлоққа тарқалади. Бу ерда чиқарилган ҳукм анча-мунча қонунларни ортда қолдиради. 
  Ойбек ҳам бу ердан ўтаётганда бироз секинлашади. Қўлини кўксига қўйиб овозига оҳанг беради.
— Ассалому алайкум!
  Турли овозлар қоришиб-аралашиб кетади.
— Ҳа, Ойбек такси, қалай ишлар?!
— Пичоғингни камарга илиб олдинг-ми?
— Жўра ветврачнинг уйига-дир, хойнаҳой?.. 
...— Ош қилиб беришни бўйнингга олибсан!..
  Ойбек гапириб-гапирмай даврадан узоқлашади. 
  ...Қоронғи кеча. Хиёбоннинг хилват бурчаги. Элбек уч-тўрт ошнаси билан ўтирибди. Улар ўртасида тутаётган битта қоғоз айланади. Тўй шовқини эшитилиб туради. 
— Кўкнорининг кайфи бошқача-да! 
  Кўзлари сузилиб қолган Элбек ғўлдирайди. 
— Тўй ошини аканг қилаётганмиш? — Деб ўртоқлардан бири гап ташлайди.
— Ҳа, армияда қурол-яроғ билан эмас, қозон-чўмич билан хизмат қиладиганлар ҳам бўлади. Акам шундайлардан. Шунинг учун... 
— Эй, нима қилдик? Бильярдга борамиз-ми? — Бошқаси сўрайди. — А?
— Униям ёпибди-ку... 
— Қишлоқда ўзим бильярдхона очсам-чи? А? 
  Элбекнинг бу гапини ўртоқлари қўллаб-қувватлайди.
— Зўр бўлади. 
— Ҳар куни байрам-да, кейин... 
Улар қадам товушларини эшитиб жим қолишади.
— Йигитлар, тўйга борамиз... Акамнинг ошидан еб келамиз... Кетдик!
  Элбек ҳамтовоқларини эргаштириб жўнаб кетади. 
  ...Қишлоққа тун чўккан.
  Ширакайф Элбек отхонада отини силаб-сийпаламоқда. Ҳатто, қучоқлаб ёлидан ўпади.
— Бу қанақаси-а? А? Тўйга... тўйга шавла тортилса-я... Шавла! Биласан-ми, жононим, баъзида шунақа акага ука бўлганимдан жирканиб кетаман. Ҳа, ош қилишни билмайсан экан... Нимага ошпазнинг капгирини оласан?! Ўзи базмга ош тортган ветврачнинг ўзи жинни! Ҳа, жинни бўлмаса... Лекин акамни ўртага олганларида қараб турмадим. Мен ҳам ёпишдим... Манави ғурра ўшандан эсталик... Ҳе-эй, дардимни сенга айтмасам кимга айтаман?! Жононим... 
  Дарвозахонада турган машина-такси. Салон чироғи ёниқ. Машинада бир кўзи кўкариб ишиб кетган Ойбек таниш дафтар саҳифасига ёзиб ўтирибди. 
  “...— Бугун ойнинг биринчи куни. Кеча маҳаллага импорт трансформатор қўйдик. Ўзим пуфлаб-суфлаб шаҳардан олиб келдим. Бу ишни ташкилотчиси ўзим! Бу ҳам қилган эзгу ишларим қаторига киради. Трансформатор яхши ишлаяпти. Трансформаторим десам ҳам бўлади... Яна..”
  Ниманингдир қаттиқ гумбурлагани эшитилади.
  Ҳаммёқни қоронғилик қоплайди.
  Ойбек қалқиб тушади. Нима қилаётганлигини унутиб машинасига ўт улайди. Тезликда кўчага чиқиб кетади. 
  Отхонадан Элбекнинг отига аямай қамчи ургани эшитилади.
— Мана, мана сенга... Ишқилиб янги трансформатор куймаган бўлсин-да!
  ...Ойбек қишлоқ кўчалари бўйлаб кетяпти. Қадам олиши оғир.Кўзлари олазарак.
  Ўзи ҳақида турлича сўкиш-қарғишларни эшитади.
  Эр: — Шамни олиб чиқ, энағар! Импорт, импорт дейсан?! Мана — аҳволи! Шунинг учун айтаман сенга импортга қизиқма деб! Ўзимизникидай бўлармикан уларинг! Шунча қиммат молинг икки кунгга чидаса-я?! Бу қандай бедодлик?!
  Аёл: — Вой, берган пулларимиз ҳавога учади-ми, энди?! 
  Тўлагина жувон: — У Ойбек такси бизни алдаб эски “транспортер” олгандир?
1: — Ҳа, пул йиққан қўлгинанг синсин! 
2: — Халқ учун мол оласан, кўриб-билиб олмайсан-ми?! Кўзинг ўйилгур!!!
  Отабой: — Ўзим айтувдим-а, буларга! Импорт-симпорт деяверма деб!!! Мана оқибати... икки пуллик... Занғар, қўлимга тушсин, бир яхшилаб майдалай!!!
  Ойбек дарахт панасига беркиниб “Улуғ виждон” сўзларига қулоқ беради. 
  Лекин ўзи ҳақидаги ҳукмни эшитолмайди.
— Найнов кўкчи ўғлини уйлантирмоқчи экан...
— Қўшниси Офат шанғининг қизини олиб беради-да...
— Йўқ, битта узоқ қариндоши билан бешиккерти қилинган экан...
— Сариқ эшон мурид овидан иккита туя билан қайтибди...
— Йўғ-э?
— Рост, ўзимнинг қўшним-ку! Уларни сотиб трактор олмоқчи экан...
— Э, уни-буни қўйинглар. Ток қачон келади?!
— Ҳа, ўтираверамиз-ми, қоронғида пусиб?!
— Тонг отсин бир гап бўлар. Унггача худо — пошшо!
  Ойбек ҳеч кимга сездирмай уйига жўнайди.
* * *
  Ойбекнинг ҳовлисида иш қизғин. Тоғай қовжираган кўчатларни юлиб чиқяпти. Ойбек ёруққа чиқариб бойланган молларнинг қаншарига укол уряпти. Элбек қамчинни тишлаб эгарланган отининг юганидан ушлаганча қотиб турипти. Серсоқол ошнаси Валишер “Чавандоз ва Тулпор” яъни, Элбекнинг оти ёнидаги сурат-портретини чизиш билан овора.
  Буларнинг барчасини йиғидан кўзлари қизарган, остонада ўтирган Шоҳиста кузатяпти. 
— Жононингга айт, ҳадеб пишқиравермасин. 
  Валишер чизиш баробарида ҳазил қилишни ҳам унутмайди. 
— Молларингни аканг эмлаяпти-ми?! Жўрахон поччани чақирсанг бўлмайдими?
  Элбек ғўлдираб бошини силкитади. 
  Валишер Элбекнинг оғзидаги қамчинни олиб ташлайди.
— Гапиравер... 
— Жўрахон поччангни тўйида акам хол қўйган-ку! Энди уни чақиришга юзи чидамайди. Уйдан ҳам чиқолмайди. Қишлоқда ошпазлигини олган, энди ветврачлигини ҳам қиляпти.  
— Ҳа-а! Биласан-ми, бу портретимга нима деб ном қўяман?! 
— Йўқ. Қанақа ном қўймоқчисан?! 
— “От ва Эш-шак!” Ҳа, шундай...
— Тушунмадим... Вой, ғаламис-эй...
  Буни эшитган Шоҳиста худди биров мажбур қилгандай мийиғида кулади. 
— Сендақа от жиннисини  биринчи марта кўришим! Ҳе-эй, қайси замонда кўргансан отининг портретини ишлатган қишлоқини... 
  Бу гапдан сўнг Шоҳиста чиндан табассум қилади. 
  Валишер ишидан нигоҳини олмай Элбекни гапга солади.
— Тўйдаги ваъданг эсингдами?.. Уйимда бильярдхона очаман девдинг?!!
— Ҳа, яхшиям эслатдинг... Гаражни бўшаттирмоқчи эдим... Ҳув, ака!
  Ойбек молхонадан чиқиб келади. Қўлида елим қоғозга ўроғлик аллақандай нарса. У жиддий қиёфада укасига яқинлашади.
— Ака, гаражни тозалаб қўйинг! 
— ...
— “Нимага” десангиз мен гаражда бильярдхона очмоқчиман!!! 
— Бу нима?! 
  Ойбек қўлидагини ерга сочиб юборади. Иккала ўртоқ ҳам ердаги катта-катта янги кўкнори бошларини кўриб типирчилаб қолишади.
 — Жойига олиб бориб қўйинг!
— Ҳали, шунақа ҳаром-ҳариш ишлар қилиб юрибсан-ми?!
— Тилимни қичитманг! Қўрқиш ёшидан ўтганман!
— Акалик ҳурматим... Ёнингда акалик ҳурматим йўқ-ми?!!
— Бор... Йў-ў...
— Бор бўлса, иккинчи бу ишингни қилма!
  Ойбек этигининг пошнаси билан ҳамма кўкнори бошларини эзғилаб ташлайди.
  Кетаётган жойидан бурилиб укасига дакки беради.
— Ҳа, бильярдхона дединг-ми?! Ота-бобонг қилган ишни қилсанг-чи!!! Унинг ўрнига менга анави бурчакдан уйча қилишга ёрдам бер. Ўша ерга китобларни жойлаштириб кутубхона очмоқчиман. Шунақа нарсалар ҳақида ўйласанг-чи!!! Қаердаги кофир ўйин — бильярд-милярд дейсан!!!
  Ойбек хужрага кириб кетади. 
  Иккала ўртоқ ҳам мум тишлаб қолади.
  Ойбек қўлидаги жиҳозларни ташлаб чиққач, уй сари юради. Остонага яқинлашганда Шоҳиста ҳўнграб йиғлаб юборади.
— Шундай яхшигина кўкариб турувди-я... — Тоғай томонга қўлини силкиб, — кўм-кўк помидорларни қуритиб ўтирибсиз-а?!! Нима қилардингиз, корчалонлик қилиб?! У-ку, майли-я, ишим... Иш... Иш... Менинг ишим нима бўлади?!  
  У гапириш баробарида юм-юм йиғлайди. 
  Девор оша Тоғай қатори шўх-шодон қиз Гулноранинг юзи кўринади. У тилини чиқариб Тоғайни калака қилади.
— То-оғай тиртиқ! То-оғай тиртиқ!!! Нима қиляпсан у ерда?!
  Эски яраси тирналган Тоғай Ойбекка ола қараш қилиб девор томон юради. Гулнора унинг важоҳатидан чўчиб қиқирлаганча кўздан йўқолади. 
  ...Тун. Ойбек ўз хужрасида ёзиб ўтирибди. Ёнида ингичка шам липиллаб ёруғ сочади. Унинг кўриниши хафа, хомуш. 
  “...— Бир ҳафта бўлди... Қишлоқда ток йўқ. Олиб келган импорт трансформатор портлаб кетди. Бу менинг гуноҳим-ми, ёки... Билмайман... Мен қишлоқдагиларга яхшилик қилиб уларнинг кўнглини олсам дейман. Бугун бозорда Шоира опани кўрдим. Учта қўзичоқ олган экан. Уйгача келтириб қўйдим. Магазинчи Полвон амакига ойна кесиш...” 
  Ойбек ўйланиб қолади.  
  ...Унинг кўз ўнгидан Полвон амаки билан бўлган манзара ўтади. 
  ...Жуда семиз Полвон амаки магазини олдида йирик ойнани кесяпти. У жуда эҳтиёткорлик билан ойнанинг керакли жойидан олмос билан чизади. Лекин ҳарчанд уринмасин, йирик, ҳам қалин ойна кесилмайди.
  Унинг ёнида Ойбек пайдо бўлади.
— Ҳорманг, Полвон амаки!
  Ойбек унинг қўлидан олмосни олади. Ва ойнанинг тагидан ҳам чизиб чиқади. Кейин секин-секин ураётганда... секин-секин ураётганда ойна чарс этиб ёрилиб кетади. Йирик ойна диагонал бўйича синиб кетади. Буни кўтаролмаган Полвон амаки чап кўксини чангаллаб ўнг ёнига қулайди. 
  ...Ойбек пичирлаб ёзишда давом этади.
  “...— Мен бахтлиман! Ҳаётимдаги энг эзгу ишни қиляпман. Ёзги кинотеатрнинг иккита бўш хонасида кутубхона очяпман. Бугун ҳамма китобларимни тахлаб келдим. Буни ҳозирча “Зиёхона” деб атадим. Китобларим сандиқда чанг босиб ётганидан одамлар ўқигани яхши.” 
— Шоҳи... Шоҳиста! — Ойбек аёлини йўқлаб уйга кириб борарди. — Шоҳиста!
  Нариги хонадан шам кўтарган Шоҳистанинг аламли юзи кўринади.
— Нима дейсиз?
— Анави... Ҳалиги... кутубхоначи бўлмайсан-ми?
— Битта қилмаган ишим шу қолувди. — Тумтаяди Шоҳиста.
— Кутубхонага бош-қош бўлиб қараб турсанг... Иш топилгунча ўзингни овутиб турасан-да... Бунинг устига савоб...
— Қўйинг, дадаси, шунақа ишларингизни! Ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим-ку! Кимни кўрсам, “Эринг трансформаторни қаердан олиб келган?! Яхшисини олмабди-да!!” Қайси маъракага борсам шу гап — “Трансформатор, трансформатор, импорт трансформатор!” Буларни эшитгандан кўра...
  Ойбек аёлини қучоқлаб олади. Кўп гапирмаслиги учун унинг лабларига лабини босади. Уларнинг қўлларидаги шам тушиб кетади. 
* * *
  Ойбек таърифлаган икки хонали мўъжазгина кутубхона. Нураган деворлардан зах ҳиди анқиб туради. Хоналарнинг бирида китоблар билан ярим тўлган жавонлар бор. Бу хонада қовоғи осилган Шоҳиста китоб ўқиб ўтирибди. Иккинчи хона қироатхона — унда стол, стуллар қатор териб қўйилган. Бунда Тоғай билан Гулнора жимгина ақлли болалардай дарс қилишяпти. 
  Шоҳистанинг жаҳл билан китобни ёпгани эшитилади. Болалар чўчиб тушади. Шоҳиста бир зумдан сўнг қироатхонада пайдо бўлади. У Тоғайнинг олдига қулф-калитни қўйиб ортига бурилади. 
— Мен кетдим. Ўзларинг эшикни ёпиб борарсизлар. Биттаям китоб йўқолмасин. Агар шам керак бўлса, столимнинг ғаладонидан оласизлар! Унчалик кеч қолиб кетманглар. 

  Ёзги кинотеатр биносидан чиққан Шоҳиста кеч тушиб келаётганлигини кўради. У бўсағада бироз тургач, бориб панжарали деразаларнинг биридан мўралайди. У ичкарида китобга мук тушган Тоғай билан   Гулнорага ҳавас билан қарайди. Уларни ўғринча пича кузатиб тургач, табассум билан ўз йўлига равона бўлади. 
  Шоҳиста ҳовлига кираётиб эрига дуч келади. 
— Ҳа, қаерга отландингиз? — деб сўрайди эрининг олифта кийимига ишора қилиб. — Йўл бўлсин?!
— Машина устаникида эди. Бориб келай...
— Калит кутубхонада қолди. Тоғайда...
— Сўрадим-ми?!! 
  Ойбек дарвозадан чиқади. 
  У кўча юзига қадам босиб Дадажон акани учратади.
— Ойбек, кутубхона очибсан?.. 
— Ҳа, ёшлар ўқисин деймиз-да! Ўзингиз айтгансиз-ку!!! Ўтиб туринг... 
  Улар қўл олишиб, салом-алик ва шу қисқа суҳбатдан сўнг айрилишади.
  Ойбек ўз ўриндиғида ястаниб ўтирган Отабой монтер билан сўрашмоқ учун йўл четига юради. Ойбек нимадир гапирмоқчи бўлган Отабойнинг оғзини кафти билан тўсади. 
— Фақат бугун сўкинманг. Бугунча. Майли-ми?
  Ойбек ундан узоқлаша бошлайди.
— Ҳа, кир чой ичамиз! — деб илтифот қилади Отабой.
— Биласиз-ку, қайнатилган сув ичаман.
  Ойбек яна Отабойнинг Ўзбекона лутфига ноўрин жавоб қилади. Бу эса Отабойнинг нафсониятига қаттиқ тегади.
— Ҳой, буёққа қара, — у қўли билан имлаб ўрнидан туради. — Буёққа кел-чи!
  Отабой Ойбекнинг ёқасидан ушлаб шапалоқ-мушт, мушт-шапалоқ билан ҳар жойига уриб кетади. Ҳар урганида оғзидан битта сўкиниш сўзи отилиб чиқади.
— Ҳа, занғар! Қисталоқ! “Чой ичамиз” деганимга “Ҳа, бошқа сафар” деб қўй!!! Отангни моли куйяпти-ми?! Қисталоқ! Ё пулинг кўпайиб қутуриб кетдинг-ми?! Занғар!
Ойбек ўзидан улуғ одамнинг олдида фақат “Хўп, хўп” сўзларини такрорлайди.
— Ўзи сенларга “Ўзбекчилик” деган дарсни ўқитиб қўйиш керак! 
Отабой Ойбекни силтаб юбораркан, нафрат билан айтган охирги гапи шу бўлади. 
Ойбек йиқилган ўрнидан туриб устини қоқади. Ва индамай кўча юқорисига қараб юради. Кеч тушиши билан яна ўша оҳангдаги қарғишлар қулоққа чалинади.
...— Трансформатор портлагунча ўзинг портласанг бўлмайди-ми?!
— Уй-муйинг билан... — деб қўшимча қилади иккинчи жувон дугонасининг фикрини давом эттириб.
...—Трансформатор олиб келган оёқларини синдириш керак...
— То юролмай қолсин! — деб маъқуллайди аёл эрининг фикрини.
  Терак ёғочидан ишланган симёғоч остида ҳар доимгидек ўттиз-қирқ  чоғли қари-ёш кишилар давра қурган. Гурунг авжида. Ўртада шам липиллайди. 
  Мачитга кетаётган қария уларга танбеҳ беради.
— Эй, уйингга кириб, Худо деб ётмайсан-ми?!
— Э, уйда нима бор?! Қоп-қоронғи зулматда... 
— Бир-биримизнинг кўнглимизни овлаб ўтирибмиз-да!!!
  Гапдон давра ҳозиржавоблик қилиб чолнинг товушини ўчиради.
— Ўзингиз ҳам келинг... 
— Кампирингиздан қочиб!!!
  Чол кетгач, давра мавзуси ҳам ўзгаради.
— Эшитдинглар-ми, Ойбек такси театрда кутубхона очибди.
— А? Қўйсангчи ёлғонингни...
— Ол-а, Жумабой!!!
— Рост, мактабнинг олдига эълон ҳам осиб қўйибди.
— Э, қойил... 
— Унга нима зарур экан?
— Ўшанингдан кўра унинг укаси Элбек яхши... Ҳеч кимга зиёни тегмайди.
— Ҳа, шуни айт... Туновда Полвон амакни ойнасини кесаман деб синдирибди.
  Ҳамма гапларни панада тинглаб ўтирган Ойбек ўрнидан жилади.
— Э, уни-буни қўйинглар. Ток қачон келаркан?!
— Трансформаторга заводдан заказ берибди, дейишяпти-ку!!!
— Заказинг етиб келгунча бир йил ўтса керак...
  Узоқдан кимнингдир қичқиргани эшитилади. 
— Э-эй, ёняпти!!! Э-эй, одамлар ёрдамга!!! Театр ёняпти!!! Пожа-ар!!! Ҳамма ёрдамга!!! Ҳамманг челагингни кўтариб ёрдамга!!!
  Хабарчи томоғи хириллаб жуда узоқ ҳайқирган бўлса ҳам унинг айтаётган сўзлари кам бўлиб, ҳаммаси аввалги айтганларининг такрори эди.
  “...Ёняпти... пожар... ёрдам... челак...”
  Қотиб қолган Ойбекнинг миясида шу сўзларга қўшилиб бир сўз айланади. 
  “...Ёняпти... пожар... ёрдам... челак... Ва ТОҒАЙ!”
  Ҳамма овоз келган томонган югуради. 
  Бир зумда кўчанинг ўртасида Ойбекнинг бир ўзи қаққайиб қолади.
  Югурмоқчи бўлганда унинг оёқлари ўзига бўйсунмайди.
  У ҳолсизланиб йиқилади. Сал наридан қуюқ тутуннинг ҳавога ўрлаётгани кўриниб туради. Ойбек ўрнидан қўзғалмай, ётган жойида ошатиб ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. 
  Тонг ёришаётган пайтдагина ўт ўчирувчи машинанинг товуши эшитилади. 
  Унгача Ойбек музлаб-титраб жонкуяр маҳалладошларининг овозларини, челакларнинг шақир-шуқурини, шиферларнинг пақиллаб учган товушларини эшитиб ётади. 
“...— Томни теш... Тепага кўтар!!! Кўта-ар!!!
— Хотинлар яқинлашмасин!!! Шифер учяпти... 
— Элбек сувни буёққа!!! Буёққа!!!
— Тупроқ ҳам олиб келинглар!!! Тупроқ!
— Қум бўлсаям...
— Гулнорани топдинг-ми?! Топ!!! То-оп! Қара!
— Чиқмаган... Чиқолмаган... Ота-оналари шу ерда...” 
  ...Кун тушдан оғганда Ойбек машина рулини қучоқлаб бир нуқтага тикилиб туради. Унинг машинаси шудгор ўртасида тўхтаган. Анча олисдан икки тобутни елкалаган одамлар оқими кўринади. Буни кўрган Ойбек кўксини муштлаб, кийимини йиртиб йиғлайди. 
  Сўнг машинасини орқага ҳайдаб катта йўлга чиқиб кетади.
* * *
  Атрофни қоронғилик қуршаган.
  Элбек ҳовли этагидаги тут остида йиғлаб-йиғлаб отини сўймоқда. Ундан ташқари ҳовлининг бир неча бурчагида молларнинг сўйилиб ётгани кўринади.
  Супа ёнида мотам либосидаги — эгнида чопон, белига қийиқча бойлаган беш-олти шарпа кўринади. Барчасининг қўлида узун пичоқ ялтирайди.
— Ойбек!
  Ёшроқ барваста киши уй эгасини чақиради. 
— Индама! — Гулноранинг отаси унинг унини ўчиради. — Ўзим ўлдираман!
  У дудама ханжари билан эшикни тақиллатади. 
  Тут остидан Элбекнинг йиғламсираган овози эшитилади.
— КИМ? 
  Ҳамма ўша тарафга чопади. 
— Аканг қани?!
— Қаерда у?
— Ўлдираман!!! Ўлдирмасдан қўймайман!!!
  Элбекнинг ҳайқириғи атрофни ларзага солади.
— А-А-А-А!!! Қани у?!! Қаерда у?!! Ўзим ўлдираман уни!!! Ўзим!!! Қани-и?!!
  У қўлидаги ўткир тиғ пичоғини отига суқиб олади. 
— Қани у?! Топган заҳотим ўзим уни чавақлаб ташлайман!!! Қани?!! Шундай отим-а!!! Шундай отимни-я!!! Ўзича укол қиламан... даволайман деб...
  Элбек гапининг сўнггида от устига ўзини ташлайди. Йиғлаб юборганидан овози чиқмай қолади. 
  Белбоғлилар ҳовлига қараб ҳолатни тушунади.
  Гулноранинг отаси бетонгга ханжарини уради. Ханжар юпқа цемент қаватини тешиб ўтиб ерга қадалади.
— Ерни тагидан топиб бўлса ҳам топиб Гулдек қизимнинг ўчини оламан!!! А-А-А-А!
  Барча ҳам алам, ҳам нафрат билан йиғлайди. Ҳовлини йиғи овози қоплайди.
*  *  *
  Кимларгадир бахт, кимларгадир дард бериб орадан икки йил ўтди.
  Шаҳарнинг чиқиш қисмидаги катта шоҳбекат. Кузовининг четлари чириган машина ичида сочлари оқариб, юзларини ажин босган Ойбек ўтирибди. У рулни қучоқлаб олган, пешойна ёнида тик турган Элбекка қарамайди. 
— Уйланаман дегин...
— Ҳа...
  Ойбек машинадан тушиб бетон ариқчанинг бўйига ўтиради.
— Янганг нима қиляпти?!
— Кеча қайтиб келди. Шу пайтгача отасиникида эди. У-ям яшамоқчи...
— Нима қил дейсан?! — Чуқур хўрсинади Ойбек.
— Тўғриси сизни энди тушундим... Сизда ҳеч қандай айб йўқ!!! Сиз ҳеч қачон бировга ёмонлик соғинмагансиз!!! Сиз ҳеч қачон ёмон ниятни кўзлаб бирон иш қилмагансиз... Сиз фақат ва фақат яхшилик истагансиз!!! Сиз одамлардан хафа бўлманг, улар ҳам менга, сизга ўхшаган одамлар... Сиз виждонинггизга қаранг!!! Энг олий, энг тўғри баҳони виждонингиз беради. Виждонинггиз пок-ми, бошқа гапларни унутинг... Адолат виждонинггизда бўлади. У сизни тўғри йўлга бошлайди. Сиз қишлоқда шу пайтгача яхшилик қилиб келгансиз... 
— Нима дейсан, балки эзгулик қилишда ҳам меъёр бордир?.. Биз ўша меъёрни билмасмиз... Балки, а?
— Билмадим... 
— Мана ўттизга чиқиб, буларни энди тушундим... 
— Икки йил бўлди-ми?!!
— Ҳа.
— Наҳотки, буни тушуниш учун икки йил кетган бўлса?!! А?
  Элбек жавоб ўрнига акасини маҳкам қучоқлаб олади. 
— Икки йил-а?!!
  Иккаласининг ҳам кўзларидан дув-дув ёш юмалаб тушади.
19 Ноябрь 2007 йил.
ТОШКЕНТ.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот