Гуноҳ


Моҳигул НАЗАРОВА

ГУНОҲ 

Қайсар қиз

   Дилбар опа қизи Дилоромни ишга кузатгач, дарвозани ичкаридан ёпди. Унинг кеча қизи билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг юрагини номаълум бир ғашлик эгаллаган, бу ғашликнинг юки бугун ҳам юрагини тош каби босиб турарди.

   Дилбар опа эри раҳматли Олим ака билан ҳавас қилса арзигулик турмуш қилишди. Тўнғич қизлари Дилноза педагогика университетини битирган йили уни узатишди. Халқ хўжалиги институтида охирги курсда ўқийдиган ўғиллари Одилжонни ўзларидан бир кўча нарида яшайдиган, муҳандис-технолог қиз Динарага уйлантиришди.

   Ўғлининг тўйидан кейин бир йил ўтиб, Олим ака дунёдан ўтиб қолди. Дилбар опа анча вақтгача бевақт ўлим топган умр йўлдошига куйиниб юрди. Охири тақдирга тан бериб, мактабдаги иши-ю, набиралари билан овунди.

   Онахоннинг ҳар икки фарзандидан ҳам кўнгли тўқ эди. Дилноза ҳам, Одилжон ҳам оилалари билан тинч-тотув эди. Аммо кенжатойи Дилоромнинг тақдири уни кўп ўйлантирарди. Худди акаси сингари халқ хўжалиги институтини битириб келиб, яқинда банкка ишга жойлашган Дилором келган совчиларни қайтаравериб, яқинларини қийнаб қўйди. Кеча унга янгасининг укаси, яқинда Россияда ишлаб қайтган Каримжондан совчи келганди. Дилором бу ҳақда эшитиб, нақ қиёмат-қойим қилди.

 - Ҳеч қаерда ўқимаган, оддий ишчи энди менинг тенгим бўлдими? - деди у бу ҳақда сўз очган онасига. - Ўйлаб гапиряпсизми? Мен ўлиб қолсам ҳам унга тегмайман.

 - Нега бундай дейсан, қизим? - деди Дилбар опа ранжиб. - Ишчи одам эмасми? Қолаверса, янгангнинг оиласидагилар яхши, тушунган одамлар. Каримжон ёлғиз ўғил. Уй-жой қилиб юрмайсан. Яқинда унга деб енгил машина ҳам сотиб олишибди.  Аканг билан кенгашиб, совчиларга “Ўйлаб кўрамиз”, деб, жавоб бердик.

   Шу пайт хонага Динара кириб келди. У қайнсинглисини келин қилиш таклифини яқинларига ўзи айтган, ақлли, одобли, қўл-оёғи чаққон қайинсинглисини бегона қилгиси келмаганди.

 - Нималар деяпсиз? - Бу гапни эшитган Дилором жойидан сапчиб туриб кетди. - Мен Каримжонингизга тегмайман. Мен тегадиган йигит олий маълумотли, келишган, ҳар томонлама менга ёқиши керак. Каримжон менинг тенгим эмас.

   Қайинсинглисининг бундай кескин, камситувчи сўзлари Динаранинг иззат-нафсига тегди. Унинг ранги оқариб, лаблари титраб кетди.

 - Бунча ўзингизни катта оласиз? Укам ҳам сизга уйланаман деб, ўлиб тургани йўқ. У ҳам менга “Опа, қайнсинглингиз ўқимишли, шаҳар кўрган қиз. Мен ўзимга ўхшаган меҳнаткаш, ҳунарманд бирор қизга уйланаманми, деб юрувдим”,  деганди, − деди Динара ва қайнонасига юзланди: - Қўяверинг, ойижон, укамнинг ҳам, Дилоромхоннинг ҳам тенглари топилар. Уйдагиларга бу савдо пишмаганлигини ўзим ётиғи билан тушунтирарман.

- Келин, сиз бунинг гапларига парво қилманг. Ўзича гапираверади бу. Ҳаёт нималигини яхши тушунмаса ҳали, − Дилбар опа орага тушган ноқулайликни йўқотиш учун шошиб-пишиб гапираркан, қизига ўқрайиб қаради: - Уялмайсанми, бунақа гапларни айтишга? Қани янгангдан  узр сўра-чи!

   Аммо Динара бу можаро давом этишига йўл қўймади.

- Ойижон. Бўлди, шу гапни шу ерда кўмайлик. Узр сўрашлари шарт эмас. Бизникилар совчи бўлиб келишганини ҳам унутайлик. Мен овқатимга қарай.

   У шу гапларни айтиб, тезгина хонадан чиқиб кетди.

   Дилором янгаси хонадан чиқиб кетгач, ҳеч нарса бўлмагандай жойидан турди-да, телевизорни ёқди. Дилбар опа нима дейишини билмай қолди.

- Яхши иш қилмадинг, қизим. Янгангни хафа қилдинг.

- Э, ойижон бўлди қилинг. Янгам мени саводсиз укасига раво кўргани учун айтдим бу гапларни. Ажаб бўлибди. Жойини билсин ҳаммаси.

   Дилбар опа қизини аччиқ гаплар билан юлиб олгиси келаётган бўлса-да, ўзини босиб, ҳовлига чиқди. Қизининг мана шундай шарттакилигини яхши билади. Кенжатойи бўлгани учун уни ака ва опасидан кўра кўпроқ эркалатиб юборди, шекилли. Дилором жигарларидан фарқли равишда, феъл-атвори оғирроқ, ўйлаганини одамнинг бетига айтадиган одати бор.

   Дилбар опа аслида кўнглининг бир четида ўзи ҳам бу тўйнинг бўлишини унча истамаётганди. “Қарши қуда - қаҳри худо”, дейдилар. Қизим келинимнинг укасига турмушга чиқиши яратганга хуш келмаса, нима бўлади? Улар билан яна қуда бўлсам,хайрли бўлармикан?Яхши оила бўлса-да, фарзандларимиздан бирининг уйида нотинчлик бўлса, бошқасига ҳам бу албатта таъсир қилади. Шу сабаб бегона оила билан қуда бўлиш яхшироқ”, -ўйлади аёл.

   Кеча бўлиб ўтган бу кичик дилхиралик нега ўзини бунча безовта қилаётганига аёлнинг ўзи ҳам тушунмаётганди.

   Орадан икки ойча вақт ўтди. Каримжон ўзи айтганидай,  тикувчи бир қизга уйланди. Аммо Дилором истаган ҳар томонлама баркамол куёв ҳадеганда топилавермади. Бир куни қўшни маҳалладан Дилоромни сўраб келишди. Куёвликка номзоднинг исми Илҳом бўлиб, эшик-деразалар ишлаб чиқарадиган кичик корхона раҳбари, ёши ҳам Дилором билан тенг, кўриниши ҳам бинойидай, оиласида ягона ўғил экан.

   Дилором бошида Илҳом билан кўришишни истамади. Дилбар опа қайсар қизни учрашувга кўндиришга кўп уринди. Катта қизи Дилнозани чақирди. Дилноза синглисини уришиб, ёши ўтиб бораётганлигини, бундай йигит ҳар кун учрайвермаслигини, яна бир-икки йил ўтгач, Дилором қариқиз бўлиб қолиши мумкинлигини тушунтирди.

   Дилором учрашувга кўнган бўлса-да, бир гапни айтиб, Дилбар опанинг юрагини сиёҳ қилди:

− Майли, мен учрашувга чиқаман, аммо мен ҳеч кимни севишга улгуролмадим. Ўзим севиб-севилиб, турмушга чиқмоқчи эдим. Бунга имкон бермадингизлар. Бир куни кимнидир яхши кўриб қолсам, кейин мендан хафа бўлманглар. 

   Камтарин, истараси иссиқ йигит Дилоромга маъқул  тушди шекилли, учрашувдан келиб, онасига “Бемалол тўйни бошлашларингиз мумкин”, деди-да, хонасига кириб кетди.

   Уёғи тезлашиб кетди. Фотиҳа тўйи, никоҳдан ўтиш маросими,  орзу–ҳавасли тўй, ҳаммаси рисоладагидек ўтди.

   Дилором келин бўлиб тушган хонадонига тез кўникиб кетди. Кетма-кет ўғил-қиз фарзандларнинг туғилиши, Илҳомнинг ўзига муҳаббатидан кўнгли тўлиб яшай бошлади. Эри биргина фарзанд бўлгани учун қайнонаси Манзура ая уларга ҳамма ишда бош-қош эди. Қайнотаси Мансур ака уста бўлиб, Илҳом мактабни тугатган йили ўзи қураётган иморатнинг томидан қулаб тушиб, вафот этган экан.

   Кенжа фарзанди Дилоромнинг тиниб-тинчиб кетганидан Дилбар опанинг кўнгли таскин топди. Фарзандларининг бахту-камолидан унинг боши осмонда эди.

   Аммо уларнинг хотиржамлигига кўз тегди...


 Гуноҳ сари илк қадам


   Ҳаммаси Дилоромнинг Алишер билан танишиб қолишидан бошланди. Алишер шаҳардаги дорихоналар тизимининг раҳбари бўлиб, иш юзасидан тез-тез Дилором ишлайдиган банкка келиб турарди. Хушсурат, келишган, жилмайиб турадиган бу йигит Дилоромни қизиқтириб қўйди. Қиз бола пайтларида ўз тасаввури ойнасида чизган йигитга қуйиб- қуйгандай ўхшайдиган Алишерни биринчи марта кўрганидаёқ Дилоромнинг юрагида нимадир узилиб кетгандай бўлди. Дилором ўзини унга нисбатан бефарқдай кўрсатишга уринса-да, уни кўрганда ўзини йўқотиб қўяр, гаплари бир-бирига қовушмасди.

Алишер буни сезиб қолган кунидан ўзини ғалати ҳис қилди. Бу чиройлигина жувон билан гаплашиш унга жуда   ёқарди. Аммо ҳар иккисининг ҳам оиласи борлиги унинг ўз ҳиссиётларига эрк беришига монеълик қилаётганди.

Алишер ота-онасининг ҳоҳиши билан холасининг қизи Гулнозага уйланган эди. Йигит талабалик йилларида ўзининг сабоқдоши Шаҳлони ёқтирган, лекин тошкентлик қизни ота-онаси Бухорога турмушга беришни исташмаган, Алишернинг Тошкентда қолишини шарт қилиб қўйишган, оилада ягона ўғил бўлган Алишер эса, пойтахтда қолишни истамаган эди. Унинг кўнглида армон бўлиб қолган муҳаббат сабаб, уч нафар ўғли бўлса-да, у ўзи билан бирга синглисидай ўсган аёлига муҳаббатсиз эди. Гулноза бошидан рўмоли тушмайдиган, қимматбаҳо кийим-кечак ва тилла тақинчоқларга ҳуши йўқ, оғир-босиқ, мулоҳазали аёл бўлиб, қайнонасининг чизган чизиғидан чиқмас, уй ишлари-ю, фарзандлар тарбиясини  ўз дунёси деб биларди.

   Алишер иш юзасидан банкка тез-тез бориши сабаб Дилоромни  кунда кўриб турар, бу эса унинг юрагида эҳтиросли туйғуларни пайдо қилган эди. Дилоромнинг ўзини кўрганда қизариб кетиши, сўзларини йўқотиб қўйиши Алишерга завқ бағишларди.

   Наврўз байрами баҳонасида Алишер банкдагиларни тушликка таклиф этди. Шаҳарнинг энг номдор ресторанида дастурхон ёзган Алишер банкдаги аёлларнинг эътиборига тушди. Унинг қўли очиқлиги, ижобий сифатлари ва  албатта Дилоромга муносабати, унга  алоҳида илтифот кўрсатаётгани аёллар суҳбатининг мавзусига айланди.  Ўша куни тахмин асосида Алишер ва Дилором ҳақида  бошланган миш-мишлар кейинчалик   тарқалган  ғийбат гаплар  учун асос бўлди.

Миш-мишлар Манзура аянинг қулоғига ҳам етди. У таниш- билишлари орқали келинининг Алишер билан муносабатларини суриштирди. Шубҳали асос тополмаган бўлса-да, келини билан очиқчасига гаплашиб олишни ўзига лозим деб топди. Бир куни фурсатини топиб келини  билан гаплашди. Дилором  ошхонада одатдагидек кечки овқатдан сўнг идиш-товоқларни юваётганди.

- Келин, - сўз бошлади Манзура ая. - Мен ҳар хил гаплар эшитиб юрибман. Бу гапларнинг қанчалик рост ёки ёлғонлигини билмайман.

Косаларни жавоннинг пастига жойлаштираётган Дилором ялт этиб, қайнонасига қаради.

- Нима гап, ойижон? – деди зўрға.

- Сиз чиройли аёлсиз, қизим. Айрим иймонсиз эркаклар сиздай хушрўй аёлларни йўлдан уришни, оиласини бузиб, эл ўртасида шарманда қилишни ўзларига касб қилиб олишади.. Улар кўпинча ўз ниятларига ета олишмаса-да, эл-юрт олдида ўша аёлнинг гап-сўз бўлишига сабаб бўлишади.

- Нимага бу гапни менга айтаяпсиз, ойи?

- Мендан хафа бўлманг, сиз ҳақингизда баъзи гаплар қулоғимга чалинди. Ўғлимни биласиз, ори баланд йигит. Худога шукур, ўғил-қизингиз бор. Бировдан кам, бировдан кўп, эл қатори яшаяпсизлар. Агар  ўғлимга  хиёнат қилсангиз,   у сиз билан бир соат ҳам бирга яшамайди. Шу сабаб қадамингизни ўйлаб босинг, қизим. Болаларингизни ўйланг. Менга ҳам енгилтак келиннинг кераги йўқ. Аммо шуни унутмангки, мен сизга ишонаман. Шу ишончимни оёқости қилманг.

 Манзура ая қатъият билан шу сўзларни айтди-да, ошхонадан чиқиб кетди. Дилором қайнонасининг гапларини ҳазм қилолмай, ошхонада анча вақт туриб қолди. Бориб, қайнонаси билан жанжал қилгиси ҳам келди. “Алишер аканинг банкка тез-тез келиши, менга нисбатан эътиборли эканлиги қайнонамнинг қулоғига етган кўринади. Энди нима бўлади? Эримга айтиб берса-чи? Э, нимани исбот қила оларди? Илҳом акам бу ҳақда сўраб қолса, “Банкда ишлаганимдан кейин ҳар хил одамлар билан муомала қиламан. Кўп одам банкка иш юзасидан келиб кетади. Бу гап қаердан чиққанини мен қаердан биламан?” деб туравераман”.  Ўзини шу ўйлар билан тинчлантиришга ҳаракат қилаётган бўлса-да, кўнгил осмони тушунарсиз бир хавотир туфайли булутлар билан буркангандай эди. У шу хаёллар билан ошхонадан чиқаркан, ҳовлида юрган қайнонасига кўзи тушди.

Манзура аянинг чеҳраси очиқ эди. Дилоромнинг бундан кўнгли бироз тинчлангандай бўлди.

 Эртаси куни шанба бўлгани боис тушликда ишдан вақтли қайтган Дилором кийимларини алмаштириб, ошхонага чиқди. Қайнонаси нўхатли шўрва қилган экан. Шу пайт эри ҳам ишдан келиб, бирга овқатланишди. Дилором идишларни йиғиб ошхонага чиқиб кетган пайтда қўл телефони стол устида қолиб кетди. Илҳом болалари билан бироз ўйнаб ўтирди-ю, ҳовлига чиқиб чеккиси келди. Стол устидан сигарет ва ёндиргични олаётган пайти хотинининг телефонига хабар келди. Илҳом нотаниш рақамни кўриб, телефонни қўлига олди.

“Азизам. Яхши дам олинг. Сизни севаман”.

Бу хабарни ўқиган Илҳом ғазабини зўрға босиб, ошхонага қараб юрди.

Дилором идишларни ювиб бўлиб, қолган овқатни музлатгичга жойлаётган экан. Ошхонага кириб келган эрининг бузуқ авзойига кўзи тушиб, чўчиб кетди.

- Ҳа, дадаси, тинчликми?

- Сендан сўрашим керак, тинчликми? - Илҳом жаҳл билан телефонни хотинининг юзига яқин келтирди. - Ким бу, сенга севги изҳор қилган?

Дилоромнинг юзи оқариб кетди. Эрининг қўлидан телефонни олиб хабарни ўқиди.

- Хўш, гапирмайсанми? - Илҳомнинг овози бу гал дағалроқ чиқди.

- Мен қаердан биламан? - Дилором ичида “Хайрият, Алишернинг рақамини телефонимнинг хотирасига сақлаб қўймаган эканман”, деб ўйлаганча, хотиржам гапирди. - Бирорта ошиқ йигит яхши кўрган қизига ёзганини адашиб, менинг рақамимга жўнатган кўринади.

- Нима? Адашиб жўнатган? Қани, менга бер-чи, телефонингни! - Илҳом жаҳл билан хотинининг қўлидан телефонни юлиб олди-да, ўша рақамга қўнғироқ қилди, аммо ҳеч ким жавоб бермади.

Илҳом асабийлашиб бир неча бор рақам терди, аммо нариги томондан ҳеч ким телефонни кўтарай демасди. Буни кўриб, Дилором сал жонлангандай бўлди.

- Э, қўйсангиз-чи, дадаси. Шунга ҳам асабингизни бузасизми? Адашганини билиб кўтармаяпти, шекилли?

Аммо шу пайт телефон чақириб қолди. Илҳом телефонга “жавоб бер”, дегандай ишора қилди. Дилоромнинг ичи музлаб, суҳбат тугмачасини босди.

- Алло, - деди зўрға.

- Дилором, узр. Телефон қилибсиз. Сизга “смс” ёзиб, телефонни қувват олиши учун токка улаб хонадан чиқиб кетгандим.

Дилором эрининг олдида шарманда бўлишини ўйлаб, ўзини тезда қўлга олди.

- Кимсиз ўзи? Нега менга бунақа “смс” ёзасиз? Мен оилали аёлман!

Бунақа муомалани кутмаган Алишер   бир зум жимиб қолди. Ҳолатни тушунди, шекилли, узр сўради:

− Узр, мен бошқа кишига ёзгандим, битта рақамга адашибман, сизга кетиб қолибди!

Буни эшитган Дилором янада дадилланди.

- Рақамни аниқлаб, кейин ёзсангиз бўлмайдими? Сизни деб эрим билан жанжаллашиб қолдик.

Илҳом бу гапни эшитиб, телефонни унинг қўлидан тортиб олди.

 - Менга қара, жўра. Кўзинг борми, ўзи?

Илҳом шундай деб телефонни олиб ҳовлига чиқиб кетаркан, Дилором бироз ўзига келгандай бўлди. Енгил нафас олиб, ичида “Худо бир асради”, деб қўйди.

 

 

  1.  Хиёнат

Бу воқеа ҳар иккисининг эсларидан чиққандай кўринса-да, Илҳомнинг юрагида хотинига нисбатан   шубҳа  пайдо бўлди. У билдирмай Дилоромни  кузатишга қарор қилди. Шундай кузатишларининг натижасида   у хотинининг шаҳарда тадбиркор бойвачча сифатида танилган Алишер билан ишдан қайтишини, кўчанинг бошида унинг  машинасидан тушиб қолишини билиб олди. Лекин билганини сездирмай, арқонни узун ташлаб юраверди.

Дилором бўлса кун сайин Алишерга боғланиб бораётганди. Алишер ҳам кунда бир баҳонада банкка келмаса туролмайдиган даражага етди. Иккиси ҳам  оиласи борлигини унутиб, ўзларини  биринчи марта севги домига тушгандай ҳис қилишарди.

 Жувон   кечирилмас хатога йўл қўйди. У Алишернинг хушомадларига, совғаларига охири ён берди. Бунинг натижасида миш-мишлар, гап-сўзлар яна кўпайди.  Алишернинг шаҳар чеккасидаги  икки хоналик уйи уларнинг учрашув  масканларига  айланди...

Дилоромнинг банкдаги дугоналаридан бири Нафиса(улар талабалик даврларидан  қадрдон эдилар) буларнинг ҳаммасини кўриб – билиб турарди. У Дилоромни бу йўлдан қайтариш мақсадида жиддий гаплашиб олишни ният қилди.

Нафиса ишдан сўнг Дилоромнинг олдига келиб, ”Сенда зарур ишим бор”, - деди-ю, дастлаб гапни нимадан бошлашни билмай туриб қолди. Сўнг ҳол-аҳвол сўраган бўлиб, гапни асосий мавзуга бурди.

-Дилором, сенинг бу қилаётган ишинг нотўғри. Ахир сен ҳам Алишер ҳам оилалисизлар, фарзандларингиз бор.

Компьютерини ўчириб, сумкасини қўлига олган Дилором ялт этиб унга қаради.

-Ҳа, сен ҳам айрим ғийбатчиларга қўшилиб қолибсан-да, дугонажон, - деди у бироз кинояли оҳангда. - Қўрқма, менинг эс-хаёлим жойида. Нима қилаётганимни жуда яхши биламан.

-Хаёлинг жойида бўлса, нима қилаётганингни яхши билсанг унда шу ишинг тўғрими? - унинг сўзларидан Нафисанинг жаҳли чиқди. - Ахир сен ҳар куни Алишер билан гоҳ тушликка, гоҳ ишдан кейин уйинггача кетяпсан.

-Нима, сенга бунинг оғирлиги тушяптими? - қошларини чимириб сўради Дилором. Унинг ранги оқариб,нафас олиши тезлашди.. - Нима бўлибди  машинасига чиқсам? Сен қолгандинг ўзи ақл ўргатмаган.

-Мен сенга ақл ўргатмоқчи эмасман. Фақат бу гаплар оилангга етиб боришидан, эринг билан оранг бузилишидан чўчияпман, - деди сўз оҳанги сал юмшаб Нафиса. - Қилаётган ишингнинг оқибатини ўйламаяпсан, дугонажон.

-  Мен эримни  ҳеч қачон яхши кўрмаган эканман.Афсус,буни энди англадим. Алишер  мен орзу қилган инсоннинг худди ўзгинаси. - деди  хўрсиниб Дилором. -Мен уни севиб қолдим.Тушуняпсанми?

-Қанақа  севги? Уялмасдан айтаётган гапингни қара.Эр-хотин бир-бирини яхши кўрмаслиги мумкин.  Лекин уларнинг орасида ҳурматгами,меҳр ёки боғланишгами ўхшаш туйғу бўлади. Бундай қилишинг яхши эмас. - Нафиса дугонасини яна инсофга,  тўғрироғи ўз қилмишининг нохуш оқибатларини тушуниб олишга чақирмоқчи бўлди. - Бу гапларни эринг эшитса нима бўлади? Яқинларинг эшитса-чи?  Боши очиқ аёл бўлсанг ҳам бошқа гап эди.Болаларингни  қандай кўзинг қияди?

-Эшитса, бир гап бўлар. Фарзандларим ҳам катта бўлади. Ҳеч ким ерда қолиб кетмаган. - Дилором қўл силтади. - Мен ўзим учун ҳам яшашим керак. Қолаверса, бу менинг ҳаётим.

  Нафиса дугонасининг кўзларига ўпкаланиб қаради.

-Бунча худбин бўлиб кетибсан? Агар сен шу қилмишингни тўғри деб билсанг, унда ўзинг биласан. Бир кун афсус чекмасанг бўлди. Шайтоннинг сўзига киряпсан. Дўст сифатида бу ишинг гуноҳлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Хулоса чиқариш эса ўзингдан.

 Нафиса шундай деди-да,орқасига ўгирилиб кетди.

 " Илҳом билан бирга яшаш мен учун  қанчалик азоблигини тушунсанг, менга бундай демаган бўлардинг..." Дилором Нафисанинг орқасидан банк эшигига қараб юраркан,хаёлидан шу фикр кечди.

 

 Хиёнат йўлига кирган Дилоромнинг тез орада кийиниши, юриш-туриши ўзгарди. У энг сўнгги русумда кийинадиган, қимматбаҳо атир-упалар ишлатадиган бўлди. Буларнинг ҳаммаси Алишернинг совғалари эди. Тилла тақинчоқлар, бежирим либослар унинг ҳуснини янада очиб юборди.

 Эри буларнинг ҳаммасини кўриб-билиб турса-да, хотинини   айблаш учун асос тополмасди.  Бирор кийим ёки тилла  буюмга кўзи тушиб, Дилоромдан “қаердан олдинг?-“деб сўраса, Дилором” Мукофот пули олдик”, ёки “Бир мижозга кредит олиши учун бизнес-режа тузиб бергандим. Шунинг эвазига пул берганди,"- деб осонгина вазиятдан чиқиб кетарди.  Жувон эрига,фарзандларига нисбатан бутунлай бефарқ бўлиб қолганди.

 Оиладаги бундай ҳолатни кўриб Манзура ая сиқилар, лекин нима қилса тўғри бўлишини билмай, боши қотганди. Охири у ҳамма гапдан Дилбар опани хабардор қилишни, икки қуда бирлашиб фарзандларининг оиласини сақлаб қолишлари мумкинлигидан умид қилиб, унга қўнғироқ  қилиб ҳамма гапни айтди. Дилбар опа қудасининг гапини бўлмай эшитди-да, кечқурун уларникига боришини маълум қилди. Онанинг юрагига ғулғула тушганди.У Дилоромнинг тўйдан олдин айтганларини эслади.Аммо “ Йўғ-е, менинг қизим бунчаликка бормайди. Мен уни бунақа қилиб тарбияламаганман.Бизнинг авлодимизда енгилоёқлар бўлмаган”, - деб ўзини юпатишга уринди.

Дилором бўлса ўзининг туйғулари билан  овора эди. Бугун тушлик баҳонасида у яна Алишернинг икки хоналик уйида меҳмон бўлган, у бўлса масалани кўндаланг қўйиб, тезроқ бирор ечимга келиш лозимлигини уқтирган эди. Иккови одатдагидек безатилган дастурхон атрофида  тушлик қилишди.   

-Дилором, мен сизсиз яшолмайман. Энди Илҳом билан ажрашмасангиз бўлмайди. Болаларингиздан хавотир олманг, мен уларни ўзимникидан кам кўрмайман. – Алишер шу гапларни айтиб, жувоннинг бармоқларига лаб босди. - Аммо энди бир қарорга келишимиз керакка ўхшайди.Мен...қийналиб кетдим.Эрингиз билан яшаётганингизга бошқа чидолмайман.Рашким мени ўлдиряпти.Ажрашишингизни,фақат меники бўлишингизни  истайман.

Жувон Алишер билан муносабатлари чуқурлашгани сайин бундай сўзларни эшитиши мумкинлигини билган бўлса-да,барибир гангиб қолди.

-Алишер ака, мен бундай қилолмайман. Ахир ҳаммасидан бирданига  воз кечиш-жуда қийин. Онам, акам  қилиб юрган ишларимни эшитсалар мени тириклайин кўмишади. Кейин болаларимнинг отаси ҳам ажрашишга  рози бўлмаса керак. Кейин одамлар нима дейди?

-Э, қўйсангиз-чи, бунақа гапни. Сиз фақат меники бўлишингиз керак. Ажрашинг қўйинг. Мана шу уйда яшайверасиз, болаларингиз билан.

Алишер буни шунчалик ишончли қилиб гапирдики, Дилором учун эридан ажрашиш жуда осон иш бўлиб туюлди.

Дилором шу суҳбатни эслаб, юраги ғалати бўлиб  кетди. Охирги кунларда у хато қилаётганини, боши берк кўчага кириб қолганини билиб-сезиб турса-да, кўнгли фақат Алишерга талпинаверарди. Ишдан қайтгач,ўзининг қилмишлари ёдига тушиб,юраги ўртанар, лекин ўз туйғуларига бас келолмаётганди. Номаҳрам эркак билан яқин алоқа ўрнатиб хато қилаётгани учун Алишерни севган юрагини ғижимлаб ташлагиси келарди. У ўзини ўзи тушунмасди.Айрим пайтлар уйига боргиси келмас, якшанба дам олиш кунида эса соғинчдан юраги сиқилиб кетарди.Уни на болаларининг ташвиши,на эрининг ҳолати қизиқтирарди. Бундай яшаш ўзининг ҳам жонига теккан, нимадир қилиш лозимлигини, вазиятни ўзгартириш кераклигини яхши англаб турарди. Аммо нима қилиш керак? Наҳотки, ажрашишдан бошқа чора бўлмаса?

Дилором шу хаёллар билан ҳовлига кириб келди.Ҳовлидаги супада онаси, акаси, қайнонаси гурунглашиб ўтиришарди. Жувон уларга қараб қотиб туриб қолди.

 

  1.  Уйдан кетиш

-Ҳа қизим, келавер. Яхшимисан? Нега у ерда туриб қолдинг? Нима, сенга меҳмон керак эмасми? - Дилбар опанинг ҳазиломуз гаплари Дилоромни ўзига келтирди.

-Йўғе, онажон. Хуш келибсизлар. Мен ҳозир.

  Дилором шундай деб қаерга киришини билмай гарангсиб туриб қолди. Кейин онаси ва акаси билан кўришди. Оёғидан қучган қизчаси Дилобарни юзидан ўпиб, ошхонага қараб юрди.

- Келин, қовурдоқ қилгандим.Пишиб ҳам қолгандир. Кийимингизни алмаштириб  сузиб келинг. Манзура ая шундай деб кўрсатма берган бўлди-да, меҳмонларга юзланди.  - Олинглар, дастурхонга қараб ўтиринглар.

Дилором тезгина кийимларини алмаштириб, ҳовлига чиқди. Помидор-бодринг тўғраб, аччиқ-чучук  тайёрларкан, хаёлидан “Нега ойим менга айтмай келибдилар ? Тинчликмикан?” –деган ўй ўтди.

Ҳаммалари дастурхон атрофида гурунглашиб овқатланишаётганда Илҳом кириб келди. У қайнонаси ва қайноғаси билан саломлашиб, дастурхон атрофидан жой олди.

Овқатдан сўнг меҳмонлар олдига чой ва ширинлик олиб келган Дилоромни онаси ўтиришга ундади.

-Қизим, биз сендан хабар олишга, тўғрироғи, қайнонангнинг сендан норози бўлиб айтган гапларини муҳокама қилишга келгандик,- Дилбар опанинг бу сўзлари Дилоромни довдиратиб қўйди.

-Нима иш қилибман, норози бўладилар мендан? –бирданига жувоннинг жаҳли чиқиб кетди. Қўрқоқ олдин мушт кўтарар”, - деганларидай ўзини ҳимоя қилишга шайланди. Табиатан қизиққон  эмасми, қаттиқ ғазаби келди.

 -Ўзингиз яхши биласиз, келин. Охирги пайтларда хаёлингиз паришон бўлиб қолган. Эрингиз, болаларингиз билан деярли ишингиз йўқ, - дея гап бошлаган Манзура аянинг гаплари оғзида қолди.

-Онажон, келинингиз Алишер деган эркак билан учрашиб юради. - Илҳомнинг дабдурустдан айтган бу сўзлари ҳаммани ҳанг-манг қилиб қўйди. - Мен бунақа хиёнаткор  хотин билан ортиқ бирга яшамайман. Мана, онаси-ю, акасининг олдида айтяпман. Бугун ҳам ўша эркак билан учрашган.

-Куёв бу нима деганингиз? - Одилбек жойидан туриб кетди. Юзлари бўғриқиб, бир зумда кўзлари қизарди. - Бизнинг авлодимиздан бунақаси чиқмаган. Агар шу гап рост бўлса, ўзим бўғиб ўлдираман буни.

Дилором эри ва акасининг гапларидан гангиб қолди. Демак, эрим Алишер билан учрашиб юрганимни биларкан. Хўш, унда нега мени ҳайдаб юбормади? Нима учун бу гапларни айнан ҳозир онам ва акамнинг олдида айтяпти?" Илҳомнинг ўзини пойлаб юрганидан  нафратланиб, дилида борини айтишга қарор қилди. ” Ҳа,ўл-а,писмиқ. Ҳали ниятинг мени шарманда қилишмиди? Қараб тур,энди. Нима бўлса бўлсин. Пешанамдан кўраман, буёғини. ” Жувоннинг хаёлидан кечган охирги фикри шу бўлди.

- Мен сизга севиб эмас, онамнинг ҳоҳишларига кўра турмушга чиққанман, - деди у эрининг кўзларига тик қараб. - Бундан буёғига сиз билан яшамайман. Чунки ростдан ҳам бошқа одамни яхши кўриб қолдим. Алишер- менинг  бир умр излаган  севгим. Биз иккимиз ҳам оиламиздан ажрашиб, бирга яшашга қарор қилдик.

-Сени уриб ўлдиришга ҳам ҳаққим бор. Лекин мен бундай қилмайман. Қўлимни сенга теккизиб,  ифлос қилмайман. – Илҳом ижирғаниб, жойидан туриб кетди.-Лекин буёғига  энди сен билан яшамайман.

- Дилором, нималар деяпсан? - Одилбек жойидан сакраб туриб, синглисига яқинлашди. Беихтиёр қўллари мушт бўлиб тугилди. - Яна бир марта қайтар-чи.  Икки болали аёлсан,энди севгига бало борми?

- Одилжон,- Дилбар опа ўғли қизини уриб юбориши мумкинлигидан қўрқиб, жойидан туриб кетди. – Тўхта...

   Одилбек синглисини  тарсакилаб юборди.Дилором жойидан туришга улгуролмай,шундоққина дастурхон устига қулаб тушди. Бурни қонаб, бир зумда юз-кўзи қонга бўялди. Дилобар ва Исломжонлар чинқириб йиғлаб, оналарига ёпишишди.

Нима қилишини билмай қолган Манзура ая уларни қўлидан тортиб, келинидан тортиб олишга  ҳаракат қилар, болалар  бўлса йиғлаб, баттар оналарига ёпишишарди.    

   Дилбар опа Дилоромга раҳми келса-да, бўғзини бўғиб турган нафрати кучлилигидан оғзига сўз келмас, қизига ёрдам кўрсатишдан ҳам ожиз эди. Илҳом бўлсадастурхон ёнида бошини маҳкам чангаллаб ўтирар, гўё нималар юз бераётгани унга барибирдай эди.

Дилором болаларини силтаб ташлаб, жойидан сакраб турди. Сочлари ёйилиб, кўзлари йиғидан қизарганидан юзи хунуклашиб кетган  аёлнинг кўзларида чексиз ғазаб ёнарди.

-Мени урганингиз ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди,ака. Аммо сиз бу ишингиз билан фикримдан қайтаролмайсиз.Барибир ўзим ҳоҳлагандай яшайман,- Дилором шу сўзларни айтиб, уйга қараб юрди. -  Ҳозироқ бу уйдан кетаман.

-Бор,йўқол кет.-Одилбек қўлларини мушт қилиб тугди.-Бўлмаса,сени ўлдириб қўяман.

Онасининг ортидан эргашган болаларининг йиғиси Илҳомни ўзига келтирди. Карахт аҳволда ўтирган йигит беихтиёр жойидан туриб уларни қучоқлаб олди.

 - Кетсанг кетавер, аммо болаларни сенга бермайман. - деди у қатъий. - Шунча ўйлаб ҳам нимага бундай қилганингни сабабини тушунолмадим, Дилором.

-Сен бизнинг уйга қайтиб боришни хаёлингга ҳам келтирма, - деди тишлари ғижирлаб Одилбек. - Сени синглим дейишга, бир ҳовлида яшашга ор қиламан.Қайтиб кўзимга кўринма.- Кейин  у куёвига юзланди. - Сизга ҳам қойил қолмадим, Илҳом. Нега бу масалани ўзингиз бир ёқли қилмадингиз? Нимага жим юрдингиз?

Дилором эрининг акасига нима деб жавоб берганини эшитгиси келмай, уйга кириб кетди. Кийимлар осилган жавоннинг ойнасига қараб,юзларини тозалаган бўлди.Сочини бошқатдан турмаклади. Ишга киядиган ва бир-икки сидра уй кийимларини, тилла тақинчоқларини, оилавий фотоальбомни, ҳужжатларини олиб, катта спорт сумкасига солди. Шу пайт орқасидан кириб келган Манзура аяни кўриббир зум  ҳаракатдан тўхтаб қолди. Кўзларида ёш қалқиб турган қайнонасининг  нигоҳлари аламли эди.

-Сиз ишингизни ўйлаб қиляпсизми, ўзи? Эртага бу гап кўчага чиқса, одамлардан уялмайсизми? Орадан йиллар ўтиб, бу енгилтаклигингиз фарзандларингизнинг тақдирига таъсир қилишини ўйламаяпсизми? Ахир бу иснод-ку, келин?

Манзура аянинг саволи жавобсиз қолди. Дилором ўзига қадрдон бўлган хонасига сўнгги бор кўз югуртирди-да,  индамай қайнонасининг ёнидан ўтиб, ҳовлига чиқди.

-Ҳали шунақами,келин? Майли,кетинг.Лекин болаларингиздан умидвор бўлманг. Ҳеч қачон сиздақа онага набираларимни бермайман.

 Дилором жавоб қайтармай,ҳовлига чиқди. Унинг кетаётганини кўриб, онаси жойидан турди.

-Қизим, қўй, бундай қилма! Оилангдан воз кечма!-Дилбар опа гапини тугатолмади. Бирдан оёқларидан мадор кетиб, вужуди бўшашиб кетаётгандай бўлди. Одилбек уни зўрға тутиб қолди. Дилором бўлса, бошини баланд кўтарганча, онасининг аҳволига парво қилмай,  худди уни кўрмаётгандек, тарс-турс юриб, ҳовлидан чиқиб кетди. Дадасининг қўлидан чиқибунга талпинган, “Ойижон кетманг”, - деганча изиллаб йиғлаётган фарзандларини силтаганча, кўчага отилди.

 

  1. Ғамга ботган хонадон

 

Кўчага  чиққан Дилором қаерга боришни аллақачон ҳал қилиб бўлганди. Алишер акаси ўзларига деб олиб қўйган уйга боради. Шу мақсадда тез-тез юриб, катта йўлга чиқди. Такси тўхтатди-да, манзилни тушунтирди. Етиб боргунча, ўтган вақт унинг назарида жуда секин кечгандек эди.

 Таниш уй олдида таксидан тушган Дилором учинчи қаватга кўтарилиб, ўз калити билан эшикни очди. Уйга кирди-да, ўзини меҳмонхонаги  диванга ташлаб,йиғлаб юборди.Охири ҳиқиллаб қолди. Жувон уйдан кетиб кечирилмас хато қилганини яхши англаб турар, қаттиқ аламзадалигидан ўзини қаерга қўйишини билмаётганди. Кейин бирдан ҳалигача нима воқеа юз берганини Алишерга айтмагани эсига тушди.

”Қўл телефоним қаерда қолдийкин?  Яна уйда қолиб кетган бўлмасин.”Дилором нарсаларини кавлаштириб, ишга олиб борадиган сумкасини амаллаб топди-да, ичига қўл суқди. Телефонини олиб ҳайрон бўлиб қолди. Чунки Алишер йигирма мартача  унга қўнғироқ қилган эди. Овозсиз қилиб қўйгани учун эшитмабди. Нима қилса экан? Қўнғироқ қилиб кўрса-чи?

  Дилором деразадан ташқарига қараб, кеч бўлганини кўрди. Алишерга қўнғироқ қилишга негадир юраги бетламади.Кўнглига худди шу қоронғилик сингари чўкиб бораётган ғашлик уни тобора беҳаловат қилаётган эди. “Энди нима бўлади? - ўйлади у.-Болаларимнинг аҳволи нима кечади? ”Кўз олдига ортидан йиғлаб қолган фарзандлари келиб,нафаси бўғилди.   ”Нималар қилиб қўйдим? Акамнинг ургани алам қилиб кетди-да. Аммо нимага  уларга кўнглимдагиларни айтдим? Бу гапларнинг ҳаммаси туҳмат,ёлғон  деб рад қилмадим?Энди буёғи нима бўлади? ”

Дилором изтиробли ўйлардан эзилиб, дераза олдига борди. Дераза табақасини очиб, ташқарига назар солди. У   энди орқага йўл йўқлигини  ҳис қилиб турарди.

Кўп қаватли уйнинг ҳовлисида ҳеч ким кўринмас, нарироқдаги катта кўчада кўриниб турган чироқларгина кўзга ташланар эди. Шу пайт диван четида турган қўл телефони  куй чалиб юборди. Дилбар Алишер қўнғироқ қилаётганини кўриб, юраги қинидан чиқиб кетгудай бўлди.

- Алло, Дилором қаердасиз? Нимага жавоб бермайсиз? Алишернинг хавотирга тўла овози уни бироз ўзига келтиргандай бўлди.

-Мен...мен  уйдан кетдим, Алишер ака. - Дилором шу сўзларни айтаркан ўпкаси тўлиб, йиғлаб юборди. - Сизнинг уйингиздаман.

-Ҳаммасидан хабарим бор. Мен ҳозир ёнингизга бораман. Алишер шу сўзларни айтиб, алоқани узди.

Дилором бир  қўлидаги телефонга бир хонадаги жиҳозларга қараб анча туриб қолди. “Дарров қаердан эшитибди? Тавба,”Ёмон гапнинг қаноти бор”-деганлари ростга ўхшайди... “

      Аслида Дилоромнинг уйида бошланган ғалвали воқеалар  Алишернинг хонадонида давом этган эди. Дилоромнинг акаси Одилбек синглиси  чиқиб кетгач, онасини уйга ташлаб унинг хонадонига борган эди.

   Ишдан қайтиб телевизор кўриб ўтирган Алишер кимдир уни чақираётганини эшитиб, дарвозахонага чиқди. Ташқарида турган Одилбекни кўриб, уни таниди.”Дилоромнинг акаси нега келибдийкан?” Шу хаёл билан  кўнглида  тушуниксиз  хавотир уйғониб,унга қараб юрди. Одилбекнинг нимадандир қаттиқ жаҳли чиққани сезилиб турарди

- Ҳа, меҳмон келинг. Дарвозадан чиқиб келган Алишернинг сўзи оғзида қолди. Одилбек ҳе йўқ,бе йўқ, унинг юзи аралаш мушт туширди. Кутилмаган мушт зарбидан Алишер қалқиб кетди, аммо йиқилмади.

 -Сен ифлос синглимнинг оиласини бузганингни биласанми? У сени деб уйидан чиқиб кетди.- Одилбек шундай деганча жаҳл билан эгилиб қолган Алишернинг ёқасидан икки қўллаб ушлаб, калла уришга шайланди. Аммо Алишер ўзини ўнглаб олиб, унинг қўлларини силтаб ташлади.

 -Оғзингга қараб гапир. Дилоромни кўнглига қарамай  турмушга узатгансизлар. У ҳаётини ўзгартиришга  ҳаракат қилгани алам қиляптими? - ғазаб билан деди Алишер. – Дилором  эрини яхши кўрмаса ҳам яшашга мажбурлагансизлар. Мен унинг ҳақиқий муҳаббатиман.

 - Ҳақиқий муҳаббат? Сен оиланинг бузилишини муҳаббат билан оқлама, ахмоқ. - Жаҳлдан бўзариб кетган Одилбек Алишерни тепиш учун оёғини кўтарди. Алишер яна чап бериш умидида орқага тисланди, аммо оёқ тагида турган болаларнинг ўйинчоқ машинасига урилиб  қалқиб кетди. Одилбек бўлса,унинг  чўккалаб ўтириб қолганидан фойдаланиб,тепкилаб ташлади.

 -Мана сенга, ахмоқ. Сенми ор-номусимни ер қиладиган? Иймонсиз, ўлдираман сени. Терга ботиб кетган Одилбек телбага ўхшаб қолган, бўғриққанча уни аямай тепар, сўкинарди. Шовқинни эшитиб уйдан Алишернинг рафиқаси Гулноза югуриб чиқди. Калтакланаётган эрини кўриб, Одилбекни ундан ажратишга ҳаракат қиларкан, беихтиёр йиғлаб юборди.Аёл   кутилмаган  тўполондан жуда қўрқиб кетганди.

-Қўйворинг, урманг ака. Хўжайиним нима қилдилар сизга? –Гулноза йиғлаб Одилбекнинг қўлига тирмашди. - Нима гап ўзи?

-Нима гаплигини ана эрингдан сўра, - Одилбек ғижиниб ерга тупурди. - Бу хотинбоз, ифлос эринг синглимнинг оиласини бузди. Билдингми энди? Синглим уйидан кетиб қолди.

Гулноза қотиб қолди. Кейин  Алишерни ердан турғазиш учун узалган қўллари шалвираб ёнига тушди. Алишер  қўлига таяниб, жойидан тураркан, лабида қоннинг шўртанг таъмини  сезди.

- Бор,кет бу ердан. Мақсадингга эришдингми, энди? – деди Алишер нафрат билан Одилбекка тик қараб. - Мен синглингга уйланаман, билдингми? Уни бу аҳволда қолдириб кетадиган номардлардан эмасман!

Одилбек уни яна уришга хезланди-ю, фикридан қайтди. Бир нималар деб сўкинганча нарироқдаги машинасига  ўтириб, жаҳл билан ҳайдаб кетди. Алишер бўлса, ёнида бўшашиб турган Гулнозага эътибор ҳам бермай ичкарига кириб кетди.

Гулноза бутун вужуди титраб, унга эргашаркан, ҳозиргина эшитган сўзларидан ўзига келолмаётганди. Ҳовлидаги водопровод тагида юз-қўлини юваётган эрига юрак ютиб яқинлашди. Бугун қайнонаси қариндошлариникига фотиҳа тўйига кетган, ўғилчалари ичкари уйда мультфильм кўриб ўтиришарди.

-Бу одамнинг гаплари ростми? –сўради жувон асаблари қақшаб.

-Ҳа, рост.  Мен ҳеч қачон севмаганман сени. Буни ўзинг ҳам яхши биласан, - деди Алишер унга ўқрайиб қараганча. - Мен кўнглимдаги, ўзим орзу қилган аёлни топдим. Энди у билан яшайман. Ҳоҳласанг шунга кўниб яшайвер. Ҳоҳламасанг, ана катта кўча. Йўлинг очиқ.

Эридан бундай аёвсиз гапларни эшитган аёл уввос тортиб йиғлаб юборди. Алишер бўлса ҳеч нарса бўлмагандай, чанг бўлган кийимларини қоқиб, уйга кириб кетди.Бироздан кейин бошқатдан кийиниб, кўчага қараб юрди.

 

  1.  Муҳаббатми ёки ҳавас?

 -Ана шунақа гаплар, севгилим. - Алишер бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бераркан, ёрилган лабини Дилоромга кўрсатди. - Акангиз мени боплаб калтаклаб кетди-да, хуллас.

-Энди нима бўлади? – Дилором қалтираганча унинг пинжига суқилди. - Биз хато қилдик-а? Хотинингиз келиб жанжал қилиб кетса керак ҳали мен билан?

-Мен хотинимдан эмас, онамдан чўчияпман,- деди хўрсиниб Алишер аёлнинг елкасидан қучганча. - Онам бу гапни эшитсалар, нима бўлишини тасаввур қилишга қўрқаман. Чунки келинларини жудаям яхши кўрадилар. Онам жиддий, қаттиққўл аёл.

-Жиянлари бўлгани учун шунақадир-да, - деди энсаси қотиб Дилором.  

- Йўқ,  ундай эмас,-деди Алишер. - Гулноза онамнинг чизган чизиғидан бир қадам ҳам чиқмайди. Онамнинг гаплари унинг учун қонун. Икковлари жудаям иноқ.

Дилором унга жавобан ҳеч нарса демади. Бугунги воқеалардан у қаттиқ таъсирланган, кўнглининг бир четини пушаймонга ўхшаш қандайдир туйғу ғижимлаб турарди. Хаёли паришон, юраги бугунги воқеалар сабаб сиёҳ тўкилгандек қора эди. “Тўғри қилдим. Барибир шундай бўлиши керак эди. Ўзим севган одам билан яшашга ҳаққим бор. ” Жувон шундай деб ўзига қанча таскин беришга уринмасин,  барибир кўнгли  ёришмасди.

- Дилором, бемалол дамингизни олинг. Мана, музлатгичда ҳамма нарса бор. Очиққан бўлсангиз, бирор нима еб олинг. Мен энди борай. - Алишер шундай деб Дилоромни секин бағридан бўшатди.

-Алишер ака, мени ёлғиз қолдириб кетмангДилором титраб-қақшаб Алишернинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди. -Қўрқаман, бир ўзим.

-Дилором ёш бола бўлманг. Энди мен ҳам бу масалани бир ёқли қилишим керак. Гулноза ҳамма гапни онамга айтган бўлса керак. Ҳали онам нима дейдилар, билмайман. Биладиганим, ҳеч қачон оиламни бузилишига йўл қўймайдилар. –Алишер шундай деб  уни юмшоққина итарганча, эшикка қараб йўл олди. - Хуллас, буёғига кучли бўлишимиз керак.

- Унда мен нима қиламан? – Саволни бериш асносида Дилором қилган ишининг даҳшатини бор бутунлигича ҳис этди. - Энди нима бўлади?

 -Ҳеч нарса бўлмайди. Агар хотиним мен билан ажрашишга кўнмаса, шу ерда иккинчи хотиним бўлиб яшайверасиз. Мен келиб-кетиб тураман. Эшик ёнида турган Алишер шундай деб Дилоромни юпатган бўлди.

-Болаларим нима бўлади? Мен уларни ҳозирданоқ соғиниб кетяпман.

 Жувон кўзларидан оқаётган ёшни тўхтатолмай, Алишерга умидвор қаради. - Балки ўғилчамни олишнинг иложи бўлар?

-Албатта оламиз. Иложи бўлса иккисини ҳам оламиз. Сиз ҳозир ҳеч нарсани ўйламай, ётиб ухлашга ҳаракат қилинг. Нима муаммо бўлса, бирга ҳал қиламиз. Бундан буёғига доим бирга бўламиз-ку.Алишер жилмайишга ҳаракат қилди. Аммо бу жилмайиш Дилоромнинг назарида олдинги жозибадор  табассумга ўхшамади. - Мен кетдим, жоним. Эшикни қулфлаб олинг.

Алишер чиқиб кетгач, Дилором деразадан унинг  чиққанини,  машинасини миниб кетганини кузатиб турди. Кейин ётоқхонага киргиси келмай, яна ўша меҳмонхонадаги диванга чўзилди.

Аёл қанча ҳаракат қилмасин, барибир ўзини босолмади. Кўз олдидан ўзи неча йил яшаган уйи, фарзандлари, қайнонаси, эри ўтиб, ўкириб йиғлаб юборди. Қанчалик оғир бўлмасин, уларни соғинаётганди.  Жойидан туриб, спорт сумкасида ўзи олиб келган кийимлар-у, бошқа майда-чуйдаларни шкафга, ичкари хонадаги шифонъерга жойлаштира бошлади.  Шу аснода қўлига тушиб қолган фотоальбомдан болаларининг суратини олиб,бағрига босганча,дод солиб йиғлади.”Улар энди мени ҳеч қачон кечиришмаса керак...”

   Алишер сигнал берганида дарвозани очадиган хотини кўринмади. Машинадан тушиб, дарвозани катта очди-да, машинасини ичкарига киргизди. Сўнг уйга қараб юрди. Хаёли паришонлигидан дарвозани ёпишни ҳам унутди. Негадир ҳовли сув қуйгандек жимжит эди. Юрагидаги хавотиридан безовта бўлиб, катта ўғлини чақирди.

-Акобиржон, қаердасан ўғлим?

Ҳар куни нечада келса-да, уни интизор кутиб ўтирадиган тўнғичи отанинг чақириғига  жавоб бермади. Алишер ўзини босиб келаётган  ноаниқ  қўрқувидан  чўчиб, болалар хонасига мўралади. Бу ерда ҳам ҳеч ким йўқ,компъютер ёниқ қолибди. У компъютерни ўчириб, хонадан чиқди-ю, ҳовлининг нариги бурчагидаги хоналарга қараб юрди.

Эшикни очиб кираркан, ўзи кўрган манзара уни гунг қилиб қўйди. Учала ўғилчаси ранги оппоқ оқариб, диван билан битта бўлиб ётган Гулнозанинг ёнида титраганча йиғлаб ўтиришарди.

-Н-Нима бўлди, ўғлим? - Алишер тутилганча беихтиёр кенжатойи Анварнинг елкасидан ушлади. - Нананг ухлаб қолибди-ку. Сизлар нега бу ерда ўтирибсизлар?

Яқиндагина  уч ёшга тўлган Анваржон ”Дада, нанам кўзларини очмаяптилар”, - дегандан сўнг Алишер хотинига яхшироқ эътибор бериб қаради. Гулнозанинг маҳкам қисилган кафтида дори қутичаси, ҳапдорилар   ёстиқлар устида  сочилиб ётарди.

“Гулноза дори ичибди! ” Миясига урилган бу фикрдан Алишер ваҳимага тушди.Дарров ерга чўккалаб ўтирди-да, хотинининг юзидан ушлаб силкитди.

-Гулноз, кўзингни оч. Нима бўлди сенга?

Аммо аёл қимир этмади. Унинг гапирмаётганини кўриб, болаларнинг йиғиси авж олди. Алишер билагидан тутиб,томири зўрға уриб турганини илғади-да,  хотинини даст кўтариб, эшикка қараб юрди.  

    Гулнозани машинанинг орқа ўриндиғига ётқизиб, онасига қўнғироқ қилди. Анора опа тўйдан қайтаётганини айтди. Алишер “Келинингизнинг мазаси бўлмаяпти. Мен   шифокорга олиб кетяпман. Тезроқ келинг. Болалар уйда ёлғиз, ”-деганча алоқани узди. Онасининг “Нима бўлди, тинчликми? Гулнозага нима қилди? ”- деган саволлари жавобсиз қолди.

 

  1.  Ғавғо устига ғавғо

Гулнозани шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келган Алишер уни шифокорлар ихтиёрига топширди. Ташқарида ўтган  бир соат давомида хаёлнинг турли кўчаларига кириб чиққан йигитнинг боши ғовлаб кетди. У касалхона ҳовлисида нима қилишини билмай тураркан, қўл телефони чақириб қолди. Онаси уй телефонидан қўнғироқ қилаётган экан. Алишернинг дастлаб у билан гаплашгиси, воқеани тушунтириб ўтиргиси келмади. Чунки ҳозир унинг кўнглига қил сиғмас, ҳеч ким билан гаплашгиси келмаётганди. Аммо Анора опанинг баттар хавотирга тушишини ўйлаб, мажбуран жавоб берди.

- Алишер, нима бўлди келинга? - телефонда онасининг овози янгради.- Тинчликми, ўзи?

 - Ҳеч нарса бўлмабди. Бироз қон босими кўтарилган экан. Ҳозир уйга бораман, онажон. Гаплашамиз. - Алишер шундай деб алоқани узди.

Телефонга қараб, вақт тунги   иккига яқинлашиб қолганини кўрган Алишер  ҳамшира қиздан хотинининг олдига кириш учун рухсат сўраётган пайтда ичкаридан навбатчи шифокор аёл  ҳорғин  ҳолда чиқиб келди.

-Гулноза Содиқованинг эри сиз бўласизми?

 - Ҳа, - деди Алишер талмовсираб. - Хотиним ўзига келдими?

 - Хотинингиз ҳали кўзини очмади. Турли хил   дориларни  аралаштириб, кўп миқдорда истеъмол қилган. Энг хавфлиси- улар орасида ухлатувчилари  ҳам бор. Ошқозонини ювдик. Назаримда хавотирли ҳолатдан ўтдик. Ҳозир уйингизга кетаверинг. Тушунасиз, касбим тақозоси туфайли ички ишлар бўлимига хабар бердим. Эрталаб келарсиз.  Аёл эшик ёнида турган ҳамширага қараб “Сиз мен билан юринг”, - деди.

 Алишер”Опа, нега хабар бердингиз? Бу шунчаки оилавий тортишув. Ўзимиз келишиб олардик, ”-деган гапига шифокор аёл жавоб бермади. Бурилиб ичкарига кириб кетаркан”Эркакларнинг ҳаммаси бир гўр-а, тавба. Ўзларинг келишсаларинг, дори ичиб нима қилади? ”-дегани эшитилди.

  Йўлда келаркан, кўнглида  Гулнозага нисбатан ачинишга  ўхшаш туйғуни  ҳис қилди.   Уйига боргиси келмас,  ўзини онаси билан ёқимсиз суҳбат кутаётганини тахмин қилаётганди.

Ҳаммаси ўзи ўйлаганидай бўлди.

 

    Анора хола касаллик туфайли эрта вафот этиб кетган синглиси Гулноранинг қизини келин қилган кунданоқ ёлғиз ўғли билан Гулнозанинг ўртасида кўринмас жарлик борлигини ҳис қилган эди.Кейинчалик фарзандлари туғилиб, орадан ўтган етти йил ичида Алишер тақдирга тан бергандай бўлгани,Гулнозага нисбатан муомаласи бироз илигани      онанинг кўнглини  бироз тинчлантирган  эди.

 Аммо унинг хотиржамлигига кўз тегди.Охирги пайтларда ўғлининг аллақандай ўзгариб, хотинига мутлақо эътиборсиз бўлиб қолгани, улар орасида оддийгина илиқлик ҳам йўқолганлигини кузатиб юрган онанинг тинчлиги йўқолди.

 Бугунги воқеани набираларидан чала-ярим эшитган унинг қалби ёмон бир нарсани сезди. Олти ёшга тўлган  набираси Акобиржон бугун қандайдир амакининг уйга келиб, Алишерни дўппослаганини, кейин ота-онаси  уришиб қолганини,  онасининг дори ичганини айтди.

Анора хола бўлиб ўтган воқеани тахминан тушунгандай бўлди. Ичи қайнаб кетаётган бўлса ҳам ўғли касалхонадан қайтгач, уни хотиржам қаршилашга ҳаракат қилди. ”Ким бўлдийкин ўғлим ёқтирган  аёл? Наҳотки, у Алишернинг оиласини бузаётганини тушунмаса? ”-ўйлади она. Бу орада вақт тун ярмидан ўтган, набиралари ҳам аллақачон ухлаб қолишган эди.

-Хўш,Гулнозага нима қилибди? –сўради Анора хола ўғлининг ташвишли чеҳрасига боқиб.-Нега бирдан хотинингнинг тоби қочиб қолди?

  Ўғил  бироз тараддудланиб турди-да, кейин бошқа аёлни севиб қолганлиги, буёғига ўша билан яшаш ниятида эканлигини  айтди.

- Болаларингни ташлаб кетасанми? Уволидан қўрқмайсанми? - деди ғазабдан гезариб она. - Оила ўйинчоқми, сенга?

- Нима қилай онажон? Мен усиз яшолмайман. Дилором ҳам мени яхши кўради.

 -Бас қил-е, - беихтиёр овозини баландлатди Анора хола. -     Дилором эмиш. Севги эмиш. Қанақа севги? Ахир бу ерда икки оила бузиляпти-ку. Сен худонинг қаҳрига учрашдан қўрқмайсанми, ўғлим?

 -Онажон,фарзандларимни ташлаб қўймайман. Улардан хабардор бўлиб тураман. - деди Алишер онасига илтижоли тикилиб. - Нима қилай, Дилором менга жудаям ёқади.  У  мени деб оиласидан кечди.

 -Нима? - нафрат ва ғазабдан онанинг кўзлари катта-катта очилиб кетди. –Дилором уйидан кетдими? Нима унинг фарзандлари йўқми?

-Ҳа,уйидан кетди. Шу сабаб ҳам акаси келиб мен билан уришиб кетди-да. Иккита фарзанди бор. Алишер шундай деб  оғир “уф” тортиб қўйди-да, жойидан турди. - Кечиринг, онажон.Бошим қаттиқ оғрияпти. Қолганини эрталаб гаплашармиз.

Чиқиб кетган ўғлининг орқасидан қараб қолган она оғир ўйлар қуршовида қолди.Энди нима бўлади? Келини бу гапларни эшитиб, ўз жонига қасд қилибди. Агар эри уйдан кетиб қолса, нима қилади? Анора хола хонасининг чироғини ўчириб, жойига чўзиларкан,изтиробли хаёллари сабаб  анчагача ухлолмади.  Тонгга яқин кўзи илинган она Алишернинг қачон уйдан чиқиб кетганини сезмай қолди.

 

  1. Янги ҳаёт

  Дилором меҳмонхонадаги диванда қачон ухлаб қолгани ёдида йўқ.Бир пайт тонгга яқин қора терга ботиб уйғонди.Тушида жар ёқасида турганмиш.

 “Нима қиламан энди буёғига? Қандай яшайман? Одамлар нима дейди? ” Ёш аёл шу хаёллар билан ошхонага қараб юрди.  Сув ичиб, бироз ўзига келгандай бўлди-ю, аммо уйқу  уни бутунлай тарк этди.  Яна хонага қайтиб, диванга  оғир  чўкди. Анчагача ўйланиб ўтирди. Кейин  диванга суяниб   ўтирганча, мудраб қолди.

Бир пайт эшикнинг шарақлаб очилганидан чўчиб тушди. Остонада бир коса қаймоқ билан иккита  иссиқ  нон кўтарган Алишер турарди.

-Алишер ака.Хайрият келдингиз-ей. Жувон шу сўзларни айтаётиб,яна кўзларига ёш тўлди.

 -Нега йиғлайсиз? - Алишер қўлидаги нарсаларни стол устига қўяркан, ҳорғин нигоҳларини Дилоромга тикканча маҳзун оҳангда  сўзлади. - Гулнозага кеча  акангиз келиб кетгач, ичимдаги ҳамма гапни айтгандим. Дори ичиб қўйибди. Духтурлар милицияга хабар беришибди. Онам билан ҳам анча тўполон бўлди.

-Нима? Дори ичибди? Аҳволи яхшими? –аёлнинг овози титраб чиқди.

 -Яхши бўлса керак. Ҳозир чой ичайлик, кейин унинг олдига бораман. Ўзи қарийб тонггача касалхонада эдим. Алишер шундай деб диван ёнидаги стулга ўтирди. -  Буёғига  бошим ғалвадан чиқмаса керак.

-Энди нима бўлади, Алишер ака? Қандай яшаймиз буёғига?

-Ҳамма қандай яшаётган бўлса, биз ҳам шундай яшайверамиз, жоним. Пешанада борини кўрамиз. Агар мумкин бўлса, битта чой қўйинг. - Алишер  унга жилмайиб  қаради. - Бошга тушганни кўз кўради, дейишади-ку.

Дилором ҳалигача чой қўймаганидан  хижолат тортиб, ошхонага қараб юрди. Чойни дамлаб келгач, иккиси жимгина нонушта қилишди. Бу жимликни Алишернинг қўл телефони чақириғи бузди.

-Алло,эшитаман.  Валейкум салом. Ҳа, Хўжаевман.Тинчликми?

     Алишер ошхонага қараб юрди.Бир зум ўтмай кайфиятсиз ҳолда қайтиб келди.

    -Милициядан қўнғироқ қилишди.Гулноза дори ичиб қўйгани учун чақиртиришяпти. Яна бир  бошоғриқ  иш  бошланганга ўхшайди.Уф-ф...

   Дилором унга нима деб таскин беришни билмай қолди.

- Бугун ишга борманг. Мен таниш дўхтирга айтиб, сизга касаллик варақаси очтираман. Бу гаплар бир ёқли бўлганча, уйда ўтириб туринг. Кейинроқ ишга чиқарсиз. - Алишер  унинг юзидан ўпиб хайрлашаркан, тайинлади. - Эшикни ҳеч кимга очманг.

 У  кетди. Дилором эса яна азобли ўйлар исканжасида қолди.  

Орадан икки ойга яқин вақт ўтди. Дилором   ишига чиқиб кетди. Ишхонасида Дилором ҳақидаги гап-сўзлар ҳам бироз тинчигандай бўлди. Ҳамкасблари у билан   салом-алик қилишса-да, ҳалигача бу воқеани  муҳокама қилишларини Дилором сезиб-билиб турарди. Аёл  Алишернинг уйида ёлғиз ўзи яшар,  у бўлса оиласидан кечиб бу ёққа кўчиб келиши ҳақидаги ваъдасини гўё  унутгандай эди.

 Ёш жувон якка ўзи яшашдан жуда зерикди. Болаларини соғинар, аммо уларни излаб борса, Илҳомнинг ғазабига дучор бўлишдан чўчирди. Ишдан кейин ҳувиллаган уйига бориб,фотоальбомини оларди-да,оиласи бағрида кечган  бахтли кунларни муҳрлаган суратларни  соатлаб томоша қилиб ўтирарди.

    Алишер билан болаларини қайтариб олиш ҳақида  гаплашмоқчи бўлса, у бирор баҳона топиб вазиятдан чиқиб кетишга уринар, жуда бўлмаса ҳеч нима демай уйдан чиқиб кетар эди. Дилором ўзи яшаган маҳаллага боргиси  келса-да,қўшнилари билан учрашиб қолишни ,бирор кўнгилсизликка дуч келишни  истамас эди.

 Бир куни   янгаси  Динара  банкка келди.  У Дилоромни имлаб,ташқарига чақирди.

 Келинойисининг орқасидан банк ҳовлисига чиққан жувон у ерда турган онасини кўриб, ҳайрон бўлиб қолди. Дилбар опа ўтган вақт давомида анча чўкиб, озиб қолган, оқарган сочлари, сўлғин юзларига қараб, уни тўшакда анча пайт ётган беморга ўхшатиш мумкин эди. Фарзандларининг  бахтидан шодумон юрган пайтидан асар ҳам қолмаган,чеҳраси хомуш кўринарди.

 Дилором  онасига яқинлашиб, маҳкам қучоқлаб олди.    

-Нималар қилиб қўйдинг, қизим? Сени туққунча ўлиб қўя қолсам бўлмасмиди?- шикаста овозида бир олам гина-кудурат билан сўз бошлади онаси. - Соғ-саломатмисан? Бир марта телефон ҳам қилмадинг-е.

-Онажон, мени кечиринг. Телефон қилишга қўрқдим. Мени уришасизми, деб ўйладим. Ўзингиз яхшимисиз? - Онасининг қўлидан тутганча яқинроқда турган ўриндиққа қараб юрган жувоннинг сўзи оғзида қолди.

-Ойижон, кўп ўтиролмаймиз. Мен ишимдан жавоб олиб келгандим. Тун-у-кун йиғлаганингизга раҳмим келгани учун  қилдим бу ишни. Динара қайнсинглисига  изтеҳзоли назар ташлаб, гапида давом этди. - Қойил қолмадим-е, сизга сингилжон. Икки болангизни ўйламадингизми? Жазманингизнинг қучоғи болаларингизнинг меҳридан устунлик қилдими?

-Янга, ундай деманг.Мен. болаларимни оламан барибир. Бўғзига хўрлик, алам тиқилган Дилором зўрға шу сўзларни айтиб, ўриндиққа беҳол чўкди.  

-Ҳеч қачон ололмайсиз, болаларингизни. Уларни ҳатто сизга кўрсатишмайди ҳам. Эрингизга хиёнат қилиб, оилангизни ташлаб кетганингиз учун Илҳом акангиз сизни судга бериб, оналик ҳуқуқидан маҳрум қилдирмоқчи. - Динара иддао билан шундай деганча, намойишкорона, баланд пошна  туфли кийган оёқлари билан битта-битта қадам ташлаб, Дилоромнинг ёнига яқинлашди. - Шу сабаб энди ўзингиз учун туғиб олинг. Аммо бундай қилишдан олдин кундошингиздан рухсат сўрашни унутманг.

-Келин, бас қилинг. - деди ожизгина товушда Дилбар опа. Аммо келини ва қизи уни эшитадиган ҳолатда эмас эдилар.

- Сен   ялмоғизсан, билдингми? - Дилором эшитган гапларининг аламига чидолмай жойидан туриб кетди. Янгасининг сўзлари худди пичоқдек унинг юрагига санчилган эди. - Илоҳо  яхши кўрган фарзандингнинг тақдири меникига ўхшасин, хўпми?

- Ялмоғиз сенсан-ку, кишиларнинг оиласини бузган? Болаларимни нега қарғаяпсан? Уволдан қўрқмай ўз болаларини етим қилган сен-ку, енгилоёқ. Агар жазонгни бериш менинг ихтиёримда бўлса, пешанангдан отиб ташлардим сени.-Қайнсинглисининг гапдан қолмаслигидан ғазаби келиб, ранги оқариб кетган Динара қайнонасининг қўлидан ушлаб турғизаркан, гапини якунлади. - Хайрият, сени келин қилмаган эканман. Ҳозир укамнинг уйини куйдираркансан-да. Топган одаминг ҳатто сен билан бирга яшамаётган экан-ку. Ўл, бу кунингдан ахмоқ.

  Дилбар опа келинининг заҳарли гаплари худди қизига эмас, ўзига айтилгандек карахт бўлиб қолганди. Динара уни ёш боладек етаклаб  кетаркан,  ғазаб билан ерга  тупурди. Дилоромнинг назарида янгаси юзига тупургандай бўлиб, вужуди сесканиб кетди. Шу пайт онасининг йиғлаб юборганини,янгасига нималардир деяётганини  кўрди.

    Ўша куни ишини қандай якунлаб, уйга қандай келганини Дилором эслолмайди. Ҳар қанча уринмасин, бугунги воқеани унутолмас, юрагига ўрнашган пушаймонлик ва уят худди хира пашшадек уни таъқиб этарди. Ҳаммадан ҳам онасининг  зориллаб йиғлагани шундоққина кўз ўнгида муҳрланиб қолганди. Кечга яқин уйга Алишернинг кириб келиши ҳам уни қувонтиролмади. Бўлиб ўтган воқеани  қисқача гапириб бераркан, уни жимгина тинглаб ўтирган Алишернинг кутилмаган қароридан ҳайрон қолди.

-Мен уйдагилар билан келишиб, бу ерга кўчиб келишга қарор қилдим. Энди сен билан бирга яшаймиз. Доимо ёнингда бўламан.- Йигит шундай деганча, жувонни бағрига босди. - Сиқилма, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади.

Аммо ҳаммаси яхши бўлмади. Кейинги ойда судга чақириқ қоғози олган Дилором у ердан жудаям ёмон кайфиятда қайтди. Чунки у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, судда келтирилган    барча далиллар унга қарши эди.

    Бу ҳам етмагандай худди шу кунларда Алишернинг онаси келиб, катта жанжал қилиб кетди.Дилоромнинг у билан рўбарў бўлишга юраги бетламади. Ётоқхонада беркиниб ўтираверди. Хайриятки, ўша куни Алишер уйда экан. У онасига ялиниб-ёлвориб, зўрға тинчитиб жўнатди. Анора опа ”Болаларингни ташлаб бу ерда яшашни хаёлингга ҳам келтирма.Сени бу енгилтак аёл билан  тинч яшашга  қўймайман,”- деганча эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.

  Дилором бу воқеадан сўнг  қўшнилардан уялиб, ўзини улардан  янада четга оладиган бўлди.

    Катта жанжаллар билан кўчиб келган Алишер ҳам охирги пайтларда асабий бўлиб қолган, ишлари юришмаётганидан нолиб, аламини Дилоромдан оладиган, уни силтаб ташлайдиган одат чиқарганди. Иккисининг ҳаёти  мазмунсиздек  туюлар, ораларидаги муҳаббатнинг эҳтиросли оловлари пасайгандек эди. Алишер ҳам Дилором ҳам болаларини соғинишар, бир-бирларига буни билдирмасликка ҳаракат қилишса-да, ўзлари ўрганган ҳаёт тарзини унутиш жараёни жуда қийин кечаётган эди. Йигит ҳар замонда уйига бориб, ўғилчаларини кўриб келар, аммо Дилоромда бундай имконият йўқ эди. Алишер уйига бориб келганидан кейин жиззаки ва хаёлчан бўлиб қолар, Дилором буни кўриб ич-ичидан сиқиларди.

  Худди шундай кунларда  Алишер    ўзига таниш муллани олиб келиб, никоҳ ўқиттирди. Мулла бир коса сувни ўртага қўйиб,  сураларни  пичирлаб айтди-да, кетишидан олдин ўзи никоҳ ўқиб қўйганини ҳеч кимга билдирмасликларини илтимос қилди. ”Бизга фақат қонуний никоҳ ҳужжати кўрсатилганидан кейин никоҳ ўқиш мумкинлиги тайинланган,- деди у Алишерга. – Ҳурматингиз учун  бу ишни бажардим. ”  Не ажабки,бу никоҳда гувоҳлар ҳам бўлмади.

Орадан икки ойча вақт ўтиб, Дилором ҳомиладор эканлигини пайқаб қолди. Аммо заррача қувонмади. Бўйнига юкланган  гуноҳнинг тирик ҳосиласини тўққиз ой давомида кўтариш азоби уни баттар  йиғлоқи қилиб қўйди. У ҳомиласини олдириб ташламоқчи ҳам бўлди. Лекин Алишер бунга йўл қўймади.

  Ой- куни яқинлашиб, ҳомиладорлик таътилига чиққан кунларда Дилоромни Дилбар опа йўқлаб келди. Эшикни очган Дилором остонада турган онасини кўриб, қувониб кетди.

-Ҳа, қизим яхшимисан? - қўлида катта сумка билан ичкарига кирар экан онаси уни бир қўли билан қучоқлаб бағрига тортди. - Ўзим келмасам, мени эсламайсан ҳам.Яхши ўтирибсанми?

Дилором онасининг бағрида ўзини  бир  лаҳза беғам ҳис қилди. Шу пайт бир зумга бўлса ҳам болалик  даврига қайтгиси, ўзи яшаб ўтган умр йўлини қайтадан яшагиси келиб кетди. Агар шундай имкон берилса, асло ҳозирги хатосини асло  қилмаган бўларди. Хаёлига келган бу тасаввурдан баттар ўпкаси тўлиб, кўз ёшларини онасига кўрсатмасликка ҳаракат қилиб, ошхонага қараб юрди.

-Дилором, ҳеч нарсага уринма. Битта чой қўйсанг бўлди.Сен хуш кўрадиган қовоқ манти қилиб келганман.Анави одаминг билан муносабатинг яхшими?

 -Ҳа, онажон. Ҳаммаси яхши. Қўлида бир чойнак қайноқ чой ва ширинликлар солинган патнис кўтариб кирган Дилором онасининг қаршисига ўтирди. - Ўзингиз яхши юрибсизми? Акам, болалари яхшими?

-Э, болам. Улар ҳаммаси яхши. Ўзинг тинчмисан?

Дилором чойни қайтараркан, онасининг кўзларига қарамасдан жавоб берди.

- Ҳа, юрибмиз онажон. Таътилга чиқдим.Онажон, набираларингиздан хабарингиз борми? Уларнинг аҳволи қалай?

 - Болаларинг яхши юришибди. Бориб хабар олиб турибман. Қайнонанг Илҳомни уйлантирмоқчи экан. Бир ёши ўтганроқ қизни топиб фотиҳа ҳам қилиб қўйибди.

-Онажон, болаларимни ўйласам, тунлари уйқум қочиб кетади.  Ёмон  иш қилганимни биламан. - Дилором кўзларини ерга қадаб сўзларкан, онасининг дардли нигоҳларини ҳис қилиб турарди.-Аммо энди ҳеч нимани орқага қайтариб бўлмайди.

-Тўғриси бу ишингни асло кечирмасдим, Дилором. Аммо нима қилай? Онаман. Сени мен ҳам ташлаб қўйсам бўлмайди. Шу сабаб сўраб-суриштириб уйингни топиб келдим. Ростини айт, шу ҳаётни истаганмидинг? Жаннатдай уй-жойингни, эрингни, гулдай болаларингдан воз кечишга  арзийдими, шу одаминг?

- Онажон,бағримни ўртаманг.  Соғлигим яхшимас,- деди Дилором хўрсиниб.- Қон босимим ўта баланд.

 -Бўлди, ўзингни бос. Нима қилай? Ахир сени деб қанча маломатларни, пичингларни кўтардим? Сени туққаним учун  ўзимни қанча қарғадим. Янганг билан  сени деб неча марта гапимиз қочиб қолди. Акангга гапирдим. Аммо у ҳали жаҳлидан тушмаган. Онаси шу сўзларни айтиб чуқур “уҳ” тортди. - Қариндош-уруғ, қўни-қўшнининг олдида юзимизни ер қилдинг-да, болам.  

Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Алишер ишдан келадиган вақт бўлган эди.

-Тўхта, қизим. Кетадиган вақтим бўлиб қолибди. Онаси ўзи келтирган сумканинг ичидан ҳамёнини олиб, жойидан қўзғалди. - Мени кузатиб қўй.

Эшикдан кириб келган Алишер Дилбар опани кўриб дастлаб ҳайрон қолган бўлса-да, салом берди. Дилбар опа алик олди-да, эшикка қараб юрди. Дилором онасидан бироз ўтиришини сўрамоқчи бўлди-ю, бу уриниши бефойдалигини билиб гапирмай қўя қолди.

 

  1. Гуноҳ меваси

    Дилоромнинг кўзи ёриди. Қизалоққа Севинч деб ном беришди. Чақалоғи билан  бўлиб, Дилором ташвишларини бироз унутгандай, Алишернинг  унга муносабати бироз илигандай бўлди. Онаси ҳам икки- уч бор хабар олди.

...Ўша куни  Алишер ишдан яхши кайфиятда қайтди. Жиззахда яшайдиган курсдош дўсти Содиқжон ўғилларига суннат тўйи қилаётганини, тўйга оиласи билан келишини алоҳида таъкидлаганини айтиб, ”Эртага тўйга кетамиз, тайёргарлигингни кўр,” - деди Дилоромга.    

 -Ҳали биз чилламиздан чиқмадик-ку, Алишер ака. Ўзингиз бориб келсангиз бўлмайдими?-деди Дилором.     

  - Қўйсанг-чи,шунақа гапларингни.Тўйга чилланинг нима алоқаси бор? Ўзинг бирор жойга боришни ёқтирмайсан. Одамовимисан, нима бало? –ғижинди эркак.

  -Чиллали чақалоқ билан тўй-ҳашамга бориш яхшимас, бола кўзикади, тоби қочиб қолиши мумкин,-тушунтирмоқчи бўлди Дилором.

  -Э,  билганингни қил.  Уйда ўтиравер. Унда мен Гулноз ва болаларимни олиб кетаман.

   Шундай деб   аччиғланганча, уйдан чиқиб кетган  Алишердан дарак бўлмади. Дилором ҳам қайсарлиги тутиб, унга қўнғироқ қилмади. ”Майли Гулнозни болалари билан айлантириб келсин. Шуниси яхши”, - ўзига таскин берди  аёл. Аммо Алишер қўнғироқ қилавермагач, кўнглига хавотир оралади. Телефонини олиб унга қўнғироқ қилди. Ўчирилган. Бирор соатлар ўтиб, онаси қўнғироқ қилиб қолди. Алишернинг Жиззахга кетганини эшитиб, “Чиллали аёл ёлғиз ўзи ухламайди. Мен  ҳозир бораман”, - деди.

   Кечга яқин онаси келди.Неварасини бироз ўйнатиб ўтирди.Она-бола у ёқ –бу ёқдан гаплашишди. Дилбар опа гап орасида Динаранинг ҳалиям таъна ва пичинглари билан   асабини бузиши ҳақида айтиб берди.

      -Онажон,унинг гапларига эътибор берманг,-деди онасига қандай тасалли беришини билмаган Дилором.-Эшитмасликка олинг.

      -Қандай эшитмасликка оламан? Хабаринг бор,яқинда нафақага чиқдим.Кўп вақтим уйда ўтяпти.Кейин бир уйда яшаганингдан кейин келинингнинг гапига эътибор бермай бўларканми?-хўрсиниб жавоб берди онаси.-Гулзода жиянинг сенга ўхшагани учун кун бермай ҳар гапида “аммангга ўхшамай кетгур”,деб  уришади.

   Дилором бу гаплардан асаби бузилиб, анчагача  ухлолмади. .Тонгга яқин  кўзи илинган экан, эшик қўнғироғининг  тинимсиз чалинишидан   уйғониб кетди. Чақалоғини  диванга ётқизиб,эшикни очишга шошди.Дугонаси Нафиса   келган экан. Дилором унинг бунча эрта  келганидан ҳайрон қолган бўлса-да,ичкарига таклиф қилди.

-Кел, Нафиса. Ассаломуалайкум.

- Яхшимисан,Дилор? Тинчмисан? –Нафисанинг кўзларида безовталик бордай эди.-Уйда ёлғизмисан?

 -Алишер акам  Жиззахга тўйга кетгандилар. Дилором гапирганча,дугонасини ичкарига бошлади. –Онам уйдалар.

  - Дилором. Нима десам экан? Ҳозиргина бир хабар эшитдим.  Алишер аканг онамларга яқин  жойда   туради,биласан-а?

 - Нима гап  эшитдинг ? -Меҳмонхона остонасида Дилором беихтиёр тўхтаб қолди.-Кимни айтяпсан? Ким улар? Гапирсанг-чи,тезроқ.

 - Бир нохуш хабарни эшитдим.  Алишер аканг...

   -Алишер акамга нима қилибди? – жувоннинг нафаси бўғзига тиқилиб, зўрға шу саволни берди-да, қўл-оёқларидан мадор кетаётганини сезди.Юраги нимагадир орқага тортиб кетди.

    -Жиззахдан қайтишаётганда,улар автоҳалокатга учрашибди.Алишер рулда бўлгани учун ўша жойнинг ўзида вафот этибди..Гулнозанинг ҳам аҳволи оғир эмиш..Лекин  болаларга ҳеч нарса қилмаган. Фақат енгил жароҳат олишган, холос.

Дилором   Нафисанинг  охирги сўзларини элас-элас эшитди. Қулаб тушмасликка қанча ҳаракат қилмасин, барибир ўзини  билмай қолди.

    У  кўзини очганида  диванда ётар, онаси чақалоқни бағрига босганича унга ғамгин тикилиб, кўзёшларини артиб ўтирарди. Юзига сув сепишган шекилли,ҳаммаёғи ҳўл эди.

-Нима қиласан энди?  Эсизгина Алишер ака...Умри қисқа экан-да.

 Дилоромга Нафисанинг сўзлари гўё олис-олслардан эшитилаётгандай туюлар, ҳозир бошидан кечираётган ҳодисалар тушга айланиб қолишини чин дилдан истарди.Аммо минг афсуски,бу туш эмас эди.

 Нафиса унга  тасалла бериб, бироз ёнида ўтирди-да,  кейин  чиқиб  кетди.

      Дилором кутилмаганда бошига тушган бу фожеадан  гангиб қолган, ҳатто йиғлаёлмаётганди. Қулоқлари чиппа битиб, бўғзини кимдир маҳкам қисиб тургандай туюлар, нима қилишини билмасди.

Кийимларингни алмаштириб чиқ.Бугун тушгача Алишерни чиқаришса керак.Жаноза ўқилгунича борсанг,яхши бўларди.Мен Севинчга қараб ўтираман,- деди Дилбар опа.

-Онажон, қандай бораман? Алишер акамнинг онаси  мени  ўлдириб қўйса керак.

 -Ўлдирмайди.Гапирсаям индамай ўтиравер. Кундошинг оғир аҳволда касалхонада ётган экан. Бормасанг бўлмайди.Опангни чақирдим.Ҳозир келади.

 

 

  1. Таъзияхонадаги воқеа

Таксида опаси  Дилноза билан  кетиб боришаркан, Дилором бирор сўз айтишга ўзида куч тополмади.   Аёл ногаҳонда бошига тушган бу фалокат сабаб  ўзига келолмаётганди. Алишернинг энди йўқлигига ишонолмас, на йиғлаб билар,на кўнглини эзаётган изтиробини ифода этишга кучи бор эди.

 Алишернинг  ҳовлиси ёнида турли русумдаги машиналар тизилишиб турар,  катта дарвозадан кириб-чиқиб юрган одамлар кўзга ташланарди. Дилоромнинг бўғзи ачишиб кетди.  “Тушамизми? ” дегандай  опасига қаради.  Дилноза  ҳайдовчига бироз кутиб туришини, ҳозир қайтиб чиқишларини айтди.

 Иккиси аёллар кириб-чиқиши учун мўлжалланган кичик даричадан ичкарилашди. Ярим айлана шаклида турган, ҳаво иссиқ бўлишига қарамай  кўк,қора рангли   узун камзуллар  кийиб, оқ рўмолларга  бурканган аёллар уларга бир қараб олиб, бор овозда айтиб йиғлашда давом этдилар.

 Дилором ва Дилноза  уларга яқинлашган пайтда тўпланиб турган аёлларнинг ўртасида турган, юз-кўзлари йиғидан шишиб кетган Анора хола ажралиб чиқди. У ҳеч нима демасдан Дилоромга яқинлашди-да, бирданига унинг сочига чанг солди. Агар опаси  ёнида бўлмаса, эҳтимол бу аламзада аёл Дилоромни тилка-пора қилгудай важоҳатда эди.

-Нега келдинг? - деди у Дилоромнинг сочидан маҳкам ушлаб, хирилдоқ овозда. - Ўзинг бузган оила аҳволини томоша қилишга келдингми? Ёки ўғлимни аввал оиласини, кейин бошини еганингдан хурсандлигингни кўрсатишга келдингми?

-Холажон, ўзингизни босинг, - дея тинчлантиришга уринган Дилнозани ҳам Анора хола силтаб ташлади.

-Сен кимсан ўзи? Ўзиниям, ўғлимниям оиласини бузган бу ифлоснинг тарафкашимисан? Қани, икковинг ҳам йўқол бу ердан.

-Мен. Алишер акамнинг бошини еганим йўқ. Мен у кишини жонимдан ҳам ортиқ яхши кўрганман. Қолаверса, у киши мениям фарзандимнинг отаси. - Дилором унинг қўлларидан амаллаб чиқиб, сочларини йиғишга ҳаракат қиларкан,бошидаги рўмоли ерга  тушиб қетганини сезди.

-Бор йўқол, бу ердан. Аламзадаликдан кўзлари оловдай ёнаётган онанинг овози  бўғилиб чиқди. - Худо дегин, илоҳим Гулнозгинам тузалиб кетсин. Бўлмаса...

-Дилором, кетдик бу ердан. - Дилнозанинг овози ҳушини йўқотар даражага келган жувонни бироз ўзига келтирди. - Юр, тезроқ.

Шу пайт йиғидан тўхтаб уларни кузатиб турган аёллар тўдасидан  бир жувон   чиқиб, уларга қараб юрди

 -Синглим, - деди у Дилнозага қараб. - Бу аёлни тезроқ бу ердан олиб кетмасангиз, аниқ бир фожеа юз беради. 

Дилором опаси  билан бирга не аҳволда таъзияхонадан чиқиб кетаркан, бирдан ўлгиси, бу маломатлардан шу йўл билан қутулгиси келаётганини ҳис қилди. Опа-сингил уйга келгунча бир оғиз ҳам гаплашишмади.

    Уйга кириб боришганида Дилбар опа Севинчни аллалаб ўтирган экан. Дилноза бўлган воқеани  онасига  қисқагина гапириб берди.

-Жуда ёмон бўлибди, қизим. - деди Дилбар опа хўрсиниб. - Билмайман, энди буёғига синглинг нима қилади? Одилбек  билан телефонда гаплашдим, янгаси ҳам эшитибди, Алишернинг вафот этганини.  Тақдирнинг ишини қараки, бугун Илҳомнинг тўйи эмиш. 

Дилором онасига қараб турди-да, бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Дилбар опа ва Дилноза  унга қараб қотиб қолишди. Дилором бўлса, уларнинг ҳайратли нигоҳларини сезмагандай кулишда давом этди. Кулиб-кулиб бирданига ўзини диванга отиб, бор овози билан ҳўнграб йиғлашга тушди. Дилноза унинг ёнига келиб ўтириб олди-да, маҳкам қучоқлаб олди. Дилором опасининг  елкасига беҳол бош қўйди.

-Қизим, ўзингни қўлга ол. Инсон ҳаётидаги хато қилади. Уларни фақат ўзи тузата олади. - дея гап бошлаган онанинг гапи оғзида қолди.

-Онажон мен тузалмайдиган хато қилдим. Гулдек оиламни ўзим буздим. Бир эркакни дея болаларимни ташлаб кетдим. Худойим жазоимни берди шунинг учун. - Дилором эзгин овозда шу сўзларни айтиб, Дилнозага  қаради. - Энди нима қиламан,  опажон?

 Кўнгли бузилиб унга қараб ўтирган Дилноза нима дейишни, синглисига  қандай тасалли беришни билмай ўтирарди.

 -Ҳаммасини вақт кўрсатади. - деди у ўйчан нигоҳларини деразага тикиб. - Сен буёғига жудаям кучли бўлишинг керак. Ёлғиз эмассан, мана худога шукур Севинчинг бор. Қолаверса,онам, биз бормиз. Илҳомнинг қўлида қолган болаларингдан ҳам иложини топиб хабар олиб тур.Бу вазиятда бир нарса дейиш ҳам жуда қийин...

   Катта қизи кетгач, Дилбар опа Дилоромни бағрига босиб анча ўтирди. Она қалби қизининг бундай чигал тақдиридан  қаттиқ таъсирланган, энди буёғига Дилоромнинг ҳаёти қандай кечиши ҳақида ўйлаб,  сиқилиб кетаётган эди.

Дилором Алишернинг бевақт ўлимидан кейин жудаям маҳзун тортиб қолди. Энди у юрагини ҳовучлаб яшар, Алишернинг яқинлари келиб, ўзини ҳайдаб юбориши мумкинлиги ҳақида ўйласа, қўрқиб кетарди.Дилбар опа  бўлса қизини  ҳаётидаги бундай оғир кунларда ёлғиз қолдиргиси келмай,  доимо унинг ёнида эди.

      Онасининг қистови биланми,ёки  ўзи синглисига раҳми келдими,  Одилбек  бозор қилиб  келди.  Лекин синглиси билан гаплашмади. Дилноза ҳам  икки-уч марта хабар олди. 

Бир куни жувон  қўрққан  воқеа  юз берди. Хайриятки, ўша куни Дилбар опа уйда экан. Алишернинг онаси Анора опа Гулноза билан бирга кириб келди. Дўконга чиқиб келгач, эшикни ичкаридан беркитиш Дилоромнинг ёдидан кўтарилган экан. Такаллуфсизлик билан кириб келган қайнона-келинни Дилбар опа қаршилади.

-Келинглар, - деди у-қўлида ўйнатиб ўтирган набирасини диванга ётқизиб,жойидан тураркан. - Ассаломуалайкум.

 - Ҳа, ўтирибсизларми, ўғлимнинг бошини еб? -  ўйиб оладиган оҳангда сўз бошлади Анора опа. - Кейин ошхонадан чиқиб келаётган Дилоромга қараб ўшқирди:-Қачон бўшатасан, уйимни? Мен сени аллақачон кетгандирсан, деб ўйлагандим.

-Қаёққа бораман? -  Дилором шундай деб Гулнозага қаради. Азадор либосдаги Гулнозанинг ҳам индамай ўзига тикилиб турганини кўриб, ғалати бўлиб кетди.

-Опа, ундай деманг. Бу ҳам келинингиз-ку, ахир. Қолаверса, мана бу қизча ўғлингизнинг ҳам фарзанди. - ўзича муроса оҳангида сўз бошлаган Дилбар опанинг сўзи оғзида қолди.

-Мени келиним ана, ёнимда. Набираларимнинг онаси. - Анора опа шундоққина эшик ёнида турган стулга ўтириб олди. -Нима мен қизингизга совчи бўлиб бориб, тўй қилиб ўғлимга олиб берганмидимки, ”келинингиз “ дейсиз? Менга ўзи  ҳам, шумқадам боласи ҳам керак эмас.

- Мени болам шумқадам эмас. - Шу пайтгача ўзини зўрға босиб турган Дилором портлади. - Қачонгача мени ҳақорат қиласиз? Ўғлингизнинг руҳи безовта бўлишини ўйламайсизми? Таъзия куни ҳам мени шарманда қилдингиз. Худодан қўрқмайсизми?

-Менга қара, ўв бешарм. Худони тинч қўй. Ўзингни бил. Агар худодан қўрқсанг фарзандларингни, оилангни асло ташлаб кетмасдинг. Бир куни қўлингдаги мана бу болангни ҳам қаергадир улоқтириб,  бировнинг этагидан тутиб кетишинг мумкин.Энди қариган чоғимда “Алишернинг иккинчи хотини  бузилиб  кетибди”, - деган  таъналарни эшитиш керакми, менга? - Анора опа қўлини пахса қилганча, эшикни кўрсатди. - Шу сабаб кет, бу ердан.

Дилором нима қилишини билмай, мунғайиб бир бурдагина бўлиб ўтирган онасига қаради. Дилбар опа бундай қалтис вазиятда нима қилишни, нима дейишни билмай, қотиб ўтирарди. Дилором ўзича бир қарорга келди шекилли, ичкарига қараб юрган пайтида уни Гулнозанинг аччиқ фарёдга тўла овози уни тўхтатди.

 - Опа, тўхтанг. Сиз ҳеч қаёққа кетмайсиз. Ойижон, бўлди,илтимос,бас қилинг.

-Гулноза нималар деяпсан? Ахир у сени қанча азоб берди? Мана шу аёлни деб эринг сени ташлаб кетди. Қанча нотинч бўлдинг. Оиланг бузилди. Эринг шунинг касофатига қолди-ку. Ҳаммасига мана шу аёл сабабчи бўлди. - Анора опа жаҳл билан жойидан туриб кетди. - Ўйлаб гапиряпсанми, ўзи?

-Ойижон, Алишер акам энди йўқ. Қанчалар аччиқ бўлмасин, мен ҳақиқатни айтаман.Ўғлингиз  чиндан ҳам шу аёлни севарди.Мен...мен қанча азобланиб, ўртанган бўлсам ҳам охири  кўнганман тақдиримга. Аммо ўзларининг вафот этганлари юрагимни яралаб,ўзимниям ўлдириб кетди. Гулноза гапиролмай энтикиб қолди. - Лекин  Дилоромни бу ердан ҳайдай олмайман.  

-Сен ҳайдолмасанг,мана мен ҳайдайман.-Анора опа шаҳд билан жойидан тураркан,бир қалқиб кетди.Аммо ўзини ўнглаб олиб,ичкари уйга қараб юрди.Ётоқхонадан қўлига илинган кийим-кечакми,Севинчнинг ўйинчоқларими, ҳаммасини   коридорга улоқтира бошлади.

   -Тўхтанг,-шу пайтгача жим ўтирган Дилбар опа  кескин жойидан қўзғалди.-Бизни  итдай қувиб солишингиз шарт эмас. Ўзимиз кетамиз.Дилором тур, нарсаларингни йиғиштир.

    Дилором ҳушсиз бир  алпозда  ўзига  тегишли  нарсаларни йиғишга киришди.Унинг юраги бўм-бўш бўлиб қолган,атрофида кечаётган  воқеа-ҳодисалар гўё барибирдек бўлиб қолганди.Онасининг кўмаги билан қизи ва ўзининг кийимларини,майда-чуйдаларини бир соатга қолмай  катта сумкаларга жойлади.Анора опа  қарғаниб, Гулноза бўлса бошини қўллари билан ушлаганча ўтиришарди. Дилбар опа кўчага чиқиб,” такси”   тутиб келди.

Дилором чиқиб кетишидан олдин,ўзи уч йилдан кўпроқ яшаган уйга сўнгги бор назар ташлади.Бирданига кўз ўнгида Алишер гавдаланди.Болаларидан,оиласидан ўша эркакни деб  кечиб келган кунларни эслади.Вужудини куйдираётган    ўтли пушаймонлик,алам,ўкинч билан остона ҳатларкан, юраги санчиб кетди.

    Бунгача Дилбар опа унинг юкларини ҳайдовчи йигит билан бирга ташиб бўлишган, такси бетоқат  бўлиб сигнал чалаётган эди.

           10.Чиққан қиз  чийриқдан нарими?

     Дилором ота ҳовлисига кириб бораркан, рўй бериши мумкин ҳолатларни ўйлаб,бирдан кўнгли чўкиб кетди. Акаси-ку, унинг қайтиб келганини кўргач, онасини аяб ҳеч нарса демас,лекин янгаси-чи? Ўзининг энди бу  уйда яшаши янгасига ёқмаслиги аниқ.Нима бўлади энди буёғи?

   -Урре,бибижоним келдилар,-уйдан югуриб чиққан болаларнинг товуши Дилоромнинг эс-ҳушини ўзига қайтаргандек бўлди. Кайфиятсиз бир аҳволда жиянлари Фарҳод ва Гулзода билан саломлашиб,бағрига босаркан,болалар  унга ётсираб  қарашаётганини кўриб,ич-ичидан зил кетди.Янгаси Динара ҳам истар-истамас елкасини  қоқиб кўришган бўлди-ю,дарров ошхонага  қайтди.

   Жиянлари ёрдамида сумкаларини онасининг хонасига киритиб қўйгач, Дилором бироз енгил тортгандек бўлди.Дилбар опа бўлса чиройли гулдор ёпинчиқли бешикни олиб кирди. Уйқуси чала бўлгани учунми,ғингшиб турган  Севинчни  энди бешикка  ётқизган  пайт Динара ўқдай  учиб  хонага кириб  келди.

  -Менга беринг,бешикни ойи,-у шундай деб бешикни бир силтаб,қайнонасининг ёнидан тортиб олди.Чақалоғининг ерга тушиб кетишидан чўчиган Дилором Севинчни тутиб қолишга зўрға улгурди.

  -Нима бўлди,келин? Тинчликми? Нима бўлибди бешикни олсам?

   - Бу бешикни менга онам келтирганлар.Ҳалол-покиза  туғилган болаларимни шу бешикда катта қилганман.-деди у ҳар бир сўзига урғу бериб.-Бу бешикда бу боланинг ётишига йўл қўёлмайман,узр. Динара  бешикни олиб чиқиб кетар экан,қайнсинглисига жирканиб назар ташлади.-Бу бешикда гулдай набираларимни катта қилишни ният қилганман.Ким-кимларнинг боласи учун бешикни  асраб олиб қўйганим йўқ!

    Дилором шу пайтда ўзидан ҳам кўра онасининг аҳволига раҳми келиб кетди.Дилбар опа келинининг бундай заҳарли сўзларидан сесканиб кетди.Кейин ранги оқариб,кўрпачага беҳол чўкди.

   Онасининг аҳволидан чўчиб кетган Дилором ошхонадан косада  сув олиб келиб берди. Юрагини оғритаётган аламини зўрға босди.Кейин бироз ўйланиб ўтиргач,сўз бошлади.

-Онажон,мен туфайли келинингиз билан жанжаллашишингизни асло ҳоҳламайман.Яқин кунлар ичида  ижарага уй топиб чиқиб кетаман.Бошқа иложим йўқ.

-Ҳеч қаёққа кетмайсан,-Дилбар опа  эътироз оҳангида.-Сен ҳам менинг боламсан.Шу уйда аканг ва опанг  билан баравар  сенинг ҳам ҳаққинг бор.Токи, ўз уйинг бўлгунча шу ерда яшайсан.Ўзинг банкда ишлайсан, қонун-қоидаларни тушунасан, кредит қилиб уй оларсан.Бир гап бўлар.Сиқилма,қизим. Мен ҳозир келаман.

 

“ Кредит олиб уй қилиш учун ҳам бошида йигирма беш фоизини тўлаш керак бўлади.Менда унча пул йўқ-ку.Энди нима қиламан,буёғига? Бу ерда  яшашим янгамга ёқмаслиги аниқ.Ҳали акам нима деркин? Уям ўзига иснод келтирган сингил билан бир уйда яшашни истамаслиги аниқ.”Дилором Севинчга кўкрак тутаркан, ўз хаёлларидан боши тош каби оғирлашиб кетаётганини сезди.

   -Мана, қизим. Ўзинг катта бўлган бешикни ертўладан олиб чиқдим.Бу бешикда опанг ва акангнинг ҳам суяги қотган.Ёпинчиқларини сандиққа солиб қўйгандим,болалик пайтларингдан эсдалик деб.Ҳозир оламан.Қадимий, ўймакор  нақшли бешикни кўрпачага қўяркан, онаси Дилоромга кулимсираб қаради.- Қара,қанақа чиройли  бешик.Буни раҳматли Сафо гавворасоз ясаган.

  Дилором   онасига қараб синиқ жилмайиб қўйди. У акаси билан ўзининг учрашуви қандай бўлишини ўйлаётганди.

    Одилбек ўша куни одатдагидан кўра кечроқ қайтди.Ҳамкасбларидан бирининг туғилган куни муносабати сабаб ишхонасидагилар билан кафеда маза қилиб ўтиришган, кайфияти яхши эди.Дарвозахонага машинасини киритиб қўйгач,ўзига пешвоз чиққан болаларини ўпиб кўришди.

-Дада,уйимизда меҳмон бор.-деди Фарҳод уни қўлидан тутиб уйга бошларкан.-Ким келганини топинг-чи.

   -Жиннимисан, қанақа меҳмон?- Гулзода укасини гапиришга қўймай,янгиликни ўзи айтишга шошди.-Дилором аммам келганлар.

    Одилбек бу янгиликни эшитгач,бироз тараддудланиб турди-да,“ Қани мен бир меҳмонни кўрай-чи.Сизлар уйга кираверинглар.Мен ҳозир бораман”,-деганча онасининг хонасига йўналди. Озиб, эгнидаги халатининг елкалари осилиб қолган, ранги бир аҳволдаги синглисини кўриб, ҳаммасини тушунди.

  -Асса..ассаломулайкум,ака.-Дилором  тутилганча Одилбекка салом бераркан,акаси билан қандай кўришишни билмай,иккиланиб қолди.Одилбек буни сезиб,синглисини елкасидан қучиб қўйди.Бундан Дилоромнинг кўнгли тўлиб кетди.Бирдан акасини маҳкам қучоқлади-да,йиғлаб юборди.

- Акажон,мени кечиринг.Ҳаммаси учун.

     Одилбек уни елкасидан силаб қўйди-да, чиқиб кетди.Ҳозир унинг кўнглида қарама-қарши ҳислар ғалаён қилаётган,гоҳ синглисига раҳми келса,гоҳ уни уриб ўлдириб қўйгиси келаётганди.

  

        Орадан икки ойча  вақт ўтди.Дилором бир ёш бўлган қизчасини онасига қолдириб,ишига чиқиб кетди.Янгаси имкон туғилди дегунча уни гап билан ўймалаб олиш одатини ташламади. Акасининг оиласида жанжал,майда-чуйда гап чиқишини истамаган Дилором  қанча сиқилмасин, чидашга мажбур эди.Чунки  борадиган бошқа жойи йўқ. Бу ҳам етмагандай қўни-қўшнилар-у, ҳамкасблари уни кўрганда нималардир деб пичирлаб  қўйишларини, бирор нарса сўраса, ёки суҳбатларига аралашса, ижирғаниб қўйишлари ҳалигача тўхтамаган эди.

 Кечки овқатни  кўпинча янгаси пиширарди.Динара  овқатни сузиб, болалари билан ўз хонасига кириб кетар,  гўё  шу билан  қайнонаси ва қайнсинглиси билан аввалгидек бир дастурхонда ўтиргиси келмаётганини билдирарди.

  Одилбек  ишдан кеч келиши боисидан  хотинининг  бу қилиғи ҳақида билмасди.Бир куни у ишдан одатдагидан вақтлироқ келди.Динара палов қилган эди.Овқатни сузиб,одатдагидек ўзларига ажратилган хонага кирди.

   Кийимларини алмаштириб,болалари билан гаплашиб ўтирган Одилбек ҳайрон бўлиб хотинидан сўради.

-Онам билан Дилоромни чақирмайсанми?

-Йўқ,улар ўз хоналарида овқатланишмоқчи экан,-деди Динара ўз ёлғонидан бироз чўчиб.

 -Бу қанақаси? Мен ҳозир ўзим бориб чақириб келаман,-Одилбек шундай деб жойидан туриб,ташқарига йўналди.

   -Онажон,юринг.Келинингиз ошни сузди. Онасининг эшигини очаркан кўзи Дилоромга тушди. Синглиси Севинчнинг кийимларини алмаштираётган экан.Хонада онаси кўринмасди.

 -Дилором,яхшимисан? Онам қанилар?-сўради акаси.

- Ассаломулайкум,ака.Онам овқатни сузишга чиққандилар.

 -Нимага биз билан бирга ўтирмаймиз дединглар?

     Акасининг бу саволидан   Дилоромнинг юрагида алам уйғонди.

  - Ака,мен келганимдан бери биз  онам билан алоҳида ўтирамиз.Хотинингиз биз билан бирга ўтиргиси келмай,дастурхонимизни ажратиб  қўйганлар,-деди у  ерга тикилиб.

   -Дилором,-хонага кириб келган онасининг товуши янгради.-Қўй,болам. Акангга айтиб нима қилардинг? Алоҳида ўтирсак нима қилибди?

 Дилбар опа шундай деб қўлидаги кичикроқ товоқда сузилган ош ва салатни  кираверишдаги стол устига қўйди.

  Одилбек буни кўриб, бирдан ғазаби келди. Кейин “Динара буёққа қара,”-деб хотинини чақирди.

     Динара ҳеч нарса бўлмагандай,тарс-турс юриб кириб келди.

    -Нимага онам билан синглимнинг дастурхонини алоҳида қилиб қўйдинг?-жаҳлини зўрға босиб сўради Одилбек.

      -Чунки мен  синглингиз билан  бирга ўтиришни истамайман.Жигарингиз бўлгани учун сиз уни кечиргандирсиз.Лекин мен бунга мажбур эмасман,-безрайиб жавоб берди Динара.

  -Синглим сенга нима  ёмонлик қилган? Нимага уларни бу ерда яккалатиб қўйдинг?-Одилбекнинг жаҳлдан тишлари ғижирлаб хотинига яқинлашди.

   -Синглингиз ҳаммамизга ёмонлик қилган.Юзимизни ерга қаратиб,оиласини ташлаб кетганини наҳотки шунча тез эсингиздан чиқардингиз? –Динара нафратга тўла нигоҳларини Дилоромга қаратди.-Сизни билмадим-ку, мен бунақа аёл билан бир хонадонда яшашдан ор қиламан.

-Оғзингга қараб гапир, Динара.Нима деяётганингни биласанми? Тилингни тий.-Одилбек ғазаб билан хотинини бир тарсаки туширди.Дилором акасининг қўлидан  ушлади.

-Ака, қўйинг.Мен учун хотинингиз билан орангизни бузманг.

Динара  тарсаки зарбидан қизарган юзига қўлларини  босганча, Дилоромга  “Шумқадам,бузуқи.Сен энди мениям оиламни бузмоқчимисан?” -деганча силтаниб  хонадан чиқиб кетди.Одилбек унинг орқасидан ҳовлига отилган эди,онаси тўхтатиб қолди.

-Ўғлим,тўхта.Ўзингни бос.Синглингни деб,хотинингни хафа қилма. Дилбар опа шу сўзларни айтиб ўғлини тинчлантиришга ҳаракат қилаётган пайт Дилором хонадан югуриб чиқиб кетди.

У ҳовли четида жойлашган ҳаммомга кириб,устидан қулфлади-да,ўкириб йиғлаб юборди.Йўқ,энди бундай яшаб бўлмайди.Нимадир қилиш керак.Лекин нима қилиш мумкин? Қандай  қилса ҳаммаси ўз ўрнига тушади? Ижарага уй топиб,чиқиб кетса балки ҳаммага яхши бўлар.Ёки бирор олисроқ юртга ишлашга кетсамикан?

 Дилором ҳаммомда ярим соатча  шу алпозда ўтиргач,онасининг уни чақираётганини эшитди.Жувон чет давлатга  бориб,кўпроқ  пул ишлаб келиб,уй сотиб олиш ҳақида ўйлаётганди

   Ўз хаёллари билан андармон бўлиб ўтирган пайтида ҳовлида шовқин эшитилди.Дилором шошилиб ҳовлига чиқди.Янгаси қўлида каттакон сумка билан болаларини силталаб чиқиб кетаётган,онаси бўлса “Қайтинг,келин.Қайнсинглингиз шу ҳовлида ёпишиб қолмайди.Бирор кун унинг ҳам ўз уйи бўлар.Шайтонга ҳай беринг,қизим.Гулзода,Фарҳод қайтинглар болаларим,”-деб зорланаётганини кўрди. Одилбек негадир ҳовлида кўринмас,жиянлари гарангсиб онасига эргашишни,ёки бувисига қулоқ солишни билмай туришарди.Динара қайнонасининг гапини эшитмаётгандай, уларни турткилаб-силтаб, олдига солиб чиқиб кетди...

          Дилором бир аҳволда,эзилиб ҳовлидан чиқиб кетаёттган жиянларини кўриб,бирдан  Илҳомнинг қўлида қолган болаларини эслади. Улар ҳам бувисининг қўлида қолгач,оналарини соғинишгандир, бемеҳр оналарини деб  йиғлашгандир...Дилобар  етти ёшга тўлиб,анча дастёр бўлиб қолгандир. Исломжони ҳам  кап-катта бола бўлгандир...Болалари оналарини ҳеч соғинишармикан? Қайнонаси ва Илҳом Дилоромни роса ёмонлашса керак...

     Эртаси куни тушлик пайтида у юрак ютиб,фарзандларини кўриш илинжида қачонлардир ўзи яшаган маҳаллага борди. Маҳалла идорасининг ёнида икки-уч аёл гаплашиб турарди.Улардан бири Илҳомнинг  ён қўшниси Сафия хола эди. Табиатан  тўғрисўз, қатъиятли бўлган бу аёл кўп йиллар мактабда ўқитувчилик қилганди.У Дилоромга кўзи тушиши билан ёнидагиларга  нимадир деб шипшиди шекилли, улар бараварига жувонга ўгирилиб қарашди.Дилором уларга парво қилмай ўтиб кетмоқчи бўлди.Лекин Сафия хола унинг йўлини тўсиб чиқди.

    -Ҳа,келинжон йўл бўлсин.-деди у  Дилоромга бошдан-оёқ назар ташлар экан.-Шунча пайт ўтиб,бизнинг кўчаларга йўлингиз тушибдими?

     Унинг пичингли оҳангда гапиришидан  Дилоромнинг аччиғи чиққан бўлса-да,индамай ўтиб кетмоқчи бўлди.

   -Ҳа,биз билан гапиргингиз йўқми?Менимча,ёдингизга болаларингиз тушган бўлса керак.Аммо шуни билиб олинг,улар сизни аллақачон унутишган.Чунки Илҳомнинг хотини уларга парвона бўлиб,  ўз онасидай бўлиб олди.Сиз эса гулдай болаларингизни ташлаб,бахт тополмадингиз.

    Бу гаплар ҳақиқат бўлса-да,жувон чидолмади.

   -Менинг ҳаётимга аралашишга нима ҳаққингиз бор?Болаларимга келадиган бўлсак,мен уларни бир кун барибир отасидан тортиб оламан,-деди у қатъий.Кейин эса дона-дона қилиб қўшиб қўйди.-Ҳали кўрасиз.Улар  мени дейишади.Чунки мен уларнинг туққан онасиман.

   -Ҳамма туққан ҳам она бўлавермайди,-кескин оҳангда жавоб берди Сафия хола.-Сиз оилангизни хор қилдингиз.Ўзбек аёлига ярашмайдиган иш қилдингиз,келин.

      Дилором бошқа чидолмади. Юзини қўллари билан тўсиб орқага қайтаркан,нима қилишини,Сафия холага нима деб жавоб беришни  билмасди.

     Бу воқеа Дилоромнинг қарори қатъийлашиши учун яна бир асос бўлди.

  Онаси қизалоғига қараб туришга рози бўлармикан? Бир-икки йил ишлаб келса,анча ўзини тиклаб оларди. Уй сотиб олса,ҳар ҳолда ўз бошпанаси бўлади. Кейин  собиқ эрининг қўлида қолган  фарзандлари билан кўришиб туришга,ўз уйига олиб келишга имконияти бўлар. Балки унгача одамларнинг гап-сўзлари ҳам  пасайиб  қолармиди?

 Дилором қизини ухлатгач,онасига ўз қарорини билдирди.Қизиқ,онаси деярли эътироз билдирмади.Фақат қаерга бормоқчилиги билан қизиқди.

-Онажон,билмайман рости.Россияга борсаммикан,деб ўйлаяпман.Чайналиб сўз бошлади Дилором.Онаси унинг сарғайиб  кетган юзига тикилиб,ўйланиб қолди.Кейин “Эртага опангни чақираман.Унинг қайнсингилларидан бири бир неча йилдан бери Санкт Петербургда гул дўконида ишлайди.Эҳтимол,сен ҳам ўша шаҳарга борарсан.Кўп сиқилма қизим,”-деб қўйди.Дилбар опа қизини бегона жойларга бориб ишлашини ҳоҳламас,аммо қизининг руҳан эзилаётганини кўриб тургани учун “Балки шундай қилса яхши бўлар.Бегона юртда унинг ўтмиши ҳақида ҳеч ким билмайди.Ишлаб,бироз ўзига келиб қайтар”,-деб ўйлаётганди.

-Дилором,Севинчдан хавотир олма.Эндигина бир ёшдан ошган болангни барибир бегона юртга  олиб кетолмайсан. Худога шукур,куч-қувватим жойида.Ўзим қарайман,неварамга. Қолаверса,опанг бор.Қарашга ёрдам берар.

  Дилором  ўзидан ҳам кўпроқ онасига раҳми келиб кетди.Кейин онасини чалғитиш, бу тушкун кайфиятдан чиқиш  мақсадида опасига қўнғироқ қилди.

Эртаси куни эса Дилором  янгасининг ишхонасига бориб,ўзининг кетишга қарор қилганини,уйга қайтишини илтимос қилди.Уларнинг оиласи бузилиши истамаслигини тушунтирди. Динара индамай уни тинглаб турди-да,бироз чеҳраси ёришгандай бўлди.

             11.Мусофирчилик  сабоқлари

    Дилноза синглиси билан гаплашгач,унинг  аҳволини тушуниб, ёрдам бериш ҳаракатига тушиб қолди.Эртаси куни қайнсинглиси Мақсудага қўнғироқ қилди.  Мақсуда  беш-олти йилдан бери эри билан бирга Санкт Петербургда ишларди.

-Янгамулложон,ҳозир Питерда иш кўп.Аммо ҳужжат тайёрлаш,иш учун рухсатнома олиш жуда қийин.Кейин ҳужжатларни талаб даражасида бўлиши учун анча-мунча пул керак.  Бизнинг дўконимиздан кўпчилик бу талабларга чидолмай,юртга қайтиб кетишяпти,-деди у янгасининг илтимосини эшитгач.-Лекин мен сизнинг ҳурматингиз учун синглингизга ёрдам бераман.Фақат Дилором ўзлари билан  беш юз доллар пул олиб келсалар,ҳужжатларини тайёрлаш осонроқ бўларди.”

  Дилнозанинг  “Бунча кўп? Синглим бунча пулни қаердан олади?”- деган саволи бўғзида қолди.Мақсуда ўйлаб кўришларини,агар Дилоромнинг келиши аниқ бўлса,унга қўнғироқ қилиб билдиришларини айтиб,алоқани узиб қўйди.

 Дилором опасидан бу гапни эшитгач, Алишер олиб берган гавҳар кўзли зираги ва узугини сотиб, ўзи билан олиб кетиши керак бўлган миқдордаги пулни тайёрлаб қўйди.Энди чипта учун  пул топиш керак эди.

 Дилбар опа қизининг аҳволини тушуниб,  нафақа пулидан  Дилоромга чипта олиб берди.

 Ниҳоят Дилором кетадиган кун яқинлашди.Жувон банкка бориб ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб келди.Одилбек хизмат сафарида бўлгани сабаб, синглисининг Питерга ишлашга кетганидан бехабар қолди.Дилором уйдан чиқиб кетаётганида, Динара ҳам ишда эди.

     Аэропортда онаси ва опаси билан хайрлашар экан,Дилором Севинчни бағрига босиб,бир зум туриб қолди.Киприкларига илинган кўзёшларини онаси кўриб қолмаслиги учун бошини қизчасининг бағрига яширди.Севинчдан таралаётган муаттар ҳиддан боши айланиб кетди.Беихтиёр катта фарзандлари ёдига тушди. Сафия холанинг заҳарли таънасини эслади.Бўғзини бўғиб турган  изтиробни,кўзларига қайнаб чиққан ёшларни  яшириш учун қизчасини маҳкам қучоқлади.”Мен шундай қилишим керак.Бормасам бўлмайди.Қачонгача янгамнинг турткилашларига чидаб яшайман? Агар  ўз уйим бўлса,тиниб-тинчиб ўтираман” Жувон ўзини шу хаёллар билан  ўзини овутиб, бироз бардамлашди.Яқинлари билан   қучоқлашиб хайрлашаркан,қизчасига яхши қарашларини илтимос қилди.

   Самолётда кечган соатлар ўй-хаёлларига ғарқ бўлиб ўтирган жувон учун бир зумда ўтгандай туюлди.Ўзи билан олиб келган  кийим-кечаклари солинган сумкани олиб,аэропортдаги текширишлардан ўтиб, катта залдан чиқаркан, кимдир баланд овозда  ўзини чақираётганини эшитиб қолди.

  Мақсуда ишда бўлгани сабаб, унинг эри Мардон Дилоромни кутиб олиш учун аэропортга чиққан экан. Дилором уни  опасининг уйидаги  маъракаларда бир-икки бор  кўрган эди.Маълум бўлишича,  Мардон Санкт-Петербургдаги автокорхоналардан бирида таксичилик қиларкан. Дилором билан бир самолётда келган иккита ўзбек йигитини улар айтган манзилга ташлаб қўйди-ю,кейин жувонни  ўзлари турадиган ижара уйга  олиб келди.

 Ўн бир қаватли уйнинг тўққизинчи қаватидаги  эшикни 30-35 ёшлардаги чиройлигина аёл очди.Дилором билан аввалдан танийдигандек сўрашиб,ичкарига  таклиф қилди.

- Гулшаной, бу синглим  янгангизнинг қариндоши.Сизлар билан бир хонада турадилар,энди.-деди Мардон.- Чиқишиб кетасизлар,деб ўйлайман.

-Э,ака Мардон ажойибсиз-да.-Гулшан жилмайди.-Албатта,чиқишиб кетамиз.Бу юртда ҳаммамиз мусофир бўлсак.  Хуш келибсиз,дугона.

Гулшаннинг очиқ чеҳра билан гапиришидан Дилоромнинг кўнглига бир ёруғлик оралади.У билан ичкаридаги хоналардан бирига кирди.

Катта деразали,орастагина хонада тўртта диван қўйилган бўлиб,яна  кийимлар учун шкаф, тухум шаклини эслатувчи   катта ойнали  пардоз столи ҳам бор экан.Дилором ўзи билан олиб келган кийимларини шкафга жойлаштирди. Ўзи ҳам енгилроқ кийиниб ошхонага чиқди.Маълум бўлишича,бу хонада яшовчиларнинг ҳаммаси кундузи ишда бўлишар,Гулшан учун эса бугун ҳордиқ куни экан.

 - Асли қаерликсиз, Гулшан?- сўради Дилором.-Бу ерда нима иш қиласиз?

-Самарқандликман.Эрим билан бундан беш йил олдин  ишлаш мақсадида  бу ерга келгандик. Мен савдо марказидаги дўконларнинг полини юваман.Хўжайиним эса ўша дўконларда қоровул бўлиб ишлайдилар .Иккита ўғлимиз бор.Онам қараяптилар.-Кир машинадан ювилган кирларни олаётган Гулшан уларни тоғорага солди-да, ёйиш учун балконга олиб чиқиб кетди.-Сиз ҳақингизда кеча Мақсуда опамдан эшитдим. 

 Дилоромнинг юрагига ҳадик оралади.Мақсуда опа ўзи ҳақида нима деган бўлиши мумкин?

-Нима дедилар опам?- сўради у ички хавотирини енгишга ҳаракат қилиб.

-Сизни банкда ишлашингизни,эрингиз автоҳалокатда вафот этганини айтдилар.Сизга иш  излаяптилар.Ҳужжатларингиз тайёр бўлгунча иш  ҳам топилар, худо ҳоҳласа.-Гулшаннинг овозида ҳеч қандай киноя сезилмаганлигидан Дилором бирдан енгил тортди.

-Ҳа,тақдир экан-да,Гулшан.

  Ишдан тунги ўн иккиларга яқин келган Мақсуда опа ҳам Дилором  билан кўришиб-сўрашган бўлди-да, овқатланиб ухлашга ётди.Эртаси куни тонгда туриб,Дилоромдан тегишли тартибда ҳужжат тайёрлаш учун паспорт нусхаси  ва уч юз доллар пулни олиб чиқиб кетди.

   Аммо Дилоромнинг ҳужжатлари тезликда тайёр бўлавермади.Ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган жувон кўчага чиқишга қўрқарди.Чунки ФМС(федерал миграция хизмати)да ходимларнинг қўлига тушиб қолса, бу мамлакатда ҳужжатсиз юргани учун депорт қилинишини яхши биларди. .Шу тариқа бир ойча вақт ўтди.

   Уч хонали уйнинг бир хонасида  асли тожикистонлик бўлган  эр-хотинлар Мурод ва Рўзигул,бир хонасида бўлса Гулшаннинг эри Саноқул,Мардон ака ва  андижонлик ака-ука Самар ва Анвар,учинчи хонада эса Мақсуда, Гулшан ва Дилором туришарди.

    Охирги пайтларда Саноқул Дилоромнинг боши очиқлигини кимдандир эшитган шекилли,унга шилқимлик қиладиган,гап отадиган одат чиқарган эди.  Кундузлари у кўпинча уйда қолишга ҳаракат қилар,ўзича Дилоромнинг кўнглига йўл топишга интиларди.Дилором  ўзи билан дугонадай бўлиб қолган Гулшанга бу ҳақда айтишга қарор қилди.Лекин нима деб гап бошлашни билмас,Гулшан ўзини нотўғри тушунишидан чўчирди. Бир неча бор огоҳлантирганига,уришиб берганига  қарамай Саноқул ўзини йиғиштириб олмаётган эди. Охири жувон Саноқул уйда қолган пайтлари ўз хоналарига кириб,устидан қулфлаб ўтиришни одат қилди.

 

  Бу орада янги йил байрами яқинлашиб қолди.Ҳамхоналар ўзаро пул йиғишиб,янги йилни бирга кутиб олишга қарор қилишди.Ошхона каттагина бўлгани учун ўша ерда дастурхон тузалди.Дилором ҳалигача ишга чиқмагани сабаб  кайфияти йўқ бўлса-да,  хонадош аёлларга қарашган бўлди.Негадир ўша куни Мақсуда опа ҳам кечикаётган эди.Аёллар биргалашиб манти тугишди,ҳар хил салатлар тайёрлашди.Эркаклар бўлса спиртли ичимликлар ичишни бошлаб юборишди.Телевизордан янги йил дастурлари қўшиқлари янграб турар,ҳамма байрам кайфиятида эди.

 Кечга яқин онасини янги йил билан табриклаш мақсадида телефон қилган  Дилоромнинг    кайфияти тушиб кетди.Севинчнинг мазаси бўлмай,онаси уни касалхонада олиб ётган экан.Дилбар опа қизалоқнинг иситмаси тушиб,бироз ўзига келганини айтган бўлса-да, Дилоромнинг  юрагига қил ҳам сиғмай қолди.

  Янги йил шодиёнаси татимаган аёл   ўз хоналарига кириб,   чироқни ўчирди-да, диванга ётиб олди.Бошига оғриқ киргани боисидан бироз чўзилиб ётса ўзига келадигандек туюлди. Бироздан кейин  кимдир эшикни очиб,хонага кирди.Дилором “хонадош аёллардан бири бўлса керак”,-деб ўйлаб эътибор бермади.Аммо шу пайт  хонага кирган кимса унинг дивани тепасига  юриб келди-да, пишиллаганча Дилоромнинг устига ўзини ташлади.

 Аёл  қўрққанидан чинқириб юборди.Аммо уларнинг хонаси ошхонадан анча узоқдалиги  ва телевизор  шовқини  сабаб унинг овозини ҳеч ким эшитмади. Нафасидан ароқнинг бадбўй ҳиди келаётган Саноқул бўлса,кўрпанинг устини пайпаслаганча Дилоромни ўпишга,қучоқлашга  ҳаракат қилар,алланималар деб ғўлдирарди.Нафаси қисиб кетган Дилором уни бир илож қилиб,устидан  улоқтириб юборишга ўзида куч топа олди.Саноқул ерга йиқилган пайтида аёл жойидан  ирғиб турди-да,эшикка қараб интилди.Лекин Саноқул жонҳолатда жойидан туриб, уни итариб юборди.Шу пайт хона эшиги шаҳд билан очилиб,кимдир чироқни ёқди.Полга зарб билан йиқилган,сочлари тўзғиб кетган Дилором  ўкириб йиғлаб юборди.

Остонада Мақсуда опа турарди.Унинг  ҳайрат билан ёниб турган кўзлари Дилоромга қадалди.

-Ҳа,нима гап? Тинчликми?

 -Опа,мен...мен   бошим оғриб бироз чўзилай деб хонага киргандим.Бу..бу..ифлос орқамдан кириб менга ёпишди...-Дилором  шу сўзларни  айтаркан, изиллаб йиғлаб юборди.

Бу орада ўзини ўнглаб олган Саноқул “ Менга ўзи   орқамдан келинг деб ,ошхонадан чиқиб кетди.Мен келганимдан кейин эса бунақа томоша кўрсатди.Хотинингиз билан ажрашинг, сизга тегаман деганди,”-деди бўзрайганча киприк қоқмай.

 Дилором  унинг сурбетлиги  ва  кутилмаган туҳматидан музлаб қолди.

   -Қачон мен сенга бу гапларни айтдим, мараз?

 Жувон ўзини босолмай қолди.Саноқулнинг юзига чанг солган пайтида, ошхонада байрам қилаётганлар  ҳам хонага кириб келишди.Гулшан ҳеч нарсани сўрамай Дилоромнинг сочига ёпишди...

 Агар Мақсуда опа аралашмаса, Гулшан Дилоромни парчалаб ташлагудай важоҳатда эди.”Ҳали сенми,менинг эримга кўз сузадиган?Кунингни кўрсатаман,Мана,сен нимага хонага қамалиб олар экансан?Демак сен эрим билан анчадан бери  учрашиб юрибсан”,-деб анча тўполон қилди.

Шовқинни эшитган қўшнилар полиция чақиртирибди. Икки машина  бўлиб келган полициячилар бу хонадонда яшайдиганларнинг ҳаммасини олиб кетишди.Хонадаги мусофирларнинг ҳаммаси шу яқин атрофдаги полиция пунктида тонг оттиришди. Ҳужжатлари қонуний бўлганлар  чиқиб кетган бўлишса-да, Дилором ва ака ука Самар ва Анварларни олиб қолишди.Қисқаси,янги йил ҳеч кимга татимади.

   Эрталаб Мақсуда опа эри билан бирга келиб, Дилоромни чиқариб олишди.Кейинроқ маълум бўлишича,улар полициядагиларга пора бериб,ялиниб-ёлвориб  Дилоромни зўрға олиб чиқишибди.

  Уйга қайтгач уларни яна бир нохушлик кутиб турганидан хабар топишди.Уйнинг эгаси Сергей амаки  квартирани бўшатиб қўйишларини талаб қилиб келган экан.нга қўшнилар тинч яшолмаётганларидан  шикоят қилишган эмиш.Сергей амакини тинчитиш учун ижарачилар яна қўшимча  пул  териб беришга мажбур бўлишди.Чунки бегона юртнинг совуқ қишида бошқа ижара уй излаб топиш айни пайтда  катта муаммо эди.

  Дилором уч кун давомида иситмалаб ётди.Ўзи кутмаган балонинг бошига ёғилгани,ноҳақ туҳмат сабаб  унинг ўзига келиши қийин бўлаётган эди.У нима қилиб бўлса-да,уйига қайтгиси келаётганди..Аммо йўлкирага қаердан пул топади?

     Бу орада ниҳоят унинг ҳужжатлари тайёр бўлди.Мақсуда опани айтмаганда, ижара уйда яшовчи аёллар у  билан гаплашишмасди. Жувон уларнинг ўзига ишонмаётганликларини ҳис қилиб турарди. Мақсуда опанинг ҳам унга нисбатан муомаласи ўзгарган,савол берса зўрға жавоб берарди.Дилором ўзи иш ахтаришга тушди.Мақсуда опанинг  маслаҳати  билан гоҳида кунлик ишга чиқиб турадиган бўлди.

   Шаҳар чеккасида қурилган дала ҳовлиларда иш топса бўларди.Эндигина қурилган ёки  таъмирдан чиққан хоналарни тозалаш,ойналарни ювиш,уй жиҳозларини жойлаштиришда ёрдамлашиш орқали яшаб туриш учун пул топса бўлар эди.Дилором шу иши орқали топганини тежаб  йиғиб,уйига озроқ пул жўнатди.

Шу иш сабаб  бўлиб,  Салима исмли аёл билан танишди.Ўзига тенгдош бўлган Салиманинг эри Тожикистондаги  нотинчликлар сабаб вафот этган экан.У ўн икки ёшли ўғли билан бирга ризқ топиш мақсадида мусофирчиликни бўйнига олибди.Дилором ҳам эри автоҳалокатда вафот этганини айтди.

   Тақдири ўхшаш  бўлган  аёллар  анча яқин бўлиб қолишди.Дилором у билан кунлик ишларга бирга чиқадиган бўлди.Чунки муқим иш топгунча шундай қилишга мажбур бўлди.Салима дала ҳовлилардан бирида унга доимий  иш топиб берди.Энди Дилором   рус оиласида  бекага ёрдамчи вазифасида ишлайдиган бўлди.Салиманинг ўзи бўлса қўшни дала ҳовлилардан бирида қурилишда ишлаётган ўзбеклар учун ошпаз бўлиб ишлай бошлади.Ўғилчаси Қодир  онасига дастёрлик қиларди.

Энди ҳар икки аёлнинг яшаш жой муаммоси ўз-ўзидан ҳал бўлган эди.Шу сабаб Дилором Мақсуда опанинг розилиги билан янги иш жойига кўчиб ўтди.У яшаётган уйнинг бекаси Татьяна Алексеевна нафақада бўлиб, чоли Сергей Владимирович билан бирга Москвада яшаб ишлайдиган ягона қизлари Женянинг ўғли Сашага қарашарди.Табиатан ораста бўлган Дилором улар билан тез чиқишиб кетди.Уйдаги юмушларини тугатгач,жувон болани олиб Салиманинг олдига   борар,гоҳо унга ёрдам ҳам берарди.Шу тарзда уч ойча вақт ўтиб,у бироз  пул жамғарди.

   Россиянинг баҳори анча кеч бошланар экан.Апрель ойи бошланганига қарамай,ҳаво анчайин совуқ бўларди.Дилором онаси билан тез-тез гаплашиб турар,Севинчнинг тили чиқиб телефонда “Нана,нанажон,қачон келасиз?”,деб чақиришларидан кўнгли эриса, катта фарзандларини эслаб, йиғлаб ҳам оларди.

  Май ойининг бошларида Дилором онасига пул жўнатиш учун шаҳарга боришига тўғри келди. Унга Салима ҳамроҳ бўлди.Шаҳардаги банклардан бирига кириб,пул жўнатишди. Ўша кунларда Россиянинг қайсидир шаҳрида руҳиятида камчилиги бўлган мусофир аёл  ўзи энагалик қиладиган болани ўлдириб қўйгани учун  муҳожирларга нисбатан назорат кучайган эди.  Метро ёнида уларни полициячилар тўхтатиб,ҳужжатларини текширишди.Дилоромнинг   ўзидан  кўнгли тўқ бўлса-да,Салиманинг ҳужжатларининг вақти ўтганлиги сабаб бироз чўчиди.Чўчигани бежиз эмас экан..Унинг ҳужжатларини кўриб,қайтариб берган полициячи Салимани йўлнинг нариги бетидаги полиция идорасига олиб кетди.Дугонасини ёлғиз ташлаб кетишга кўзи қиймаган Дилором уларга эргашди.

12.Кутилмаган учрашув

Салимани уч соатга яқин полиция идорасида ушлаб туришди.Дилором полициячиларга пора бериб уни олиб чиқмоқчи бўлди-ю,аммо улар Дилором берган минг рубль пулни писанд қилмай,беш минг беришини талаб қилиб туриб олишди.Боши қотиб қолган аёл нима қилишини билмай кўчага чиқди.Уйига пул  жўнатмаган бўлсайди,ҳозир  полициячиларга  улар сўраганини берган бўларди. Бироз ўйланиб тургач, бекаси Татьяна  Алексеевнага қўнғироқ қилиб ёрдам сўрамоқчи бўлди. Шу қарорга келиб,  сумкасидан қўл телефонини олди.Шу пайт ўзига яқинлашиб келаётган кўринишидан ўзбекка ўхшайдиган икки эркакка беихтиёр  кўзи тушди.Улардан бири кўзига иссиқ кўриниб,яхшилаб  қаради.Ҳа,у адашмаган, янгаси Динаранинг укаси, бир пайтлар ўзига совчи қўйган Каримжон аёлнинг қаршисида турарди.  

-Дилором,сизмисиз?-ҳайратга тўла овозда сўради Каримжон.-Бу ерларда нима қилиб юрибсиз? Қачон келгандингиз Питерга?

 -Ассаломуалайкум.Яхшимисиз,Карим ака? Келганимга саккиз ойча бўлиб қолди.Янгам айтмаганмидилар?-кутилмаган учрашувдан турли ҳислар оғушида қолган Дилором сўрашаркан,ўзини бироз ноқулай ҳис қилди.” У  Алишер акамнинг вафотини эшитган бўлса керак.Мени писанд қилмагандинг, Россияга қатнаб ишлайди, олий маълумотли эмас,дегандинг. Мана ўзинг ҳам келиб қолибсан-ку,бегона юртга”, деяётгандир деб   ўйлаб, ич-ичидан зил кетди.Аммо Каримжоннинг нигоҳида таъна сезилмасди.  Унинг ёнидаги баланд бўйли,буғдойранг,қора қош эркак бўлса унга синчков нигоҳларини тикиб қараб турарди.

-Нима қилиб юрибсиз,бу ерларда? Қаерда ишлаяпсиз?-сўради Каримжон.- Тинчликми,полиция идораси ёнида турибсиз?

Дилором дугонаси Салима билан шаҳарга пул жўнатиш учун келишганини, аммо дугонасининг ҳужжатларида камчилик борлиги  сабаб полицияда ушлаб туришганини,беш минг рубль талаб қилишаётганини ҳам айтиб ўтди.Каримжон гап қўшмай уни тинглади-ю,ёнидаги жўраси билан ичкарига кириб кетди. Бироз  вақт ўтгач, Салимани эргаштириб қайтиб чиқишди.Салима кўчага чиқиши билан Дилоромни қучоқлаб олиб,раҳмат айтди.

-Хўш, энди нима қилмоқчисизлар?-сўради Каримжон уларга жилмайиб қараб тураркан.

-Карим ака сизга катта раҳмат.Бизга катта ёрдам бердингиз. Пулингизни албатта қайтарамиз,-миннатдорчилик билдирди жувон.-Энди нима қилардик.Уйга кетамиз-да.Яъни,ўзимиз яшайдиган жойга борамиз.

 -Бегона юртда учрашиб қолибмиз.Сал нарироқда ўзбекча таомларни жуда мазали қилиб  пиширишади.Келинглар,бирга тушлик қиламиз.Кейин биз сизларни кузатиб қўямиз,-деди Каримжон.-Йўқ деманглар,илтимос.

Унинг ёнидаги индамай турган эркак ҳам “Йўқ деманглар,.юринглар.Бизга шерик бўласизлар,”-деб қўйди.

Дилором нима дейишини билмай қолди. Рози бўлса ўзини ноқулай ҳис қилади, бормаса дугонасига ёрдам берган Каримжон  ранжиши мумкин.Салима бўлса,унга бир қараб олди-да,”Биз кетишимиз керак эди-ку.Ҳа майли.Тушлик қилсак қилармиз”,-дея дугонасининг номидан ҳам розилик билдирди.

-Унда кетдик,-деди Каримжон йўл бошларкан.-Мана шу кўчадан қайрилишда ажойиб ошхона бор. Овқатлари роса ширин. Ҳатто тандир сомса ҳам бор.

 Ошхонада бошида унча гаплари қовушмай турган бўлса-да,кейин суҳбатлари қизиб кетди.Аввал бир косадан нўхатли шўрва ичишди.  Орқасидан сергўшт сомса келди.Аччиққина кўк чой ичиб, бироз суҳбатлашишди.Маълум бўлишича,  иккинчи эркакнинг исми Нўъмонжон бўлиб, асли самарқандлик экан.Шартнома асосида Санкт-Петербургдаги  стамотология поликлиникаларидан бирида ишлайдиган  Нўъмонжон “Тишларинг оғриб қолса,бемалол келаверинглар”,-деб ҳазиллашиб,аёлларга ўз  “визитка”сидан  берди. Каримжон эса ўша поликлиникада қоровуллик қилиш билан бирга, шаҳардаги савдо дўконларига маҳсулот тарқатадиган фирмалардан бирида ишларкан.Каримжон гап орасида Дилоромнинг телефон рақамини сўраб олиб,телефонининг хотирасига сақлаб қўйди.

 Салима билан қайтишаркан, автобусда  Дилором дугонасига бир пайтлар Каримжонни “ўқимаган” деб камситганини,янгаси билан бўлган можароларни гапириб берди.Фақат оиласини ташлаб, Алишерни танлаганини айтиб бергиси келмади.Унинг эрини вафот этган  деб биладиган Салима бўлса,”Инсон ўз тақдирини билмайди-да.Шунақа бўлишини билсангиз,бошиданоқ Каримжонга турмушга чиққан бўлардингиз.Шундай эмасми?”-деб сўради.

-Ким билади,дейсиз? Ростдан ҳам ҳаётнинг турли синовлари кўп экан,-хўрсиниб қўйди Дилором.

- Қиз болани илк бора сўраб келадиган совчиларни фаришталар бошлаб келади,дейишади.Биз бўлсак ўша пайтда ёшлигимиз сабабми,бунақа нарсаларга эътибор бермаймиз.Ҳа,майли дугонажон.Сиқилманг.Ҳали болаларингиз катта бўлиб,қанотингизга кирса,бу кунларни унутиб ҳам юборасиз,-Салима дугонасининг елкасидан қучиб қўйди.

 Дилором “Илоҳим айтганингиз келсин”,-деди-ю,ичидан зил кетди. Илҳом ҳеч қачон унга болаларини бермаса керак. “Майли,бермасаям ҳар замонда бир кўришиб туришга рухсат берса рози бўлардим,-ўйлади аёл.-Кейинчалик сал каттароқ бўлишса, балки мени кечиришар.”  

 Яшаш жойларига етиб боришганда Татьяна Алексеевна ундан бунча  узоқ қолиб кетишгани учун хавотир олганини айтди.Саша бўлса унинг бўйнига осилиб, соғиниб қолганини айтиб бидирлади.Дилором ҳам уни маҳкам бағрига босди. Фарзандларидан узоқда бўлгани учун у Сашага меҳр қўйган эди.

 Орадан икки кун ўтиб,Нўъмонжон унга қўнғироқ қилди.Жавоб бериш ё бермасликни билмаган Дилором бироз ўйланиб турди-да,яшил тугмачани босди.

   - Алло, Дилором,яхшимисиз? Ишларингиз яхшими?

   -Раҳмат.Ҳаммаси яхши.Ўзингиз тузукмисиз? Чарчамай юрибсизми?-сўрашди Дилором.

    -Дилоромхон,агар бирор муаммо туғилса,бемалол айтаверинг.Ҳужжатлар масаласидами,ё бошқами билдиринг.Қўлдан келганча ёрдамлашамиз.Мусофир юртда аёл кишига жуда қийин.Буни тушунаман.

 -Раҳмат,Нўъмон ака.Ҳозирча ҳеч қандай муаммо йўқ.

 - Майли,узр агар безовта қилган бўлсам.Соғ бўлинг,Дилоромхон.

  -Раҳмат,хайр.

     Дилором  бу қўнғироққа унча аҳамият бермади.”Ҳа,энди юртдош бўлгандан кейин ҳол-аҳвол сўради-да.”-ўзича ўйлаб қўйди.Нўъмонжон унга ҳар икки-уч кунда қўнғироқлашиб,ҳол-аҳвол сўраб туришни одат қилди.

 

13.Дилдаги ғалаён.

 

     Нўъмонжон  Дилоромни кўрган пайтидан бошлаб ғалати аҳволга тушиб қолди.Аёлнинг қорачиқлари тубидаги  мунг, гўзал чеҳраси,ўйланиб гапиришлари,синиқ табассуми  унинг кўз ўнгидан кетмай қолди. Дилоромнинг ташқи кўриниши унга  раҳматли аёли Шаҳзодани эслатганди.

   ... Аслида синфдош бўлган  Нўъмонжон ва Шаҳзода севишиб турмуш қуришганди. Ёшлар икки йилча  Нўъмонжоннинг ота-онаси билан бирга яшашди.Уларнинг бахтли оиласига ҳамманинг ҳаваси келарди.Бирин-кетин туғилган қизлари Озода ва Шаҳризода бу бахтнинг тумори янглиғ икки ёшнинг гўзал муносабатларини янада мустаҳкамлади. Икки севишган қалб бу орада биргалашиб, шаҳар марказидан икки хонали уй сотиб олишди.Уларнинг меҳр-муҳаббат, қувончга тўла турмуши беш йил давом этди.

  Аммо уларнинг бахтига кўз тегди. Учинчи  фарзандини дунёга келтираётган вақтида кутилмаганда қон босими кўтарилган Шаҳзода ва кутилган  ўғил  бола чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг  иложи бўлмади. 

Хотинининг ўлимидан кейин Нўъмонжон Самарқандга сиғмай қолди. Ота-онаси, яқинларининг таскинлари кўнглига сиғмас,ҳамма жойдан Шаҳзоданинг қиёфасини  изларди.Оналарининг вафотидан маъюс тортиб қолган қизчаларини кўзи тушганида  дарди янгиланарди.

Охири бўлмади.Бу эзгин кайфият  унинг соғлигига салбий  таъсир қилди.Нўъмонжон ўттиз ёшга етмай нафас сиқилиш касаллигига чалинди.Орадан ўтган бир йил давомида тузалиши қийин кечаётганди.Ўғлининг аҳволидан қаттиқ хавотирга тушган отаси Шокир ака ўғлини ҳаво алмаштириш  ва даволаниш  мақсадида Россияга бориб келишга кўндирди.Нўъмонжон шу баҳонада Россияга келди.

  Ўзи даволанаётган клиникада стоматолог ўрни бўшлигини билгач,шу ерга ишга жойлашди. Самарқандга қайтиб борса, яна аёли эсига тушиб қийналиши, озроқ муддатда юртдан узоқда  бўлса, ўзини ўнглаб олиши  балки  осонроқ кечишини тахмин қилган яқинлари унинг бу қарорига қарши чиқишмади. Йигитнинг яхши мутахассислигини  англаган клиниканинг бош шифокори  Вадим Леонидович уни синов муддати билан ишга қабул қилди ва  яшаши учун битта хона ажратиб берди.

 Мана, келганига ҳам икки йилча бўлиб қолди.Нўъмонжон иш бошлаган дастлабки кунларда клиникада қоровуллик  қиладиган Каримжон билан танишди.Мусофирликда танишган,  бир-бирига тенгдош бўлган икки йигит  тез тил топишиб,дўстлашиб  кетишди.

  Нўъмонжон клиникага қайтгач, Каримжондан Дилоромнинг тақдири  ҳақида эшитди. Каримжон суҳбат охирида   ачинганча “Яхши қиз эди-ю,бир адашди-да.Унинг ҳаётини бузган номарднинг ўзи бўлса автоаварияда вафот этди,”- деди.

 Нўъмонжон анчагача жувоннинг бошидан кечган воқеалар ҳақида мулоҳаза қилиб ўтирди.  Бошида аёлнинг ўйламай  иш қилганидан хафа бўлди.  Кейин эса нимагадир кўнглида Дилоромга нисбатан ачиниш   пайдо бўлди. Дилоромнинг телефон рақамини ёзиб олганига хурсанд бўлди.”Кўнгли синиқ, қийналган аёлга ўхшайди. Гоҳ-гоҳида телефонлашиб, ҳол-аҳвол сўраб  тураман”,- дея ўйлади.  Кейинчалик телефонда суҳбатлашиш жараёнида  Дилоромнинг Россияга ишга келиб,анча қийналганини билди. Ўзи билмаган ҳолда кундан-кунга Дилоромга боғланиб бораверди.

Дилором бўлса унинг кечинмаларидан асло хабари йўқ,унинг қўнғироқларини юртдош бир инсоннинг ҳол сўраб, мадад бўлиб туриши  деб тушунарди.Бир   ойча вақт ўтиб,уни Каримжон излаб келиб қолди.Дилором бу йўқловнинг сабабини тушунмади. Аслида Нўъмонжон ўзи боришга ийманиб,Каримжондан Дилоромдан хабар олишни илтимос қилганини  жувон хаёлига ҳам келтирмади.

   Каримжон ундан ҳол-аҳвол сўради,”Уйдан  бериб юборишибди”-дея  ҳолва ва шўрданакни  бериб, Татьяна Алексеевна билан бироз суҳбатлашиб ўтирди-да,хайрлашиб кетди. Ўн кунлар ўтиб, Каримжон яна келди. Қўлида ширинлик,шарбатлар солинган катта  сумкани  Дилоромга берди.Уларнинг қариндошлигини  биладиган бекаси ҳеч нарса демаган бўлса-да,Дилором бу ташрифларнинг сабаби ҳақида ўйлаб қолди.” Ҳа,янгамнинг укаси.Қолаверса,юртдошмиз.Мусофирчиликда мендан хабардор бўлишни ўзи учун бурч деб билгандир,-“ деган хулосага келди.

   Аммо учинчи бор Каримжон уни излаб келганда,Дилоромнинг энсаси қотди.”Нимага бу бунча серқатнов бўлиб қолди? Нима истайди ўзи мендан?” Худди унинг кўнглидан ўтганини сезгандай,Каримжоннинг ўзи гап бошлади.

 -Дилором,  сиз билан муҳим бир масалада гаплашиб олишим керак.

   Жувон унга ҳайрон бўлиб қаради.”Тинчликмикан? Ё уйдагиларга бирон нарса бўлибдими?”  Унинг нигоҳларидаги хавотирни илғаган эркак атрофга аланглаб,суҳбат учун қулайроқ жой излади.Дала ҳовлининг четроғидаги ҳаммаёғи очиқ  айвончага қараб” Мана шу ерда ўтириб,суҳбатлашсак бўладими?”дея сўради.Дилором ҳеч нарса демай,ўша ерга қараб юрди.Ўриндиққа ўтириб,Каримжонга саволомуз қаради.

- Дилором,узр. Менга бу ҳақда гапириш қийин.Лекин гапирмасам бўлмайди. Мен...мен сизга совчи бўлиб келдим.

-Нима? Совчи? –Дилором гангиб қолди.Миясидан минг хил фикр,гумон ўтиб,қони қайнаганча, ҳозиргина ўтирган ўриндиқдан сакраб туриб кетди.-Нималар деяпсиз?

-Дилором,синглим.Мени нотўғри тушунманг.Мен сизга ёмонлик қилиш,ёки қачонлардир менга турмушга чиқмаганингиз учун қасд олиш ниятим йўқ.Мен дўстим Нўъмонжонга сизни сўраб келдим.

Бу энди мутлақо кутилмаган гап эди.Аёл ўзини йўқотиб қўйди.

-Нималар деяпсиз? Нўъмонжонга? Нега менга бунақа гапларни айтяпсиз? Бошим очиқлиги учун  рози бўлади, деб ўйлаяпсизми?  Ёки мусофирчиликда юрган аёллар ҳақида  ёмон хаёлларга борадиганлар хилиданмисиз?

-Дилором,нимага мени охиригача тингламаяпсиз? Жаҳлингиз чиқмасин.Нўъмонжоннинг ҳам сиздай боши очиқ.Унинг хотини учинчи  боласини дунёга келтираётганида вафот этган. У сизни ёқтириб қолибди.Дўстим  жуда яхши инсон....Каримжон гапини тугатолмади.Дилором кафтлари билан юзини тўсиб, тўсатдан  ўкириб йиғлаб юборди.

-Мени тинч қўйинглар.Мен..мен яқинда уйга кетаман. Турмушга чиқиш ниятим йўқ,-йиғи аралаш сўзлади жувон.-Опангизнинг мени шунча азоблагани каммиди? Энди қолганига сиз ҳам менга азоб бермоқчимисиз?

Каримжон унинг йиғисидан  ғалати бўлиб кетди.Дўсти сабаб бундай чигал масалага аралашиб қолгани учун ўзидан хафа бўлди.Шундай бўлса-да,кўнглидаги гапларини гапиришга аҳд қилди.

-Мендан хафа бўлманг. Икки ёрти бир бутун бўласизлар,деб ўйлагандим.Дўстимнинг юзидан ўтолмаганим учун  бу ерга келдим.Унинг икки қизига она меҳри жуда зарур. Сиз ҳали ёшсиз.Барибир кимгадир турмушга чиқасиз.Чунки  ёлғиз аёлга тиргак бўладиган  мард эркак лозим.Ўша кўришган кунимиз Нўъмонжонга ҳаётингиз ҳақида гапириб бергандим.

-Бўлди,бас қилинг.Демак дўстингиз мени енгилтак аёл деб билади.-Чинқириб юборди Дилором.-Мен сизни бошқа кўришни ҳам,эшитишни ҳам ҳоҳламайман.Менга ҳеч қанақа эр керак эмас.Асабимга тегманг.

-Дилором,ўзингизни босинг.Ҳоҳламасангиз,сизни ҳеч ким мажбурламайди.Мендан узр.Хафа бўлманг илтимос.Бу суҳбатни бўлмади, деб ҳисобланг.Яхши қолинг. Каримжон шундай деб  мулзам бўлганча, дала ҳовлининг кичик дарвозасига қараб юрди.

 Аёл унга жавобан ҳеч нима демади. Хайрлашишни,уни кузатишни ҳам истамай,кафтларини юзига босиб ўтираверди.

Татьяна Алексеевна деразасидан уларнинг суҳбатларини кузатиб турганди.Каримжон чиқиб кетиши билан  ҳовлига чиқиб,Дилоромнинг ёнига келди.

-Нега йиғлаяпсан?-сўради у жувоннинг ёнига ўтираркан.-Тинчликми?

-Шунчаки ўзим.Онамни,қизимни жудаям соғиндим. Дилором  жойидан тураркан,гапни бошқа жойга бурди.-Нима овқат қилай?

-Овқатни қўятур,-қўл силтади кекса аёл.  Қани ўтир-чи.Нима бўлганини менга гапириб бер.

   Тўлиб турган Дилором кимгадир ёрилмаса бўлмайдиган аҳволда эди.Қисқароқ қилиб ўз тақдири ҳақида Татьяна Алексеевнага гапириб берди.Шу пайтгача бу ҳақда гапиришга имкон ва шароит бўлмаган эди.

   -Тушунарли.-Татьяна Алексеевна унга ачиниб қаради.-Лекин қариндошингдан бекорга хафа бўляпсан.У ростдан ҳам сенга яхшилик қилмоқчи бўлибди.Ҳаёт жуда мураккаб.Ёнингда ҳамроҳинг бўлмаса,якка ўзинг жуда қийналасан.

Кўнгли бўшаган  Дилором ҳеч нарса демай,уйга қараб юрди.Ичида “Яхшилиги бошидан қолсин.Турмушга  чиқиш ниятим йўқ мени.Менга ҳеч ким керак эмас.Тавба,шунақа нияти борлигини билсам,умуман гаплашмасдим”,-деб ўйлади.Бирданига кўз ўнгида Алишернинг жилмайиб турган қиёфаси жонланди.

   Бу орада яна  икки ойча вақт ўтиб, қиш яқинлашди. Нўъмонжон бир неча бор қўнғироқ қилган  бўлса-да, Дилором жавоб бермади.

    Қишнинг нафаси сезилиб қолган кунлардан бирида Дилором онасига қўнғироқ қилди.Негадир онасининг овози олдингидек бардам эмасди.

-Нима бўлди,онажон? Яхшимисиз,тинчликми?

   - Қизим,бироз мазам йўқ.Охирги пайтларда тез-тез қон босимим кўтариладиган бўлган.Қачон келмоқчисан? Тезроқ келсанг яхши бўларди.-  деди дардманд  овозда Дилбар опа.-Юрагим ҳам кўп безовта қиляпти.

    Дилором  нима дейишини билмай қолди. У баҳорга яқин юртга қайтмоқчи эди.Лекин  кутилмаганда онасининг соғлиги ёмонлашгани сабабли бормаса бўлмаслигини англади.

  -Онажон, эрта аэропортга бориб чипта олиб келаман.Кейин сизга қўнғироқ қиламан.-Дилором шу сўзларни айтиб,онаси билан хайрлашди.

    Жувон эртаси куни тонгда туриб, Татьяна Алексеевнага  Ўзбекистонга қайтмоқчи эканлигини айтди.  Кекса аёл унинг аҳволини тушуниб,бироз ўйланиб турди-да,”Қайтиб келмоқчи  бўлсанг,бемалол бизникига келавер,қизим.Бундан  фақат хурсанд бўламан”,-деди.

          14.Қайтиш

 

    Дилором  аэропортга якка ўзи боргиси келмай, Салимага қўнғироқ қилиб, бирга бориб келишни илтимос қилди.Дугонаси рози бўлгач, иккиси  иссиқ кийиниб йўлга чиқишди. Чеккада жойлашган дала ҳовлилардан бекатгача бориш  учун ярим соатча пиёда юриш лозим эди.Йўлда Салима Дилоромдан нега бирдан қайтгиси келгани сабабини  сўради.Онасининг мазаси қочиб қолганини эшитиб,ачинди.

      -Ҳа,майли.Қишни ўтказиб,баҳорда келсангиз яна ишингизни давом эттирсангиз ҳам бўлар балки. Татьяна Алексеевна нима деяпти?

     -  Мабодо қайтиб келсам,яна  уникида ишлашим  мумкинлигини айтди.-деди унга жавобан Дилором.-Аммо мен қайтиб келмасам керак.Яна ким билади?

     Аёллар аввал автобусда,кейин метрода  аэропортга  етиб боришгунча,вақт тушликка яқинлашиб қолди.Энг яқин рейс индинга экан.Дилором чипта сотиб олгач, яна суҳбатлашиб бирга қайтишди. Жувон ўзича онасига сюрприз қилмоқчи бўлиб,қачон бориши ҳақида айтмасликка аҳд қилди.Эртаси куни дўконларни айланиб,яқинларига совғалар  сотиб олди.

      ... Дилором Бухоро аэропортига келиб қўнган самолёт зиналаридан тушаркан, юртини қанчалар соғинганини ҳис этди. Тонгданоқ бу ерда  одам гавжум эди.Аэропортнинг ёруғ чироқлари,қорақош,қоракўз ҳамюртларни кўриб, бирдан кўнгли ёришди.Оёғига ғилдиракча ўрнатилган каттагина сумкасини  судраганча, ташқарига чиқди.Жувон ”такси”лардан бирига ўтириб, манзилни айтди-да,ич-ичидан қувониб кетди.Ҳозир онасини,қизи Севинчни кўради.

       Акасининг уйи қаршисида таксидан тушаркан,дарвоза ёнида турган “Тез ёрдам” машинасини кўрди. Таксичига пул беришни ҳам унутиб,дарвозага қараб чопди. Унинг катта сумкасини  багаждан олган ҳайдовчи  йигит  орқасидан эргашди.Жувон сумкасига қўл суқиб,қўлига илашган пулларни унга тутқазди-да,сумкасини шундоқ дарвоза ёнига қолдириб,ичкарига шошди.Шу пайт онасини “носилка”да  кўтариб чиқаётган шифокорларга,уларнинг орқасидан келаётган Одилбек ва Динарага кўзи тушди.Дилбар опа чеҳраси оппоқ оқарганча  ётар, кўзлари юмуқ эди.

  -Нима бўлди онамга? Онажон,кўзингизни очинг.Мана,мен келдим.-Дилором ичидаги фарёдини куч билан босиб, чўккалаганча онасининг қўлларини ушлади. Одилбек келиб уни қўлидан ушлаб  турғазишга ҳаракат қилди.Дилором жойидан туриб,акасини қучоқлаб олди.Титраганча салом берди.

  -Синглим,онангизнинг юраклари касалланган. Бунинг устига қон босимлари ҳам бор экан.Инсультнинг алаоматлари сезиляпти. Ҳозир касалхонага олиб борсак,аниқ ташҳис қўйиш мумкин.-деди кўзойнак таққан шифокор эркак.

 -Менам бирга бораман,-Дилором ўйлаб ўтирмай онаси билан боришга қарор қилди.

 -Ўзим бораман,Дилором.Сен ҳозиргина йўлдан келдинг.Уйга кириб дамингни ол.-деди Одилбек эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.-Кўп ваҳима қилаверма. Динара ,Дилоромни уйга олиб кир.

   Янгасига эргашиб,уйга кирган Дилоромнинг хаёли онасида эди.

-Нима бўлди,онамга? –сўради янгасидан.

-Охирги пайтларда бироз мазалари йўқ.Яқинда касалхонага ҳам ётиб чиқдилар.-Жавоб берди янгаси.- Яхши келдингизми?  

  Онасининг аҳволини кўриб,ўзини  йўқотиб қўйган Дилором янгаси билан тузукроқ кўришмаганидан хижолат бўлиб, Динара билан   қучоқлашиб кўришаркан, Севинчни сўради.

 -Қизингиз Гулзоданинг хонасида ухлаб ётибди.Ҳозир олиб келаман.-жавоб қилди янгаси.

   - Ўзингиз яхши юрибсизми,янгамулло? Қизим сизларни қийнаб қўймадими?Жиянларим ҳам ухлашяптими,дейман?

- Ҳа,ухлашаётганди,уйғотдим.Севинчингиз жуда тўполончи бўлган.Ҳозир кўрасиз.-Жилмайиб жавоб берган янгасининг   яхши томонга ўзгаргани сезиларди.

  Шу пайт эшикдан Севинчни кўтарган  жияни  Фарҳод кириб келди.Дилором ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги   жиянини қучоқлаб кўришди-ю, қўлидан қизчасини олди. Қизалоқ ётсирамай,онасини маҳкам қучди. Уч ёшли Севинчнинг кўпроқ отасига тортгани билиниб турарди.

   -Қизим,яхшимисан? Мени танидингми?-сўради Дилором қизчасини қучоқлаб тиззасига ўтқазаркан.

-Танидим.Сиз нанажонимсиз,- деди  бийронгина овозда Севинч.

     -Мен сенга,сизларга кўп совғалар олиб келдим.Сумкамни олиб кел,Фарҳод.-Жиянига буюрди Дилором.-Дарвозахонада эди.

    Фарҳод чиқиб кетиши билан худди  ўзининг ўсмирлигини эслатадиган Гулзода кириб келди.

-Ур-ра,аммажоним келибдилар. -Гулзода югуриб келиб,Дилоромни маҳкам қучоқлаб олди.

      Жувон Фарҳод олиб келган сумкани очиб,жиянларига атаб олган кийим-кечакларни берди. Янгасига кумушдан ишланган бежирим узук ва зиракни узатаркан,” Кам бўлса ҳам кўп ўрнида кўрарсиз”,-деб қўйди.Ҳамма хурсанд эди.Севинч ҳам онаси ҳозиргина эгнига кийгизган кўйлакчасининг этакларини кўтариб,чир айланганча ҳаммани кулдирди. Жувон  жилмайиб ўтирган бўлса-да, ранги оппоқ оқариб кетган онасининг  чеҳраси кўз ўнгидан кетмаётганди.

  Шу пайт дарвоза ёнига машинанинг келиб тўхтагани эшитилди.Бир зум ўтмай хонага Одилбек кириб келди.Унинг қиёфаси ташвишли эди.

 Дилором қизини кўрпачага ўтқазди-да,  жойидан туриб акасига пешвоз чиқди.

  -Акажон,онамнинг аҳволлари яхшими?

  -Шифокор тўғри айтибди.Онам ростдан ҳам инсульт бўлибдилар.Аммо худога шукур, кўзларини очдилар. Сени келганингни  айтдим.Фақат...

  -Нима фақат? Тинчликми? Мени қўрқитманг,ака.

- Онам унча яхши гапиролмаяптилар.Бироз муддат даволанишлари лозим экан,-Одилбек хомуш аҳволда шундай деди-да,эшикка қараб юрди.-Ҳозир ишхонага бир ўтаман-у,қайтиб шифохонага бораман.

  -Менам бораман,- шундай деганча Дилором ҳам жойидан қўзғалди.

   -Ҳозир болалар ҳам мактабига кетади.Мен ишхонамга телефон қилиб сал кечроқ боришимни айтаман,- деди Динара.-Касалхонага бирга бориб келамиз,Дилором.

  1.  Хайрли иш

 

    Нўъмонжон Каримжонга Дилоромни ёқтириб қолганини айтиши осон бўлмаган эди.Аммо уни яхши тушунган дўсти “Балки икковингизнинг тақдир йўлларингиз бирлашса,ҳаммаси яхши бўлар.Мен Дилором билан жиддий гаплашиб кўраман”,-деб кетгани,кечга яқин тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтиши унинг умидларини чилпарчин қилди.Кейинчалик неча марта қўнғироқ қилган бўлса-да,жувон у билан гаплашишни истамади  шекилли,жавоб бермади.Нўъмонжон  уни излаб боришга  қарор қилгунича,икки-уч ой ўтиб кетди.

Дилором билан ўзи гаплашиб олиш ниятида борган Нўъмонжон Татьяна Алексеевнадан  унинг Ўзбекистонга қайтганини эшитди. Йил охири яқинлашгани    учун  меҳнат таътилини олди-ю, ўзи ҳам Самарқандга учди.Кетишидан олдин Каримжондан опаси Динаранинг телефон рақамини олишни унутмади.

Унинг қайтиб келиши уйдагиларини хурсанд қилди.Қизалоқлари Озода ва Шаҳризоданинг чеҳралари яшнаб қолди.Онаси Розия хола бўлса,уни тезроқ уйланишга қистай бошлади.

-Болам,қачонгача ёлғиз яшайсан? Қизларинг ҳам  улғайиб қолди.Хотинингни яхши кўрардинг,биламан.Лекин уйланмасанг бўлмайди.Мениям сенларга боғлаб бермаган ахир,-деди онаси йиғламсираб.-Икки йилдан бери қайтишингни кутавериб чарчаб кетдим.

-Онажон,менга озгина муддат беринг.Мен янги йилгача Бухорога бориб келишим керак.Кейин  бу мавзуда гаплашамиз,-деди Нўъмонжон.

Аммо паспортининг муддати ўтиб кетгани боис,уни тўғрилатишга  вақт кетди. Бу орада ишхонасига бориб келди.Унинг тузалиб кетганидан ҳамкасблари хурсанд бўлишди.

  Ниҳоят янги йил  яқинлашган кунларда  паспортини олган Нўъмонжон Бухорога боришдан олдин Динарага сим қоқди. Ўзини таништириб,муҳим бир иш юзасидан Бухорога бормоқчилигини  айтди.

-Бемалол келаверинг,ука.Менга сиз ҳақингизда Каримжон айтганди,-деди самимий оҳангда Динара.-Қўлимдан келгунча сизга ёрдам беришга ҳаракат қиламан.Ҳаммасидан хабарим бор.

   Дилбар опа   касалхонадан чиққан бўлса-да,ҳали унча яхши юролмасди. Жувон бу орада  2-синфда ўқийдиган  қизи Дилобардан  икки-уч бор хабар олди.Қизи бошида бироз ётсираб турган бўлса-да,кейинчалик уни қувонч билан қарши оладиган бўлди.Аммо бундан хабар топган Илҳом қайнонасининг уйига келиб, Дилором билан жанжаллашиб кетди.

-Болаларга яқинлашишни хаёлингга ҳам келтирма,-деди у Дилоромга.-Сен уларга ҳеч ким эмассан.  Улар керак бўлганида,ташлаб кетмасдинг.

-Қанақасига ҳеч ким бўлмайман? Ахир мен уларнинг онасиман.-деди Дилором.-Уларни ҳеч бўлмаса кўриб туришимга қаршилик қилманг.

-Мен яқинда бутунлай Тошкентга кўчиб кетаман,-деди Илҳом унга.-Дилобар ва Ислом сени бутунлай унутишади. Қўй,уларнинг хаёлини бузма.Сендай онанинг борлиги  уларнинг келажагига салбий таъсир қилади.Агар яна бир марта қизимга яқинлашсанг,ўшанда қилмаган ишимни қиламан.Сени пичоқлаб ташлайман.

  Эркак бу гапни паст овозда  шундай қатъият билан айтдики,Дилоромнинг юраги бир қалқиб тушди.

 Шу пайт ҳовлига чиқиб қолган Динара гап нимадалигини англади шекилли,собиқ куёвини инсофга чақирмоқчи бўлди.

-Илҳом,сиз ҳам инсонсиз-ку,ахир.Қўйинг бундай қилманг.Дилором фарзандларини кўриб туришига рухсат беринг.

-Мен ўзим биламан нима қилишни. Бу болаларнинг  хаёлини бузмасин.Тирик эканман,бундай қилишига асло йўл қўймайман. Илҳом шу сўзларни ғазаб билан айтди-да,тез-тез юриб,дарвозадан чиқиб кетди.

 -Қўйинг,хафа бўлманг Дилором.Мен ўзим сизга яхши адвокат топиб бераман. У фарзандларингиз билан кўришиб туришингизга ёрдам беради,-деди янгаси таскин оҳангида.-Юринг уйга кирамиз.Қаранг,қор ёғяпти.Хайрият,бахтингизга Севинч бор экан.

 Дилором  ишига тиклангач, кредит асосида уй-жой олиш учун ҳужжат тўплай бошлади.Унинг юрагида ҳаётга нисбатан қизиқиш пайдо бўлган,уй олса    адвокат ёрдамида  ҳеч бўлмаганда болалари билан кўришиб туриш учун имкон туғилишидан умидвор эди.

Худди шу кунларда Нўъмонжон Бухорога келди. Қариндошларининг уйига жойлашгач, Динаранинг ишхонасига борди. Дилоромни ёқтиришини,агар рози бўлса,унга уйланишини билдириб,оила катталарининг олдидан ўтиш нияти борлигини айтди.

- Сиз Дилоромнинг ҳаёти ҳақида ҳамма нарсани  биласизми?- сўради Динара.-Кейин бир кун ораларингда гап қочиб қолса, ўтмишдаги  хатосини юзига солмайсизми?

- Опа, Каримжон менга ҳаммасини гапириб берган. Тўғри,Дилором   нотўғри иш қилган. Лекин мен унинг ўтмиши билан  ишим йўқ. Сиздан илтимосим,менга ёрдам беринг.Мен қайнсинглингизни бахтли қилишга ҳаракат қиламан.

  Динара унинг бу сўзларини эшитиб, ичида “Мард эркак экан.Кошки Дилором шу одамга турмушга чиқиб,тиниб-тинчиб кетсайди”,-деб ўйлади. Нўъмонжонга  бу гапни эри ва қайнонасига  айтишини , кейин  натижани билдиришини айтиб,хайрлашди.

 

   Динара ишдан қайтаркан,Дилоромнинг чигал тақдири ҳақида ўйлаб кетди. Кечки пайт эса ишдан қайтган эрига овқатини  сузиб берди-да,  ётиғи билан   Нўъмонжоннинг таклифи ҳақида гапирди.

  -Дилором уни танирканми?-сўради Одилбек.

   - Ҳа.Айтдим-ку,укам  билан иккиси дўст экан деб.Каримжон  синглингизни ёнига Нўъмонжонни номидан совчи бўлиб борганида,синглингиз ҳайдагандан баттар қилиб жанжаллашган экан,-жавоб берди Динара.-  Синглингизни кўндирсак,яхши бўларди.Бошида эри бўлса,ҳаммамиз тинч  бўлардик.

  Одилбек бироз ўйланиб ўтирди-да,” Бир нима деёлмайман. Бу масалани Дилоромнинг ўзи ҳал қилиши лозим”,- деб қўйди. Унга хотинининг гаплари жўяли туюлди.

 Динара энди қайнонасига бу ҳақда оғиз очиш ҳақида ўйлаб қолди. Ўтган бир йил давомида у қайнонасининг Севинчга қарайман деб,кўп қийналганини, бир неча бор касалхонага тушиб чиққанини  кўриб,унга раҳми келадиган, аяброқ муомала қиладиган  бўлиб қолганди.   Бу эса  Дилбар опа билан   муносабатлари яхшиланишига ёрдам берди.

   Бу орада янги йил байрами яқинлашди.Одилбек билан бозор қилиб келган Динара  турли пишириқлар пиширди,турли таомлар,салатлар тайёрлади.Дилбар опа унга аввалгидек ёрдамлаша олмаса-да, гоҳида ошхонага чиқиб гаплашиб ўтирарди.Вазиятдан фойдаланган Динара   гап бошлади.

-Ойижон,бир янгилик бор.Аммо неча кундан бери сизга қандай айтишни билмаяпман.

  Дилбар опа сергак тортиб келинига қаради.

-Тинчликми? Қанақа  янгилик?

-Дилором Санкт-Петербургда ишлаб юрган пайтларида укам Каримжон билан кўришиб қолишибди.Шу пайтда укамнинг ёнида самарқандлик дўсти Нўъмон исмли эркак ҳам бор экан.Хуллас,ўша дўсти Дилоромни ёқтириб қолибди.Хотини  туғруқ пайтида вафот этган экан...Пиширган печеньеларини қуюлтирилган сутга ботириб, патнисга тераётган Динара шу сўзларни айтиб,зимдан  қайнонасини кузатди.-Каримжоннинг айтишича,яхши одам экан.Иккита қизчаси бор экан.

-Нима иш қиларкан? –сўради Дилбар опа.-Дилором  биларканми,бу ҳақда?

-Каримжон қизингиз  билан гаплашган экан.Лекин у рози бўлмабди.-жавоб берди Дилором.-“Турмушга чиқиш ниятим йўқ,”-деганмиш.

-Одилбекка айтдингизми?

-Ҳа,айтдим.”Синглимнинг розилигисиз ҳеч нарса қилолмайман”,-дедилар.

    Дилбар опа чуқур ўйга толди.Кейин салмоқланиб:

   -Шу қизим ўзининг биргина хатоси туфайли ҳаётда кўп азоб чекди.Мениям кўриб турибсиз,соғлигим яхши эмас. “Ёмонни айтмасанг, яхши келмайди”,-дейдилар.Мендан кейин унинг ҳаёти қандай кечади?Кишиларнинг гап-сўзига,маломатига қачонгача чидайди? Ўша одамнинг бу ерлик эмаслиги  ҳам яхши бўлибди.Аммо у Дилоромнинг кечмишини юзига солмасмикан?-деди.

-Укамнинг айтишича,Нўъмонжоннинг ҳаммасидан хабари бор экан. Менга ”Қийналган аёл кўринади,  ўтмишини юзига солмайман”,-деди.

-Дилором билан гаплашиб кўришим керак,-қайнонаси шундай деб,жойидан турди.-Бироз чўзилай,келин.Ҳеч иш қилмаган бўлсам-да,чарчадим.

 

16.Кутилмаган учрашув

 

     Дилором  янги йил олдидан Бухоронинг етти пири ётган зиёратгоҳларни айланишни ният қилди. Тезроқ уй-жойли бўлишни,тиниб-тинчиб  ўз уйида ўтиришни истар,шу сабаб руҳан мадад олиш учун улуғ жойларга бормоқчи эди. Шу мақсадда вилоятга келган меҳмонларни буюртма асосида зиёратгоҳларга олиб борадиган автобуснинг вақтини аниқлади-да,уйига келиб бу ҳақда онасига айтди.

 Дилбар опа қизининг  мақсадини эшитиб,хурсанд бўлиб кетди.Кўпинча тушкун кайфиятда юрадиган қизининг бугун ўзгача бир кайфиятда эканлиги онанинг кўнглини кўтарган эди.

- Ёлғиз ўзинг борасанми,қизим?-сўради у.-Соғлигим кўтармайди-да,бўлмаса сен билан бирга борардим.

-Онажон,Гулзода ва Севинчни ҳам ўзим билан олиб кетсамми,деб турибман.Эртага тонгда йўлга чиқамиз,насиб бўлса.-жавоб берди жувон. Кейин онасига далда берди.-Тузалиб кетсангиз,кейинги гал албатта  бирга борамиз.

 Эртаси куни  вақтли туриб,жияни ва қизчаси билан Бухоро шоҳбекатига борган Дилором лозим автобусни топиб, чиқиб олишди.Бироздан кейин автобус тўлгач, ҳайдовчи етти пирлар сардори Хўжа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг қабри жойлашган Ғиждувонга қараб йўлга чиқди.

Автобусда тахминан  ўттизтача эркак-аёл бор эди.Эрта саҳардан бошланган зиёрат Вобкент,Ромитан туманлари бўйлаб  4-5 соатча давом этди.  Чунки Бухоронинг машҳур етти пирларининг қабрлари  туманларда жойлашган эди.Дилором Севинч ва Гулзода билан бирга ўтириб келаётгани учун ўзи учун нотаниш бўлган йўловчиларга деярли эътибор бермади. Аммо  уни кимдир кузатиб тургандай бўлаверди.

Яна қайтиб Бухоро шаҳри орқали Когон туманида жойлашган  охирги манзил,яъни еттинчи пир Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳига бориш вақтида зиёратчиларнинг автобуси тушлик қилиш  мақсадида йўл четидаги ошҳоналар ёнида тўхтади.Гулзода Севинчни кўтариб,аммасидан олдинроқ  тушди. Бошидаги рўмолини тузатиб,уларнинг орқасидан бораётган Дилоромнинг кўзи таниш чеҳрага тушиб,ҳайрон бўлиб қолди.”Нўъмонжонми? У бу ерда нима қилиб юрибди?”-хаёлидан кечирди у.

 Нўъмонжон уни эрталабоқ кўрган бўлса-да,бегоналар олдида гапириш ноқулай бўлгани учун жимгина кузатиб келаётганди.У   икки-уч кун сабр қилиб,Дилором билан гаплашиб олиш учун қулай имкон излаётганди. Кеча Динара унга қўнғироқ қилиб,Дилоромнинг зиёратга отланганини билдирганди.

Дилором  ошхона ёнида ўзига  тикилиб турган Нўъмонжонга қараб, юраги ғалати бўлиб кетди.”Наҳотки,мени излаб келган бўлса? Аммо нега? Мен унга умид берадиган бирор сўз айтмаган бўлсам? ”

 Бошида Нўъмонжоннинг уни излаб келганидан,зиёратга бориш вақтини ҳам аниқ билганидан ҳайрон қолган бўлса-да,бу янгасининг иши эканлигини тез илғаб олган Дилором тез-тез юриб,унга яқинлашди.

-Ассаломулайкум.

-Яхшимисиз,Дилором? Зиёратлар қабул бўлсин,-деди Нўъмонжон бироз ўнғайсизланиб.-Кейин қўшиб қўйди.-Мен ҳам Бухоронинг улуғ жойларини кўриб кетай, деб келгандим.

-Ҳа,раҳмат яхшиман.Юринг,овқатланиб олайлик.-Дилором уни ёнидан ўтиб ичкарига кирди-да,-“келинг” деганча жияни ва қизи ўтирган чеккадаги столга бориб ўтирди.Ошхона иссиққина экан. Аммо  табиатан тортинчоқ бўлган Нўъмонжон якка ўзи ўтириб овқатланди.

  Тушликдан сўнг яна ҳамма автобусга чиқди.Баҳовуддин Нақшбандий зиёратгоҳи  янги таъмирлангани сабаб таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди.Ниҳоят зиёрат тугаб,Бухорога кириб боришди.Шоҳбекатда Нўъмонжон Дилоромга яқинлашиб, секингина “Гаплашиб олишимиз керак.Илтимос,йўқ деманг,”-деди.Жувон бу муносабатга нуқта қўйиш мақсадида  бўлгани учун рози бўлгандай бош ирғаб қўйди-да,қизи ва жиянини таксида уйга жўнатиб юборди.

Иккаласи шоҳбекат ичкарисига қараб юришаркан, Нўъмонжон гапни нимадан бошлашни билмасди.

Ичкарида одам сийрак эди.Дилором бўш  ўриндиқлардан бирига бориб ўтирди.Нўъмонжон унга рўбарў ўтириб,гап бошлади.

-Дилором,нима мақсадда келганимни билиб турган бўлсангиз керак. Хуллас, мен сизга уйланмоқчиман.Шу гапни айтгунча,эркак терлаб кетди.-Иккимиз ҳам ҳаёт кўрган одамлармиз. Менимча...

-Лекин мен турмушга чиқиш ниятим йўқ.Бекорга овора бўлиб  шунча жойга келибсиз...-Дилором  унинг гапини бўлганча, жойидан турди.-Мен уй олиб,болаларим билан бирга яшашни истайман. Хайр,соғ бўлинг.

Жувон жойидан туриб  кетмоқчи бўлди.Лекин Нўъмонжон унинг қўлидан тутиб,кўзларига тик қаради.

-Тўхтанг.Ҳаётда ёлғиз ўтмасангиз керак.Бошингизда кимдир паноҳ бўлса,яхши эмасми? Мен сизни бахтли қиламан.Бу учун ҳамма нарсага тайёрман.

Дилором силтаниб  қўлини бўшатиб олди-да, “Мен сизга ишонмайман” деганча,югургудек  бўлиб шоҳбекат ташқарисига чиқди. Нўъмонжон нима қилишини билмай ўн дақиқача қотиб турди-да,унинг орқасидан юрди. Унинг кўнгли бўм-бўш бўлиб қолган, жувоннинг бундай кескин сўзларидан ранжиб, Самарқандга қайтгиси келаётганди.

Уйга қайтган Дилором яна онасининг мазаси қочганини, бироз олдин ”тез ёрдам” олиб кетганини  жиянларидан эшитиб,қотиб қолди.

-Нимага бундай бўлди?- сўради у Фарҳоддан.

-Билмайман,аммажон.Эрталаб бибим  яхши эдилар. Онам билан   нималарнидир гаплашиб ўтирдилар.Кейин мен бироз мизғиб олай,деб  хоналарига киргандилар.Онам чой олиб кириб,чақирсалар жавоб бермабдилар.-йиғламсираб жавоб берди Фарҳод.

-Кейин-чи?

-Онам  “тез ёрдам” чақирдилар.Кейин дадамга телефон қилдилар.-Фарҳод энди йиғлаб юборди.- Врачлар “иккинчи инсульт “деб айтишди. Онам ҳам бирга кетдилар.Қўрқиб кетяпман,аммажон.

Дилором кўчага қараб югурди. “Қайси касалхонада эканлар?Акам бордилармикан?- чўнтагидан қўл телефонини оларкан ўйлади у.-Худойим,илоҳим онамнинг жонларини омон сақла.”Шу пайт опаси қўнғироқ қилиб қолди.

-Дилором,қаердасан? Тезроқ вилоят касалхонасига етиб кел.Онамнинг аҳволлари оғир,-гўшакдан келаётган овоз  йиғи аралаш эди.

-Ҳозир,ҳозир бораман.-Юраги бўғзига қадалгудек ураётган Дилором нимадир юз берганини сезса-да,буни тан олгиси келмаётганди.

  Дилбар опа  инсульт  сабаб комага тушиб қолганди. Дилором    бурнига  кислород ниқоби,  томирига томчи дори уланган,ранги   ўзи ётган чойшабдек оппоқ  онаизорини кўриб,йиғлаб юборди. 

Шифокорлар қанча ҳаракат қилишмасин,тонгга яқин  Дилбар опанинг  жони узилди.

    

  1.  Умид-яшаш асоси

   Онасининг таъзия   маросими қандай ўтганини Дилором билмади. Янги йил кирган илк куни Дилбар опани сўнгги йўлга кузатишди. Аёл  ўзини қўрқинчли туш кўраётгандек ҳис қилар, ҳозир уйғониб кетади-ю,яна онажонисини  тирик,олдингидек бардам қиёфада кўрадигандек туюларди.Аммо минг афсуски,бундай бўлмади.

  Энг ёмони худди ўша кунларда опаси билан тортишиб қолгани бўлди. Дилноза   маърака кунларида Дилором билан гаплашгиси ҳам келмас,ниманидир сўраса эшитмаганга олар, ё жеркиб берарди.Бундан жаҳли чиққан   жувон опасини ошхонага чақирди-ю, ёрилди.

-Опа,мен сизга нима қилдим? Нега мен билан бунақа муомала қиляпсиз?

-Сен менга эмас,нима қилсанг ҳам онамга қиларингни қилиб бўлдинг.Самарқандлик бир одам сени сўраб келган экан.Нимага ўша эркакка тегиб кетмадинг? Сени ўйлайвериб, дардингни кўтаравериб охири онам ўлиб кетдилар.

-Опа,нималар деяпсиз? Мен турмушга чиқишни истамайман.

- Турмушга чиқишни истамасмиш,тавба. Нега бунча ноз қиласан? Сени деб  эл-юрт олдида бошимизни кўтаролмай қолдик. Узоққа кетсанг ўзингга ҳам,бизга ҳам яхши бўларди.   

  Дилором серрайиб қолди. Нималардир деб вайсаганча ошхонадан чиқиб кетган Дилнозанинг сўзларини охиригача эшитмади ҳам. Бошига биров гурзи билан туширгандек,нест бўлиб бир зум турди-да,онасининг хонасига қараб югурди.Онасининг бўшаб қолган диванига ўзини отиб,аччиқ-аччиқ  йиғлади.” Онажоним,онажоним-ей. Ростдан ҳам биргина  нотўғри қилмишим туфайли кўп йиллар эзилиб яшадингиз.Одамларга қўшилолмадингиз. Мени деб куйиб-ёниб, охири омонатларини топширдилар.”  Жувон  кўксини тиғлаётган пушаймон,афсус  билан анча йиғлади. Шу пайт  қўл  телефони чақириб  қолди.Салима қўнғироқ қилаётган экан.

  -Дугонажон,ассаломуалайкум. Ҳозиргина менга Карим ака қўнғироқ қилиб,онангизни вафот этганларини айтдилар. Бандалик-да,сизга сабр тилайман.

  Дилором унга жавоб беролмай,тинмай йиғлар,айни пайтда тасаллага муҳтож бўлиб тургани учунми ўзини ҳеч қўлга ололмаётганди.

Салима унинг аҳволини тушундими, далда берувчи гаплар айтиб кўнглини кўтаришга ҳаракат қилди. Ундан кейин яна бир нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди.Дилором бу гал жавоб беришни истамади. Чунки телефонда гаплашадиган ҳоли йўқ эди.

Онасининг маросимлари ўтгач,Дилором Бухородан бутунлай кетишга қарор қилди.Қизини ҳам ўзи билан  Санкт-Петербургга олиб кетади.  Жувон бутунлай тушкунликка тушиб қолган, ҳатто бошланғич тўловлари тўланган янги уйи ҳам кўзига кўринмасди.Аммо ҳали бунга акасининг  муносабати қандай бўлади,буни билмасди.

   Одилбек синглисининг  кетиш ҳақидаги  гапини индамай эшитди.  Лекин Дилором кутганидай  унинг кетишига  эътироз билдирмади.

-Ўзинг биласан,синглим.Ҳаёт сеники,-деди у қуруққина қилиб.- Севинчни нима қиласан?

-Олиб кетаман,ака.

     Янгаси бўлса унинг Нўъмонжонга турмушга чиқмаганидан хафа бўлганини яшириб ўтирмади.

-Сиз   укамнинг ўртоғи билан турмуш қуришингиз керак эди. Шунда ҳаммамизга яхши бўларди.Раҳматли ойижоним  ҳам  бу дунёдан  тинч кетардилар.

   Дилором шу пайтда яна бир ҳақиқатни англади.Аввал акаси ҳам опаси ҳам Дилбар опани рўйихотирини қилиб,унга қайишишган экан. Онаси  кўприк бўлиб,фарзандларини бир-бирига боғлаб турганлигини тушунди. Энди бўлса...

    Бу орада Нўъмонжон унга 2-3 бора қўнғироқ қилиб,ҳол-аҳвол сўради.Айтишича,у аввал ўзи  ишлаган шифохонада  иш бошлабди. Руҳияти синиқ Дилором унга умид бағишлаш нияти бўлмаса-да,одамгарчилик юзасидан  қўнғироқларига жавоб берадиган бўлди.

    Мартнинг илк кунлари эди.Нафиса уни йўқлаб келиб қолди. Унинг ташрифидан хурсанд бўлган Дилором уни онаси иккиси яшаган хонага бошлаб кирди. Дугоналар уёқ-буёқдан гаплашиб ўтиришди.

     -Илҳом Тошкентга кўчиб кетибди.Хўжайинимнинг айтишича,ишлари юришиб, пойтахтдан уй-жой сотиб олганмиш.

      Дилором унга жавобан ҳеч нима демади.Нафиса унга синовчан тикилиб турди-да,гапида давом этди.

   -Сен нима қиласан энди буёғига?

    - Нима қилардим.Россияга бутунлай кетаман.-Дилором синиққина жилмайиб қўйди.- Шўр пешанада яна  нима бўлса кўравераман-да,дугонажон.

     -Дилором,инсон ўз тақдирини ўзи яратади. Бошига тушадиган яхши-ёмон кунларга ҳам фақат ўзи сабабчи ва жавобгар. Россияга бориб нима қиласан? Нимага Нўъмонжонни рад қилдинг?

     -Сен буни қаердан биласан?-ҳайрон қолиб сўради Дилором.

    -Буни қандай эплаганини билмайман-у,лекин ўша самарқандлик эркак хўжайинимнинг ёнига борибди.Бизнинг ўртага тушишимизни ,аниқроғи  унга  ёрдам беришимизни илтимос қилибди. Мен шу сабаб ёнингга келдим.Улар мени кузатиб келишди.

     -Ким улар? –Дилором тушунмади.

     -Ким бўларди? Нўъмонжон ва Собиржон акам-да,шарақлаб  кулди Нафиса.-Ана ташқарида “Ласетти”да ўтиришибди.

  Шу пайт   Дилоромнинг қўл телефони чақириб қолди. Нўъмонжон қўнғироқ қилаётганди...

        

      ТАМОМ.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот