КЕЧИККАН МУҲАББАТ


АЁЛНИНГ АРМОНИ

 

— Энди шундай ўтиб кетаманми?..

   Нозима баъзан ўзига ўзи ваҳима билан шивирлаб қоларди. Аммо бу саволга жавоб топиш осон эмас эди.

   Келажак эса... Келажак ҳам худди шу саволнинг жавоби каби мубҳам эди.

  Фурсат эса елдек учиб ўтиб борарди.

  Нозимани мактабни битирганига бир йил бўлар-бўлмас турмушга берадиган бўлишди.

   Нозима кўникди. Унинг назарида, ҳаммаси шундай бўлиши ҳам керакдай эди. Шу сабабли бўлғуси эри билан учрашувга чиққанида қизариб-бўзариб, ердан кўз узмай, ҳаяжондан терак баргидай титраб тураверди.

   Ниҳоят уч-тўрт саволига жавоб ололмаган йигит мамнун тарзда илжайган бўлди:

— Ўзимга ўхшаб... камгапгина экансиз. Камгап камгапни қоронғида топган экан. 

  Қиз сўнгги гапга унчалик тушунмади. Зеро, атроф ёп-ёруғ эди, кўкда қуёш чарақлаб турарди. Бировнинг бошқани топишига қоронғиликнинг нима алоқаси бор?

   Аммо қиз яна миқ этмади. Уялинқираб тураверди.

   Мана шу уятчанлиги ҳам Қосимжонга маъқул келди чоғи, ишқилиб, тез орада тўй бўлди.

   Эл қатори яшай бошлашди.

   Қосимжон хўжаликда оддий ишчи бўлиб ишларди. Аммо қўли гул дурадгор эди. Шу сабабли дала ишлари тугагандан сўнг қиш бўйи бошқалар қатори уйда сасиб ётмасди — рандаю аррасини кўтарганча шаҳарга, мардикорликка жўнаб кетарди.

   Ҳаш-паш дегунча орадан беш йил ўтиб кетди. Бу орада Қосимжоннинг саъй-ҳаракати билан ёш оила алоҳида уйга бўлди. Нозима ҳам қараб турмади — қаторасига тўрт фарзандли бўлди. Худди буюртма қилингандек: икки ўғил, икки қиз.

   Ҳаёт ўз йўлида давом этарди. Нозиманинг назарида ҳаёт мана шундай сокин тарзда то умрининг охирига қадар давом этадигандек эди.

   Ахир норози бўлишга асоси ҳам йўқ-да: оз-моз ичиб туришини ҳисобга олмаганда, эри урмайди, сўкмайди, фақат оғзига сўк солиб олгандай уйга жимгина келиб, жимгина кетади; ҳатто бир ойлик мардикорликдан қайтса ҳам уйдан бир соат бурун чиқиб кетгандай яна индамай, жиддий тарзда кириб келаверади. Нозима баъзан бунақа пайтлари сал оғрингандай бўлади. Унингча, бир ой кўришмагандан кейин... эр деган жонивор уйга сал ошиғиб, ҳовлиқиб, ҳеч бўлмаса кўзлари чақнабгина кириб келиши керакдай. Қосимжон бўлса... оғзига сув ютган балиқдай миқ этмайди... Кўзлари ҳам ўша-ўша... Оқшом, ҳатто чироқ ўчиб қолгандан кейин ҳам тўшакка шошавермайди. Ҳовлини айланиб юрадими-ей... Ахийри келгач эса... жимгина ётади-да, жимгина ухлайди... Гўё кун кеча бирга бўлишгандай, орадан шу-унча вақт ўтмагандай... Илиқиб қолган тақдирдаям ҳамишагидек ишини жиддият ила, моҳир уста йўниладиган дарахтни синчковлик билан ушлаб-ушлаб кўраётгандай, совуққонлик билан бажаради. Бир оғиз “Соғиндим...” ҳеч бўлмаса “Уйга шошдим...” дейиш йўқ. Жуда нари борса сўрагани: “Ташлаб кетганим картошка-пиёзга етдими, қарз бўлиб қолмадиларингми?.. Гўшт қанча бўлди? Шаҳарда фалон сўм... ” Ниманидир интиқ кутаётган Нозима баттар сиқилади, кўзларига қуйилиб келаётган алам ёшларини бир амаллаб яширади-да, тескари ўгирилиб олган кўйи ҳисобот беради: “Ташлаб кетганингизга бунча пиёз олдик, унча картошка... сабзи... Гўшт бизда бунча бўлди...” Сўнг, эри пишиллаб ухлаб қолгач, жувон алам билан болишини тишлайди, қуйилиб келаётган иссиққина кўз ёшларига эрк беришни истайди.

   Бироқ бунақа пайтлари жувон кўнглида пайдо бўлган норозилик учқунига дарров сув сепишга шошади: “Нима, уч кунлик келинчакмидимки, ноз қиламан... Неча йиллик эр-хотин бўлсак... Кўз чақнашига бало борми... “Соғиндим” деган гап ёш келин-куёвга ярашади... Энди бизнинг бўларимиз бўлди...”

   Лекин бир нарсани тан олгиси келмайди Нозиманинг: у “соғиндим...” деган сўзни келинчаклик пайтлари ҳам эшитмаган... Негадир, жувоннинг назарида, шу сўзни эрининг оғзидан эшитса бас, етмиш икки томири бўшашиб, юраги дукирлаб уриб кетадигандек... Энг асосийси — ўзини чиндан ҳам бахтли ҳис қиладигандек...

   Нозима баъзан бунақа ўйларини чучмал ҳинд киноларининг таъсири деб ўйлайди. Балки шу сабаблидир ортиқ бунақанги аҳмоқона хаёлларга берилмасликка онт ичади. Эртаси куни эса... ҳаммаси бошидан бошланади.

   Аммо қисмат ўз айтганини қилди.

   Нозима эрининг оғзидан бир маротаба “Соғиндим...” сўзини эшитолмай армонда қолди.

 

ЁЛҒИЗЛИК ИЗТИРОБЛАРИ

 

   Фалокат оёқ остида, деганлари шу-да.

   Бўлмаса Қосимжон ёлғиз бўлмаган, учта шериги билан навбатдаги буюртмани якунлашганини нишонлашган. Уй эгаси яхшигина ҳақ тўлаган экан. Шунга қувониб кетган мардикорлар чойхонага бориб, ош қилишган.

   Табиийки, ош устида аввал қиттак-қиттак отишган ҳам. Сўнг иштаҳалари очилиб кетиб, яна опкелишган ўша зорманда шайтоннинг сувидан.

   Хуллас, оқшом тўртовлон гандираклашиб катта кўчага чиқишади.

   Ўн беш яшар бир ўсмир отасини алдаб, “Ювиб келаман” деб олиб чиққан машинани катта кўчада елдириб кетаётган экан. Худди шу машина келиб-келиб тўсатдан гандираклаб кетиб, йўл ўртасига чиқиб қолган Қосимжонни уриб кетади... Қўрқиб кетган бола бирдан тормозни босган, машина ағдарилган. Хуллас, болани ҳам асраб қолишолмаган...

   Қосимжонни қишлоқ чеккасидаги қабристонга қўйишди.

   Нозима йигирма уч ёшида бева қолди.

   Аввалига ота-онаси олиб кетмоқчи бўлди. Аммо Нозима кўнмади. “Қосимжон аканинг чироғини ёқиб ўтираман”, деб туриб олди. Бу гап кексайиб қолган қайнота-қайнонага ҳам маъқул бўлди.

   Тўғри, айрим қайноғаю қайинопалар “Бу уйни укамиз ўз қўли билан қурган, демак, бу бизга тегишли” қабилида писанда гаплар қилиб кўришди. Аммо Нозима шу масалада бўш келмади. Зеро, у ўзини эмас, тўрт фарзандини ўйларди. Икки қизи-ку, бир кун келиб, насиб қилса, жойини топиб кетар, чиққан қиз чиғириқдан ташқари; аммо икки ўғлини уйлантирадиган бўлса келинларни қаерга туширади? Ота-онасининг каталакдай уйигами? Йўқ, нима бўлса ҳам уйни қўлдан чиқармаслик керак...

   Жувон ушбу қарорида қатъий туриб олди.

  Болаларни боқиш керак эди. Нозима кетмон кўтариб далага чиқди. Аввал чопиқчилик қилди, кейин машоқ терди, сўнг пахта. Кузда меҳнати эвазига берилган буғдойни тегирмонда торттирди. Баҳордан ипак қуртига ёпишди.

   Одам ҳар нарсага кўникар экан.

   Нозима ҳам ёлғизликка кўниккандай бўлди. Бир-икки хотин қўйган ёки хотини ўлган эркаклар оғиз солиб кўришди. Жувон рад этди. Эр деса Нозиманинг кўз ўнгида индамас турмуш ўртоғи Қосимжон намоён бўлади. Нимагадир бундай эрга жувоннинг кўнгли чопмайди... Бироқ овул эркакларининг бир қисми Россияга бориб ишлаб, сулув-сулув, оқбадан ўрис аёлларига кўнгил қўйиб улгурган эканларми, ишқилиб, Нозимага оғиз соладиган бошқа мард топилмади.

   Эрталабдан то қоронғу тушгунча иш, иш...

   Тўғри, узлуксиз меҳнат одамни турли хаёллардан алаҳситаркан, аммо вужуд чарчагани билан, мия қурғур сира чарчамас экан. Аксинча, ишлайвераркан, ишлайвераркан.

   Ҳар қанча ҳориб-чарчаб, вужуди қақшаб ўринга чўзилса-да, Нозима бирдан ухлай олмас, баъзан тонггача мижжа қоқмай чиқарди. Жувон бундай маҳаллари беихтиёр ўзига ўзи ваҳима билан шивирлаб қоларди:

— Энди шундай ўтиб кетаманми?..

   Ҳолбуки, воқелик бари айнан шу тарзда кечишидан шоҳидлик бериб тургандай эди.

   Зеро, эри вафотидан кейинги бир йил... икки йил... уч йил... тўрт йил... беш йил худди шу алфозда, тўғрироғи икки томчи сувдай бир-бирига бениҳоя ўхшаш тарзда ўтди.

 

БИР ОҒИЗ ШИРИН СЎЗ 

 

   Қишлоқ каттагина бўлиб, тўй-маъракаларга қатнашмаслик кишини эл кўзига ёмон кўрсатиб қўярди. Нозима ҳам имкон даражасида юртга аралашар, аммо қишлоқда бўлаётган гап-сўзлар ёки янгиликлардан унчалик бохабар бўлолмасди.

   Балки шу сабаблидир, баҳор кунларининг бирида хўжалик идораси ёнидан ўтиб бораётган Нозима йўл ёқасида янги қурилган пастаккина новвойхонани кўрганида аввал ҳайрон бўлди, сўнг қувониб кетди. У неча ойлардан буён болаларига қора буғдой унидан нон ёпиб берар, анчадан бери уларга сап-сариқ ундан тайёрланган иссиққина нон сотиб олишни ўзича режалаб юрарди. Пули бўлса бор.

   Нозима новвойхонанинг қия очиқ эшигидан мўралади:

— Иссиқ нон борми? 

   Тандир ёнида турган басавлат, бошига оқ рўмол ўраб олган эркак шу томонга ўгирилди ва опоқ тишларини намойиш қилаётгандай кулимсираб:

— Келинг, сингилжон, — деди илтифот билан. — Иссиқ ҳам гапми, қайноғидан бор.

   Нозима ичкарига кирди.

— Нонингиз неча пул? — деб сўради. 

   Новвой нархни айтди.

— Тўртта, — деди пулини чамалаб кўрган жувон.

— Марҳамат.

   Дарҳақиқат, новвой ён тарафдаги сўри устида турган қайноққина, буғи чиқиб турган нонларда тўрттаси шу томонга сурди.

   Нозима пулни бергач, нонларга қўл чўзди.

— Ий, қайноқ дедим-ку, сингилжон, қўлингиз куяди-я!

   Жувон шошиб қўлини тортди.

— Сумкангиз йўқми?

— Йўғиди.

   Новвой атрофга аланглади.

— Тўхтаб туринг, бир нарса ўйлаб топамиз. Мана, ҳозир...

   Шундай дея новвой сўри четида турган газеталардан бирини олди-да, қайноқ нонларни шу газета устига қўйиб берди.

— Мана, марҳамат, синглим.

   Шунча илтифотга жавобан Нозима раҳмат айтмоқчи бўлди, аммо нимагадир истиҳола қилдию, новвойхонани тарк этишга ошиқди.

   Кечқурун кўчада кечаётган бекорчи гурунг орасида Нозима ҳамсояси, қишлоқдаги жами гап-сўздан хабардор Раҳимадан сўраган бўлди:

— Конторнинг олдига янги новвойхона тушибдими?

   Раҳима унга ажабланиб қаради.

— Янги деганингиз нимаси? Уч ойдан ошди-ку. Лекин янги новвой клиент йиғаман деб нонларни зўр қилиб ётибди. Кўпчилик шунинг олдига борадиган бўлган.  

   Бу тўлақонли маълумотдан сўнг Нозима новвойнинг ширинсўзлиги боисини англагандай бўлди.

   Эҳтимол дунёда биз эркаклар англамайдиган, аммо нозиктаъб аёллар қалби билан ҳис қиладиган нечукдир сирли-сеҳрли ишоралар, ғайритабиий имдодлар бордир.

   Ҳар нечук, Нозима кейинги ҳафта яна икки марта янги новвойхонага бориб хуштаъм, қайноқ-қайноқ нонлардан олиб келди.

   Бу орада Раҳимадан қизиқаётганини билдирмаслик учун кейинги маълумотларни сездирмасдангина сўраб олишни уддалади.

— Новвойнинг оти Эргаш. Ўзини Бахмалдан дейишади. У жойларда одам кўп, иш кам-да. Хотини ўлган эканми нима бало, ишқилиб новвойхонанинг ўзида ётиб юради. Шунинг учун тонг саҳардан тайёрлаб қўяди-да нонни...

   Нозима... яна ва яна нон олишга борар, новвой Эргаш эса оппоқ тишларини намойиш қилгандай самимий жилмайишнию харидорга илтифот кўрсатишни бопларди.

 

“КЎНГИЛГА БУЮРИБ БЎЛМАС ЭКАН...”

 

   Ҳар қанча катта бўлмасин, қишлоқда гап ётармиди.

   Хуллас, кутилмаганда Нозиманинг новвойхонага серқатнов бўлганлиги ҳақидаги миш-мишлар аёлу эркак оғзида анча вақтгача сақич бўлиб чайналиб юрди.

   Бу орада Раҳима янги гап топиб келиб қолди:

— Ўзим кўрдим! — дея чинқирди у автобусдан тушасола бекат ёнидаги кичик бозорча олдида тўпланишиб турган аёллар сафини ёриб кираркан. — Ўз кўзларим билан кўрдим! — Жувон шу сўзларни айтар чоғида кўрсаткич бармоғини ўнг кўзига суқиб юборар дараража ваҳима билан яқинлаштирди. — Юрибди иккалови! Оғиз қулоқда! Атай орқаларидан пойладим. Кап-катта одамлар уялмай кафега кириб, музқаймоқ ялаб ўтиришибди! Ўзим кўрдим!..

   Ахийри қайта-қайта сўровлардан сўнг хотин-халаж гап ким ҳақида кетаётганини англаб етишди: бу Нозима билан Эргаш новвой эди.

   Овул кайвонилари бет чимчилашди, оряаворатдан Нозиманинг гўрига эринмай ғишт қалаганлан ҳам кўпчилик эди. Ниҳоят кексароқ аёллардан бир-иккитаси

Эртаси куни атай йиғилишиб, Нозиманинг уйига боришди.

  Одатдагидек, гурунг бутунлай безарар мавзулардан, хусусан нарх-наво, болаларнинг қулоқсизлигию раҳбарларнинг қанча пул ишлаётганидан бошланиб, бора-бора ҳозирги замонда айрим эркакларнинг ёлғиз аёлларни алдаб кетаётганлигию, айрим хотинларнинг қариганда элга кулгу бўлишдан уялмай, катта кўчада бегона эркаклар билан етаклашиб юришига келиб тақалди.

   Аввалига Нозима ўзини ҳеч нарсага тушунмаётгандай тутди. Бироқ бу ҳийласи иш бермаслигини англагач, туйқусдан бошини эгдию, қизариб-бўзараганча:

— Нима қилай, кўнгилга буюриб бўлмас экан... — деди.

   Ана холос! Кайвонилар анг-танг қолишди. Сунъий жағи оғзидан тушиб кетган Норхол момо қўлини жувонга бигиз қилганча бир-икки:

— Шен... шен... — дедию, аммо аниқ нима демоқчилигини билмагани боис, шу билан кифояланиб қўя қолди.

   Шу билан гап-сўз тугади.

   Кайвонилар тўнғиллай-тўнғиллай бу хонадонни тезроқ тарк этишга ошиқишди.

   Нозиманинг ажабтовур эътирофи эса бирпасда қишлоқда гап-сўз бўлди...

  Буни эшитган не-не кексалар “Тавба-а” дея ёқа ушлашаркан, мутлақо ажабланишиб:

— Тўрт болали есир хотинда кўнгил бўлармикан... — дейишарди.

   Афсуски, бўлар экан. Ахир, муҳаббат ёш танламас деб бежиз айтмаганлар-ку...

 

МУҲАББАТНИНГ КЕЧИ БЎЛМАЙДИ

 

   Нозима эса... бахтиёр эди!

  Эргаш новвойни кўрса ва ҳаттоки унинг исмини эшитиб қолса моҳпора ойимқиздай қизариб кетадиган, кўзлари чақнаб кетадиган аҳволга тушган жувон ўз ҳиссиётларини шу қадар нўноқлик билан яширишга уринардики, ҳаммаси “манаман” дея кўзга ташланиб турарди.

   Новвойнинг аҳволи ҳам жувонникидан беҳроқ эмасди.

   Ҳамма нарсадан тезликда хабар топа олиш салоҳиятига эга одамларнинг (уларнинг баъзи бирлари барча ишини ташлаб, эринмасдан Бахмалга ҳам бориб келган дейишади) айтишларига қараганда бечора Эргаш азроилмонанд хотини дастидан уйдан бош олиб чиқиб кетган экан. Бўлмаса қўлида гулдай ҳунари бор, новвой ҳаммага ҳам керак...

  Хуллас, Нозима билан Эргашни гоҳ шаҳарда, гоҳ новвойхонада бирга кўришаверишди, кўришаверишди, шунга яраша гап-сўзлар ҳам хамиртуруши ошгандай кўпираверди, кўпираверди...

   Бу иккала кап-катта одамга қараган одамнинг кулгуси келарди. Ўзлариям илтифоту ширинсўзликнинг, бир-бирларини бошга кўтариб муомалада бўлишнинг тирик намунаси эдилар-да. Жувон новвойдан мулойим, новвой жувондан... Бир-бирларига қувнаб, кўзлари чақнаб термулиб қолишлари-чи... Ҳа, нима десангиз денг, аммобаайни эрта-индин тўйи бўладиган йигит-қизнинг ўзи...

   Муҳаббат нафақат ёш танламаскан, балки муҳаббатнинг кечи ҳам бўлмас экан...

 

СИНОВ

 

   Гап-сўзгар тошга томаётган точидай гап — барибир бир куни қайдандир тешиб чиқади.

   Муҳаббат шаробидан маст Нозима билан Эргаш ҳам тез орада дастлабки синовга дучор бўлдилар.

   Бир куни нон олиш баҳонасида новойхонага кирган овул оқсоқолларидан бўлмиш Равшан чол Эргашни сиқувга олди:

— Менга қара, ҳой бола, мақсадинг нима ўзи сенинг? Нозима бизнинг уруғдан, уни бировга хафа қилдириб ҳам  қўймаймиз. Агар ниятинг ёмон бўлса, терингни шиби оламан сен боланинг!.. Ё бекорчиликдан эрмак излаб қолдингми?

   Новвой жилмайди:

— Ниятим ёмон эмас, отахон. Бекорчиликдан эрмак изласам, бир бечоранинг бошини оғритмай, шунақа жойларга борардим-қўярдим-да.

   Равшан чол жаҳл билан ҳассасини кўтарди:

— Унда чайналавермасдан айт кўнглингдагини!

   Новвой оқсоқолга қаттиқ тикилди:

— Мен шу жувонга уйлансам дейман...

   Табиийки, бу гап ҳам шамол тезлигида қишлоққа ўрлади.

   Энди аёллар Нозимани сиқувга олишди:

— Ҳой, хотин, ким ўзи бу новвой, хотини бормиш деб эшитамиз, болалари бормикан, хотинидан ажрашганмикан...

    Жувон барча саволларга елк ақисиш билан жавоб қайтарди:

— Билмайман. Лекин...

   Овул аёллари сергак тортишди:

— Нима “лекин”?

   Бир муддат ўй суриб қолган Нозима охири кўнглидагини айтди:

— Шу одамни кўрсам хурсанд бўлиб кетаман. Шу одамни ўйласам ҳам хурсанд бўлиб кетаман...

  Оқила аёллар Нозимани ҳафтафаҳмликда, ақлсизликда айблай-айблай қайтиб кетишди.

   Муҳаббат одамни кўр қилиб қўяди деганлари ҳам чин экан.

   Гап-сўзлар авжига чиққан кунларнинг бирида... Эргаш новвой Нозима билан никоҳдан ўтишибди!

   Қизиқ томони, келин томондан гуовҳликка Раҳима ўтибди. Новвойнинг ўзи эса бир ўртоғини бошлаб келибди.

   Қишлоқ ари уясидай ғувиллаб қолди.

   Айниқса овул қаҳрамони айланган Раҳима деярли ҳар бир уйга кириб, никоҳ маросими қандай бўлганлигини оғзини тўлдириб, ипидан-игнасига қадар айтиб берарди. “Гувоҳ”нинг айтишича, сабри чидамаган шўрлик Нозима мулла биринчи марта “Розимисиз?” деб сўрагандаёқ “Ҳа” деб юборган эмиш...

   Никоҳдан сўнг Эргаш новвой... Нозиманинг уйида яшай бошлади.

   Эртаси куниёқ ҳамма нарсага қизиқадиган қиз-жувонлар новвой ишга кетган маҳал аста ёпирилиб келишди ва ҳовлида минғирлаб хиргойи қилганча кир ёйиб юрган Нозимани ўраб олишди. Сўнг одатда бунақа пайтлари бериладиган қитмир савол ўртага ташланди:

— Хўш, чеча, қалай?

   Нозима бир муддат ўзининг оғзига тикилиб қолган қиз-жувонларга уялинқираб жилмайиб қараб турди-да, сўнг самимият ила:

— Ҳақиқий ҳаёт нелигини энди билдим... — деди.

   Қиз-жувонлар гуриллаб кулиб юборишди. Нозима баттар қизариб кетди...

 

ФАЛОКАТ

 

   Ҳа, Нозима бахтиёр эди. Мудом ниманидир ўйлаб, бошини ерга эгиб юрадиган, юзида ташвиш ифодалари қотиб қолган, ёшига нисбатан қаримсиқ кўринадиган бу жувон қандайдир бир-икки ой ичида бутунлай ўзгариб, бемалол айтиш мумкинки, ёшариб кетди. Энди Нозиа қаддини кўтариб, мағрур юрар, кўзларида бахтиёрлик ўти чақнар, ёноқлар ол тус олган, оз-моз бўёқ сурилган лабларида табассум ўйнар, пешонаси ҳам текислашгандай, ажинлар аллақаёққа йўқолганди.

   Эргаш новвой ҳам бахтнинг еттинчи қаватида учиб юрганини илғаш учун унга бир қарашнинг ўзи кифоя эди.

   Новвой икки марта бутун қишлоққа қайноқ нон улашиб чиқди. Текинга.

   Бу икки жон, Нозима билан Эргаш мана шу улкандан-улкан дунёда шунча йил адашиб-улоқиб юриб, ниҳоят энди топишгандай бир-бирларини ер-кўкка ишонишмас, бир-бирларини бошларига кўтаришар, Равшан чол истеҳзо ила айтганидай, бир-бирларининг соясига салом бериб, ҳаттоки кўрпача ҳам тўшардилар...

   Кутилмаганда...

   Кўрганлар анча вақтгача гапириб юришди.

   Милиционерларнинг хизмат машинасида иккита миршабни эргаштириб келган бир бақироқ хотин куппа-кундузи Эргаш новвойнинг новвойхонаси ёнида “Ҳой, мусулмонлар! Хотинбознинг дастидан дод! Ўлар бўлса ўлиб бўлдим-ку!..” дея бақириб-чақирганча юзини тилаверган!

  Бу томоша беш дақиқача давом этган. Ахийри адойи тамом бўлган, бирдан букчайиб, қаримсиқ кимсага айланиб қолган новвой ичкаридан отилиб чиққану, ҳеч кимга қарамасдан ўзини машина ичига урган.

   Яна кўрганлар гапириб юришди: юзи қонга беланган ваҳший хотин новвойнинг ортидан ўзини машина ичига ургану, яна куппа-кундузи, ҳамманинг кўз ўнгида муштдайгина бўлиб қунишиб ўтирган Эргаш бечорага ёпишиб, уни юмма талай кетган...

   Машина шиддат билан олдинган интилган...

   Бу воқеадан зудликда огоҳ этилган Нозиманинг юзи бирдан қорайиб кетган, жувоннинг ўзи “шилқ” этиб полга ўтириб қолган...

  Бу воқеани нафақат кўрган, балки эринмасдан текширишга тушган овул аҳли гапириб юрди: келган азроил Эргаш новвойнинг хотини экан. Улар ўн йилдан бери бирга яшашаркан, аммо ўртада фарзанд йўқ экан. Эргаш новвой авваллари ҳам бир-икки марта уйдан чиқиб кетган экан, лекин ҳар сафар хотин милиса укаси кўмагида эрининг қаердалигини аниқлаб олиб, бало-қазодай бўлиб бостириб бораркан.

   Новвой “ажрашаман” деркан, аммо эрига қариндошлик иплари билан ҳам боғланган хотин бу ҳақда эшитишни ҳам истамас экан...

 

ЯКУН

 

   Орадан бир ойга яқин вақт ўтди.

   Эргаш новвойдан бир хабар бўлмади. Нозима адойи тамом бўлди.

   Жувон бирдан қариб қолди, хунуклашган, ёноқ суяклари туртиб чиққан юзини ажинлар босди; қадди букчайди.

   Ниҳоят қирқ кун деганда Нозима тўнғич ўғлини олиб, ҳеч кимга билдирмасдан тонг саҳарда катта йўлга чиқди ва Бахмал томонларга жўнади.

   Она-бола қоронғу тушганда қишлоққа қайтиб келишди.

   Уйига аранг қадам ташлаб, гандираклаб кириб келган Нозима ўзини кўрпага ташлади ва шу ҳолида уч кун аланги оташ бўлиб ётди.

   Тажрибали Раҳима тўнғич фарзандни сўроққа тутди:

— Бордиларингми? Кўрдиларингми?

   Ўғил бош ирғади.

— Нима деди?

   Ўғил ҳайрон бўлди:

— Ким?

   Раҳиманинг жаҳли чиқди:

— Ким бўларди, новвой-да.

— Индамади.

   Аёл бақа бўлиб қолди:

— Миқ этмадими?

— Индамади. Фақат...

   Раҳима жонланди.

— Айт, нима фақат? Тўғрисини айт. Эси кўп боласан-ку...

— У киши бизни кўргандан йиғлайверди.

— Йиғлади? Уйида-я?

— Йўқ! Биз у киши билан қишлоқ чеккасида кўришдик.

— Хўш, кейин нима бўлди?

— Ҳеч нарса.

— Ойинг-чи? —жони ҳиқилдоғига келган Раҳима беихтиёр бақириб юборди. — Ойинг бир нарса дегандир.

— Йўқ, ойим ҳам индамади.

— Индама-ай, аммаммнинг бузоғига ўхшаб туравердими?

— Йўқ, ойим ҳам йиғлади...

— Кейин-чи, кейин нима бўлди?

— Ҳеч нима. Кейин биз уйтга қайтдик.

— Ҳой, инсон! — яна бақириб юборди Раҳима. — Қанча кўришдиларинг ўзи ўша... новвой билан?

— Уч соатча.

   Раҳиманинг кўзлари катта-катта очилиб кетди.

— Уч соат... кўзининг сийдигини оқизиб ўтиришмагандир. Бир-бирини ялаб-юлқаб дегандай...

— Йўқ, у киши йиғлади, ойим йиғлади. Кейин индамай орқага қайтдик. Ойим автобусдаям  тинмай йиғлаб келди...

— Буни қара-я...

 

ТАҚДИР

 

   Нозима тўртинчи кун деганда сал ўзига келди.

   Ҳолсиз, лаблари пўрс-пўрс ёрилиб кетган, кўзлар ич-ичига ботган бу жувон бундай бир ой олдингина нисбатан йигирма ёшга қаригандай эди...

   Ҳар қанча катта бўлмасин, қишлоқ аҳлининг ўзига яраша ташвиши бор. Нозимага ҳам алоҳида эътибор бериб ўтиришмади.

   Жувон тақдирига тан бергандай эди. У яна далага чиқиб кетди.

   Фақат кечалари Нозима ухлай олмайди. Тўшагига янтоқ солингандай сира ухлай олмайди, тинмай уҳ тортиб, ағдарилиб чиқади. Юлдузлар кўкка бодроқдай  сочилган кезлари эса жувон ҳовлига чиқади ва ҳушсиз одамдай ҳовлини айланаверади, айланаверади...

   Балки Нозима тақдирига тан берган ҳам бўлармиди. Аммо...

   Бахмалдан совуқ хабар келди: шу овулда уч-тўрт ой новвой бўлиб ишлаган Эргаш исмли киши юрак санчиғидан оламдан ўтибди. Майитни фалон соатга чиқаришаркан...

   Тўйга бормаслик мумкин, аммо жанозага... Овул оқосоқоллари йўлга тушишди...

   Нозима... Ҳар қанча тақдирга тан бергандай кўринмасин, юракнинг туб-тубида бир ожизгина умид учқуни йилтираб турарди: “Бир куни у қайтади...” Машъум хабарнинг совуқ эпкини шу учқунни ҳам сўндирди...

   Нозима чидаб тура олмади: дод солиб йиғлади, айтиб-айтиб йиғлади, ўзини деворларга уриб бўзлади, кийимларини йиртиб-юлқиб бўзлади... Жувон кеч келган бахтини, ўзининг аёл сифатида ҳузур қилиб, яйраб яшашига сабабчи бўлган суюклисини йўқотганди ахир... Ҳа, Нозима ҳақиқий ҳаёт, ҳақиқий бахт нелигини билди, кўрди. Оз муддатга бўлса ҳам. Аммо энди унга ўша тенгсиз бахтни ато этган инсон йўқ... Бунга қандай чидаб бўлади ахир...

   Йиғла, Нозима, йиғла...

Абдуқаюм Йўлдошев










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот