Иссиқ-совуқ қиладиган жодугар
Моҳигул НАЗАРОВА
Ҳикоялар
Иссиқ-совуқ қиладиган жодугар ёхуд тақдир туҳфаси
- Ажрашасан, дедимми, ажрашасан. Битта бола билан умрингни ўтказишингни истамайман. Келин бошқа фарзанд кўролмаса, нима қиласан у билан яшаб?
- Онажон, нимага ундай дейсиз? Шифокорлар “даволанса, яна фарзанд кўриши мумкин,” дейишяпти... Қолаверса, мен келинингизни яхши кўраман, деди Ражаб бўғилиб. - Бефарзанд эмасмиз, Худога шукур, Расулжонимиз бор-ку…
Очиқ турган эшик олдида қайнонаси ва эрининг гапларини эшитган Назокат титраб кетди. Қўлидаги овқат ва салат билан орқасига қайтиб, уларни стол устига қўйди-ю, ошхона эшигини зичлаб ёпди. Кичкинагина столга бошини тираганича хўрлиги келиб, унсиз йиғлаб юборди.
Ўзи бошидан-оқ қайнонаси Розия опа уни ёқтирмаган эди. Чунки у ягона фарзандига синглисининг қизини олиб беришни ният қилган экан. Розия опанинг биринчи турмуши феълининг оғирлиги, тўғрироғи тилининг аччиқлиги туфайли бўлмай, иккинчи марта бефарзанд одамга турмушга чиққан, бўш-баёвгина эри Аҳмад ака унинг чизган чизиғидан бир қадам ҳам чиқмас эди.
У ўғлидан ҳам шундай итоаткорликни талаб қилганида, Ражаб ўзи коллежда ўқиб юрган пайтларида севиб қолган гуруҳдоши Назокатдан бошқасига уйланмаслигини айтиб, оёқ тираб туриб олди. Розия опа ўғлига яхши-ёмон гапириб кўрди, аммо Ражаб ўз сўзидан қайтмади. Охири уни ўз измига солиш мақсадида “Унда ўзинг биласан, мен тўйингга умуман қўшилмайман, бир сўм сарфламайман ҳам,” - дейишгача борди.
Ражаб онасига ҳеч нарса демай, уйдан чиқиб кетди-да, уч кундан кейин Москвадан қўнғироқ қилиб, онасига хавотир олмаслигини, дўстларига қўшилиб Россияга кетганини айтди. Шу кетганича икки йилга яқин кетган ўғил тўйига етарли пулни топиб келди. Мағрурлик қилиб, ота-онасидан тўйига бир тийин сарфлашларига йўл қўймади. ”Онажон, - деди у -. Мен фақат Назокатга уйланаман деганман-ку, сизга. Совчи бўлиб боринг, у мени деб қанча совчиларни қайтарди”. Розия опа ўғлининг қарорига бўйсунишдан бошқа илож тополмади.
Ихчамгина тўй бўлиб, икки севишган қалб ниҳоят мурод мақсадларига етишди. Назокат яхши келин бўлди.У уй-рўзғор ишларида чаққон, қўли ширин, муомаласи гўзал, истараликкина келинчак бўлиб, Розия опа эътироз билдириш учун ҳеч қандай сабаб тополмасди.
Назокат яхшигина тикувчи ҳам эди. Атрофдаги қўшниларнинг кийим-кечакларини бежирим қилиб тикиб бериб тилга тушди. Қайнонаси қилдан қийиқ ахтариб, танбеҳ берса ҳам жилмайиб турадиган келинини қайнота бўлмиш Аҳмад ака ҳимоя қилар, бу эса Розия опанинг баттар жаҳлини чиқарарди. Назокат қайнанасига умуман гап қайтармас, нима деса “Хўп,бўлади, ойижон”, - дерди. Оғзидан “лаббай”, ”хўп бўлади” сўзлари тушмайдиган келинини Розия опа умуман ёқтирмасди. Келинини тилёғмалик ва хушомадгўйликда айблаб, ”ҳаммаларинг ўшани тарафига ўтиб олдинглар, мени борлигим бу хонадонда билинмай ҳам қолди,” - деб эри ва ўғлига тўнғиллаб ҳам қўярди.
Бу орада Расулжоннинг туғилиши оиладаги вазиятни бироз юмшатгандай бўлди. Розия опа набираси билан ўралашиб, бироз чалғигандай бўлди. Ўғли 2 ёшдан ошгач, Назокат уни боғчага бериб, уйда ҳам буюртмалар оладиган бўлди. Аммо нима қилмасин, барибир қайнонасининг қовоғи очилмасди. Ражаб эса синфдошларига қўшилиб, яна бир йилча Россияда ишлаб келди. Эр-хотин топган-тутганларини қўшиб, ”Матиз” сотиб олишди. Ражаб ҳайдовчилик курсини тугатиб, киракашлик қила бошлади. Розия опа ҳамон ўғлини очиқдан-очиқ келинидан қизғанар, йўқ жойдан қандайдир камчилик топиб, жанжал қилишгача борарди.
Бу орада Расулжон 5 ёшдан ошдиямки, Назокатнинг бўйида бўлавермади. Шифокорларга учраган эр-хотиннинг узоқ давом этган текширувлардан сўнг эшитган ташхислари жуда қўрқинчли эди. Назокатнинг миясида қандайдир ўсимта бор экан. Бу ўсимта ҳаёт учун ҳеч қандай хавф солмаса-да, ёш аёлнинг энди фарзанд кўриши даргумон бўлиб, чидам билан узоқ даволаниш курслари олиши лозим экан. Шунда ҳам ҳомиладор бўлиш имконияти жуда кам эди.
Розия опа энди учраган одамига келинидан шикоят қилар, агар суҳбатдошларидан кимдир ”Битта бўлсаям набирангиз бор экан. Шукур қилинг.” - деб қолса борми, ўша одамни душман қаторида кўрарди. Чунки у Ражабдан бошқа фарзанд кўролмагани боис, набиралари кўп бўлишини орзу қилган эди.
Бу орада у Ражабга қачонлардир олиб беришни истаган жияни Раҳима қизчаси билан эридан ажрашиб келди. Ўзининг айтишича, эри билан муросаси тўғри келмаганмиш. Розия опа жиянини ҳар кўрганида “Эҳтимол, шуни келин қилсам, шу пайт 2-3 та набирам бўлармиди? Раҳима ва Ражаб бахтли бўлиб кетишармиди?” - деб ўйлаб қоларди.
Назокатнинг касаллиги Розия опа учун айни муддао бўлди. У ўғлини келинидан ажратиб, жиянини олиб бериш пайига тушиб қолди. Синглисига бу гапни айтганида, у ҳам опасини қўллаб-қувватлади. Опа-сингил қанча фолбин-у, муллаларга бориб, эр-хотинни бир-биридан ажратиш йўлларини излашди. Афсус, бу “иссиқ-совуқ”-у, дуоларнинг ҳеч қайсиси ёрдам бермади. Аксинча, Ражаб хотинини олиб Тошкентга, катта профессор - шифокорларга кўрсатишга олиб кетди.
Ўғлининг бу иши Розия опани янада ғазаблантирди.Ўғли ва келини қайтгач, уларни жанжал билан қарши олди. Келинини бошқа туғмасликда, ўғлини эса бекорга пулларини ҳавога сарфлаб юрганликда айблади. Назокат ҳам ўзи тўлиб юрган эканми, шунча йил ичида биринчи марта қайнонасига гап қайтарди. Жанжал катталашиб, қизиққон Розия опа келинининг ота-онасини чақиртирди. Қизларини олиб кетишларини, ўғлининг биргина фарзанд билан дунёдан ўтиб кетишига йўл қўймаслигини айтди. Аммо Ражаб хотини билан ҳеч қачон ажралмаслигини таъкидлаб, қайнона-қайнотасини ширин гапириб кузатиб қўйди.
Кеча бўлиб ўтган жанжалдан сўнг қайнонасининг бугун бироз тинчланишини кутган Назокат ўзининг янглишганини билиб, баттар йиғлагиси келди. Мана, ҳозиргина ўғлини ажрашишга қистаб ўтирганига гувоҳ бўлди. “Ойижоним, мен билан ўғилларини ажратиб, кейин тинчийдилар, шекилли. Мен-ку, майли. Аммо Расулжоннинг тақдири нима кечади?”
Ўйлари охирига етмай туриб, ошхона эшиги очилиб, Ражаб кириб келди.
- Назош, биласанми нима? Мен ҳозиргина онам билан бир нарсага келишдим. Биз ижарага чиқамиз. - деди у ўйчан аҳволда. -Эҳтимол, шунда ҳаммаси ўз ўрнига тушар.
- Ия, одамлар нима дейди? Якка-ю ягона ўғилсиз. Хотинини деб ота-онасини ташлаб кетибди дейишмайдими? - шу ерда ҳам андиша қилди Назокат.
- Одамлар, одамлар…Одамларга нима ишинг бор? Оила бизникими? Сендан ажрашишни истамайман. Бошқа фарзанд кўриш ё кўрмаслигимиз фақат Яратганнинг қўлида. Агар яна фарзанд кўрсак, нур устига аъло нур. Кўрмасак, демак бу ҳам пешана... Аввал баланд оҳангда гап бошлаган Ражаб кейин ўз сўзларидан таскин излагандек жимиб қолди. - Мен доимгидек киракашлик қиламан, сен ишлайсан. Худо хоҳласа, ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади...
Назокат индамади.”Қайнонамга ёқиш учун нималар қилмадим? Аммо барибир кўнгилларида менга нисбатан меҳр уйғотолмадим. Эҳтимол, алоҳида яшасак ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетар...” ўйлади у ичида. Аммо жувон ҳали уни олдинда нималар кутаётганини билмасди.
Кўчиб кетаётганларида қайнонаси Назокатнинг сепида келган иккита катта гиламини, чиройли чинни сервизларини, ўзи келинига деб қилган кўрпа-тўшакларини, Ражабнинг кийимларини олиб кетишига йўл қўймади. ”Агар ўғлимга кийим керак бўлса, шу ерга келиб кийинади. Кийимлари кир бўлса, шу ерга келиб алмаштириб кетади. Ўзим ювиб бераман”, - деди безрайиб.
Назокат юраги ғазаб ўтида қоврилаётган бўлса-да, қайнонаси билан гап талашишнинг оқибати нима бўлишини билгани учун ҳам индамай қўяқолди. Чунки ҳозир Розия опага нимадир деб эътироз билдириш оловга бензин сепиш билан баробар эди. Қолаверса, Назокатга Тошкентдаги шифокорлар ортиқча асабийлашиш унинг соғлигига жиддий зарар етказишини, ўсимта катталашса, ҳомиладор бўлиш имконияти камайишини тушунтиришган эди.
Шаҳар четида жойлашган кўп қаватли уйдаги 2 хонали квартирадан қўним топган ёш оиланинг осойишта ҳаёти кўпга чўзилмади. Розия опа ҳар куни бир баҳона топиб, ўғлини чақиртириб олар, гоҳо умуман қайтиб юбормасди ҳам. Назокат кўпинча Расулжон билан ёлғиз қолиб кетарди. Гоҳо қайнона қандайдир туҳмат гапларни топиб келиб, келини билан жанжаллашишдан зерикмасди. Охирги пайтларда Ражаб ҳам қандайдир ўзгариб қолган, ҳаммасидан чарчаб, асабий ва ўйчан аҳволда юрарди. Йигит икки ўт орасида қолган, онасининг нотўғри қилиқларини кўриб турса-да, қаттиқ гапиролмас, бу ерда Назокатнинг изтироб чекаётганини кўриб баттар эзиларди.
Куз фаслининг бошида Расулжон биринчи синфга борадиган бўлди. Уни мактабга олиб бориб келиш Ражабнинг зиммасида эди. Расулжон мактабдан кейин бувисининг уйига борар, бобоси билан турли ўйинлар ўйнаб, кеч соат бешларда уйга қайтарди. Розия опа жажжи набирасига онасини ёмонлашдан чарчамасди. Расулжон бола эмасми, ҳар куни келиб бу гапларни онасига айтиб берарди.
- Ойижон, бувим сизни жодугар дедилар.
- Ойижон, сиз менга укача ёки сингилча олиб келолмас экансиз. Бувим сизни “туғмас хотин”-деб айтдилар.
- Ойижон, сиз дадамни “иссиқ совуқ” қилганмишсиз. Нима дегани у?
- Ойижон, бувим дадам билан сизни ажратиб, Раҳима опамни келин қиларканлар. Кейин у менга ойи бўларкан .Мен “йўқ, ўзимни ойим яхши”,- дедим.
Охири ҳаммаси Назокатнинг жонига тегди. Қайнонаси билан иккаласининг ўртасидаги можаролардан чарчади. Ўғли ҳар куни олиб келаётган гаплардан безиб, эридан Расулжонни бувисининг олдига олиб бормасликни талаб қилди. Аммо Ражаб бундай қилишни хоҳламади.
- Онам гапираверадилар, нима бу янгиликми? Шу майда чуйда гапларни деб онам набирасини кўрмасинми, энди? Ўзи биттагина набира бўлса... Мен оиламни деб сизлар билан яшаяпман-ку. Яна нима дейсан? Бу гапларга эътибор берма, - деди у қизишиб.
- Қандай эътибор бермайман? Онангиз бизни қачон тинч қўядилар ўзи? У киши ўғлимни менга қарши қилиб тарбиялаяптилар. Назокатнинг жаҳли чиқиб, умрида биринчи бор қайнонасидан норози бўлди. - Алоҳида яшаяпмизми, бизни тинч қўйсинлар.
Хуллас, шу куни эр-хотиннинг ўртасидан ола мушук ўтди. Тўққиз йил бирга яшаб улар бундай жиддий уришишмаган эди. Чунки Назокат кўп ҳолларда вазминлик қилиб, қайнонасининг кўп қилиқларини кўрмаганга, билмаганга оларди .Энди йиллар давомида юрагида йиғилган нафрат унинг чидамини емиргач, эрига қайнонаси ҳақидаги барча фикрларини тўкиб солди. Қайнонасини аслида ғийбатчи ва жиззакилигини, ўзига нисбатан ҳеч қачон меҳр кўрсатмаганлигини айтди. Эр-хотиннинг айтишуви Назокатнинг тарсаки ейиши ва Ражабнинг ижара уйдан кетиб қолиши билан якунланди.
Назокат эри билан ажрашмаса, қайнонаси уларга барибир кун бермаслигини англаган эди. Шу сабаб ўзи ажрашиш учун судга ариза берди. Бундан хабар топган Ражабнинг фиғони фалакка чиқди. Жаҳл устида у ҳам “Ажрашсам,ажрашавераман. Аммо нима қилиб бўлса ҳам, ўғлимни онасига бермайман,” - деб юборди.Судга борганида судья эр-хотинга яхшилаб ўйлаб кўриб, кейин бирор қарорга келишларини таъкидлаб, олти ой муддат берди.
Розия опа ўғлининг бу қарорини эшитиб, қувонганидан терисига сиғмай кетди. Фурсатдан фойдаланиб, Раҳимани тезроқ келин қилиш пайига тушди. Синглисига қўнғироқ қилиб, тўйга тараддуд кўриш кераклигини айтди.
Назокат бўлса... кейинги кунларда ўзини қандайдир нохуш ҳис қилар, кўпинча мазаси бўлмай уйда ётар, ишга ҳам боргиси келмасди. Руҳиятидаги тушкунлик соғлигига таъсир қилаётганини билиб, ўзини қўлга олишга ҳаракат қилса-да, бунинг уддасидан чиқолмаётганди.Ундан хабар олишга келган онаси қизининг аҳволига куюниб, шифокорга учраши лозимлигини айтди.
- Онажон, дўхтирга боргим йўқ...Ўлгим келяпти. Ражаб акамни қаттиқ яхши кўрарканман...-Назокат шу сўзларни айтаётиб, йиғлаб юборди. - Бекор уришдим улар билан.
- Албатта, бекор уришгансан-да, қизим .Куёвим доимо сен тарафда эди, дашном оҳангида гапирди онаси. - Ҳеч кимга маслаҳат қилмай, судга ариза берганингни қара. Расулжоннинг тақдирини ўйламадингми?
- Суд ҳам дарров ажратмас экан, онажон. Бизга ўйлаб кўриш учун муддат берди. Диванда чўзилиб ётган ёш жувон шу сўзларни айтаётиб, бирдан ўзини ғалати ҳис қилди. Жойидан туриб, деразани очди-да, тўйиб нафас олди. - Онажон, кейинги кунларда жуда тез чарчаяпман, билмадим нимага бундай? Нафас ололмай қоламан, гоҳида.
Ўша куни онасининг қистови билан шифокори Шарифа опага учраган Назокат кутилмаган янгиликни эшитиб, қотиб қолди. Назокат қилиб келган компьютер томографиясининг суратларини кўрган шифокор унинг миясидаги ўсимта жуда кичрайганлигини айтди.
- Яқин ойлар ичида сиз ундан бутунлай халос бўласиз. Шунча даволанишингиз беҳуда кетмабди, - деди Шарифа опа текширув натижаларини унинг касаллик варақасига қайд этаркан. - Бу организмдаги ижобий ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Ҳомиладор эмасмисиз, мабодо? Гинекологга ҳам бир учраб кетсангиз, яхши бўларди.
Назокат Шарифа опанинг олдидан чиқди ҳамки, онаси қўнғироқ қилди. Жувон онасини тинчлантириб, аёллар шифокорига учрашиши лозимлигини, кейин керакли дори-дармонларини олиб уйга боришини айтди.
Назокат гинеколог ҳузуридан дунёларга сиғмай, қувониб чиқди. Ростдан ҳам ҳомиладор экан! Бу нима шунча йиллик сабрига тақдирнинг мукофотимикан? Қайнонаси эшитса, бирор нима ўзгарармикан? Ражаб акаси эшитса-чи? Жувон онасига қўнғироқ қилиб, суюнчи олди-да, шифокорлар буюрган қўшимча дармондориларни олиб, кейин уйга боришини айтди.
Назокат касалхона ҳовлисидаги дорихонадан дориларни олиб, катта дарвозага қараб йўналди. Шундоққина дарвоза ёнида “Матиз”ига суянганча турган Ражабга кўзи тушди. “Бу ерда нима қиляптилар экан? Наҳотки, мени излаб келган бўлсалар?” - хаёлидан кечирди Назокат. Кейин ўзининг саволига ўзи жавоб топди. ”Онам куёвларига қўнғироқ қилиб, янгиликни айтган бўлсалар керак. ”Кўнглидаги ёруғ ҳисларга бўйсуниб, Ражабнинг олдига тезроқ бориш учун қадамини тезлатди. Эрининг қўлида ўзи севган оппоқ атиргуллардан йиғилган каттакон гулдаста бор эди..
Иффатсизликда айбланган келин
Шаҳарда яшайдиган синглисининг уйига бориш ниятида йўлга чиққан Мактуба опа бошбекатга келди-ю, автобус ҳали-вери жўнамаслигини эшитиб ҳафсаласи пир бўлди. Ҳаво исиб кетмасидан синглисиникига етиб олиш учун вақтли йўлга чиққанди. Йўловчилар камлиги боис ҳайдовчининг ҳали-вери қўзғалмаслиги аниқ. Ноилож бироз қимматроқ бўлса-да, таксида кетиш ниятида нарироқдаги автомашиналар томонга йўналди.
— Опажон, ассалому алайкум. Шаҳаргами? Келинг, сизни ўзим олиб кетаман. — деди бирданига опанинг ёнида пайдо бўлиб қолган баланд бўйли, қорақош йигит. — 2 та йўловчим бор. Сизни оламан, бўлди кетамиз.
— Йўлкира қанча бўлади? — сўради Мактуба опа.
— Автобус нархини бераверасиз. Чунки мен киракаш эмасман. Фақат шу бензин пулимга озгина ёрдам бўлсин деб йўловчи оляпман, опажон. — деди жилмайиб йигит.
Мактуба опа оққушдай чиройли «Ласетти»нинг орқа ўриндиғига ўтираркан, бола қучоқлаб ўтирган ёшгина келинчакка кўзи тушди. Ҳайдовчининг ёнидаги ўриндиқда бўлса, бир чол кўзларини юмиб мудраяпти. Опага чиройли кийинган, қош кўзлари порлаб турган келинчакнинг нимасидир таниш кўринди.
— Ассалому алайкум. — келинчак боласини ёнига ўтирғизаркан сўрашди. — Яхшимисиз, опажон? Мени танимадингиз-а?
— Нимангиздир таниш кўриняпти-ю, лекин ҳеч эслолмаяпман, — деди Мактуба опа хижолатомуз.
— Опажон, мен Адибаман-ку. Олима опанинг қизлари. Ойижоним синглингиз Матлуба опа билан синфдош, жонажон ўртоқ бўлишган. Сизлар девор -дармиён қўшни яшагансизлар-ку.
Мактуба опа бирдан сергак тортди.»Ҳа, бу Адиба-ку. Тўйидан бир ҳафта ўтмай куёви кўч-кўронини келтириб ташлаганди. Одамлар» иффатсиз экан..» деб қанча гап-сўз қилишганди. Танимабман ҳам.»
Бу миш-мишлар сабаб, Олиманинг юраги касалланиб, неча марта касалхонага тушиб чиққанидан Мактуба опанинг хабари бор эди. Чунки синглиси Матлуба дугонасининг соғлигидан хавотирланиб, шаҳардан неча марта келиб кетди. Мактуба опа ҳам Олимани синглисидай яхши кўрар, бирга ўсишгани учунми, ўзига яқин оларди.
— Ҳа, бўлди эсладим, — деди у қуруққина. -Ҳозир Матлубаникига бормоқчиман. Қизини узатмоқчи. Бу кеча қудалари келишаркан, тўй кунини белгилашга.
— Бунча яхши. Демак Фарангиз ҳам кап-катта қиз бўлиб қолибди-да. — Адиба астойдил қувониб кетди. — Бахтли бўлсин, илоҳим.
Мактуба опанинг энсаси қотиб»раҳмат»деб қўйди-да, юзини бурди.»Хайрият бу қиз турмушга чиқибди. Қизиқ, кимга теккан экан?» — хаёлидан ўтказди у. Шу пайт ҳайдовчи йигит ҳам жойига ўтирди-да»,Ласетти» жойидан қўзғалди.
— Дадаси, эҳтиёт бўлиб ҳайданг. — деди Адиба.
«Ҳа, шу йигит эри экан-да. Иккинчи хотин бўлиб теккандир-да, — ижирғаниб хаёлидан ўтказди аёл. — Ҳозир қўш хотинли бойваччалар кўпайган.» У Адибанинг ҳаёти ҳақида билгиси келаётган бўлса-да, ўзини худди бепарводай тутди.
— Бу киши куёвингиз бўладилар, — унинг фикрини ўқигандай гап бошлади Адиба жажжигина шишасимон идишда қизчасига сув тутаркан.
Мактуба опа чидаб туролмади.
— Бу кишига иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқдингизми? — аёлларча қизиқиши устун чиқиб сўради у.
— Йўғ-э, — Адибанинг ўрнига ҳайдовчи йигит жавоб берди. — Келинингиз менинг яккаю-ягона хотиним.
— Менинг ҳаётимни эшитсангиз, бутун бир китоб бўлади опажон. Саволингиздан тушундимки, сизам мен ҳақимдаги бўҳтонларни эшитгансиз. Аслида эса нима бўлганлигини билганингизда эди.
Шу сўзларни айтаётганда, Адибанинг кўзларида ёш ғилтиллади. Мактуба опанинг кўнгли ғалати бўлиб кетди.
— Йўғ-э, қизим мен сизни билмасам ҳам онангизни биламан-ку!
— Онам менинг ўшандаги бахтсизлигимга сабаб бўлганларини ҳам биласизми? -деди Адиба. — Хоҳласангиз, ҳаммасини гапириб бераман.
— Майли қизим, йўлимиз узоқ. Бемалол гаплашиб кетсак бўлади, — деди Мактуба опа розилик оҳангида.
Ёқимли куй ҳамроҳлигида машинани ҳушёрлик билан ҳайдаб кетаётган куёв йигит шу гапдан кейин ойнадан ўзига қараб қўйганини ҳис қилди. Бошини ўриндиққа тираганча кетаётган чол бўлса, енгилгина хуррак отиб ухларди.
***
— Ўшанда тиббиёт коллежининг 1 курсида ўқирдим, — деб сўз бошлади Адиба. — Бир куни ойижоним ишдан келиб «сени турмушга бераман, яхши жойдан совчи чиқяпти», деб қолдилар. Қанақадир танишларини оғизларидан бол томиб мақтадилар.»Роса бадавлат, отаси завод директори, онасининг ҳам ўз бизнеси бор. Йигитнинг сендан ёши сал каттароғ-у, майли. Чунки оилада эркак кишининг ёши улуғроқ бўлгани яхши. Сени сўраб келишибди. Қизим, сен у ерда камчилик кўрмай яшайсан. Менга ўхшаб қийналиб участка қурмайсан, тайёр уй-жойга келин бўлиб тушасан», — дедилар қувониб.
Дадамга ҳам улар маъқул тушдими, тўй деганлари тезлашиб кетди. Куёв бўлмиш Одил ака билан эса бир мартагина кўришдик. Ундаям тоғамни хотинлари ҳамроҳлигида бир жойда ўтириб бироз гаплашдик, холос. Улар қўшни вилоятнинг бизга яқин шаҳрида туришаркан. Бизнинг шаҳарда ҳам данғиллама ҳовлилари борлигини онам айтиб қолдилар. Одил ака онам айтганидай мендан озгина эмас, роса 10 ёш катта экан. Тасаввур қилинг, 16 ёшли келин билан 26 ёшли куёвни. Қисқаси, 15 куннинг ичида тўйимиз бўлиб ўтди.
— Хўш, унда нега кетиб қолдингиз куёвнинг уйидан? — Мактуба опа беихтиёр шу саволни берди-ю, изза бўлганидан юзига қизил югурганини ҳис этди.
— Тўй тугади. Ҳамма удумлар, расм-русумлар бажарилди. Бизни чимилдиққа киргизиб қўйиб, янгалар ҳам мизғиб олишга кириб кетишди. — деб сўз бошлади. Адиба. — Одил ака қаергадир чиқди-ю, кўп ўтмай қўлида суратлар ёпиштирилган фотоальбом билан кириб келди. Мен билан уёқ-буёқдан гаплашди. Ҳарбий хизматда бўлган пайтида тушган суратларини кўрсатди.
— Биласанми, Адиба, — деди бир пайт у қандайдир ғалати овозда. — Сенга бир гапни айтишим керак. Чунки турмушимизни ёлғон билан бошлагим келмаяпти.
Унинг бу гапидан сўнг кўнглимга ғашлик оралади.. «Нима гап ўзи Одил ака? — дея сўрадим. — Қанақа ёлғон?»
***
— Мен 5 йилдан бери бир рус аёли билан бирга яшайман, — деди Одил ака. — Ҳатто бир қизим ҳам бор ундан. Уларни жудаям яхши кўраман.
Мен бу сўзларни эшитиб ҳангу-манг бўлиб қолдим. Аввал уйланган бўлса, унда нега яна менга уйланди? Ё ҳазиллашяптимикан?
— Унда менга нега уйландингиз? — дедим алам билан. — Бу гапларни нимага энди айтяпсиз? Шу дардингизни тўйдан олдин айтсангиз бўлмасмиди?
Ўзим тўйда жуда чарчагандим. Қолаверса, томдан тараша тушгандай куёвнинг дабдурустдан айтган бу гаплари бошимга тош билан ургандек бўлди, гўё. Миям карахт бўлиб қолган, нима қилишни билмасдим.
— Хуллас мен ўша аёл Таня билан бир умр бирга яшашимни айтган бўлсам ҳам, ота-онам мени эшитишни исташмади. Мени сенга уйланишга мажбурлашди. Агар сен мени ундан ажрата олсанг, сеники бўламан. Ҳозир танла, ё мен билан яшаб ҳаммасига кўникасан, чидайсан. Ҳар иккинг билан ҳам яшайвераман. Буни ҳоҳламасанг, уйингга қайтиб кетаверишинг мумкин.
Жуда қалтис вазиятда қолган эдим. Бу ерда ота-онамнинг ор-номуси, ўзимнинг қиз болалик шаъним турган бўлса-да, уйга қайтишга қарор қилдим. Фақат Одил аканинг нега бундай қилганлиги сабабини тушунолмасдим. Ўйлайвериб, бошим оғриб кетди.
"Мен уни қандай қилиб қайтараман? Ота-онаси уни бу йўлдан қайтаролмаган бўлса, мен ёшгина қиз буни қандай қилиб эплайман?"
— Мени кечир, — деди ниҳоят Одил ака. — Буёғини қандай ҳал қилсанг, ўзинг биласан. Мен сенга бармоғимнинг учини ҳам теккизмайман. Ҳоҳласанг кет, ҳоҳламасанг қол. Ўзинг биласан…
У шу сўзларни айтди-да, чимилдиқли хонадан чиқиб кетди.
Мен бошқа ўйлаб ўтирмадим. Ёш эмасманми, унинг бу гапи ғазабимни келтирди.
***
“Одамлар нима деса дер”, дедим-у, ҳовлига чиқдим. Шу қадар жаҳлим чиққандики… Дарвозанинг илгагини туширдим-у, чиқиб кетдим. Кетганимни ҳеч ким билмай ҳам қолди. Саҳар яқинлашиб қолгани учунми, салгина юрмасдан киракаш машина ҳам учрай қолди.
Уйга келинчакларнинг ялтироқ либосида, якка ўзим кириб келганимни кўрган онам қотиб қолди. Нима бўлганини эшитгач, роса йиғлади. Онам йиғлагани сайин юрагим тўкилгудек эзилардим. Дадам эса ҳамма гапни эшитди-ю, онамни уриша кетди.
— Мана сен топган одамларинг аслида қандай экан? Нега суриштирмадинг? Гулдай қизимнинг ҳаёти нима бўлади энди?..
—Мен бундай бўлишини қаердан билай? — баттар йиғлаб койинарди онам. Қизим бахтли бўлсин, менга ўхшаб азоб чекмасин, дегандим холос…
— Кейин-чи, нима бўлди қизим, — сўради беихтиёр Мактуба опа.
— Аммо мени уларни тинглашга ҳолим келмас, киприкларимни босиб келаётган уйқуга бас келолмаётгандим. Ўйлаб кўринг, ўшанда бор-йўғи 16 ёшли қизалоқ эдим-да. Ишонасизми, шунча шовқин ичида хонамга кириб ухлаб қолибман. Ёки ўшанда бу нохуш воқеа оқибатларини яхши англамаган бўлсам керак…
— Қизим, тақдирингизда бор экан-да, -Мактуба опа ўзининг овози энди ачиниш билан янграганини сезди.
— Одил аканинг ота-онаси якка-ю ягона ўғлини бошқага уйлантириб, шу йўл билан рус хотинидан ажратиб олмоқчи бўлган экан. Шу сабаб ҳам бошқа вилоятдаги таниш-билишлари орқали келин излашган. Аслида Одил ака 20 ёшиданоқ ҳалиги хотин билан топишиб, аввал яширин, кейин ошкора яшаб юрган экан. Унинг ота-онаси икки марта келиб, мени қайтариб олиб кетишга ҳаракат қилишди. Онам: “Қизим, эҳтимол ҳаммаси яхши бўлиб кетар. Яшаб кўр”, — деб зорланди. Аммо мен қайтишни ҳоҳламадим. Хуллас улар ҳаракатлари фойдасизлигини билгач, кўч-кўронимни келтириб ташлашди. Қайтиб бормаганим алам қилдими, ҳар хил гаплар чиқариб юборишди орқамдан. Бу гаплар амма-холаларимга ҳам етиб бориб, қанча дилхираликлар бўлиб ўтди. Ишонасизми, ҳатто кўчага ҳам чиқолмай қолдим. Кўп ўйлаганимдан асабим чарчаб, касалхонага ҳам тушиб чиқдим. Менинг аҳволимга қараб, онамнинг ҳам юраклари тез-тез хуруз қиладиган бўлди. Ўқигим келмай қолди. Коллежга борсам, қизларимиз пичирлаб менинг орқамдан гапиришаётганини, қўллари билан имлаб кўрсатишаётганини сезиб қолардим.
***
Онам билан маслаҳатлашиб, ўқишимни шаҳарга кўчирдим. Ўқишим тугагач, вилоят марказидаги касалхоналардан бирида ҳамшира бўлиб ишлай бошладим. Худди шу пайтда Ботир акани учратиб қолдим. Аслида мактабдош ҳам эканмиз. У мени мактаб давридан ёқтириб юраркан-у, ўқиш, иш билан бўлиб, ҳеч холи гаплашолмаган экан. Ҳарбий бўлганлиги учун биз мактабдан кейин кўришолмаган ҳам эканмиз. Хуллас менга чиппа ёпишди-қолди…
***
Адибанинг гапи чала қолди. Қизчаси уйқудан уйғониб, йиғлай бошлади.
— Майлими, бу ёғини мен давом эттирсам, — деди Адибанинг турмуш ўртоғи Ботиржон суҳбатга аралашиб, машина олд ойнасидан Мактуба опага жилмайиб қараркан. Сўнг хотинига юзланди:
— Сен Гулюзга қара, буёғини ўзим гапириб бераман.
— Майли, ўғлим бемалол. — деди Мактуба опа кулимсираб. — Ёш бўлсаларинг ҳам анча-мунча нарсани бошингиздан ўтказган экансизлар.
— Ҳа, опажон сўраманг. Спорт билан шуғулланаман деб белимни зўриқтириб қўйибман. Оғриқлар ўтиб кетавермади, охири касалхонада ётиб даволанишга мажбур бўлдим.. Ва шу ерда Адибани учратдим.. Бир мактабда ўқиганмиз, аммо анча йиллар бошқа шаҳарда ўқиганим, ишлаганим учун унинг бошидан кечган кўргуликлардан бехабар эдим. Уни ёқтириб қолдим. Буёқда уйдагилар»уйланишинг керак»деб кўз очирмаётган кунлар эди. Фақат ўқиш, иш деб биронта қиз билан ьанишиб, кўнглини овлашга ҳам уринмаганим шунда билиниб қолди. Адибага муҳаббат изҳор қилганим ҳам кулгили бўлган. Унга бориб «Уйдагилар келин излаяпти, сизни кўрсатмоқчиман» — деб уйланиш таклифини билдирдим. У бўлса менга»сиз уйланмаган бўз йигитсиз. Мени бўлса «турмуш қурган» деган номим бор»деб йиғлаганча, ҳамма воқеани гапириб берди. Уйдагиларга уйлансам, фақат Адибага уйланишимни айтганимда, шунақа тўс-тўполон бошландики, асти қўяверасиз.
— Ойилари касалхонага келиб, мен билан жанжаллашиб ҳам кетдилар, — деди Адиба секингина.
— Мен ҳатто Одилбек билан ҳам учрашиб, ҳамма гапни гапириб беришини талаб қилдим. Адибанинг бокира қизлигига ишонардим. — дея гўё уни эшитмагандек гапида давом этди Ботиржон. — Аммо уйимдагилар бошида мени тушунишни исташмади. Ахийри кекса бобомнинг олдиларига бориб ёрдам сўрадим. Фақат Адибани севишимни айтдим. Унинг бошидан ўтган воқеаларни сўзлаб бердим. Бобом: “Шу қиз билан бир умр яшаб кетишингга ишонасанми, туйғуларинг ўзгармайдими?” деб сўради. Мен ишонишимни айтдим. Бобом мени тушунди. Ота-онам билан гаплашиб, уларни рози қилиб, Адибанинг уйига ўзи совчи бўлиб борди.
***
Кейин тўй бўлди. Тўғри, унгача яна қанча тортишувлар, гап-сўзлар бўлди, икки ўртада. Аммо шуларни ҳаммасини енгиб ўтдик. Мана, Оллоҳга шукр, биз биргамиз. Қизалоғимиз бор…
— Бугун ўша нажоткор бобожонимизни кўришга боряпмиз, — деди Адиба кулимсираб, — Бугун у кишининг туғилган куни, 72 ёшга тўлади, насиб бўлса. Биз ҳаммадан олдин бориб табрикламоқчимиз…
Мактуба опа бир-бирига узукка кўз қўйгандай ярашган эр-хотинга боқаркан, кўнгли ёришиб кетди. Бир соат олдин ҳеч нарсани билмай туриб, Адиба ҳақидаги шубҳа-гумонга қоришиқ нохуш хаёлларидан ўзи уялиб кетди. Хаёлан уларга “Илоё, бахтли, саодатли бўлинглар, болаларим!..” — деб қўйди.
Шу тобда «Ласетти» манзилга яқинлашиб келар, қуёшнинг заррин нурлари остида элас-элас кўзга ташланаётган шариф шаҳар манзараси кўнгилга жуда ҳам ёқимли туйғулар улаша бошлаганди.
ХУНУК ОДАМ...
Нилуфар кафедан югуриб чиқиб, бекатга қараб югурди. Кўзларидан шашқатор оқаётган ёшларини, бўғриққан юзини кўриб, изидан ажабланганча қараб қолаётган одамларни кўрмасди, гўё. Ўзини босишга ҳарчанд уринса ҳам, бутун дунёни бошига кўтариб йиғлагиси келаётганди. Ёнига келиб тўхтаган таксига чиқиб олгачгина Нилуфар ўзини қўлга олди.
- “Эдем” дўконининг ёнигача олиб бориб қўйинг. Рўмолчаси билан кўзларини артаркан, ҳайдовчи йигитга зўрға манзилни тушунтирди.
- Хўп опа.
Ҳайдовчи манзилгача бир оғиз ҳам гапирмади. Қимматбаҳо пальто кийган жувоннинг салобати босдими ёки йиғлаётгани сабаб иймандими, ҳозир унинг индамагани жувонга айни муддао эди. Бирдан қулоқларининг остида Анварнинг сўзлари янграгандай бўлди.
“Ҳали кўрасан, мен бу қушчанинг патини шунақанги юлайки, дунёга келганига пушаймон бўлсин. Ҳозирча қўлимга қўндириш учун юмшоқ гапириб юрибман-да”. Ҳа, ҳа айнан Анвар акаси, охирги ойларда унинг ҳаёти мазмунига айланган одам шу гапни айтди. Айтганда ҳам масхара қилиб, кулиб гапирди.
Бугун синфдоши Дилбар билан тушликни бирга қилиш учун “Дийдор” кафесида учрашишга келишишган Нилуфар яқинда икковларининг орасидан ўтган гап учун дугонасидан узр сўрамоқчи эди. Аммо негадир Дилбардан дарак бўлавермади. Нилуфар унинг қўл телефонига бир неча бор қўнғироқ қилди. Ўчирилган экан. Охири кутишдан зерикиб, кафенинг чеккароғидаги ёпиқ бўлмалардан бирига ўтди. Салат ва кабобга буюртма бериб, пальтосини ечиб бемалол бўлиб олди. Шу пайт қўшни бўлмадан қандайдир эркакнинг овози эшитилди.
- Хўш, ана у тикувчи аёл билан саргузаштларинг қандай бўляпти? - деди қандайдир эркак овози. - Ўзиям роса чўзвординг алоқангни, ўша билан.
- Нилуфарни айтяпсанми? Ҳа, юрибман қулоғига тепиб. Менга роса ишонади. Анвар акажон, деб бир кунда ўн марта қўнғироқ қилади, - деди иккинчи эркак овози. - Оилам борлигини билса ҳам мени тинч қўймайди.
Нилуфар ўз исмини эшитиб қотиб қолди. Овоз унга жуда таниш ва қадрдон эди. ”Наҳотки, Анвар ака бўлса?”
- Нима қилмоқчисан энди? - сўради биринчи овоз.
- Нима қилардим? Ўз эрига вафо қилмаган, менга вафо қилармиди? Ўн йил яшаган эрини мени бир оғиз сўзим билан ташлаб кетаётган аёлдан нима кутиш мумкин? - иккинчи овозда нафратга қоришган жирканиш сезиларди. - Қўйсангчи ўшани. Ундан кўра овқатга қара.
- Барибир ўша аёл менга жудаям ёқади-да, - кулди биринчи овоз. Айрим пайтларда телевизорда кўриб қоламан. Жуда чиройли, қурмагур.
- Ҳа, у киши тадбиркор аёллардан. Лекин кўнглини олгунча биласанми, нималар қилмадим? Ҳар куни телефонда гаплашишлар, смс ёзишишлар, севги изҳорлари... Лекин ҳали ёнига яқинлаштиргани йўқ... Аммо бунгача бир қадам қолди, холос. Ҳали кўрасан, мен бу қушчани қўлимга қўндириб олсам бас, патини шунақанги юлайки, дунёга келганига пушаймон бўлсин. Ҳозирча қўлимга қўндириш учун юмшоқ гапириб турибман-да, - деди иккинчи эркак овози. Сўнг бирдан овозини пасайтириб нимадир деди. Икки эркак баравар кулиб юборишди.
Нилуфар жойидан сакраб туриб кетди. Юлқинганча пальтосини эгнига илди-ю, сумкасини қўлига олди. Қўшни бўлманинг пардасини очиб, шиддат билан ичкарига кирди. Уни кўриб Анвар ва ёнидаги эркак ўтирган жойларида қотиб қолишди. Жувон Анварга бир зум қараб турди-да, стол устидаги маъданли сув тўлдирилган сувни юзига сепиб юборди. Ўртанча бармоғига тақилган узукни ечиб, столга қўйди. ”Нилуфархон, тўхтанг...”, - деб жойидан қўзғалган Анварга қайрилиб ҳам қарамади.
Нилуфар ҳозиргина бўлиб ўтган воқеани эслаб, яна йиғлагиси келди. ”Нималар қилиб қўйдим? Ўшанга ишониб, оиламни буздим-ку. Энди нима қиламан? ”Ишхонаси ёнида таксидан тушиб, ўзи раҳбарлик қилаётган тикув цехига кириб борди. Қизлардан бирига лимонли чой дамлаб, киритиб беришини илтимос қилди-да, иш кабинетига қараб йўналди. Сумкасини титкилаб, асабни тинчлантирадиган доридан олиб, тилининг тагига ташлади.
Уст кийимларини ечиб бўлиши билан чойни киритиб беришди. Нилуфар диванга ўтириб, бироз тинчланишга ҳаракат қиларкан, юрагини эзиб келаётган пушаймонлик, алам, афсусдан қочолмаслигини ҳис қилди. Ўз-ўзидан бугунгача бўлган ҳаёт йўли кўз олдига келди.
Нилуфарни мактабни тугатган йили узатишди. У оиласида ёлғиз қиз бўлиб, акаси Шуҳрат аллақачон уйланиб, уй-жой қилиб чиқиб кетган, укаси ҳали 8-синфда ўқирди. Қиз аслида тикувчилик бўйича олий маълумот олишни истаган эди. Отаси Дониёр ака мактаб директори бўлиб, фарзандлари тарбиясида ўта қаттиққўл, айтгани айтган, дегани деган қайсар одамлар сирасидан эди. Бир куни кўчанинг бошида Нилуфарни синфдоши Сардор билан кулиб гаплашиб турганини кўриб қолди-ю, ”Сени ким биринчи бўлиб сўраб келса, ўшанга бераман. Ўқишни хаёлингга ҳам келтирма. Ҳали ўқишга бормасдан туриб, йигитлар билан гаплашяпсанми?” - деб роса уришди. Онаси Барно опа эрини тинчлантиришга уринишлари бекор кетди.
Ўшанда фаришталар омин деган эканми, Нилуфар аттестатини олиб келганига бир ҳафта ўтар-ўтмас, унга нариги маҳалладан совчи келди. Дониёр акага куёв йигитнинг оиласи маъқул келдими, қизининг розилигини ҳам сўрамасдан фотиҳа тўйини белгилаб, совчиларга оқлик бериб жўнатди. Бу шунчалик кутилмаганда бўлдики, Нилуфар нималар бўлаётганини англолмай ҳам қолди. Унинг ҳам қайсарлиги тутиб, куёв бўлмиш йигит билан учрашишни истамади. Онаси, хола, аммаларининг “Бир учрашиб кўр”, -деган илтимослари, койишлари бекор кетди.
Орадан икки ҳафта ўтиб, тўй бўлди. Икром баланд бўйли бўлса-да, юзлари алланечук нотекис, чўтирроқ, қош-киприклари сийрак йигит эди. Нилуфар уни тўй куни кўриб, юраги алланечук бўлиб кетди. ”Наҳотки, менинг тенгим шу йигит бўлса? - ўйлади у эзилиб. - Дадам нега бундай қилдилар? Нега бу тўйга рози бўлдим? Нега олдинроқ кўришмадим у билан? Ўзим ахмоқман...”
Тўйга ташриф буюрган меҳмонлар ҳам бир-бирига умуман ярашмаган келин-куёвни кўриб, ҳайрон эдилар. Буни уларга ачингандай қараб, шивирлашиб турган одамлардан билиш мумкин эди. Атиргулдай чиройли келин олдида хунуккина куёв қандайдир ғалати кўринарди. Нилуфар бошидаги фатасини юлиб олиб ерга ургиси, тўйхонани ташлаганча бу ердан қочиб кетгиси келаётганини ҳис қилди. Аммо... Аммо у энди бундай қилолмасди.
Тўй ўтди. Аммо Нилуфар Икромга ҳеч кўнгил қўёлмади. Эрининг феъл-атвори юмшоқ, ўзи бўш-баёвгина йигит бўлса-да, Нилуфарга унинг ҳамма қилиғи эриш туюлар, у билан ёлғиз қолмасликка уринарди. Оиласида кенжа ўғил бўлган Икром дурадгорлик билан шуғулланар, рўзғорни доимо бутлаб қўяр, касалманд онаси ва хотинига совғалар келтиришни ҳам унутмасди. Шу алпозда беш йилча вақт ўтиб, уларнинг оиласида бир-биридан ширин икки қизалоқ дунёга келди. Икром гўзал хотинини жуда севар, гаплари-ю, хоҳишларини қонун деб билар эди. Лекин унинг бу севгиси Нилуфарнинг тош қалбини асло эритолмади.
Бу орада Нилуфар фарзандлари сал улғайгач, ”Машҳура” ўқув марказига тикувчилик ҳунарини ўрганиш учун қатнай бошлади. Ёшлигидан тикувчиликка уқуви борлигидан тез орада тикиш-бичишни ўрганиб олди. Уйлари яқинидаги тикув цехига ишга кирди. Энди у бутунлай ўзи билан ўзи овора, буюртмалари кўпайган, халқ орасида моҳир тикувчи сифатида ном чиқарган эди. Орадан икки йилча ўтиб, эрининг кўмаги билан ўзи мустақил равишда ишини ташкил қилиш пайига тушди. Аммо ҳалиям Икромга нисбатан муҳаббатсиз эди. Эрини силтаб ташлайдиган, тўғри гаплашмайдиган одат чиқарди. Икром бўлса, хотинига инсоф тилаб яшар, тўғриси унинг бундай муомаласига ўрганиб кетгандай эди.
Янги қурилаётган бозор олдидан савдо дўкони сотиб олган Икром хотинига ўша ерда тикув цехи ташкил қилиш таклифини айтди. Нилуфарга бу таклиф маъқул келиб, рози бўлди. Аммо бир неча йил тўплаган маблағлари дўконни сотиб олишга сарфланганидан кейин тикув машинкаларини сотиб олишга қўллари калталик қилиб қолди.
Нилуфар банкдан кредит олмоқчи бўлди. Тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, банкка борган куни кредит бўлими бошлиғи Анвар билан танишди. Анвар унга сидқидилдан ёрдам берди. Шу жараёнда улар бир икки бор бирга тушлик қилишди. Хушсурат, келишган, гап-сўзлари ҳам чиройли Анварни илк бора кўрганда-ёқ Нилуфар уни ёқтириб қолганини сезиб, ўзини ноқулай ҳис қилди. Анвар ҳам унга бефарқ эмаслигини сезиш қийин эмасди. Кейинчалик телефонда гаплашиш, ҳафтада бир-икки марта тушлик қилиш улар учун одат тусига кирди.
Саккизинчи март яқинлашган кунлар эди. Анвар Нилуфарга қўнғироқ қилиб, учрашишга таклиф қилди. Жувон энтикиб кетди. У охирги кунларда худди ўзини бўй етган қизлардек ҳис қилар, фақат Анвар учун кийинар, пардоз қиларди. Анвар унинг ҳаёти мазмунига айланган эди. Муносабатлари чуқурлашгани сари Нилуфар эс-ҳушини йиғишга қанча ҳаракат қилмасин, ўзича Анвар билан алоқасини узишга ўзига ўзи минг марта ваъда бермасин, бунинг уддасидан чиқолмаётганди. Ўзининг бу қилмиши яхшиликка олиб келишини билса-да, ҳис-туйғуларига бас келолмаётганди.
Байрам баҳонасида унга бир қучоқ атиргул ва тилла узук совға қилган Анвар Нилуфарни эридан ажрашишга кўндирди. ”Нима қиласиз уни? У сизнинг тирноғингизга ҳам арзимайди. Ёнингизда турганини кўрсам, бўғиб ўлдиргим келади, эрингизни ” - деди у Нилуфарга. Нилуфар худди телба одамга ўхшаб қолган эди. Шу сабаб ўзи судга бориб, ажрашишга ариза берди.
Ўтган йиллар ичида отаси вафот қилган, кексайиб қолган онаси қизини бу нотўғри қадамдан қайтаришга уриниши бекор кетди. Сирдош дугонаси Дилбарнинг койишлари ҳам бефойда бўлди. ”Ажрашаман, - деди Нилуфар дугонасига. - Ўзим севмаган одам билан бир умр бирга яшаш азобидан қутуламан. Бир кун бўлса ҳам ўзимга ёққан одам билан яшайман”. “Ахир, унинг оиласи бор-ку, - деди жиғибийрон бўлиб Дилбар. - Хотини эшитса, нима бўлади? Уялмайсанми,дугон”? ”Уялмайман, - деди Нилуфар мағрур. Анвар акам жуда яхши, мард одам. Мени хотинига талатиб қўймас... агар хотини бундай ҳаётга кўнмаса, унда ўзи билади.”
- Сен жинни бўлиб қолибсан, - деди ачиниш оҳангида Дилбар. - Эрингни ўйламасанг ҳам, фарзандларингни ўйламайсанми? Нима, сенга ўхшаб эрини севмай теккан аёллар камми дунёда?Инсон ўз тақдирига кўникиши керак. Қолаверса, Икром аканг жуда яхши одам”.
”Бўлди, сени ишинг бўлмасин, - деди Нилуфар безрайиб. Нима бўлса ҳам пешанамдан кўраман.”
”Сени елкангга шайтон миниб олибди. Майли, билганингни қил. Бир кун келиб афсус қилмасанг бўлди. Аммо айтиб қўяй, бир куни бу қилмишингга ёмон пушаймон бўласан!”, - Дилбар шу сўзларни айтиб, хайрлашмай, аччиқланганча кетиб қолди.
Икром бир уйда яшаб юрган хотинининг бу ишидан ҳайрон бўлиб қолди. Нилуфарга ялинди, қизларини етим қилиш ниятидан кечишини сўради. Аммо Нилуфар аҳдидан қайтмади... Тез орада Анварнинг ёрдами билан кредитга уй олиб, дастлабки тўловни ҳам тўлаб қўйди. Энди бирор ҳафтага қолмай, янги уйига чиқиб кетишни ният қилиб турган пайтда бугунги воқеанинг содир бўлгани Нилуфарни кўзларини очиб қўйди. Анварнинг асл башараси очилганлиги уни карахт қилиб қўйганди.
Бирданига чалинган ёқимли куй Нилуфарни хаёллари бағридан тортиб олди. Дугонаси Дилбар экан. Ўзи бугун Нилуфар дугонаси билан учрашиб, ярашиб олмоқчи бўлганди. Жувон хаёлларини жамлаб, телефонининг яшил тугмачасини босди.
- Нилуш, кечирасан, дугонажон, боролмадим ёнингга, - деди Дилбар ҳижолатомуз. - Телефоним ишхонамда қолиб кетибди. Сенга олдинроқ айтолмаганим учун, узр...
- Майли ҳечқиси йўқ... Келмаганинг ҳам яхши бўлди, - шу сўзларни айтаётиб Нилуфарнинг хўрлиги келиб кетди. Лабларини тишлаб, ўзини босишга, хушчақчақроқ оҳангда гапиришга ҳаракат қилди.
- Биласанми, дугонажон, сендан узр сўрамоқчи эдим... Кейин яна раҳмат ҳам айтмоқчи эдим.
- Узр, раҳмат? Тинчликми? Ҳеч нарсага тушунмаяпман... - Дилбарнинг овозида хавотир оҳанглари сезилди. - Нималар деяпсан ўзи? Ёнингга борайми? Ишхонангдамисан?
- Мен Икром акам билан ажрашмасликка қарор қилдим... Келишинг шарт эмас. Ўзим эртага уйингга ўтаман. - Нилуфар бир нафасда шу сўзларни айтди-да, ўзини елкасидан тоғ қулагандай ҳис қилди. Худойим мени катта бир хатодан асради шу бугун... Анвар жуда ифлос одам экан...
Дилбар жимиб қолди.
- Хайрият,- деди у ниҳоят хўрсиниб. - Эсингни киргани рост бўлсин, Нилуш.
- Майли, - Нилуфар йиғлаб юбормаслик учун яна лабларини тишлади. - Гаплашамиз яна.. Ҳозирча хайр, дугонажон.
- Майли, хайр. Сиқилмагин, Нилушжон. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади.
Нилуфар қўл телефонини ўчириб, стол устига қўйди-да, деразага яқинлашди. Изғирин аралаш учиб ёғаётган оппоқ қорга қараб қолди. Унинг қалби бўшаб қолгандай туюларди. Кўз олдига эрининг, қизларининг чеҳраси келди. ”Ростданам елкамга шайтон ўтириб олган экан. Ахир яхшими, ёмонми, эрим билан ўн йил бирга яшадик. Икром акам шу йиллар давомида мени бирор марта ҳам ранжитгани йўқ... Аслида у эмас, мен хунук одам эканман. Чунки, мен юраги хунук, яхшиликни билмайдиган одамман. Унинг эса қалби чиройли... Мени шу даражага етишим фақат Икром акам туфайли-ку. Нималар қилиб қўйдим? Бечора Икром акамни, ҳалимдай юмшоқ қайнонамни ташлаб кетмоқчи бўлдимми? Қизларимни етим қилмоқчи эдимми?”
Жувоннинг пушаймонликдан қўлларидаги юраги тобора эзилиб кетгандай бўлди. ”Мен.. Мен уларни ҳеч қачон ташлаб кетмайман!”. У ҳозир ҳаётидаги энг муҳим қарорни қабул қилган эди.
Метрода яшайдиган арвоҳ
(Мистик ҳикоя)
Маҳлиё ишхонасидан чиққан пайтида анча кеч тушиб қолган эди.Мусофирчиликда яшаётган ёш аёл бу хил ҳаёт тарзидан жуда безиб кетган бўлса-да,бегона шаҳарга ишлаб каттароқ пул топиш мақсадида келгани учун барча қийинчиликларга чидашга мажбур эди.
Ҳозир ҳам ижара уйига имкон борича эртароқ етиб олиш мақсадида метрога тушаркан,жудаям қаттиқ толиққанини ҳис қилди. Санкт Петербургдаги гул дўконида гулдаста ясовчи бўлиб ишлайдиган Маҳлиё шаҳарнинг у бурчагидан бу бурчагига қатнашга мажбур эди.Бу масофа анчагина олислиги боисидан агар жой топилса метрода гоҳо мудраб олишга ҳам имкон бўларди.
Бахтига бир бекат юргач,ўриндиқда жой бўшаганини кўрган Маҳлиё дарров ўша жойга ўтириб олди.Сумкасини бағрига босди- ю,кўзларини юмди.Вужуди қақшаб оғрир,гуллар кўпинча музлатгичда туриши сабабли у бир кунда бир неча бор хона каби катта музхонага тушиб чиқишга мажбур бўларди. Ёш аёл ҳаво салқинлиги туфайли совуқ суягидан ўтиб кетганлигини энди ҳис қилди.Вагон ичидаги илиқ ҳаво чарчаган вужудига хуш ёқиб,беихтиёр кўзларини юмди.
Уйқу ва хушёрлик ўртасидаги ёқимли бир ҳолатни ҳис қиларкан,Маҳлиёнинг киприклари бир-бирини маҳкам қучди.Киприклари орасида пайдо бўлган нурли йўлакчада у ўзига яқинлашиб келаётган гўзал рус қизини илғади. Қиз чиройли русумдаги қизил пальто кийган,орқага йиғилган сочлари кулгичли оппоқ юзига қандайдир нафосат бағишлаган,чаккасига тушган жингалак кокиллари қайрилма қошларини яширмоқчидай туюларди.
Қиз Маҳлиёнинг ёнига гўё қушдай қўнди.”Салом”.Қизнинг лаблари қимирладими ёки Маҳлиёнинг қулоғига шивирладими, ёш аёлнинг ўзи ҳам англамади.Шуниси ғалатики,қиз гўё Маҳлиёга кўп йиллик таниш дугонасидай туюларди.
- Кимсан?- сўради Маҳлиё.
- Кимлигим муҳимми?- Жилмайди қиз.-Менинг исмим Таня.Сени исминг...?Тўхта,айтмасанг ҳам биламан.Сени исминг Маҳлиё.Ва сен бу ерлик эмассан- а?
- Қаердан биласан? Ҳа,дарвоқе, бу ерлик эмаслигим кўриниб турибди ку,-жилмайди Маҳлиё.
- Мен ҳамма нарсани биламан.Сен бу ерга ишлаш учун келгансан...Кейин бахтингни излаяпсан,шундайми?
- Нима сен фолбинмисан? -Ҳайратланиб сўради Маҳлиё.- Қаердан биласан?
- Айтдим -ку,мен кўп нарсани биламан.Агар келгуси ҳаётинг ҳақида билишни истасанг, шуни айтишим керакки,мен билан учрашганингни қайтиб эсламаслигинг керак.- Сирли овозда шивирлади қиз.
Маҳлиёнинг вужуди жимирлаб кетди.Чунки у қиз сўзлаётган вақтда лаблари қимирламаётганини сезган эди.
- Қўрқма,-деди қиз.- Мен сени нималар кутаётганини айтаман,фақат мени унутсанг...
- Майли, сени унутаман, деди Маҳлиё.- Фақат айт- чи, нимага менга бу гапларни айтяпсан?
- Сен ҳаётда жуда кўп қийналгансан.Биринчи боланг,икки йил кутиб зўрға эришган дилбандинг эрингнинг айби билан ўлик ҳолатда дунёга келган. Хўш,тўғри айтяпманми?
- Ҳа...Биз эрим билан бошқа фарзанд кўрмадик... деди йиғлагиси келиб Маҳлиё.
- Ва сен уни ташлаб кетдинг,деди Таня. -Бу охирги қарор эди.Сен тўғри қилгансан. Чунки эринг гиёҳванд эди.Шу сабаб ҳам боланг жонсиз туғилганди. Аммо кўп сиқилма.Чунки яқин орада ўзингнинг ҳаққоний бахтингни учратасан...
- Хўп, сени бу гапларинг тўғрилигига қандай ишонай? Сен балки мени гипноз қилаётгандирсан? -Маҳлиё ўзини қизиқтирган савол тилига кўчганини сезмай қолди.
- Нима менга ишонмаяпсанми? Мен гипнозчи эмасман. Ҳозир метродан чиққач,сен ҳар кунгидай 38-автобусга ўтирасан.Автобусга чиқаётган пайтингда эҳтиёт бўл.Чунки иккита ўғри йигит йўловчиларни пойлаб туришибди.Улар кондуктор пастга тушган пайтда унинг сумкасини олиб қочиб кетишади.Ўшанда менинг гапларим ростлигига ишонасан,-деди тинчлантирувчи оҳангда қиз. -Ҳозир бўлса,кўзингни оч.Уйғон.Чунки сен тушишинг керак бўлган бекат яқинлашяпди.
- Тўхта,нимага кўзимни очишим керак? Ахир менинг кўзларим очиқ-ку,-деди Маҳлиё ҳаяжонланиб.
- Сенинг кўзларинг очиқ эмас...Сен туш кўрдинг...-деди Таня.
- Унда сен менинг тушимга кирдингми?Келажагим ҳақида айтмадинг- ку.
- Йўқ,мен сени тушингга кирганим йўқ.Мен сен билан шунчаки гаплашдим. Ҳаётинг буёғига яхшиланиб кетади.Фарзандли ҳам бўласан.Фақат озгина сабр қилсанг,ўзинг орзу қилган инсонни учратасан.
- Наҳотки? Сен нимага бу ердасан? Одамларнинг келажагини айтиш учунми?
- Мен ўн йилдан бери шу ерда яшайман.Кетолмайман. -деди маҳзун овозда Таня.
- Яшайсан? Метрода яшаб бўларканми?
- Мен бир бевафо йигитни деб бундан роса ўн йил олдин ўзимни мана шу поезд остига ташлаганман...
- Демак...Маҳлиёнинг юраги орқасига тортиб кетди.-Сен арвоҳмисан?
- Тшшш, жим- деди қиз бармоқларини лабига босиб.-Мендан қўрқма.Бошқа савол берма. Агар ҳозир уйғонмасанг,бекатингдан ўтиб кетасан.Мен эса кетишим керак.Вақтим тугади.
Маҳлиё қўрғошиндай оғир қовоқларини зўрға очаркан,ёнига қаради.Қизиқ,унинг ёнида Таня йўқ, йўловчилар мудраб ўтиришарди.
Ёш аёл ҳозиргина бўлиб ўтган воқеа ўнгими ёки тушлигини англолмай,метродан чиқиб автобекатга йўналди.Ижара уйининг ёнгинасига олиб бориб қўядиган 38- рақамли автобусга чиқиш учун билет олиб,тўпланиб турган йўловчилар олдига борди.Онги алланечук карахт,бутун вужудида енгил титроқ бордай эди.
Автобусга орқа эшикдан чиқаркан,олд эшик олдида турган иккита бақувват йигитга кўзи тушди.Йигитлардан бири нимадир деб кондуктор аёлни пастга тушишини имо қилди.Маҳлиё “тушманг,”- деб айтишга чоғланди ю,аммо чўчиб гапиролмади.
Кондуктор аёл пастга тушиши билан йигитлардан бири автобус баллонини кўрсатиб бир нарсалар деди.Аёл баллон ёнига яқинлашиши билан иккинчи йигит уни енгил итариб,қўлтиғига қистириб олган сумкасини тортиб олди-да,чопиб кетди.Иккинчиси ҳам унга эргашди.Кондуктор аёлнинг қичқириғи эшитилди.
Маҳлиё бу воқеага бошқа йўловчилар сингари гувоҳ бўлиб тураркан,бирдан Танянинг “Сен ўшанда мени эслайсан,”-дегани ёдига тушиб эти сесканиб кетди. Ўриндиққа чўкаркан,дунёда инсон ақли етмайдиган қандайдир сирли олам мавжудлигига имон келтирди...
Яхшиликнинг борига шукур...
Вилоят газетасида мухбир бўлиб ишлайдиган Ойсара шанба кунини яхши кўради. Эҳтимол, дам олиш кунларида уйларни бемалол йиғиштириши, болаларига деб тансиқ таомлар пишириши учун имконияти ва вақти кўпроқ бўлгани учун шундайдир.
Ойнинг охирги шанбаси ҳам худди шундай бошланди. Ойсара эрталаб болаларини мактабга жўнатгач, икки хонали уйни яхшилаб тозалади. Ҳафта мобайнида тўпланган кирларни ювди, қийма шўрва пишириб қўйди. Болаларини хурсанд қилиш мақсадида пирог учун хамир қоришга ҳам улгурди. Компьютерига ўтириб, бошлаб қўйган таҳлилий мақоласини тугатиб бўлган пайтида ўғли ва қизи мактабдан қайтишди.
Ойсара мана беш йилким, ёлғиз ўзи болалари билан яшайди. Қизи Шаҳруза ўн икки, ўғли Асилбек ўн ёшда. Оиласининг бузилишига эрининг ароқ деган балодан қайтмаганлиги сабаб бўлди. Эр-хотин турмушларининг дастлабки йилларида яхши яшашган бўлсалар-да, кейинчалик Фарҳоднинг ичкиликка берилиб кетиши тинчгина оилавий ҳаётга раҳна солди. Мастлик оқибатида хотини ишда бўлган пайтда қўшни қизнинг номусига тажовуз қилиб, натижада унга уйланишга мажбур бўлди. Чунки фақатгина шу йўл билан жавобгарликдан қутилиб қолиши мумкин эди―да.
Ойсара бўлса, эрининг бу қилмишидан номус қилиб, ижарага уй топди-ю, вилоят марказига кўчиб келди. Кўзига не-не орзу ҳаваслар билан солинган иморатлари, кўркам ҳовлиси ҳам, қариндошларининг панд-насиҳатлари ҳам кўринмади. Эри қилмишига пушаймон бўлиб, фарзандларидан доимо хабардор бўлиб туришга изн сўраб, кўп бора орқасидан келди. Аммо аёл уни кечирмади. Аксинча, ажралиш учун судга ариза берди.
Ижара уйда яшаш, болаларни тарбиялаш ва яна рўзғор ташвишлари бошида Ойсарани жуда чарчатиб юборди. Кейинчалик эса ҳаммаси аста- секин ўз ўрнига тушиб, шаҳар ҳаётига кўника бошлади.
Болалари овқатланиб олгунча, Ойсара пирогни газ печида пишириб олди. Пирогни бироз совутиш учун, айвонга чиқариб қўйган пайти, ўғли ошхонага кириб, ўртоғи Шералиникига бориб, бирга дарс тайёрлаш учун рухсат сўради. Аёл унга дарсларини тайёрлаб бўлиб, кўчада сандирақлаб юрмасдан уйга келишини тайинлаб, рухсат берди.
Ярим соатча вақт ўтиб- ўтмай эшик тақиллади. Эшикни очган Ойсара ўғли Асилбекнинг синфдоши Шералини кўриб ҳайрон бўлиб қолди. Шерали югуриб келган бўлса керак, ҳансираб нафас олар, ранги ҳам оппоқ эди.
― Ҳа, ўғлим кел. Тинчликми? Асилбек қани? Сизларникига кетувди-ку.―сўради Ойсара.
― Янгамулло, ассаломуалайкум. Дарс тайёрлашдан олдин кўчада бироз ўйнамоқчи бўлдик. Мактабимиз боғидаги ўрик дарахтидан довучча олмоқчийдик. Асилбек жўрам мендан олдин чиқаман деб, дарахтдан йиқилиб тушди. Қарасак, қўли синибди. Жойидан туролмай инграб ётибди,―айбдор оҳангда деди Шерали.―Унинг қаттиқ чўчиганлиги билиниб турарди.
Кутилмаган бу хабарни эшитган Ойсаранинг хавотиридан юраги тўхтаб қолгудек бўлди.
― Қаерда у? - сўради жонҳолатда оёғига дуч келган оёқ кийимини илиб, зинага қараб югураркан. ―Ўзи яхшими?
― Асилбек жўрам ҳаммадан баландга чиқиб, кўпроқ довучча олмоқчи бўлиб, бирдан оёғи қайрилиб кетди-да. Қўлининг суяги чиқиб кетган, ―деди Шерали. – У мактабимиз ҳовлисида...
Ойсара унинг охирги сўзларини зиналардан югуриб тушаётиб эшитди. Ўғли ўқийдиган мактаб тахминан икки бекат нарида эди. Аёл жонининг борича, нафаси тиқилиб ўша ерга қараб чопаркан, ваҳимасининг зўридан қандай қилиб мактаб ҳовлисига келиб қолганини сезмади. Каттакон ўрик дарахтининг тагида тўпланиб ўтирган болалар сафини ёриб, ерда ”вой-вой”лаб ётган Асилбекка яқинлашди.
Ўғлининг синган қўлини кўриб, аёлнинг юраги орқасига тортиб кетди.Асилбекнинг билагидан пасти жуда қалтис жойидан синган шекилли, суяги ирғиб чиққан бўлиб, бир зумда шишган бармоқлари аянчли аҳволда эди. Ойсара боласининг бошини бағрига босиб, йиғлаб юборди.
― Қўрқма, болажоним. Бошқа жойларингга ҳеч нарса қилмадими? ―деди у ўғлининг танасини бошдан оёқ силаб сийпаб чиқаркан. ―Бироз чида, ҳозир шифокорга олиб бораман.
Ўғлини елкасидан қучиб уйи томонга келаркан, аёлнинг ёдига уйда умуман пули қолмаганлигини тушди. Икки кун аввал ижара пули ва коммунал тўловларни тўлаган, ёнида фақат нонга етадиган маблағ қолган эди, холос. Маошгача эса ҳали уч-тўрт кунча вақт бор. ”Энди нима қиламан, ― ўйлади у эзилиб. ― Ҳамма яқинларим узоқда яшаса. Ҳамкасбларим ҳам ўзим қатори ойликни кутиб ўтирган бўлса. Э, ҳозир синглим Ойдиндан сўраб кўрай-чи.” Халатининг чўнтагидан қўл телефонини олди-да, шаҳарда яшовчи синглисига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтираётиб, йиғлаб юборди.
―Опа нимага бунча ваҳима қиласиз? Ўғлингиз ҳам роса шўх-да, а? Уриб ўлдиринг бунақа болани. Тинч юрмас экан-да, унингиз. Аксига олиб куёвингиз ҳам хизмат сафарига, Тошкентга кетган. Ўн минг сўмча пулим бор, ўшани бериб туришим мумкин, ― деди бепарво оҳангда синглиси. ― Шаҳар касалхонасига обкелинг, мен ҳам бораман ҳозир.
Ойсара синглисининг хотиржамлигидан ҳайрон бўлиб қолди. Ёрдам сўраганига пушаймон бўлиб, у билан хайрлашмасдан алоқани узди-да, кўнгли оғриганча, узоқ туманда яшовчи бошқа синглиси Гулнозага қўнғироқ қилди.
― Опа, ўғлингизни ўзи ёмон-да. Намозгарда кўчага чиқиб нима бор экан унга, - деди уни тинглаб бўлган Гулноза ранжиган оҳангда. ― Минг узр, пулим бор-у, аммо ҳозир сизга қандай етказаман? Кеч бўлиб қолган бўлса. Яна орамизда шунча масофа бор... Фақат мендан хафа бўлманг опа, илтимос.
―Ўзинг келолмайсанми? ― деб сўради Ойсара йиғисини зўрға куч билан босиб.
―Уйда куёвингиз йўқ. Қайнопам тўй бошлаганлар. Куёвингизни маслаҳатга чақиришган. Ўша ёққа кетганлар. Иложим йўқ-да, бўлмаса учиб борардим. Болаларни кимга ташлаб кетаман? Узр энди, опа. Таниш-билишингиз бордир, сўраб кўринг. Майли, Худо шифо берсин жиянимга. ― Гулноза шу сўзларни айтиб, хайрлашди. ― Соғ бўлинглар.
Ойсара ўғлининг оғриқ зўридан буришиб кетган юзига қараб баттар эзилди. Кўзларидаги ёшни Асилбек кўриб қолишини истамай, яна телефонига ёпишди. ”Дадам вафот этган бўлсалар... Онам ҳам мендан узоқда яшасалар. Ўзим деярли ёрдам беролмасам онамга. Кекса онамни безовта қилиб нима қиламан? Оилада фақат қизлар бўлсак...Ўғил бола укам бўлса-ку, ёрдам сўрасам...”
Эзгин ўйлардан чарчаб, телефондаги номлардан бирига тўхталди. Шаҳар паспорт столи раҳбари Шукур Сафоевичнинг номи ва рақами қайд қилинган ёзувлар унга нажот воситаси бўлиб кўринди.
Яқинда вилоят газетасига биометрик паспорт ҳақида мақола тайёрлаш жараёнида Ойсара бу киши билан икки марта учрашишига тўғри келган эди. Биринчи марта саволларига жавоб олиш учун Ойсара унинг иш жойига борган, кейинги гал эса газетага чиқишга тайёр бўлган мақолани кўриб бериш учун Шукур аканинг ўзи редакцияга келган эди.
Шукур ака мақола чиққанидан кейин Ойсарага қўнғироқ қилиб, миннатдорчилик билдирган, мақола ўқишли чиққанини хурсанд бўлиб, бирор хизмат бўлса бемалол тортинмай айтиши мумкинлигини тайинлаган эди.
“Қўнғироқ қилиб кўмак сўрасаммикан? Йўғ-е,эркак киши мени қандай тушунади? Нима қилсам бўлади? Яна бугун шанба бўлса.. Кеч ҳам бўлиб қолди анча...” Аёлнинг қарама-қарши ўйлардан боши ғовлаб кетди. Аммо ёнида зўрға турган, оғриқдан тишларини ғичирлатаётган, инграётган Асилбекка қараб чидаб туролмади. Бармоқлари беихтиёр Шукур аканинг рақамлари ёзилган ёзувни босди...
―Уйингиз қаерда синглим? Сиқилманг, йиғламанг,мен ҳозир бир одамни ёнингизга юбораман, - деди уни диққат билан тинглаган Шукур Сафоевич. ―Ўғил бола шу-да. Таскин берувчи оҳангда қўшиб қўйди у. ― Ўша одам сиз билан бирга касалхонага боради. Ҳамма харажатларини тўлайди. Сиқилманг, синглим.
― Шукур ака, мен бу харажатларни албатта қайтараман, ― деди ҳижолат ва уятдан ерга кириб кетгудай бўлиб Ойсара. ― Катта раҳмат сизга.
Ўн беш дақиқа ичида “Дамас” автомашинасида келган қирқ ёшлар атрофидаги эркак (исми Собиржон ака бўлиб, Шукур Сафоевич билан бирга ишларкан) уларни “Дамас”га чиқариб олди-да, касалхонага қараб елиб кетди. Озгина фурсат ўтмай улар шаҳар касалхонасининг қабулхонасида ўтиришарди.
Асилбекни қўлини дарров рентгент қилишди. Синган қўлига гипс қўйиб, яна қайта рентгентга жўнатишиб, суяклар нотўғри терилганини кўриб, қайтиб очишди.
Иккинчи марта суякларини жой-жойига қўйишгунча, Ойсара йиғлайвериб шишиб кетди. Оғриқдан бақириб йиғлаётган ўғлининг овозини эшитиб ичкарига киришга ҳам уриниб кўрди-ю, аммо шифокорлар рухсат беришмагани учун ноилож касалхона йўлагида эзилганча ўтираверди. Собиржон ака ”Кўп йиғламанг, синглим. Менинг ҳам иккита ўғлим бор. Ҳар иккиси ҳам бир неча бор қўлларини синдириб келишган. Хайрият бу шўх болалар бахтига омон бўлгур шифокорлар бор. Ўғлингиз бир неча кун ичида кўрмагандай бўлиб кетади, Худо ҳоҳласа,” ― деди юпатувчи оҳангда.
Асилбек ичкаридан чиққунча, вақт кечга яқинлашди. Собиржон ака шифокор буюрган тинчлантирувчи, оғриқ қолдирувчи дори-дармонларни келтириб, Ойсаранинг қўлига тутқазди. Кейин уларни уйга этиб қўйди. У йўл бўйи ҳазил гаплар айтиб, она-боланинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилиб келди.
Ўз жигарларида оқсаган оқибатни бегона одамлардан кўрган Ойсаранинг ўша тун анчагача уйқуси келмади. Ўзининг бугунги ҳолатини эслади. Шукур Сафоевичнинг одамийлиги, бугунги ёрдамини бир умр унутиб бўлмаслигини ўйлаб, юраги тўлиб кетди...
Ойсара уч кундан сўнг маош олди-да, ишдан сўнг тўғри Шукур аканинг ишхонасига борди. У Асилбек учун сарфланган пулни бериб, чин дилдан миннатдорчилик билдиришни ният қилган эди. Одатдагидек хонаси одамлар билан гавжум бўлгани учун Шукур Сафоевичнинг бўшашини кутиб ўтирди. Ниҳоят ярим соатлардан кейин одамлар бироз камайгач, унинг кабинетига киришга имкон туғилди. Қандайдир қоғозларни кўриб ўтирган Шукур ака уни кўриб, жойидан туриб сўрашди.
―Келинг, синглим. Яхшимисиз? Полвоннинг қўли тузалиб қолдими? Аҳволи қандай?
―Ассалому алайкум. Шукур Сафоевич, ўша куни берган ёрдамингиз учун раҳмат, - деди Ойсара. ― Шу пулни олиб қўйсангиз. Бу қилган яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман. Охирги сўзларни айтаётиб, овози титраб кетганини ҳис қилиб, уялиб кетди. ― Катта раҳмат сизга.
У шу сўзларни айтиб, Шукур Сафоевичнинг столига ичига пул солинган конвертни қўйди. ― Собир акага бериб қўярсиз.
― Ие, синглим, қўйсангизчи. Бу нима қилганингиз? Мени хафа қиляпсиз. Олинг пулингизни, ― деди Шукур ака ранжиган оҳангда. – Иложсизлигингизни билдим... Тўғрисини айтсам мен ҳам отасиз ўсганман... Аҳволингизни тушуниб, сизга чин дилдан ёрдам бердим. Агар ҳозир пулингизни олмасангиз, қаттиқ хафа қиласиз мени. Савоб ҳам керак-ку одамга.
Шукур Сафоевич шу сўзларни тез-тез айтиб, жойидан туриб стол устида турган конвертни олди-да, Ойсаранинг қаршилик кўрсатишига қарамасдан сумкасига солиб қўйди.
―Шу пулга гўшт олиб, полвонга кучли овқатлар пишириб беринг, синглим. Тезроқ қўли тузалиб кетсин. Катта йигит бўлса, ўзи ҳисоб-китоб қилади мен билан. ― Шукур ака шу сўзларни айтиб, жилмайиб қўйди. ― Ҳали бир йигит бўлсин. Эрта-индин қанотингизга кирса, бу кунларни унутиб ҳам юборасиз.
Ойсара Шукур Сафоевич билан илиқ хайрлашиб, кўчага чиқаркан, ўзига бегона бу одамнинг самимиятидан кўнгли тўлиб, яна йиғлагиси келди. Қароқларига тўлган кўзёшини бармоқлари билан сидириб оларкан, ўзича жилмайиб қўйди. ”Дунёда яхшилик, яхши одамлар кўп, - шивирлади унинг лаблари. ― Шу сабаб ҳам ҳаёт гўзал...”