ТИЛДАН ҚОЛГАН ТЕЛЕВИЗОР


   Тадбирларнинг бирида жудаям хунук ҳодисанинг гувоҳи бўлганман.

  Ўшанда Меҳрибонлик уйининг аълочи, тиришқоқ тарбияланувчилари ўқув йили охирида чиройли мақтовлар билан тақдирланишаётган эди.
   Ҳомийлардан бири йигирма нафар болажонларга энг сўнгги русумдаги ноутбукларни совға қилди. Сўзга чиқмади. Тасвирга ола бошлаган журналистларга эса «Суратга олманг. Савоб овоза билан қилинмайди», - дея, камерани ўчиртириб қўйди. Роса ялинган радиожурналистга ҳам интервью бермай, кетиб қолди. Рости, унга жудаям ҳавас қилдим. Кўнглим ёришиб кетди, бироқ кейин...
   «Фалончи вазирликдан ташриф буюрдик» деб, сўзга чиққан амалдор ўнта болага сифатсиз китобларни (Китобнинг ёмони бўлмайди, лекин бу болаларга берилгани суратлари ўта хира, муқоваси аранг ёпишиб турганди) совға қилиб, телевидение, радио, газеталардан келган журналистларга обдон мақтанди. Болаларга нафақатгина китобни, бояги ноутбукларни ҳам тутқизиб тасвирга олдирди...
   Болажонлар кулиб туришган бўлса-да, менинг юрагим қон йиғлади...
***
   Бугун ҳам шунга ўхшаган ҳолат такрорланди. Бир тадбиркор депутатни "Саховат ва ёрдам" акцияси доирасида роса реклама қилишди. Неча кило ун, гуруч, неча литр ёғ, неча фляга тухум берганини хам эринмай санаб чиқишди.
   Яна ўша саховатгўй навбатма-навбат пакетларини олаётган юртдошлари фонида иржайиб, интервью ҳам берди.
   Майли, ибрат учун савобни ошкора қилаётгандир, аммо ҳамма нарсанинг ҳам чек-чегараси, меъёри бор!
   Яхши амаллар кўргазма ва хисобот учун эмас, охират учун қилинмайдими? Ёрдам олгач, қўлидаги халтаси билан икки оғиз раҳматга жалб қилинган муҳтож отахоннинг кўзидаги мунг, дардни саккиз ёш қизим ҳис этса-ю, наҳотки микрофон тутиб турган журналистнинг тош юраги сезмаса?!
   Қизим битта савол берди:
- Аяжон, шу бечора додани неваралари бор, эртага ўзига тўқ болалар уни уялтиришмайдими?
   Бекзодамнинг илтимоси билан телевизор ҳақидаги эртагимни қўйяпман. Зеро, бу эртак эмас, айни хақиқатдир!

ТИЛДАН ҚОЛГАН ТЕЛЕВИЗОР

   Яқин ўтган замонда, ўзимизнинг томонда хонадонларнинг бирида оддийгина телевизор яшаган экан.
   Нима бўлибди-ю ажойиб кунларнинг бирида у бузилиб қолибди. Хонадон соҳиблари ҳайрон эмиш. “Ҳеч нарса бўлгани йўқ-ку, нега куйиб қолади?”. Тўнғичи техникадан бир оз хабардор бўлгани учун телевизорнинг у ёқ бу ёғини очиб, боши қотибди. Хонадон энг яқин дўстидан айрилгандай чуқур қайғуга тушибди... Кичкинтойлар севимли мульфильмларини кўра олмаётганидан, катталар эса сақичдай чайналувчи сериаллари ўтиб кетаётганидан хафа эдилар. Чақирилган бир нечта усталар телевизорнинг "ичак-чавағини" ағдариб, елка қисишдан нарига ўтмай, қайтиб кетишар экан. Ахийри улардан бири хонадон соҳибига тил ёрибди:
- Нега ишламаётганига ҳайронман. Икки соат уриниб тузата олмадим. Сизга бир маслаҳат: фалон маҳаллада телевизорларнинг тилини биладиган уста яшайди деб эшитганман. Агар ўша киши бунинг дардини топа олмаса, янгисини олишдан бошқа чорангиз қолмайди.
   Ўша машҳур устани бошлаб келишибди:
- Мени телевизор билан холи қолдиринглар, у билан гаплашиб олишим керак - дебди у, жиддий.
   Иккаласи ёлғиз қолишгач, уста уни обдон текшириб кўрибди. Сўнг савол берибди:
- Бир қур кўздан кечириб чиқдим, ускуналаринг бинойидек, лекин ишламаяпсан. Нима бўлди?
- Эҳ, устажон, - дебди телевизор, - дардимга ҳеч ким, ҳатто сиз ҳам малҳам топа олмайсиз!
- Нега ундай дейсан? Хонадон соҳибларидан бирортаси хафа қилиб қўйдими?
- Йўқ, - дебди телевизор, - бу оиладагилар мени асло ранжитишмайди. Қалбимга мутлақо бошқа инсонлар озор беришди. Майли, сизга айтиб бера қолай.
   ...Байрам арафаси эди. Оқшом кўрсатувларнинг бирида аллақайси корхона раҳбарининг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги, чет эллардаги ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиб, халқ манфаати учун ажойиб ишлар қилаётгани ҳақида жуда чиройли лавҳалар намойиш этишди. Фахрланиб кетдим. Нега десангиз, мени томоша қилиб ўтирган кичик томошабинларимнинг кўзларида нур порлаб, "Биз ҳам зўр ўқиб, келажакда ана шундай тадбиркор бўламиз. Маҳалламиздаги инсонлар учун иш ўринлари яратиб, дуоларини оламиз!", - дейишди.
- Тўғри-да, - дебди уста, - Агар элда иш биладиган, ақлли инсонлар қанча кўп бўлса, юрт фаровон, дастурхонлар тўкин бўлади. Сен эса гўзал юрт манзараларини жон деб кўрсатасан. Қурилаётган янги бинолар, замонавий мактаб ва коллежлар, барпо этилаётган боғ-роғлар инсон меҳнатининг, ақл-заковатининг маҳсули эканидан хурсанд бўласан.
- Рост айтяпсиз, - давом этибди телевизор - Оқ-қора кўрсатган ота-боболаримнинг тушига ҳам кирмаган замонда яшаётганимдан хурсандман. «Кичик томошабинларимни кўпроқ яхши одамлар билан таништириб турсам, улар ибрат олади», деган ўйлар билан кўрсатувнинг қолганини жон деб намойиш этаётган эдим. Бироқ, кўрсатув мени ранжитадиган лавҳалар билан якунланди.
- Қанақа лавҳалар, тушунтириброқ гапир?! - деди уста ҳайрон бўлиб, - нима ўша тадбиркор қазо қилибдими?
- Йўқ, у ўлмаган аммо... Хуллас, кўрсатувнинг давомида ишбилармоннинг байрам арафасидаги савоб ишлари хақида гап кетди. У киши ҳар бир мулкдор саховатли бўлиб бева-бечораларга мурувват кўрсатиши лозимлиги тўғрисида гапирди. Томошабиннинг диққатини ўз маҳалласида қилаётган эзгу ишларига жалб этди. Лавҳаларнинг бирида карнай-сурнай наволари остида терилиб турган ўн нафар етим болалар суннат тўйларини нишонлаётган бўлсалар, яна бирида уйи таъмирланиб берилган отахон уни дуо қилаётган эди. Учинчи бир лавҳада эса, ночор бир оилага мебеллар тўплами совға қилингани кўрсатила бошлади. Уйига янги мебель келганидан қувонган аёл бой ва мурувватли маҳалладошини кўзида ёш билан дуо қилди.
- Зўр-ку! - деди уста, - бунинг нимаси ёмон? Ўзига тўқ бир инсон бошқаларга ёрдам қўлини чўзгани қандай яхши!
- Яхшиликка яхши. Аввал мен ҳам шундай деб ўйлар эдим. Қўли калта бир оилага инсонпарвар тадбиркорнинг ёрдами тегибди, дедим қувониб. Лавҳаларни чин қалбимдан намойиш эта бошладим. Аммо ногаҳон ногиронлар аравачасида мунғайиб ўтирган оила бошлиғининг кўзларига кўзим тушди. У аёли каби қувонмас, атрофида йиғилиб турган одамларга қараб, синиқ жилмайиб қўярди, холос. Шунда мўъжиза рўй бериб, унинг хаёлларини ўқий бошладим.
   "...Аравачада ўтирганим билан, бугунга қадар ўзимни ҳеч қачон бунчалик нотавон сезмаган эдим. Уйимдаги жиҳозлар эски, аммо ўзимники эди. Биров аҳволимни сўраб келганида, ўтказгани тузукроқ жой топа олмасам ҳам, эски тўшакда меҳмоним билан мазза қилиб суҳбатлашар эдим... Кеча оқшом бой маҳалладошим олиб келган жиҳозлардан кўзим қувнади. Болаларим ҳам энди янги стол-стулда ўтириб дарс тайёрлашади, юмшоқ ётоқларда ухлашади, дея уни астойдил дуо қилдим, аммо кейин... Мен саховатгўй инсон ҳадяларини оқшомда ҳеч кимга билдирмай, қўни-қўшни олдида ҳижолатга қўймай, ташлаб кетди, деб бекорга қувонган эканман. Эртаси куни-ёқ қўлида камера кўтарган муҳбирлар, оиламга қилинган эҳсонни қайта-қайта тасвирга олишди. Ночорлигимга, шу нарсаларни болаларимга ўз меҳнатим билан олиб бера олмаганимга одамлар олдида ер чизиб, бир бурда бўлиб қолдим. Телевизоржон, шуни сен орқали элга ноғора қилишди, мана аҳволимга бир қара! Ногиронда ҳам уят ва энг муҳими ҳамият борлигини ишбилармон қўшним унутиб қўйган бўлса?! Болаларим ҳали гўдак, лекин катта бўлгач, эл орасида қандай бош кўтариб юришади?! Ёнида кулиб турган ўртоғи кун келиб “катта бўлган каравотинг ҳам дадамнинг пулига келган” деса, ўғлим уялиб, қизим қизариб қолмайдими?"
   Ногирон одамнинг ичидан вулқондек тошиб келаётган фарёд синиқ табассум ва “дуо”га айланаётганини кўриб, портлаб кетсам керак, деб ўйладим.
   Балки, қаршимда ўтирган кичкинтойларнинг ўша тадбиркорга ўхшашларини истамаганим учун бузилиб қолгандирман... Минглаб томошабинларнинг ярми болалар бўлса, эртага қанча ногироннинг, етимнинг юраги тирналади? Мени тузатасиз устажон, аммо яна шундай лавҳалар бўлса, ёниб кетмаслигимга кафолат йўқ!
   Телевизор қараса, устанинг елкалари силкиниб, йиғлаётган экан.
- Ҳа, биродар, “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин”, деган ҳикмат бежиз айтилмаган...
   Телевизорнинг тилини топган устанинг кўзлари жиққа ёшлигини кўриб, хонадон аҳли ҳайрон қолди. У хизматига ҳақ ҳам олмади.

©Муаззам Иброҳимова.