Шаҳодат Исахонова - Нодираи даврон


           Шаҳодат ИСАХОНОВА 


Н О Д И Р А И    Д А В Р О Н

тарихий фожиали драма

                            

Қатнашувчилар:

 Қўқон хони Олимхон, Хонойим (Олимхоннинг волидаси), шаҳзода Умархон (кейинчалик Қўқон хони), шоира Моҳлар ойим (Умархоннинг хотини),Ирисқулибий, Жумабий қайтоқи, Увайсий (шоира), Фазлий Намонгоний, Маҳзуна (шоира), Дилшоди Барно (шоира), Муҳаммадалихон (Нодира бегимнинг ўғли), Султон Маҳмудхон (Нодира бегимнинг ўғли), Насруллохон Баҳодирхон (Бухоро амири),  Муҳаммадаминхон (Нодира бегимнинг набираси), Қосимхўжа тўпчи, шайхул ислом Маъсумхон тўра (Олимхон давридаги) шайхул ислом Султонхонтўра-“Адо” (Умархон давридаги),вазир Қосим беклар беги-“Вазир”, бухоро шаҳзодаси Ҳусайнбек-Мирий, йирик ер эгаси Саид Ғозихон тўра-“Нола”, шоир Жунайдиллохон Ҳозиқ, қози, сарбозлар, жаллодлар ва бошқалар.

 

Б  И   Р   И   Н   Ч   И            С    А    Ҳ    Н    А

 

Биринчи кўриниш

   Ровий овози. Қўқон хонлигининг бошкенти ҳисобланмиш Ҳўқанд шаҳри мелодий эра арафасида бунёд этилган ва Паркан давлатининг пойтахти бўлган. 18 аср бошларида Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилган Аштархонийлар давлати таназзулга учради. Аштархонийлар Ҳожи Тархондаги хонлар сулоласи бўлиб, Бухорода ҳукмронлик қилган Жўжи авлодилари вакиллари эдилар. Улар Шайбонийлар сулоласини маҳв этиб, ўрнига ўз салтанатларини қурдилар.

   Ниҳоят, Аштархонийлар давлатини барбод қилган манғитлар Бухорода, қўнғиротлар Хоразмда, минглар сулоласи эса Фарғона водийсида ўз хонликларига асос солдилар.

  Қўқон хони Олимхон саройининг кўринишхонаси. Хонада Олимхон, волидаси Хонойим, шаҳзода Умархон, шайхул ислом Маъсумхон Тўра, вазирлар: Ирисқулибий, Жумабий қайтоқилар ўтиришипти.

 Олимхон: - Бугунги йиғинимизга волидаи муҳтарамиз, ҳазрати олиялари, малика Хоним ойимни таклиф этганимнинг боисини баён этсам. Маликамиз хайрли бир юмуш важҳидин ташриф буюрганлар. Боиси, (кулиб) инимиз шаҳзода Умархон балоғат ёшидин ўтиб, йигитлик даври гаштини андоғ  сураётган бўлсаларда,бошларинииккиқилиш борасинда бир тўхтамга келган эрмаслар. Бизнинг бошимизни эрса, волидаи муҳтарамамиз ҳали йигитлик гашти нелигига ақлимиз етмасидин,яъни, ўн икки ёшимиздаёқ, “Бошингиз икки бўлмагунча, бирингиз икки бўлмас” деган мақолга амал қилганларича, бўйнимизга рўзғор халтасини осиб қўйганлар.

Хонойим”: - (кулиб) – Ҳамма нарсанинг бир хайри бор, олампаноҳим, эрта уйланиб кам бўлдингизму? Худога шукрки, ўғлонларингиз иниларингиз қаторинда эр етишиб, суянган тоғингиз, ишонган боғингиз бўлишиб, қўлтиғингизга киришмоқда!

Олимхон: - Оллоҳга шукр!Пушаймонлиғимиз йўқ, маликам! (ўтирганларга қараб) Барчангизга маълумким, Андижон вилояти ҳокимлиғи волидайи муҳтарамамизнинг инилари, тоғойимиз Раҳмонқулибийга тааллуқдур. Волидамизнинг ва иниларининг шажарасидин барчангизхабардорсиз, яъни, алар “олтин бешик” авлодлардандур!

Ирисқулибий: - Албатта хабардормиз, олампаноҳ! (Хонойимга ҳам таъзим билан) Хонойим!!

Жумабий қайтоқи: - Бул олий насабни етти ёшдин етмиш ёшгача барчамиз биладурмиз, Хонойим!

Хонойим: -Инимнинг исматинда бир қиз борки, ҳуснидин ой уяладур ва зеҳнидин ақл лол қоладур!

 Олимхон: - Шундай, шундай. Салтанат паноҳинда ва ҳашамат чодиринда тарбия топган, насаб ва камол денгизининг гавҳари, иззату иқбол садафининг дурри ноёби ҳисобланмиш ул мастурани бегона қилмаслик учун инимиз Умархоннинг ақди никоҳига киргизмоқни орзуладик ва сизларни ҳамушбу маслаҳатмажлис машваратига даъват этдик.

 Шайхул ислом: - Омин, олампаноҳ! Хонойим ила кўп савобли ишга қўл урибсизлар! Оллоҳим шаҳзодамиз юлдузларини ул олий насаб хонадонмастурасининг юлдузига тўғри қилсун!

Ирисқулибий: - Шаҳзодамиз Умархонга муносиб келин танлабсиз, олампаноҳ, муборак бўлсун! Сизга ҳам муборак бўлсун Хонойим ва шаҳзодам!

Олимхон: - Қуллуқ!

Хонойим: - Оллоҳ муборак этсун!

Шаҳзода Умархон жимгина бош ирғайди.

Олимхон: - (шайхул исломга) – Тўйни Андижонда, рисоладагудай ўтказиб, аларни Марғилонда қолдирурсиз. Инимиз Умархонга Марғилонни инъом этдик. (Ирисқулибий ва Жумабий қайтоқига қараб) Сизлар эрса, шаҳзодаи жувон бахт Умархоннинг хос мулозими бўлурсиз. Ҳар бирингизга мингдин лашкар ажратиладур. Амиру мингбоши, юзбошию, ўнбошиларни ўзингиз танлай билурсиз!

Улар бир-бирига ҳайрон бўлиб қараб қолишади.

Ирисқулибий: - Бош устига, олампаноҳ... Фақат сизнинг муътабар даргоҳингиздин узоқлашмоқ бизга оғир бўладурму деган андешада...

Жумабий қайтоқи ҳам тасдиқлаб, бош ирғайди.

Олимхон: - Даргоҳимдин узоқлашмоқ мендин узоқлашмоқ дегани эрмас, аксинча, мен сизларга ишонганимдин бул масъулиятли юмушни юкламоқдамен. Зеро, инимиз Умархон менинг жон жигарим, ишонган тоғларимдин биридур. Анга хизмат қилмоқ менга хизматда бўлмоқ бирлан баробардур!

Иккаласи ҳам: - Ташаккур, олампаноҳ! Сизга шул маъқул келса, бош устига!Шаҳзодамизга жонимиз фидо!

Олимхон: - (шаҳзода Умархонга қараб) Нечун жимсиз, шаҳзодам, ёхуд таклифимиз сизга маъқул келмадиму?! (кулиб) Ё ҳамон ҳаёлий маликангиздин умудвормусиз?

Умархон хижолатлик билан бош эгади.

Хонойим: -(ҳайронлик билан) Ҳаёлий малика? Инингизнинг кўнгилларинда бошқа биров бор эрканму? Ҳали биз, ўзининг маликаси бор шаҳзодамизга келин топиб ўлтирибмизму? Ким эркан ул ожизаи нисо? Билсак бўладирму?

Олимхон: - Ҳали шаҳзодамизнинг ўзлари ҳам билмайдурлар, волидам!

Хонойим: - Билмайдурлар?! Шаҳзодамиз ул каримага билмай туриб ошиқ бўлдиларму?

Олимхон: - Шоирларнинг феъли шундоқ, волидам, шеъри, ғазали ёқса бас,нақ далли бўлдур...

 Хонойим: - Ул мастура шеър ҳам ёзар эрканму?

Олимхон: (кулиб) – Шаҳзодамиз шунинг учун ҳа ошиқ бўлганларда! Лекэнг қизиғи, ул шоира нисо бокираму ёхуджувонму ҳали шаҳзодамиз бул томониниҳам билмайдурлар!

Хонойим: - (кулади, бошқалар ҳам қўшилишади ) –Вой, худойим, шаҳзодам, сўраб-суриштириб кўрмадингизму?! Балки менга ўхшаган, шарти кетиб, парти қолған кампирдур? 

Олимхон: -(кулиб) Икки йилдин бери ҳаммамиз суриштирамиз, маликам!

Шайхул ислом: - Илло шундай, Хонойим, менинг ҳам суриштирмаган ерим қолмади.Жумабий қайтоқи ҳам кўп урунди.

Хонойим: - Маликул шуаро Султонхон тўра Адодин сўрмадингизму? Мамлакатдаги шоираларни тўра яхши биладур!

Шайхул ислом: - Бирчаларидин сўраб-суриштирдук. Ҳатто мавлоно Фазлий Намонгонийдин ҳам сўрдик. Ул мардум ҳам шоиранинг ашъору ғазалларидин ўзга маълумотга эга эрмасликларини айтдилар.

Жумабий қайтоқи: - Ернинг тагинда илон қимирласа биладурғон Мақсудхўжа тўпчики тополмагач, бизга йўл бўлсун, хонойим!?

Олимхон: - Шундай, волидам, шаҳзодамизнинг ақлини ўғирлаган шоиранинг номи бору ўзи йўқ!

Хонойим: - Ҳар қалай, номи бор эркан-ку, исми шарифини менга ҳам сўйлангиз-чи? Балки Увайсий отин биладур!

Олимхон: - Макнуна эркан!

Хонойим: -Макнуна? Бизнинг элда бундай исм йўқ-ку, бирортанинг бундай исм қўйганини ҳам эшитмаганмен,маъноси не эркан анинг?

Олимхон: - (Умархонга ишора қилиб) Анинг маъносини шоиризамон шаҳзодангиздин сўранг, волидам, бунга бизнинг тишимиз ўтмайдур! Волидамизга ўзингиз тушунтириб беринг, шаҳзодам!

Умархон: - Макнуна менимча, тахаллуси бўлса керак, волидам, анинг маъноси эрса, “яширин, сирли” демакдур!

Хонойим: - “Яширин, сирли”... Қизиқ тахаллус эркан. Тахаллусига қараганда ақилли, доно кўринадур! Лек... икки йилдин бери ул шоираи ширин забон топилмаган бўлса, бундин сўнг ҳам топилмоғи гумон. Биз топган келин эрса, ул шоирангиздинда иқтидорлироқ, андинда гўзалроқдур! Анинг ақлинда бир зеҳн ва уқув борки, ани фаҳм тушунмас, сезги англай олмас, тил эрса таърифлашдин ожиз қоладур. Сўзимизга ишонмасангиз, бориб кўринг, суҳбатини олинг, андин сўнг, бир қарорга келинг!

Умархон: - Шеър ёзадурларму?

Хонойим: - Шеър ёзиш-ёзмасликларини аниқ билмасмен, лек фаросат ва фасоҳат бобинда анга тенг келар қиз Андижонда топилмаслигига имоним комилдур!

Шайхул ислом: - Хонойимнинг сўзларинда жон бор, шаҳзодам. Жавоб айтмоққа журъатингиз етмаётган бўлса, чиндан ҳам Андижонга бориб ул ожизаи нисони кўринг, яқиндин танишинг. Ул насаб мастураси қалбингиз қўрғонини забт этмоғига мен ҳам кафилмен! Зеро, оила қурмоқ инсонлар учун энг муқаддас фарздур, чунки, яхши хотин бўлажак авлодингизнинг пойдевори ҳисобланадур. Оқила, фозила ва гўзал хулқли аёллардин комил ва комила зурриёдлар дунёга келадур.

Олимхон: - Ана, ишимиз пишди ҳисоб, қолганини шайхул ислом Маъсумхон тўра ҳазратлари давом эттирадилар. Ҳаммангизга ташаккур.

Барчалари чиқиб кетишади. Хонойим қолади.

Хонойим: - Олампаноҳ ўғлим, йиғинингизга шаҳзодамизнинг волидалар Мунаввара бонуни ҳам чорлатсангиз яхши бўлур эрди.

Олимхон: - Шул кундошингиз менга ёқмайдур, волидам,  исмлари Мунаввара бўлсада, ичлари қора аёл. Шаҳзода инимизни менга қайрагани-қайраган.

Хонойим: - “Гумон иймондин айирадур” деган гап бор, олампаноҳ. Бирор бир асосга эга бўлмасдин туриб, гумонга борманг. Ҳукмдорларни тўғри йўлдан одзирадурғон энг хавли восита ҳам шубҳа, гумондур!

Олимхон: -Менинг гумоним ҳам асоссиз эрмас, волидам. Кўнглингизни қирмаслик учун бул воқеани сизга айтмаганмен.Бир куни тасодифан, анинг хонасига кириб қолдим. Хонада волидаси бирлан эркан. Волидасининг оғзидин ўзимнинг номимни эшитиб, даҳлизда тўхтаб қолдим. Алар ўғлонларигамен ҳақимда ножоиз сўзларни айтмоқда эрдилар. “Шаҳзодам, Олампаноҳ Олимхон оғангизни золимхон дейишмоқда. Аларнинг зулми ҳаддин ошаётган эрмуш. Бирор кори ҳол бўлса...” дейишлари бирлан эшик оғаси келиб қолиб, аларнинг суҳбати бўлинди. Мен эшитганларимни ичимга ютдим. Лек, ўшал кундин бери аларга ишончим йўқолди. Шаҳзода ёмон эрмас-ку, лек, волидасининг қутқўсига учиб, бир куни фасод чиқармаса бўлди.

Хонойим: - Шул боис ҳам чақирмоғингиз лозим эрди, “душманнинг сиртинда бўлгандин кўра, ичинда бўл” дейдилар. Бундин ташқари раҳматли қиблагоҳингизнинг руҳи хотирлари учун шундай қилмоққа масъулсиз, олампаноҳ!

Олимхон: - Ер еказиб бормасину, қиблагоҳимиз ҳам орқа-олдиларига қарамай, бола-бақрани экиб ташлайверган эрканларда, волидам! Ўзлари ўгайликнинг ғам-аламини татиб кўрмаган бўлсалар керакда! Анинг  жабру жафосинимана эндибиз тортмоққа маҳкуммиз!

Хонойим: - Булхислат барча ҳукмдор эркакларнинг қабоҳатидур, олампаноҳ ўғлоним. Алар ўз нафс ва ҳирсларини жиловлай олмаганликлари касофатидин зурриёдлари ўгайлик балосиға дучор бўлуб, аҳли аёллари кундошликжаҳаннаминда қовуриладурлар!

Олимхон: - Сизнинг ҳам оғриқ жойингизга тегиб, дардингизни янгиладимму, волидам?!

Хонойим: - Аслинда бул дард фақат менинг эрмас, барча аёлларнинг, ҳатто, элу элатнинг, давлатнинг ҳам бедаво ярасидур, олампаноҳ ўғлоним! Ўгайлик, кундошлик на фақат оға-инилар ва кундошларнинг, балки, салтанатнинг ҳам кушандасидур!

Олимхон: - Рост сўйлаётирсиз, волидам, айнан менинг кўнглимдагиларни топиб айтаётирсиз!Кейинги пайтларда нечундир иниларимдин, айниқса, мана шул шаҳзода Умархондин хавотирдамен.

Хонойим: - Менимча, Умархон кўнглинда кири йўқ, бегидир шаҳзода. Биз устига шоир ҳамдур. Қалам аҳлидин инсонларга ёмонлик келмас.

Олимхон: - Айтганингиз келсун! Тоғойимизнинг қизларига уйлантирмоққа қарор қилганимнинг ҳам боиси, аслинда, шундин. Бир томондин қариндош бўлгач, ўйлаб иш қиладур, иккинчи томондин эрса, ани бошкентдин йироқроққа жўнатмоққа имконият туғиладур!

Хонойим: - Ўйлаганларингиз хайрларга васила бўлсун, олампаноҳ ўғлоним! (хайрлашиб чиқиб кетади)

 

                             И  К  К  И  Н  Ч  И      С  А  Ҳ  Н  А 

Иккинчи кўриниш

 Андижон. Моҳлар ойимнинг хонадони. Хонада шаҳзода Умархон ёлғиз ўтирипти. Шу пайт эшикдан Моҳлар ойим кўринади. У ҳарир рўмол ёпинган. Чеҳраси кўриниб-кўринмайди. Шаҳзода Умархон ўрнидан туриб, уни қаршилайди.

Умархон: - Хуш кўрдик!

Моҳлар ойим: - Хушвақт бўлинг!

Умархон: - Адашмасам, исмингизни Моҳлар ойим деб эрдилар...

Моҳлар ойим: - Худди шундай, шаҳзодам...

Умархон: - Исмингизни ким қўйган бўлсада...  янглиш қўйибдурлар!

Моҳлар ойим: - (ҳаяжон ичида қимтиниб, хижолат чекади) Янглиш... Исмим сувратимга номуносиб эрканму?

Умархон: - (кулиб юборади) Астағфируллоҳ! Сўзимни янглиш англатдим, шекилли. Менга қолса,сизгаШамсинур ёхуд Офтобхон деган исм берган бўлур эрдим! Чунки чеҳрангиз ойданда ойдинроқ, моҳданда гўзалроқ эркан! Юзларингиздин таралган нурдин кўзларим қамашди, сўзларимдин адашдим! Ижозат этсангиз, ашъор тилинда сўйласам!

Ул малак Моҳ дедилар, лек, бўлди офтоб рўбарў,

Зоҳиру ботин дилим уққали китоб рўбарў.

Моҳлар ойим:

 Бул Эрам боғи аро гул термак эрди маслагим,

Келди дуч бир андалиб, ул бағри кабоб рўбарў.

Умархон: - (қувониб кетади) Тасанно! Сиз... ашъор ҳам битасизму?

Моҳлар ойим: - Сиз киби шоири замон ашъорлариға муқояса этганда, менинг битикларимни шеър демоққа ҳаддим сиғмас, шаҳзодам, лек, кўнгул орзуси ила қалам тебратмагимни ҳам эътироф этмасам бўлмас! 

Умархон: - Магар ростини сўйласам,менгаёстиқдош, умрим йўлларинда йўлдошмастура шоира бўлишиниорзу этганмен!

Моҳлар ойим: - Эшитдим...

Умархон: -Эшитдингиз? (таажжуб билан жилмаяда) Сизга ҳам сўйлашдиму?

Моҳлар ойим қизариб ерга қарайди ва бош ирғайди.

Моҳлар ойим: - Бир шоирага ошиқ бўлганингизниму?

Умархон: - Шундай десак ҳам бўладур. Лек бул ҳис алар ўйлаган ва сўйлаган нарса эрмас!

Моҳлар ойим: -Англадим...

Умархон: - Яъни, бул туйғу шеъриятга ғойибона ошиқлик, халос. Ашъор битсангиз, демак, сиз менинг ҳолатимни яхши билурсиз. Ул шоира битган ғазаллар шул қадар гўзалки, баъзан, ани инсон зоти ёзганлигига ҳам шубҳа этурмен. Балки аларни сиз ҳам ўқигандурсиз, балки, ўзи ҳам таниш чиқар.

Моҳлар ойим: - Исмларини сўйланг-чи!

Умархон: - Исмини билмасмен, лек, тахаллуси Макнунадур.

Моҳлар ойим ҳаяжонланади, нимадир демоқчи бўлади.

Моҳлар ойим: - Макнуна...

Умархон: - Танийсизму?

Моҳлар ойим: (шоша-пиша) – Йўқ, йўқ, танимаймен... Лек ғазалларини ўқиганмен.

Умархон: - Яқинда янги ғазалини ўқидим, анга қўшиқ басталатмоқчимен. Сизга ҳам ўқиб берайму?

Моҳлар ойим бош ирғайди.

Умархон: (ғазал ўқийди)

Интизорам бо ту эй сарвихиромонам, биё,

Жон ба каф истодаам, бархез жононам, биё.

 

Чанд аз нозу тағофул тунд мерони саманд,

Мардуми кун пой неҳ-дар чашми ҳайронам, биё.

 

Умархон давомини эслолмай, бир лаҳза жим қолади. Моҳлар ойим келган жойидан давом эттиради. 

Моҳлар ойим:

Субҳи васли ман зи хуршеди жамолат нур дошт,

Шоми ҳижрон тира шуд эй моҳи тобонам, биё.

 

Бе ту дар кунжи надомат дарди ҳижрон мекашам,

Вораҳон, эй сарвиноз, аз дарди ҳижронам, биё.

 

Умархон: - Офарин! Сиз мени ҳайратга солдингиз! Ростини сўйласам, мен волидамиз, яъни, аммангиз Хонойимнинг сўзларини ерда қолдиргим келмай, кўнгиллари учун сиз бирлан бир кўришувга розилик берған эрдим. Лек аммангиз ҳақ бўлиб чиқдилар! Демак, биз ҳаётда ҳамфикр эрканмиз!

                   Учинчи кўриниш

Марғилон. Умархон хонадони. Шоирлар, машшоқлар, раққосалар, қизиқчилар базм қуриб ўтиришипти. Умархон, Моҳлар ойим, шоира Увайсий, шоир Нодир, шоир Ҳозиқ, шоир Фазлий Намонгоний, шоира Маҳзуна, шоирлардан Адо, “Вазир”, Мирий, Нола, мингбоши Ирисқулибий, Жумабий қайтоқ, мирза ва бошқалар.

Рақс тугагач, сўзни Адо олади.

Адо: - Ана энди навбат мушоирага! Лек мушоирани бошлашдин олдин мен сизларга бир қувончли муждани етказмоқчимен!Шоирлар подшоҳи, гўзал ва латиф ғазаллари бирлан  ошуфта кўнгулларни мафтун этган шоири замон, келинпошшоимизнинг куёвтўралари-Амирий яъни, шаҳзодамиз Умархон ҳазратлари юртимизнинг каттаю кичик қалам аҳлининг бошини бирлаштирмак мақсадинда, Марғилон шаҳринда, яъни, хонадонларинда “Ашъор уйи” очмоқ ниятиндалар.Оллоҳга минг шукрларким, ўшал қутлуғ даргоҳнинг биринчи меҳмонларидинбўлмоқ бахти сизу бизга насиб этмиш! Тилагимиз даврамиз кенгайсун, юртимиздаги барча ижод аҳлининг боши бирлашиб, элимизга хизмат қилсун!

Даврада маъқулловчи ва миннатдорчилик билдирувчи овозлар.

-Шаҳзодамиз бошлаған қутлуғ иш хайрларға васила бўлсун!

-Кўз тегмасун!

-Оламшумул воқеа бўлажак!

-Лутфийу Навоийлар руҳи қўлласун!

Умархон таъзим қилади.

Адо: -Энди эрса, бугунги даврамиз меҳмонларини келинпошшомиз Моҳлар ойимға таништирсам! Ҳаммамизнинг устозимиз, Увайсий тахаллуси ила машҳур бўлган шоирамиз Жаҳон отун! Исмлари феълларига монанд, тахаллуслари эрса, -“Маҳзуна”бўлмуш Меҳрибон бону!Давраларнинг гули, лек, “шоирлар шоҳи” мақомига етишмоғи учун ҳали тўрт-беш қовун пишиғи бор, яъни, ҳозирча, шоирлар“вазир”и-Қосим беглар беги ҳазратлари! Дурдона асарлари бирлан унча-мунча ижод аҳлини мирламайдиган шоиримиз-Бухоро шаҳзодаси Ҳусайнбек, яъни, Мирий ҳазратлари!Бул бир кам дунёда ҳеч бир ками кўсти йўқ, лек, муҳаббат дардинда фиғони фалакка етган Саид Ғозихон тўра-“Нола”! Тиллари ҳар лаҳзада ҳақ сўзни айтмоққа ҳозиру-нозир, “ҳақ гап отангга ҳам ёқмайдур” деган нақлга мутлақо амал қилмайдургон, ҳақпараст шоир, ростгўйлик чаманининг маликул-шуароси Жунайдулло маҳдум Ҳозиқ! ( у ёқ бу ёққа аланглаб) Хўш,навбат ўзимизга келиб қолибдир-ку, энди ўзимни қандай таништирсам эркан, сизларга?

          “Вазир”: - Ҳаргиз овора бўлманг, тўрам, сизни мана биз, таништирамиз! Гўзал сахти-сумбатлари ва булбул монанд савтли ширру шакарлари ила не-не гўзалларни адойи тамом қилган Султонхон тўра-Адо!

 Адо: -(ҳазил билан) Таърифимни жуда қисқа қилдингизму, назаримда!?

Вазир: - ( уям ҳазил билан) Муфассал таърифларига тўрт-беш қовун пишиғи бор, тўрам!

Адо: - Ҳисобни тенглаштирдингиз! (жилмаяди) Майли,энди асл муддаога ўтсак, мушоирани шоири замонимиз, “Ашъор уйи”нинг соҳиби, шаҳзодамиз Амирий ҳазратлари бошлаб берадурлар!

Умархон: -Меҳмонлардин бошламаймизму?

Барчалари: - Сизга бағишладик, шаҳзодам!

Умархон: - Қуллуқ!

Умархон: (қўлига дастурхондаги анорни олиб) – Шоирларимиз ғазалу ашор айтмоққа ҳозир бўлганлари қадар, шоираларимиз мана шул анорга бағишлаб байтму, фардму, чистонму тўқисунлар!

Ҳамма ёзишга киришади.

Умархон: - (шоираларга қараб) – Ёзувларини битирганлар борму?

Увайсий: - Олампаноҳ, изн берсангиз мен ўқиб берсам!

Умархон: - Марҳабо, шоирам, битганингиз фардму, байтму ёхуд...?

Увайсий: - Чистон битдим, олампаноҳ!

Умархон: - Аъло, қулоғимиз сизда, шоирам!

Увайсий:

- Ул на гумбаздур эшиги, туйнигидин йўқ нишон,

Неча гулгун пўш қизлар анда айлабдур макон;

Синдириб гумбазни қизлар ҳолидин олсам хабар,

Юзларида парда тортуғлиқ турурлар-бағри қон.

Моҳлар ойим: - Офарин, устоз!

Маҳзуна: - Тасанно!

Умархон: - (Моҳлар ойим ва Маҳзунага) Сизлар ҳам нимадир битдингиз, шекилли, марҳабо, ўқишларингиз мумкин!

Маҳзуна: - Олампаноҳ, менинг битигим устозим чистони олдинда ҳечдур, шул боис, қутламоқ бирлан чекланамен!

Моҳлар ойим: - Устозимиз биргина анорга маъни ва маънони шул қадар хуб ва куб жойлабдурларки, ортиқча сўз битмоққа менинг қаламим ожиздур!

           Умархон: Унда навбатни қўшиққа берурмуз! Менхассос шоира Макнунанинг янги, «Биё» номли ғазалига куй басталатган эрдим. Ани сизнинг ҳукмингизга ҳавола этамен! (Моҳлар ойимга қараб) Рашк қилмассиз деб умид қиламен, Моҳим!

Моҳлар ойим: - Аксинча, ул ғазал менга ҳам ёқадур!

Қўшиқ ижро этилади. Ҳаммалари олқишлашади.

-Тасанно!

-Қойил!

-Ғазалга ҳам, куйга ҳам таъриф оз!

Увайсий: -(ўрнидан туриб Моҳлар ойимни қучади) Гўзал шоирам! Ҳаётингиз ҳам ўзингиз киби гўзал, умр йўлларингиз равон, муҳаббатингиз эрса, тахаллусингиз киби сирли ва қудратли бўлсун!Ғазалингизга басталанган қўшуқ ниҳоятда гўзал ва жўшқун бўлибдур, муборакбод этамен, Макнунам!

Умархон: - (сапчиб ўрнидан туриб кетади. Бошқалар ҳам ҳайрон бўлиб, бир-бирларига қарашади) Нима? Макнуна? Моҳлар ойимнинг тахаллуслари Макнунаму?

Увайсий: - Келинпошшомиз ҳали сизга айтмадиларму, куёв тўрам?

Ирисқулибий: - Вой, худойим! Икки йилдин бери Макнунани излаб, сочим оқарди-я!

Умархон: - (ҳамон ҳайратда, кафтларини юзига босиб, бош чайқайди. Моҳлар ойимнинг ёнига келиб) Нечун, нечун ўшал кун бул ҳақда менга сўйламадингиз, Моҳим, ахир...

Моҳлар ойим: - Қалбингиз илоҳий бир севгига ошино бўлганлигибоис, ани ўшал хаёлий бахтдин бенасиб этмоқдин қўрқдим, шаҳзодам!

Умархон: - Балки, сўзимга ишонмассиз, лек сизни кўрганим ўшал лаҳзалардахаёлимдаги Макнуна сиз бўлишингизни жудаям истаган эрдим! Оллоҳга шукрки, яратган эгам илтижомни ижобат этибдур!

Моҳлар ойим: - Миннатдормен , олампаноҳ!

Умархон: - (даврадагиларга қараб, табассум ва ҳазил билан) Дўстлар, ҳамон ишонгим келмаётир, ниҳоят излаганМакнунамни топдим. Хаёлан ошиқ бўлган сирли шоирамнинг “сири” очилди. Бундин буён “Макнуна” деб тахаллус қўйишларига, менимча, ҳожат қолмайдур. Зеро, шоирамизнинг ўзгача хаёти бошлади. Шул боис, Моҳлар ойимнинг тахаллусларини ўзгартмоқ керак! Бул юмушда сизлар менга ёрдамчи бўлинг!

Адо: - Мен тахаллус топай, олампаноҳ! Шамси Қамар бўлсунлар!

Фазлий: - Менимча, Офтоб ойим деганимиз дуруст!

Ҳозиқ: - Исмлари жисмларига муносиб Комила бўлса, янаям яхши!

Умархон: - Комила? Жуда муносиб! Лек, мен, агар хассос шоиримиз Нодир эътироз билдирмасалар, Нодираи даврон деган бўлур эрдим!

Шоир Нодир: -Астағфируллоҳ, олампаноҳ, аксинча, бошим кўкка етадур!

Умархон: - Унда мушоира навбати Нодираи давронга!

Моҳлар ойим: (шеър ўқийди)

          Эшикдан эшик оғаси мўралайди.

Эшик оғаси: -Шаҳзодам, Қўқондин чопар келибдур. Ирисқулибий бирлан Жумабий қайтоқилар ҳам ҳузурингизга кирмоққа изн сўрашаётир!

Умархон: -Кичик меҳмонхонага киришсун, мен ҳозир чиқамен!

Моҳлар ойим: - Тинчликму, бегим?

Умархон: - Тинчлик, тинчлик, Моҳим, хавотир бўлманг! Оғамиз, олампаноҳ Олимхон даргоҳларидин чопар келган эрмуш! Сизлар мушоирани давом эттирингиз! Мен ҳозир қайтамен! (чиқиб кетади) Улар мушоирани давом эттиришади. Бирпасдан кейин Умархон киради.

Умархон: - Моҳим, (қулоғига шивирлаб) – Мен зудлик бирлан Қўқонга кетмоғим керак!

Моҳлар ойим: - Тинчликму, бегим, авзоингиз нечун бирдан ўзгарди, ҳазрати олийлари тоғамиз ва аммамиз тинч эканларму?

Умархон: - Хавотирланманг, ҳаммаси яхши! Тез қайтамен! (Чиқиб кетади).

 

Б  И  Р  И  Н  Ч  И     С  А  Ҳ  Н  А       

Тўртинчи кўриниш

Қўқон. Олимхон саройи. Тахтда энди Умархон ўтирипти. Саройга канизаклар етагида Моҳлар ойим кириб келади.

Моҳлар ойим: -Оллоҳга шукрлар бўлсин, тўрт ой деганда омон-эсон юз кўришдик, бегим! Қўзғалонни эшитиб,тўғриси, қўрқиб кетдим! Келмоқчи бўлсам, одамларингиз рухсат беришмади. Сизга зиён-заҳмат етмадиму, ишқилиб?

Умархон:- Кўриб турганингиздек, соғ-саломатмен. Фақат олампаноҳ оғамизни ва фарзандларини қутқара олмадик. Бандалик, Моҳим!

Моҳлар ойим: - Оллоҳ раҳматига олсун! Оҳ, бул қандай кўргулик бўлди, бегим!? Ҳамон ул воқеот даҳшатидин ўзимга келмаётирмен! Уйқумда ҳам ҳаловат йўқ. Бул қўзғалон кимдин чиқди ва қандай содир бўлди?

Умархон: - Тўғриси, ўзимнинг ҳам ақлим етмай қолди. Ўшал куни етиб келсам, ҳамма ерда қирғин-барот эркан. Биров-бировни танимайдур. Бир ҳафтадин сўнггина, қўзғалонни бостиришга муваффақ бўлдук.Шукр, барчаси ортда қолди. Ўзим хоҳламасамда, шаҳзодаларнинг улуғи бўлганлигим учун мени тахтга ўтқазишди, қутлашингиз мумкин. Сиз ҳам энди маликасиз ва менга “олампаноҳ” деб мурожаат этишингиз мумкин!

Моҳлар ойим: - Эшитдим, лек қандай суюнай? Сизнинг оға-иниларингиз, менинг эрса, жигарим ва жиянларим қони бирлан булғанган тахт ва хонликни қутлашга тилим қандай борадур! Лек, ҳар нарса оллоҳ изни бирлан содир этилишини билганим боис, тахтингиз бардавом бўлсун ва эл корига ярасун деб дуо қиламен! Фақат бир нарсанибилишни истаймен! Қўзғалон кўтарган ул авбош, бебоклар кимлар? Нечун алар тоғамизнинг гўдак фарзандларигачақатл этдилар?Наҳотки, жиянларимиздин бирортасини сақлаб қололмаган бўлсангиз!?

Умархон: - Чопар келган ўшал кун сизнинг кўнглингизни бузмаслик учун аларнинг шаҳид кетганини айтмаган эрдим! Ул авбош қўзғалончиларни эрса, барчасини қатлга етказдим! Бул томонидин кўнглингиз хотиржам бўлсун!

Моҳлар ойим: - Ё, оллоҳ, вой, бечора аммам... ҳаммасидин ҳам аммам бечора Хонойим ҳазрати олияларига қийин бўлибдур! Кексайганларинда ҳам фарзанд, ҳам набиралар доғи... Алар ҳозир қаердалар? Ходимлардин сўрасам, қишки саройларинда дейишди. Ёлғизлатиб қўймайлик, бегим, одамларингизга айтинг,аммажонимни олиб келишсун. Ёнимизда бўлсалар дардларини унутиб, биз бирлан овунар эрдилар!

Умархон: - Аксинчабўлмаса деб қўрқамен, Моҳим, бизни кўрсалар дардлари янгиланиши мумкин!

Моҳлар ойим: - Нечун янгиланадур? Не сабабдин!

Умархон: - Одамларни билурсиз, тиллари бирлан юрадурлар ва оғзига келганни сўйлайдурлар! Менинг тахтга ўтирганимни эшитишгач, ўгайлигимни пеш қилишиб, Хонойимга бул ишда менинг қўлим борлигини айтишибдур!

Моҳлар ойим: - Сизнинг? Астағфируллоҳ! Сиз оғангизга ва жон жигарларингизга шул қадар аянчли қисматни раво кўришингиз мумкинму? Ақл бовар қилмайдур! Ё, тангрим! Бул туҳматга аммам ишонибдурларму?!

Умархон: - Чўкаётган одам хасга ҳам,чўпга ҳам ёпишгани киби, ғамга ботган одам кўнглига таскин излаб, ҳар бир сўзга ишонадур!

Моҳлар ойим: - Унда, аммамнинг олдиларига ўзим борамен!

Умархон: - Йўқ, йўқ, Моҳим, аммангиз ҳузурига бормоғингизни маслаҳат бермаймен! Вақт ўтиб, совугач, ўзлари тушунадурлар!

Эшик оғаси мўралайди.

Эшик оғаси: - Олампаноҳ, марҳум хонимиз Олимхоннинг волидаи муҳтарамалари Хонойим ташриф буюрған эрмушлар.  Дарвозабон кирмоқларига изн сўраётир!

Умархон: -(Моҳлар ойимга) Келганингиздин хабардор бўлибдурлар, шекилли!

Моҳлар ойим: - (кўзларига ёш олиб) Оҳ, муштипар аммажоним... Қиблагоҳимдин қолган ёдгорим! Бул қандай кун бўлдики, таъзияга ҳам боролмадим! Айтинг, киритсунлар!

Умархон: - Моҳим... унда, сиз, волидамиз бирлан гаплашиб, кўнгулларини олмоққа ҳаракат қилинг! Мен эрса девонга кетдим. Қолган гапларни кечқурун сўзлашамиз. (эшик оғасига) Айт, киритсунлар! (Умархон чиқиб кетади)

Мотам либосида Хонойим кириб келади. Моҳлар ойим аммасини қучоқлаб йиғлайди. Иккаласи бир лаҳза сукут сақлашади.

Моҳлар ойим: - Бандалик... Хонойим... аммажоним... Қиблагоҳимдин қолган ёдгорим!

Хонойим: - Ҳа... чиндан ҳам бандалик эркан, Моҳим! Чунки бундай қабоҳат ва разилликни оллоҳим эрмас, бандалари қилди! Энг ёмони, ани етти ёт бегоналар эрмас, кўзларининг ёғини ялаган жигарлари қилди!

Моҳлар ойим: - Шаҳзодамиз ул авбош густоҳларнинг барчасини тутдириб, жазолатган эрмушлар!

Хонойим: - Авбошларнинг йўлбошчиси эрса, жазодин қутилиб қолди!

 Моҳлар ойим: - Кимэркан ул йўлбошчиси?

Хонойим: -(сукут қилади) – “Гумон имондин айирадур” дейдилар, Моҳим. Ҳамма нарсамдин айрилиб, ғарибу нотавон бўлиб қолдим, энди шайтоннинг қутқусига учиб, имонимдин ҳам айрилмай, майли,сўйламаймен, сукут сақлаймен! Йўқса, Ирисқулибий бирлан Жумабий қайтоқилар ўлимлари олдидин йўлбошчиларининг кимлигини айтибдур!

Моҳлар ойим: - Ё, оллоҳ! Ирисқулибий бирлан Жумабий қайтоқиларни ҳам ўлдиришибдурму?

Хонойи: - Аларни ўшал йўлбошчиси, сотиб қўймасликлари учун йўқотған эрмуш...

Моҳлар ойим: - Анинг кимлигини билсангиз исмини айтинг, аммажон, бегимга етказамен. Алар ҳам воқиф бўлсунлар!

Хонойим: - Аларнинг мега қилганжабру жафолари ўзларига қайтиб, бул қаро кунлар бошларига тушганда, ўзлари биладурлар! Чунки “Ёқма пишарсен, қазма тушарсен” дейдилар!

Моҳлар ойим: - Оҳ, аммажоним... Сиз меҳрибонимга қандай таскин беришга ҳам ҳайронмен... Чунки қалбингизни мажруҳ этган бул ғам-андуҳни ҳеч бир сўзим енгиллата олмайдур! Айтганингиз киби, энди барчаси оллоҳга ҳавола! Ул ҳолиқи ҳакам ажрини ўзи берадур!

Хонойим: - Бермаса рози эрмасмен!Бермаса, гўримда тик турамен!! Менга бул қаро кунни раво кўрганларнинг ўзлари ҳам, зурриёдлари ҳам қирчинида қийилсин деб дуоибад қиламен!

 Моҳлар ойим: - Омин, аммажоним, ҳар кимки қилса, топсин, ҳар кимки этса,қайтсин!

Хонойим йиғлаб чиқиб кетади.

 

                   Бешинчи кўриниш

Умархон саройи.Саройда Умархон, Моҳлар ойим, Увайсий, шайхул ислом Адо, Фазлий Намонгоний, Ҳозиқ, Маҳзуна ва бошқалар.

Шайхул ислом Адо: - Барчамизға маълумки, шоири замонимиз ва олампаноҳимиз Амирий ҳазратлари Марғилонда яхши ният бирлан “Ашъор уйи” очғон эрдилар. Бугунгикунда бул даргоҳ юртимизнинг бош кенти Қўқонда ўз фаолиятини давом этдирмоқда вабарча қалам аҳлининг, олима афифаларнинг, фозила ҳамсуҳбат шарифаларнинг саждагоҳига айланиб улгурди. Аларнингғазал, мухаммас, рубоий ва бошқа ижод намуналари девон тақлидида жам қилиниб, зебо ва мустаҳсан тарзда тартиб берилди.  Яна олампаноҳимизнинг мурувватлари бирлан мингта қадим қўлёзмалар, яъниким, қоғозпоралар кўчирилиб, мадрасаларимизға тарқатилди.

Фазлий: - Олампаноҳимиз дунё тургунича турсунлар!

Увайсий: - Салтанатлари бардавом бўлсун!

Маҳзуна: - Умрлари узун, давлатлари фузун бўлсун!

Адо:- Ўтган галги суҳбатимизда, устоз Увайсийнинг “Қил” радифли ғазалига мухаммас боғламакни ният қилиб эрдик. Шул боис, суҳбатимизни ўшал вазифамиздин бошлаймиз. Ҳозир устозимиз ўз ғазалларини ўқийдилар, сўнгра биз, мухаммасларимиз бирлан ани давом эттирамиз! Марҳабо, устоз!

Увайсий:

Дилрабо юзинг узра кокилинг паришон қил,

Ҳуснингга ниқоб ўлсун, мақсадимни пинҳон қил,

 

На деб эътироз эттинг, мустоманди зорингга,

Жўрм кўп эрса афв эт, лабларингини хандон қил.

 

Ташналиғдадур мискин, гўшналиғдадур ғамгин,

Фақр аҳлин доҳили ҳотами Сулаймон қил.

 

Қатра май гадолардин, соқиё тутма дариғ,

Ақлдин қилиб фориғ, мастлиғида Султон қил.

 

Жонни можорасиға сабр айлағил эй тан,

Рашкдин яқиндур бул чиқмоғига, меҳмон қил.

 

Мунда етмади Вайсий, васлига, баҳосига,

 Юмди кўз бул оламдин, раҳм айлаб арзон қил.

 

Мухаммасни Умархон давом эттиради.

Умархон:

Лаб ўгур такаллумга зулфингни паришон қил,

Қанд қийматини синдур, нархи анбар арзон қил.

 

Адо:

Эй кўз, айла мардумлиғ, ул санамни меҳмон қил,

Вей, шарафишон ашким йўлиға чароғон қил!

 

Олқишлар ва Фазлий Намонгоний ўрнидан туради.

 Фазлий Намонгоний:

Гул юзингда зулфингни боғ аро намоён қил,

Лола бирла сунбулни доғ этиб, паришон қил.

 

 Адо: ( Ҳозиққа қараб) Сиз давом этдирмайсизму, устоз!

Ҳозиқ: (Адога) - Мен сизнинг ўшал кунги ғазалингизга мухаммас боғлаб келган эрдим!

Адо: - (хурсанд бўлиб) Эшитаётирмусиз, аҳли шуаро! Устозимиз бизнинг ғазалға мухаммас боғлабдурлар! Устозки бизнинг ижодға тан берибдулар, демак, каминанинг Навоий панжасиға панжа урғанлиғим ростдур!

Ҳозиқ: - Бердисини айтгунимча уриб ўлдирманг, Адо! “Букрини гўр тузатадур” деганларидай, устозингиз тузалмас дарди бедавога йўлуққан! Воҳ-ай, тилим тилим, тилимдур, бошға етган тилимдур, не қилай!Бул густоҳфаҳм, тили заҳар, ношуду нотавон устозингизни давранғизга чорламанг деб неча бор сизга таваллолар қилдим. Лек, тингламадингиз! Энди аччиқ тилим заҳридин озор чексангиз мени айбламанг, бунға тилим айбдордур. Анга қанча ялиниб-ёлборсамда, айғанимни қилмайдур! Йўқса, йўлға қасам ичиб чиққан эрдум! Эшитинг, Сизнинг сатрларингиз:

Гар Навоийдин Адо шеърини ўтказса не тонг,

Шоҳ Умар афзалму ё Султон Ҳусайн Бойқоро.

Менинг жавобим:

Гар Навоийдин Адо шеърини ўтказса не тонг,

Ўтказиб чанги чиқар, Навоийдек таратмас донг!

 

Адо: -(жаҳли чиқади) Шул боис ҳам “ бедананинг уйи йўқ қайга борса питбилдиқ” деганларидек, бирор жойдин қўним тополмайсиз устоз! 

Ҳозиқ: - Тўғри, бул бадбахт тил сизнинг мулойим, ширинсуханингиз киби ҳамду санолар айтиб, шилинганинда эрди, мен ҳам не лақабу мукофотлар соҳиби бўлуб, кошоналарда яшар эрдим.

Адо: - Мен негаки эришған бўлсам, меҳнатим ва ижодим бирлан муяссар бўлғанмен! Майли, вақт ҳакамдур, устоз, лек “ширин” тилингиз касриға қолиб, ўшал кунларни кўролмассиз деб қўрқамен!

Ҳозиқ: Тўғри вақт ҳакамдур, лек анинг ғалвири бор, ғалвирда донлар қолур, курмаклар эрмас! Биз ўзимизни қанчалик овутиб, сасиқ қўлтуғимизни совутмайлук диди юксак мухлислар Навоий бирлан Адонинг  фарқиға борурлар!

Умархон: - Дўстлар гўзал мушоирамизни бесамар баҳсу мунозараға айлантирмайлук! Бул даргоҳда ҳаммангизнинг  ўрнингиз бор, ҳаммангиз мен учун бирдай қадрлисиз!

Адо: (Умархонга) Олампаноҳ, дунё тургунча турунг!

Эшикдан эшик оғаси мўралайди.

Эшик оғаси: - Олампаноҳ, шаҳзодамиз Муҳаммад Алихон ушбу давраға раққосангиз ва қўшиқчингиз Хонпошшохонни таклиф этған эрканлар. Кирмакка изн сўраётирлар!

Моҳлар ойим ҳайрон. Ёнидаги канизаги қулоғига секин шивирлайди.

Канизак: - Маликам, мен сизға айтған канизак ўшал қиз. Йўқ, қиз эрмас, шайтонинг ўзи. Хонимизнинг ақли-ҳушуни ўғирлагани етмагандай, шаҳзодамиз бирлан ҳам апоқ-чапоқ бўлиб олған. Энг ёмони, шаҳзодамизнинг мадрасадағи ўқишлари қолиб кетаётған эрмуш. Отабегининг айтишларича, кўп вақтларини қўшиқ тинглашу ўшал раққосанинг ўйинини кўриш бирлан ўтказаётган эрмушлар. Олампаноҳимизға ўзингиз ётиғи бирлан тушунтирсангиз яхши бўлур эрди. 

Умархон: - (Эшик оғасига) Марҳабо, кирсунлар!  Хаёлимдин фаромуш бўлибдур, шаҳзодамизға мен ваъда бериб эрдим. Хонпошшохон маликамиз Нодираи давроннинг ғазаллариға куй басталағанлар. (Моҳлар ойимга) Ўшал қўшуқни сизнинг ҳукмингизға ҳавола этмоқчимуз, маликам!

Ҳамма олқишлаб, чапак чалади. Ўн икки ёшли шаҳзода билан канизак кириб келишади ва хонинг ёнидан жой олишади. Уларнинг кетидан созандалар ҳам киришади.

Муҳаммад Али: - Олампаноҳ, Пошшо ойимиз басталаған қўшиқини мен тинглаб кўрдум, жуда гўзал санъат асари бўлибдур! Тасанно! Пошшо ойимизни ҳар қанча тақдирласангиз арзийдур!

 Хонпошшохо: (уялгандай, ерга қарайди) – Ташаккур, жўмард шаҳзодам, кўзларингизға ўзим кўзтумор, бўйларингизға ўзим бўйтумор бўлай! Миннатдормен, оллоҳ сиздин рози бўлсун! Лек, менга ортиқча баҳо бераётирсиз! Мен қўшиқни тақдирлашлари учун эрмас, маликамиз истеъдодларини ҳурмат қилғанимдин, азбарои ғазаллариға шайдо бўлғанимдин басталадим, халос!

Умархон: - Баҳони ҳозир аҳли шуаро берадур! (созандаларга қараб) Қани бошланг!

 Хонпошшохон қўшиқ куйлайди. Лекин Моҳлар ойимнинг кайфияти бузилган. У Умархон билан канизакнинг муносабатларини кузатади. Қўшиқ тугаб, ҳамма Моҳлар ойимни олқишлайди. Хонпошшохон қўшиқни айтиб бўлгач, хоннинг қулоғига нималардир дейди ва кетмоққа чоғланади. Шаҳзода ҳам унга эргашади.

Моҳлар ойим: - Шаҳзодам, сиз қолинг, отабегингиз сизни кутаёған эркан.

Муҳаммад Алихон: - Биламен, волидам, отабегимдин изн сўраб, хуфтонғача келмоққа ваъда берғанмен. Ҳозир Пошшо ойим бирлан бир пас юмушимиз бор. Пошшо ойим менга мусиқа басталашни ва катта ашула куйламоқни ўргатаётирлар. Менинг ҳам хуш овозим бор эркан! Иншшоолоҳ, сизнинг ғазалингизга гўзал куй басталаб, сўзини ҳам ўзим айтурмен!

Умархон: (кулиб) – Сиз бўлажак ҳукмдорсиз, шаҳзодам!

Муҳаммад Алихон: - Ҳукмдор бўлсам нима қилибдур, олампаноҳ, қўшиқ куйлаш айбму?

Умархон: - Айб эрмас, лек,санъаткор бўлиш учун катта истеъдод керак!

Хонпошшохон: - Шаҳзодамиз ҳар тамонлама катта истеъдод эгаси эркан, олампаноҳ, ўзим синаб кўрдим! Ашула айтганларини бир кўрсангиз эрди!

Муҳаммад Алихон: -Олампаноҳ, рухсат берсангиз ҳозир айтиб беришим мумкин!

Умархон: (уялиб) – Йўқ, йўқ, шаҳзодам, кейин... Волидангиз бирлан менга айтиб берурсиз!

Хонпошшохон: - Майли, бизга рухсат беринг, ҳазрати олийлари! (у келасизми дегандай ишора қилади, хон бош ирғайди. Уларнинг ҳаракатини Моҳлар ойим кузатади)

Моҳлар ойимнинг кайфияти бошқаларга ҳам тасир қилиб қўзғалишади. Моҳлар ойим ва Умархон ёлғиз қолишади.

Моҳлар ойим: - Олампаноҳ, шаҳзодамизға бул қадар эрк бериб юбориш ёмон оқибитларга олиб келиши мумкин, мударрислар шикоят қилишибдур, отабеги ҳам норози бўлаётған эрмуш. Худо кўрсатмасун ул канизакка боғланиб қолса...

Умархон: - Гўдак шаҳзода борасинда шундай хаёлларға борғани уялмайсизму, маликам!

Моҳлар ойим: - Мўйлаби сабза урған бола гўдак бўладирму, олампаноҳ!

Умархон: -Шаҳзодани баҳона қилғандин кўра, ул канизакдин ўзим рашк қилаётирмен денг, ишонай!

Моҳлар ойим: - Рашк қилғанимни ҳам атмоқчи эрдим...

Умархон: - Сизни ақлли аёл десам, сиз ҳам сочи узунлар тоифасидинлигингизга бордингизму?

Моҳлар ойим: - Рашк инсоннинг инон-ихтиёринда эрмас! Севган кўнгул рашк қиладур!

Умархон: - Рашк қилса ўзиға-ўзи жабр этадур!

Моҳлар ойим: (кўзига ёш қалқиб) Кўзларим кўрмағани яхшироқ эрди!

Умархон: - Унда мени ҳам кўролмассиз! (Умархон ўрнидан туриб эшик томон юради)

Моҳлар ойим: - (йиғламсираб) Бугун бизнинг саройда қолмоқчи эрдингиз, янги ғазалларингиздин ўқиб бермоқчи эрдингиз...

Умархон: - Ғурбатли сўзлардин холи бўлганингизда келурмен!

 

                   Т  Ў  Р  Т  И  Н  Ч  И        С  А  Ҳ  Н  А

Олтинчи кўриниш

 

Қўқон, Умархоннинг иккинчи саройи. Базм авжида. Раққоса қизлар ўйинга тушишаётир. Моҳлар ойим кириб келади. Амир Умархон ширкайфлигидан хотинининг келганини илғамайди. Тиззасида ўтирган канизак қиз Хонпошшахонни қучоқлаганича, унинг лапарига жўр бўлади.

Эшик оғаси ишора қилиб, Хонпошшохонни ашула айтишдан тўхтатади. Канизак қизлар Моҳлар ойимни кўриб, дувва ичкари хонага кириб кетишади.

  Эшик оғаси: (аёлга) – Авф этинг, Пошшо ойим, маликамиз Моҳлар ойим ташриф буюрдилар!

Хонпошшохон: - ( у ҳам маст) – Моҳлар ойим? Ким эркан ул Моҳлар ойиминг?

Эшик оғаси: - Олампаноҳимизнинг бош маликалари Нодираи даврон ҳазрати олиялари!

Хонпошшохон: - (киноя билан масхаралаб) Ваҳима бирлан “ҳазрати олиялари” дейишингга қара!Шоира де? Олампаноҳимиз йўқлар, овга кетганлар! Боя айтған эрдим-ку, сенга, ким сўрса ҳам йўқ де деб. Бош малика бўлса ўзиға, андин улуғи бўлмайдирму? Олампаноҳни излаб, бул даргоҳга келишға қандай ҳадди сиғмиш?

Эшик оғаси: -Маликамиз уч бора хос мулозим юбориб эрдилар, барчасига йўқ жавобини бердим. Хабар жуда муҳим шекилли, ўзлари келибдурлар. 

Хонпошшахон: - Муҳим хабарини сенга айтиб, кетаберсун!

Эшик оғаси бир Хонпошохонга, бир ортига, Моҳлар ойимга қарайди, хижолат ичида қолади. Хонпошшохоннингкўзи Моҳлар ойимга тушиб, бақрайиб, ранги ўзгаради ва хониннинг қулоғига пичирлайди.

Хонпошшахон: - Олампаноҳ, қаранг, бош маликангиз уялмасдин ортингиздин пойлоқчилик қилиб юрибдурлар! Канизакменда, никоҳингиздаги завжаларингиздин бири бўлғанимда, не дафъи жавоб қилишни ўзим яхши билур эрдим. Минг бош малика бўлсун хоннинг ишратхонасиға келишға қандай журъат этмуш... Сиз катта бир мамлакат ҳукмдори,хонсиз! Ёхуд шоира хотинингиздин шунчалик қўрқасизму?

Умархон: (кўзларини базўр очиб, эшик оғасига) – Мен йўқмен, тушундингму?

Эшик оғаси: - Бир қошиқ қонимдин кечинг, олампаноҳ, хабарлари муҳим ва шошилинч эрмуш!

Умархон: -Ҳалиям бошимда турибсанму, маликангга бориб айт, муҳим хабарини пишириб есун!

Моҳлар ойим аста юриб, Умархонга яқин келади.

Моҳлар ойим: - Олампаноҳ, безовта қилғаним учун узр тилармен...

Умархон: - (довдираб қолади ва ярим юмуқ кўз билан) Сиз... кимсуз?

Моҳлар ойим: -Мен... (кўзларига ёш қалқади) Шунчалик... таниб бўлмас аҳволдаманму?

Умархон: -Йўқ, мен танийолмас аҳволдамен, бул ерга келишга қандай журъат этдингиз?

-Маъсумхон тўрамни уч бора юбордум. Эшикдин қўйишмабдур. Шул боис, ўзим келдум.

-Қўймаған бўлсалар, демак, мумкин эрмас ва бул қоида сизға ҳам тааллуқлидур!

Моҳлар ойим: - Хабарим нохушлиғи боис...

Умархон: - Нохуш... яхши,сўйланг тезроқ ва... (у қўли билан “чиқиб кет” ишорасини қиади)

Моҳлар ойим: -Майли, кетақолай, кейин айтармен...

Умархон: - Ана, энди ўзингизга келдингиз, аслинда зарур хабарнинг ўзи йўқ, ул бир баҳона халос, шундайму?! Сочи узун ақли калталигингизга бориб, мени пойлаб келдингиз!? Севган одамингизнинг, ишқида оташин ғазаллар битған севгилингизнинг ишратхонадағи аҳволини кўргингиз келди! Кўнглингиз жойиға тушдиму? Мен хонмен, не истасам шуни қиламен! Мени измимга соламан деб овора бўлманг! Яна шуни билингки, менинг ишқимда биргина сиз эрмас, минглаб ҳурлиқолар куйиб-ёниб ётурлер! Чидасангиз шул, чидамасангиз, чиллик отурсиз! Шундай... энди хабарингизни айтинг, йўқса...

Моҳлар ойим: -Мени танимаған одамға сўз айтиш зое... Майли, мен кетдим... хабарни таниғанларингиз етказишар...

Умархон: - Менга сўз ўйини қилманг ва бундин сўнг,ортимдин пойлоқчилик қилишни йиғиштиринг! Яна бир бора пойлоқчилик қилганингизни кўрсам, ўшал куни жавобингизни олурсиз!

Моҳлар ойим: - Олампаноҳ, мен асло пойлоқчилик қилмадим, дардимға шерик, кўнглимға таскин излаб келдим халос. Лек, бул журъатим нафсониятингизга теккан бўлса, майли, жавобимни беришингиз мумкин! Чунки завжангиз эканмен, бундин буён ҳам сизни изламаслик вадасини беролмасмен!

Умархон: - Сен кимсиз ўзимендай ҳукмдорға шарт қўяётирсиз!

Моҳлар ойим: -Мен шарт қўймадим олампаноҳ, мен...

Умархон: - Ортиқча сўзлашингизнинг кераги йўқ, майли, шуни истасангиз, сиз айтганча бўлақолсун! Мен ҳам розимен! Чунки мен сиз талаб этған эр ва ёр бўлолмасмен! Ўзингизга керакли ва хоҳлаган нарсангизни олиб, чиқиб кетишингиз мумкин!

Моҳлар ойим чиқатуриб, эшик оғасига нималарнидир тайинлайди. Моҳлар ойим чиқиши билан Хонпошшохон югуриб келиб яна хоннинг тиззасига ўтиради.

Хонпошшахон: - (чапак чалиб, хоннинг икки юзидан ўпади) Тасанно олампаноҳ, ҳақиқий хоннинг ва асл эркакнинг ишини қилдингиз! Шоиараи давронга жойини кўрсатиб қўйдингиз! Бундин буён бул киби номақулнинг нонини қайтиб емайдур!

Умархон:- (эшик оғасини чақиради) – Малика сенга не хабар келтирганини сўйладиму?

Эшик оғаси: - Сўйладилар, олампаноҳ?

Умархон: - Не эркан ул муҳим хабари?

Эшик оғаси: - Қиблагоҳлари, қайнотанғизРаҳмонқулибий яратғам эгам раҳмитиға қовушған эмушлар! Шунга...

Умархон: - Э, э... оллоҳ раҳматиға олсун! ( турмоқчи бўлади, лекин туролмайди) Қайнотамизнинг маросимлариға мен ҳам боришим керакдур-а?! Унда... маликани тўхтатасанму?

Хонпошшахон: - Қарияларники тўй олампаноҳ! Сиз боришингиз шарт эрмас! Қизлари борса етадур!

Умархон: - Шундайму? Майли, жойлари жаннатда бўлсун!

Хонпошшахон лапарини бошлайди. Эшик оғаси май тўла кўза келтиради.

          Эшикданшаҳзода Муҳаммад Алихон мўралайди. Унга кўзи тушган Хонпошшохан лапарини тўхтатиб, унинг истиқболига югуриб чиқади.

 Хонпошшохон: - Шаҳзодам! Менинг ҳуснда тенгсиз, кўзлари фаттон, сўзлари бийрон шаҳзодам, кўзларингизга ўзим кўзтумор, бўйларингизга ўзим бўйтумор бўлай, хуш келибсиз!

           Хонзода шаҳзодани қучоқлаб, ўпади. Шаҳзода уялиб унғайсизланади ва отасининг олдига боради. 

 Муҳаммад Алихон: - Олампаноҳ, бобомиз Раҳмонқулибий...

Умархон: - Эшитдим, шаҳзодам! Таъзиямни қабул этинг! Ҳозир вазири аъзам муҳим бир иш бирлан келиши керак эрди, анни кутиб ўтирибмен! Келиши бирлан ортингиздин йўлга тушурмен. Сиз ва инингиз Маҳмуд Султон волидангизға ҳамроҳ бўлунг!

Муҳаммад Алихон: - Ташаккур олампаноҳ! (чиқиб кетади)

Хонзодахон: - (шаҳзодани яна қучоқлаб, бағрига босади) Таъзиямни қабул этинг, шаҳзодам! (қулоғига) Тезроқ келинг, Сизсиз, мен учун вақт тўхтайдур!

Умархон: (Хонпошшахонга) – Шаҳзодамиз бир мучални тўлдурди, Пошшохон, энди ани ортиқча ялаб-юлқаманг! Кўрдингизму, хижолатдин терлаб кетмиш!

Хонпошшахон: -Вой ўлмасам, олампаноҳ, гўдак шаҳзодамиздин рашк қилайтирмусиз?

Умархон: - Сиз гўдак санаётған шаҳзодани ёзда уйлантирмоқ ниятиндамуз. Инайкейин, гўдакнинг ҳам қонинда йигитлик шавқи бўладур! Меҳрингизни айрича, тушунмасун! Қизариб-бўзаргани учун сўйладим!

Хонпошшохон қаҳ-қаҳ отиб кулади. Умархон жаҳл билан қовоғини уяди.

Хонпошшохон: - Англадим, олампаноҳ, бундин сўнг, шаҳзодамиз бирлан ҳатто, салом-алик ҳам қилмаймен!

 

                   Еттинчи кўриниш

 

Қўқон. Умархон саройи. Умархон ёлғиз ўзи, ғамгин, нималарнидир ёзиб, ўтирипти. Эшик оғаси Моҳлар ойим кирмоққа изн сўраётганини айтади. Умархон бир лаҳза сукут қилгач, “кирсин” дейди.

Моҳлар ойим:- (таъзим қилиб)– Олампаноҳ, бемаврид кирмадимму?

Умархон: - Сиз ҳамиша вақтинда келурсиз, маликам, марҳабо киринг!

Моҳлар ойим: - Қуллуқ, олампаноҳ! (ёнига ўтиради, юзига синчковлик билан тикилади) Кўзимгахомуш кўринаётирсиз...

Умархон: - Ҳа, нечундир дарду дунём қаронғу бўлиб, бул бевафо дунё юмушларидин қўлимни ювиб, қўлтиққа урганимча, тоғу-тошларгаму ёхуд чўлу саҳроларгаму бош олиб кетмакни ўйлаб ўлтурган эрдим!

Моҳлар ойим: - (кулиб) Менинг кўнглумдаги гапларни айтаётирсиз, олампаноҳ! Чиндан ҳам давлат, мамлакат ва раият юмушларидин қачон озод бўлуб, ўзимиз орзу этган шоҳ асарларимизни ёзурмуз? Қаранг, умримизнинг ярми ҳам ўтди!

Умархон: - Магар... ҳаммаси ўтмаган бўлса!

Моҳлар ойим: - Астағфируллоҳ, олампаноҳ! Ҳали қирчиллама ёшдамиз! Ошини ошаб, ёшини яшаган қарияларнинг сўзини сўзламанг! Оллоҳдин умидимиз бор! Нечун бул қадар тушкунлик,нечун кайфиятингиз йўқ,  юзларингиз ғамгин. Бир ҳафтадин бери сўрашга журъатим етмаётган эрди. Бугун ҳам кўзларингиз ухлолмаган киби киртайиб турибдур. Тинчликму?

Умархон: - Ҳукмдорларда қачон тинчлик бўлган, маликам? Эҳтимол ўлганимиздинсўнг, тинчирмиз... Лек ул ёғиниҳам яна оллоҳ биладур. Бизга ўхшаган гуноҳкор бандаларга балки, ул бақода ҳам тинчлик насиб этмас!

Моҳлар ойим: - Астағфируллоҳ, яхши ният қилинг, олампаноҳ! Фаришталар “омин” дейишмасун!

Умархон: - Фаришталар “омин” дейишса, дейишмаса, аларсиз ҳам гуноҳларимиз кўп, маликам!

Моҳлар ойим: - Оллоҳимнинг даргоҳи кенг, сидқи-дилдин тавба қилсангиз, яратганнинг ўзи мурувват этиб, гуноҳларингизни афв қалами ила ўчирадур!

Умархон: -Қани энди сиз айтганингиз киби бўлса эрди! Лек афв қалами ила ўчирадургон гуноҳлар бор, ўчирмайдургон гуноҳлар бор, маликам...

Моҳлар ойим: - Сиздай шоири замон, афв қалами ўчирмайдургон гуноҳлар қилмаган бўлсангиз керак, олампаноҳ...

Умархон: -Биз ҳам яратганнинг хом сут эмган бандаларидинмиз, маликам!

Моҳлар ойим: - Асл сўз аҳли, асл калом ва қалам аҳли хом сут эмган бандалар қаторига кирсада, авф қалами ҳам ўчира олмайдурган гуноҳларга қўл урмайдур, олампаноҳ!

Умархон: - Шундай... Лек... Сиз “устоз” деб эътиқод қилған шоири давронингиз ўшандай гуноҳи кабрларга қўл урганки, маликам...

Моҳлар ойим: - (ҳаяжонда ва ҳайратда) – Гуноҳи кабрларга? Сиз... асло... бўлиши мумкин эрмас...

Умархон: - Энди сизга айтмасам бўлмас, маликам, энди сизга сўйламасам юрагим тарс ёриладур, бул юкни ортиқча кўтаролмасмен! Бул юк мени ҳар куни, ҳар лаҳза эзиб, адои тамом қилмоқда! Тўшагим тошга, уйқум азобга айланган...

Моҳлар ойим: - Сўйланг, олампаноҳ, сўйласангиз енгил тортадурсиз. Ҳаққингизга дуо этиб, яратгандин гуноҳларингиз афвини сўраб, илтижолар этурмен!

Умархон: -Биламен, сизнинг дуоларингиз тошни ҳам эритадур, маликам! Лек, менинг гуноҳларим шул қадар кўп ва оғирки, сизнинг таваллоларингиз аларга кафил бўла олмаслигидан қўрқамен!Оҳ, ул гуноҳларни сизға қандай айтамен... оғам Олимхонни ва анинг ўғлонларини...

Моҳлар ойим: -Нима? Олимхон ҳазрати олийларини... сиз...(кўзлари ҳайратдан катта-катта очилади, титраб-қақшаб, қулоқларини беркитади) Сўйламанг... Оҳ... Эшитишни истамасмен! Э, э, воҳ, аммам, шўрлик  Хоним ойимнинг қақшаганлари рост эрканда! Нега? Нега ўшанда инкор этган эрдингиз, олампаноҳ?! (тиззасига муштлайди) Ахир аммам ҳам, оғангиз ҳам сизга ёмонликни раво кўришмаган эрдилар-ку!? Нечун сиз аларнинг яхшиликларига ёмонлик бирлан жавоб қайтардингиз? Оллоҳнинг ажридин қўрқмадингизму?

Умархон: - ( боши қуйи эгилган) Ўгайлик қанчалар ёмон эрканлигини энди англадим, Моҳим! Раҳматли волидам, оллоҳ аларнинг гуноҳларини ўзи авф этсун, кундошлари бўлмиш Хонойим бирлан оғам Олимхонни ёмон кўрганлари боис, мени оғамга қарши гиж-гижлаган эрканлар. Оғангиз Олимхонни одамлар “золимхон” дейишмоқда, у халқни талон-тарож қилиб, эзаётир, ани йўқотмоқ керак, у сизни ҳам бекорига Марғилонга жўнатгани йўқ, бул хонимизнинг навбатдаги найранги халос, сизни бошкентдан узоқлаштириб, сўнг, йўқотмоқчи” деб, юрагимга ғулғула солиб эрди...

Моҳлар ойим: - Оҳ, тангрим... оҳ, эгажоним... Бул сўзларни, бул иқрорларни тингламоқ, англамоғим учун менга тўзим бер, менга куч-қувват ато эт! Не дейишга ҳам, не сўйлашга ҳам ожизмен!

Умархон: -Не десангиз ҳам ҳақлисиз, маликам!

Моҳлар ойим: - Оғангиз... оғангизэлга зулм этган гуноҳкор эркан, лек, анинг норасидаларининг айби не эрди? Аларни нечун қатл эттирдингиз? Тошкент ҳокими Шералихон энди ўн саккиз ёшга тўлиб эрди! Қолғон икки ўғонлари эрсабизнинг фарзандларимиз Муҳаммад Алихон бирлан Султон Маҳмудхонлар киби эндибир мучал ёшга етган бир гўдак эрдилар-ку!? Шундай мурғак инсонларга, бунинг устига жон жигарларингизга, жиянларингизга бул қадар аянчли қисматни қандай раво кўрдингиз, олампаноҳ?

Умархон: - Пушаймонмен, маликам...

Моҳлар ойим: -Оҳ... бул пушаймонлик дод-войлару, оҳ-воҳлар, кўз ёшлари бирлан ювилса кошки эрди, анинг тўлови оғир бўладур!? Ё, раб! Ўзинг кечир! Ўшал куни Хоним ойим не деб қарғаганини эслайсизму?

Умархон: - Эслаймен, маликам...

Моҳлар ойим: - Ё, оллоҳ, ўшал нолалар ҳамон қулоқларим остинда жаранглаётир! “Менга бул кунни раво кўрганларнинг ўзи ҳам, зурриёдлари ҳам қирчининда қийилсун” деб дуоибад этган эрдилар-а!

Умархон: - Ҳа, қирчинимда қийилмоқ фурсати етди шекилли, кеча табиблар бедаво дардга мубтало бўлганимни сўйлашди...

Моҳлар ойим: -Оҳ яратган эгам, ўзинг асра, ўзинг гуноҳларимизни авф эт! Оҳ, олампаноҳ, нечун шундай қилдингиз, наҳотки, сиздай доно инсон, мурувватли шоҳ, шоири замон ҳам бул тўрт кунлик ёлғончи дунёнинг найрангларига алданган бўлсагиз!?

Умархон: - Моҳим, энди пушаймон бўлмоққа ҳам, тавба-тазарру қилмоққа ҳам кеч,бўлари бўлиб, бўёқлари тўкилмуш... Табиблар бир ойлик умрим қолғонини сўйладилар... Қазои-қисматга рози бўлмоқдин ўзга иложим йўқ! Фақат... бир нарсадин хавотирдамен... бир нарсадин қўрқаётирмен, фарзандларим ҳам мен киби...

Моҳлар ойим: - Астағфируллоҳ денг! Бошқа сўз сўйламанг, олампаноҳ! Ўтиниб сўраймен, сиздин, сўйламанг! Фаришталар “омин” дейишмасун!

Умархон: - Ўғлонларим менинг гуноҳларим касрига қолмасликларини сўраб, Оллоҳга илтижолар қилинг, Моҳим!

Моҳлар ойим: - Оҳ, олампаноҳ, Яратган эгамдин бул гуноҳи кабрлар каффоратини қайси юзим бирлан сўраймен! (йиғлайди)

Умархон: - Моҳим… Офтобим... Сизнинг олдингизда ҳам гуноҳкормен...Муҳаббатингизга, садоқатингизга муносиб ёр бўлолмадим... қалбингизга минг бора  озор етказдим! Сизни ўз-ўзингизга ташлаб қўйдим, тунлари ҳижронда, рашку алам, ситам оташинда ёлғиз яшатдим... Мен ахмоқ... Мен ношуду нотавон бандай ҳаётни не деб тасаввур қилдим, нега инондим, нега суяндим, билмаймен? Қани ўшал мени шер янглиғ саркаш қилған, уммон киби тўлиб-тоширған қудрат? Бугун, айни лаҳзаларда ҳатто танамни ҳам қимирлатишға мадорим етмайдур... Ҳаммаси хаёл, барчаси сароб эрканлиғини,инсон отлиғ бул банда аслинда чумоли киби заиф, бедаво дард янглиғ чорасиз эрканлиғини энди тушундим, лек жуда кеч тушундим...

Моҳлар ойим: - Олампаноҳ, ундай деманг! Сиз ҳукмдорсиз... Сизнинг тутганларингиз балки тўғридур... Биз аёллар...

Умархон:- Ҳукмдорлик… йўқ, мен эркаклигимға-эшшаклигимға бордим... Қанча бокира қизлар уволиға қолдим... Шайхул ислом Адонинг юзиға оёқ босиб, бировга фотиҳаланган қизини никоҳимга олғаним учун ўзимни-ўзим кечиролмасмен!Йўқса, қанча таваллолар қилған эрди, ул бечора! Балки анинг қарғишлари мени урғандур! Эҳ, Моҳим, қай бир гуноҳимни сўйлай сизға! Бошимдин тирноғим қадар разолатға ботғанмен!Ўратепалик тутқин қизни эслайсизму, зиндонда ўзини осғон. Ўшал қиз бир ҳафтадин бери тушларимға кирадур! “Мени сен бахтсиз қилдинг” деб кўксимға муштлаб, йиғлайдур!

Моҳлар ойим: - Дилшоди Барному?

Умархон: - Унинг исмини сиз қаердин билурсиз?

Моҳлар ойим: - Билурмен олампаноҳ, лек, ул қиз ўлмаған, тирик.

Умархон: - (Умархон ҳайратда) Тирик? Бўлиши мумкин эрмас, ахир анинг мурдасини ўз кўзларим бирлан кўрган эрдим-ку!

Моҳлар ойим: - Ул майит томдин йиқилиб ўлған хизматкор қизники эрди. Зиндон қоровули менга Дилшоди Барнонинг шеъларини келтириб бериб, ёрдам этишимни сўради. Шоиранинг шеърларини ўқиғач, сизнинг амрингизға қарши бориб, қалтис иш қалаётғанимни билсамда, катта истеъдодни сақлаб қолишим кераклигини англадим ва бунга журъат этдим. Тасодиф юз бергач, фурсатдин фойдаландим...

Умархон: - Менинг оқила маликам, худоға шукр, юрагимни эзаётған бир гуноҳим камайғандай бўлду. Шайтон васваса қилған ўшал кун ул қиз менга севган йигити борлиғини, бошиға қилич келса ҳам анга хиёнат қилмаслиғини сўйлаған эрди. Анинг кейинги ҳаётидин хабарингиз бўлдиму, қиз севган йигити бирлан топишдиму? 

Моҳлар ойим: - Хабардормен, лек, қиз хат ёзғон эркан йигит жавоб бермабдур. Аниқроғи, йигитнинг онаси аларнинг никоҳига қарши чиқиб, “Хоннинг даргоҳинда шунча кун қолғонқизни келин қилиш мен учун номус” деб жавоб юборибдур.

Умархон: - Оҳ, Моҳим... биз эркаклар қанчалик ифлосмиз-а, қаранг?! Демак, ул қиз тушларимға кириб, “Мени сен бахтсиз қилдинг” деб кўксимға муштлаётғанлари бежиз эрмас эркан-да! Шундай қиз мен туфайли бахтсиз бўлди! Балки менга дард бўлиб теккан нарса анинг кўз ёшларидур! Ул қиз ҳозир қаерда?

Моҳлар ойим: -Дилшоди Барно ўзидин ёши каттароқ камбағалгина бир одамға турмушға чиққан. Лекин эри жуда яхши одам эрмуш. Мен аларға кўмак этдим. Шоира ҳозир қизлар мадрасасинда таълим бераётир!

Умархон: - Раҳмат сизға, маликам! (ўйланиб қолади) Анинг ёниға бориб кечирим сўрасам, мени афв этармикин...

Моҳлар ойим: - Истасангиз олиб борурмен, ёхуд, саройға, хузурингизға таклиф этурмен, олампаноҳ!

Умархон: - Йўқ, йўқ, Моҳим, энди ул қизнинг юзиға қандай қараймен! Ани бахтсиз қилиб, яна узр сўрайманму? Бул қилмишимни ул қиз кечирсада, Яратған эгам афв этмайдур...

Моҳлар ойим: - Олампаноҳ, Оллоҳнинг даргоҳи кенг!

Умархон: - Энди ул даргоҳдин ҳам умид йўқ, Моҳим... Майли, дийдиёларим бирлан сизнинг ҳам қалбингизни қирмай,  не бўлса, энди тақдирда борини кўрамен. Бундин ўзга чора йўқ. Лек сизға бир омонат гапим бор эрди... Фақат... балки энди айтмоғимга ҳожат ҳам йўқдур…

Моҳлар ойим: - Сўйланг, олампаноҳ, ҳеч бўлмаса юрагингиз бўшанадур!

Умархон: - Бир нарсани билишингизни истаймен, мен бир лаҳза ҳам сизнинг хаёлингизсиз яшамадим...

Моҳлар ойимнинг кўзларига ёш қалқади ва секин шеър ўқийди:

 

-Кел, сенга, эй, шаҳи жаҳон, мамлакати жаҳон фидо,

Дийдаларимга қўй қадам, ҳар қадамингга жон фидо.

 

 Лаъли лабинг фироқида хуни жигар ғизо менга,

Сарви қадинг ҳавосида жон этарам равон фидо.

 

Айшу нишоти офият дарду ғамингнинг садқаси,

Бир нафас иштиёқингга ишрати жовидон фидо.

 

Вақти хиромдур, эй, санам, дийдаларимга қўй қадам,

Ҳоки раҳингга айларам чашми гуҳарфишон фидо.

 

Гарчи менинг алимдадур ҳосили мулкимамлакат,

Етса висолинг, айларам барчани ройигон фидо.

 

Йиғлама эмди, эй, кўзим, тўкма юракнинг қонини,

Доғини тоза айладинг қониға бўлди қон фидо.

 

Нодираи ғазал саро назмини кўрса ногаҳон,

Дурру жавоҳирин қилур фикрига бағри қон фидо.

 

Васл уйин обод қилдим,бузди ҳижрон оқибат,

Сели ғамдин бул иморат бўлди вайрон оқибат.

 

Орзу қилдим тутармен деб висоли доманин,

Пора бўлди ҳажр илгида гирибон оқибат.

 

Нодира булбул киби то нола иншо айладим,

Навбаҳор ўтти, хазон ўлди гулистон оқибат.

 

                                       Саккизинчи кўриниш

 

Қўқон. Моҳлар ойим саройи. Муҳаммад Алихонни тахтга ўтқазиш маросими бўлаётир. Моҳлар ойим, Увайсий, Маҳзуна, шайхул исломМаъсумхон тўра, девонбеги Ҳакимхон тўра, Ҳаққули мингбоши, вазирлар, амирлар ва мулозимлар.

          -Моҳлар ойим: - Азизларим, бугундин эътиборан салтанатимиз жиловини ишонған тоғимиз, умид тутған боғимиз Муҳаммад Алихон ибн Умархон ҳазрати олийлари илкиға топширурмуз ва олампаноҳимизға камарбасталиқ этурмуз!

Шайхул ислом: - Олампаноҳимиз тахтға ўтиришлари муносабати бирлан элимизнинг барча тоифа ҳунар аҳлиға,бева-бечораларға, етим-есирларға енгиллик келтирувчи кўп хайрли амру фармойишлар бердилар. Қиблагоҳлари, оллоҳ раҳматиға олған Умархон ҳазрати олийлари ва олий насаб маликамиз Моҳлар ойим киби қалам аҳлиғаҳам мурувват айладиларким, қўлимдағи бул қоғоздаюртимизнингбарча вилоят ва қасабаларинда ижод бирлан шуғилланаётган Хотиф, Ҳозиқ, Гулханий, Махмур, Беҳжат, Мискин, Дабир, Мушриф киби ўнлаб нуроний қалам аҳлининг, яъни, ақллари ҳикмат фасллари бирлан зийнатланған, мунаввар хотирлари манбаи қуёш нурларининг чароғонлиғи бирлан ўлчанувчи, залолат биносини йиқмоқ учун жидду жаҳд этаётған, илҳом булоқларидин қайнаб чиққан мисралар даражаси ботин чашмаларини музтар қилувчи шоирлар, адиблар, олиму обидлар, яъни, мушкулот кашшофлари ҳамда ҳазрати Довуд пайғамбар янглиғруҳафзо савт бирланкўнгул оинасиндағи ғам ва ғуборларни абринайсонлар киби юваётган нағмапардоз ва хушовоз санъат қориларининг муборак номлари битилғандур. Алар кексалик фаслинда истеъдоди соғари заифлашғанидин андуҳ чекиб, ноумидлик нохуни бирлан дилларини тирнамасликлари ва қарилик гаштини андоғ роҳат-фароғатда ўтказмоқлари учун  шоираи замонимиз, ҳулқ жиҳатдин малак, саховат, ҳиммат ва бечорапарварликда жувонмард Нодираи даврон ҳазрати олияларининг тавсиялари бирлан,фарзанди аржумандлари Муҳаммад Алихон ҳазрати олийлари ул ҳақиру фақирлар ҳолига иноят назари бирлан қараб, лутфу эҳсон дастурхонларидин ҳар бирлари учун ойлик-маош тайин этмишлар.

Увайсий: - Оллоҳим давлатингизни фузун, умрингизни узун этсун, олампаноҳ!

Муҳаммад Алихон: - Волидам, Махмурингиз “Ҳапалак”ни ёзғон фисқу-фасодчи шоирму? Анга нечун мурувват этмоқдамуз?

Моҳлар ойим: - Мавлоно Махмур фисқу-фасодчи эрмас, ҳақиқатпарвар шоирдур, олампаноҳ! Сиз ҳамду санолар битувчилар сўзиға эрмас, ҳақ сўзни айтувчилар фикриға қулоқ осинг. Ҳамду саноға лойиқ ишларингизни эътироф этишсада, этишмасада, андин сизға фойда ҳам, зарар ҳам келмас, чунки ани ўзингиз ҳам билурсиз. Камчиликларни эрса ҳамма ҳам айта билмас. Айтғанлар  аслинда, ҳақиқий дўстларингиздур! Сиз аларға амал қилсангиз, фасоднинг олдини олған бўлурсиз!

Увайсий: - Шундай олампаноҳ, волидангиз ҳақ сўзни айтаётирлар!

Моҳлар ойим: - Муруватли ҳукмдор қуёшға ўхшайдур, қуёш ўз нурлари бирлан борлиқдағи барча нарсани баробар баҳраманд этғани киби, мурувватли ҳукмдор ҳам ўз саховати, эҳсону туҳфаси бирлан барчанинг кўнглини баробар оладур. Мурувватсиз хукмдор мисоли шамкибидур. Шам фақат ўз атрофигагина нур сочадур. Андин ўзгага наф йўқдур. Сиз қуёш бўлунг, олампаноҳ!

Эшик оғасиэшикдан мўралайди.

Эшик оғаси: - Ҳазрати олийлари! Хонпошшо ойим ташриф буюрдилар! Кирмакка изн сўраётирлар!

Моҳлар ойим ўғлига ҳайрон бўлиб қарайди ва эшик оғасига:

Моҳлар ойим: - Олампаноҳимиз бандлиғини ва машварат бўлаётғанини сўйла. Не гаплари, муддаолари бўлса, бундан буён менга сўйласунлар, ҳузуримға боришларини айт!

Ҳаққули мингбоши хоннинг қулоғига нималардир дейди.

Муҳаммад Алихон: - (эшик оғасига) Пошшо ойимға айт, кирсунлар!

Эшикдан кирган Хонпошшохонга Муҳаммад Алихон чап ёнидан жой кўрсатади. Хонпошшахон Моҳлар ойимга эътибор ҳам бермай, тавоззе билан хонга таъзим қилади ва кўрсатган ерга ўтиради.

Хонпошшахон: - Пошшолик муборак, олампаноҳ! Умрингиз узун, давлатингиз фузун, мартабангиз Уҳуд тоғлари киби сарбаланд, насибангиз Каъбатилло барокатларидин ҳам эиёда бўлсун!

Муҳаммад Алихон: -Ташаккур, Пошшо ойим!

Маъсумхон тўра: - (Моҳлар ойига, секингина) Кўрдингизму, маликам, менинг сўйлаганларим ҳалво эрканму? Хонпошшохон кундин-кунга ҳаддидин ошаётир! Бул муносабатлар олампаноҳимиз шаънларига доғ бўлиб тушмаса деб қўрқамен! Бул гампарни бир мен эрмас, кўпчилик сўйлаётир!

Моҳлар ойим: - Шул боис, Хонпошшохонни Марғилондағи саройға жўнатинг, деб эрдим-ку, нечун жўнатмадинғиз?!

Шайхул ислом: - Мен жўнатмоқчи эрдим, лек, ўғлонингиз  “волидам бирлан ўзим гаплашамен” деб бул ишға монелик қилдилар. Сизға сўйламаған эрдиларму?

Моҳлар ойим: - Астағфируллоҳ, бул бало қаердин қўпмиш?

Шайхул ислом: - Эл билған гапни сиз ҳам билсангиз керак деб айтмаған эрдим. Қарасам, миш-мишларкундан-кун болалаб кетаётир. Бунинг устиға олампаноҳ, бир сўз дедиларки, қўрқувдин вужудим музлаб кетмуш...

Моҳлар ойим: - Не эрмуш ул сўз?

Шайхул ислом: - Хонпошшохонни никоҳлариғаолмоқ жоиз бўлурму йўқму деб сўрдилар...

Моҳлар ойим: - Астағфируллоҳ! Сиз не жавоб бердинғиз!

Шайхул ислом: - “Жоиз эрмас ҳам гапму, макруҳ” дедим, маликам!

Моҳлар ойимнинг аҳволи ёмонлашади. У ҳушдан кетар даражада Увайсийга суяниб қолади. Табиб чақиришади ва Моҳлар ойимни олиб кетишади . Бошқалар ҳам чиқиб кетади. Хон ва Хонпошшохон ёлғиз қолишади.

Хонпошшохон: -Волидангизнинг нигоҳларини кўрдингизму, олампаноҳ! Алар мени ёмон кўрадурлар! Мени бул саройдин бир кунмас-бир кун ҳайдаб чиқаришадур!

Муҳаммад Алихон: - Сиз хотиржам бўлинг, пошшом! Мен бор эрканмен сизға, ҳатто гапиришға ҳам журъат этишолмайдур! Мамлакат жилови энди менинг илкимда, керак бўлса, волидам сўзимни икки қилсалар, аямасмен! Яна озроқ сабр қилсангиз, малика бўлурсиз!

Хонпошшохон: - Шайхул исломдин сўраб кўрдингизму?

Муҳаммад Алихон: - Шайхул ислом волидамнинг одами, аларнинг гапларидин чиқмайдур, шул боис, шариатни рўкач қилиб, этироз билдирмуш.

Хонпошшохон: - Кўрдингизму, барчалари бизнинг бахтимизға қарши, барчалари бизға қолғонда ҳар нени рўкач қиладурлар!

Муҳаммад Алихон: - Озроқ фурсат кечсун, барчаларининг думини тугурмен. Ҳозир ҳам волидамни қайраб, асабини бузған ўшал баттол шайхул ислом!

Хонзодахон: - Тезроқ алардин қутулиб, ёнингизға Ҳаққули мингбошиға ўхшаган содиқ одамлардин йиғишингиз керак!

Муҳаммад Алихон: - Ўзим ҳам шул фикрдамен, пошшом! Фақат бул ишни шошмасдин, етти ўлчаб бир кесиб, қилиш керак!

Хонпошшохон: - (мушукдай суйкалиб, қучоғига киради) Майли, ўзингиз билурсиз, лек, тезроқ маликангиз бўлишини истармен!

 

          Б  Е  Ш  И  Н  Ч  И       С  А  Ҳ  Н  А

                    Тўққизинчи кўриниш

Бухоро. Насруллоҳхон саройи. Саройда Насруллоҳхоннинг ўзи ўтирипти. Эшик оғаси киради.

Эшик оғаси: - Олампаноҳ амирим! Амрингизга кўра, Хева хони Раҳмонқулихон даргоҳидин қувилған шаккок шоир Жунайдулло Ҳозиқни келтиришибдур? Киришлариға рухсат берайму?

Насруллоҳхон қўли билан “кирсин” ишорасини қилади. Ичкарга  боши эгилган ҳолда Ҳозиқ кириб келади.

Насруллоҳхон: - Ҳа, шоир! “Индамагин калга, ўзи келар ҳолга” деганларидай, яна бошинг хам бўлиб қайтиб келдингму, ҳа, кўчада қолдингму?

Ҳозиқ: - Шундай, амирим!

-Яна не гуноҳ қилдинг?

-Ҳозиқ: - Тилим, тилим, тилимдур, бошға етған тилимдур-да, олампаноҳ, амирим! Амр этинг, шул тилимни кесиб ташласунлар!

Насруллоҳхон: - Тилинг кесилса, сенинг Ҳозиқлигинг қоладурму? (кулади) Бизнинг даргоҳни пуф сассиқ қилиб, кетған эрдинг! Шоирпарвар хон деб оғзингдин бол томған  Раҳмонқулихоннинг саройиға уч ойдин ортиқ сиғмабсан-ку?!Хонга не сўзинг ёқмаду? Оғзингдин ёмонроқ калима чиқдиму?

Ҳозиқ: - Ёмон сўз сўзламадум, амирим!

Насруллоҳхон: - Унда, кавшингни нечун тўғрилашду?

Ҳозиқ: - Хон бир ҳаммом қурдирған эркан, ўшал ҳаммомни кўришға мени ҳам таклиф этишиб эрди. Ҳаммомни кўргач, хон мендин ҳам фикр сўраду, тўғрисини айтдум.

Насруллоҳхон: - Хўш, не дединг?

Ҳозиқ: - “Ҳаммом яхши қурилибдур, олампаноҳ, лек, анга кириш учун турт нарса келтириш керак эркан” дедум.

Насруллоҳхон: - Не эркан ул тўрт нарсаси?

Ҳозиқ: - Хон ҳазратлари ҳам шундай савол бердилар. Мен: “Ҳаммомға келған одам ўзи бирлан чироқ, кавиш, тўн ва Қуръони карим келтириш керак эркан! Чироқ ёритишға, кавиш мармарда йиқилмаслик учун, тўн исинишга ва Қуръони карим қайтиб келмаслик учун қасам ичишға” деб жавоб бердим, бўлғани шул...

Насруллоҳхон: (кулиб юборади) Бўлғани шулғинаму, шоир? Ҳалиям хон ўзинг айтғанинг киби шоирпарвар эркан, мурувват кўрсатибдур! Йўқса, менға ўхшағанига дуч келғанингда, каллангни олур эрди! Гапдин гапнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор деб неча маротиба айтамен, сенға! Нечун амал қилмайсен-а?

Ҳозиқ: - Ўзим ҳам билмаймен, амирим, гапириб бўлғанимдин сўнг, калламға уриладур! Ё ичимда бошқа биров бормикин-а?

Насруллоҳхон: - Бошқа биров эрмас, шайтон бор! Ақлингни боринда ани ўлдирсанг ўлдирдинг, йўқса, бир кунмас-бир кун ул лаин ўзингни ўлдирадур!

Эшикдан эшик оғаси мўралайди.

Эшик оғаси: - Улуғ амирим, Қўқон хонлигига юборилған элчилар қайтиб келишибдур, ҳисобот бермоқ учун изн сўрашаётирлар.

Насруллоҳхон: - Кирсунлар! (эшик оғасига Ҳозиққа ишора қилиб) Шоирни олиб бориб, ҳаммомға тушур! Янги усти-бош бер, тўнини янгилаб, сўнг, ҳужрасиға юбор!

Ҳозиқ: - Минатдормен, амирим!

Насруллоҳхон: - Миннатдорчилигингнинг кераги йўқ, шоир, тилингга эҳтиёт бўл! Мен Раҳмонқулихон эрмасмен, биласен, ҳаддингдин ошсанг, аяб ўтирмасмен! Энди аввалгидек юз дарра бирлан қутилмайсен! Тушундингму?

Ҳозиқ:- Тушундум, амирим!

Ҳозиқ ва эшик оғаси чиқиб кетишади. 

Икки элчи киради, саломлашиб амирнинг қаршисига ўтиришади.

Насруллоҳхон: - Хўш... хуш келибсиз, қулоғим сизда, сафарингиз хайрли кечдиму? Хонбаччанинг димоғлари қалай, дамлари ҳалиям баландму?

1элчи: - Димоғлари чоғ, дамлари осмонда!

2элчи: - Айниқса, биз,Ўрусия элчилариға рағбат кўрсатмагач, алар Умархон бирлан тил топишишғон. Умархондин кейин малика Моҳлар ойим ҳам алар бирлан алоқани даом эттирған. Махфийларимизнинг маълумотиға қарағанда ҳозир аларнинг орасиндаҳи савдо-сотиқ авжига чиққан эрмуш.

Насруллоҳхон: - Не олиш-бериш қилишар эркан?

1элчи: - Ўрусиядин олтин, кумуш, мис, чўян, темир, тери, қанд ва бўёқлар олишиб, ўрниға пахта, жун, ипак, қуруқ ва ҳул мава-чева, чорвачилик маҳсулотлари сотишар эркан.

2элчи: - Ўрусиядан олған молларини Қашқар, Ҳиндистон, Афғонистонға пуллашаётир. Инглизлар юртидин дастлаб, Бухорога келған Канноли ва Мир Иззатулла бошлиқ гуруҳ биз, хайрихоҳ бўлмагач, Қўқон бирлан алоқа ўрнатған . Алар Ҳинд дарёсида кемалар юрғузуб, Дараи Ғозихон шаҳриндабозорлар очишған ва Қўқонлик савдогарларни ўшал бозорларга жалб этишған. Ҳозир Ўрусия бирлан инглизлар ўртасинда рақобат кетайтған экан. Инглизлар Хева, Бухоро ва Қўқон хонликларининг эътиборини Ўрусиянинг Нижгород бозорларидин Дараи Ғозихон томон тортишмоқчи.

Насруллоҳхон: - Ҳозирча, билганларини қилиб турушсун! Қўшиб олғанимиздин кейин ўзимиз биламуз! Хонликнинг давлат тузимини ҳам ўргандингизму?

1элчи: - Ўргандик, олампаноҳ амирим! Хонликлар вилоятларға бўлиниб, ани ҳокимлар бошқарар эркан. Вилоятлар, бекликларға, бекликлар аминликларға, аминликлар оқсоқолликларга бўлинар эркан. Хонликда хон кенгаши бўлуб, кенгаш аъъъзолари турли хил унвонли амалдорлар ва руҳонийлардин иборат. Мингбоши, қушбеги, додхоҳ, понсодбоши, парвоначилар вилоятлар устидин назорат қилишадур. Алар жанг пайтинда қўшунга қўмондонлик ҳам қилишардур. Ҳарбийлар қисми уч хил эркан: сипоҳлар, сарбозлар ва тўпчилар.

2элчи: - Умархон давринда “Мадрасаи хон”, малика тахтга ўтирғач, “Мадрасаи Моҳ” ва қоғоз ишлаб чиқарувчи катта корхона қурилған эркан. Муҳаммад Алихон эрса, айшу ишрат ва маишатға берилған кўринадур! Иниси Султон Маҳмудхон бирлан шул боисдин оралари бузулған эрмуш. Султон Маҳмудға қайишаётғанингиз хоннинг нафсониятиға тегибдур. Айниқса, Султон Маҳмудхонни Хўжандға ҳоким қилғанингиздин бери иниси бирлан юзкўрмас бўлған эрмуш. “Бухоро амири бирлан божа бўлдим деб керилма, керак бўлса, иккингизнинг ҳам жойингизни соламан” дебмуш.

Насруллоҳхон: -Эчкининг ўлгиси келса қассоб бирлан ўйнашур дейдилар! Майли ўзидин кўрсун! Чиндин ҳам Султонхон тўра Адо ҳақ эрканда унда?!

1элчи: - Илло рост!

Насруллоҳхон: -Қиблагоҳининг канизагига илашгани ҳам тўғри эрканму?

1элчи: - Тўғри бўлиш ҳам гапму, ул канизакнинг айтқани-айтқан, дегани-деган эркан! Хон ҳатто волидасининг ҳам гапини олмаған эрмуш.

Насруллоҳхон: - (бурнини жийириб, кулади) Шунчалик топилмас матоҳ эрканму ул канизак?

2элчи: - Мен-ку ўзини кўрмадум, (шеригига ишора қилиб, пичинг билан масхаралаб кулади) лек, мавлоноул малакнинг қувваи ҳофизасини эшитмоқ бахтиға муяссар бўлибдурлар!

1элчи: - О, олампаноҳ амирим, ул канизакнинг қўшиғини эшисангиз, сиз ҳам ҳушингиздин кетадурсиз!Овози шул қадар сеҳрлики, булбулнинг чаҳчаҳи ул нағма муқоясасинда ҳечдур!

Насруллоҳхон: - (оғзининг суви қочиб) Саси шул қадар сеҳрли бўлса, ул маҳвашнинг ўзи қандай эркан?

1элчи: -Ҳали сизға рақсини сўйламадим, амирим! Рақсга тушганинда таманноси тошни тешар эрмуш! Араб раққосалари анинг олдинда ҳайрону лол қолур дедилар! Имоним комилки, кўрсангиз ошиқ бўлурсиз! Сизға ҳам аслинда, ўшал маҳвашға ўхшаш жон олғучи бир канизак зарур, амирим!

Насруллоҳхон: -Ул маҳвашға ўхшашини не қилурмен, мавлоно, ўзини келтирурмен!

2элчи: - Илло шундай қилиш керак! Чунки қиблагоҳининг канизагини, яъни, волидаси мақоминдағи бир аёлни жория тутмоқ ислом аҳкомлариға зиддур!

Насруллоҳхон: - Худди шундай, сопини ўзидин чиқарурмиз! (сукутдан сўнг) Ниятларимизни амалға оширишимизға бир баҳия қолди, иншоолоҳ!

                                      Ўнинчи кўриниш

Қўқон. Муҳаммад Алихон саройи. Хон канизаклар ва ўспиринлар билан билан айшу ишрат қилмоқда.

Моҳлар ойим саройга киради. Хон ўғлининг ёнида кундоши Хонпошшахонни кўриб, ғазаби қайнайди.

Моҳлар ойим: - (ўғлига) Хонпошшахон волидангиз не юмуш бирлан келибдурлар, олампаноҳ?

Муҳаммад Алихон: (хижолат чекиб, коловланади) Волидамиз... Ҳа, Пошшахонму? Пошшахон энди волидамиз эрмас, канизакларим ва хонандаю раққосаларимнинг бош халфасидурлар!

Моҳлар ойим: - Астағфируллоҳ! (ғазабланиб кундоши томон ўгрилади) Одамлар айтишса, ишонмаган эрдим! Хонпошшахон! Сиз, кап-катта жувон, улуғ бир хоннинг беваси ақлингизни едингизму? Наҳотки кимлигингизни унутган бўлсангиз? Нечун бул даргоҳда, бул қиёфада ўлтирибсиз?

Хонпошшахон: (пичинг билан) – Қиёфамга не қилибдур, маликам? Юзимга лой чапланибдурму? Ҳазрати олийлари даргоҳларига чорладилар, ҳурмату иззатимни қилиб, ҳарамларига бошу қош бўлишимни сўрадилар, лапару яллам бирлан кўнгулларини олиб ўлтирибмен! Бунинг нимаси ёмон?

Моҳлар ойим: - Одамда уят бўлғани яхши! Жилла қурса марҳум хонимизнинг арвоҳлари чирқирашидин қурқунг?!

Хонпошшахон: - Марҳум хонимизнинг руҳи нечун чирқирайдур, маликам? Қайси мурувватлари, қайси ҳимматлари учун? Кундошлик балосини бошимизға солғанларию, рашк ўтинда қовурғонлари учунму? Мени канизак қилиб келтирғанларинда никоҳлариға олмоқ ваъдасини бериб эрдилар,  лекшоир Адонинг, ўз шайхул исломинингбировға фотиҳаланған қизиға уйландилар! Бул қилмишлариҳали ҳам кўкайимдин кетган йўқ! Мен аларга канизак бўлуб нени кўрдум? Кап-катта жувонсиздеётирсиз, ҳали қирққа ҳам борғаним йўқ, ўн гулимдин бир гулим ҳам очилмаған, менинг ҳам яшагим келадур, мени ҳам эркалатишларини истаймен, фарзандим бўлишини орзу қиламен? Менинггуноҳим не? Нега бева бўлиб ўтишим керак?

Моҳлар ойим: - Астағфируллоҳ! Сизга бошқа сўзим йўқ, Хонпошшом! (ўғлига қараб) Майли, мен борай, сиз бирлан кейин гаплашурмиз, олампаноҳ!

Муҳаммад Алихон: -(канизаклар ва Пошшахонга чиқиб туринглар ишорасини қилади) Айтмоқчи бўлған гапингиз Пошшо ойимила боғлиқ эрса, бул масалаға нуқта қўйинг, волидам!

Моҳлар ойим: - Ҳеч бўлмаса, сиз оллоҳдин қўрқунг, олампаноҳ!

Муҳаммад Алихон: - Оллоҳни тинч қўйинг, волидам! Оллоҳнинг биздан бошқа иши йўқму?

Моҳлар ойим: - Сизнинг қилиб ўлтирғон ишингиз шариатга тўғри келмайдур!

Муҳаммад Алихон: - Шариатда шарм йўқ дейдилар!

Моҳлар ойим: -Катта бир мамлакатнинг ҳукмдориға ярашмайдур бул қилиғингиз. Канизакларингиз, халфаларингиз камму?

Муҳаммад Алихон: - Пошшохонга етадурғони йўқ, волидам! Бул ёруғ жаҳонда ҳам бўлмаса, керак!

Моҳлар ойим: - Сиздай ҳукмдорға бул сўзларни айтиш ярашмайдур, жуда уят, олампаноҳ!

Муҳаммад Алихон: - Бул сўзларимнинг нимаси уят, бошқалардин бир сўраб кўринг-чи, бирор жойда, шундай гўзал раққоса, ўлган одамни тирилтирувчи хушовоз хонанда бормикин?

Моҳлар ойим: -Не бўлганда ҳам Хонпошшохон сизга волида мақоминдалар!

Муаммад Алихон:- Уламолардин сўрдим, волидам, раҳматли қиблагоҳимиз Пошшохонни талоқ қилмаган бўлсаларда, идда кунлари тугагандин сўнг, талоқ тушар эркан!

Моҳлар ойим: - Катта хато қилаётирсиз, олампаноҳ! Миш-мишу фитналарни кундин кунга болалаётир! Шулсиз ҳам душманларингиз етарли!Амир Насруллоҳхоннинг ўзи мингтага душманга татийдур! Юборган элчиларининг гапини эшитдингиз, амирнинг муддаосини англаған бўлсангиз керак. Жанжал қўптирмоққа баҳона излаётир! Шундай бўлгач, орқа-олдингизгақараб иш қилинг!

Муҳаммад Алихон:- Бир Насруллоҳхонга дафи жавоб қилмоқ қўлимиздин келадур, волидам, хавотир бўлманг! Ундин кўра иним, ўғлингиз Султон Муҳаммадга насиҳат қилинг, божаман деб Насруллоҳхоннинг пинжиға кўпам тиқила бермасун! Насруллоҳхонинг нияти аниқ, бирлашиб, катта туркий давлат қурамиз деган баҳонада Хева ва Қўқон хонлигини қўшиб олиб, ўзига қарам этмоқчи. Ул амир сўйған хўрозни мен аллақачон парт қилганмен!

Моҳлар ойим: - Менинг ҳам хавотирим шундин,олампаноҳ. Кунларингизникўнгилхушлик бирлан ўтказаётирсиз. Ундин кўра элнинг ҳолидин хабар олсангиз, юртнинг ободлигини ўйласангиз яхшироқ бўлур эрди. Тахтга ўтирганингизга қанча вақт бўлаётир.  Лек қиблагоҳингиз ва мен қурдирган масжиду мадрасадин сўнг, ҳали бирорта иншоат барпо эттирмадингиз. Бозорларни, йўлларни аҳволини кўриб, ичим куяётир.Ичкилигу, ўйин кулгу, хотин-халаждин ортмаётирсиз! Куй-қўшуқ тўйнинг, байрамнинг кўрки. Анга ружу қўйган ҳукмдорни ақлдин, куч-қувватдин мосуво этадур!

 Муҳаммад Алихон: - (волидасининг насиҳатии ёқмай, гапни буради) Ташрифингизнинг боиси не эрди, волидам?

Моҳлар ойим: - Сизни бул аҳволда кўриб, нега келганимни ҳам унутай дебмен. Маъсумхон тўра ва ўғиллари Ҳакимхон тўрани Ўрусия юртиға сургун этибсизму?

Муҳаммад Алихон: - Алар ҳаддидин ошишибдур, волидам!

Моҳлар ойим: - Пошшохонни никоҳингизга киритмоқ шариат ҳукмига зид, макруҳ  деганлари ҳадидин ошиш бўладирму?

Муҳаммад Алихон: - Алардин бошқа гуноҳлари ҳам кўп!

Моҳлар ойим: - Ҳаққули мингбошининг гапига кириб кўплаб бегуноҳ одамларни жазолаётирсиз! Гуноҳкор бўлсалар қозилар, шариат пешволари бор, алар барчаларининг қилмишларини тафтиш этишиб, жазо белгилашадур! Сиз ўзингизча ҳукм чиқариб, бадарға этмоғингиз ножоиж. Бул кетишда бир душманни юз этурсиз!

Муҳаммад Алихон: - Гапингиз тўғри, волидам, ҳаммасиға юзда-юз қўшиламен! Лек, ҳозир эрмас, бошқа пайт, бафуржа гаплашайлук! (қўли билан канизакларга “чиқинглар” ишорасини қилади).

Моҳлар ойим: - Бошқа пайт кеч бўлиб қолмасун, ишқилиб, олампаноҳ! (чиқиб кетади. Ортидан Хонпошохоннинг ашуласи эшитилади)

                   Ўн биринчи кўриниш

Қўқон. Маҳамад Алихоннинг бошқа саройи. Насруллоҳхон Ҳўқанд тахтига Самарқанд ҳокими Иброҳим парвоначини (Иброҳим хаёл ҳам дейишади) ўтқазмоқди. Унинг ёнидан яқинлари жой олишган. Бир чеккада шоир Ҳозиқ хаёлга чўмганича, нималарнидир қоралаб  ўтирипти.

Эшик оғаси: - Улуғ амирим! Шаҳид хон Маҳаммад Алихон ва Султон Маҳмудхонларнинг волидаси Моҳлар ойим ва хонларнинг завжалари сарой дарвозасинда ҳузурингизга кирмоққа изн сўраётирлар!

Насруллоҳхон: (атрофдагиларга бирма-бир назар солиб) –Аҳли уламо ва фузало бул борада не маслаҳат берадур!?

Шайхул ислом: - Улуғ Амиримиз нени лозим кўрсалар, биз аҳли уламо учун фарздур!

Моҳлар ойим ва келинлари, шоиралар Увайсий ва Маҳзуналар  ичкарига киришади.

Насруллоҳхон: - Марҳабо, Нодираи даврон, хуш келдингиз!

Моҳлар ойим: - Хуш келмадук!

Насруллоҳхон: - (эшитмаганга олиб) – Нечун? Биз сизга Қўқон тахтини ҳадя этмоқчи эрдик, лозим топмабсиз шекилли, навкарларимни қувиб солибсиз!

 Моҳлар ойим: - Тахтни пишириб е!

Насруллоҳхон: - Жаҳл келганда ақл кетар дейдилар, шоира! Майли совуганингизда, ўзингиз сўйларсиз. Чунки мен сизни жуда ҳурмат қиламен ва ғазалларингизнинг мухлисимен!

Моҳлар ойим: - (пичинг билан) Сен... Сен ғазал ўқийсанму?

Насруллоҳхон: - Нима, бизни сизга маърифатсиз дейишганму? Биз, фазлу донишқибласиға шафқат ва марҳаматини дариғ тутмаган, карам ва эҳсон эшигини очган бандаларданмиз.  Магар ашъорни ёқтирмасак, ҳатто, дунёдаги шоирларнинг энг тили заҳари ҳатто ўғлингиз даргоҳидин қувған ҳақиқатпараст Жунайдуллоҳхон Ҳозиқни ёнимизда олиб юрарму эрдук?

Моҳлар ойим: - Ашъорни тушунган ҳукмдор ҳеч қачон ҳаққа қарши бормаслигидин хабаринг йўқму, сенинг?

Насруллоҳхон: -(пичинг билан) Қайси ҳақ ҳақинда сўйлаётирсиз, шоирам?

Моҳлар ойим: -Ҳақ битта бўладур!

Насруллоҳхон: - Тўғри айтдингиз, ҳақ битта бўладур, лек ани ҳар иккимиз ўзимизнинг идрокимиз ила, яъни, ўз фойдамизга хизмат қилиши нуқтаи назаридин баҳолаймуз.

Моҳлар ойим: - Идрокинг ҳақни тан олса, нечун ҳақсизлик этдинг? Хон ўғлонларимни, жангда, набардда эрмас, кушхонада, қозиларнинг ҳукми-ю, шайхул исломнинг фатвосисиз ўғринча қатл эттирдинг?

Насруллоҳхон: -Мен аёллигингиз ва шоиралигингиз ҳурматини қилиб, сизлаётирмен, шоира. Сиз эрса, бул ҳурматни суиистеъмол қилиб, ҳамон сенлаётирсиз! Суҳбатни бул тарзда давом эттирмоқ қасдинда бўлсангиз мен ҳам саломга алик тариқасинда сенлашга ўтамен! Шундай, энди айбга буюрмассиз, шоира, не эксангиз шуни олурсиз!

Моҳлар ойим: - Оқил нодон сўзидин ирод олиб баҳс қилмас, балки ислоҳига кўшиш қилур. Чунки нодони худписанд ўз қосир хаёлиға мағрур бўлиб, маънидин бехабар қолур!

Насруллоҳхон: - Мен шоир эрмасмен, шул боис, сенинг жимжимали калималарингга баландпарвоз сўзлар билан жавоб қайтармай, индаллосини сўйлаймен! Яъни, хон ўғлонларингни фатвосиз қатл эттирилишига жавобим шундай, фарзандларингнинг айблари шул қадар кўпки, аларнинг қай бир гуноҳига фатво бердирай? Ё сенингча алар, мусичаи беозор, қўйнинг оғзидин чўп олмаган ҳукмдорлар эрдиларму?

Моҳлар ойим: - Сенинг гуноҳларинг олдинда аларники ҳалво эрди?

Насруллоҳхон: -Менинг гуноҳларим? Ажаб, не эрди менинг гуноҳларим? Бўлинган элни бирлаштириб, аждодлардин мерос қолғон Мовароуннаҳр, Хуросон ва Хоразмни ягона, бир бутун давлат қилмоққаэтған даъватим гуноҳму? Ёхуд, “Олтин бешик” авлодимен деб кўкрак керган ўғлонларинг Хиндистондаги аждодлари Бобурийларни чақалоғигача қуритган инглизларни саройларининг тўрига ўтқазиб, қўйни-қўнжиларини олмосу жавоҳирларга тўлдарганича, ялтоқланганлари гуноҳга кирмай, ўшал ғайри дин жосусларнинг жойини кўрсатиб қўйганим учун мен гуноҳкорманму? Эсиз, ўзинг илмли, оқила, тадбирли малика бўлибсану, лек ўғлонларингга керакли тарбияни бера олмабсен! Ёхуд “қарирсен-қартарсен охир наслингга тортарсен” деганларидек, фарзандларинг сенга эрмас, маишатпараст, хотинбоз, ҳавойи шоир қиблагоҳига тортибдурларму?!

Моҳлар ойим: - Оллоҳ раҳматига олған ул асолат гулистонининг шажараси, нажобат бўстонининг самараси саййид наввараллоҳу марқадаҳу ҳақинда ножоиз сўзламак куфрдур!

Наруллоҳхон: -Марҳумлар ҳақинда рост сўйламак куфру, тириклар бўйнига тавқи лаънат осмоқ куфр эрмасму?

Моҳлар ойим: - Мен ҳали ҳеч кимнинг бўйнига тавқи лаънат осмадим!

Насруллоҳхон: - Унда “Сенинг гуноҳларинг олдинда аларники ҳалво” деганингни қандай тушунмоқ керак?Сенингча, эринг Умархон жигарларини, анга садоқат ила хизмат қилган аҳли фузало, аҳли уламони Ўрусия ўрмонлариға, Қашқару, Чинға бадарға этмоқ ҳалвога кирадирму? Ёхуд эринг Умархоннинг бева канзагини, яъни, волидаи муҳтарамаси ҳисобланмиш Хонпошшахонни завжаликка олмоқ ҳалвому? Шариат аҳкомларини ҳурмат қиладурғон сендай малика осий ва гуноҳкор хон ўғлонинг томонидин йўл қўйилган бул қабоҳатга қандай кўз юмдинг?

Моҳлар ойим: -Бул туҳмат, кўролмас душманларнинг иғвосидур? Хонпошшохон канизакларга санъатдин сабоқ берган, устозлиқ қилған!

Насруллоҳхон: -Шул ерда сал уялсанг бўлур эрди, шоира! Жавобларингдин қизармаганингга қара! Зеро, Қуръони каримда “шоирлар шайтонлардур” дейилған. Демак, тўғри эркан. Шоир бир шайтон бўлса, шоира ўн шайтонға тенг келур эркан! Ўзинг ўйла, Хонпошшахон канизакларга устозлиқ қилған бўлса, тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз дақиқада туғиб олған ва ўшал куниёқ йўқотилған паҳлавон ўғлон осмондин тушдиму? Ё раҳматли Умархонинг руҳидин ортирдиму? (Моҳлар ойим индамай ерга қарайди) Ҳа, шоира, нечун жимсен? Нечун бийрон тилинг калимага келмай қолди? Ҳақиқат ана шундай аччиқ бўладур!

Моҳлар ойим: - Фарзандларим гуноҳкор эрканлар, нечун ҳали мурғак, фариштадай беғубор норасида набирам Муҳаммад Аминни қатл эттирдинг?

Насруллоҳхон: - Эринг Умархон нечун оғаси Олимхоннинг ўн саккиз ёшлик ҳоким ўғли бирлан икки норасида гўдагини қатл эттириб эрди, маъносига етганмусан? Етган бўлсанг, шундай, ўшал авлодинг кун келиб, ҳукмдорликни даъво этмаслиги учун қилдим бул ишни! Шоира,сенга маслаҳатим шулки, яхшиси, бул фанога этагингни силкида, ашъорингни ёз! Дунё ташвишларини бизга қўйиб бер!

Моҳлар ойим: - Шундай ғам бирлан мени шеър ёзаолади деб ўйласанг, гумроҳ эркансен!

Насруллоҳхон: - Куй ҳам куйгандин чиқадур, шоира! Ғам инсонни кучли, қудратли қиладур! Ёзолмаган энг дардли ғазалларингни ана энди ёзасен!

Моҳлар ойим: - Қанчалик ахмоқ ва жоҳил ҳукмдор эканлигингга ақлинг етганида эрди, юрагинг ёрилиб ўлар эрдинг!

Насруллоҳхон: - Сен ҳам фаришта бўлмасанг керак! Ўлдим-куйдим қилиб ёзган ғазалларинг эринггаму ёхуд бошқагаму... ул томонини оллоҳ биладур! Чунки юзлаб ойчеҳраларни қучоғинда эркалатиб ўлтирган ўшал бевафо эрга шундай оташин сатрларни, ҳатто, Лайли ҳам ёзолмас эрди!

Моҳлар ойим: - Ахмоқ ва жоҳил десам, иймонсиз ҳам эркансен! Гумон иймондин айирадур!

Насруллоҳхон: - (пичин билан кулади) Мантиқ бирлан сўйласанг-чи, шоира, ахмоқ ва жоҳилда иймон бўладирму?

Моҳлар ойим: -Тўғри, иймонинг бўлганида эрди, бул қадар ёвузликка бормас эрдинг! Сенинг ҳузурингга келган дамларимга лаънатлар бўлсин! Сен бирлан юзлашганимдин кўра, ўлганим яхшироқ эрди!

Насруллоҳхон: - Сўзларингга диққатли бўл, шоира, фаришталар “омин” дейишмасун!

Моҳлар ойим: - “Омин” дейишса яхшироқ эрди! Сендай разил каслар бирлан бир ҳаводин нафас олганимдин кўра, ўлим афзалроқдур!

Насруллоҳхон: - Бир оғиз сўзинг, шоира, мушкулингни ҳозир осон этамен! Фақат бир нарсани билгилки, ажални ўзинг чақираётирсен! Аслинда, энди яшаб нима ҳам қилдинг? Вақтинда мазза қилиб яшагансен! Сен кўрган кунни ҳеч бир аёл кўрмаган, сен сурган давру даврон ҳеч бир аёлга насиб этмаган! (ёнидаги навкарларга) Олиб чиқинг аларни ва тилакларини ижобат этинг!

Увайсий: -Бундай қабоҳатга қўл урманг, амир, аларни авф этинг!

Насруллоҳхон: - Ўзингиз гувоҳсиз, бул жазони аларнинг ўзлари сўраб олишаётир!

Моҳлар ойим: -(Увайсийга) Устоз, ялинманг! Пешонамға шаҳидлик мақоми битилған эрса, “иржии ило раббика” нидосини дилимда такрорлаб, бул фано доридин ул бақо диёриға равона бўлурмен...

Шоира Увайсий ҳушидан кетиб йиқилади, Маҳзуна уни базўр ҳушига келтириб, етаклаб олиб чиқиб кетади. Моҳлар ойим ва келинларини навкарлар олиб кетишади.

Насруллоҳхон: (Ҳозиқнинг юзидаги ғамгинликдан энсаси қотиб) – Эй, далли шоир, бул ёққа кел! (Ҳозиқ ўрнидан туриб секин унга яқинлашади) Менга қара, қисмату қазо ҳукмиғахудди Моҳлар ойимни эрмас, сени юборганимдай нечунмотамсаросен! Тинчликму? Ёхуд ул моҳпора сенинг ҳам жигарингдин урган эрдиму?

Ҳозиқ: -Астағфируллоҳ, амирим! Нодираи даврон на фақат шоира, балки, шариат аҳкоминда омила, алмуқаллаб бил-Комила, аёллар тожи, камол денгизининг гавҳари, иззату иқбол садафининг дури, иффат ҳарамининг маҳбубаси эрди. Ақл бобинда минг оқил эркаклардин зиёдроқ, фуқаросига мусаллам бул жаҳон паноҳ мастуранинг толеига нечун Оллоҳим бул қадар аянчли қисмат ёзганидин ҳайратланиб ўлтирибмен, халос!

Насруллоҳхон: - Нега ҳайратланасен? Хон ўғлонлари қилишлариға яраша жазоларини олдилар! Лек мен анга не ёмонлик қилдим, (кулади) тажаввуз этмадим, шекилли?Ёхуд келинлари, яъни, эски кундошлари Хонпошшахонни никоҳимга киритганимга ғашлари келдиму? Йўқса, бир ҳурмат ҳам шунчалик бўладур! Қайси ҳукмдор душманининг волидасигатахт инъом этған?! Лекин мен ҳотамтойлик қилдим! Ўз қулоқларинг бирлан эшитдинг, сўзларимни? Лек, ўшал минг эркакдин ақллироқ шоиранг менинг бул илтифотимга не деб жавоб этди? Ҳаммангиз гувоҳсиз, анинг сўзларига! Ул ножоиз калималарни эшитса, ҳатто, илон ҳам пўст ташлар эрди! Мен эрса, киприк қоқмай, эшитдим! Шундай, далли шоир, бул қисматни шоираи давронингнинг ўзи сўраб олди!

Шайхул ислом: - Ким не деса десун, сиз тўғри қарор қабул қилдингиз, олампаноҳ! Менга қолса, ҳалиги икки шериги шоираларни ҳам йўқотиш керак эрди ўзи!

Насруллоҳхон: - Қай бирлари эрди, алар?

Шайхул ислом: - Сиздин Нодираи даврон авфини сўради-ку, ўшал аёл, исми тилимнинг учинда турибдур! (даврадан “Увайсий, Жаҳон отин, иккинчиси Маҳзуна” деган овоз эшитилади) Ҳа, ана ўшал Жаҳон отун бирлан ёниндаги Маҳзунасиҳақинда ҳам эл орасинда ёмон гаплар юрадур. Маҳзунаси эрли бўлса ҳам Ҳўқанднинг сарой шоири Фазлий Намангоний бирлан ошиқ-мошиқ дейишадур. Увайсийси эрса, туппа-тузук олим эрини ташлаб, Умархон саройинда отин бўлиб олған эркан!

Даврадан овоз келади.

Овоз: - Умархоннинг дили кетиб, мажбур қилган бўлса керак-да!

Насруллоҳхон: - (кулиб) – Чалпакка ўраб берса, ит емайдир-ку, Умархон шунчалик таъбсиз эрдиму?

Шайхул ислом: - Ер етказиб бормасину, аёл деса ўзини томдин ташлар эрди, раҳматлик. Охир-оқибатда ўшал аёллар бошини еди!

Насруллоҳхон: - Йўғ-ей, ўз ажали бирлан ўлган деб эшитган эрдим-ку, ёлғонму?

Шайхул ислом: - Одам ўз ажали бирлан ўлса, бирор бир касаллик-пасалликка чалинур эрди. Соппа-соғ одам бир ойда қамишдай қуриши шубҳалида!?О, олампаноҳ амирим, аёлнинг рашкчиси иблис бўладур! Илон киби қўйнингизга кириб, ангда чаққанини ўзингиз ҳам сезмай қоладурсиз!

Овоз: - Ўзлари ҳам шоиралардин куйганларданму, шайхул ислом ҳазратлари? Чунки, Нодираи давроннинг ҳам қайсидир бир шайхга бағишланган гўзал ашъори бор! Ишқилиб, ўшал шеър сизга битилмаганму?

Шайхул ислом: - Астағфируллоҳ!

Насруллоҳхон: - (қизиқиб, овоз келган тарафга қарайди) – Шеърни ёд билсанг, бизга ҳам айтиб бер-чи!

Даврадаги одам ўрнидан туриб шеърни ўқийди.

-Риё, ҳирсу, тамаъ савтидуртаронаи шайх,

Эшитмаким ҳама афсун эрур фасонаи шайх.

Берур ғурур ила оройиши фашу дастор,

Ки худнамолиғ эрур зеби корхонаи шайх.

 

Кўнгуллар ўлди совуқ суҳбатидин афсурда,

Эрур чу боди хазон оҳи ошиқонаи шайх.

 

Топилса, Нодира, бир шайхи орифи комил,

Бошим ҳавосин этай назри остонаи шайх.

Насруллоҳхон: - Гўзал шеър эркан, чиндан ҳам сизға бағишланған эрмасму, ҳазрат шайхул ислом?

Шайхул ислом: - Йўқ, йўқ, олампаноҳ! Бир бошқасига йўлиққанмен, фақат оллоҳнинг ўзи асраған.Ўлиб кетишимға бир баҳия қолғон!

Насруллоҳхон: - Алҳазар! Ишқилиб, биз аҳди никоҳимизга киритган Хонпошшахон ўшал тоифадин эрмасму!

Шайхул ислом: - Астағфируллоҳ, Хонпошшахон тўралардин, олампаноҳ! Фарғона бекларидин Маҳмудбекнинг ҳамширасидур! Билурсиз, тўраларсаидларнинг олий насаб суякларидин ҳисобланадур! Иннайкейин, аларнинг ўзлари бир дунё, рақсу хонишлари бир дунё дейишадур! Завжа қилмасангиз канизак этурсиз!

Насруллоҳхон: - (Ҳозиққа) Хай, майли, ҳар ким ўзининг ишини қилгани яхши, далли шоир, йўқса, қассобнинг ишини ҳалвочи тушунмаган киби, сен ҳам менинг аҳволимни ҳеч қачон тушунмайсен!Сен яхшиси,Қўқон хонлиги устидин қозонилган ғалабамиз ҳақинда гўзал бир “зафарнома” ёз! Ўзинг гувоҳсен, орзулаганим киби, бир бутун, тугал мамлакат қуришимга бир баҳия қолди! Хева хонлигини забт этсам бўлди, ниятимга етурмен!

Ҳозиқ: -Иншооллоҳ, олампаноҳ!

Бошқалар ҳам:

- Омин!

- Яратганнинг ўзи қулласун!

 Насруллоҳхон: -Ҳозир эрса, қоралаб ўлтирган нарсаларингдан бизга ўқиб бер! Сен ҳозиржавоб шоирсан-ку! Аллақачон тарих битдинг шекилли!

Ҳозиқ: -Тилим, тилим, тилимдур,

    Тилдин танам тилимдур...

 Насруллоҳ: -Ҳа, тилинг аччиқ сенинг, Ҳозиқ, лек тилингга беҳуда эрк берма! Сени кўп бора кечирганмен. Лекин сабрнинг ҳам сўнги бор. Ҳаддингни билмасанг, жазоингни оласен!

 Ҳозиқ: - Унда ўқимай қўяқолай, амирим!

Насруллоҳ: - Йўқ, ўқийсен, ҳаммаслагинга тарих битдинг шекилли, эшитайлик-чи, қандай тарих эркан?!

Ҳозиқ: -Тўн кийдингиз тавқу лаънатдин бул дам,

                Ечмоғингиз мушкул қиёматда ҳам...

Насруллоҳ: - Жаллод! (жаллод чопиб келади) – Анинг бошини ҳам Нодираи даврон чопилган кундага қўйинг!!

       Ҳозиқ: -Қуллуқ олампаноҳ!

Бир бошга бир ўлим, икки ўлим йўқ,

Икки бор пажмурда бўлмағай таним,

Азроил юмуши гар насиб этса,

Қатллар муборак бўлғайдур, ғаним!

                    П А Р Д А 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот