Пойтахтда яшаётганлигим учун она шаҳрим Самарқандга бир йилда икки ёки уч маротаба бораман. Шунда ҳам барча яқинларимни кўролмай қайтаман. Яхшиямки телефон бор. Жигарларимнинг соғлигию нима ишлар билан оворалигини шу телефон орқали билиб, кўнглим жойига тушади.
Кунларнинг бирида Самарқанд шаҳрида яшайдиган опамникига меҳмонга бордим. Опам мактабга ишга кетган экан. Мени жияним Гулзода кутиб олди. Гулзода бир зумда ўтган бир йил мобайнидаги янгиликлардан воқиф қилишни бошлади.
— Хабарингиз бор. Бу йил университетнинг биринчи курсини тугатаман. Опам Нигора ҳам магистратурани битиради. Қўшнимиз Феруза опа қизини узатади. Яна бир қўшнимиз Барно опа коллежни тугатган қизини бозорга савдо-сотиқ қилиш учун чиқариб юборди. Рўпарамиздаги Дилдора опанинг қизи Адолат қамалиб қолди.
— Ким у, Адолат? Мен танийманми? — дея қизиқсиниб сўрадим жиянимдан.
— Албатта, танийсиз. Мен унга “Тошкентдан холам келди”, деб айтсам, доим бизникига югуриб келиб, сиз билан суҳбатлашгиси келарди. Аммо уяларди. У ҳам сиздек бўлишни орзу қиларди. Адолат узун бўйли, озғингина, буғдойранг, доим кулиб турадиган, жудаям одобли, хушмуомала, ақлли ва зукко қиз эди.
Жиянимнинг бу тарифидан кейин Адолатни эсладим ва унга ачиниб дедим:
— Нима учун қамалди. Қандай оғир гуноҳ қилган экан?
— Холасидан ўзини ҳимоя қилиш учун синган ойнани унга тиқиб олибди. Холаси эса уни жаҳл устида қаматиб юборибди.
— Наҳотки онаси уни бу жазодан олиб қололмади?
— Ҳаракат қилди. Аммо холаси зўр адвокат ёллаган экан, Адолат бечорани қаматишга эришди. Мен ҳозир сизга унинг хатларини кўрсатаман, — дея у хонада турган жавонни титкилаб, бир даста мактубларни қўлимга тутқазди.
Эринмасдан уларни ўқишга тутиндим.
Аслида ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Аммо кимдир билиб, кимдир билмасдан жиноятга қўл уриши мумкин. Улар, албатта, ўз жазоларини оладилар. Ана ўшандагина улар қилган қилмишларидан пушаймон бўлишади. Қуйида мен сизларга аёллар қамоқхонасидан ёзилган хатларни ҳукмингизга ҳавола этаяпман. Кимлардир ўқиб, ўзига хулоса чиқарса, яна кимлардир зора жиноятнинг жирканч кўчасига кирмасалар деган умиддаман.
Муаллиф.
ХОЛАНИНГ РЕЖАСИНИ БАРБОД ҚИЛГАН ҚИЗ
...Салом дугонажон! Бу хатим шамолдек шошиб, кабутардек учиб сизнинг қўлларингизга тушишини истаб ёзаяпман. Гулзода, маҳалламиздагиларнинг барчаси соғ-саломатми? Мени сўраган барчага саломимни етказиб қўйинг. Яхшиямки сиз бор экансиз. Доим сиздан хат олиб тураман. Қариндошларимга хат ёздим. Аммо улар мендек нотавондан воз кечган чоғи жавоб йўллашмади. Майли, улардан ҳам хафа эмасман. Бироқ ўйламасдан жаҳл отига миниб, қилиб қўйган ишимдан жудаям пушаймонман. Ўшанда бизнесмен холам уйимизга келганди. Онам савдо-сотиқ билан шуғуллангани учун мени кўп ҳолларда ёлғиз ташлаб кетарди. Буни холам ҳам биларди. Шунинг учун онамга “Бўйи етган қизни ёлғиз уйда қолдирмайди. Дўстимиздан кўра душманимиз кўп. Адолатни уйимга олиб кетаман. Сен бемалол борадиган жойингга бориб келавер. У бизникида яшасин”, дея қўярда-қўймай мени олиб кетди.
Онам Туркияга мол олиб келгани кетганида холам мени бир бойвачча кишига узатиш пайига тушди. Чунки холам бойваччадан манфаатдор экан. Бир куни холам бойваччани уйга таклиф қилиб, иккаламизни битта хонага қамаб қўйди. Мен унга ялиндим-ёлвордим. Афсус фойдаси бўлмади. У номусимни топтамоқчи бўлди. Шунинг учун дераза ойнасини синдириб қочмоқчи бўлдим. Бойвачча киши қўрқиб кетиб, дарҳол холамни чақирди. Холам тузган режаси барбод бўлгани учун мени аямасдан ура кетди. Ўзимни ҳимоя қилиш учун синган ойнани холамнинг биқинига тиқиб олдим. Холам фарёд кўтариб, мени мелисаларга бериб юборди. Кейин суд бўлди.
Бу орада онам ҳам Туркиядан етиб келди. Афсуски меҳрибоним мени холамнинг чангалидан қутқаролмади. Холам адвокат ёллаб, мени қаматиб юборди.
Пешонада борини кўраркансан. Қилган ишим учун жазоимни олаяпман. Бу ерда ҳам мен тенги қизлар бор экан. Бир-бирларимизга дардимизни айтиб, кўнглимизни бўшатамиз. Аммо бу ердаги ҳаётга кўникишим жудаям қийин бўлди. Ҳаттоки тунлари йиғлаб чиқардим. Яхшиямки бу ерда кўнгли тоза, самимий қизлар бор. Улар мени овутишга, кўнглимни кўтаришга ҳаракат қилишади.
Яқинда ойижоним келиб кетди. Қанчалар хурсанд бўлганимни кўрсангиз эди. Ойим мени уришиб-уришиб, “Сендек қизни туққанимдан, дунёга келтирганимдан афсусдаман. Чунки сени туғилишингни отанг ҳам хоҳламаганди. Биз турмуш қуришга ҳам тайёр эмасдик. Ноиложликдан, ҳомиладор бўлиб қолганим учун отанг зўрға уйланган эди. Аммо қиз туғилганини эшитиб, биратўла мендан ҳам, сендан ҳам воз кечди. Сени деб, сен шумоёқни деб отанг билан ажрашиб кетдик. Шунинг учун болалигингдан бувингга бергандим. Аммо бувинг ҳам сен ўн ёшга тўлганингда бизларни ташлаб кетди. Шундан сўнггина сени тарбиялашга мажбур бўлганман!” дея таъкидлаб кетди.
Ойимдан хафа эмасман. Чунки мени деб, юзи шувут бўлди. Опаси билан ади-бади айтишиб қолди. Этни тирноқдан айириб бўлмайди деганларидек, эртага опа-сингиллар яна топишиб олар, аммо менинг юзим бир умрга қаро бўлди...
Бу ердагиларнинг бирдан-бир орзуси энди ҳеч қачон жиноятга қўл урмаслик. Бу жойларда ўтиришни душманимга ҳам раво кўрмайман. Шароитлардан нолимоқчи эмасман. Бироқ гоҳида эркин қуш бўлиб узоқ-узоқларга учиб кетгим келади. Деразадан қараб, осмонни тўлдириб учиб юрган қушларга ҳавасим келади. Бир куни зулматни ёриб ёруғлик иниб келишини ҳам биламан. Шунда сиз билан албатта, дийдорлашаман. Кейинги хатимда амакисини пичоқлаб қўйган қиз ҳақида ёзиб юбораман.
"АМАКИСИНИ ПИЧОҚЛАГАН ЖИЯН"
Гулзода, иккинчи хатимни ҳам юборишга аҳд қилдим. Ўтган гал айтганимдек сизга Ноиланинг ҳаётини ўзининг тилидан айтиб бермоқчиман.
...Бахтиёр болалигимнинг беғубор дамларида меҳрибон онажонимдан айрилиб қолдим. Ўша куни менинг кўз ёшларимга чидай олмаган осмон ҳам йиғлаб юборди. Ёмғир тингунича ўликни уйдан олиб чиқишмади. Чунки қўшнимиз Манзура хола “Агар ёмғир қабр ичига тушса яна кимнидир орамиздан олиб кетади. Шунинг учун сабр қилинглар” деганди.
Баҳорнинг об-ҳавоси ўзарувчан бўлади. Кўп вақт ўтмай ёмғир ҳам тинди. Шундан сўнггина онажонимни сўнгги манзилга кузатишди. Ортидан бўзлаб қолавердим.
Дадам мени ўгай она турткисидан сақлаш учун бошқа уйланмади. Қийналса-да ўзи вояга етқазди. Бироқ онам йўқлиги ҳар дақиқада сезилиб қоларди. Гоҳида дадамга сочимни иккита қилиб ўриб, лента тақиб қўйинг, дея хархаша қилардим. Қийшиқ-қинғир қилиб бўлса-да дадам менинг сочларимни тараб, ўзи ўриб қўярди. Дадам менинг кўп инжиқликларимни кўтарарди. Аммо койимасди.
Эсимни таниганимдан сўнг дадамга берган озорларимдан, қайсарликларимдан пушаймон бўлдим. Энди бемалол ўзим уй ишларини эплай олардим. Бироқ биз билан бирга яшайдиган дадамнинг укаси Ғиёс амаким доим нимадандир норози бўлиб, тўнғиллаб юрарди. Ҳаттоки дадам билан бир неча маротаба жанжаллашиб ҳам олишди.
Бир куни эндигина дастурхон ёзиб, ошхонада дадам билан овқатланиб ўтиргандик, дарвозадан Ғиёс амаким кириб келди-да ие йўқ, бэ йўқ “Сулаймон ўлиб, девлар қутилганидек, мени кутмасдан овқатланаяпсизларми?” дея бақира кетди.
Дадам эндигина гапиришга чоғланган эди мен бармоғимни лабимга олиб бориб “тсс” дедим, гапирманг дегандек. Дадам гапирмади.
“Бу уйда ўзи ким хўжайин! Мен! Эртагаёқ уйни бўшатларинг! Уйланмоқчиман. Хотиним билан шу ерда яшамоқчиман!” дея Ғиёс амаким яна бақирди.
Укасининг бу гапларига тоқат қилолмаган дадам шартта ўрнидан турди-да уни эсини киритиб қўймоқчи бўлиб: “Ичиб олиб, нималар деб алжираяпсан? Қачон қарама, йўқ жойдан жанжал чиқарасан. Бу уй-жой икковимизга ҳам, бола-чақамизга ҳам етади. Ҳовли-жойни ҳеч ким ортидан ортмоқлаб кетмайди!” деди.
Амаким бўлса “Бу ҳовли менга етмайди, торлик қилади. Шунинг учун бу уйдан анави етимчангизни ҳам олиб, чиқиб кетинг! Кўзимдан йўқолларинг!” дея шердек бўкира кетди.
“Қизимга тил теккизма, нонкўр! Ўша қиз-ку сени кирингни ювган, овқатингни тайёрлаб ўтирган. Энди керак бўлмай қолдими? Мени ҳақорат қилсанг чидайман, аммо фариштадек қизимни гапирма!” дея дадам унинг ҳақоратларига чидай олмади.
“Уйни бўшатларинг! Отам бу уйни менга васият қилиб қолдирган. Бошимни оғритмасдан ҳовлидан чиқиб кетларинг!” деб Ғиёс амаким дадамнинг ёқасига чанг солиб, буға бошлади.
Дадам бўлса унга “Қўлингни торт ит! Отам менга сени уйлантиришни, шу ҳовлида иккаламиз биргаликда яшашни васият қилган. Отам оғир ётган куни ҳам ёнида бўлмагансан. Такасалтанг ўртоқларингга қўшилиб тентираб юргандинг. Отам бечора сени йўлингга кўз тика кўз тика вафот этганди. Сен бўлсанг уялмасдан васият дейсан!” дея уни инсофга чақирмоқчи бўлди. Амаким бўлса жўралари ҳамма жойда уй кенжатойга қолишини айтганлигини таъкидларди.
Дадам амаким билан тортишиш бефойдалигини ҳис қилгач, ошхонага кириб кетди. Амаким бўлса дадамни судраб, ҳовлига олиб чиқиб дўппослай кетди. Дадам ҳам бўш келмади.
Ахийри дадамга кучи етмаслигини сезган амаким ўша атрофда деворга суяб қўйилган белкуракни олдида дадамнинг бошига урди.
Дадам “воҳ” деганча бошини чангаллаб ерга гурсиллаб йиқилди. Мен бўлса ҳовлига чиқиб дод солдим.
Амаким бўлса қилган ишидан заррача ҳам пушаймон бўлмасдан менга овозимни ўчиришни буюрди. Етимча, дея ҳақоратлади.
Унинг бу гапига тутақиб кетдим. Важоҳат билан ошхонага кирдимда, стол устида турган пичоқни олиб ҳовлига чиқдим. Амаким менга орқасини ўгириб турарди. Ўйлаб ҳам ўтирмасдан унинг орқасига қўрқмасдан пичоқни санчдим.
Амаким бундай бўлишини кутмаган чоғи ғазаб билан менга бир тикилди-да “ифлос”, дея ерга қулади. Дарҳол дадамга ёрдам беришга ошиқдим. Аммо дадам нафас ҳам олмасди. Бошидан қон оқарди.
Қўрқиб кетганимдан қўшнимизникига югурдим. Дарвозасини бор кучим билан тақиллатиб “Манзура хола, очинг эшигингизни” дея бақиравердим.
Шу пайт дарвозасини очган хола мени афтадаҳол аҳволда кўриб қўрқиб кетди. Манзура холага амаким дадамни урганини, ёрдам бериши сўраб, ҳўнграб йиғлаб юбордим.
Манзура хола билан ҳовлига шошилиб кириб келдик. Кейин қўшнимиз "Тез ёрдам” чақирди.
Дадам билан амакимни шифохонага олиб кетишди. Ғиёс амаким шифохонадан чиққач, мени судга бериб, қаматиб юборди.
Афсуски дадамнинг уринишлари зое кетди. Дадам бу жудоликни кўтара олмай касалванд бўлиб қолди. Кўп вақт ўтмай, у ҳам омонатини топширди. Қўшнимиз Манзура хола мени кўргани борганида дадамдан айрилиб қолганимни эшитдим. Ўксиниб-ўксиниб йиғладим.
...Бироқ ота-онадан ҳам кўра боласидан жудо бўлиш қанчалик оғир эканлигини, боласини ўлдирган қотилни ўлдириб, эндиликда биз билан ўтирган Садарат опадан билдим. Кейинги хатимда, албатта, унинг бу ерга келиб қолиши ҳақида ёзиб юбораман.
ҚОРОВУЛНИ ЎЛДИРИБ ҚОТИЛГА АЙЛАНГАН АЁЛ
Азизам Гулзода! Биз билан битта хонада яшайдиган Садарат опанинг ҳаётини эшитсангиз қалбингиз ларзага келади. Бу дунёда разил, ваҳший одамлар борлигидан нафратланиб кетасиз. Яхшиси унинг турмушини сизга айтиб берай...
“Болалар уйида улғайганман. Ота-онам кимлигини ҳам билмайман. Улар мени ташлаб кетганлари учун ҳанузгача улардан нафратланаман. Агар турмуш қурсам ҳеч қачон гўдагимни болалар уйига ташлаб кетмайман, деб ўз-ўзимга сўз берганман. Болалар уйидан учирма бўлгач, тарбиячим бўлган Зарифа опаникига нажот истаб бордим. Чунки энди нима қилишимни ҳам билмасдим.
Опанинг ёрдами билан боғчага ишга кирдим. Ўз ўрнимга эга бўлдим. Бир куни Зарифа опа мени бир йигит билан таништирди.
Қадди-басти келишган, чиройли йигит экан. Хуллас, бир-биримизга ёқдик. Тўйимиз бўлди.
Онамдек бўлиб қолган Зарифа опанинг юзини ерга қаратмай, дея келинлик вазифамни астойдил бажаришга киришдим. Қайнонамнинг ўтидан кириб кулидан чиқдим.
Кейинги йили эса фарзандлик бўлдим. Унинг камолини кўриш менга насиб этсин, дея Камола деб исм қўйдим. Зарифа опам ота-онамнинг йўқлигини билдирмасдан, бешик ясатиб олиб борди.
Камола тиллари бийрон қиз бўлди. Илк маротаба “ая” дея тили чиққанида қанчалик севинганимни сўз билан ифодалай олмайман. Атак-чечак қилиб юрганларини кўриб севинчим ўн чандон ошди. Бирин-кетин қайнсингилларимни ҳам узатдик.
Биз бахтли яшаётгандик. Бироқ ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деганлари тўғри экан. Қайнонам қаергадир тўйга бориб, менинг болалар уйида вояга етганимни билиб қолибди. Шундан сўнг қайнонам менинг рангимни чиқармайдиган бўлиб тўнини тескари кийиб олди. Менга яхши муомила қилмай қўйди.
Бир куни тонг саҳар ҳовлига отилган челакнинг даранглаган овозидан чўчиб уйғониб кетдим. Шоша-пиша бошимга рўмолимни ўраб ҳовлига чиқиб юз-қўлимни ювдим-да ўша атрофда юрган қайнонамга салом бердим.
Бироқ қайнонам саломимга алик ҳам олмади, қайрилиб ҳам қарамади. Овозини борича келинларни чошгоҳгача ухлашини айтиб, шанғиллай кетди. Қайнонам мени тили қисиқликда, яхши тарбия кўрмаганликда, ҳароми бола бўлганлигимда, кўзимни сузиб, ўғлининг бошини айлантириб, тегиб олганликда айблади.
Энди унинг ҳар битта гапи юрагимга ўқдек қадала бошлади. Мен ҳам боплаб жавоб қайтарай дедиму аммо эримнинг “илтимос, онам ҳовуридан тушганча гап қайтарманг” деган сўзлари ёдимга тушиб тилимни тийдим.
Ўғлини имлаб, хонасига олиб кириб кетди. Орадан анча вақт ўтгач, эрим сувга тушган мушукдек ёнимга келди. Аммо онаси билан нималарни гаплашганини айтмади.
Бир куни қайнонам ҳовлимизга иккита участка нозирини бошлаб келиб уларга мени келганимдан буён уйидан нарсалар йўқолаётганини айтиб аюҳаннос солди.
Кейин уларни ётоқхонамга бошлаб кирди. Қайнонам нарсаларимни титкилаб ниманидир изларди. Кейин шкафимдан тилла тақинчоқларини олиб мелисаларга кўрсатди. Мени ўғирликда айблади.
Бу туҳматдан қутилолмадим. Ўзимни оқлолмадим. Қайнонам мен йўғимда тиллаларини шкафимга солиб қўйганлигини тушуниб етдим. Афсуски қўли эгри деган ном олдим. Ҳақлигимни исботлай олмадим. Қайнонам турмуш ўртоғимнинг ялиниб-ёлворишига қарамасдан менга туҳмат қилиб, топилмаган тилла билагузук учун қаматиб юборди.
Бир йилдан сўнг мен қамоқдан чиқиб уйимга қайтдим. Қизалоғимни жудаям соғингандим. У билан қучоқлашиб кўришишни кўз олдимга келтириб, дарвозани очдим. У ёқ бу ёққа алангладим. Нимагадир ҳовлида болам кўринмасди. Қайнонамга салом бердим-да, дарҳол боламни сўрадим. Қайнонам бўлса худди мени биринчи маротаба кўраётгандек ажабланиб тикилди.
“Болам қани деяпман, мен сизга!” дея бақирдим мен. Шу пайт эрим уйдан отилиб чиқди-да, остонада бир зум тўхтаб қолди. Хўжайнимдан қизимни сўрадим. У онасига қаради. “Камолани ўт ўриб келгани тутзорга жўнатгандим”, деди қайнонам кўзларини ерга тикиб.
Тутзорга қараб шошилиб кетдим. Ортимдан хўжайним ҳам изма-из келарди. Афсуски тутзордан Камоланинг қонга беланган жасадини топдим. Унинг ҳаётга тўймаган кўзлари катта-катта бўлиб очилиб турарди. Қизалоғим ётган жойдан сал нарида эса қонга бўялган ўроқ ётарди.
“Болам! Вой болам? Ким сени бу аҳволга солди, ким?!” дея бақирганимча қизимни қучдим. Фарёдимни эшитган турмуш ўртоғим югуриб келди-да боласини қонга бўялиб ётганини кўриб, у ҳам даҳшатдан қотиб қолди.
Кўзлари билан кимнидир излай бошлади. Фариштагинамни ўтлар устига ётқиздим-да шартта ўрнимдан туриб, қонли ўроқни қўлимга олиб, тутзорнинг у томонига қараб югуриб кетдим.
Шу пайт тутзор ичида йиқилиб-суриниб, қочиб кетаётган бир эркакка кўзим тушди. Унга етиб олгач, эркакнинг ёқасига чанг солдим.
“Мен, мен ундай қилмоқчи эмасдим. Ўзи қаршилик кўрсатди. Қоровулман. Сўрамасдан ўт ўрибди. Шунга... Озгина ичгандим. Уни ўпгандим. Кейин...”, деди эркак дудуқланиб.
“Исқирт. Боламнинг бошига етибсан-ку! Сенинг жазоингни ўзим бераман!” дея унинг дуч келган жойига ўроқни тиқиб олавердим, тиқавердим. Турмуш ўртоғим менинг қўлимдан ўроқни тортиб олмагунча бу ҳол давом этди.
Кейин ерга ўтирганимча ўкириб йиғлаб юбордим. Болагинамни, беғубор фариштагинамни асраб қололмадим. Турмуш ўртоғим қонга беланган боламнинг ўлигини қўлига кўтариб олди. Эр-хотин бир алфозда уйга кириб бордик. Қайнонам бизни кўриб эси оғай деди.
Ёмон гап тез тарқалади, деганларидек бу мудҳиш воқеа бир зумда маҳаллага ёйилди. Одамлар жанозага етиб келишди. Фариштадек боламни қабристонга қўйиб келишди.
Тергов ишлари ҳам бошланди. Тергов жараёнида тутзор қоровули ичиб олиб, Камолани номусига тажовуз қилгани, қаршилик кўрсатгани учун уни ўроқ билан уриб ўлдирганимни айтдим.
Афсуски қотилни ўлдирганим учун мен ҳам қотил деган номни олиб қамалдим. Турмуш ўртоғим эса қоровулни ўзи ўлдирганини уни қамаш лозимлигини айтиб бақирарди. Виждон азобидан қийналаётган қайнонам бўлса суддагиларга “мияси айниган кампирни қаманглар. Уни мен ўлдирдим” деб йиғларди.
Фарзанд доғи ёмон бўларкан. Кўз олдимдан ҳамон қизалоғимнинг менга талпиниб турган чеҳраси, гап-сўзлари кетмайди. У ҳаётга қанчалар ташна эди. Катта бўлганида чевар бўлиб, менга чиройли куйлаклар тикиб бермоқчи эди. Ҳеч ким мендек боласининг ҳажрида ёнмасин...”
Шунақа гаплар Гулзодажон. Кейинги хатимда Гулшода опанинг Қозоғистонга одамларни алдаб сотганлиги учун бу ерга тушиб қолганлигини ёзиб юбораман.
ҚОЗОҒИСТОНДА ҚУЛ БЎЛГАН ОДАМЛАР
Хонбиби ҲИММАТ қизи.