Кўзбойлоғич


 Музаффар МУҲАММАДНАЗАР

 

КЎЗБОЙЛОҒИЧ 


      Ваъда бериб қўйганим учун, ўғилчамни циркка обордим. Томоша кўриб ўтирганимизда ёнимда ўтирган киши мен билан қуюқ саломлашиб қолди. Одоб юзасидан ҳол-аҳвол сўрашдим-у, очиғи, уни мутлақо танимаганим учун бироз ўнғайсизландим. Ўғлим эса саҳнадаги шерларга оғзи очилганча тикилиб ўтирарди.
     Навбатдаги томошада кўзбойлоғичлик санъати бошланди. Чап томонимдаги ўриндиқда ўтирган бояги киши яна менга гапирди:
– Ҳа, буларнинг ҳамма сири менга маълум. Кўраяпсизми, кўзбойлоғичнинг ёрдамчиси беш метрча нарида шам кўтариб турибди. Фокусчи ҳозир кўзим билан шамни ёндираман, деяпти. Аслида, шамнинг пилигига махсус кимёвий суюқлик шимдирилган. Ёрдамчиси эса унинг ишораси билан иккинчи қўлидаги кимёвий кукунни сездирмай шам устидан сочгач, икки модда реакцияга киришади ва шам ёнади.
    Ўнг тарафимдаги ўғлим унинг гапини эшитиб, бизга қараб юзланди:
– Демак, буларнинг ҳаммаси ёлғон экан-да. Шунча одамларни алдашаркан-да!
   Бунга жавобан билағон қўшним буларнинг бари томошабинларнинг нигоҳини чалғитиш, моҳирона уддабуронлик экани хусусида эринмай маъруза ўқий кетди.
     Бирор нарса томоша қилаётганимда кимдир ёнимда вайсаб турса, ғашим келади. Шунинг учун қўшнимга юзландим-да, иложи борича хушмуомалалик билан гапиришга уриндим:
– Томоша тугагунча жимгина ўтирсангиз, илтимос!
    Унинг ташқи кўриниши афтодаҳол эди: кўзлари киртайган, юзлари ич-ичига ботиб, ёноқлари туртиб чиққан, юпунгина кийинган, соқоллари олинмаган.
– Мени танимадингиз, а?
– Йўқ, ўйлайманки, биз таниш эмасмиз. Сиз чамаси, мени ким биландир адаштирдингиз. Маъзур тутасиз!
    У бошини сарак-сарак қилиб, мийиғида кулди:
– Ҳечам адаштирганим йўқ. Хотирангиз ёмон экан. Мен бир маротаба кўрган одамимни ўн йилдан кейин ҳам танийман.
– Энди, ҳарҳолда, хотирани мустаҳкамлаш ҳақида маъруза ўқимассиз, деб умид қиламан, – дедим унинг гапларини эшитишга тоқатим йўқлигини яширмасдан,.
– Ҳа, қаёқдан била қолдингиз, мабодо телепат эмасмисиз? Ичимдагини бирпасда топа қолдингиз, а?! – деди у ҳам кесатиб.
    Орага бир муддат жимлик чўккач, у яна гап бошлади:
– Бундан роппа-роса етти йил аввал мен ҳақимда газетангизга мақола ёзгандингиз, Мухтор ака. Илк танишувимиз эса ҳамкасбингиз Салим Сатторовнинг уйидаги суннат тўйида бўлганди. Сиз менинг кўзбойлоғичлик санъатимга қойил қолганингизни айтиб, мени таҳририятга чақиргандингиз.
     Э, ҳа, энди эсладим! Ўшанда бу киши ялтироқ қора костюм кийиб олган, капалаксимон бўйинбоғ тақиб, бошига цилиндрсимон қалпоқни қўндириб олганди. Унинг гуруҳида акробатлик ўйинлари, оловли ҳалқалардан сакраб, синган шишалар устида ялангоёқ юришлари билан томошабинларнинг олқишига сазовор бўлган соҳибжамол аёл ҳам бор эди. Ўша кўзбойлоғич акробат жувонни у бизга "хотиним” деб таништирганди. Ёпирай! У одам тўлачадан келган одам эди-ку. Рўпарамдаги нусха эса қоқ суякнинг худди ўзгинаси! Наҳотки... шу одам бир пайтлар машҳур кўзбойлоғич сифатида донг таратган Карим Илёсов бўлса?!
– Сиз...
– Ҳа, худди ўша Карим Илёсовман! Ҳечқиси йўқ, хижолат бўлманг! Мени ҳозирги аҳволимда раҳматли туққан онам ҳам танимаган бўлармиди, эҳтимол.
− Аммо, кўнглингизга олманг-у, қандай қилиб...
– Бундай аянчли аҳволга тушиб қолганимни билмоқчисиз, шундайми? Майли, томоша тугасин, сизга барчасини батафсил гапириб бераман.
     У "гапим тамом” дегандек, мендан кўзини узиб, саҳнага қаради-да, негадир қовоғини уйиб олди. Боягина асабимга тегаётган одам энди менда ачиниш ҳиссини уйғотибгина қолмасдан, қизиқишимни ҳам орттирганди.
     Ичимда "Сабрнинг таги сариқ олтин”, дедим-у талқон ютгандек жимгина ўтиравердим.
   Ниҳоят, томоша тугаб, томошабинлар ўринларидан туришиб, цирк биносини тарк эта бошладилар. Мен қўшнимга саволомуз боқдим.
– Кетдикми?
– Ҳа, юринг. Фақат бирор жойга кириб, тамадди қилиб олсак. Бамайлихотир ўтирамиз ва бафуржа гаплашамиз.
    Мен "тушунарли”, дегандек бош ирғаб, ўғлимни қўлидан етаклаганча, ташқарига йўналдим. Ҳамроҳим ортимдан эргашди. Шу яқин атрофдаги "Ҳилола” ресторанига таклиф қилдим, аммо Карим Илёсов бош чайқади.
– Ҳозир ресторанларда ўтиришга қурбим етмайди. Бирорта оддийгина ошхонами, қаҳвахонагами кира қолайлик.
– Меҳмон қилмоқчиман сизни, Каримбек, ҳақини ўзим тўлайман, бу ёғидан хотирингиз жам бўлсин.
– Ноқулай-да...
– Ўзим ҳам тамадди қилиб олмоқчи эдим, барибир. Циркка кеч қолмай, деб ишдан шошиб чиқдим, овқатланишгаям фурсатим бўлмаганди. Баҳонада биргаликда қоринни тўйдирамиз.
     Ресторанга кириб, жойлашиб ўтириб олганимиздан кейин, официант қиз олдимизга келтириб қўйган таомнома рўйхатига қараб қовурилган жўжа, ўн беш сих кабоб, бир шиша ароқ, яхна ичимлик буюртма қилдим.
     Ота-боболаримиз айтган "Аввал таом, баъдаз калом” мақолига риоя қилиб, овқат чоғида ортиқча саволлар бергим келмади. Келтирилган таомларга ютоқиб тикилаётганидан меҳмонимнинг қорни очлиги, анчадан бери тансиқ овқат емагани сезилиб турарди.
– Қани, тортинмай, бошланг, ҳужумни бошладик! – деб ҳазиллашиб, дастурхонга ундадим.
    Карим Илёсов аввал бироз тортиниб турди-да, сўнг олдидаги таомларни иштаҳа билан ея бошлади. Стол устида турган ароқни олдим-да, қадаҳларга қуйдим.
− Қани, Каримбек, саломат бўлайлик! Шунинг учун, қани, бир олайлик-чи!
    Шиша яримлагач, оч қоринга ичилган ароқ ўз таъсирини кўрсатди. Бир пайт қарасам, Каримнинг кўзлари жиққа ёш.
– Мен... мен.. етимчаман, ғирт етимчаман, ака! Ҳеч кимим йўқ! – дея кўкрагига муштлаб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юборса бўладими!
    Худо раҳмат қилгур Ҳожибой Тожибоевдан айримлар ичиб олса "Етимман”, деб йиғлашини эшитгандим-у, аммо кўрмаганим учунми, Каримнинг бу ҳолатини кўриб, ноқулай аҳволга тушиб қолдим.
– Каримбек, ўзингизни босиб олинг! Атрофдагилар бизга қарашаяпти, – дедим уятдан ерга киргудек бўлиб.
    Агар шу ҳол давом этса, официант билан ҳисоб-китоб қилиб, ўрнимдан туриб кетвораман, деб тургандим, йўқ, ҳайтовур, Карим қандай "лов” этиб ёнган бўлса, шундай "пов” этиб ўчди.
− Кечирасиз... Ўзимни бир лаҳза тутолмай қолдим. Бўлди... ўтиб кетди, кечиринг! Ака, яна бир қадаҳдан ичиб олайлик... Ваъдам эсимда, сизга бошимдан ўтказганларимни гапириб бераман.
    Яна бир қадаҳни бўшатганимиздан кейин, Карим чиндан ҳам кўрган-кечирганларини бир бошдан гапира бошлади.
− Лобар билан вилоятга уюштирилган гастролдаги сафарларимизнинг бирида танишиб қолгандим. Таклифимга кўра у мен ижодий раҳбар бўлган сайёр цирк гуруҳимизга қўшилди. Биргаликда ишлай бошладик. Мен ўша пайтлари жуда кўп пул тўплашни, қисқа фурсат ичида беҳад бойиб кетишни орзу қилардим. Шу орзуйимга етиши учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қилардим. Назаримда, бой бўлиб олсам бас, ўз-ўзидан бахтли бўлиб қоладигандек эдим. Афсуски... Хуллас, Лобар акробатик ўйинлари, шиша синиқлари устида ялангоёқ юришлари билан ҳаммани ўзига маҳлиё қилиб олганди. Вилоятларга сафарга борганимизда, анқайиб, оғзини ланг очиб қолган томошабинларга кўзбойлоғичлик санъатимни кўрсатардим. Томоша орасида эса кўзларини шамғалат қилиб, айримларининг чўнтакларини "тозалаб” қўярдим. Қарабсизки, кўз очиб-юмгунча анойиларнинг чўнтакларидаги пуллар, бармоқларидаги тилла узуклар, бўйинларидаги занжирлар менинг чўнтагимга ўтиб қоларди. Лобарнинг мухлислари ва шайдолари кўплиги менга қўл келарди, айниқса содда довдирларнинг унга суқланиб тикилиб қолишлари айни муддао эди. Негаки, бундай пайтда улар ҳушёрликни унутиб, чалғиб қолардилар, менинг моҳир ва эпчил қўлларим ҳеч кимга билинтирмай, ўз ишини бажарарди. Бундан ўз мақсадим йўлида фойдаланишни ўйлаб қолдим. Ҳозир-ку унга яхшигина ҳақ тўлаб турибман. Аммо мендан кўра кўпроқ пул тўлайдигани топилиб қолса, қушча қўлдан учиб кетиши тайин эди. Бундан ташқари, унинг турмушга чиқиб кетиш эҳтимоли ҳам ниятларимни чиппакка чиқариши аниқ. Шунинг учун, ўйлай-ўйлай, унга уйланиб олишга аҳд қилдим. Шундай қилсамгина, кўзлаган режаларим тўла амалга ошарди. Бир қарорга келганимдан сўнг, узоқ ўйлаб ўтирмай, унга севги изҳор қилдим. Аслида, уни мутлақо севмасдим. Йигитлар билан ҳиринглашишлари, ўзини енгилтаклардек тутишидан жаҳлим чиқса-да, асосий даромадимиз манбаи бўлгани учун, унга қаттиқ гапиролмасдим. У ҳам кўп ноз қилиб ўтирмай, дарровгина рози бўлди. Мен уни осонгина лақиллатганимдан ич-ичимдан роса суюндим! Ана энди пул деганлари, сиз бир пайтлар газетангизда таърифлагандек, "сеҳрли қўллар” воситасида оқиб келавериши турган гап эди.
    Аммо... Кўп ўтмай, соддагина бўлиб кўринган, аслида эса маккора Лобар мени чув туширгани маълум бўлиб қолди. Ҳа... тўйимизнинг биринчи висол кечасидаёқ унинг бокира эмаслиги аён бўлди. Ғазабим қанчалик жўш урмасин, ҳаммасини ичимга ютишга мажбур бўлдим...
    Турмуш қурганимиздан кейин унинг бошқа эркаклар билан кулишиб гаплашишлари энди менда рашк туйғусини уйғота бошлади. Худди атрофимдагилардан кўпчилиги унинг беҳаёлигини биладигандек, хотиним ҳам уларга қўшилиб, биргаликда устимдан мазах қилиб кулишаётгандек туйила бошлади менга. Унга бир-икки бор бу хусусда гап очганимда, кетиб қолишини писанда қилгач, даромадим манбаидан ажралгим келмай, тишимни тишимга босишимга тўғри келди.
    Ҳадемай, орадан бир йил ўтар-ўтмас, қизчалик бўлдик! Эндиликда у қизалоғимизга қараши керак эди. Шу туфайли, уни гастролларга бирга олиб кета олмасдим. У уйда чақалоқ билан ёлғиз қолганда, юрагимни шубҳа-гумонлар кемирар эди. Уйга чарчаб қайтганимда, у менга аччиққина қаҳва тайёрлаб берар, қаҳвани ичганимдан кейин уйқум қочиши ўрнига, негадир донг қотиб, ухлаб қолардим. Қаҳва, аслида, уйқуни қочиришини кейинчалик билиб олдим. Етимхонада ўсганим учун, авваллари қаҳва ичмаганим учун, унинг хусусиятидан бехабар эдим.
    Кунларнинг бирида, Бухоро вилоятидаги гастролимиз одам гавжумлиги боис, уч-тўрт кунга чўзилиб кетадиган бўлиб қолди. Чипталар сотилиб бўлингани учун, хотинимга қўнғироқ қилиб, яна бир-икки кун Бухорода бўлишимни, хавотирланмаслигини айтдим. Кечга бориб, суякларим зирқираб оғриганча, пайларим, томирларим қаттиқ тортишиб қолди. Миямда эса, чидаб бўлмас даражада кучли санчиқ пайдо бўлди! Оғриқ қолдирадиган дорилардан анальгину баральгинлар ҳам наф бермади. Нима бўлаётганига тушунолмасдим. Оғриқларга зўрға чидаб, бир амаллаб уйга етиб келганимда, қўшни хотиннинг гапи ҳаммасидан ошиб тушиб, дардимга ўн чандон дард қўшди.
– Каримбой, хотинингизни тўғри йўлга солсангиз бўлмайдими? Қанақа эркаксиз? Йўқлигингизда, уйингизга ҳар хил эркаклар келиб, ярим кечагача магнитофонни варанглатиб қўйишадими-ей, тапир-тупир қилиб, билмадим, қувлашмачоқ ўйнашадими-ей, ўйинга тушишадими-ей. Ҳар ҳолда эркаксиз, ғурурингиз борми ўзи?!. Бор гапни очиқ айтганим учун мендан хафа бўлманг.
   Эшикни калит билан очиб кирдим-у важоҳат билан хотиним ётган хонага кирдим. Иккаламиз қаттиқ жанжаллашиб кетдик. Мен ундан уйда бўлмаган пайтларим келиб-кетадиган эркаклар кимлигини сўраганимда, хотиним уввос солиб, йиғлашга тушди.
– Биламан, кимдир кўролмасдан, сизга мени ғийбат қилган. Эрим "Қаёққа боргандинг?”, демасин, қўни-қўшни гапирмасин, дея, уйдан остона ҳатлаб кўчага чиқмасам ҳам гап қиладиганлар топиларкан-да! Қўшнилар бизнинг яхши топиш-тутишимизга ҳасад қилишади, наҳотки шуни тушунмасангиз? Сиз миш-мишларга қулоқ солаверинг, қулоғингизга лағмон илдираверинг! Хотинингиз шаънини булғашса, мени ҳимоя қилиш ўрнига, индамай эшитаверинг. Камига мен билан жанжаллашинг! Тўй куни мени кечирганингиз учун сизга умрбод вафодор хотин бўлишга аҳд қилганман. Бундан сўнг биров билан юрсам Худо урсин, деб ичган қасамим ёдингиздами? Мен ёш эдим, алдандим, менга уйланаман деган йигит қамалиб кетди. Ишонинг, тўйимиздан кейин сизга хиёнат қилганим йўқ! Худо урсин агар ёлғон гапираётган бўлсам!
     Хотинимнинг артистларга хос сохта кўз ёши тўлиб турган кўзларига ишонқирамай қарасам-да, исботим йўқлиги учун индолмадим.
   Навбатдаги гастролимиз Хоразмда ўтказиладиган бўлди. Сайёр гуруҳимиз билан бирга боргандик. Айрим техник носозликлар сабабли томоша қолдирилди ва бизни таклиф қилган киши келишувимизга асосан, келишилган пулларни санаб бергач, ҳаммамизни бир танишининг тўйига таклиф қилди. Тўй бўлаётган хонадонда ҳам томоша кўрсатиб, пул ишлаб олишимиз мумкин эди. Гуруҳимизнинг бир қисми тўйга, қолганлар эса, шу жумладан мен ҳам, уйимизга жўнадик.
   Уйга тонг саҳар, соат тўрт-тўрт яримларда етиб келиб, ичкарига кирганимда... не кўз билан кўрайки, ётоқхонадаги каравотда хотиним бегона эркакнинг қучоғида ётар, қизчамиз эса, бешикда ухларди. Лобар онадан туғилгандай, Момо Ҳавонинг "либоси”да ётганди.
   Мен эркакка ташландим ва унинг юз-кўзига аямай ура кетдим. Лобар қўққис чўчиганча уйғониб кетиб, қўрқувдан қичқириб юборди ва унга қўшилиб, қизимиз ҳам йиғлай бошлади. Эркак мендан кўра анча бақувват ва гавдали эди. Мен тинмай тушираётган зарбалардан бир зумда ўзига келиб, менга жавоб қайтарди. Аввало, ётган жойида, қорнимга тепиб, мени деворнинг у четига улоқтириб юборди ва кескин ҳаракатлар билан ўрнидан сапчиб туриб, кафтининг қирраси билан томоғимга ва бўйнимга кучли зарба билан урди. Камига қорнимга қаттиқ тепди. Сўнгра, сочимдан ушлаб олиб, бошимни деворга ура кетди. Кўз олдим қоронғилашиб, кўнглим озди, ҳамма ёғим кетма-кет аёвсиз тушаётган мушт ва тепкилардан қаттиқ оғрирди. Оғриқнинг зўридан инграб тўлғанганча, ерда чўзилиб ётардим. Эркакни Лобар келиб тўхтатмаганда, билмадим, охири нима бўларди.
     Эркак истеҳзоли тиржайиб, менга пўписа қилди:
– Ўв, дайди кўзбойлоғич, гапларимни диққат билан эшит! Лобар менинг маъшуқам эди. Лекин сенга ўхшаган бир ҳезалакни ўлдириб қўйиб, қамалиб кетгандим. Ҳозир кўрганларингни унут, бўлмаса, миянгни пачоқлаб қўяман, кейин ё хотирангдан айриласан, ё бўлмаса ақлдан озасан, тушундингми, хунаса?!
    Хиёнаткор Лобар эса бир чеккада ғолибона, беписанд қиёфада, қўлларини икки белига тираганича, оғзининг таноби қочиб, илжайиб турарди.
   Хуштори уйдан чиқиб кетгач, хотиним тепамга келиб, менсимаган оҳангда гап бошлади:
– Сенга бир ҳақиқатни айтайми? Сенга доим қаҳва тайёрлаганимда, қорадори қўшардим. Сен ўзинг билмаган ва истамаган ҳолда гиёҳванд бўлиб қолгансан. Ўликдай сасиб ётганингда мен мазза қилиб маишат қилардим, билдингми? Нега бу гапларни қўрқмай айтаяпти, деб ҳайрон бўлаётгандирсан, а? Чунки, сени энди йўқ қиламан! Мени ушлаб олмаганингда, тинчгина масхарабозлигингни қилиб яшайверган бўлардинг.
   Қизимнинг тинмай йиғлаётгани, Лобар унга аҳамият бермаётгани баттар асабимга тегарди. Ўрнимдан туришга ҳолим йўқ эди. Жисмоний зарблардан ҳам кўра, бу айтилган гаплар юракка урилган ханжардай оғирроқ эди.
– Қизимизни эмиз, сен билан кейин гаплашаман, – дедим зўрға.
     Лобар хохолаб кулди:
– Қизимиз дейсанми? Қанақасига бу сенинг қизинг бўлсин? Сен нафақат ўғри, киссавур, муттаҳамсан, балки банги ҳамсан! Боя гапимни тушунмадингми? Нашавандлардан бола туғилмайди. Эрлик бурчингни бажара олмай қолганингга қанча бўлганини бир эслаб кўр-чи?
   Бу гапларга ортиқ дош беролмадим! Бор кучимни тўплаб, ўрнимдан ирғиганча сакраб турдим-у, уни ўласи қилиб саваладим ва "бу уйни энди елкамнинг чуқури кўрсин”, деганча, уйдан бош олиб, чиқиб кетдим. Бироқ ўша куниёқ милиция ходимлари томонидан ҳибсга олиндим.
  Калтак еган Лобар милицияга қўнғироқ қилиб, ўғри, киссавурлигимни айтибди ва мен чиндан ҳам томошабинлардан ўмарган нарсаларим, жумладан, тилла тақинчоқларни далилий ашё сифатида топширибди. Лекин унинг берганлари, йиққан бор бисотимнинг ўндан бири эди, холос. Буни тергов пайтидагина билдим. Қолганини ўзи қаергадир яширган. Яна у: "Эрим гиёҳванд, васвос бўлиб қолган, бўлар-бўлмасга рашк қилиб, мени ҳар кун уради, хўрлайди. Кўзига уйда бегона эркак юргани кўринармиш. Бу галлюцинация, қорадорининг таъсири эканлигини ҳар қанча тушунтиришга уринсам ҳам, тушунмаяпти”, – дея нолиганча кўз ёш тўкиб, мен истеъмол қиладиган "қорадориларим”ни ҳам "яшириб қўйган жойимдан” топиб берибди.
   Наркология экспертизаси ўтказилди, қонимда гиёҳванд моддаси мавжудлиги ўз тасдиғини топди. Ўғрилик, гиёҳвандлик, қасддан тан жароҳати етказишда айбланиб ўн беш йилга озодликдан маҳрум қилиндим. Амнистияга тушиб, етти йил деганда, шу бугун озодликка чиқдим. Қамоқхонада бироз пул беришганди. Борар ерим бўлмагани туфайли мен неча йиллар мобайнида соғинганим, қадрдон циркка келгандим. У ерда сизни учратдим. Менинг қайғули қиссам шу, Мухтор ака...
   Бир пайтлар ўзим мақтаб ёзган қаҳрамоним Карим Илёсовга жудаям ачиниб кетдим. Бечора... қанча азоб ва уқубатларни кўрибди.
   Вақт алламаҳал бўлиб қолганди. Официант билан ҳисоб-китоб қилгач, ҳамроҳимдан бу кеча қаерда тунашини сўрадим.
– Очиғи, бирорта уйни ижарага оламан, деб ўйлагандим. Кейин ишга кирмоқчи эдим. Циркдан кейин уй қидирмоқчи эдим. Суҳбатимиз чўзилиб кетиб, кечга қолиб кетдим. Бунинг устига кайфим бор. Ким ҳам мендек маст одамни кечқурун уйига киритарди? Кўчада тунаб қолсам керак.
    Мен учун вақт ажратган эски танишимни кўчада қолдиришга виждоним йўл қўймасди. Лекин уни уйга таклиф қилиш ёки қилмасликни ҳам билмай, иккиланаётгандим.
– Майли, раҳмат сизга! Сиз туфайли бугун тўйиб овқатландим. Мени қўяверинг. Ўйламанг. Менга ишонмаётганингизни, уйингизга бир кечагагина меҳмон қилишдан чўчиётганингизни сезиб турибман. Лекин билиб қўйинг, мен тузлуғимга тупурмайман. Ўғирлаган бўлсам, мутлақо нотаниш одамларникини ўғирлаганман. Буларни сизга айтмаслигим ҳам мумкин эди. Хайр. Яхши боринг.
     Унинг мунғайиб қолганини кўриб, баттар ичим ачиди. "Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма”, деганлар. Эҳтиёткорлик чораларини кўриб қўйсам, нима ҳам қила оларди? Қолаверса, ўзи ҳам еган тузлуғимга тупурмайман, деяпти-ку, деган фикрлар кўнглимдан ўтди.
– Юринг уйга! Сизни бу аҳволда кўчага ташлаб кета олмайман. Бир кечага бизникида тунаб қоласиз. Фақат эртага бошқа ердан ижарага уй топасиз, келишдикми? – дедим унга.
     Карим қувониб кетди:
– Раҳмат, Мухтор ака! Яхшилигингизни ўла-ўлгунимча унутмайман!
    Такси тўхтатиб, уйга етиб келгунимизча, йўлда ўғлим ухлаб қолди. Уни қўлимга кўтариб олиб, машинадан тушдим ва меҳмонни уйга бошлаб кирдим. Хотиним бизни пойлаб ўтирган экан.
− Дадажониси, яхши келдингизми? Овқатни иситиб келайми, боя оч кетгандингиз, – деди у ғамхўрлик билан.
   Мен овқатланиб келганимизни айтдим. Меҳмондан ҳам мезбон сифатида сўраб қўймаслик ўзбекчиликка тўғри келмас, деган андишада сўрадим:
– Сизнинг қорнингиз қалай? Овқатлангингиз келаётган бўлса, тортинманг, беҳижолат айтаверинг.
− Қорним-ку тўқку-я, аммо аччиққина чой бўлса, йўқ демасдим. Малол келмаса, албатта. Бўлмаса, зарур эмас, – деди Карим тортиниб.
– Ўзим ҳам юзта-юзтадан кейин бош оғриғини қолдириш ва кайфим тарқаши учун чой ичмоқчи бўлиб тургандим. Хотин, бир чойнак аччиққина чой дамла.
     Чой дамлаб келингач, ошхонага ўтдим-да, секин хотинимга шивирладим:
– Хотин, бу одам эски танишим, лекин айтиб қўяй, қўли эгри. Эҳтиёт бўл. Тилла-пиллаларингни юзада қолдирма, жавонга яшириб, қулфлаб қўй. Иложи бўлса, эрталабгача ухламасликка ҳаракат қилайлик. Ким билсин, тағин, телевизор ёки бошқа бирор қимматбаҳо нарсани ярим кечаси кўтариб кетмасин.
     Ширинликларни ликопчага жойлаётган хотинимнинг ранги қув ўчиб кетди.
– Вой, дадаси, тағин бизни бир бало қилиб кетмасин. Бунақа ўғрилар одамларнинг нарсасини ўғирлаб, ўзларини сўйиб кетишгани ҳақида кўп ёзишади. Бекор олиб келибсиз.
– Бўлди, бўлди, ваҳима қилаверма! Хотин зоти ўзи шу, пашшадан фил ясайди. Мен борман-ку, нимадан қўрқасан? – деб уни тинчитдим.
   Меҳмонхонага кириб, Карим билан биргалашиб чой ичдик. Унга бошқа хонада жой тайёрлаб, ётишга ҳозирландик.
   Чироқни ўчирдик, аммо мен ухламаслигим керак. Хотинимни секин туртгандим, у шўрлик чўчиб кетди.
− Тсс! – бармоғимни лабимга теккиздим. – Қўрқма. Ухламаяпсанми?
– Йўқ, дадаси.
– Тиллаларингни қулфлаб қўйдингми?
– Ҳа. Пулларниям қулфлаб қўйдим. Хотиржам бўлинг.
– Ундай бўлса, яхши.
    Шунча ухламасликка уринаман, аммо қовоқларим ўз-ўзидан оғирлашиб, юмилиб кетаверди.
   ...Бир маҳал кўзимни очсам... тонг ёришган! Хотиним ёнимда, юзида дастрўмол, қимирламай ётибди. Нафас олаётган-олмаётгани сезилмайди. Ўтакам ёрилгудек қўрқиб кетдим!
– Ҳой, хотин, тур! – дея елкасидан силкитдим.
     Хотиним аранг кўзини очди-ю нимадир эсига тушгандек, кўзлари мошдек бўлиб кетди:
– Вой! Дадаси! Ўғлимиз қани?
    Юрагимни ваҳм босиб, югурганча ўғлим ётган хонага кирсам, у пишиллаб ухлаб ётарди. Карим ётган жойга қараб югурдим. У... йўқ эди. Хотиним йиғлади.
– Дадаси, кеча ярим кечаси ҳалиги ер ютгур хонамизга писиб кирди. Мен сизни уйғотдим, турмадингиз. Қўрқиб кетдим. У пичоқ ўқталиб, товушимни чиқарсам, иккаламизни ҳам сўйишини айтди. Кейин бурним аралаш оғзимга аллақандай сассиқ, ҳўл дастрўмолни босди. Сўнгра нима бўлганини билмайман... – деди йиғидан ҳиқиллаб.
– Нарсаларни қаерга беркитгандинг? Юр, қарайлик-чи, балки тополмагандир ё очолмагандир, – дедим ишончсиз оҳангда охирги умид билан.
     Хотиним жавонни очганида... жавон бўм-бўш эди!
    Дастурхон устида аллақандай қоғоз турарди. Уни қўлимга олиб, хотинимга тайинладим:
– Тез, милицияга қўнғироқ қил! Уйимизни ўғирлаб кетишганини айт! Мен унгача у нималарни ёзганини ўқиб тураман! Имиллама, тез бўл!
– Вой, сурбетлигини қаранг, а! Ҳали хат ҳам ёзибдими?
– Гап сотмасдан, тезда қўнғироқ қил! Чоп!
     Мен хатни ўқишга тутиндим.
    "Мухтор ака! Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганлари рост экан. Сизни нарсаларингизни шип-шийдам қилиб кетиш ниятим йўқ эди. Аслида, чиндан ҳам бирорта уй топиб, эгасидан ижарага қўйишини сўраб, унга уйқу дори бериб, нарсаларини ўғирламоқчи бўлгандим. Шунинг учун аввалдан уйқу дори ва керакли нарсаларни қолган-қутган пулимга сотиб олгандим. Бахтимга сиз учрадингиз. Ошхонага чиққанингизда хотинингизга мени ўғри, деб ёмонлаганингиз қулоғимга чалинди. Бўрининг оғзи еса ҳам қон, емаса ҳам. Хотинингизга тиллаларингни яшир, деганингизни эшитиб, жаҳлим чиқди. Яхшилик қилиб, қорнимни тўйдирганингиз, уйингиздан жой берганингиз қаерда қолди-ю, ишончсизлик сабаб, мени ўғрига чиқарганингиз нимаси! Берган тузингизга рози бўлинг! Тилла тақинчоқлар ва пулларингиз бус-бутун, ёстиғингизнинг тагида. Ҳеч нарсангизни олганим йўқ. Омон бўлинг!”.
   Хонага кириб, шоша-пиша ёстиғимни кўтардим. Хотинимнинг тилла узуги, зираклари, бўйнига иладиган занжири ва пуллар турганди.
– Хотин, тез кел! – дея қувонганимдан бақириб юбордим. Ҳовлиқиб югуриб кирган хотиним қимматбаҳо нарсаларни кўриб, йиғлаб юборди. – Йиғини қўйсанг-чи! Сана, текшир ҳаммаси жойидамикан?
     У пулларни қўлига олиб, санади ва менга ажабланиб қаради.
– Ҳа, нега анграясан? Гапир! Қанча кам?
– Кам эмас, қайтага кўп. Шунга ажабланаяпман. Жамғариб қўйган пулимиз беш юз доллар эди, яна юз доллар қўшилибди.
     Шу топ эшик қўнғироғи устма-уст жиринглади! Хотиним икки кафтини оғзига олиб борди.
– Ҳойнаҳой, милиция! Боя милиция чақирувдик-ку! Энди нима деймиз?
     Мен эшикни очдим. Дарҳақиқат, иккита милиция кийимидаги йигит эшик ёнида туришарди.
– Мумкинми? Сизларнинг уйингизда содир бўлдими ўғирлик? Қачон нарсаларингиз ўғирланганини билдингиз? Бир бошдан гапиринг-чи! – дея, ҳали оғиз жуфтлаб улгурмасимдан, мени кетма-кет саволларга кўмиб ташлади ходимлардан бири.
    Уларга тушунтиришдан аввал, уларга хатни кўрсатишни маъқул, деб топдим.
– Киринглар ичкарига, мен ҳозир, – дея, меҳмонхонага ўтдим.
    Не кўз билан кўрайки... хат куйиб, қоп-қора кулга айланганди. Унинг кўзбойлоғичлиги, шу ерда ҳам найранг қилганини англаб, асабийлашганимдан, хохолаганча кулиб юбордим.
     Милиция ходимларидан бири бир менга, бир шеригига тикилиб:
– Бечора... Жуда катта давлатидан айрилганга ўхшайди. Жинни бўлиб қолибди, шекилли, – деганини эшитиб, баттар кулдим!
– Пулларимизни ўғирламабди. Умуман, ҳеч нарсамизга ўғри тегмабди, – деганимни эшитиб, баттар ҳайрати ошди.
– Сиз чиндан ҳам телба бўлиб қолганга ўхшайсиз! Унда бизни нега чақирдинглар? Ёлғон чақириқ учун жавобгарликка тортишим мумкинлигини биласизми?
    Хотиним қорайган қоғозга қараб, гап нимадалигини фаҳмлади. У менга кўз қисиб, милиция ходимларига шивирлади:
– Сизлар кетаверинглар. Эрим жинни бўлиб қолибди, мен жиннихонага қўнғироқ қиламан. Ана, қаранглар, туппа-тузук журналист ўзини ҳеч кулгидан тўхтата олмаяпти! Жинни одамни эса, жавобгарликка тортиб бўлмайди...
    Милиционерлар бир-бирларига маънодор қараб олишгач, ниманидир тушунгандай индамай чиқиб кетишди. Хотиним уларни кузатиб қайтиб келганида мен ҳамон хохолаб кулардим...


2004 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот