УМИД ВА ҚАЙҒУ ОРАЛИҒИ


Агарда қайтмасам...
Кузги боғларга
Бир насим бўламан, чекинар оғриқ.
Кўзимнинг олдида юксаласан сен,
Кўзимнинг олдида улғаяр борлиқ.

Мен сингиб бораман майсага, ерга,
Қайғулар кўксимни топтамас бевақт.
Менинг юрагимда чайқалар дунё,
Менинг овозимда чучкирар дарахт.

Агарда қайтмасам,
Қайтолмасам мен,
Яна жим кетаман нурафшон бўлиб.
Бир ичкин нолада, эзгин нолада
Кўзларим қайтади намозшом бўлиб...


Бахтинисо МАҲМУДОВА


    Бахтинисо Маҳмудова – 1993 йилнинг 31 октябрь куни туғилган. “Юрт келажаги – 2015” иқтидорли ёшлар танлови ғолиби, «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти» совриндори, назм йўналишида 2017 йил «Йилнинг энг яхши ёш ижодкори» номинацияси ғолибаси, шоира.
     Бахтинисо ҳаёт бўлганида, бугун яна бир баҳорни қаршилаган бўларди, аммо... Саратон хасталиги сабабли 2019 йил ҳаётга тўймасдан, жуда ёш тарк этди бу ёруғ оламни...
    “Ҳовучдаги юрак”, “Уфққа йўл” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.

Ёш қиз – қалблардаги ўчмас из

     Бахтинисо – қисқа умр кўрган бўлса-да, ўзининг ижоди билан кўпчиликнинг қалбини забт этган.
     Бахтинисо ҳаётнинг қисқагина даврида ўзига хос шеърий олам мактабини барпо қилди. 
    Бахтинисонинг шеърларида ҳаётни севиш, яшаш учун курашиш ва муҳаббат мавзулари асосий ўринни эгаллайди ва инсонларни шунга чорлайди. Унга хос бўлган шодлик, бахтга эришиш истаги, одамларга меҳр-муҳаббат улашиш — унинг ижодидаги доимий мавзулардир. Шоиранинг қаламидан чиққан сатрларда ҳаётнинг гўзаллиги, ёшлик завқи, муҳаббат азоби, қайғу ва умид бир-бирига уйғунлашиб кетади. Ғамгин, баъзан чуқур ўйлантирадиган, баъзида некбинликка чорлайдиган, инсон ҳаёти бу дунёдаги умри билан чекланиб қолмаслиги ҳақида тараннум этувчи шеърлари одамларга умид бағишлаган. Бахтинисо, қайғу ва умид орасидаги курашни ўз шеърларида акс эттирган. 
     Бахтинисо – фақатгина шоира эмас, балки умид, муҳаббат ва ҳаёт учун курашишнинг рамзига айланди. Унинг ижоди, бизга ҳаётнинг ҳар қандай оғирликлари, оғриқлари, қийинчиликларига қарамай, барчасига дош бериш, яшаш ва ижодда давом этиш ҳамда орзуларимизни амалга ошириш учун курашиш кераклигини ўргатади. 
    Шеърларида у ҳаётнинг турли манзараларини, одамларнинг турли қиёфаларини, инсон руҳиятининг нозик жиҳатларини чуқур ҳис этиб, ўзбек адабиётига янги нафас олиб кирди. Бахтинисонинг шеърларидаги самимият ва чин юракдан шиддат билан отилиб чиққан ҳиссиётлар ҳар бир ўқувчини ўзига мафтун этади.
    Шоиранинг ижоди ҳали-ҳамон ёш қалам аҳлига илҳом манбаи, адабиётсеварларга эса ўчмас ёдгорлик бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Унинг шеърлари билан танишган ҳар бир киши унинг ёрқин истеъдодини, асл ижодкор руҳини, нафасини туйгандек бўлади.
    Бахтинисо билан илк маротаба учрашганимда, унда ҳаётга бўлган ишонч, ёшлик завқи, шеъриятга бўлган муҳаббат устунлигидан ҳайратлангандим. Ёш шоиранинг кўзларида яшаш иштиёқи, юрагида эса оташ каби ҳароратли орзулар яшарди. 

– Мен яшайман ва тинмасдан ёзаман!, – деганди у, саратон хасталиги билан курашиб, жисми оғриқларга дош беришга мажбур бўлганида ҳам. 
– Умидсизликка асло берилмайман, яшаш учун тинимсиз курашаман. Ҳаётдаги орзуларимга эришиш учун имкониятлар ҳали кўп. Мен яшашим ва фикрларим, туйғуларимни ёзишим, уларни шеърларим орқали ўқувчиларга етказишим шарт. Шеърларим билан мухлисларим қалбида мангу яшайман!", – дея кўзларидаги ёш билан кулумсираганча қўшимча қилганди у. 

     Унинг кўзларида умид учқунлари порларди. 

Кузги боғлар каби юрибман беҳол,
Кўркин кўз-кўз қилиб солланар замин.
Художон, тилимга ўчмас чўғлар сол,
Халқим қалбидаги олов бўлайин.

Менам бир кўнгилман, дарди давосиз,
Менам бир юраги яримталардан.
Кўксим узра кўкка чопар садосиз,
Шеърдан гуллаётган бир парча ватан.

Худойим, шу элнинг назари бахтдир,
Меҳрга ўраб бер, айтмишларимни.
Энди бугунимга қайтмоғим шартдир,
Эртакка айлантир ўтмишларимни.

    Хасталик Бахтинисонинг ҳаётини тубдан ўзгартирди. Шеърият, хаёлот оламида яшаган Бахтинисо саратон хасталиги билан боғлиқ қайғу ва умидлар орасида умрининг сўнгги кунларигача тузалиб кетишга илинж билан яшади. Унинг шеърлари, ҳаёт ва мавжудликнинг мураккабликларини, дунёнинг ўткинчилигини англашга ёрдам беради.
     Унинг вафотидан кўпчилик чуқур қайғуга ботди. Ҳамма унинг соғайиб кетишини кутишаётганди. Афсус... унинг шеърлари инсонларга муҳаббат ва умидни тарғиб қилгани билан ёдда қолади. Бахтинисо шеъридаги ҳар бир сатр, ҳар бир сўз, унинг ҳаётининг бир қисмидир. 
     Унинг хотираси ва асарлари доимо ёдимизда бўлади.
    Бахтинисо ҳаётдан жуда эрта кўз юмди, аммо унинг ижоди, ички дунёси ва инсонларга берган умиди ҳеч қачон ўлмайди! 

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот