Жасорат, маҳорат, садоқат рамзи
Ҳаким Каримович Зарипов – ўзбек цирки тарихида номи абадий қоладиган шахс. У 1924 йилнинг 17 сентябрь куни Тошкент шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган. Ҳаким цирк санъатини шунчаки касб сифатида эмас, турмуш тарзи деб билган оилада вояга етган. Унинг отаси – Карим Зарипов цирк артистлари сулоласига асос солгани боис, Ҳаким ёшлигиданоқ ижод ва жасорат муҳитида вояга етди.
Ҳаким цирк фаолиятини 1938 йилда, атиги 14 ёшида бошлаган. Отаси раҳбарлик қилган “Ўзбекистон жигитлари” ансамблида чавандоз бўлиши, нафақат унинг иш фаолиятининг бошланиши, балки саргузаштлар ва ютуқларга тўла буюк келажак ва дунё бўйлаб саёҳатларнинг дебочаси эди. Ҳаким ўз маҳорати ва касбига садоқати билан тезда томошабинлар меҳрини қозонди. У отда энг қийин амалларни бажариш баробарида, томошабинлар эътиборини жиловлашни, уларнинг ҳис-туйғуларига қандай таъсир ўтказишни билган маҳоратли чавандоз эди. Томошабинлар унинг ўта хавфли томошаларини кузатар экан, нафасларини ичларига ютиб ўтиришарди.
1952 йилдан 2006 йилгача Ҳаким “Ўзбекистон жигитлари” ансамблига раҳбарлик қилган. Унинг раҳбарлиги остида жамоа нафақат собиқ иттифоқда, балки унинг чегараларидан ташқарида – хорижда ҳам машҳурликка эришган. Ансамбль Болгария, Польша, Чехословакия, Германия, Руминия, Мўғулистон, Венгрия ва Финляндия каби кўплаб мамлакатларда ўзбек цирк санъатини намоён қилиб, дунёга кўрсатишган ва танитишган. Унинг саҳнадаги ҳар бир чиқиши ҳақиқий байрам эди! Ҳаким эса ҳар бир томошани унутилмас воқеага, тарихга айлантирди. У ҳақда газета ва журналларда талай мақолалар чоп этилган.
Ҳаким нафақат цирк саҳнасида, балки саҳна ортида ҳам фаол ишлаган. Р. Глиэр номидаги Тошкент мусиқа мактабини ва Тошкент консерваториясининг дирижёрлик бўлимини тамомлагани асқотди. У ўзлаштирган таълим цирк гуруҳлари ва дастурларининг бадиий раҳбари, шунингдек, турли циркларда раҳбар бўлиб ишлаши учун замин яратди. У янги цирк бинолари лойиҳалари ҳаммуаллифи бўлган. Бу – унинг ҳамиша цирк санъатини ривожлантириш истаги билан яшагани, жон куйдирганидан далолат беради.
Унинг учун ўз билимлари ва тажрибаларини ёш авлодга етказиш истаги муҳим эди. Ҳаким ўз фаолияти давомида кўплаб цирк артистларини тайёрлаган. У янги “Ўзбекистон жигитлари” гуруҳига асос солди ва отларни ўргатиш билан астойдил шуғулланди. Чавандозлик ва отлар ҳаётининг ажралмас ва муҳим қисмига айланди. Ҳаким ҳар доим ҳайвонлар билан ишлаш қобилияти нафақат тажриба, балки истеъдод, сабр-тоқат ва отларни севиб, парваришлашни талаб қилади деб ҳисоблаган. У от шунчаки ҳайвон эмас, балки умумий тил топиш керак бўлган садоқатли дўст эканлигини бот-бот таъкидлар эди. Бу фалсафа унга ўзининг гўзаллиги ва нафислиги билан томошабинларни лол қолдирадиган ноёб томошаларни яратишига ёрдам берди.
Ҳаким Зарипов чинакам цирк афсонасига айланди! Истеъдоди ва санъатга фидойилиги уни нафақат ўзбек циркида, балки бутун дунёда машҳур арбобга айлантирди. 1980 йилда у СССР халқ артисти унвонини олди. Бу унинг цирк санъатига қўшган улкан хизматларининг эътирофи эди. Ҳаким эришган ютуқларига қарамай, доимо камтар ва меҳнатсевар инсонлигича қолди. У ҳар доим ўз аждодлари қолдирган маънавий меросга содиқ қолишни ва цирк соҳасида фаолиятини энди бошлаётган ёшлар билан ўз тажрибасини баҳам кўришни унутмади ва буни ўзининг бурчи деб билди.
2021 йил 22 октябрда Вера Кузмина (16.11.1923 – 22.10.2021) вафотидан кейин, Ҳаким собиқ иттифоқнинг энг кекса халқ артисти бўлиб қолди. Бу мақом унинг узоқ йиллик фаолияти ва цирк санъатига қанчалар улкан ҳисса қўшгани ҳақида эслатиб турарди. Ҳаким умрининг охиригача меҳнат қилишда, ёш авлод ижодкорларини илҳомлантиришда давом этди.
Таассуфки, 2023 йил 18 январ куни цирк олами Ҳаким Зариповдек буюк санъат дарғаси ва фидойи арбобидан айрилди. У салкам 100 (99 ёшида) оламдан ўтиб, ўзидан бой мерос қолдирди!
Унинг мазмунли ва ибратли ҳаёти ҳамда фаолияти кўпчилик учун ўрнак бўлиши муқаррар.
Ҳаким шунчаки цирк санъаткори эмас, балки жасорат, маҳорат ва цирк санъатига муҳаббат тимсолига айланди.
Ҳаким Зариповнинг номи унинг чиқишларини кўриш шарафига муяссар бўлганлар ҳамда касбини давом эттираётганлар қалбида мангу яшайди!
Карима ЗАРИПОВА.