ВАТАННИ ЕЛКАСИДА КЎТАРГАН ЙИГИТ
Истеъдодли ва кенг билимли ижодкор Соҳибжон Алижоновнинг вафотини миллий журналистикамизда баравж ўсиб келаётган азим бир чинорнинг кутилмаганда қулашига ўхшатгим келади. Чиндан ҳам унинг соҳада ўз сўзи ва овози бор эди. У ҳалол меҳнатдан ҳеч қачон қочмаган. Рўзғор ташвишида тўй ва концертларда бошловчилик ва ҳофизлик қилган даврларини ҳам ўзи кўп айтиб берган. Олийгоҳни тамомлагач, мактабда ўқитувчилик, маданият клубида мудирлик, туман «Маънавият ва маърифат бўлими»да раҳбарлик, имкон топилди дегунча далада деҳқончилик қилди. Боғ яратиб, ниҳол парваришлади. Жуда моҳир дурадгор ҳам бўлиб, китобдан ўрин олган «Етмиш ҳунаримдан биттасини ишга солганим ҳақида...» сарлавҳали мақоласида уйда фойдаланиш учун қўлбола фитобочка тайёрлагани ва оила бюджетига 10 миллион сўм маблағ тежаб олгани ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар берган.
Унинг соҳадаги таржимаи ҳоли жуда ранг-баранг. «Боғдод» телестудияси сухандони, муҳаррири ва бош муҳаррири (1996-1997), Ўзтелерадиокомпания «Ёшлар» телеканали «Давр» дирекцияси бўлим бошлиғи (1998-2000) бўлиб ишлаган кезлари чиндан ҳам ойнаи жаҳоннинг ёрқин юлдузига айланди.
2000-2006 йилларда Президент Девонида масъул лавозимда маданият, ижодий ташкилот, жамоатчилик билан алоқалар ва матбуот ишларини мувофиқлаштирди. 2006-2015 йилларда эса «Давр» ахборот дастурлари бош муҳарририяти бош муҳаррири, 2015-2018 йилларда «Маҳалла» телерадиоканали директори, «Тошкент» телерадиоканали директорининг ўринбосари, «Ўзбекистон 24» радиоканали, кейинроқ «Ўзбекистон 24» телеканали бош муҳаррири сифатида сермаҳсул меҳнат қилди.
2019 йилдан «Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази» давлат муассасаси бош муҳаррири ва кейинроқ директори сифатида ишлаб келаётган эди.
Биз Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетида ўқир эдик. Талабалар ётоқхонасида барча учун атиги битта телевизор бўлиб, ундан ҳаммамиз умумий фойдаланардик. Телерадиокомпания раиси ўринбосари Фарҳод Рўзиев ўша йили бизнинг гуруҳга раҳбар этиб тайинланди. Ва турар-жойимизга келиб, вазият билан яқиндан танишгач, мутасаддиларга журналист талабалар учун алоҳида хона кераклигини айдилар. Ҳозирланган бу хонага биз турли ахборотлар билан доимий танишиб боришимиз учун ўз ҳисобларидан рангли телевизор келтириб бердилар.
У вақтлар интернет деган матоҳ отлиқда йўқ. Ғиштдек келадиган қўл телефонлари ҳам битта-яримда ҳокиму ректорда бўлмаса, биз уни фақат узоқдан кўриб қолардик (албатта, талабалар орасида «Ахборот» мухбири Ғулом Самадов ва энг фаол Шуҳрат Ориф бундан истесно эди). Шу сабабли телеканаллар янгиликлар дастурларини, хусусан, ўша йиллари шуҳрати-довруғи ошиб борган, бир қадар очиқ ва савияси анча баланд бўлган «Ёшлар» телеканалининг «Давр» дастурини мириқиб томоша қилардик, соҳага қизиқишимиз тобора ортар эди.
Адашмасам, 2000 йил эди. Биринчи Президент Ислом Каримов йил якунларига бағишлаб ўтказилган танқидий, таъбир жоиз бўлса, жуда оғир йиғилиш якунида кутилмаганда журналистлар фикрини сўраб қоладилар? Афсуски, давранинг тўрини тўлдириб, ғоз керилиб ўтирган казо-казо бош муҳаррирлару, ижод аҳди каттаконлари ҳам бир-бирига бўйнини қисиб қараб, юраги орқасига тортиб, устидан сув қўйилгандай шўппайиб туришар эди. Буни экранда кўрганмиз.
Шунда уларнинг барининг жонига оро кириб, Соҳибжон ака шарт ўрнидан туриб, гарчи овозида бироз титроқ-ҳаяжон сезилса-да, лекин айтмоқчи бўлган фикрини дадил-ўктам, тутилмасдан етказганини, бу Биринчи Президент томонидан илиқ қабул қилинганини мана чорак аср ўтган бўлса-да, ҳамон яхши таассурот билан эслайман. Соҳибжон ака биз талабаларнинг кўз ўнгимизда бирдан порлаган эди ўшанда.
Соҳибжон ака Президент девонида, «Маҳалла» ва «Ўзбекистон 24» телеканалларида ишлаган пайтлари бир пиёла чой устида, тадбирларда доимий суҳбатлар қилиб турардик. У ҳамма билан юқори тафаккур даражасида мулоқот олиб боришга қодир, катта-кичик раҳбару амалдорлар, турли соҳа вакиллари, оддий одамлар билан жуда тез тил топишадиган мушоҳадали инсон эди.
Уни кўп куйинтирган ва ҳануз ҳал қилинмаган муаммо – Ахборот каналларимизнинг хорижий давлатларда ўз мухбирлари йўқлиги, глобаллашув даврида ахборотни «биринчи қўл»дан олишнинг қанчалик аҳамиятли ва миллий манфаатларимизга мос келиши ҳақида жиддий куюнарди. «Ўзбекистон 24» телеканалида бу иш ечимига бир уриниб ҳам кўрди, лекин бу унинг қурби етадиган кичик масала ҳам эмас эди.
Соҳибжон Алижонов кўп қиррали ижодкор бўлиб, ижодий фаолияти фақатгина телевидение билан чекланиб қолган эмас. У ижтимоий тармоқларда, айниқса «Фейсбук» тармоғида анча фаол қилди. Ҳар бир чиқиши катта ижтимоий баҳс-мунозараларга сабаб бўлар, кўплаб «лайк» ва «коммент»лар йиғарди. Муаммоларимиз ҳақида қисқа, лўнда ва ўқувчига манзур бир услубда қалам тебратарди.
У тили аччиқ-кескир эди, юракнинг чуқур қатларига тегадиган қилиб ёзарди. Фикрларига киноя либосини кийдириб, енгил юмор руҳида ўқувчига етказишнинг ҳадисини олган, жумлалари остида яширин маънолар уфуриб турарди. Аслида ўткир муаммоларни хаспўшлаб, юмалоқ-ёстиқ қилиб ёзиб ҳам бўлмайди...
У сарлавҳаларни ниҳоятда чиройли топар, биринчи нигоҳданоқ ўзига жалб этиб олар, ёзиш аввалидаёқ жумбоқли савол қўяр, ижтимоий-сиёсий мавзулар ичига чуқур кирар эди. Мақолалари ҳажми саҳифа-саҳифа бўлмаса-да, лекин бир дунё маъно ва мазмунга эга, салмоғи тош босадиган, ҳикматли-ибратли, албатта ҳар бир сўзни нишонга мерган камончидек аниқ урарди.
У ҳеч нарсани шунчаки ёзмасди ёки эфирга вақт ўтказиш учун чиқмаган. Шу сабабли мақолаларининг бирор абзацини ўқимасдан, эфирда бирор дақиқа ташлаб кетиб бўлмасди.
Бундай чиқишларида турфа масалалар – янгидан ўсиб келаётган фашизм балосидан тортиб, ижтимоий тармоқларда манқуртга айланаётган авлодгача, қонунларнинг чаласаводлик билан чиқарилаётганидан, миллий сўмимиз дизайнининг бир-бирига ўхшаб кетишининг саргузаштнамо оқибатларигача, дабдабали тўйларимизнинг миллат фожеасига айланганию тилимизнинг обрўсини тушурган асли ўзимиз эканигача сўз юритилади.
Хусусан, Ўзбекистон қаҳрамони Лолахон Муродова ҳақидаги машҳур кўрсатуви бир бадиий фильмдан кам ишланмаган: «Қишлоқда қуёш эртароқ чиқади... Қишлоқда эрта тонг отади. Катта шаҳарларда одамлар энди-энди уйғонганида қишлоқдагилар ярим кунлик ишини қилиб улгурган бўлишади. Лолахон опа-ку эрта туришда офтобни ҳам доғда қолдиради... Пахтазору буғдойзорларнинг тонгги ифори, кези келганда чангу ғуборлари ҳам унинг қон-қонига, вужуд-вужудига сингиб кетган».
Бу сўзларни айта олиш учун қаҳрамоннинг бутун ўй ва кечинмалари, ички изтироблари, ҳаракатлари яхлит мантиғини теран англаган, бадиий камолотга етган журналист бўлиш керак.
Ёки она тилимиз ҳақида куйиниб битган «Эгаси турткилаганни бегона тепкилайди» мақоласида душманни четдан изламасдан забонимизга, энг аввало, ўзимиз кўпроқ эътиборли бўлишимиз кераклигини уқтиради: «Ҳар учта сўздан биттасига русча қўшамизми? Қўшамиз. Аксар кўпчилигимиз ўз тилимизда тиниқ, равон гапиролмаслигимиз, «анақа...», «манақа...», «нима...», «ҳалиги...», деб чайналишимиз ростми? Рост! Иккита жумлани бир-бирига қўшолмайдиган, қоғозга ёзвоганиниям эплаб ўқиб бера олмайдиган амалдорларимиз борлиги ҳақиқатми? Ҳақиқат! Сайтларда, тармоқда, кўча ёзувларида услубий, имло хатолари ғиж-ғиж экани бор гапми? Бор гап! Тилимизнинг МАМАрайимини чиқариб ташлаган ўзимиз-ку!»
Водийлик истеъдодли хонанда Муҳаммадкарим Соипов ҳақидаги «Суянгани тор бўлди...» мақоласида қуйидаги сатрлар унинг ифода воситаларини қандай маҳорат билан қўллашини яққол тасдиқлайди: «Ўша дамда Ҳофизнинг ўтли хонишлари, назаримда, қаҳратондан тўнглаб қолган ҳаволарни чарс-чурс ёриб ташлади. Қўшиқлар ҳарорати осмондан шитир-шитир ёғиб турган майда, қаттиқ қиров парчаларини илиқ кўклам ёмғирига, еру кўкни исканжасига олиб зирқиратаётган аёзни ҳузурбахш баҳор ҳавосига айлантириб қўйгандек бўлди, гўё».
«Тўй қариндошда, ғавғоси бизнинг бошда... бўлмасин» мақоласи ўша пайтда телеканалларда анчайин урф бўлган маъни-бемаъни сериаллар, бировнинг ўрин-тўшагидан тортиб иштонбоғигача муҳокама қилинадиган «тўк» шоулар» ҳақидаги кескин танқидий чиқиш бўлганди. Албатта бу жараёнларда муносиб ҳаракат қилаётган журналистлар ҳам борлигини, аммо андишасизлик, уятсизлик, юзсизликни пул орттириш манбаига айлантириб олганларга асло тоқат қилиб бўлмаслигини ва қатъий чора кўриш зарурлигини ўртага қўйган.
«Кесишдан олдин ўлчавосак...» сарлавҳали мақоласида эса уйида уста ишлатгани, бироқ уқувсизлик қусури сабабли «куйиб» қолганини ва бу иллат жамиятимиздаги барча соҳаларда ҳам илдиз отиб бораётганидан ташвишланади: «Уста, аввал ўлчаб, аниқ ҳисоб-китобини чиқарволсангиз бўлмайдими?» десам, «Мен «на глаз» ўлчаб ташлайман» дейди. Ана шу «на глаз»ининг касрига кўп ишни бошқатдан қилишига тўғри келди».
Тўпламни ўқиш орқали таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев ва Муҳаммаджон Обидов, академик Абдулла Аъзамов, водийдаги илк хусусий телестудия директори Тоҳиржон Ҳамроқулов, истеъдодли адиб ва шоирлар Анвар Обиджон, Иқбол Мирзо, довруқли аскиячи ва иқтидорли қизиқчилар Теша қизиқ, Абдулла Акбаров, халқ артисти Ҳалима Носирова, бетакрор қўшиқчилар Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Охунжон Мадалиев, Муҳаммадкарим Соипов, Бағдод туман ҳокими, Олий Мажлис депутати, маърифатли раҳбар Абдуқаҳҳор Абдусаматов шахсини қайтадан кашф этамиз.
Соҳибжонни яхши билганлар унинг гўзал шеърлар қоралаганини ҳам эслашади. Аммо бу назмий ишлар қўлёзмасини деярли топиб бўлмади. Балки кейинчалик қайта нашрларда бу бебаҳо намуналар ҳам чиқиб қолса, албатта қўшиш мумкин.
Шу ўринда нашрни тайёрлаш жараёнида марҳумнинг ўғли, доимий изланишдаги журналист Азизжон Алижоновнинг жиддий ҳаракатлари, отаси қаламига мансуб мақолалару, телесуҳбатларини турфа манбаалардан, телевидениеда қолган компьютерию, «Фейсбук»даги чиқишларидан тўплаб-таҳрирлаб, дўст-ақраболари билан суҳбатларни тизимли жамлаганини таъкидламоқчиман.
Китобни ўқиш жараёнида яна бир карра амин бўлдим: Соҳибжоннинг ота-онага, яқинларига меҳр-оқибати, қўл остидаги ходимларга саховати, мустаҳкам тиргаклиги, ёш журналистларга бақамти бўлиб, кўрсатган адоқсиз эътибору рағбати, қишлоқдаги самимий ёшлик йиллари, учта фарзанд билан иссиқ жойини совутиб, янги марраларга эришиш учун пойтахт Тошкентга марказий телеканалга келгани, мусофирчиликдаги қийинчиликлари тўпламнинг иккинчи қисмидан жой олган ҳамкасбу шогирдлари, қариндошларининг у ҳақидаги хотиралари, фикр-мулоҳазаларида мукаммал ифодасини топган.
Китобнинг биринчи қисмидан Соҳибжон Алижовнинг қирққа яқин мақолалари, ҳикоялари жой олган. Кейинги қисмда эса 30га яқин дўстлари ва маслакдошлари томонидан у ҳақида билдирилган мулоҳазалари келтирилган. Хусусан, бутун халқимиз яхши танийдиган халқ шоири Иқбол Мирзо, миллий журналистикамизнинг забардаст вакиллари – Комилжон Шамсиддинов, Тўлқин Пўлатов, Лобар Пўлатова, Ҳусниддин Эргашев, Феруза Орипова, Азиза Қурбонованинг у ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, ибратли ҳаётий фактлари китобнинг аҳамиятини оширишга хизмат қилади.
Бу дунё бир бозор. Кимлар келиб, кимлар кетмаган. Лекин суҳбатлашганингизда самимиятдан қорамағиз икки ёноқлари беихтиёр қизариб турадиган, давра кўрган, дарёдил, ўз соҳасининг профессионали бўлган Соҳибжон Алижонов хотираси замондошларимиз кўнгилларида боқий яшайди, шубҳасиз.
Лазиз РАҲМАТОВ,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.