“БУ ДУНЁДА БИР НАФАСЛИК МЕҲМОН ЭКАНМИЗ...”


Обид Юнусов:
“БУ  ДУНЁДА  БИР НАФАСЛИК МЕҲМОН ЭКАНМИЗ...”

   Болалик  ва ёшлик...Ўйлаб кўрсангиз ҳар иккала сўзнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Лекин  ёши ўтиб бораётган инсонлар билан суҳбат қилсангиз улар бот-бот болалик кунларига хаёлан қайтиб турадилар,  умрининг беғубор йилларини эслашгани сари чиройлари очилиб, кайфиятлари кўтарилиб бораверади. Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов билан ҳаётлик чоғларида бир неча бор суҳбат қурганимизда ҳам шу ҳолнинг гувоҳи бўлган эдик. Шу  суҳбатни сизга илинишни лозим топдик.
- Обид ака, янги йилингиз муборак бўлсин!
- Раҳмат. Хуш келибсизлар! Сизларни кўриб бошим кўкка етди. Ёшим 80 дан ошди,  қариб қолдим, лекин ҳар куни сўроқлашади. Сизга ўхшаган журналистлар, режиссёрлар телефон қилишади, келишади. Ҳалиям мухлисларимга  керак эканман-да, деб хурсанд бўлиб кетаман, қизим.
- Обид  ака, сиз улуғ санъаткорнинг фарзандисиз. Болалик кунларингизни тез-тез хотирга олаяпсиз. Нималарни соғиндингиз?
- Болалигимда отам раҳматлининг 98 сотих ери бўлган. Жуда катта боғимиз бор эди. Ўша боғни соғинаман. Боғимизда ҳамма мева дарахтларининг  турли навлари билан экилган, қоплаб мева олардик.  12 та болани боқишнинг ўзи бўладими! Оиламизда битта отам маош олардилар. Ўша боғ  бизларни боққан. Онамнинг бирон дақиқа тиним билганларини  кўрмаганман, урушнинг оғир  йиллари, янги костюм кийиш қайда, пальтони тушимизда  ҳам кўрмаганмиз. Бизнинг айни ўсмирлик пайтимизда, тўйиб  овқат  ейишимиз керак бўлган даврда бизларни боқиш осон кечмаган. Ҳозирги йигитларга ҳайронман.  Пиёладек кичкина  косада овқат ейишади. Биз катта шокосани  икки марта тўлдириб ичардик.  Онам раҳматли тикувчи эмас эдилар, шундай бўлсада, бизларга қинғир-қийшиқ  қилиб  чопон  тикиб берганлар. Чопоннинг  каттакон чўнтакларига  оби наввотнинг  таъмини  берадиган туршакдан тўлдириб,  дарсда ўтирган  пайтимизда ҳам шимиб ўтирган кунларимни соғиндим. Катта опам  дуторда жуда яхши ашула айтардилар. Мен бу қўшиқларнинг ҳаммасини ёдлаб олиб, кечқурун отам ишдан қайтганларида дастурхон атрофида  айтиб берсам, опажоним  завқланиб кетиб,  “Вой, менинг  тиллари ширин укажонимдан” деб чўлп-чўлп ўпардилар. Кечқурун отам ишдан қайтганларида ҳаммамиз “Адам келдилар!” деб  бақириб чопардик. Кўтариб олиб кир босган  юзларимдан ўпардилар. Амаким “Э, бунинг  нимасини ўпасиз, ҳаммаёғи  кир, тупроқ” десалар, отам раҳматли кулиб, “Бунинг  кирини ўпаман-да” дердилар кулиб. Меҳридарё отажонимни, муштипар онажонимни  соғиндим. 5 ёшимда “биринчи ролим” ни ижро этганман(кулади). Қўлимга дарахтнинг битта новдасини олиб, “Э, қаричилик қурсин, мана, биз ҳам қариб қолдик” десам, уйимдагилар, айниқса отажоним  кула-кула қотиб қолишган. Кинони яхши кўрардим. Қўлимга 20 тийин тушиши билан трамвайга осилиб “Искра” кинотеатрига борардим. Одамлар навбатда туриб чипта олишарди. Учта залда навбати  билан битта фильм намойиш этиларди. Мен уч тийинга билет олиб кинони кўрардим. Тугагач кинотеатр ҳовлисида турардим ва яна томошабинларга қўшилиб кинони  қайта  кўрардим. Учинчи марта одамларнинг кўзларини шамғалат қилиб, яна учинчи марта кўргани кирардим. Битта кинони  уч марта кўргач, чарчаб -ҳориб уйга қайтардим. Ўшанда  кинода бир “лип” этиб кўринсам ҳам майли эди, деб орзу қилган эдим.  Овозим  кинода бир марта эшитилса  майли эди, деб ният қилган эдим. Ҳаммаси амалга ошди. Мингдан  ортиқ  фильмларнинг дубляжларида қатнашдим. 50 дан ортиқ фильмларда роллар ижро этдим. Театр саҳнасида жуда кўп марта бош ролларни ўйнаш насиб этди. Мендан бахтли одам борми?
- Илгари келганимизда  аёлингиз  бор  эдилар. Ўрнилари билинаяпти. Охиратлари обод бўлсин...
- Ҳа, аёлимнинг ўрни жуда ҳувиллаб қолди.  Оламдан ўтганига 1,5  йил бўлди. Худонинг берган куни “Адаси, кўнглингиз нима овқатни тусаяпти, нима қилиб берай?” деб сўрарди. ”Хоҳлаганингни қилавермайсанми!” дердим. Энди менга  бу гапларни ким айтади (кўзларига ёш олиб)?  Жуда иродали эди аёлим. Иккита ўғил кўрдик. Устозларим Наби Раҳимов ва Олим Хўжаевларни азбаройи яхши кўрганимдан ўғилларимга  Олим ва Наби деб исм қўйганман. Шу икки ўғилдан кейин 15 та фарзандимиз туғилмай  нобуд  бўлди. Соғлиги ёмонлашди. Хайр-маъзур қилишгача борган. “Сен ўлмагин хотин, болаларга ким оналик қилади?” деб  йиғлаб  тепасида ўтирганман. Шунча йил умргузаронлик қилдик, яхши яшадик. Руҳи шод бўлсин! Ҳаёт шу экан-да, бир нафаслик меҳмон эканмиз. Мана, ёшим  80 дан ошди. Белим, оёқларим  оғрияпти, кўзимдан нур кетаяпти. Иккита  хасса билан юрибман. Лекин юрагим ёш, янги роллар яратиш иштиёқи ҳозир ҳам йўқ эмас. “Ҳали бери ўладиган аҳмоқ йўқ!”  дейману, бир ривоятни эслаб тураман.  Шуни сизга айтиб берайми? Азроил бир одамнинг жонини олгани келибди. Бу одам хафа бўлиб, “Э, хабар бермай келаверасанми, ҳали яшашим керак” дебди. “Э, хабар бериб келишим керакми?” дебди Азроил ва кетибди. Бу инсон узоқ йиллар яшабди.  Хассага таянибди, кўзларидан нур кетибди. Азроил яна келганида, бу одам юқорида айтган гапини такрорлабди. “ Хассага  таянтирдим, кўзларингнинг  нурини олдим,  хабар берганим шу-да”  дебди Азроил  ва унинг жонини олибди.  Навоийга биров  100  йил  умр тилабди. Шунда ҳазрат  Навоий шундай деб жавоб берибдилар:”Дунёда 100 йил яшамоқ, 100 йил азоб чекмоқ эканлигини билганингизда  эрди, менга 100 йил умр тиламаган бўлар эдингиз”. Одамзод пешонасида борини кўради, яхшими-ёмонми Худо берган умрни яшаб ўтади.  Боя айтганимдек, ичимда ғайратим кўп.  Яхши роллар бўлса, ўйнаб беравераман. Кинорежиссёрларга катта раҳмат. Театрдагилар  хабар  олмай қўйишди. Лекин киночилар унутишмайди.  Мелис Афзалов мени бир киносига олганида, қаттиқ йиқилиб оғир аҳволда  ётган эдим, ҳатто  ўрнимдан  туриб юра олмасдим. “Мени кинога олиб нима қиласиз, ўрнимдан тура олмасам”, десам, “Сиз замбилда ўтирсангиз ҳам олавераман!” деган  ва  бу гаплар далда бўлиб,  айтган ролини ўйнаб берганман.  Актёр икки оғиз ширин сўзнинг гадоси. Мусоқовнинг “Ватан”  фильмида  ҳам шу ҳолат бўлди. Бошида Америкадан қайтган  чол ролини беришган. Кейин Зулфиқор  Мусоқов иккинчи ролни, Қурбонни  ўйнайсиз, деб қолди. Рози бўлдим. Битта  дублда, репетициясиз олишган. Бир куни режиссёр Собир  Назармуҳамедов келиб қолди. “Сизда ҳам армон борми?” деди. “Энг катта армоним – Навоийни ўйнай олмадим. Ваҳоланки,  Навоийни ўйнайман, деб артист бўлганман. Афсуски, шу  орзуимга ета олмадим”, дедим. Шу биргина гапим таъсир қилиб, мен ҳақимда “Армон” деган сценарий   ёзиб фильм суратга олди  ва  бунда  бош ролни ижро этдим.
- Нега ҳамиша Навоийни ўйнай олмадим, деб армон қилиб, афсус қилаверасиз? Навоийни шунчалик яхши кўрасизми?
- Нима қилай? Юрагимдан чуқур жой олган-да бу даҳо! Навоийни ижро  эта олмасамда, лекин давраларга борганимда, монологларидан айтиб  бериб таскин топаман. Вақтида менга йўл беришмади. Энди ўйнай олмайман. Кексайиб қолдим. 
- Обид ака, сиз ҳақингизда китоб ёзилибди. Ҳужжатли фильм суратга олинаётган экан? 
- Ҳа, мен ҳақимда Зебунисо Хушвақтова  “Обид  Юнусов”  номли китоб ёзди. Собир  Назармуҳамедов  яна  мен ҳақимда “Обид  Юнусов”  номли 35 дақиқалик  ҳужжатли  фильмни суратга олди.Бу катта бахт-ку!
- Бугун кўпчилик ёш актёрларимизда жонини куйдириб ўйнамаслик ҳолати сезилади. Буни ўз ишига  енгил елпи қарашлик,  деб тушуниш керакми?
- Уларда ҳаяжон йўқ! Одам шу ролини чин дилидан тушуниб етмаса, нимани ўйнаётганини билмаса, қандай  қилиб томошабин қалбидан жой олиши мумкин, қани  ўзингиз айтингчи? Қуруқ кесакка ўхшаб туришдан, мен актёрман, дейишдан нима наф унга? Эртага эътибордан қолади. Ҳалиям  ҳаяжонланаман,  десам ишонасизми? “Парвона” спектаклида  Ўткурийни саҳнада  803  марта ўйнаганман. Ҳар гал иккита жамадонни кўтариб саҳнага  чиқиб келишдан олдин ҳаяжонланардим. Саҳнага чиқиб кетганимдан кейингина ҳаяжон таққа- тақ босиларди. Саҳна одамга куч беради.  Энди мен сизга саҳнанинг қудратини айтай. Ўзбекистон  халқ артисти Марям Ёқубовани биласиз. Опамиз жуда қаттиқ касал бўлиб қолади. “ Қутлуғ қон”да  Ҳакимбойвачанинг аёлини қойилмақом қилиб ижро этиб берарди. Опамиз бир куни гумгурс  касал бўлиб қоладилар. Лекин чипталар сотилган, зал томошабинга тўла. Иккита одам опамизни ўрниларидан  турғазиб театрга олиб келишади. Пардозхонага  олиб  кириб кийинтиришади  ва саҳнага олиб келиб, ортидан итариб юборишади. Марям опа саҳнага тушишлари билан ҳеч нима кўрмагандек ролини ўйнаб кетаверганлар. Спектакль тугагач, тайёр турган одамлар опани зўрға ушлаб қолишган ва уйларига олиб кетишган.Театрга ана шундай фидойи актёрлар керак! Одамда нега ҳаяжон бўлиши керак? Агар масъулият ҳисси бўлсагина одам ҳаяжонланади. Рус тилида бир фильм кўрган эдим. Икки дўстдан бири “Имтиҳондан ўта олармиканман, қаттиқ  ҳаяжон босаяпти” дейди ва имтиҳонга тайёргарлик  кўради. “Қўйсангчи, мен сира ҳаяжонланмаяпман” дейди   иккинчиси бепарво оҳангда. Ҳаяжонланмагани “ 2 “баҳо  олади. Ҳаяжонлангани “5” баҳо  олиб имтиҳондан чиқади. Ана кўраяпсизми!  
- Обид ака, барибир  армоним бор деб айтиш сизга хос эмас. Чунки сиз бир оғиз гап билан айтганда, Обид Юнусовсиз!
- Раҳмат!  Ўзим орзу қилган  Али Қушчи, Ибн Синоларни ўйнадим. Уларга эргашдим, улардан қувват олдим. Салбий ролларни ижро этганимда ҳам одамлар эътиборидан четда қолмадим.  Чунки салбий ролни ижро  этган актёрларни  одамлар  ҳаётда ҳам шундай, деб ёмон кўриб қолган ҳолатлар бўлади.  “Парвона” даги Ўткурий- салбий роль. Хотинбоз, ичкиликка берилган, дангаса, масъулиятсиз, узоқни кўрмайдиган маишатбоз одам. Лекин одамлар сира мени ёмон кўриб қолмаган. Қайтага   мен улар учун Обид ака эмас, Ўткир акаман. Барака топгурлар, мен Обид Юнусовман, десам, барибир Ўткурийсиз-да, дейишади. 18 соатлаб  автобусларда  юриб, вилоятларга бориб  14 кунлаб шу спектаклни қўярдик.  Ҳар бир сўзи ёд бўлиб кетган. Тушларимга кириб чиқади  денг. 
- Кексаликка етиш, буни ҳис қилиш...нима экан аслида?
- Кексалик бу кўникиш демак. Ёшлигингда  бошингга ташвиш тушганида, бирон ишинг битмаганида оҳ чекасан, дод-вой қиласан, лекин кексайганингда  ҳамма нарсага кўнишга  мажбурсан.  Жуда кўп дўстларим бор эди. Кўпи бу оламда йўқ. Кеча ёнингда юрган одамлар бугун сафда йўқ. Ҳаёт қизиқ-да. Ёшинг бир жойга борганида  ақлинг  тўлишади, ҳаётнинг фалсафасини англаб қоласан, яхши фикрлар миянгга келаверади. Ҳозир миямга “Ибн Сино”спектаклидаги бир монолог  келаяпти:

Умр - бекор яшаш учун керак эмас албатта,
Умр-кўҳна дунёмизда бирон эзгу иш қилиш,
Одамларга меҳр -шафқат  ва мурувват кўрсатиш,
Ҳалол яшаб авлодларга яхши мерос қолдириш,
“Одам “деган номли  оқлаш керак ҳаётда!

Меҳринисо ҚУРБОНОВА суҳбатлашди.
2015 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот