ЖОНЛИ ҲАЁТ АКС ЭТГАН АСАР


     6 Ноябрь - Шароф Рашидов (1917-1983) таваллуд топган кун

      Тақдир раво кўрган жангу жадалларда қон кечиш, юракдан симиллаб оқаётган дард ва ҳасрат, орзу ва умидларга тўла жомга ботирилган қаламда битиклар битиш, тарихнинг 1950-1983 йилларида асрга татигулик бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, республикани шон-шарафларга буркаш насиб этган ва умри охирида пинҳон армонларини ичига ютиб, қалбида жўш ураётган фикр ва хулосаларини ошкор этишга улгурмаган, вафотидан кейин ўзбек халқининг мутлақ кўпчиликни ташкил этадиган қисми севиб, миннатдор бўлиб эслайдиган, аммо Кремлнинг нобакор тўралари турли дашном ва таҳқирларга кўмиб ташлаган, ҳаёти ва фаолияти устида ҳамон бир-бирига зид тортишув ва баҳслар қизғин бораётган бир улуғ замондош инсон, ёзувчи ва шоир, атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовнинг ҳаёт йўли ҳақидаги илк, бадиий жиҳатдан чинакамига бақувват, тили равон, ҳаётий ва хаёлий мисоллар билан жилоланган, жонли ҳаёт акс этган зуваласи пишиқ асар битган истеъдодли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг галдаги ютуғи дея бемалол айтса бўладиган “Шараф йўли” романининг ҳар бир жумласи учун қўл кўтаришга тайёрман.
    ...Китобни очдиму бирданига Темур бобомизнинг қабрини очиш билан боғлиқ машмашалар тилга олинганидан юрагим шув этиб, томирларим зириллаб кетди. Ёзувчининг тафаккури, идроки, қалб сезгиси, истеъдоди асарни миллатимизнинг буюк яловбардори буюк Темур бобомизнинг қабрини ҳақоратлаш мақсадида очишга киришганларидан бошлашга ундагани сезилади. Ўзининг азалий душмани сифатида кўрадиган туркий халқлардан ўч олишдек ёвуз ниятли, уруш яқинлашиб қолгани аниқ бўлиб турганда мамлакат мудофааси учун қайғуриш ўрнига қонхўр Сталиннинг бошқа иши йўқдек, НКВД йўлакларида тўқиб чиқарилган ёлғон ва туҳматдан иборат хулосани, гўёки Гўри Амирда Темурбекнинг эмас, бошқа шахснинг жасади ётибди, деган баҳонада, қабрда гўё кўмилган беҳисоб бойликларни олиш мақсадида (Академик Т.Қори Ниёзий), илмий-фан ва тарихий ҳақиқатга, ислом дини аҳкомларига зид равишда қабрни очишга фармон бериб халқимизнинг тарихини оёқ ости қилгани зийрак китобхон қалбида мустабид тузумга қарши исён кўтаради. Сталин бу “қора ишга” Москвадан тўрт-беш нафар ювуқсизларни жўнатади. Бизникилар ҳам қараб турмайди: математик олим Тошмуҳаммад Қори - Ниёзий, ёзувчи Садриддин Айний, кинооператор Малик Қаюмов ни уларга йўлдош қилиб беради. Қабрни очаётганларида икки воқеа бўлиб ўтади. Биринчиси, беш-тўртта чол: “Қабрни оча кўрманглар, уруш бошланади”, дея огоҳлантиради, иккинчиси, Амир Темур мақбараси ичини расмга олиб юрган ёшгина Шароф Рашидов тасодифан олимларга дуч келади. Олган расмлари плёнкасини очувчи суюқликка солганда қарияларнинг расми ўчиб кетганидан, суратлари ғойиб бўлганидан ҳайратга тушади. Бироқ, уларнинг гапи тасдиқланиб, чиндан ҳам эртасига уруш бошланади. Орадан саксон йилдан ортиқ вақт ўтса ҳам ўша воқеалар тилдан тилга ўтиб келмоқда.
     Буюк бобомизнинг қабри, муборак ҳоки, кийимлари қолдиқлари, суяклари соч-соқолига қўли теккан Ш.Рашидовнинг тез орада урушга кетиши ва жангу жадалларда ўлмай ярадор бўлиб қайтиши ҳам буюк саркарда Амир Темурнинг ғалабаларга тўла жанговар ҳаётини эслатади. Бу зот қўғирчоқ хон ҳузурида амир мансабида бўлсада, давлатни яккаҳокимлик билан ўзи бошқаргани, Шароф Рашидов ҳам СССР ҳукуматига қарам 19 млн аҳолиси бўлган республикага салкам чорак аср раҳбарлик қилган саҳналарни ҳаяжонсиз ўқиш мумкин эмас! 
    Бу кўҳна, бировга кенг, бировга тор дунёда нималар бўлиб ўтмади. Амир Темурни ҳам шон-шараф билан дафн қилишди. Валиаҳд ўрнига Халил Султон тахтни эгаллаб, васиятни бузди, салтанатни издан чиқарди. Шароф Рашидов ҳам Ўзбекистон тарихида жуда катта иззат-икром билан дафн қилинди. Бироқ, ҳар иккаласи ҳам ўлимидан кейин таҳқирланди. 
     Мен ҳар қандай инсонни, у буюк санъаткор, спортчи ёки давлат раҳбари бўладими, агар у мусулмон бўлса, илоҳийлаштишларига мутлақо қаршиман. Аммо ҳар бир иддаода ҳад бўлиши керак. Кремль арбоблари номардлик, муттаҳамлик қилиб, СССРдаги барча жиноятларни яшириб, Ўзбекистонни яккалаб, нишонга олиб халқининг эътиборини чалғитишгни мақсад қилдилар.
     Улар ана шу манфур сиёсатини амалга оширишга киришган дастлабки даврда марҳум Ш.Рашидовнинг ўзи ишониб “кўтарган” шогирдлари Иномжон Усмонхўжаев, Ғайрат Қодиров, Пўлат Ҳабибуллаев, Мирзаолим Иброҳимов, Қаллибек Камолов, Мадиёр Худойбергенов, министрлар, обкомларнинг биринчи секретарлари, Олий Совет депутатлари, ёзувчи ва журналистлар бир ёқадан бош чиқариб, Марказнинг зулмкор зуғумига қақшатқич зарба беришдан қўрқди ва вазиятни қўлдан чиқаришди. Бу ҳам озлик қилгандек, уялмасдан устозларига қуруқ туҳмат ва ярамас бўҳтонлар ёғдирди. Айниқса. Рафиқ Нишоновники ошиб тушди. “Шарафрашидовщина” – “Шарофрашидовчилик” деган ўта салбий маънодаги, тахминан давлатга қарши сиёсатни амалга оширишга бел боғлаган тўда маъносини англатувчи иборани муомалага киритди. Ўша даврларда хизмат вазифам доирасида қачон Москвага борсам, озарбайжон, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман, украин, кавказлик ва болтиқбўйилик таниш-билишларим ҳайрон бўлиб: ”Султон суягини хўрламайди-ку? Лидерларинг ва ёзувчиларинг ўзларингнинг Рашидовларингни оёқ ости қилаётгани, ўзларингни ўзларинг ғажиётганларинг, ўзбекларнинг обрўсини шувва тўкаётганини наҳотки тушунмсаларинг!?”, деганлари ҳали-ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Кўкрак кериб юрадиган йигит, бошимни хам қилиб, мулзам бўлиб юрганман гап тополмай. Шароф Рашидов устидан мағзава сочиб, Ўзбекистон раҳбариятига қарши муросасиз кураш олиб бориш ғоясини ёшларнинг миясига жимжимадор мақолалари ва китоблари орқали жойлаётган, очиғи тузлуғига тупурган номдор ёзарманларнинг аксарияти бугун халқ ғазабига учрашдан, одилона сиёсатдан қўрқиб пўсиб ётибди. Мард бўлсалар, телевизор орқали Ш.Рашидов ҳақида ёзганларини қайтариб айтиб ўқиб берсинларчи?! 
       “Катта оға”лар Амир Темурнинг қабрини ўлимидан 536 йил ўткач, Шароф Рашидовнинг қабрини эса худди Темурбекга қилинган ғирт туҳматдан иборат “асослар”га кўра икки ярим йилдан сўнг баттол шўролар ҳукумати, одамхўр Сталин ўрнига ўтирган, шайтонлик белгиси пешанасига муҳрланган табиатан сотқин ва қўрқоқ бош секретарь Михаил Горбачев нинг фармони билан 1986 йил 20 майдан 21 майга ўтар кечаси, Тошкентликлар уйқуга кетган, очиғи, тўполон қилиб кўчаларга чиқмайдиган маҳалда, Москвадан ўғринча юборилган каллакесарлар полки аскарлари очишди, ҳокини оиласи ихтиёрига кўра Жиззахга олиб боришга йўл қўйишмади ва халқдан яширинча Чиғатойда дафн қилишди...
     Самарқандни қайси нобакор қароқчи босиб олган бўлса, Амир Темурнинг қабрини очиб, қабртошлар ва деворлардаги олтин ва қимматбаҳо тошларни ўғирлаб кетди. Аммо, қарғишдан қўрқиб, жасадни кўчирмади.
     1992 йил декабргача баъзи ўзгартишлар билан амалда бўлган, Ўзбекистон ССРни мустақил давлат, дея эътироф этилган Ўзбекистон Конституциясини қўпол равишда жинояткорона бузишни давом эттириб, ҳукуматимиз раҳбарлари бош бўлиб 1986 йил 6 июндан 7 июнга ўтар кечаси Жиззахдаги ноёб санъат асари сифатида рўйхатга олинган ҳайкалини варварларча бузиб ташлатишди. Зеро, у Шароф ота, устозларининг бюсти эди. Оврупода асрлар давомида минглаб ҳайкаллар турибди. Уларни вайрон қилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди, қолаверса, катта жиноят ҳисобланади. Бу қоида КПСС ва СССР ҳукмдорлари учун бир пул эди. Бу номаъқул ишларга қаршилик қилган мени сазойи қилишларига бир баҳя қолди. 
     Шунга ўхшаш воқеалар тафсилоти, қаҳрамоннинг қувончлари ва изтироблари юқори ва авж нуқталарга чиқарилиб бадиий мукаммал тасвирланганки, улар энди ўқувчининг эсидан бир умр чиқмайди. Агар, буюк Темурнинг қабрини очганларида “Ватан уруши” бошланган бўлса, Шароф отанинг қабри очилганидан беш йилдан кейин СССР қулаб, Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 31 августда ўз Мустақиллигини эълон қилди.
     Романда ёшлик чоғларимдан яхши таниш, бирда азиз чўл манзаралари, бошимизга тушган кулфатларга ўхшаш воқеалар кўз ўнгимда тирилиб, бор буди билан гавдаланаверди, бора-бора ўзига тортиб, элитиб қўйди. Немис-фашист босқинчиларига қарши беомон жангларга кирган юз аскардан тўқсонтаси бомбалар, снарядлар ва ўқлар ёмғири остида қолиб, шаҳид кетаётгани, Шарофжоннинг душман улоқтирган граната парчасидан оғир яралангани шунчалик маҳорат билан тасвирланганки, мутолаага шўнғиб кетган ўқувчининг дили хуфтон бўлиб, инграб, насибаси битмаган шоир йигит бахтли тасодиф туфайли тирик қолганидан суйиниб беихтиёр чапак чалиб юборади. Кичик лейтенантнинг Жиззахга қайтиб ўқитувчилик қила бошлагани, суюкли ёри Хурсаной билан кўришиши, бирга аравада Самарқандга кўчиши саҳналари шундай жонли, шундай соф тасвирланганки, шундай ҳам нафас олмасдан энтикиб ўқиётган кишининг икки кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетади. 
     Ш. Рашидов Фарҳод ГЭСи қурилишида ўзини синаб кўрмоқчи бўлади. Шоир эмасми, унинг кутубхона ташкил этиб, ажойиб хайрли ишга бош қўшгани канал қазувчи ишчиларнинг кўнглида илиқ бир туйғу уйғотади. Ўшанда ёш ташаббускор Шарофжонга кўз ташлаб қўйган Усмон Юсупов туфайли омади чопиб раҳбарлик лавозимларига раво кўрилгани асарда қизил ипдек ўтган. 
     Шароф аканинг 1955 йилда Ҳиндистон сафари чоғида “Кашмир қўшиғи”ни ёзган саҳналар ҳам ўқувчини ҳаяжонга солади. Ҳинд қўшиғи унинг қалбида мутеликка қарши, Истиқлол, Мустақиллик учун кураш ғояларини ниш урдирмаса, ёзувчи шундай ажойиб асарни ёза олармиди, деган ўйга борасиз? Чиндан ҳам у кўзлаган мақсадини: “Биз бу қўшиқни тинглаганимизда Кашмир ва Жамму халқларининг мустамлакачи золимларга қарши курашларини, уларнинг Наргиз ва Бамбур тимсолида куйлаган мард ўғил ва қизларини кўз олдимизга келтирдик”, дея таърифлайди.
      Ҳар қалай, эркин тахмин қилишга ҳақимиз борлиги боис, эҳтимол, Шароф отанинг юрагида Кашмир ва Жамму сўзлари ўрнига Қўқон, Бухоро, Хива сўзларини, Наргис ва Бамбур сўзи ўрнига, мисол учун, Абдулла Орипов ва Ханифа Мустафоеванинг исми шарифларини қўйиб китоб чиқариш нияти бўлгандир, деган хаёлга боради киши. Бироқ, пинҳона орзу юзага чиқса, бошига не балоларни орттириб олиши муқаррарлигини билган эҳтиёткор ёзувчининг туйғулари бизни илҳомлантирмай қўймайди.
     Бадиий адабиёт мезонларига тўлиқ жавоб берадиган зуваласи пишиқ асар қаҳрамонлари: Оқолтин туманидаги 19-“Андижон” совхозининг бригада бошлиғи Турғун Йўлдошев ва умр йўлдоши Маърифат янгаларнинг ҳаётидан олинган қуйма лавҳалар каминага, яъни қўшни 10“А” совхозининг собиқ ММО бошлиғига шунчалик яқинки, ҳаяжонимни боса олмай ўқидим. Уларни яхши танишим, Турғун ака ташкил қилган кутубхона бутун вилоятга овоза бўлгани, бошқа хўжаликлар вакиллари келиб тажриба ўрганиб кетишлари, китобхон бола билан у комсомолга ўтаётганда учрашганим эҳтимоли эсимга тушиб, “отангга балли!”, Абдуқаюм Йўлдошев, дегиларим кепкетти. Шароф ота билан қўл беришган Турғун аканинг жўралари: “Пошшонинг қўлини ушлаган қўлингни уч-тўрт кун ювмай тур, қариндош-уруғларимиз билан қўл олишиб юқтириб кетайлик” деганлари, каттаю кичик чойхонада ош дамлаб Турғунбой акани меҳмон қилганлари, катталар эса хўжаликка қандай комиссия келса, Турғунбой акага рўпара қилаверишларию, марҳум Шароф отага қарши кўтарилган қуюндан бригадирнинг юраклари эзилганини яхши эслайман. Оддий халқ ўртасида ул зотнинг обрўси баланд эди. Қаранг, худди Маърифат янга сингари 10”А” совхозида ўн бир фарзанднинг онаси Фотимахон Латипова, 17-совхозлик кўп болали Норгул она Укубоева Шароф ота келганини эшитиб қизу келинлари билан ҳар сафар тандирда нон ёпиб, бир-иккитасини Хурсаной опамизга, фарзандларига олиб борсинлар, дея мендан бериб юборганлари воқеа сифатида рад этиб бўларканми? Ёзувчи халққа жуда яқин ва нозик мавзуни қойилмақом қилиб тасвирлабди. 
     Шароф ота нонлардан иккитасини қўлига олиб: “Мирзачўлнинг буғдойидан мана шундай ширин нон ёпганларга ўзим ва Хурсаной Ғафуровна номидан минг раҳмат”, дея таъзим бажо этиб, олиб кетардилар. 
     Ҳаётда учратганим Турғунбой ака образини ҳам йиғма деса арзийди, зотан Мирзачўлликлар қайси гўшадан кўчиб келган бўлсаларда умумий урф-одатларга қаттиқ риоя қилишарди. Кемаларининг дарғаси, карвонбошиларини ўз оталаридек севишар эди. Учрашса, дардини айтар, ёрдам олиб, бир умр рози бўлиб яшар эди. Шароф ака Мирзачўллик йигит-қизлар учун ҳар бир олий ўқув юртида квота ташкил қилгани дашт болаларининг тиббиёт, ҳуқуқ, инженерлик, электроника, журналистика, театр, кино ва рассомлик санъати сингари нодир мутахассисликларни эгаллашига асос бўлди. 
     Бизнинг Сирдарё вилоятини ўзбек Носир Маҳмудов, қозоқ Егимқул Тасанбаев, рус Виктор Алексеевич Хайдуров ва бошқа байналминал руҳдаги, илғор фикрли, зиёли раҳбарлар бошқаргани туфайли биров Шароф Рашидов ҳақида бўлмағур гап айтибди, деган хабарни эшитмайсиз. Шароф ота хўжаликларни айланганидан сўнг, бирор дала шийпонида (ҳозиргидек, қимматбаҳо шийпонлар, асфальт йўллар йўқ эди) деҳқонлар билан суҳбатлашар, уларнинг ойлиги, уй-жой билан таъминлангани, мактаб, болалар боғчалари, шифохоналар фаолияти, савдодаги камчиликларни сўраб оларди. 
     Роман шунчаки публицистик ёки қаҳрамоннинг таржимаи ҳолига қаттиқ боғланган тарихий битик эмас. У бошдан оёқ ўз халқи бахти саодати йўлида бирда ошкора, гоҳи пинҳона кураш олиб борган, мислсиз ғалабаларга эришган, бироқ ўз қаватида липиллаб юрадиган сотқинларнинг хиёнатидан азият чеккан ватанпарварнинг дарду ҳасратлари, ҳис ва туйғулари, қолаверса, фожиаси турли мисоллар ёрдамида тараннум этилган халқона асар. 
     Ёзувчининг меҳри тушган роман қаҳрамони тарафида муқим турган ўқувчилар гўё бир шифобахш насим, ёқимли эпкин, бағирларига ўтириб қолган чангу ғуборларни ҳайдагандек, тоза булоқ суви каби бутун борлиғини ювиб, тозалагандек енгил тортади. Зотан, асардаги танти самимият ўқувчини ўзига маҳлиё қилиб, асар сюжетига михлаб қўяди. Ёзувчининг тафаккури, тарихий воқеалар ва сиёсий жараёнларни закийлик ила таҳлил қилиш ва хулосалар чиқариш истеъдоди ўлароқ бадиий тўқималар ва жилолар билан безалган воқеалар қон-қонимизга сингиб кетишига шубҳа йўқ.
     Танқид қилишни ман қилган давлат таназзулга учрайди. Юрт равнақи, адолат мезонларини мустаҳкамлашга, халқимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган асосли танқидий материалнинг баҳоси баланд. Уни тушунмаган одамга кишининг раҳми келади. Баъзи муаллифлар Шароф Рашидовнинг пок номи тиклангач, ким ўзарга ул зотни мақташга тушди. Бунда ёлғонга ҳам парво қилмадилар, тўқиб-чатдилар. Ноўрин силлиқ мақтов туҳмат ва бўҳтондан фарқи қолмаслигига парво қилишмади. 
     Шу ўринда Президентимиз Ш. М. Мирзиёевнинг сўзбошиси билан бошланадиган муҳташам “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” тўплами, шунингдек, Саидакбар Ризаев, Фёдор Раззоқов, Сайёра ва Гулнора Рашидова, Дониёр Комилов, Муҳиддин Нарзиқулов, Шуҳрат Жабборов, Замира Эшонхўжаева, Абдуқаюм Йўлдошев, Тўлқин Алимардонов, Сайёра Тўйчиева, Исмат Кучиев сингари муаллифларнинг аниқ ҳужжатларга асосланган мазмундор, тарихий-публицистик йўналишдаги асарлари Шароф Рашидов сиёсий фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, китобхон халқимиз кўксини зимиллатиб келаётган жуда кўп чалкашликлар, нотўғри талқинлар, қуруқ бўҳтон ва хатоликларни очиб ташлаб катта савобларга дохил бўлдилар.
     Айниқса, Абдулла Орипов ва Ҳалима Худойбердиеванинг бу улуғ инсонга бағишлаган шеърлари халқимиз қалбида муҳрланиб қолди. Шуни таъкидлаш лозимки, ўзбек халқига беҳисоб хизмати сингган чин инсон, ўзбек шоири ва ёзувчиси, халқаро миқёсдаги сиёсий арбоб, ўзи садоқат билан хизмат кўрсатган маккор мустабид сиёсат қурбони Шароф Рашидовнинг ўлимидан сўнг босқинчи душманлар қаторида туриб мустамлакачиларнинг кечириб бўлмас жиноятларини ўз касбдошлари устига ағдариб, Москвага яхши кўриниш истагида ўз миллатидан чиққан атоқли ёзувчи ва СССРнинг олий ҳукуматидан жой олишга эришган (ўз халқига яхшилик қилиш имкониятлари кенгайган – таъкид бизники) арбобнинг номини булғайдиган романлар, қиссалар, мақолалар чиқаришга астойдил бел боғлаган баъзи қалам аҳли ўша синовли даврда юмшоқ қилиб айтганда, ўз дастурхонларига ўзлари тупурди. Улар ўз асарлари билан атиги етти йил ичида халқни элбошиларга қарши кўтара олдилар. Ўша бузуқи иллат бугунги Мустақиллик йилларидаги саркашликларга хамиртуриш бўлди, деган бўлар эдим. Элни бузиш осон, тузиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Этакни бошига ёпганлар, уят жойлари очилиб қолишини яхши билганлар, аммо ғурур, орият ҳақида оғиз кўпиртиш бошқа, андишалик миллатпарвар бўлиш бошқа!
     Синчков ўқирман романда Ўзбекистон раҳбарлари, хоссатан, университетни аъло баҳоларга битирган туғма шоир урушда фашистларнинг қиронини келтириб икки марта жанговар “Қизил юлдуз” орденига сазовар бўлган, оиласига меҳрибон, халқига қайишадиган, республикани мисли кўрилмаган даражада обод қилган, телеминора, Тошкент – Термиз бетон йўли, метро, “Халқлар дўстлиги” саройи, супер аэропортларни бунёд этган, туманлар марказлари, шаҳарлар қиёфасини замонавий кўриниш келтирган, бутун бошли пойтахтимизни янгидан қурган, ўнлаб институтлар, заводлар ва фабрикалар очган, мамлакатни улкан қурилиш майдонига айлантирган, ёшларни, айниқса, қизларимиз ва аёлларимизни иш билан таъминлаб бошқа юртларга кетиб қолишининг олдини олган, юксак маданият соҳиби, миллатимизнинг шавкатли дарғаларидан бири Шароф Рашидовнинг ўз республикаси, халқи манфаатлари йўлида мутлақ ҳокимият қўлида бўлган Москва, Кремль хўжайинлари билан не-не азоблар чекиб тенгсиз музокаралар олиб бориб, улар қўйган шум тузоқларга чап бериб, қондошлари улушини ажратиб олгани, бунинг учун курашлардан тоймагани, каттаю кичик ғаламисларниннг пайини қирққани, садоқатли хизмати эвазига умрининг шомида бўҳтонларга учраб, дардини ичига солавергани, Қорақалпоғистон элида хизмат вазифасини адо этаётган пайтда жон таслим қилгани ишончли очиб берилганига гувоҳ бўлади. 
     Муаллифни “Биографик роман” йўлидан четлашган, айрим саналар ва воқеалар ноаниқ келтирган дейишлари мумкин. Ҳужжатли асар билан бадиий асарни айира оладиган ўқувчилар бундай хулосага қўшилиши қийин. Зеро, бадиий асар ёзувчининг хаёлида, қалбида пишиб етилган тафаккур маҳсули, ўз боласидек гап. Бир закий ўқувчи сифатида камина ҳам ўз олдига қўйган вазифани гўзал ва ўринли сўз, ҳис-туйғулар, инсон дардини бадиий тўқималар ва талқин ёрдамида эркин тасвирлаш орқали қиёмига етказа олган ёзувчи истеъдодини эътироф этиш билан бир қаторда, буюк шахс ҳақидаги ажойиб, ростгўй китоби учун олқишласак, ундан ғаламисларнинг иғво ва фитналарига муносиб жавоб сифатида фойдалансак, арзийди, деган бўлар эдим.
     Ўзбек халқининг муносиб яшаши, билим олиши, меҳнат қилиши, дам олиши, жаҳонга чиқиши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа соаҳаларини муттасил ривожланишига эришган, она тилимиз, тарихимиз, ислом дини, урф-одатларимиз, маданиятимиз, санъатимизни авайлаб асраб қолган, бир қарич еримизни беровга бермаган, мустамлакачи СССР ҳукуматидан ҳақимизнинг ҳақини мумкин қадар тўлиқ ажратиб олиб, ўз эли корига яратган, халқлар дўстлигини ҳамиша мустаҳкамлаб келган, халқаро муносабатларда Ўзбекистон номини баланд кўтариб ўтган романнинг асосий қаҳрамони Шароф ота Рашидовнинг образи ҳаққоний, ўзбек халқи яхши биладиган ва кўзга ташланмайдиган хислат ва фазилатлари ёрқин рангларда очиб берилган ушбу бадиий асар ҳали узоқ йиллар ўқувчиларнинг севимли асари бўлиб қолишига сидқидилдан ишонаман.

Муҳиддин ПОЛВОН,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот