“ҲАР ДОИМ ИККИ ҚАДАМ ОРТДА ЮРГАНМАН...”


“ҲАР ДОИМ ИККИ ҚАДАМ  ОРТДА ЮРГАНМАН...”

     Ўзбек киноси ва театри ривожига салмоқли ҳисса қўшган Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов Наманган вилоятининг Чуст туманида, ўз даврининг етук ҳофизи оиласида ўсиб улғайди, камолга етди. Оиласидаги муҳит туфайли санъатга бўлган қизиқиши уни Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига етаклади. Мирза Азизов бутун маҳоратини, айтиш мумкинки, ҳаётини санъатга бахшида қилди. “Юсуф ва Зулайҳо”, “Фарҳод ва Ширин”, “Нодирабегим”, “Алпомишнинг қайтиши” каби спектакллардаги ижролари, “Остона”, “Муҳаббат синовлари”, “Тубанлик”, “Муҳаббатимсан” каби бадиий фильмларда яратган образлари томошабинлар муҳаббатини қозонди. Актёр қаерда ва қандай шароитда яшамасин ва ишламасин, ҳамиша куюнчаклиги, камтарлиги, саховатлилиги, тўғрисўзлиги, энг муҳими, адолатлилиги билан жамоадошлари ва яқинларининг муҳаббатини қозонди.
     Мирза Азизов қандай роль ижро этмасин, бутун вужуди, истеъдоди ва маҳорати билан ўша образни тўла талқин этди ва ўзидан ўчмас ном қолдирди. Актёрнинг ўзбек киноси ва театрида ўз ўрнига, ҳурматига эга бўлишида севимли рафиқаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, элимизнинг севимли хонандаси, халқимиз ардоғидаги санъаткор Тожибар Азизованинг ҳиссаси катта. Ўз нав­батида хонанданинг сермаҳсул ижод қилиб, мухлислар ҳурматига сазовор бўлишида, хизмат кўрсатган артист даражасига етишида турмуш ўртоғининг салмоқли улуши борлиги шубҳасиз. Тожибар Азизова билан бўлган суҳбатимиз шулар тўғрисида, гўзал жуфтликнинг умр йўллари, ибратли турмуш тарзи ҳақида...

– Тожибар опа, Андижоннинг олис гўшасида, Қирғизистон билан чегарадош қишлоқда туғилиб, камолга етган экансиз, санъатга ошуфталик эса жажжи қизалоқлигингиздан бошланган экан. Оилангизда санъаткорлар бўлмаса, кимга ҳавас қилиб қўшиқ айта бошлагансиз? 

– Тўғри, оиламизда санъаткорлар бўлмаган. Бувим раҳматлик ўн икки нафар фарзандни дунёга келтирган бўлсалар, улардан фақат икки нафари – аммам билан отам яшаб қолишган экан. Шунинг учунми, улар бири-бирига жуда меҳрибон эдилар. Отам синглисини сизлаб гапирар, еру кўкка ишонмасди. Болага тил орқали тарбия бериб бўлмас экан, ҳар бир ота-она ўз хатти-ҳаракати билан ибрат бўлар экан. Бугун отам билан аммамнинг бир-бирига муносабати биз, фарзандлар ҳаётида ҳам давом этмоқда. Биз ҳам ўғил-қизларимиз тугул невараларимизга ҳам “сиз”лаб, меҳр ва ҳурмат кўрсатамиз. Опа-сингилларни-ку айтманг.
     Уйимизнинг ёнида болалар боғчаси бўлиб, аммам ошпаз бўлиб ишларди. У ёшлигидан қўшиқ айтишни яхши кўрар, уйларнинг томларига чиқиб, томма-том югуриб қўшиқ куйлар экан. Мен ҳам аммамнинг боғчасига борар, тушликда уйқуга ётишимиз билан аммам келиб, “Туринг, Ойқиз, кетдик”, деб мени олиб чиқиб кетарди. (Негадир мени Ойқиз деб чақиришарди. Қизиғи, ёшим 60 ни қоралаган бўлса ҳам қишлоққа борсам, ҳанузгача ҳамма мени шу исм билан чақиради). Мен ҳам ҳар куни аммамни кутиб ётардим. Ям-яшил ўтлоқда катта хамир қорадиган тоғораларни тўнкариб, орқасини доира қилиб шунақанги чиройли мусиқа чалиб, қўшиқ айтардилар-ки, ўйнамасликнинг иложи йўқ эди: 

Чапга ташланг, Ойқиз, 
Ўнгга ташланг, Ойқиз – 

деб қўшиқ айтсалар, мен ҳам белларимни ушлаб, сочларимни орқага ташлаб, ўйнаб берардим. Аммам халқ оғзаки ижодига мансуб жуда кўп қўшиқларни биларди. Шу аммамнинг қўшиқларини айтиб, уларнинг сеҳрига маст бўлиб улғайдим. Отам қишлоқ касалхонасида бўлим мудири бўлиб, жуда илмли, замонавий одам эди. Тошкентга юбора туриб, ”Қизим, юзимизни ерга қаратманг”, деган гаплари бир умр ҳаётимда менга дастак бўлди. Онам­нинг берган насиҳатлари бугунгача қулоғим остида жаранглагандек бўлади: “Қизим, ер тагидаги йўллардан юрманг, йигитлар бўлади, автобусларда эркаклар ёнидаги бўш ўриндиққа ўтирманг”, деганлари учун 3-курсни битириб, Мирза акам билан унаш­тиришганигача ҳам мен туннель, яъни ер ости йўлакларидан ўтмаганман, йигитлар қўлимни ушлаб олади, деб ўйлаб, автобусларда эркаклар ёнидаги ўриндиққа ўтирмаганман. Бугун атроф­­га қараб туриб, ота-онамизнинг бизга шундай тарбия бериш билан бирга, санъаткор бўлишимга рухсат берганлари учун минг бора раҳматлар айтиб, дуо қиламан. Негаки, ёшликдаги тарбия инсоннинг умр йўлларини ёритувчи шамчироқ бўларкан.

– Йўллар овулларни қишлоқларга, қишлоқларни шаҳарларга боғлайди. Мамлакатимиз марказидаги олийгоҳлар сабаб баъзида ёшларнинг кўнгил ришталари ҳам бир-бирига боғланади. Тақдир сизнинг ҳаётингизни Мирза Азизов билан қандай боғлади?

– Кириш имтиҳонларини топшираётганимизда Зулайҳо Бойхонова, Мирза ака учаламиз танишиб, дўст бўлиб қолганмиз, Беш­ёғочдаги анҳор бўйида имтиҳонларга тайёрланардик. Ўша пайтдаёқ Мирза аканинг дунёқараши, фикрлаши, билими, иқтидори биздан анча баландлиги сезилиб турар эди. Чунки қайнотам ҳам диний, ҳам дунёвий билимга эга, жуда зиёли инсон бўлиб, энг ақлий етуклик даврида – 65 ёшида Мирза ака туғилган экан. У ақлли, билимли бўлиб, Зулайҳо иккаламиз жуда содда бўлганимиз учун маслаҳатларини аямас эди. Талаба бўлдик, Мирза ака курсимиз сардори бўлди. Бутун курсда ақлу заковати, салоҳияти, иқтидори, баритон овози, бошқарувчилик, актёрлик маҳорати, кийиниш маданияти билан ажралиб турарди. Мен ўқишни тугатиб, қишлоғимга қайтаман деб ўйлаганим учунми, турмушга чиқиш хаёлимга ҳам келмаган. Наманганлик қизларга “Мирзани маҳкам ушланглар, турмушга чиқсанг­лар, шундай йигитга турмушга чиқинглар”, дея тавсия қилардиму ўзимнинг ҳаётим у билан қандай боғланганини билмай қолдим. 3-курсда ўқиётганимизда 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамида менга чиройли лолалар совға қилган...
     Уйимизга совчиликка келган қайнонам Муҳаббатхон ойижоним ота-онамда яхши таассурот қолдирганлар, улар биринчи борганларидаёқ тўйимизга розилик берганлар. Чунки қайнонам жуда маданиятли аёл бўлиб, биз, ёшларнинг Тошкентда яшаб, ижод қилишимизни исташини айтган. Бу фикр­лари ҳам ота-онамга маъқул келган. 5-курсни тугатганимиздан кейин тўйимиз бўлган.

— Эшитишимча, янги оила қурган вақтларингизда турмуш ўртоғингиз ҳарбий хизматга кетган экан. Ҳар гал Мирза ака сизни кўргани келгунларича дўппи тикиб, йўл харажатларини қоп­лайдиган маблағни йиғиб қўяр экансиз. Шу тўғрими? 

— Қайнонаойим оламдан ўтганларидан кейин биз фарзандли бўлдик. Мирза акам Мудофаа вазирлигининг ансамблида ишларди. Ҳарбий хизмат(2 ойлик машғулот)ни ўташ учун Фарғонага кетганлар. Ҳар ҳафтада бизни кўришга келар эди. Тирикчилик ташвишида дўппи тикишни ўрганишга қарор қилдим. Бу санъатни шунчалик меҳр билан эгалладим-ки, бошқа қизларнинг дўппилари 8-10 сўмга сотилса, менинг биринчи дўппимни 18 сўмга сотиб олишган. У пайтда бу жуда катта пул эди. Кейинчалик эса дўппиларим нархини 20-24 сўмгача чиқарганман. Бармоқларим, тирноқларим ичи йиринглаб кетса ҳам чидар, дўппи тикишни тўхтатмас, чунки шанбагача хўжайиним келишларига йўлкира тайёрлаш учун ҳафтада битта дўппини битиришим керак эди. У пулимни олмайман, деса ҳам, бошқалардан пул сўрамаслик­лари учун ўзим олишга кўндирардим. Лекин мен қийналганман десам, ношукрлик қилган бўламан. Чунки менга қайинопаларим Мукаррам, Манзура, Матлуба, поччаларим Набихон ака, Фахриддин ака, Жўрахон акалар ҳам ёрдам беришган. Аммо ҳамма камчиликни уларга айтолмасдим. Ҳадеб бировдан ёрдам кутиш ҳам инсофданмас-ку... 
     Қиз боланинг ҳаётдаги устози онаси бўлиши табиий ҳол. Мен ҳам онамдан кўрганларимни қилардим. Ҳар қандай шароитда ҳам турмуш ўртоғимнинг ҳурматини жойи­га қўярдим. Тўй-ҳашамларга шошиб кетаётган бўлсам ҳам остонадан биринчи бўлиб чиқмасдим, унинг орқасидан чиқардим. Онам раҳматлик ҳамиша “эрингизнинг юзига тик қараманг, юрганда орқасидан, яъни, икки қадам ортда юринг, ҳеч қачон ёнида юрманг”, дерди. Ҳамиша шу насиҳатларига амал қилдим. 

– Ҳаётда қийналган, санъатга қўл силтаб кетишни хоҳлаган паллаларингиз бўлганми? 

– Йўқ, менда санъат соҳасидан кетиш ҳақида фикр бўлмаган. Негаки, бу соҳа кишилари ҳеч қачон дилимни оғритишмаган, ўзим ҳам бунга йўл қўймаганман. Аксинча, турмуш ўртоғим билан иккаламиз ҳамиша элга манзур қўшиқ ва образлар яратиш иштиёқида бўлганмиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз, илҳом­­лантирганмиз. Эҳтимол, бу оилада ҳар иккаламизнинг ҳам санъаткор бўлганлигимиз учундир, балки бир-биримизнинг қалбимизни сўзсиз тушунганимиз учундир... Тўғри, Тошкентга кўчиб келган пайтларда жуда қийналганмиз. Қоқилиб, туртилиб, етишмовчиликларга сабр қилиб, яна олға интилаверганмиз. Агар инсоннинг нафақат оиласида, кўнглида хотиржамлик ва ўзига ишонч бўлса, ёнида суянадиган кишиси бўлса, ҳамма қийинчиликни енга олади. 

– Мирза Азизов институтда 5 йил эмас, балки 6 йил ўқиган экан. Бунинг сабаби нима?

– Тўғри, аммо бу курсда қолган ёки бирон муаммо сабабли эмас, ўзининг хоҳиши туфайли. Мирза Азизов юқорида айтганимдек иқтидорли, лидер талаба эди. Унинг овози жуда кучли эди. Шунинг учун Москвага, консерваторияга ҳам таклиф қилишган. Онаси “оилангизни олиб кетаверинг”, деб розилик берсалар ҳам, “мен кичик ўғилман, онажон, сизни ташлаб кетолмайман”, деб бормаган. 5-курсга ўтганимизда эса вокални янада мукаммалроқ ўрганиш учун 4-курсни бошқатдан ўқиган. Ўша пайтда ҳамма ҳайрон қолган, ҳозир ҳам бунга ишониш қийин, аммо ҳақиқат шу. Бундай талаба олий таълим тизими тарихида ягона бўлган бўлса керак. Шу воқеанинг ўзи актёрнинг ўз-ўзига нисбатан талаб­чанлигини, илм олишга чанқоқлигини, келажакни кўра олишини, касбини нақадар севишини кўрсатади. Вокални мукаммал ўрганганлари эса актёрлик фаолияти давомида ҳам, раҳбарлик лавозимида ишлаганида ҳам, айниқса, менинг мухлислар юрагига етиб борувчи қўшиқлар яратишимда ҳам муҳим аҳамият касб этди.

– Аёл ким бўлишидан қатъи назар, аввало, рафиқа ва она. Сиз ҳам, албатта, бир неча йил бола тарбияси билан машғул бўлганингиз сабабли ижодда тенгдошларингиздан ортда қолиб кетишингиз табиий ҳол. Шундай вақтларда турмуш ўртоғингизнинг маънавий кўмакларини ҳис қилганмисиз?

– Тўғри, курсдошлар орасида биринчи турмушга чиқиб, фарзандли бўлганман. Бунинг устига Чустда қолиб кетганмиз. Дугоналарим Тошкентда қолиб, ижодларини бош­лаб юборишган. Келинлигимда турмуш ўртоғим ҳарбий хизматда бўлаётганлари учун Чуст педагогика билим юртида рубобдан дарс берганман. Дугоналаримга ҳавасим келарди, улардан ортда қолиб кетаётганимдан афсусланардим. Қайнонам оламдан ўтганларидан кейин турмуш ўртоғим “энди шу ерда яшаймиз”, деб Наманган театрига ишга кирганлар. У билан Чуст маданият саройига бориб, янги қўшиқлар ёзардик. Бир куни Ўзбекистон кўчма радиосидан шоир ва овоз режиссёри Нуриддин Аминжонов мени излаб топиб, Наманган театри созандалари билан қўшиқларимни ёзишган. Ўша қўшиқлар бугунги кунда “Олтин фонд” хазинасида сақланмоқда. Чунки талабалигимдаёқ радио ва телевидениеда анча танилиб қолган эдим. Шулар туртки бўлдими, Мирза ака “Тожибар, барибир Тошкентда яшашимиз керак экан”, деди. Яқин дўсти, раҳматли Юнус ака “Мирза, сизлар Тошкентда ижод қилишларингиз керак, катта саҳналарда ўйнашингиз, катта актёр бўлишларингиз керак”, деб, бир кечада Тошкентга олиб келиб қўйган. Турмуш ўртоғим ҳар доим, ҳар бир ишда мендан маънавий кўмагини аямаган. Мен ҳар қандай шароитда аёл сифатида ҳам, санъаткор сифатида ҳам унга суянганман. Баъзан ярим тунгача, баъзида тонглар отгунча менинг овозим ва янги қўшиғим устида ишлашдан эринмас эди. 

– Оилада эркак киши санъаткор бўлса, кўпинча, рафиқаси турмуш ўртоғининг бемалол ижод қилиши учун шароит яратиб беришга ҳаракат қилади, оила, болалар ташвишини ўз зиммасига олади. Сизларда-чи? Бир оилада икки санъаткорнинг ижод қилиши қандай муаммо ва қулайлик­лар яратади?

– Менинг санъатда ўз ўрнимни топишимда берган ёрдамларини айтиб, адоғига етолмайман. У кишисиз ҳатто овоз ёзиш студиясида қўшиқ ёзолмасдим. Вокалда чуқур билимга эгаликлари учун қайси сўзда қаттиқ нафас оляпману қайси сўзда охирги ҳарф эшитилмай қолаётганигача илғарди. Мустақил ёзган қўшиқларимни аввал уйга опкелиб, Мирза акамга эшиттирсам, “Бир тийинга қиммат ёзган қўшиғинг, Тожибар, овозинг чиройли, дардинг бор, сўзни ғажийсан, сўзни ейсан! Одамларнинг жонига тегади-ку!” деб қайта ишлашга мажбур қиларди. Сеъёмкадан чарчаб келсалар ҳам, болалар уйда ёлғиз бўлса ҳам мен билан ярим тунгача студия­­да ўтирарди. Бирон марта норози бўлганларини кўрмаганман. Айниқса, у киши шеър танлашда инжиқ эдилар, чунки шеъриятни яхши тушунар, шеър ёқмаса, ўзгартирар, бу сатр­лар шоирларга ҳам жуда маъқул келар эди. Шу даражада илмли ва зукко инсон эди-ки, Навоий, Фузулий, Машраб, Махтумқули, Нодирабегим ғазалларини чуқур таҳлил қиларди.
     2001 йилда болаларим ёш бўлишига қарамай, мени санъаткорлар билан хориж­га, нақ 40 кунлик сафарга жўнатган. Болаларимни сўраб ҳар куни телефон қилсам: “Ҳой, Тожибар, болаларни оёққа турғизгунча роса қийналдинг. Дамингни олсанг-чи, яна қачон борасан Францияга, болаларни боғчадан олдим, овқатлантирдим, мана, ухлаб ётишибди, мазза қилиб дам олсанг-чи”, деб мени тинч­лантирарди. Мен учун, менинг санъатим ривожи учун нима лозим бўлса шуни қилганлар. 

– Санъаткорнинг аёли бўлишнинг ижобий томонларига тўхталдингиз. Салбий томонлари нималардан иборат?

– 35 йил санъаткор билан яшадим, фақат бахт таъмини туйдим, ёмон томонини кўрмадим. Санъаткор бир-бирини тушунади. Агар бошқа соҳа вакилига турмушга чиққанимда яхши оила бекаси бўлардим, аммо мени санъаткор сифатида ҳеч ким танимас эди. Шундай инсон билан умргузаронлик қилганимдан бахтиёрман.

– Бир-бирини севган одам рашксиз бўлмайди, албатта. Аммо бу туйғу баъзида ўртадаги ишончнинг дарз кетишига ҳам сабаб бўлади. Икки нафар эл назаридаги санъаткорлар орасида бундай ноўрин жанжалларнинг олди қандай олинган?

– Рашк азобларини биз ҳам кўп бора тотганмиз. Баъзан мен у кишини, гоҳида улар мени рашк қилардилар. Кўпинча уларнинг жаҳллари чиқса, жимгина ерга қараб турардим, токи жаҳлларидан тушмагунларича. Рашксиз муҳаббатли турмуш бўлмаса керак. Инсон кўнгли нималарни хоҳламайди, дейсиз. Ёшлигимизда тор, калта кўйлак­лар урф бўлган. Ёш бўлгач, тенгдошларинг қатори охирги урфда ки­йингинг келади. Мирза акамни кўнгилларига қараб, олган кийимларимни харид қилган дўконимга олиб бориб берган вақтларим кўп бўлган. 

– Актёрнинг кино мухлислар олқишига сазовор бўлган “Тубанлик” фильмидаги 13 ёшли қизни хотинликка олган Турғун домла образи миллионлаб томошабинларнинг “нафрати”ни қўзғади. Ҳаттоки, бундай ҳолатларни инкор этувчи, “Жамиятимиздаги йўқ иллат”ни саҳнага олиб чиққани учун актёрга қарши норозилик билдирган баъзи одамлар ва ташкилотлар ҳам бўлган экан. Бу нечоғлик ҳақиқатга яқин? 

– Аслида “Тубанлик” фильми сюжети воқеликка асосланган. Бир куни Мирза ака сеъёмкадан келиб, оғир хўрсиниб, “жуда хунук саҳнани суратга олдик, агар воқеалар аслича берилса, халқимиз буни кўтаролмаса керак”, деди. Кино тайёр бўлгач, оиламиз билан премьерага бордик. Қарасам, Мирза ака худди ўзига нотаниш фильмни кўраётгандек бутун вужудлари билан томоша қилаяптилар. Биз ҳам даҳшатга тушиб, кино ичига кириб кетдик. Орқа ўриндиқда ўтирган аёллар: “бу актёрни яхши кўрардим, бу...” деб Мирза ака номига ҳақоратлар ёғдириб ташлашди. Келиним “Адажонми шу...” деб пинжимга тиқилган... Мен ҳам кинолигини унутиб қўйиб, Мирза акадан қўрқа бош­ладим, “уйга борса бир дастурхон атрофида қандай ўтираман бу одам билан”, дейман ўзимга ўзим. Кино тугади. Мирза акани одамлар ўраб олган, кимдир олқиш­лайди, кимдир сўкади. Биз ёнларига яқинлашолмадик. Шунда бир аёл олдимга келиб, “сиз қандай яшаяпсиз бу одам билан, сизга ҳайкал қўйиш керак”, деса бўладими! Мен онахонга “бу кино...” дея тушунтиришга ҳаракат қилдим. У оломоннинг орасига суқилиб бориб, Мирза акамни ҳақоратлаб кетди. Уйга келгач, ҳолатимни тушунтирсам, “ҳалиям даҳшатли саҳналари олиб ташланган”, дедилар. 
     Премьерадан кейин “Абу Сахий” бозорига бориб, дўкондан кўйлак харид қилаётсам, ортда қолган Мирза ака салом бериб, дўконга кириб келди. Уни кўрган сотувчи: “Э, сиз шу одамнинг хотинимисиз? Боринг, мен сизга нарса сотмайман”, деб менга кўйлак сотмаса денг! “Чорсу” бозоридаям шундай ҳолат бўлган. Бу роль Мирза Азизовга жуда катта обрў олиб келди. 

– Шамолнинг шамолиман,
Яхшининг ёмониман.
Кўнглини менга берган,
Мирзо йигит ёриман –
 дея бахтга тўлиб куйлаган қўшиғингиз қанчалик хит даражасига кўтарилган бўлса, ундан кейинги ижодингиз маҳсули бўлган "Мен кетарман" ашуласи ҳам мухлисларнинг севимли дурдонасига айланди. Аммо:
Мен кетарман, кетганимни билмай қолинг,
Билганда ҳам сира парво қилмай қолинг.
Сизни суюб, парвонадек адо бўлдим, 
Бир адодек жойингиздан жилмай қолинг – 
каби сатрлар актёрнинг номидан бугун, яъни вафотидан кейин айтилиши керакдай гўё... Ушбу қўшиқни айтишингизга нима сабаб бўлган? Унга актёрнинг муносабати қандай бўлган эди?

– Ўғлимизнинг жуда чиройли овози бор. Аммо Мирза ака “санъатнинг нони қаттиқ, тоши оғир, мана, 40-45 ёшларга кирганимда одамлар мени Мирза Азизов сифатида танишди”, деди. Ота ризолиги учун ўғлим бошқа соҳани танлаган бўлса ҳам қўшиқ ёзишни канда қилмади. “Онажон, шу қўшиқни айтасизми”, деди бир куни. Майли, дедим ва уни тайёрладик. Аммо олти ойгача бу қўшиқ ҳақида турмуш ўртоғимга айтолмай юрдим. Ҳамма дўстларимиз эшитган. Ниҳоят бир куни курсдошларимиз даврасида ўтирганимдан фойдаланиб, “бир янги қўшиғим бор, эшитиб кўрасизми?”, дедим. “Майли, қўй-чи”, деди. Лекин биринчи тўртликни эшитишлари билан “ўчир”, деди ва кўзлари ёшга тўлиб: “Қўй, Тожибар, сен кетаман, деб мени куйдирмагин, менинг ортимда қолгин болаларга бош бўлиб”, деб йиғлаб юборди... Анчагача “бекор шу қўшиқни айтибсан”, деб юрди. Клип­ларини суратга олиб, эфирга узатилгач, уларга маъқул бўлди, аммо кейинчалик бу қўшиқнинг бастакори ўғлим эканлигини билиб, яна хафа бўлди.

– Актёр ҳақида гап кетганда, касбдошлари унинг маҳоратли актёр бўлиши билан бирга, илмли, катта ички маданиятга эга, ғамхўр, дўст учун фидоий, барчага бирдек яхшилик соғинадиган инсон, меҳрибон раҳбар бўлганини айтишади... 

– Яхшилик... Инсондан қоладиган буюк эътироф ва яқинлари ризолиги. Энди ўйласам, актёрнинг ҳар бир қадами назаримда ана шу ризоликка эришиш учун ташланарди. 
    Мирза ака ҳақиқий дўст, яхши инсон эди. Бировдан яхшилигини аямас эди. Оламдан ўтганларидан кейин ҳам қанча ночор, бегона одамлар келиб, менга ва ўғлимга унинг қилган яхшиликларини айтишди, қайтаролмадик, қайтаролмаймиз ҳам, фақат дуо­­да бўламиз, сиз ҳам рози бўлинг, дейишди.
    Ота сифатида ҳам фарзандларига жуда меҳрибон ва керак жойида қаттиққўл бўлган. “Сен ортиқча ғамхўрлик қиласан болаларга”, дердилар-у аммо ўзлари ҳам жуда кўп меҳр кўрсатар эди. Ўғлим ҳам, қизим ҳам содда ва самимий, одамларга яхшилик улашгилари келади, меҳри дарё буларнинг, дейман. Уларга шумлик ёки муғомбирлик бегона. Бу хислатлар отасидан мерос бўлиб қолди...

– Ўтган йили Президентимиз юртимизнинг бир гуруҳ фидоий фарзандларини вафотларидан кейин “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирлади. Улар орасида биринчилардан бўлиб Мирза Азизов номи эъти­роф этилди. Юртбошимиз қўлларидан актёрга аталган орденни олаётиб, кўнглингиздан нималар кечди?

– Мирза ака ҳақиқатан омадли инсон эди. Ҳаётлигидаёқ меҳнатлари қадр топ­­ди, бир неча бор тақдирландилар: Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон халқ артисти, “Эътироф”, Бишкекда Чингиз Айтматов номидаги Халқаро мукофотни олди. Ўзи ўқиган мактабига Мирза Азизов номи берилди. Мана, вафотларидан кейин ҳам Юртбошимиз “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирлади. Орден қўлимда турибдию, кўз ёшларим орден қутисига томаяпти. Бу қувонч ёши, инсон қад­ри улуғланган юрт аёлининг ифтихор кўз ёшлари эди. Шундай юртда яшаётганимдан, шундай Юртбошимиз борлигидан шукронадаман. Ўтганларни тирик­лар қаторида эътироф этган Юртбошимизга минг раҳмат! 
     Водийликларга хос ибо, ҳаё, гўзаллик ва назокат каби бетакрор хислатларни ўзида жамлаган, нафосати соҳир овозига янада жозибадорлик бахш этувчи Тожибар Азизова ҳижрон, айрилиқ, соғинч ва жуфти ҳалолидан фахр ва унга эҳтиром туйғуларини куйга солади. Унинг дарё янглиғ тўлиб-тошиб, жўшиб айтаётган қўшиқлари жаранги эса ўзбек санъати довруғини эллардан элларга таратаверади.

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди.
Манба: "Адолат" газетаси.
2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот