УМРНИНГ УЧ ЛАВҲАСИ


Cтив ЖОБС
УМРНИНГ УЧ ЛАВҲАСИ
   Бошимдан ўтган учта воқеани айтиб бераман. Бошқа ҳеч нарса демайман. Бор-йўғи учтагина.
   Биринчиси қисматнинг туташуви ҳақда. Олти ой ўтиб коллеждаги ўқишимни ташладим. Яна ўн саккиз ой эркин тингловчи бўп қатнаб юрдим-да, сўнг бутунлай кетдим. Хўш, нега шундай қилдим-а? Ҳаммаси туғилмасимданоқ бошланган. Биологик онам ёшгина аспирант бўлган. Мени кимдир боқиб олса, яхши бўлади, деб қарор қилган. У мени олий маълумотли бирор оила олишини росаям хоҳлаган. Бир ҳуқушунос эр-хотин ўзлариники қилишмоқчи бўлган, лекин туғилишимга саноқли дақиқалар қолганда айнишган, ўйлаб қарашса, аслида, уларга қиз бола керак экан. Шунинг учун ота-онам навбатда турган бош­қа бир жуфтлик бўлиб қолган. Ярим тунда уларга қўнғироқ қилиб: “Кутилмаганда бизда ўғил туғилди, керакмасми?” дея сўрашган. “Албатта-да”, деган ота-онам.
  Туққан онам боқиб олган ота-онам­нинг олий маълумоти йўқлигидан хабар топгач, васийлик ҳужжатининг охирги нусхаларига имзо қўйишдан бош тортган. Бир неча ойдан кейингина, коллежга ўқишга қўйишни ваъда беришганидан сўнг, қўл қўйган. Бари ана шундай бошланган.
   17 йил ўтиб, коллежга йўл олдим. Гўллигимга бориб, Стэнфорддаги энг қиммат коллежни танлабман. Бечораларимнинг йиққан-тиққани шу ўқишга даф бўлди, ўзи бир оддий ишчилар бўлса... Олти ойдан сўнг бунда мантиқ йўқлигини билдим. Ҳаётда нима қилмоқчилигимни, коллеж нимаям ёрдам беришини билмасдим. Мен шунчаки пулни елга совургандим. Ундан кўра ўқишни шарт ташлаганим тўғри бўлди. Бирон йўли топилиб қолар, дедим. Ўшанда олдинига ваҳм босган, бироқ ортга қарасам, айтаманки, жуда тўғри қилибман, қарорим ўрнида бўлган. Ўқишдан воз кечиб, фақат менга ростдан қизиқ бўлган машғулотларга қатнадим.
   Бу кўнгил хуши эмасди. Бошпанам йўқ эди. Ўртоқларимнинг уйида полда ухлардим. Донасига 5 центдан бўшаган кола идишини топширардим, ошқозонни алдаш учун. Якшанба кунлари кечқурун қорин ғамида етти чақирим пиёда юриб, кришначилар ибодатхонасига борардим, у ерда яхши овқатланардим: текинга. Менга жуда ёқиб тушарди. Қизиқувчанлигим ва ички ҳисларим сабаб нимагаки дуч келган бўлсам, кейинчалик барчаси бебаҳо бўлиб чиқди. Масалан, биргина мисол келтираман. Рид-коллеж ўша пайт мамлакатда хаттотликни ўргатадиган энг зўри эди. Бутун шаҳарда ҳар битта постер, ҳар бир қути ёрлиғига қўлда чиройли қилиб, хаттотона ҳуснихат билан ёзиб қўйилган бўларди. Ўқишни ташлаб, умумий дарсларга қатнамай қўйгач, хаттотликни ўрганишга аҳд қилдим. Мен ҳарфларнинг турли гажакдор, гажаксиз шаклларини, хатбошида уларни ҳар хил уйғунликда қўллашни билиб олдим, бу матбаани янаям улуғвор қиларди. Ниҳоятда қизиқарли, қадимий санъат, нафис билим ва алоҳида мустақил бу фан мен учун жозиба, фусункорлик эди. 
   Ҳаётимда орттирган бу тажрибаларимдан менга ҳеч қандай умид йўқ эди гўё, лекин 10 йил ўтиб, биз Macintosh дизайнини яратганимизда ҳаммаси қўл келди, яна қайтди. Биз буларнинг ҳаммасини дизайнга киритдик. Илк ажойиб типографик компьютер пайдо бўлди. Агар ўшанда мен коллежнинг ана шу курсига ёзилмаганимда, Macintoshда бунчалик кўп шрифтлар бўлмасди. Windows эса Мак дан буни кўчирган, холос. Акс ҳолда, ўз-ўзидан маълумки, бирортаям шахсий компьютерда уларни учратмаган бўлардингиз.
   Ҳа, ўқишни қўймаганимда хаттотлик курсигаям қатнамасдим, бугунги шахсий компьютерлар ҳам ана шу типографиядан мосуво қолган бўлармиди. Албатта, келажакка қараб, коллеждалигимда бу нуқталарни туташтиришнинг иложи бўлмасди, бироқ 10 йил кейин аниқ-равшан бўлди.
   Яна айтаман. Олдинга қараб туриб, нуқталарни бирлаштиролмайсиз, фақат ортга қарабгина буни кўроласиз. Шунинг учун қайсидир маънода тақдир келажакда тўқнашишига ишонишингиз керак. Нимагадир ишончингиз бўлиши керак: инстинктгами, тақдиргами, ҳаётгами ёки яна недир бирортасига, чунки ишонч ҳатто қиртишлаб тозаланган йўлда адашган чоғингизда ҳам қалб танловига йўл очади. 
   Иккинчи ҳикоям муҳаббат ва йўқотиш ҳақида. Мен бахтиёр эдим. Ўзимга нима ёқишини анча эрта англагандим. Воз ва мен Apple ни 20 ёшимда ота-­онамнинг гаражида тузганмиз. Жуда кўп ишладик, иккимиздан Apple ўн йил ичида 2 миллиард долларлик даромадга эга, тўрт минг ишчиси бўлган йирик компанияга айланди. Macintosh ни ишлаб чиқарганимизда 30 ёшда эдим, сўнг мени ишдан бўшатишди. Қандай қилиб ўзинг тузган компаниядан бўшатишлари мумкин? Apple ўсгунича биз компанияни оёққа қўйиш учун истеъдоди бор деб билган одамларни ёлладик. Дастлабки пайтлар ҳаммаси жойида эди, лекин кейин қарашларимиз тўғри келмай қолди ва орамиз совий бошлади, охири, бу жанжалга бориб етди. Директорлар кенгаши унинг фикрини маъқуллади. Шндай қилиб, ўттизимда ишсиз одамга айландим, айлангандаям яхшигина жанжал билан. Шу ёшимда ҳаётим ўқ нуқтасига дарз етди, бу хароб қиларли эди.
   Бир неча ой нима қилишни билмай юрдим. Сезардим, ўзимдан олдинги тадбиркорларнинг кўнглини қолдирдим, улар ишонч билан топширган эстафета таёқчасини қўлимдан тушириб юборгандим. Дэвид Паккард ва Боб Нойс билан учрашдим, ишни бузиб қўйганим учун, нўноқлигим учун узр сўрашга уриндим. Ошкора омадсизликка чидадим ва ҳатто, водийдан бутунлай кетворишниям ўйладим. Лекин ботинимда аста-секин ниш уриб келаётганлари, ниманики амалга оширган бўлсам, ҳаммасини чин дилдан севиб бажарганимни билдириб турарди. Apple да мен билан юз берган воқеа буни сира ўзгартиролмади.
   Мен четга суриб қўйилгандим, бироқ ёқтирардим, шунинг учун бошидан бошлашга қарор қилдим. Аввалига тушунмадим, кейин Apple дан кетгач, бир томондан ўзим учун яхши бўлганини ҳис қилдим. Муваффақият юки осонлик билан ҳали ҳеч нарсага ишониб бўлмайдиган янги ишга алмашди. Бу воқеа ҳаётимда бошланган янги ижодий даврга йўл очди.
   Кейинги беш йилда NeХT ва Pixar компаниясини туздим, тенгсиз бир аёлни севиб қолдим, у менинг рафиқам бўлди. Pixar “Ўйинчоқлар саргузаштлари” – дунёда биринчи марта компьютерда чизилган мультфильмни яратди. Ҳозир Pixar жаҳондаги энг муваффақиятли анимацион студиядир. Фавқулодда кутилмаган иш бўлди – Apple NeХT ни сотиб олди ва мен яна компанияга қайтдим. NeХT да биз кучайтирган технология эса Apple учун навбатдаги тикланиш бўлиб қолди. Лорейн билан ажойиб оила қурдик. Имоним комил, агар Apple дан мени бўшатишмаганида буларнинг ҳеч бирини қўлга киритолмасдим. Бу жуда заҳар-заққум дори эди, бироқ “бемор” шунга муҳтож бўлган. 
   Баъзан ҳаёт бошингизга тош билан тушириб қолади, лекин сиз асло ишончни йўқотманг. Мана, мен гувоҳман, яхши кўрган нарсамни давом эттирдим-ку, қайтмадим-ку. Ёқтирадиган ишингизни, яхши кўрадиган инсонингизни топинг. Қилаётган ишингиз ҳаётингизнинг катта бўлагини ташкил қилади, ундан роҳатланишнинг ягона йўли – зўр ишингиз борлигига ўзингизнинг ишончингиз. Ҳали ёқтирган ишингизни тополмаган бўлсангиз, тўхтаб қолманг, изланишда давом этинг. Излаётганларингиз орасидан юрагингиз урганини топганингизда, албатта, уни тутиб қоласиз. Йилдан-йилга у сиз учун қадрли, севиклидан-да севикли бўлиб бораверади, шунинг учун қидиринг ва туриб қолманг.
   Учинчи ҳикоям ўлим ҳақида. 17 яшарлигимда “Ҳар бир кунингни худди сўнггисидай яшасанг, бирида ҳақ бўлиб чиқасан”, деганга ўхшаш гап ўқигандим. Бу менга таъсир қилганди. Кейинги 33 йил давомида ҳар тонг ойнага қараб, ўзимга савол бердим: “Бугун охирги куним бўлса-чи? Ўзим истаганимни бугун қилоламанмикин?” Кўп кунлар давомида “Йўқ” жавоби келавергач, ниманидир ўзгартириш ҳақида ўйладим. Яқинда ўлишим мумкинлиги ҳақидаги фикр ҳаётимдаги энг муҳим восита бўлиб, менга қарорлар қабул қилишда ёрдам беради, чунки ҳамма нарса: барча умид, ғурур, қийинчиликлар ёки муваффақиятсизликлар қўрқуви – буларнинг бари фақат энг муҳимини қолдириб, ўлим қаршисида чекинади,. Ёдингизда бўлсин, ўлишингизни билиш сиз бирор нарсани йўқотаётганингизни ўйламасликнинг энг яхши усули. Сиз аллақачон тайёрсиз, шунинг учун қалб буйруғига риоя қилмасликка ҳеч қандай сабаб йўқ.
   Тахминан, бир йилча олдин менда саратон борлигини аниқлашди. Эрталаб 7:30 да текширувдан ўтдим. Таҳлил ошқозон ости безида шишни кўрсатди. Бунгача, ҳатто, ошқозон ости бези нималигини билмасдим. Дўхтирлар бу давосиз касаллигини, узоғи билан 3-6 ой умрим қолганини айтишди. Даволовчи дўхтирим уйга бориб, ишларимни жой-жойига қўйишимни маслаҳат берди. Лўнда қилиб айтганда, “маслаҳат”нинг таржимаси дўхтирлар тилида “Ўлимингга тайёрланавер”, дегани эди. Фарзандларинг­га сўнгги 10 йил мобайнидаги хавотирингни энди бир неча ойда сингдириб боришинг, оилангга осон бўлиши учун қўлдан келган барчасига улгурганинг­га ишонишинг, видолашишинг дегани эди.
   Кун бўйи шу ташхис билан яшадим. Кечқурун биопсия қилишди: томоғим орқали эндоскопни киритиб, уни ошқозону ичагимдан ўтказишди-да, нина учида ошқозон остидаги шишдан бир нечта тўқимани юлиб олишди. Оғриқсизлантирувчи таъсирида ётардим. Хотиним айтишича, тўқимани микроскопда кўришганидан кейин дўхтирлар йиғлаб юборишибди, чунки мендагиси саратоннинг камдан-кам учрайдиган тури бўлиб, жарроҳлик йўли билан давоси бор экан. Жарроҳлик амалиёти ўтказишди ва яна, бахтимга, энди ҳаммаси жойида.
   Мен ўлимга жуда яқин боргандим, умид қиламанки, келажак ўн йиллик­ларда энди унга юзлашмайман. Ўша дамларни яшарканман, катта ишонч билан айта оламанки, ўлимни қанча ёдга олсанг-да, барибир ҳеч ким кетишни истамайди.
   Яна бир гап. Қазо – бу биз бир кун етадиган манзил. Ундан ҳеч ким қочиб қутулолмаган, шундай бўлишиям керак, чунки у муқаррар, ҳаётнинг энг зўр кашфиёти. Бу – бир ҳаёт алмашинувининг вакили. У туғилажак янги авлодга эскиларини супуриб ташлаб йўл очади. Ҳозир янгилар бу – сиз, вақти келиб эскига айланасиз (орадан қанчадир маълум вақт ўтиб, албатта) ва сиздан воз кечилади. Бундай совуқ гапларим учун кечиринг, аммо ҳақ гапни айтдим.
   Вақтингиз чекланган, уни кимнингдир сизга ёт ҳаётига зое кетказманг. Ўзгалар фикри билан яшашга ундайдиган ақидалар қопқонига тушиб қолманг. Ўзгалар фикрининг шовқини ички овозингизни босиб қў­йишига йўл берманг. Ва энг асосийси, юрак амрингиз, ҳисларингизни бошқаришга жасорат топинг. Улар, қайсидир маънода, аслида ким бўлмоқчи эканингизни сезиб туради. Қолганлари иккинчи даражадагилардир.
   Ёшлик йилларимда “Ер юзи каталоги” (“The Whole Earth Catalog”) деган нашр чиққан. У бизнинг авлод учун Инжилдай эди гўё. Стюарт Бранд исмли бола уни поэтик оҳангда тузганди. 60-йиллар охири, шахсий компьютер, матбаа тизими ҳали йўқ, шунинг учун босма ускунада, қайчи ва полороидларда яратган. Унда 35 йил олдин ҳозирги Google нинг қоғоздаги бир кўриниши, идеал даражада, тавсиялар ила тўлдирилган, буюк ғоялар мужассамлаштирилган эди.
   Стюарт ва унинг жамоаси нашрнинг бир неча сонини чиқаришди. Ҳаммаси дунё юзини кўргач, энг сўнг­ги – якуний сон босилди. 70-йиллар ўрталари, бу пайт худди сизнинг ёшингизда эдим. Якуний соннинг орқа муқовасига улар бир сурат беришган: эрталабки маҳал, узун қишлоқ йўли. Агар саёҳатга ишқибоз бўлсангиз, бу суратга тикилиб қолишингиз аниқ. Сурат остига эса: “Очқурсоқ бўлиб қолинг, ўйлаб ўтирманг”, деб ёзиб қўйилган. Бу уларнинг сўнгги мурожаати эди, гўё шундай тугатишганди нашрни. Очқурсоқ бўлиб қолинг. Ўйлаб ўтирманг. Мен ўзимга доим мана шуни тилаб келдим. Мана энди, янги ҳаёт бошлаётган паллангизда, сизгаям шуни тилаб қоламан. Очқурсоқ бўлиб қолинг. Ўйлаб ўтирманг.

Рус тилидан Зуҳриддин ҚУДРАТОВ таржимаси.
Манба: "Китоб дунёси" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот