Саховатли, меҳрибон, ҳотамтой инсон эди...


   Ўзбек Миллий Академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Фатхулла Масудов хотирасига бағишланади.

   Қўчқор Норқобил – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, драматург ва адиб:
   “Мен Фатхулла ака билан жуда кўп сафарларда бирга бўлганман. Театрга директор бўлишидан 15 йиллар олдин ҳам дўст эдик. Менинг драмаларим ҳали театр саҳналарида қўйилмаган пайтлардан буён дўстлигимиз ришталари боғланган эди. Кейинчалик тақдир тақозоси билан драмаларим театрларда қўйила бошланди. “Тоғлардек баланд бўл” спектаклида охирги маротаба бирга ишладик. Яна жуда кўп ниятларимиз бор эди...
    Фатхулла ака намозни беш маҳал канда қилмасди. Вилоятларга хизмат сафарига боргудек бўлса, маҳаллий масжидларга кириб, намоз ўқиб чиқарди. Юраги тоза инсон эди. Актёр ва чинакам шахс сифатида менга жуда ёқарди. Ундан ташқари, у қандай қилиб бўлса ҳам инсонга озор бермаслик йўлини қидирарди. Тинч, осуда ва хушчақчақ ҳаётни севарди. Давраларда ҳам ўзини яхши кайфиятда тутишга ҳаракат қиларди. Унга бир ишни қилиб беришни илтимос қилсангиз, ўша вазифани бажаришга жон-дили билан ҳаракат қиларди. Мабодо, агар уддалашнинг иложи бўлмаса, жуда ҳижолат  бўларди. Масалан, “театрга фалон соатда етиб келинг”, - дейилса, ўша пайтда у бошқа ишларини ташлаб бўлса ҳам келарди. У драматурглар, муаллифларни жуда ҳурмат қиларди. Мен ишлаётганимда кўнглимга қарашга, юрагимдаги дардларни енгиллаштиришга ҳаракат қиларди. Театрда қўйилажак спектаклни ким ёзишидан қатъи назар, драманинг савияси жуда баланд бўлишига астойдил интиларди. Театрни оиласининг бир бўлаги деб ҳисобларди. Ҳеч кимнинг кўнглини синдиргиси келмасди. У шу фазилати билан ҳам бошқалардан алоҳида ажралиб турарди. Турмушнинг оғир юкларининг ҳаммасини ўз гарданига ортиб, ташвишларини, қайғуларини ичига ютарди. Тўйлар, ижодий сафарларда у билан жуда кўп бирга ҳамроҳ бўлганман. Билмадим, балки актёр дўстлари ҳам у билан ижодий сафарларда кўп биргаликда кезишгандир, аммо мен ёзувчи сифатида, ўз соҳамдагилардан кўра кўпроқ Фатхулла Масудов билан хизмат сафарларида кўпроқ бирга бўлганман.
   Бир куни “Тоғлардек баланд бўл” спектакли сабабли вилоятларга гастрольга бордик.  Бир ҳафтача бирга юрдик. Ўшанда иккаламиз кейинги режалар ҳақида гаплашгандик. Унинг режалари, ҳаётда ҳали амалга ошмаган орзулари бисёр эди. Афсус... шундай улуғ инсон энди орамизда йўқлигига ҳали ҳануз ишонгим келмайди... Илоҳим, жойи Жаннатда бўлсин! У ўзидан улкан мерос қолдириб кетди”.

   Қаҳрамон Абдураҳимов – Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
   “Фатхуллада, авваламбор, одоб, интизом, катталарга ҳурмат сингари мусулмончилик фазилатлари, шарқона тарбия жуда кучли эди! Фатхулла маънавий жиҳатдан бой, юксак камолотга эга инсон эди. У оиласида ҳам миллийлик, ҳам европа урф-одатларини жуда яхши ўзлаштиргани сабабли, мулозаматни ўринлатадиган, хушмуомала ва барчадан тавозесини аямайдиган йигит эди.  Қуръон оятларни ёд биладиган, чинакам мўмин мусулмон, шу билан бир қаторда ўз касбининг фидойиси эди. Фидойи бўлганда ҳам қандай? У ролларини қойилмақом ижро этишидан ташқари, жамоат ишларида ҳам ўта жонкуяр эди. Ўзбекистонни ич-ичидан, қалби, бутун борлиғи билан севарди. Ичидан қайнаб чиқаётган жўшқинлик, шижоат ва ғайратга ҳайрон қолардим. Бир қарасам Сурхондарёда, бир қарасам Самарқандда, яна бир қарасам ойнаи жаҳонда. Барига улгурарди. Унга қараб: “Ҳой, ҳой, шошилма”, - десам, кулиб қўярди. Ишларини тез-тез бажаришга одатланганди. Энг яхши томони: баъзи бир мансабдорларга ўхшаб, эшигини олдига борсангиз, қовоғини солганча, ҳеч нарса демасдан ўтиб кетадиган мансабдор эмас эди. Ҳаттоки шошиб турган бўлса ҳам, “Ака, нима гап? Бизга қандай хизмат ёки юмуш бор? Фалон пайтда келинг, илтимос”, - деб кўнглингизни олиб, чопиб кетарди. Унда кибру ҳаво, манманликдан асар ҳам йўқ эди. Шу фазилати билан ажралиб турарди. Агар у кимгадир қайсидир масалада йўқ дейишига тўғри келиб қолса ҳам, ўша одамни хафа қилмасдан, иложи йўқлигини обдон, сабабларини келтириб, узр сўраган оҳангда ётиғи билан тушунтирарди. Сиз ҳам хафа бўлмасдан чиқиб кетардингиз шунда. Бу каби фазилат унча-мунча инсонда йўқ, айниқса амалдорлар орасида. У кибрсизлиги, инсонийлиги, кўп қиррали актёрлиги билан ўзгалардан фарқ қиларди. Ролларини ҳам маромига етказиб ўйнарди. Унинг оламдан ўтиши хаёлимда ҳам йўқ эди. Етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Шундай ғайратли йигитнинг кутилмаганда ажал чангалига тушишини ким ҳам ўйлабди дейсиз? Касал бўлганини эшитганимда, дуо қилиб: “Аллоҳим, унга шифо бер. Тез орада тузалиб кетсин» деб илтижо қилардим. Нима ҳам дердик, умри қисқа экан, афсус... Жойи Жаннатдан бўлсин! Оллоҳим охиратига олган бўлсин".

   Юлдуз Абдуллаева – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон чегара қўшинлари капитани, заҳирадаги офицер, хонанда: 
   “Биз Фатхулла ака билан бирга ишлаганмиз. Театрга раҳбар бўлишидан олдиндан ҳам яхши танирдим ва қалин муносабатда эдик. Лекин шоуда биргаликда қатнашганимиздагина ички дунёларини яқиндан билганман. Жуда ҳам меҳрибон, камтар эдилар. Уларнинг бир жиҳатлари мен билан ўхшаш  эди. Инсонларни ҳафа қилишни истамас эдилар. Одамнинг кўнглини оғритишдан қўрқардилар. Ишга ҳам чақирилган заҳоти вақтида етиб келардилар. Мен Фатхулла акани шоуга таклиф қилганимда, очиғи, дастлаб иштирок этишларига, рози бўлишларига унчалик ишонмагандим. Сабаби, у киши жуда банд инсон эдилар. Шоуда ҳам бизга жуда катта ёрдам берганлар. Мен Фатхулла ака билан ҳамкор эдик. Уларда шунақа истеъдод бор эдики, мени ҳам ўзларининг дунёсига олиб кириб кетиб қолардилар. Қўшиқларни ҳам жуда чиройли тарзда ижро этганлар. Мендан қўшиқ куйлаши ва овози борасида кўп сўрардилар. “Мени хафа бўлади деб ўйламанг, очиғини айтинг, қандай айтдим, қаерида хато қилдим?”,- деб такрор сўрардилар. Биз бир биримизга қўлдан келганча ёрдам берардик. Улар менга актёрлик маҳорати бўйича, мен уларга қўшиқчилик борасида бир-биримизга билганларимизни ўргатардик. Менга шоу учун керакли нарсаларни, хусусан, либосларни ҳам ўзлари олиб келардилар. “Керак эмас, сизни ташвишга қўймай”, -  десам, “Йўқ, сиз овора бўлманг”, - дердилар ва астойдил, самимий, беғараз  тарзда ёрдамларини аямасдилар. Жуда ҳам куюнчак, ҳақиқатпарвар инсон эдилар. Кейин Ҳамза театрига директор бўлдилар. Мен уларни актёрликларини директорлик лавозимидан қизғанардим. Директор бўлганидан қувонардим, албатта, лекин менга қолса, бутун умр актёр бўлганлари яхши эди. Негаки, раҳбарлик ишлари ролларини ижро этишларига бирмунча тўсқинлик қилади, вақтларини олиб қўяди деб ўйлардим. Мен ўйлайманки, директор бўлиш қобилияти ҳам бор эканки, ўз зиммасига юклатилган барча масъулиятли ишларни ўз вақтида сидқидилдан бажарар ва уларнинг ортидан фақат яхши гаплар эшитганман. Фатхулла акам билан ёшлигимдан танишман. Мен ёш қўшиқчи, улар ёш актёр эдилар. Кейин яқиндан танишиб, аҳил дўст бўлиб кетдик ва тез-тез мулоқот қилиб турардик. Биргаликда қўшиқлар айтдик. Концертларда қатнашдик.  
   Бир куни қизимнинг тўйи бўлиб қолди. Шу пайт қизим Фатхулла Масудов билан Лола Элтоевани саҳнада жуда мос кўраман. Агар иложи бўлса, илтифот қилиб, тўйимда хизмат қилиб беришсин, илтимос, деди. Фатхулла аканинг ёнига бориб, қизимнинг илтимосини айтдим. Қизим Фатхулла ака билан Лола Элтоева тўйимни олиб боришса деб илтимос қилаяпди, бу менинг фикрим эмас, дедим. Шунда Фатхулла ака айтдики, “Мен сизни ҳурмат қиламан, ҳеч қачон мендан илтимос қилмагансиз. Мени ишларим кўп эди-ку, лекин ишларимдан ортиб, қизингизнинг тўйига барибир бораман”, - деб ваъда берди. Лола Элтоева билан бирга мени ҳурматим учун 21 Мартда, карантиндан аввал, хизмат қилиб бердилар. Тўйнинг охиригача ўтириб, мени ва қизимни хурсанд қилганлар. Ёшлар ёш бошловчилар тўйни олиб бориини исташади, деб ўйлардим. Қизимнинг қароридан ҳайратланганман. Тўй охирида хизмат ҳақи деб пул узатганимда, бир тийин ҳам олмаганлар, қистовларимга қарамасдан: “Тўйга холис хизмат юзасидан, қадрдон, дўстлигимиз ҳурмати ташриф буюрдим”, - деганлар. Ундан кейин карантин бошланиб қолди. Лекин телефон орқали гаплашиб турдик. Лекин охирги 1 ой ичида гаплашмаётган эдим. Телефон қилсам ҳам кўтармаганларига ҳайрон бўлгандим. Ҳамма ўзи билан-ўзи бўлиб юрганига банд бўлсалар керак деб индамагандим. Кейин билсам, касал бўлган эканлар. Оллоҳ раҳмат қилсин! Жуда қаттиқ қайғудаман...”

   Насиба Турсунова "Севимли" телеканали режиссёри, Ўзбектелефильм ДУК кинорежиссёри ва "Ўзбекистон" радиосининг сухандони ҳамда актриса:
   “Мен 2005 йилда Ўзбек Миллий академик драма театрида актрисалик фаолиятимни олиб бораётган пайтимда Фатхулла акам билан биргаликда жуда кўп ролларни ижро этганмиз. “Нексия”, “Олтин қиз” спектаклларида бирга роль ўйнаганмиз. Фатхулла акани аслида анча илгари ҳам танирдим. Лекин институтни битириб, актриса сифатида 2005 йилда иш бошлагач, яқиндан танишганман. Кейинчалик Ўзбектелефильмда режиссёр сифатида фаолият олиб бордим ва у ерда ҳам жуда кўп бирга ишладик. Энг охирги тушган фильмлари, бу – “Севимли” телеканали буюртмаси асосида суратга олинган “Сабрия” сериали бўлди. Мазкур сериал учун биринчи маротаба кастинг ўтказаётганимда, Фатхулла акага телефон қилиб: “Ака, бир келиб кетинг, шунақа иш бошладим, сериал олаяпман”, - деганимда, йўқ демасдан келиб кетдилар. Ўшанда ҳам шошардилар. “Насиба, қачон бошлайсан? Тезроқ бўлақол”, - дедилар. Мен у кишини 20 йилдан бери танисам-да, биринчи марта шу аҳволда кўришим эди. Мен ҳам “Бўлди, кейинги ҳафтада бошлаймиз”, - дедим. Жуда самимий инсон эдилар. Баъзиларга амал тегса кибрланиб кетади. Ёқуб акадан кейин раҳбарлик фаолиятини бошлагач, ҳаммани бирдек кўришга ҳаракат қилардилар. У пайт ҳамма жамоалар ажраган бўлса, Фатхулла акадан сўнг барча актёрлар, бутун жамоа яхлит қолипга тушди. Улар ҳамманинг дарди билан ишларди. Кимга ёрдам керак бўлса, қўлдан келганча ёрдам берардилар. Охирги пайтда “Биринчи менинг иштирокимдаги кадрларни олиб қол” ва шунга ўхшаш гаплар билан жуда шошдилар. “Фатхулла ака, нега шошяпсиз?”, - десам, “Биласан-ку, ишларим кўп, ҳам раҳбар, ҳам депутатман”, - дедилар. Сериални тоғда олдик. Шунда ҳам келиб, ролларини чиройли тарзда ижро этдилар. Ўшанда ҳам ҳамиша шошдилар. Охирги кун қайтаётганимизда Абдурайим аканинг оғир аҳволда эканлигини эшитдилар ва ёнларига кириб чиқдилар. Чиққанларида жуда ҳам тушкун кайфиятда эдилар. Ўша инсоннинг, қирқ йиллик қадрдони, ҳамкасби, дўстининг вафотига ҳам жуда сиқилдилар. Абдурайим аканинг вафотидан сўнг ўзимнинг гувоҳлигимда Дилбар Икромовага телефон қилиб, қандай ёрдам кераклигини сўрадилар. Дилбар опа кислородли баллон сўрадилар. Фатхулла акам: “Бўлди, олиб бораман”, - дедилар. Шахсан ўзлари Дилбар опани Акфа Мед Лайнга ётқизиб, уйларига рўзғорлар ҳам қилиб бердилар. Мен бунақа саховатли, меҳрибон, ҳотамтой инсонни ҳаётда кўрмаган эдим. Охирги пайт жуда шошган бўлсалар-да, очиғини айтсам, озгина эпизодлари ҳам қолиб кетди...
 “Тақдирлар” теленовелласида ҳам бирга ишладик. Ўшанда ҳам жуда шошдилар. Охирги марта гаплашганимизда менга васият қилиб айтдиларки:  “Насибахон, агар малол келмаса, қайнотам ва қайнонам ва ўғлим Абдуллоҳни ҳам сериалингизга олинг”, - дедилар. ИншаОллоҳ, Фатхулла акамизнинг сўнгги васиятларини бажарамиз. “Сабрия” сериалининг 20 та серияси тайёр. 20 тасида ҳам Фатхулла акам борлар. Худо хоҳласа кейинги 30 та сериясида Фатхулла аканинг охирги илтимосларини бажараман. Улар жуда ғамхўр, куюнчак, чинакам инсон эдилар. Жойлари Жаннатда бўлсин!”

   Гулчеҳра Саъдуллаева – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон Давлат сатира театри актрисаси«Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳибаси:
   “Фатхулла ҳақида қанча гапирсам ҳам оз. Фатхуллани куёвим эмас, энг катта ўғлим деганман. Туққан боламдан аъло кўрганман. Жуда ҳурматли, меҳрибон эди. Қайнотам, қайнонам деб ажратмасдан, адажон, ойижон дерди. Биз коронавирус билан касалланиб, баравар касалхонага тушгандик. Мен сал оғирроқ эдим. Фатхулла унақа оғир эмас эди. Мен унинг тузалиб кетишига ишончим комил эди. Лекин у бошқалар учун жонини фидо қиларди. Дилбар Икромова ҳам коронавирусга чалинди. Буни Фатхулла эшитиб, “Занготадаги шифохонадан тез бу ерга олиб келинглар”, - деб кечки 12 гача телефонда асабийлашиб, Дилбар Икромовани касалхонага олиб келтирди. Ўшандан кейин у ағанади. Коронавирус шунақанги ифлос касаллик эканки, асабийлашсангиз, кучайиб кетаркан. Фатхулланинг касаллиги 95 % га кучайиб кетибди. Ҳаммага ёрдам қиламан, деб ўзини аямади. Бўлмаса, дастлаб унақа оғир аҳволда эмасди. Мени кўриб “Онажон, озиб кетибсиз”, - деб шунақа йиғлагандики, уни ачинишидан ўзимнинг юрак бағрим ўртаниб кетганди.
 Ҳар куни врачларга телефон қиларди. Мен 8-қаватда, у 5-қаватда ётганди. Уларга “Онажонимга яхшилаб қаранглар”, - деб телефон қиларди, ўзини ўйламай, мени ва Дилбар Икромовани кўпроқ ўйлаб, ташвишланарди, ўзини ўйламасди. Бунақанги Жаннати одамни умрим бино бўлиб кўрмаганман. Мана куёв бўлганига 30 йилдан ошган бўлса, айрим куёвларга ўхшаб қовоқ солганини ёки қайнонам деб мурожаат қилганини эслолмайман. Болаларига, келинларига, невараларига жуда меҳрибон эди. Спорт билан ҳам шуғулланарди. Беғубор, бирорта ғубори йўқ инсонлар Оллоҳга ҳам керак экан, назаримда... Афсуски, болалари ёш қолди... Абдуллоҳ ҳали уйланмаган. Тўйларида бош-қош бўлиш насиб қилмади болажонимга. Лекин нима ҳам қила олардик. Оллоҳнинг иродаси шу экан. Бунақанги яхши одамларни кўп берсин, лекин умрини узоқ қилсин! Бу йигит туғилибдики, барчага яхшилик қилиб келди. Директор бўлса ҳам, ҳеч кимга қаттиқ гапирмаган. У ерда Лутфилла акам жуда сиқилиб ётибдилар. Қайси куёв қайнотасини 1 ойга Ҳиндистонда ўтказиладиган операцияга ишларини ташлаб, ўзи билан бирга олиб кетади? Куёв бўлиб туриб, қайнотасини Ҳиндистонда даволатиш учун олиб кетганди ўшанда. Умр йўлдошим юрагини операция қилдириб келди. Туққан болаларимдан ҳам кўпроқ меҳри юксак эди. “Энг катта ўғлимизсиз, ҳамма куёвлар сизга ўхшасин, болам”, - дердим. Касалхонадан аравачада чиққанимда анча тузук эди. Менга қараб: “Ойижон, рангингиз ўчиб, озиб кетибсиз-ку”, - деб ачиниб, роса йиғлагани кечагидек кўз ўнгимда гавдаланади. Ўша бизнинг охирги суҳбатимиз ва дийдорлашувимиз эканлиги кимнинг хаёлига келибди, дейсиз?.. Ҳозир ҳам ишонмаяпман... Ахир, кечагина “Ойижон, ойижон”, деб юрган болам наҳотки бугун йўқ?!! Жойи Жаннатда бўлсин”.

   Мирза Азизов - Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри раҳбари, Ўзбекистон  халқ артисти, Халқаро Чингиз Айтматов мукофоти совриндори, актёр:
   “Фатхулла акам ҳақидаги хотираларим фақат ижобий. У ниҳоятда олижаноб, одоб-ахлоқли йигит эди. Одамгарчиликни ундан ўргансак арзирди. Бир жойда ўтирсак ҳам, энг ширин таомларни танлаб, менга илинарди. Биз Хасан Хусанмиз, дерди. Муқимий билан Миллий театр эгизаклардек экан, демак сиз билан мен ҳам Хасан ва Хусанмиз дерди. Қанақасига эгизаклардек бўламиз, сиз чиройли, келишгансиз, мен бесўнақай бўлсам, деб кулишсам, “Йўқ, биз барибир Хасан Хусанмиз, фикримдан қайтара олмайсиз, - дерди раҳматли. У талабаликлигида-ёқ таниқли актёр бўлиб улгурганди. Олийгоҳда кетма-кет босқичларда ўқиганмиз. Фатхулла ака биздан бир йил олдин ўқишга кирганди. Уни муомаласи ширинлигидан Фарғоналик бўлса керак, деб ўйлардик. Кейин билсак, Тошкентнинг қоқ марказидан экан. Унинг қазо этганидан қаттиқ куюниб, роса йиғладик. Бебаҳо инсон эди. Жойи Жаннатда бўлсин!”

   Лутфулла Саъдуллаев - Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Давлат Сатира театрининг актёри:
   “Фатхулла Масудов санъат олийгоҳини битириб, ҳарбий хизматга кетган. Совет даврида армияга бориб, хизмат қилиб келиб, Сатира театрини биносига келган. Кейин менга: “Ассалому алайкум, устоз”, - деганди илк маротаба кўришган пайтимизда. Шундан сўнг уни 1-2 марта кўриб юрганман. Кунларнинг бирида унинг отаси бизникига совчиликка келган. Адаси Низомий номидаги институтда дарс берарди. Зиёли одамларнинг фарзанди эди Фатхулла. Фатхулланинг ота-онаси ўғлини уйлантириш тараддудига тушиб, келин ахтаришганда ва қиз суриштириб юришганда, театр ва кинодагилар “Лутфулла аканинг қизи ўғлингизбоп қиз, яхши, кўнглингиздек келин бўлади”,  дейишганини айтишди.
   Дастлаб, Фатхулланинг отаси, қудам совчиликка битта ўзи келди ва ўғлининг расмини кўрсатди. Ўйлаб кўришимизни айтганимдан кейин, кейинги сафар аёллари – Фатхулланинг онаси билан келди. Танишларим ҳам улардан совчи келаётганини эшитишиб, “Қизингни шунга бер, яхши оила” дейишди. Қизимнинг тақдирига Фатхулла битилган экан, у бизга куёв бўлди. Биринчи куннинг ўзида унга “Хафа бўлмасанг, мен сени сенсирайман. Куёвни сизлайдиганлардан эмасман. Хафа бўлмайсанми?”, - десам, у  йўқ, хафа бўлмайман, бемалол сенсираб мурожаат қилаверинг, - деди. 
- Хафа бўлмай тўғри қиласан. Нега мен сени сансираяпман? Чунки мен сени куёвим эмас, ўғлим деб тан оламан. Катта ўғлимсан эндиликда”, - дедим.
   У ҳам куёв, ҳам ўғил, ҳам шогирдим бўлди. Кейин мен Мираббосга: “Бу болани “Оталар сўзи”га чақирасан, - деб тайинладим. Мираббос ҳам гапимни икки қилмай, уни “Оталар сўзи” кўрсатувига чақирди. Актёр қанча кўп роль ўйнаса, шунча чархланади. Ҳақиқий шогирдларимдан бири шу бўлган. Кейин “Тойчоқ”ни ўйнаганмиз. Алп Жамолнинг бир ярим соатлик “Меҳрибонлар” пьесасини Фатхулла иккимиз қайтадан ёзиб, 3 соатлик сценарий тайёрлаганмиз. Мираббос “Тойчоқ” видеофильмини ишлади шундан кейин. “Тойчоқ”ни кичкина Ҳожи укамнинг ўғли ўйнаган. Катталигини Фатхулла ўйнаган. “Тойчоқ” видеофильми бўйича учрашув бўлиб ўтганди. Ўшанда битта майор ўрнидан туриб: “Менинг саволим Фатхуллажонга. Адасини уриб ўлдириш саҳнасини қандай ўйнагансиз? - деб савол берганда, Фатхулла ўрнидан турди-да: “Кинода кадр бор, камера бор. Камерага тескари туриб, қўлни ёлғондан қимирлатса, фильмда ростдан ургандек таассурот қолдиради”, - деган. Шунда мен: “Тўхтанг, Фатхулла” - деганман. 
- Ўртоқ майор, саволингизни қайтаринг, - дедим. У саволини такрорлади. Мен “Сиз саволни нотўғри бердингиз», - дедим. Сиз Фатхулла Масудовга шундай савол беришингиз керак эди: Фатхулла Масудов, сиз кадрда қайнотангизни урганмисиз, ролдаги отангизни урганмисиз ёки устозингизга қўл кўтарганмисиз, дейишингиз керак эди, - деганман. Мен сизларга айтаманки, у битта урди, ура олмади, иккита урди, ура олмади. Кейин мен учинчисида ростакасимига бўғгандим, у ҳам мени ростдан битта урганди, трубага бориб урилиб, ўлиб қолганман. Бу ҳам бўлган воқеа. Мен Фатхуллани кўрганимда ўзимнинг ёшлигимни эслайман.  Менинг ҳам чангалим зўр эди. Битта нарсани маҳкам ушласам, бошқа қўйиб юбормасдим. Фатхулла ҳам шундай актёр. У ўшанда Бўстонлиққа суратга олишга кетиб, касал бўлиб қайтиб келди. Душанба куни кетди, сешанба куни иситмалаб, мазаси қочиб қайтди. Ўша куннинг ўзида касалхонага – Акфа мед лайнга ётди. Менга акфа мед лайн умуман ёқмади! Ўзи давлат коронавирусни текинга даволанг деяпди. Булар бир сутка реанимациянинг ўзига 5 миллионга яқин пул олишади. Мана Дилбар Икромова 20 кун ётганига 10 минг доллар кетди. Барака топсин, “Севимли”нинг раҳбари 80% маблағ ўтказиб берибди. Бўлмаса майитни бермайман, деяётган  эмиш. Катта қизим ҳам барча нарсасини, бор бисотини сотди, камига нечта одамдан қарз бўлди. Натижада ҳам эридан, ҳам бору йўғидан айрилиб, қарзга ботди! Ҳеч бўлмаса давлат арбоблари, халқ артистлари, педогогларга текин қилса бўлади-ку. Мана, барибир пул тўлангани билан куёвим ҳам, Дилбар Икромова ҳам оламдан ўтиб кетишди. Натижа бўлмади ҳеч қанақа! Мен дардимни кимга айтаман?! Ёшим 80 га чиқиб қолди. Акфа мед лайндагиларни бутун умр қарғайман мен. Мен давлатга хизмат қилиб қўйганман. Бугун Президентнинг шахсан ўзи “Мукофот муборак”, - дедилар. Ўзлари айтдилар: кеча менга хабар келди, Миллий академик драма театрининг раҳбари вафот этди, деб. Мен ўша жойда қотиб қолдим. Шундай яхши инсон ҳам коронавируснинг қурбони бўлди, деб таъзия билдирдилар. Ҳеч бўлмаса бир-иккита бундай ноёб одамларга бепул қарашмайдими? Фатхулла ўтиб кетди, лекин катта қизим ва болалари 30 минг доллар қарз  бўлиб қолиб кетди. Инсонлар бу актёр бойвачча, пули кўп деб ўйлашлари мумкин. Ваҳоланки, Фатхулла ўзининг машинасини ҳам сотганди.
   Абдулла Ориповнинг гапи: 
Колумбда бор аламим маним, 
Ўзбекистон ватаним маним. 
   Менинг ҳам аламим кўпайиб кетган. Айниқса, Фатхулладан кейин менинг аламларим тошиб кетди. Бу дунё армонли дунё эмас, қувончидан азоби кўп дунё экан! Ҳозир секин аста қарзларни қандай узишни ўйлаяпмиз.”

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.
Манба: "Бекажон" газетаси.
2020 Йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот