Меҳрибон устоз, мўътабар дўст
Хасанбой ҒОЙИБ
МЕҲРИБОН УСТОЗ, МЎЪТАБАР ДЎСТ
Тожикистонлик машҳур ӯзбек шоири Ӯлмас Жамол, гарчи расмий унвони бўлмаса-да ҳақиқий халқ шоири эди. У киши қадимдан қондош ва жондош бўлган тожик ва ўзбек халқлари васфида ўлмас ғазаллар, мухаммасу мустазодлар, ширу шакарлар битган ноёб истеъдод соҳиби.
Ўзбек ва тожик халқларининг эҳтироми ва эътирофига сазовор бўлган атоқли шоир, журналист ва таржимон, “Дўсти” ордени соҳиби Ўлмас Жамол 1934 йилнинг 17 Май куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманида оддий оилада дунёга келиб, тақдир тақозосига кўра 12 ёшида Душанбе шаҳрига кўчиб кетишган ва ўша ерда яшаб, ижод қилган.
Шоирнинг ӯзи ёзишича, унинг отаси Жамол нонвой ва онаси Меҳринисо ая бӯлишган. Ӯлмас Жамолнинг болалик йиллари Ӯзбекистонда, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ӯтган. Бошланғич синфда ӯқиб юрган йиллари Ӯлмас Жамоллар оиласи Тожикистонга, Душанбе шаҳрига кӯчиб келган. У мактабдан сӯнг Тожикистон Давлат университетининг тарих-филология бӯлимини битирган. Узоқ йиллар Тожикистондаги етакчи ӯзбек газетаси «Совет Тожикистони», ҳозирги «Халқ овози» газетасида ишлаган. Шеъриятга ошно бӯлган нонвой отаси таъсирида болалик йилларидаёқ шеър ёза бошлаган. Дастлабки шеърлар тӯплами - «Меҳр булоғи» шоирнинг 25 ёшлигида нашр этилган. Шундан кейин ӯнлаб китоблари Душанбе ва Тошкентдаги нашриётларда чоп этилган.
У ӯзбек адабиётида ғазал жанрини қайтадан жонлантирган шоирлардан ҳисобланади. Шоир шеърлари билан Фахриддин Умаров, Камолиддин Раҳимов, Жӯрабек Муродов, Жӯрабек Набиев, Ӯринбек Ҳамдамов, Озодбек Назарбеков каби машҳур ҳофизлар қӯшиқлар ижро этишган.
Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи аъзоси Ӯлмас Жамол шу Иттифоқнинг ӯзбек бӯлимига узоқ йиллар давомида бошчилик қилиб келди. Ёш ижодкорлар асарларини нашр этишга ёрдам берди, ӯнлаб шогирдлар етиштирди.
У Тожикистон Республикаси Рӯдакий номли Давлат мукофоти қӯмитаси аъзоси сифатида фаолият юритди. Ӯлмас Жамол Тожикистонда хизмат кӯрсатган журналист унвони билан тақдирланган. Унга Тожикистон Ҳукуматининг «Дӯстлик» ордени берилган.
Ўзбекистон халқ шоири - Эркин Воҳидов Ўлмас Жамол борасида шундай деганди:
«Ҳеч эсимдан чиқмайди, улуғ устозимиз Ғафур Ғулом билан Душанбеда сафарда бўлганимизда бир адабий кечамиз бўлиб ўтган эди. Ўшанда тожикистонлик бир неча ёш шоир ҳам иштирок этган эди. Ўлмас Жамол уларнинг етакчиси эди. Ғафур Ғулом ёш шоирларнинг шеърларини тинглаб, бошларини силаб, кўнгилларини кўтариб, меҳрибонлик кўрсатганига ўзим гувоҳман. Ўлмас Жамолнинг шеъриятидаги нафосат, дилбарлик ёнига донишмандлик қўшилди. Инсоний дард, инсонпарварлик, гуманистик йўналиш пайдо бўлди. Ҳозир у маҳоратнинг чўққисида турибди. Бизга тенгдош бўлган шоирлар орасида Ӯлмас Жамол каби арузда ижод қилганлари жуда кам».
Тожикистонда яшаб, ўзбек тилида ижод қилган Ўлмас Жамолнинг «Икки тилли бир халқ васфига» номли мухаммаси мана, чорак асрдирки икки халқ дўстлигини тараннум этувчи шеърлар ичида ҳамон энг юқори чўққини эгаллаб турибди.
Ўлмас Жамол одамийлик бобида ҳам барчамизга ўрнак бўларли фазилатлар соҳиби эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, 2002 йилда «Руҳим ранглари» китобим у киши ёзган сўзбоши билан босилиб чиққан, «Халқ овози» газетаси таҳририятда китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Ўшанда Устоз ўзлари ош дамлаб бериб, менга қараб «бир пайтлар менга Чустий домла шундай мурувват кўрсатган эдилар, энди мен ҳам қарзимни узишим керак» деган эди.
Ўлмас Жамол тўрт девон соҳиби бўлган шоирдир. "Сурур", "Масрур", "Манзур" ва ниҳоят, тўртинчи - "Маъмур" девони чоп юзини кўрган.
“Адиб” нашриёти шоир ҳақидаги “Икки чаман булбули” китобидан айрим парчаларни келтириб ўтсак.
Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири
ЭЛЛИК ЙИЛЛИК ДЎСТ
Ўтган асрнинг 50-60 йилларида адабиётга кириб келган шоирлар орасида Ўлмас Жамолнинг алоҳида ўрни бор, ҳеч кимга ўхшамайдиган овози бор.
Бир ажойиб нафосат, дилбарлик шаббодаси унинг шеъриятидан эсиб туради. Одамларда бир гап борки, бирор инсон ҳақида гап кетганда, “Мен у билан қирқ йиллик қадрдонман”, дейишади.
Ўйлаб қарасам, мен Ўлмас Жамол билан эллик йиллик қадрдон эканман.
Бизнинг ёшлигимиз кўп шеърий анжуманларда, сафарларда, тонготар шеърхонликларда ўтган.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, улуғ устозимиз Ғафур Ғулом билан Душанбега сафарда бўлганимизда, бир адабий кечамиз бўлиб ўтган эди. Ўшанда тожикистонлик бир неча ёш шоирлар ҳам иштирок этишган эди. Ўлмас Жамол уларнинг етакчиси эди.
Ғафур Ғулом уларнинг ижодини тинглаб, бошларини силаб, кўнгилларини кўтариб, меҳрибонлик кўрсатганлигига ўзим гувоҳман. Ўлмас Жамолнинг шеъриятидаги нафосат, дилбарлик ёнига донишмандлик қўшилди. Инсоний дард, инсонпарварлик, гуманистик йўналиш пайдо бўлди. Ҳозир у маҳоратнинг чўққисида турибди.
Бизга тенгдош бўлган шоирлар орасида арузда ижод қилганлари жуда кам. Арузда Саъдийлар, Ҳофизлар ижод қилган. Аруз - ишланган, шу билан биргаликда мураккаб вазн.
Жуда кўп шоирларимиз икки тилда ижод қилганлар, ҳам форсий, ҳам туркий тилда. Ҳазрат Навоий шундай икки тилда ижод қилган зуллисонайн шоирдирлар. Ўзбек ва тожик тилларида ижод қилувчилардан биттаси Ўлмас Жамолдир. Унинг шеърлари оҳанги билан қўшиқ бўлиб дунёга келади. Шунинг учун кўзга кўринган ҳофизлар томонидан қўшиқ бўлиб ижро этилган.
Бундай инсонлар, бундай шоирлар, бундай арбоблар икки қардош халқ бир-бирига жигар бўлган, бир-бирига қадрдон, қадимдан бир-бирига жондош ва ёндош бўлган халқлар ўртасидаги кўприк ҳисобланади.
Мен дўстимга ижодий ютуқлар тилайман, ғайрат тилайман. Шеърият, адабиёт шундай бир ҳунарки, йил ўтган сари, маҳоратга маҳорат қўшилиб, юракнинг ифода майдони янада кенгайиб бораверади. Шунинг учун ёш ўтиб, шоир юрагининг ҳарорати пасайиб, қўри ўчмайди. Шоир кўзи очиқ экан, тирик экан, у ижод қилади. Унга йиллар фақатгина донишмандлик қўшади, юксак маҳорат қўшади ва халққа яқинликни қўшиб боради.
Мен Ўлмас Жамолга улуғ ёшларни кўришни тилайман. Мана шу икки халқ фарзанди бўлиб, эркаси бўлиб, ўртадаги олтин кўпригимиз бўлиб, дўстимнинг узоқ йиллар омон бўлишини тилайман.
***
Абдулла ОРИПОВ, Ўзбекистон қаҳрамони,
Ўзбекистон халқ шоири
СИЗНИНГ БОРИНГИЗГА ШУКУР
Ўтган асрнинг 60-йилларида биз билган муҳитда, биз билган адабиётларда янги нафас пайдо бўла бошлади.
Унгача давом этган бирхиллик, фақатгина замонасозлик, фақатгина ғоябозлик ўрнига, аста-секин инсон қалбини тасвирлаш, инсон орзу-умидларини лирик талқинларда ифода қилиш имконияти пайдо бўлди. Ўша даврда шаклланган шоир, адиблар ҳам, мана, ёшлари 80 га етиб, балким ундан ошиб бораётир. Мен уларнинг барчасига соғлик-саломатлик, умргузаронлик тилайман.
Жумладан, ўзбек адабиётимизда ҳам ўша йилларда прозада бўлмасин, поэзияда бўлмасин, янги куртаклар барг ёза бошладилар. Улар, албатта, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолди, демоқчи эмасмиз. Улар кўп асрлик қадимий адабиётимизнинг гулшанида, заминида униб ўсдилар. Балким унутилишга маҳкум этилган, лекин унутилмаган анъаналарни ёддан чиқармадилар. Улар яна қайта куртак ёйдилар.
Ана шу адиблар сафида атоқли шоиримиз Ўлмас Жамол турадилар. Ўша йилларни агар мен эслайдиган бўлсам, бизнинг ёшимизда кичик фарқ бўлиши мумкин, лекин адабий доираларда ёш, умидли шоирлар деган номда юрар эдик. Ана шу сафда Эркин Воҳидов, Жамол Камол ва бошқа кўпгина яхши шоирларимиз қаторида Ўлмас Жамол энг пешқадамларидан бири эдилар. Бизнинг шарқ шеъриятимизнинг жаҳон шеъриятида айрича шаклу шамойили, айрича насибаси, айрича фазилати, айрича жамоли бор. У ҳам бўлса, қадимий аруз, ғазал анъаналари билан боғлиқ. Узоқ даврлар бу муҳташам ва обрўли вазн, негадир,минбарлардан нарироққа суриб қўйилган вақтлар ҳам бўлган эди.
Шунга қарамасдан, кейинги аср охирида жуда катта эркинлик, катта имкониятлар туфайли ёзувчилар, шиорларнинг қўлларидаги кишанлар ечилиб кетди. Қайнайман деб турган қозон баралла қайнади. Беркитилиб турган чашма-булоқлар қайтадан мавж ура бошлади. Ана шундай даврда бизнинг адабиётимизнинг, айниқса, классик шеъриятимизнинг мулкини кўз қорачиғидай асраб, унга чин дилдан бебаҳо ҳисса қўша олган шоирлар кўп деб бўлмайди. Албатта, ҳар ким қўлидан келгунича, бақадри имкон ёзади, бунга ҳеч кимни маломат қилиш мумкин эмас ва лекин табиат, Парвардигор ато этган уқув, илҳом, истеъдод ва қобилиятлар, албатта, мавжудки, у ўзини ҳар қандай шароитда ҳам намоён қила олади.
Шу боисдан биз, мана, неча-неча ўн йиллардан буён қаерда истиқомат қилмайлик, қаерда яшамайлик, бир-биримизнинг ижодимизни соғиниб, бир-биримизни йўқлаб келмоқдамиз. Наинки биз, балки кенг китобхонлар, жуда кўпдан-кўп ғазалхонлар.
Мен кўпгина давраларда, машваратларда, атоқли ҳофизлар ижро этган ғазалларнинг кўпчилигининг муаллифи Ўлмас Жамол эканлигини эшитиб, билиб, ниҳоятда фахрланаман, қувонаман. Шунда дарҳол ўрнимдан туриб иложи бўлса-ю Ўлмас акамни топиб бир қўлларини сиқиб бағирлашсак, деб орзу қиламан. Бу имконият гоҳида насиб этади, гоҳида насиб этмайди. Лекин гап фақатгина бунда эмас.
Ўлмас Жамол ўзларини исмларига муносиб равишдаги шеърият яратиб турибдилар, яъни ўлмас шеърият. Мен бунга аминман. Бунинг сабаби, илк сабаби шундан иборатки, сўзни сафга тизиб, тўртта қофияга бўйсундурган билан у ҳали ҳақиқий шеърият бўлмайди, буни ҳамма билади ва минглаб, миллионлаб сатрлар мумтоз сатрлар барпо бўлган бу шеърият мулкида из қолдириш, эсда қоларли бир иш қилиш ниҳоятда мушкулдир.
Шу маънода Ўлмас Жамол кўпчиликка ибрат бўлгулик, балким мактаб бўлгулик бир шеърий дорилфунун яратиб ўтирибдилар. Бу фазилатлари фақатгина бадиий маҳорат туфайлигина десак, ҳали оз бўлади. Шоирнинг қалбида нима кечса, онги, тафаккури қанчалик тоза ва теран бўлса, унинг шеъриятига ўша фазилатлари сўзсиз кўчади. Шунинг учун биз Ўлмас Жамол шеъриятига қараганимизда, ўқиганимизда бир беғубор юракнинг уришини эшитиб турамиз. Бу ерда фақат яхшиликни тилайдиган, катта-ю кичикка баробар, ниҳоятда самимий мутойиба ҳам бор, ўйчанлик ҳам мавжуд бир шеъриятдир.
Мен бу шеъриятни доимо қадрлаб келганман. Айниқса, Ўлмас Жамолнинг ўзларини, ҳурматларини ниҳоятда юксак тутаман. Биз, мана, кейинги бора Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида кўришганимизда: “Ўлмас ака, бир келибсиз, энди тез-тез кўришиб турсак, бир-икки кун қолинг, бир пиёла чой ичайлик биргалашиб…” десам, ўзларига хос жуда самимият билан: “Раҳмат, энди ота-бобомнинг юртида, Ургутда мени кутиб туришибди, вақтим зиқроқ эди. Қариндош-уруғларимни бир зиёрат этай..” деб қанот боғлаб турдилар. Булар ҳаммаси ҳаётдаги бир қараганда, оддий, ҳар кун учрайдиган воқеага ўхшайди, лекин бу талотумли, тинчимас, ғалвали дунёда шоирнинг вақти, фурсати баъзан ўзига боғлиқ бўлмайди. Буни унутмаслигимиз керак. Демак, биз қаерда бўлмайлик, ота-боболаримиздан қолган шу қаламни туғ каби кўтариб, ота-боболаримиздан қолган шу оппоқ, тоза қоғозни доимо покиза тутиб ва доимо қаршимизда бизни баҳолайдиган китобхонлар ва энг катта синовчи вақт борлигини унутмай яшашимиз керак.
Мана, Ўлмас Жамол кўплаб девон тузибдилар. Мен шу ўринда айтмоқчиманки, девон тузиш, бу ҳаммага маълум, ҳар бир шоирга насиб қилган эмас. Ҳозирги замонда ҳам, ўтган даврларда ҳам бу девонлар ўз-ўзидан нашр ҳам бўлиб қолавермайди, бундан кўз юммаслик керак. Бозор иқтисодиёти каби муаммолар ёзувчининг қаршисидан чиқиб туради. Бу бутун дунёда бор гап. Шундай шароитда шоирнинг наинки шеърини ўқиб, балки тушуниб, унга кўмак бериб келаётган инсонлар, яхшиямки, бу дунёда бор. Мен уларга чин дилдан раҳмат, дейман.
Кўп давраларда устозингиз ким, деб сўрашади. Мен айтмоқчиманки, биринчи устоз бу – китоб. Аввалги вақтларда китобни хаттотлар оққа кўчиришган. Ҳозирги даврда китоблар минглаб нусхаларда чоп бўлиб, кўплаб ўқувчилар қўлига етиб боради. Шунинг учун китобларга ҳомийлик қилиш жуда савобли иш.
Мен яна бир карра атоқли шоиримиз Ўлмас Жамолга Тошкентдан, Ўзбекистондан туриб, ўзимнинг эҳтиромимни айтаман, йўллайман ва, Ўлмас ака, сизнинг борингизга шукр, дейман.
Биз сиздек катта шоир билан ҳамнафас бўлиб даврон суриб юрганимиздан фахрланамиз, дейман.
***
Ӯлмас Жамолнинг ӯша саксон йиллиги тантанасида Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи раҳбари шоирнинг ҳар қандай юксак мукофотга арзирли эканлигини, уни тақдирлаш борасида мамлакат ҳукуматига мурожаат этилганини айтганди.
Орадан йиллар ӯтди. Бу мукофотдан дарак бӯлмади. Балки мукофот берилар, лекин ӯзининг мукофот деб шеър ёзмаганини бот-бот айтиб турган ижодкор уни кӯрмай кетди.
Тожикистонлик машҳур ӯзбек шоири Ӯлмас Жамол 2017 йилнинг 27 Июнь куни 83 ёшида Душанбе шаҳрида дунёдан ӯтган.
Устоз ҳақидаги хотираларимни «Юракнинг маҳзун тунлари» деб номланган шеърий тўпламимдаги шеърим билан якунламоқчиман.
Устозим Ўлмас Жамолга
Азиз элнинг қадр топган ўғлонисиз, азиз устоз,
Одамийлик бўстонининг боғбонисиз, азиз устоз.
Дилингиздан таралгайдир маърифатнинг шуълалари,
Нафис назмий салтанатнинг султонисиз, азиз устоз.
Истагимдир яна йиллар шу гулшанда жавлон уринг,
Девонлардан кўнгилларга бузиб бўлмас кўприк қуринг.
Ширин ҳаёт «Сурур»идан доим «Масрур» бўлиб юринг,
Сиз миллатнинг ифтихори ва шонисиз, азиз устоз.