ЎЗБЕК САНЪАТИ ВА ДУБЛЯЖ СОҲАСИНИНГ АРСЛОНИ
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли актёр ва дубляж устаси Ҳошим Арслонов 29 Май куни оламдан кўз юмди. Ўзбек театр ва кино санъати, дубляж соҳаси оғир жудоликка учради! У юқрида санаб ўтилган соҳаларнинг чинакам арслони, дубляж дарғаларидан бири эди.
Ҳошим Арслонов 1956 йил 1 Август куни Чуст шаҳрида туғилган. 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тугатган. 1977 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистон Давлат драма театрида фаолият юритган. Спектаклларда, фильм ва сериалларда кўплаб турли-туман ролларни ижро этган. "Уйғониш", "Марғиёна", "Отамдан қолган далалар", "Алпомиш", "Хўжа Насриддин: ўйин бошланди", "Апрель-Май", "Чавандоз", "Сўзсиз севги", "Динозавр қолдирган из", "Ёрим-беозорим", "Ҳақиқат куни", "Қасос", "Менинг акам бўйдоқ", "Сўнгги қўнғироқ", "Сингилгинам", "Хиёнат", "Энди дадам бўйдоқ", "Ижарачилар" кабилар шулар жумласидандир. Дубляж соҳасига салмоқли улуш қўшган. Италиянинг Искя шаҳридаги халқаро кинофестивальда "Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон" фильмидаги роли учун ғолибликни қўлга киритган ва совриндор бўлган. Ўтган йили 25 Ноябрь - Ўзбекистон халқ артисти - Ҳожиакбар Нурматов таваллуд топган куни “Зафаршон” ресторанидан “Miracle” студиясини очиб, унга таниқли дубляж усталарини жалб қилиш ва дубляж мактабига маҳоратли актёр ва актрисаларни жалб қилишни мақсад қилиб қўйганди. Шунга кўра, 10 Декабрь куни танлов эълон қилинган ва дубляжда ўқиш ва иштирок этиш имкони шарти билан бир нечта истеъдодлар саралаб олинганди. Бу орада Ҳошим Арслонов рафиқаси – Мавлуда Арслонова билан Умра сафарига кетиб қолишди. Қайтишганларида карантин туфайли дубляж мактаби ўз фаолиятини юрита олмади ва бу орзу армонлигича қолиб кетди...
Умр йўлдоши – Мавлуда Арслонова узоқ йиллар мобайнида “Ватанпарвар” газетасида фаолият юритган. Тўртта фарзанди бор. Энг каттаси Жамшид “Сардор” сериалида ўйнаган, ҳозирда тадбиркор. Кейингиси - қизи Дилафруз. У ҳисобчи. Бобуржон "Ўзбекфильм"да ишлайди. Кўплаб фильм ва сериалларда роллар ўйнамоқда. Жавоҳир Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Шайхонтоҳур тумани кенгаши раиси вазифасидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари, ижтимоий-ҳуқуқий ва саломатлик масалалари комплекси раҳбари лавозимига тайинланган. 7 та набираси бор.
Ҳошим Арслоновнинг вафоти муносабати билан уни яқиндан таниган ҳамкасблари ва талабалик даврларида бирга ўқиган курсдошларининг хотираларини эътиборингизга ҳавола этсак.
Элёр Носиров – Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Давлат драма театри ва кино актёри:
“Очиғини айтсам, кейинги уч-тўрт ой мен учун жуда оғир келди. Мен Ҳошимжонни биринчи курсдалигида-ёқ танирдим. 1973 йилда ўқишга кирган бўлса, ўша пайтдан бери Маҳмуджон Исмоилов билан иккаласи қалин дўст эди. Иккисининг ҳам бўйлари баланд, келишган йигитлар эди. Ўша даврлардан буён деярли бирга эдик. Тақдир тақозоси экан, театрда ҳам ҳамкасб бўлдик. Ҳошимжон шарқона тарбия кўрган, аммо бироз европалашган замонавий йигит эди. Сабаби – рус мактабида ўқиган. Мен ҳам рус мактабини битирганман. Фикрларимиз уйғун эди, европа адабиёти ва санъатидан бохабарлигимиз кабиларда яқин ва ўхшаш жиҳатларимиз кўп эди. Гастрол сафарларига бирга борган кезларимиз ҳамхона бўлганмиз. Ҳошимжонни бир сўз билан таърифлайдиган бўлсам: Ҳошимжон ҳақиқий Водийнинг йигити эди! Водий деганимизда биз – самимий, қўли очиқ, ҳазилкаш, бағри кенг инсонлар деб тушунамиз. Аскиялар ва миллий қўшиқларимиз макони. Водийликлар ўзига хос тарзда ош тайёрлашга ҳам уста эканликлари билан ажралиб туришади. Водийда ош пиширишни билмайдиган йигитнинг ўзи бўлмаса керак. Меҳмондўстлик каби фазилат Ҳошимжонга хос эди. Ҳошимжоннинг ўспиринлик даврлари Тошкентда ўтди. 12 ёшидан Тошкентга келиб, Спорт мактабида ўқиган. Кейин унда санъатга меҳр уйғонган. Институтга ўқишга кирган, барваста, чиройли йигит эди. Тенгдошлари орасида биринчи уйланганлардан бири – Ҳошимжон эди. Ҳаётида яхши, ўзига муносиб умр йўлдош учради. Мавлудахон келинимизнинг умрлари узоқ бўлсин, Бекободлик, Ҳошимжон эса Чустдан. Тақдир уларни Тошкентда учраштирди. Улар оила қуриб, тўрт фарзандни дунёга келтиришди ва оёққа турғазишди. Уч ўғил бир қизни тарбиялаб, вояга етказишди. Ҳаммасига ўзининг меҳнати орқали эришди. Ҳеч кимга муҳтож бўлмади. Театрда топган-тутганимиз кўп эмасди. Тўйларга ҳам кўп чиқмасдик ўша пайтларда. Аҳён-аҳёнда мажбур бўлган пайтларимиз чиққанмиз. Кўп ҳолларда раҳбарларнинг ўзлари бизни тўйларга олиб боришарди. Мажбур эдик, аммо асосий ишимиз театр даргоҳида бўларди. Дунёқарашларимиз, ишга бўлган муносабатимиз бир хил эди. 1987 йилдан буён Ҳошимжон билан қарийб 30 йил давомида бирга ишладик. Театрда Ҳошимжон кўп ишлар қилди. Унинг актёрлик маҳорати, сабр-тоқати, ишга чанқоқлиги, тиришқоқлигини эътироф этишимиз жоиз. У ўз ишини жону дилидан ортиқ яхши кўрарди! Ҳозир мен ўтган замонда гапираяпман... кўрарди дейиш менга сал оғир бўлаяпти ҳозир... Энди бунга кўникишим керак, ҳаёт шунақа бешафқат экан, ўлим ҳаммамизнинг бошимизда бор. Кимнинг ҳам хаёлига келибди орадан йиллар ўтиб дўстимни сўнгги манзилга кузатиш... Менинг етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Уч кун олдин телефонда гаплашгандик. Қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳволини сўраганимда, “Яхшиман, ака”, - деди ҳорғин ва хаста овозда. Ҳошимжон шу қадар маданиятли инсон эдики, менга “ака” деб мурожаат қиларди. Бўлмаса, орамизда шу тафовути унчалик катта эмас, атиги 3 ёш кичик эди мендан. Яқин инсонларини, шу жумладан мени ҳам ҳурматимизни жойига қўядиган танти йигит эди. Шунча йиллар бирга ўқиб, ишлаб, гастролларда бирга бўлиб, сен-менга бориб, жанжаллашмаганмиз. Бу ёлғон гап эмас! Сира аразлашиб, гап талашган пайтларимиз бўлмаган! Иш юзасидан тортишган, баҳслашган кезларимиз бўлган, албатта, аммо булар ишга алоқадор бўлиб, яна орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, бир биримиз билан яна апоқ-чапоқ бўлиб кулишиб кетаверардик. Унинг уйи ҳамиша меҳмонлар билан гавжум бўлгани сабабли, ҳазиллашиб уйини “Каптархона” деб атардим. Қачон уйига борсам, доим меҳмонлари бўларди. Ишга ҳамиша масъулият билан ёндошиб, бошқалардан ҳам шуни талаб қиларди. Ўз ишига енгил-елпи қарайдиган, вақтида айтилган суратга олиш майдонига келмай, куттирадиганлар, дубляжда адабий тил меъёрларига риоя қилмайдиганларга нисбатан беаёв эди. Бир сўзлилик, ҳақиқатпарварлик сингари хислатлари мужассамлашганди.
Ҳошимжон дўстлари учун ҳамиша ёрдамга шай чинакам дўст эди. Ана шундай содиқ дўстимдан айрилдим. Минг афсус... Худо раҳмат қилсин. Оиласига, хусусан, аёли – Мавлудахонга узоқ умр, фарзандларига сабр тилайман”.
Маҳмуд Исмоилов – Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актёри:
“Ҳошим билан қалин ва аҳил дўст бўлганимизни Ўзбекистондаги барча санъат аҳли жуда яхши билишади. Жудаям ажойиб инсон эди у. Ҳеч кимга ўхшамасди. 1972 йил ўқишга кирганда, бир-биримиз билан тезда яқин, дўстона муносабатда бўлиб қолгандик. Ҳошим Арслонов, Матёқуб Матжонов, Адҳам Юнусов, радиода узоқ йиллар режиссёр ҳамда сухандон бўлиб ишлаган - Воҳид Дўстмуҳамедов, Саиджон Ғуломов, Ҳабибулла Ҳакимов сингари истеъдодли инсонлардан ташкил топганди курсдошларимиз. Профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Арсен Исмоиловни биринчи кундузги курси бўлганмиз. Машғулотлар даврида бир-биримиз билан янада аҳил бўлганмиз. Шу тарзда Ҳошим билан жуда қалин, иноқ ўртоқ бўлдик. Очиқкўнгиллиги, ўқишга бўлган иштиёқи, санъатни жуда яхши кўриши билан меҳримизни қозонганди. Ўқиш жойидан ётоқхона берилгунга қадар ижарада турган кезлари, отамга у ҳақда айтганимда, отам раҳматли: “мусофирчиликда бошпана бериш савоб, майли, келаверсин” дегандилар. Ҳошим шу орада бизникида яшади. Ётоқхона олгунга қадар бирга турдик. Иккимиз ажралмас дўст эдик. Ҳатто кийинишларимиз ҳам бир хил эди. Ўқишда жуда фаол эди. Спортни ҳам яхши кўрардик. Баскетбол ўйнардик. Бу давр оралиғида у Мавлудага кўнгил қўйди ва уларнинг тўйи бўлиб ўтди. Ўқишни тугатганимиздан кейин Ғайбулло Ҳожиев, Матёқуб Матжонов, мен, Ҳошим Арслонов, Шоҳиста Иноғомовани Бахтиёр Ихтиёров “Мени театримда ишлайсизлар, менга сизга ўхшаган ёш, баланд бўйли, ғайрат ва шижоатли ёшлар керак”, деб ҳозирги Ўзбекистон Давлат драма театрига ишга олганди. Бошида бироз қийинчиликлар бўлганди. 5 йил институтда таҳсил олган бўлсак, 5 йил Ҳамза театрининг оммавий саҳналарида қатнашиб турардик. Театр у пайтларда Ёшлар театри бўлгани сабабли, Бахтиёр Ихтиёров бизга ёшларбоп спектаклларда роль бера бошлади. Театримиз катта бир оилага ўхшарди. Жуда аҳил жамоа эдик. Бу орада бизни ҳарбий хизматга жўнатишди, аммо Ҳошим оилали бўлгани туфайли, ҳарбий хизматдан озод қилинганди. Бир ярим йилдан сўнг яна театрга қайтганимизда, Ҳошим театрда анча мунча роллар ижро этиб, ўз истеъдодини намоён қила олган экан. У рус тилида ўқигани сабабли, тил устида кўп ишларди ва адабий тилда, равон нутқда сўзлашиш борасида тинимсиз машқ қиларди. Ҳошимнинг театрдаги роллари ижроси ҳақида гапирсам, у ўз роли устида қаттиқ ишлар ва юракдан ижро этишга интиларди. Орада, мен бошқа театрга ишга ўтиб кетдим. Кейинчалик у театрни айрим сабабларга кўра тарк этишга мажбур бўлди ва театрдан кетиши унга қаттиқ таъсир қилди. Аммо у ғам-ташвишларини ичига ютарди, ҳеч кимга дардини сездирмасликка уринарди. Агар китоб ёзиш имконим бўлганда, Ҳошим Арслонов, Матёқуб Матжонов, Ҳусан Мусабоев, Карим Мирҳодиев ҳақида ёзардим.”
Мирза Азизов - Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театр директори, театр ва кино актёри, Ўзбекистон халқ артисти, Халқаро Чингиз Айтматов мукофоти совриндори:
“Ҳошим Арслонов – жуда меҳрибон, жонкуяр инсон эдилар. Уйи доимо меҳмонлар билан гавжум меҳмондўст одам эди. Театрни яхши кўрар ва театр учун фидойи, ўзи ишлаган театр билан фахрланарди. Ёшларга қўлидан келган ёрдамини ва маслаҳатларини аямайдиган устоз санъаткор эди. Қалби дарё, жасоратли инсон эди. Мавлуда опам билан баайни Тоҳир-Зуҳродек кўринишарди иккиси. Жуда катта ва оғир йўқотиш бўлди санъат оламида! Илоҳим руҳлари шод, охиратлари обод, жойлари Жаннатда бўлсин!”
Муҳаммадсоли Юсупов – Ўзбекистон халқ артисти, Фарғона вилоят “Ижод” театр студияси раҳбари:
“Ҳошим билан бирга ўқиганмиз. У яхши ижодкорлигидан ташқари, дўстлик, қадрдонлик, одамгарчилик фазилатларини жуда қадрлайдиган чинакам дўстимиз эди. Жуда меҳмондўст инсон эди. Фарғонадан Тошкентга келган пайтларимда албатта менга уйидан жой ажратиб, меҳмон қиларди. Меҳмонхонага бораман, десам, бунга йўл қўймасди. Неча кунга келган бўлсанг, шунча кун бизникида турасан, - дерди. Ҳошим Водий билан Тошкентнинг ўртасидаги кўприк эди. Барча тадбир ва маросимларда қатнашиб, жонбозлик кўрсатадиган фидойи ижодкорлиги билан хотирамизда муҳрланиб қолган. Мана шундай олижаноб дўстимиздан ажралиб қолдик. Курсдошларимиз орасида ҳаёт бўлганларимиз қаттиқ изтиробдамиз. Оллоҳнинг иродаси. Бироқ назаримизда жуда эрта кетгандек. Ҳали унинг қиладиган ишлари, амалга оширадиган режалари бир талай эди! “Мирикл” дубляж студиясини очиб, бу соҳанинг маҳорат мактабини қайтадан тиклаш ниятида эди. Яқиндагина Оллоҳнинг уйи Макка ва Мадинага бориб, барча гуноҳлардан фориғ бўлиб қайтиб келган эди. Оллоҳ Таоло қилган зиёратларини ўз даргоҳида қабул қилган бўлсин. Илоҳим покдомонлик ҳолатида ўзининг ҳузурига чорлади. Охирати обод бўлсин ўртоғимни. Мавлудахон ва болаларига сабр-тоқат тилаб, таъзиямни яна бир бор изҳор қилиб қоламан”.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.
Манба: "Бекажон" газетаси. 2020 йил.