ТАМАРАХОНИМ (1906 - 1991)
Тамарахоним (тахаллуси; асл исми ва фамилияси Тамара Артёмовна Петросян) [1906 йил 16 (29) март куни Марғилонда туғилган – 1991 йил 30 июнь куни Тошкентда вафот этган] — қўшиқчи ва раққоса, балетмейстер, ўзбек профессионал рақси асосчиларидан. Ўзбекистон халқ артисти (1932). Москва театр техникумида ўқиган (1923–24). Ёшлигидан санъатга қизиққан: дастлаб Марғилон, Фарғона аёллари орасида рақсга тушиб, кўшиқ айтган. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комиловлардан ўзбек рақс ҳаракатларини, Ҳамза, Константин Станиславский, Владимир Немирович-Данченко ва бошқалардан қўшиқчилик, актёрлик маҳоратини қунт билан ўрганган. Саҳна фаолиятини 1919 йил Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий труппасида бошлаган. Кейинчалик Юсуфжон кизиқ труппасида ишлаган. 1921–22 йиллар Тошкент рус опера ва балет театрида, 1924 йилдан Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигидаги консерт труппаси (1926 йилдан Ўзбек давлат консерт этнографик ансамбли, 1929 йилдан Ўзбек давлат мусиқали театри)да фаолият кўрсатган. 1925 йил Парижда бўлиб ўтган Жаҳон безак санъати кўргазмасида Муҳиддин Қориёқубов билан биргаликда иштирок этиб, ўзбек санъатини илк бор Европада намойиш этган. Тамарахоним ўзбек лапар ва ялла намуналарини саҳнавий ижро шароитига мослаштириб, янгича ифодавий воситалар (мимика, рақс, диалог ва бошқалар) билан бойитиб, улар негизида бир неча кичик мусикий инссенировкаларни яратди, миллий оммабоп (эстрада) санъат ривожига асос солди. Тамарахоним ижросидаги қўшиқ ва лапарлар ("Лолахон", "Қорасоч", "Билагузук", "Ойижон", "Фабриканинг йўлидан", "Қизлар, шитобингиз нима?", "Гулёр", "Етимлар йиғиси", "Туйғуной", "Эрк болалари" ва бошқалар), "Синахирож", "Дилхирож", "Қаринаво", "Усмония" сингари рақслари халққа манзур бўлган.
1925–29 йиллар Андижон, Қўқон, Самарқанд театрларида саҳналаштирилган мусиқали драмаларда Ҳалима (Ф. Зафарий, "Ҳалима"), Ширин (Хуршид, "Фарҳод ва Ширин"), Гулчеҳра (Узеир Ҳожибеков, "Аршин мол олон") сингари ролларни ижро этди. 1929–34 йиллар Самарканддаги Ўзбек давлат мусиқали театри (1931 йил театр Тошкентга кўчирилган)да, 1934–35 йиллар Хоразм театрида ишлади. 1934 йил М. Яновскийнинг "Ференжи" балетида Индра ролини ўйнади. Ўзи ташкил қилишда қатнашган республика балет мактаби 1935–47 йиллар Тамарахоним номи билан юритилган. 1935 йил Лондонда бўлиб ўтган биринчи халқаро халқ рақси ва мусиқа санъати фестивалида (Уста Олим Комилов, Тўхтасин Жалилов, Абдуқодир Исмоиловлар билан) қатнашиб олтин медал олишга сазовор бўлган. 1937 йил Москвада бўлиб ўтган биринчи ўзбек санъати декадасида ҳам иштирок этган. 1936–41 йиллар Ўзбек давлат филармонияси, айни вақтда, Ўзбек давлат мусиқали театри (1939 йилдан Ўзбек давлат опера ва балет театри)да раққоса ва балетмейстер. 1941–69 йилларда Ўзбек давлат филармониясининг мусиқа ансамблида бадиий раҳбар, балетмейстер ва актриса. Тамарахоним Иккинчи жаҳон уруши йилларида концерт бригадалари билан армия қисмларида хизмат килган. Тамарахоним қайси халқ қўшиқ ва рақсини ижро этмоқчи бўлса, ўша халқнинг тарихи, этнографияси, маҳаллий урф-одатлари, санъати ва маданиятини батафсил ўрганиб, сўнг ижро этган. Унинг ижросида "Эрта билан" (қўқонча), "Яллама ёрим" (марғилонча), "Омонёр" (андижонча), "Фарғонача рақс", "Бухороча рақс", "Мавриги", "Лазги" (хоразмча), "Бибижон" (туркманча), "Янги ой" (мўғулча), "Никоҳ тўйи" (грузинча), "Эшикни қоқма" (озарбайжонча), "Гулизор" (туркча), "Чандо" (индонезча), "Хумор кўзлар", "Бинти шалобия" (арабча), "Бандай тоғи" (японча), "Чўпон рақси", "Торази" (корейсча), "Ширин забон" (афғонча), "Нилуфар" (ҳиндча), "Паризодой" (қирғизча), "Жўра жоним" (тожикча), "Гармончи" (татарча), "Ой да Галя и Султан" (украинча) каби 500 дан ортиқ қўшиқ ва рақслар 86 тилда янграган. У устози Уста Олим Комилов билан кўплаб ўзбек халқ рақсларини саҳналаштириб, ўзига хос (аёллар ва эркаклар рақси ҳаракатларини мужассам этган) услубини яратди, янги замонавий рақслар, театрлашган рақс сюжетларини, янги хореографик композицияларни ("Гул ўйин", "Садр", "Занг", "Пилла", "Кема ўйини" каби) ижод қилди. У ўзбек халқ рақс ҳаракатлари билан Европа мумтоз балет рақслари ҳаракатларини уйғунлаштирувчи дастурлар ("Баҳор", "Наво", "Қизил ва оқ атиргуллар уруши" ва бошқалар) яратган, булар миллий ўзбек балетини юзага келишида, миллий хореографияни ривожлантиришда муҳим омил бўлди. У биринчи ўзбек балетларидан "Гуландом" (Евгений Брусиловский, 1938) либреттосини Уйғун ва М. Яновскийлар билан биргаликда яратган, уни саҳналаштириб, бош ролни ўзи ижро этган. М. Турғунбоева, Г. Раҳимова, Р. Каримова, Г. Маваева, Ҳ. Комилова, И. Окилов, Л. Пепгросова кабилар Тамарахонимнинг шогирдларидир. Тамарахоним Франция, Норвегия, Германия, Италия, Туркия, Эрон, Ҳиндистон каби давлатларда гастрольда бўлган. Тошкент ш. кўчаларидан бири (ўзи яшаган кўча)га Тамарахоним номи берилган. Тошкентда Тамарахоним уй музейи фаолият кўрсатмокда. Вафотидан сўнг "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланган (2001).
Манба: Википедия.