Виктор Мари Ҳуго (Гюго) (1802 – 1885 й.)
Виктор Мари (фр. Victor Marie Hugo) - (1802.26.02. Безансон – 1885.22.05. Париж) – француз адиби, романтизмнинг йирик намояндаси. Дастлабки асари - “Қасидалар” (1821) шеърлар тўплами, “Кромвель” (1827), “Шарқ мавзулари” (1829), “Марион Делорм” (1829), “Эрнани” (1830), “Рюи Близ” (1838) ва бошқа шеърий ва драматик асарларида даврнинг долзарб масалалари акс этган. “Париж ибодатхонаси” (1831) тарихий романи воқеалари ўрта асрда бўлиб ўтади, асарда муҳаббат фожиаси тасвирланади. 1848 йилдаги инқилобни олқишлаган. Луи Бонапартнинг давлат тўнтаришини (1851) қоралаган. Шундан сўнг 18 йил сургунда бўлиб, қатор романлар ёзган. “Пакана Наполеон” (1852), “Хўрланганлар” (1862), “Денгиз заҳматкашлари” (1866), “Кулиб турувчи киши” (1869), “Бир жиноят тарихи” (1877-78) романларини ёзиб, уларда оддий французларнинг оғир ҳаёти ва курашини тасвирлайди. Виктор романларидаги буюк ва олижаноб инсонлар турмушдаги пасткашликлар ва иллатларга қарши курашишади. “Даҳшатли йил” (1872) шеърлар тўплами француз-прусс уруши ва Париж Коммунаси (1871) воқеаларига бағишланган. Сўнгги “93-йил” романи (1874)да инқилобга хайрихоҳлик билан қараган. “Денгиз заҳматкашлари” (1938, 1965), “Хўрланганлар”нинг “Козета” ва “Гаврош” бўлимлари (1952, 1955), “Бюг Жаргал” (1982) Қ. Мирмуҳамедов, Нурбек, Э. Обидов таржимасида ўзбек тилида нашр қилинган, “Кулиб турувчи киши” Навоий театрида саҳналаштирилган (1966).
Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2002 й.