КУНЛАРИМ...
Сулҳида ЁЛҒИЗ
КУНЛАРИМ...
Рауф Парфи билан ёнма-ён... кунларим.
Мен тўққиз ёшлардаги қизалоқ эдим. Отам Нуруллоҳ Жалил (Худо раҳматига олган бўлсин) менга бир суврат кўрсатгандилар. У қандай газета ёки журналда эканлигини ҳозир эслай олмайман. - Мана бу инсонни танияпсанми? Мен елка қисдим... Отам раҳматли ўшанда қаттият билан:
- Рауф Парфи деган буюк шоиримиз мана шу инсон бўладилар, деган эдилар.
1977 йил.
Ҳаётимнинг йигирма еттинчи баҳорида эса тақдир мени улуғ инсон шоирим Рауфимга боғлади...
1991-йил Фарғонада яшаб юрган дамларимда Фарғона вилояти газеталарида шеърий машқларим билан бир қаторда кўплаб мавзуларда мақолаларим босилиб турарди. Фарғоналик Ҳамидулло исмли бир мухбир йигит Тошкентга шоир Рауф Парфи Őзтуркка газетада чиққан бир шеърим ҳамда бир талай шеърий машқларим ва бир дона сувратимни келтириб берган экан. Мен бундан бехабар эдим. 1994-йилнинг охирларида мен Тошкентга, Йўлдош Оҳунбобоев номидаги ёш томошабинлар театрига актриса бўлиб ишга келдим. Ўша йиллари шоир мени ахтариб Фарғонага борган эканлар.
1995-йилда эса бир тасодиф туфайли у улуғ инсон билан бир ошхонада учрашиб қолдим... Шу куни шоир чўнтагидан бир сувратни чиқариб, - Шу сизми?, дедилар. Мен ҳайрон бўлиб қолдим. Менинг сувратим севимли шоиримнинг кўксидан чиқди. Аввалига бу сувратга қаерда , қачон тушганимни эслай олмадим. Шоир сувратимни авайлаб ўраб-чирмаб, бошқача ҳолатга келтириб, меҳр билан асраб юрган эканлар. 《Ҳа, мен 》 ўшаман. Сувратдаги мен ман, дедим. Шоир менинг икки қўлимни кўксиларига олиб бордилар, кўзларида ёшга ўхшаш аччиқ ҳасрат билан: - Сулҳида, сиз менинг инсоним, меники бўлинг, дедилар. Менинг қўлларим шоирнинг кўксидаги томирларга чуқур тегиб турарди. Мен олдимда мастона тебраниб турган оппоқ гуллаган ўрик дарахтига ўхшаб кетадиган одамга қараб ъъмайлиъъ дедим. Оёқ қўлларим жимирлаб вужудимда қандайдир ҳаяжонли ҳислар айланди. Ўз ҳолатимни ўзим тушунмай қолдим...
Шу куни биз катта одам билан Тошкентнинг катта-кичик кўчаларини айланиб кўп юрдик. Шоир бир йўлакда тўхтадилар, ҳали баргларини тўкиб улгурмаган анор дарахтининг уйчага ўхшаш қучоғида мени бағрига олдилар. Ой шуласи шоир юзларига тушиб турарди. Ойга қараб, мени назарда тутиб дедилар:
- Бу кишига энди қийин бўлади-да!
Айтганларидай, бир қийин, бир оғир, шу билан бирга, бир яхши, бир сирли кунларимиз бошланди...
...КУНЛАРИМ
Мен дунёни қайси беланчагидан бу гўсал боғга тушиб қолганимни билмайман. Қанча кун, қанча ой, қанча йилни у улуғ инсон билан ўтказдим билмайман. Менга ёдгор бўлиб бир туҳфа қолди, инсон инсонга зулм қилмаслик мактаби.
Сув Худонинг мўъжизаси. Биргина шу мўжизани қошида бир умр қолиб кетиш мумкин. Сувнинг яралиш асрорини, инсон ҳаётидаги бажарадиган ўрнини, қиёсини тасвирлашга инсоннинг умри етмайди. Мўъжиза! Тамом. Шу жойда тўхташ мумкин холос.
Севги ҳам сувга ўхшайди. Меҳр беришда, покизаликда, сирли мўжизаликда. Ҳа, севги сувга ўхшайди!
...Мана шу 95-йилдан шоир билан жисман боғландим. Бу ҳароратни сўзга кўчириш қийин. Мен телбаларча у кишимга талпинардим. Бошим устидаги оловни, оёғим остидаги жарликни кўрмасдим... Икки оралиқ ичида учиб юрардик. Шоирнинг қўллари қўлимга тегиб кетса ҳам роҳатдан нафас ололмай қолардим. Мен 27-баҳоримда ҳайратли севгининг темир деворига урилдим! Ичимда айтардим,
- Шу эркакни яхши кўриб қолдим.
Ундан жасорат ва меҳрнинг ҳиди келарди. Бирга бўлган кезларимизда бутун дунёдан узилардик, илоҳий ҳолатларни бошимиздан кечирардик. У кишим дердилар:
- Биласизми, мен ҳозир 40 ёшдаман. Мен 40 ёшда тўхтаб қолганман.
- Неча ёшдасиз ўзи?
- Хўп, сиз билан, сиз учун яна 30 йил яшаб берсам бўладими?- дердилар.
Шоирим Рауф Парфи, умр йўлдошим менга беминнат инсонийлик, Меҳр-оқибат мактаби бўлди. Ўз ичидаги борини айтиб, дўст-дўстлашиш қандай бўлишини кўрсатди. Аввалига сочларимдан ўпиб, ўзига ёр этди - мени ўзига мафтун айлади. ...Тирикчиликнинг фоний ва қисқа дунёсига ошиқликни ўргатдилар.
Шундай инсонлар бўлар экан ҳаётинг ичида бир бора урилиб кетсанг бу сирли чақмоқнинг сеҳрли товуши остида қолиб кетар экансан. Ана шундай оҳанграболи зотлардан бўлган шоир Рауф Парфи Őзтурк хотирасини ёд олиш изтиробида бир китоб битишга жазм қилдим. Бу йўлда ёрим Худо. У улуғ инсон мангу уйғоқ қалб эгаси, дўстим, устозим, умрдошим - Рауф хотираси олдида турарканман у покиза зотнинг барча амалларига бул тириклик водийсида бош эгаман. Умрим вафо қилса... Бу китобнинг йўли ойдин бўлур. Хотирамга бази тафсилотлар, воқеалар кирмай қолган бўлса, дўстим мени тушунинг... Бир кун келиб Рауфжоним хотираси учун китоб ёзаман, деб ният қилмаганман... Китобимдаги ъъ бир куниъъ деб бошланадиган варақларга жавоб бераман. Руҳим жизиллаб, қалбимда жавоҳир хотиралар эшиги очилади.
Рауфим қўшиқлар айтишим ва шеър ёзишга бўлган ҳавас ва интилишимни ҳурмат қилардилар. "Ҳайронқуш" номли шеърий тўпламимни нашр этилишини жуда-жуда ҳоҳлагандилар. Шоиримдан: - Менинг илк китобимга ўзингиз сўз боши ёзиб берасизми? - деб сўрадим. Айтдилар: - Менинг ёнингизда яшашим - энг катта сўзбоши эмасми?..
Мен шоир Рауф Парфини қандай бўлса, шундайлигича қабул қилдим, ўзидан, ўзлигидан ташқари ҳеч нарса кутмадим. Сира ҳар-не деб қистамадим... Жуда оғир кунларни биргаликда бошдан кечирдик, улар асосан бошқа инсонларнинг кирдикорлари, ҳатто ҳақоратлари эвазига амалга ошириларди, аммо шунга қарамасдан, биз - Рауф Парфи деган зўр шоир ва унинг умр йўлдоши - Мен ўзимизча бахтиёр эдик ва тақдирга шукрона айтиб яшайверардик.
Бугун мен учун марварид тонг отди. Марварид. Оппоқ тонг . Ёнимда оппоқ, оқ сочли фаришта одамим дунёдан маст ухлайди...
- Сендан нон иси келади. Сен нондай азизимсан. Сендан ер ҳиди келади. Ердай бағринг кенг сенинг. Сенинг сочларингдан гуллаган ўрикзорни ҳиди келади. Сенинг меҳринг мевадор, авайлайсан ҳаммани бирдай. Мен миқ этишга қўрқаман. Сен ухлаяпсан... Нозанин қиздай. Менинг суюклим, менинг буюклим бағримда ухлаяпти... Бағримда ухлаяпти... Бир улкан боғ сарҳуш уйқуда...
1997 йилнинг баҳори.
Мен рахматли Рауфим билан яшаган ҳаётим ичида ичимдаги овозни янада чуқурроқ эшита бошладим. Дунёда бахт бор, севги бор, мухаббат бор. Аммо яна бир туйғу борки, ҳеч биримиз у туйғуни темир сандиқларда сақлаб ёки тиллоларга сотиб ололмаймиз. Инсонда шу туйғу бўлганлиги учун балки осмон билан ер ўз масофасини сақлаб туради.
Мен қисматимдаги товонимга ботган тошдан оҳ демадим, кўкка етган бошимдан чайқалмадим. Ёнимдан кипригимнинг устида маржондек ялтираб оқаётган шодлик дарёсига кўз юмиб, шоирнинг ғамдан кўкариб кетган заъда кўксига яланғоч кирдим, қоп-қора гуллар қўйнида чўмилдим. Оллоҳ менга шундай лаззатни берди. Шовуллаган ошиқона бахт шу эмасми?
***
Хаёлимда сенла паришон,
Узоқ кезиб, жуда толибман.
Оқ сочларинг бағримга босиб,
Тушларимда ўлиб қолибман.
Сулҳида ЁЛҒИЗ
...Кунларим...
Соғинган одамингни кўрмай яшаш осон эмас. Соғинганингни ҳар нафас кўргинг келади. Унинг нафасини ҳис қилгинг келади. - Йиллаб яқинингни кўрмай яшасанг ва бунга кўниксанг, кўника олсанг- бу қайсидур манода жасорат, ҳам, дейишади одамлар... Йўқ, бу оғир. Инсон соғинишдан емирилади, юрак заъда бўлади. Борлиғинг ўзинг билан келишмай қолади... Соғинганлар бир-бирларига яқинроқ бўлганликлари яхши.
Мен Рауфим билан шундай яқин бўлиб қолдим. Танамда бирор касалликдан эмас, жисмимда, қалбимда ҳаяжоннинг зўридан ҳолим оғирлашиб қолаверарди. Шоир билан яшаш (шоирлар билан яшаш) қаттиқ оловда сут қайнатишга ўхшайди. Мен шоирим билан яшаётган вақтимда унинг ҳаётига озгина завқ олиб кира олиш илинжида яшадим. Аммо оғир эди. Унинг азоби ичида мен тирик юрушим керак эди. Мени у билан яшашга , бирга яшашга ушлаб турган туйғу севгидан, муҳаббатдан ҳам баландроқ туйғу бурч, оқибат, меҳр эди.
Бизнинг бахтимиз ёнма-ёнлигимизда эди. Афсус унинг умри тугаб қолди. Мен йиғлашни билмайман. Унинг вафотида бир ёрилиб йиғлашни ҳам иложи бўлмади... Бу дардларим секин-секин пишиб ёрилиб борар. Бўғзимга тиқилган қадоқ ҳеч қачон тинчлик бермайди. Бу аччиқ ҳовур мени нимадир айтишга чақираверади. Мени осмонимда зўр юлдуз қулади. Уни кўргим келади, уни соғинаман, соғинавераман. Худога ҳуш келмайдиган алжирашлар айтавераман. Аммо булар туш эмас ўқувчим.
Севгилим, негадир сизни бугун сенлагим келди. Худога ёлворгандек. Худони ҳам сенлайдилар-ку.
Бир куни Рауфжонимга:
- Рауф ака, нега доим юзингизда қайғунинг сояси тураверади? Ҳатто кулганингизда ҳам, дедим.
- Ичимда бир одам борда. У ичимга ўрнашиб ўтириб олиб, доим йиғлайверади, мен қандай яйрай, дедилар кулиб.
- Ўша одамиз эркак қиёфасидами, ёки аёл кўринишидами?
- Ҳа, дарвоқе. Жинсини сўраяпсизми? Жинси қанақа эканлигини билмайман-у, аммо қиёфаси худди сизга ўхшайди, дедилар. Кейин бир-биримизни қучоқлаб кулдик.
Англадим, Рауфнинг ичидаги одам Рауфнинг ўзи эди. У иккита одам эди. Аммо фикрлари бир эди. Рауф ичи таши бир эркак эди. Мен бу икки инсон билан бирдек келишардим. Уларнинг иккисини ҳам ўзимнинг қалб боғимга мафтун қила билган аёл эдим.
***
Бир куни шоир мени ўзлари туғилиб ўсган Шўралисой қишлоғидаги уйларига олиб бордилар. Ҳовлиларида шоирнинг узоқ бир қариндош жиянлари яшар экан. Улар мени яхши кутиб олишди. Шоир у куни жуда ҳам бошқача эдилар. Менга раҳматли оналари Сакина онанинг кўйлакларини кийдириб қўйдилар. Уйдагилар бизни ёлғиз қолдиришди... Рауф акам менга қараб: - Онажонимнинг кўйлаклари сизга ярашди, дедилар. - Эгнингиздан ечманг, деб, менинг атрофимдан айланиб-айланиб ўтавердилар, минғирлаб қандайдир қўшиқлар айтдилар. Қайси буюмни ушласалар оналарини эслаб гапирардилар. Мени қараб туришимга қараб, - Ундай қилма, ундай қилма, ундай қилма... Онажон! деб қўярдилар. Шоирнинг шарақлаб айтаётган сўзларидан менинг ҳам юрагимдан ҳаяжон сизилиб чиқарди. Менга шоирнинг оналарини ҳаётда кўриш насиб қилмаган бўлсада, мен бугун шу буюк инсонни туққан аёлга руҳан бош эгдим... Шу кунги ҳаяжонимдан ҳосила ўрнида юрагимдаги мана шу сўзларимни Сакина онамга бағишладим.
***
Оҳ Сакина, Сакина онам,
Руҳингни силайди бармоғим юзим.
Безовта жаннатим, келдингми?
Келдингми, айтмаган сўзим, ичмаган тузим.
У кеча ойдин, меҳрга тўла,
Тунадим уйингда, гул шойи кўйлагинг ичинда,
Сенинг қўйнингда.
Таним тегиб турди танингга,
Тафтинг зиёлар сочди.
Ширин дунё, ёрқин дунё
Тилсимларини очди.
Сирга тўлиб кетди бу оқшом,
Бу оқшом сен келдинг қошимга,
Тушларимда олча гулларин
Сочиб кетдинг бошимга.
Йўқ топмадим оёғинг гардин,
Остонангга кўмдим кўзимни...
Тишлари кир ёлғон дунёнинг
Қучоғига бердим ўзимни.
Оҳ Сакина, Сакина онам.
...Кунларим...
2001-йилнинг баҳори. Театрда Ойбарчин ролини ижро этиб юрган йилларим. Ҳар доим томошадан бир кун олдин Ойбарчин тақадиган тақинчоқларни уйга олиб кетардим. Шундай кунларнинг бири эрталаб театрга кетишимдан олдин кўзгуга қараб пардоз қилдимда Ойбарчинни тақинчоқларини тақиб, ўзимча қулоқларимда катта-катта балдоқларни шақиллатиб монологимни қайтараётгандим Рауф акам остонада менга қулоқ солиб турган эканлар. Мен тўхтаганимдан кейин шоир Рауф Парфи қўлларини баландга кўтариб, худди саҳнадаги актёрга ўхшаб, менинг оҳангимда, менга қараб шуҳндай дедилар: - Қани, энди, Ойбарчиной, Алпомишнинг "гадой тўрваси"ни олиб берсалар, Алпомиш бир чиқиб келсалар, деб, қўлларини кўксиларига қўйиб мени олдимга келдилар. Шоир билан иккимиз бошимизни бошимизга қўйиб кулдик. Кейин эскириб қолган салафан сўмкада жойлашган, тирикчилигимиз учун сотмоқчи бўлган китобларини олиб чиқиб кетдилар. Агар шоир Рауф Парфи ҳаёти ҳақида бирор гўзал асар ёзилса ва Рауф акамни ички дунёосини, қиёфасини очиш учун актёр танланса (Худо кечирсин) бу образни Рауфни ўзи ҳам ўзини ўзидек қилиб ижро эта олмас эди. Чунки у зотнинг ҳар бир сўзлари, ҳар бир ҳаракатлари қайтарилмас санъат эди...
...Кунларим...
2002-йилда Художоним бизга фарзанд берди. Рауф акам қизалоғимизга раҳматлик оналарини исмларини қўйдилар - Сакина деб...
Аммо қувончимиз кўпга бормади. Сакинахоним - жаннатимиз 14 кунгина умр кўрдилар.
Ўша кундан бошлаб шоир мени "ая" деб чақирадиган бўлди. Ҳар "ая" деганларида бир қалқиб кетардим. Ҳар-ҳар замонда тишларини ғижирлатиб: - Оллоҳ берди-ю, асрай олмадик!.. - деб юрагимни эзиб қўярдилар. Фарзандимиз нобуд бўлган куни у кишим кўксимга бошларини уриб-уриб, элак-элак бўлиб йиғладилар. Кейин елкамдан ушлаб, тортиб-тортиб силтадилар-да: - Сен нега йиғламайсан? Ёки ўзинг?.. - дедилар. Мен тош эдим. Ҳаёлим ўзимдан чиқиб кетди. Энгашиб шоирнинг оёқларига суяниб қолдим. Титраётган тиззаларига бошимни уриб-уриб, маҳкам қучоқлаб олдим-да:
- Бундай ёмон йиғламанг, Рауф ака! Бундай оғир йиғламанг!.. Болангиз ўлиб қолган бўлса, мен эртага сизга яна туғиб бераман!..
Рауф акам мени силтаб-силтаб, қучоғимдан чиқиб кетиб, дедилар:
- Нима? Нима деяпсиз? Яна тупроққа кўмиб келиш учунми?..
Мен эмаклаб қолдим... Кимнингдир кўксига бош қўйиб йиғлагим келди. Шоирни юпатишга ҳам ожиз эдим. " Бу Рауф - девона, тош" деган сўз келди ҳаёлимга. Икки қора кўз болам - Севара ва Рамзиддинлар ҳали гап нимада эканлигини билишмасди. Менга мунғайиб термилишарди. Кўзларимдан чиқмаган, бўгзимга тиқилиб қолган йиғи, кўз ёш гўё бир тош эди, аччиқ қисматимга отилган тош эди...
...Кунларим...
2005 - йил. Март ойининг бошлари эди. Мен ҳозир Рауфим билан кечган сўнги кунларим, адоқсиз ҳасратларимни сиз билан бўлишмоқчиман... Шоирнинг сўнги кунлари. Улар ҳайратли, қорқинчли қайғули ҳамда кутилмаган шодликлари алдамчи кунлар бўлди. Менга сўнги кунлар дейишнинг ўзи оғир.
2004 - йилнинг сентябрь ойидан кейин Рауфим кам ҳаракат қиладиган бўлиб, ҳолсизлана бошладилар. Кўчаларга чиқишни ҳам ҳоҳламай қолдилар. Жисми - жонлари оғриб, совқотаётганларидан шикоят қила бошладилар. Кўп ухлайдиган одат чиқардилар.
Бир куни... 2005 - йил март ойининг бошлари эди. У кишини дераза ёнига олиб бордим. Қучоғимда титраб маълум вақт маъносиз деразадан ташқарига қараб турдилар... Мен қучоқларидан секин чиқдимда, шоирдан атиги уч-тўрт қадам узоқроққа бориб: - Рауф ака, қани энди ўсингиз юриб кўринг-чи! Озгина ҳаракат қилсангиз, қонларингиз юришиб кетади!.. Рауф акам менга қараб маъюс кулдилар.
- Яна озгина чиданг... Ўзи оз қолди...
Бошимга дунё ағдарилиб тушгандай бўлди. Чопиб бориб, қурқшаб қолган қучоққа ўзимни отдим. - Ундай деманг, нима озгина?..
Шоир иккимиз қучоқлашиб, битта-битта қадам босиб, бир умрга сафарга чиққан одамлардай, устоз ётган тўшакка зўрға етиб келдик...
Касалхонага боришга, шифокор чақиришга розилик бермадилар. Кўчага чиқаётганимда жавдираб илтимос қилардилар: - Менга ҳеч ким керак эмас, илтимос, мени ҳеч кимга "бетоб" деб айтманг. Мени бу ҳолатда кўришларини хоҳламайман, - дердилар. Мен бу вазиятда қандай йўл тутишни билмасдим...
Бир куни Рауфжоним ётган тўшак ёнига чўзилиб олдим-да, улардан сўрадим:
- Рауф ака, мана бу ерда юрак бор, мана бу жойда жигар жойлашган, бу ерда яна бир нарса... Айтинг, ахир, сизнинг қаерингиз оғрияпти? Менга айтинг, ахир, мен билай?.. У киши менинг сўзларимга биргина сўз билан жавоб бердилар:
- Ҳа, энди, инсон битта-битта узилар экан-да, а-а!.. Мен кетмоқчиман. Буни ҳозирча ҳеч кимга айтманг!!!
Бу сўзни эшитиб, маъносини тушунгач, адои тамом бўлдим...