БАХТЛИ БЎЛИШНИ БУГУНДАН БОШЛАНГ


Шуҳрат  Аббосов:    
“ДУНЁ  ШУНДАЙ ГЎЗАЛКИ, УНГА ТЎЙИБ БЎЛМАЙДИ”

  Бу суҳбат Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби - Шуҳрат Аббосов яратган ва бутун дунёга танилган машҳур фильмлари ҳақида эмас. Чунки бу ҳақда ҳамма билади, унинг фильмларини катта-ю кичик бирдек яхши кўради. 
  Бу суҳбатни Шуҳрат ака вафотларидан икки ой олдин уюштирганмиз. “Бекажон” газетасида анча қисқартириб берилган. Тўлиқ қисмини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдим.  
  85  ёшига қадар Санъат институтида талабаларга сабоқ беришдан чарчамаган, ҳаётни, одамларни жону дилидан ортиқ севган инсоннинг илк муҳаббати, орзу умидлари ўзига хос, ажойиб. Улуғ инсонларнинг қалби ҳам улуғ бўлади. Бу улуғлик ортида  улкан меҳру муҳаббат, самимият, шижоат мужассам. Суҳбатимизни ўқиб, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.
-----------------------------------------------------------------------------------------------------------
- Шуҳрат  ака, шу ёшингизда ҳам ҳалиям романтиксиз. Романтика билан яшаш яхшими?
- Нега  ёмон бўлсин? Романтика  мени ҳеч ҳам тарк этмаган, умримнинг охирига қадар мен билан бирга яшайди.
- Шуҳрат  ака, нега бугун жуда кўплаб фильмларимизда сизнинг фильмингиздаги каби қаҳрамонлар, характерлар йўқ. Эҳе, бир йилда қанчадан қанча фильмлар ишланаяпти, экран юзини кўраяпти. Аммо юракни тўлқинлантирадиган, эсда қоладиган воқеалар, характерлар йўқ. Санъаткорлар билан ишлаш суст. Кўплаб сериалларимизда деярли барча актрисалар ўзларининг табиат яратган ташқи қиёфаси билан эмас, ўлама киприк, лаблари шиширилган ҳолатларда суратга тушишаяпти. Буларнинг барчаси томошабинлар  эътирозига сабаб бўлмоқда.  Бунинг учун биринчи навбатда режиссёр жавобгар эмасми? 
- Э, нимасини айтасиз! Кинони бир киши яратмайди. Ўша йилларда ёш эдим,  ўзимга ишончим зўр эди, атрофимдаги ижодий муҳит билан жипслашган ҳолатда қаттиқ ишлаганмиз. Сиз айтгандек, ёмон фильм ишланса, биринча навбатда режиссёр  айбдор. Чунки, режиссёр ўз тасаввуридаги фильмни яратади. Бунинг учун режиссёрда тажриба, дид, маҳорат, билим зарур бўлади. Энг асосий мақсад - Миллий характер яратиш керак. Иккинчидан, режиссёр кузатувчан бўлиши, актёрлар билан кўп мулоқот қилиши, фильмида роль ижро этаётган актёрларни яхши кўриши керак.  Марям Ёқубова онамнинг дугонаси эди, гўзал аёл эди. Бу аёлни яхши кўрардим. Бизникига кўп келарди. “Шуҳрат, мен учун битта сценарий ёзиб, кино қил, агар қилмасанг пушаймон бўласан, сен бола”, - дедилар бир куни. Раҳим Пирмуҳамедов ҳам бир нималар ёзиб бизникига келиб турардилар. Мен уларни яхши билганим, яхши кўрганим, нималарга қодирлигини билганим учун ҳам фильмимга таклиф этганман. Бугун қобилиятли режиссёрлар бор, кинофестивалларда фильмлари ғолибликни қўлга киритаяпти. Бу яхши. Аммо фильмлари бир текисда чиқмаяпти. Драматургияда сусткашлик бор. Ёзувчиларимиз ёзмай қўйишди. Бемаза, бир кунлик кинолар кўпайиб кетганлигидан хафа бўлиб кетаман. Учинчидан, ҳар бир режиссёрнинг ўз услуби бўлиши шарт! Кўп йиллардан бери институтда дарс бераман. Юзтаси битириб кетаяпти. Қўлига каттароқ пул тушиб қолса, фильм ишлашга киришади. Голливуддан ўғирлайди, ҳинд, араб киноларидан ўғирлаб, бир балолар қилиб юмалоқ-ёстиқ қилишади. Уларнинг ичида ҳақиқий ҳаёт йўқ, характерлар йўқ. Томошабиннинг ҳафсаласи пир бўлмайдими? Буларнинг кўпи тўқ оилада қийинчилик кўрмай ўсган болалар. Улар ҳаётнинг қайси томонини бизга кўрсатиб бера олади, қани ўзингиз айтинг-чи?
- Ҳеч бўлмаганда китоблар ўқишсин, актёрлик, режиссура ҳақидаги билимларини оширишсин дейсиз-да?
- Ҳа, ўлманг! Худога минг қатла шукур, фаровон, тинч замонда яшаяпмиз. Ҳеч бўлмаганда шуларнинг қайси саъйи ҳаракатлар эвазига бўлаётганини шу ёш режиссёрларимиз ҳис этишса ҳам гўрга эди... 
- Сиз фильмларингизда аёлларга алоҳида урғу берасиз. Уларга нисбатан қалбингизда катта эҳтиром, муҳаббат борлиги яққол сезилади. Сизнинг оилангизда Аёлга нисбатан муносабат қандай бўлган?
- Онам Хатирахон жуда гўзал аёл бўлиб, Тошкентдан Қўқонга келин бўлиб тушган.  Аям жуда аскиячи, ҳазилкаш аёл бўлган. Ҳаммага чиройли қилиб  “от” қўярдилар. Масалан, кимнидир эркалаб “олхўри” дердилар ва шу ҳазил ном ўша одамга жуда ярашиб тушарди. Москвадаги Консерваторияни тугатган бўлиб, дуторда чиройли ашула айтардилар. Менинг ҳам овозим зўр эди. Аккардеонда онам билан концертларда ашулалар айтардик. Урушнинг оғир йиллари. Ўзбекистонга турли юртлардан турли миллат вакиллари  бошпана излаб келишарди. Молдаван бир кишига  зоғора нон бериб, аккардеион сотиб олганман. У менга чалишниям ўргатган. Отам ҳам зиёли инсон эдилар. Кечалари онамга ўқиган романларининг мазмунини сўзлаб берардилар. Мен бўлсам уларнинг орасида ётиб олиб, бекиниб эшитардим. Қўрқинчли жойлари келса, кўрпанинг ичига кириб кетардим (кулади). Отам менга ўн ёшимда тойча совға қилганларида энг бахтли бола бўлганман. Ота-онам Москвада ўқишган. Мени талаба қизлар бири қўйиб, бири  эркалатишарди. “Қора олтиним” дейишар, қўлма–қўл  қилиб кўтариб юришарди. Шунданми, аёл зотига муҳаббатим кучли. Отам ўқишга кетиш олдидан менга тангаларни санаб  берардилар ва қайтиб келгунларига қадар кинотеатрга кириб фильм томоша қилардим.
- Биринчи муҳаббатингизни эслай оласизми?
- Қайси чиройли қизни кўрсам севиб қолаверардим (кулади). Муҳаббатим жуда самимий ва тоза эди. Бола пайтимда отам берган пулга бир куни “Вальс” деган фильмни томоша қилиб, гўзал рус актрисасини севиб қолганман ва бу аёл бугунги кунга қадар идеал аёл сифатида хаёлимни эгаллаб келади (кулади). Шу актриса менинг биринчи муҳаббатим! Мана, сизга романтика! 1942 йил. 13 ёшимда ўзим тенги қизни яхши кўриб қолдим. Иккаламиз тонг азонда, қоронғуда мозорларнинг устидан ўтиб, дўкондан укамизга сут олиб келардик. Бир куни унинг сутини билмасдан тўкиб қўйдим. Қизча йиғлаб юборди. Ўзимнинг сутимни берайин десам, онам урушади, бунинг устига касал  укамга сут керак. Барибир  укам  ўлиб қолди. Отам бу дардга чидай олмадилар. 35 ёшида оламдан ўтдилар. Кейин бир раққоса қизни севиб қолдим. Аммо тақдиримга битилмаган экан. Бошқа қизга уйландим.
- Бахтли ёки бахтсиз бўлиш одамнинг ўз қўлидами? Бошингизга неки савдо тушса, тақдирдан, деб кўниб кетаверасизми?
- Аллоҳ ҳар бир бандасига ҳар хил тақдирни ато этади ва бундан қочиб, қутулиб бўлмайди. Ҳаётимда катта йўқотишлар бўлди, ота-онамдан ажралдим, укаларимни йўқотдим, яқин дўстларимнинг кўплари бугун ёнимда йўқ. Ҳаётим катта курашлар остида ўтди. Ҳаммасини енгиб ўтдим, ўтаяпман. Сира тушкунликка тушмадим. Менинг буржим тоғ эчкиси. Тоғ  эчкиси йиқилиб, яна туриб кетаверади. Мен ҳам шундайман. Тушкунликка тушиб  нима бўлар экан, деб ўтирмайман.
- Душманларингиз борми? 
- Душманларим бўлган. Шўро тузуми даврида мени партиядан ўчиришмоқчи бўлишган. Лекин қайси айбим, қайси гуноҳим учун эканлигини аниқ айтишмаган. Душманларим устимдан аноним хатлар ёзишган. Майли, улар ҳам омон бўлсин, деганман. Мени партиядан ўчиришмоқчи бўлишганида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов қаттиқ туриб ҳимоя қилганлар. “Ўзбекистондаги энг зиёли инсонларнинг ичида шу одамнинг борлиги бахт. Шуҳрат Аббосов ишлаган  фильмлар тарихда қолади. Нега айбсиз бу инсонга туҳмат қилаяпсизлар?”, - деганлар. Йиғилиш тугагач, қаттиқ сиқилиб, энди “Онамга нима дейман? “деб Ўрда томонга бораётсам, 24- ГАЗ оппоқ машина катта йўлдан мен юриб бораётган йўлакка, босиб юборгудек бўлиб тўхтади. “Душманларим мени уриб юбормоқчими?” деб қарасам, Саид Аҳмад ака машинадан тушдилар. Кулиб турибдилар. “Ҳайфсан” олибсан, деб эшитдим, юр, меникига борамиз, гаплашиб ўтирамиз”, - дедилар. Бир маҳал машинага ўтираётсам, “Мен “ҳайфсан” олган одамни яп-янги машинамга ўтқизмайман”, - дедилар. Тутоқиб кетдим ва шартта машинасидан тушиб пиёда кета бошладим. Тутоқиб, сўкиниб кетаяпман. Бир маҳал Саид Аҳмад ака ортимдан келиб, “Ҳа, аблаҳ, эси паст,  хумпар, ҳазилни тушунмай қолдингми? Қани, машинага ўтир-чи”, - дедилар. Мен ҳам бир гапдан қолмай, “Сиз 10 йил қамоқда ўтириб келгансиз, сиздек одамнинг машинасида ўтирмайман!”, - дедим. Хуллас, Саид Аҳмад ака мени уйларига олиб кетдилар ва ўша кечаси алламаҳалгача осмонга тикилишиб, гаплашиб ётиб, юракни анча юмшатганмиз. 
- Шуҳрат ака, очиғини айтинг-чи, фолбинларга ишонасизми? “Маҳаллада дув-дув гап”да Ойпошшани  азайимхон фолбинга олиб боргансиз...
- Бир куни “Маҳаллада дув-дув гап”нинг иккинчи режиссёри билан йўлда кетаётсам, бир фолбин мени тўхтатди  ва “Сизга фол очаман, бошингизда кўп савдолар бор”, - деди. Мен кўнмадим. Шунда ҳамроҳим “Уч сўм бер-да очир, сендан нима кетди?”, - деди.”Сиз ҳозир ишингизга борасиз. Қўлингизга бугун катта пул тушади”, - деди аёл. “Э, қўйсанг-чи, пулим тугаган, оладиган жойим ҳам йўқ”, - дедим. “Буёғини эшитинг, - деди фолбин. Катта пул оласиз. Бир яқин одамингиз сиздан ҳамма пулларингизни қарзга бериб туришингизни сўрайди. Агар пулларингизни бериб юборсангиз, ҳамма ишларингиз пачава бўлади”, - деди. Ишонмадим. “Энди қолганини эшитинг, - деди  аёл. - Бугун бир аёлникига бораяпсиз, тўғрими?”, - деди. Суйиб қолган раққоса қизникига меҳмонга бораётганимни тан олдим. “У ёққа борманг, ўша қиз  сизнинг тақдирингизга битилмаган. Борганингизга пушаймон ейсиз - деди фолбин. Ишонмадим ва ёқтириб қолган қизимнинг уйига бордим. Москвадан дугонаси келган экан. Мен билан валсьсга тушган эди, ёқтирган қизим “Ҳамма режиссёрлар шунақа енгилтак бўлади” деб капгирни отиб юбориб, ошхонага кириб кетди. Мен чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Ваҳоланки, мен унинг дугонаси хафа бўлмасин, деб рақсга тушган эдим (кулади). Ёшликда бунақа воқеалар бўлар экан-да... Нима дейсиз энди? Энди буёғини эшитинг. Ишга борсам, кассир мени излаб юрган экан. “Тез келиб қоғозга қўл қўйинг, сизга ёзган сценарийларингиздан  пул  келган” деса, қотиб қолдим. Пули тугаб қолган одамнинг қўлига катта пул  тушса, қандай ҳолатга  тушишини тасаввур қилиб кўринг. Анча катта пул экан! Пулни олишим билан бир киши елкамга қўл қўйса бўладими! Қарасам, холамнинг  ўғли турибди.  Мен уларнинг уйида яшардим. “Менга пул жуда зарур, қарзга бериб тур, икки кунда қайтараман”, - деди. Бермай десам, холамнинг ўғли. Берай десам, бояги аёл “Пулларингни бериб юборсанг, ҳамма ишларинг пачава бўлади”, - деган. Пачавам чиқишини истамасдим. Бермайман, деб туриб олдим. Холамни ўғлининг жуда жаҳли чиқди. Қўлидаги тилла соатини  гаровга бериб туришини айтса-да, мен ўжарлик қилиб туриб олдим. “Одам-подам эмас экансан, яхшиликни билмас экансан”, - деди ва аразлаб кетиб юборди. Холамга бор гапни айтиб берсам, “тўғри қилибсан”, - деди (кулади). Мен келгусида ўша қизга эмас, Ойбек домланинг қизига уйландим. У билан бахтли яшадим. Уч фарзанднинг ота-онаси бўлдик. Болаларим, набираларим, ҳамма -ҳаммаси ўз йўлларини топиб кетишди.  Аёлим оламдан ўтган. Охирати обод бўлсин. Иккинчи марта уйландим. Ёлғизлик ёмон. Аёлим Оксана мусиқашунос. Қизимиз бор, у мусаввир. Ҳа, айтгандек фолга ишонасизми, дедингиз. Йўлда учраган фолбин аёлни айтмаса, умримда бирор марта фолга, фолбинларга бормаганман. Фолнинг ширклигини биламан. Мен учратган аёлда эса телепатия бўлиши мумкин.
- Дилор, дилор, дил ва ор” фильмингиз премъерасида “15 йилдан бери фильм ишламадим” дедингиз.  Нега ижодингизда бунча йиллар жимжитлик бўлди? Сиздек режиссёр  фильм ишламасдан  қандай  сабр қилиб ўтирдингиз?
- “Отамдан  қолган далалар”дан кейин кўп йиллар ўтди. Шундан кейин сиз номини тилга олган бу фильмга қўл урдим. Бундан кўп йиллар илгари хотин-қизларимизнинг тадбиркорлик қилишига йўл қўйишмаган экан. Бунинг “тарихи”ни  роса ўргандим. Санъат институтида ишлаганим билан хаёлимда фақат яхши фильмлар яратиш иштиёқи билан яшаб келаяпман. “Мирзо Улуғбек” ҳақида янги  фильм ишламоқчиман. “Маҳаллада дув-дув гап”нинг  янгича талқинини  суратга олиш ниятим бор. Саид Аҳмад ҳаёти ҳақида яхши бир фильм ишлашни режа қилганман. Йўллар очилиб қолса, режаларимни албатта, амалга ошираман. Халқимиз яхши киноларни кўришга чанқоқ.
- Шуҳрат ака, инсон бутун бошли ҳаёти давомида нимадандир қўрқиб, ҳадиксираб қолади. Чунки атрофимизни ҳар хил феъл атворли одамлар қуршаб туради. Ким сенга нималар қилаётганини билмай яшайсан. Сизнинг ҳам атрофингизда шундай одамлар бўлган. Ўтган ҳаётингиздан розимисиз? Уларни кечирганмисиз?
- Ўтган ҳаётимдан мингдан  минг розиман. Душманларимни кечириб юборганман. Улар оёғим остида эди. Уларни билардим. Бироқ ҳеч бири билан пачакилашмадим. Умрим меҳнат билан ўтди, ҳозир ҳам ишлаяпман, 85 га кирдим, ҳозиргача машина ҳайдайман. Институтда дарс бераман. Урушнинг мудҳиш йилларида қорнимиз тўйиб нон емадик, очарчиликни, кўчада очликдан  ётиб қолган, ўлиб қолган одамларни кўрдим. Негаки, ҳаётни севаман, одамларни яхши кўраман. 12 ёшимдан бери меҳнат қиламан. Подачи бўлдим, ҳайдовчи бўлиб, чигит ташидим, юк ташидим, неки оғир иш бўлса бажардим. Фильмлар суратга олдим, танилдим, мукофотлар олдим. Бутун дунёни айландим, фестивалларда қатнашдим. Ҳажга бориб келдим. Ўлимдан қўрқмайман. Лекин қўрқадиган жойларим бор: ўлиб қолсам, мен тўплаган китобларни ортимда қолганларим ўқирмикан, асрармикан, деган хавотирдаман. Анча ёшга бориб қолдим: агар бирон фильмни суратга олишни бошласам, чала қолиб кетадими, деб ўйлаб қоламан. Хавотир, ҳадик бор, аммо қўрқув йўқ.  Қўрқиб яшаган одам мақсадларига етолмайди. Агар қўрқиб яшасангиз, ярим кучингиз ҳам қолмайди. Куни кеча Афлотуннинг яхши гапини ўқиб қолдим: “Агар бирон одамга яқин бўлай десанг, ўзингдан баланд одамга яқин тур”. Биласизми, дунё шундай гўзал яралганки, унга сира тўйиб бўлмайди. Хунук ишлар билан шуғулланган одамлар бу гўзалликни бир умр пайқамай яшайдилар. Гўзалликни таниган, севган одамгина бу дунёга келганига пушаймон қилмайди.
- Шуҳрат ака, яна бир бор қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин. Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Меҳринисо ҚУРБОНОВА суҳбатлашди.
2018 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот