Ҳамза Умаров таваллуд топган кун (1925 – 1987)
Ҳамза Умаров (17.12.1925, Қўқон – 26.11.1987, Тошкент) – Ўзбекистон халқ артисти (1967), актёр, режиссёр, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.
Ҳамза Умаров Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтида (1948 – 1951) ўқиган.
1950 – 1986 йиллар Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида, 1987 йил Ҳамза театрида, сўнгра "Ўзбекфильм" киностудиясида ишлаган.
"Армуғон" спектаклидаги Жаъфар унинг саҳнада ижро этган илк образидир.
"Олтинкўл" (Уйғун)да Ғани, "Нурхон" (К. Яшин)да Ҳузурхўжа, "Фарҳод ва Ширин"да Шопур, "Равшан ва Зулхумор" (К. Яшин)да Терсак роллари билан танилган.
Қаҳрамонларининг феъл-атвори ва хусусиятларини бир оз бўрттириб ифодалаши, сўзларини дона-дона ва жарангдор талаффуз қилиши ва қаҳрамон ҳолатига сингдириб юбориши, қарама-қарши ҳис-туйғуларни кучли психологик драматизмда етказиши билан Ҳамза санъати алоҳида ажралиб туради.
Исфандиёрхон ("Ғазал фожиаси"), Маъдалихон ("Нодира"), Сайд ("Гули сиёҳ"), Масхарабоз ("Ўн иккинчи кеча"), Асқарали ("Мавлоно Муқимий"), Гунг ("Қизбулоқ"), Панташвили ("Хонума хоним") каби образлари бунга мисолдир. Режиссёр сифатида "Бағри тош", "Қайнона", "Ишқинг билан" каби асарларни саҳналаштирган.
Ҳамза Умаровнинг кино санъати ривожига кўшган хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқ бўлиб, кинода унинг янги қирралари очилган. Актёрнинг қиёфаси, чеҳраси, овози, хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши, ички кечинмаларининг юзида, кўзларида зоҳир бўлиши кинематография имконияти ва ифода воситаларига жуда мос тушган.
Кинода Салимбойвачча ("Қутлуғ қон"), Умар ("Маҳаллада дув-дув ран"), Мадаминбек ("Фавқулодда комиссар"), Ҳомид ("Ўтган кунлар"), Қориев ("Инқилоб чавандозлари"), Асқаров ("Ёз ёмғири"), Нормат ("Шижоат"), Сулаймонов ("Фалокат оёқ остида"), Жабборов ("Шиддат"), Қўлдошев ("Сени кутамиз, йигит"), Матназар ("Оловли соҳил") каби юзга яқин фильмларда ролларни маромига етказиб ўйнаган.
Дубляж санъатининг моҳир устаси сифатида танилган (1000 дан ортиқ фильмда овоз берган). "Бағри тош", "Ҳаёт йўли"; "Дил тортса", "Ёр юрган кўчалар", "Тонг фарзандлари" пъесаларининг муаллифи.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970).