ОТА-ОНАМНИНГ ЙЎҚЛИГИ ЎКИНЧ


     Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, Халқаро Чингиз Айтматов мукофоти совриндори, Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театри директори - Мирза Азизов билан суҳбат.


- Мирза ака, ҳаётнинг беғубор ва тотли дамлари бўлмиш болалик чоғингизга саёҳат қилсак. Ота-онангиз, ёшликдаги даврингизни хотирласак.

- Отам шошмақом хофизи - Маҳамаджон Азизов, онам эса уй бекаси бўлган, лекин ёшликларида саводсизликни тугатиш бўйича педагог бўлган. 1940 йиллар Москвада Калининнинг қўлидан "Алоҳида меҳнатлари учун" деган медальни олган. Дадамга турмушга чиққанидан кейин уй бекаси бўлиб қолган.

   Мен 1963 йилнинг 22 май ойида Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида туғилганман. 1970 йил 1-синфга Чустдаги энг машҳур мактаб - 1-ўрта мактабга борганман. Рақами ҳам биринчи, ўзи ҳам биринчи ўринда туради. Чунки ҳозир ўйлаб қарасам, ўша мактабимизда профессор, академиклар даражасидаги одамлар дарс берган экан. Ўша даврдаги мактаблар билан бугунги кун мактабларини солиштирадиган бўлсак, у замонларда ҳозиргидек имтиёзлар йўқ эди. Ҳурриятга эришмагандик. Аммо домлаларимизнинг салоҳияти жуда ҳам баланд эди. 1-синфда менга дарс берган Ўлмасхон Жўраева, Санъатхон Мирзакаримоваларнинг умрлари узоқ бўлсин. 1-синфда алифбени, математикани, она тилини, Она Ватан деган буюк ёзувни менга ўргатган ўқитувчиларимнинг ҳали ҳам кўпчилиги ҳаёт. Собиқ иттифоқ бўлса ҳам бадиий муҳит, ўқувчилар билан эрталабдан-кечгача шуғулланишга ҳамиша шай фидойи ўқитувчилар бор эди. Физика, тарих, геометрия, география, она тили ва адабиётдан жуда ҳам катта-катта устозлар дарс берган эди. Ҳозир химия, физика, адабиёт ёки тарихлардан савол-жавоб бўладиган бўлса, 45-50 йил олдин ўқиган дарсларим ҳали ҳам эсимда. Бунинг сабаби - ўқитувчиларимизнинг жон куйдириб, бизни одам бўлсин, деб берган ўгитларида деб биламан. Адабиёт фанидан мушоира, шунингдек,  қушлар байрами, Санъат байрами каби тадбирлар ўтказиларди. Синфимиздаги ўқувчилар билан аҳилликда жипслашиб, кеч тушгунча тайёрланардик. Устозлар билан ота-боладек эдик. Мусобақада ютишимиз керак деган қатъий ишонч билан тайёргарлик кўрардик ва бу ишончимиз бизга куч-қувват бағишлаб, албатта ютардик.  Туманларда ҳам 1-ўринни олардик. Устозларимиз байрамларда фаол бўлишимиз лозимлигини уқтиришарди. Нафақат энг аълочи бўлиш,  балки туман, шаҳар жамоат ишларида ҳам бир-биримизга ёрдам бериш, кўчада бирор бир қария одам бозордан нимадир  кўтариб кетаётган бўлса, албатта, эринмасдан уйигача олиб бориб, кейин уйингга кетгин, деган гапларни барчамизга ўргатишарди. Биз мана шу гапларни ёдлагандик. Уйимизда ҳам ота-онамиз: "Ўқитувчиларингга гап қайтарма, кўзларига тик қарама", - деган гапларини юрагимизга сингдирардик ва шу ўгитларга амал қилардик. Шуларга риоя  қилган одамнинг ҳаёти яхши бўлади, деган гапларга ишонардик. Ўйлайманки, ўша панд-насиҳатлар бизга яхши таъсир этган.  Ҳозир ҳам ёшларга шу гапни айтяпмиз. 1970 йилларда ўқитувчиларимиздан эшитган гапларимизни бугун фарзандларимиз, невараларимиз ва ёшларимизга айтаяпмиз. Устозларимиз ранг-рўйимизга қараб, пулимиз йўқлигини сезса, қўлимизга 2-3 сўм тутқазиб қўйишарди.  "Домла керакмас", - десак, "Жимгина олавергин, стипендиянгдан берасан!", - дейишарди. Стипендиямизни олганимизда, югуриб олиб бориб берсак, "Мен боламга пул бергандим, боламдан сариқ чақа олмайман", дейишарди. "Қизларга баҳоси бўлмаса ҳам стипендиясини бераверасизлар, ўғил болаларга бермайсиз-а?", - деб кулишсам, домламиз: "Сизлар ўғил боласизлар, мардикорлик қилиб бўлса ҳам, кунингизларни кўриб кетасизлар. Қизлар имтиҳонини топшира олмаган бўлишса ҳам, стипендия беришимизнинг сабаби: қиз боланинг пули бўлмаса, ёмон йўлга кириб кетиш хавфи бор. Шу туфайли қиз болага стипендия бериш керак! Бу ректоримиз - Мамажон Раҳмоновнинг буйруқлари", - дерди. Устозларимизнинг тарбиясини бугун биз шогирдларимиз, укаларимизда қўллаяпмиз. "Энг бахтли болалик!", - деймиз. Тўғри, мустақиллик давридаги имкониятлар у пайтларда йўқ эди. Учрашув тадбирларига борсам,  қуйидаги сўзларни айтаман: "Болаларим, сиз дунёдаги энг бахтиёр болаларсиз! Чунки, ёшлар иттифоқи томонидан кенг имкониятлар яратилаяпти. Тасаввур қилинг, собиқ иттифоқ томонидаги комсомолдан бизга ҳеч қандай наф йўқ эди. Лекин уни сиёсий салоҳияти шунда эдики, комсомол сафига уч ой кейин кирсак ҳам, нега кеч кирдик, деб йиғлардик. У ташкилотдан ҳеч қандай фойда бўлмасди, нари борса, аксарият вилоятликлар саёҳатга бориши мумкин эди, холос. Лекин бугунги ёшлар иттифоқи томонидан болаларимизга яратилаётган шарт-шароитлар манаман деган давлатларда ҳам йўқ! Қашқадарё, Сурхондарё, Бухорога Ёшлар иттифоқи билан ёшлар ҳафталигига борсак, ёш тадбиркорлар имтиёзли кредит олиб, мини завод очиб қўйишибди. 30-50 та одамни ишлатишаяпти. Ёш бўлишига қарамай, бойвачча, тагида "Ласетти" русумидаги машинаси бор. Ромлар, эшиклар чиқаришаяпти. Ерга ётқизиш учун мўлжалланган, бўялган плиткалар ишлаб чиқаришаяпти. Институтда ўқимаган, коллежни битирган оддий қишлоқ боласига ҳукумат ишониб, 500 миллионлаб кредит бериб қўйибди. Афсуски, собиқ иттифоқ пайтида биз буларни кўрмаганмиз. Ўзбекларга қўйга қарагандек қарашарди. Муҳтарам Президентимиз томонидан қилинаётган улуғвор ишларнинг меваси бу! Мана 2016-йил 1-июнда Андижон шаҳрида болалар кунига вилоят қўғирчоқ театри совға қилинди.  Очилиш маросимига борганимда шуларни кўрар эканман, беихтиёр кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Сурия, Ироқ, Афғонистондаги болалар ҳалок бўлиб ётибди. Бизнинг Ватанимизда жаҳон стандартига жавоб берадиган қўғирчоқ театри қурилди. Унинг ичига кириб, креслоларида ўтирсангиз, ўрнингиздан тургингиз келмайди. Актёрларнинг грим хоналарига кирсангиз,  гримлари, либосларини кўриб ҳавасингиз келиб, оғзингиз очилиб қолади.  Дунёнинг манаман деган мамлакатлари ҳавас қилгудек театр совға қилиниши улкан ютуғимиз! Бизнинг юртимизда Президентимиз томонидан китобхонликка берилаётган эътибор ҳақида ҳар қанча гапирсак оз.  Куни кеча Учтепа туманида муҳтарам Президентимизнинг совғаларини топшириб келдик. Компьютерлар, принтерлар, миллионлаб китобларнинг ҳаммаси фалон пул туради. Бу қаердан бўлаяпди? Бутун дунёда 10-11 йилдан бери иқтисодий танглик даври кечаётган бўлса, Ўзбекистоннинг пули ошиб-тошиб ётибдими? Демак, бизда иқтисодиёт барқарор. Бизда ҳамма қабул қилинаётган фармонлар, қонунлар, фармойишлар, қарорлар халқимизнинг фаровон ҳаёти учун қабул қилинади.  Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев: "Булар қоғозда қолиб кетмасин, амалда бўлсин", - деб ўзлари жон куйдириб, барчасини назорат қилиб турибди.  Бунинг ҳаммаси шукр қилсак арзийдиган  воқеалар. Тўғри, камчиликларимиз ҳам бор: жумладан, ҳали-ҳанузгача коррупцияни тугата олмаяпмиз, Прокуратура, халқ департаменти бор-ку, деб чекланиб қолишимиз керак эмас. Биз биргаликда бир ёқадан бош чиқариб, бу иллатларга қарши курашишимиз керак! Шунинг баробарида, мақтансак арзийдиган ютуқларимиз ҳам кўп.  Шукрона қиладиган одамлар ҳам, қилмайдиганлар ҳам талайгина бўлаяпди. Мана шунча бунёдкорлик ишлари бўлаяпди-ку! Ўйлайманки, келажагимизнинг улуғлигини, мамлакатимиз жаҳон цивилизациясига катта ҳиссасини қўшган буюк бобокалонларимизнинг сони жиҳатидан дунё бўйича тўқсон фоизи биздан чиққанлигининг ўзи ҳам тасдиқлаб турибди. Шундай улуғ алломалар, буюк саркардалар юртимиздан етишиб чиқишган. Шундай мўътабар аждодларимизнинг руҳи бизни қўллайди. Биз ўзимизга, касбимизга, ҳукуматимизга, Ватанимизга хиёнат қилмасак, ҳамма ишимиз яхши бўлади.

- Яқинда Ўзбекистон халқ артисти - Марьям Ихтиёрованинг 80 йиллик юбилейи бўлиб ўтди. Қолаверса, Наима Пўлатованинг юбилейлари ҳам бўлди. Мана шу тадбирларга ўзингиз бош-қош бўлиб ташкиллаштиряпсиз.  Театрни бошқаришнинг ўзи бўлмайди. Ҳамкасбларингиз ва ходимларингиз Сизни қаттиққўл, тартиб-интизомга талабчан, аммо адолатли, шу билан бирга меҳрибон, жонкуяр раҳбар деб ҳисоблашади. Турмуш ўртоқ ва ота қиёфасида ўзингизни қандай таърифлаган бўлар эдингиз?

- Авваламбор, устозларимизнинг умрлари узоқ бўлсин! 80 ёшга кириб, ҳасса таянмасдан, оёқда юриб, яна шогирдларига устозлик қилиб, саҳнада роллар ижро этиб юришнинг ўзи осон эмас. Мен энди 56 ёшга кирган бўлсам-да, соғлигимда  ўзимга яраша кўп  муаммоларим бор. Лекин касалликларга ёки бўлмаса тақдир зарбаларига дош беришни ўрганиш керак. Худонинг айтгани бўлади. Энг аввало, соғликни эҳтиёт қилиш керак. Устозларга келсак... 80 ёш!... 18-19 ёшларида театрга келишган ва саҳнада қарийб 60 йилдан буён фаолият юритиб келишмоқда.  60 йилдан бери "Меҳнат дафтарчаси"га "Ўзбекистон давлат мусиқали драма театри актрисаси" деган ёзув билан турганининг ўзи бир жасорат! 60 йил бир жойда ишлаш,  бу - фидойилик! Улар биз учун ибрат. Улардан ҳар қанча ўрнак олсак арзийди! Инсон қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, ўз касбдошини, ўзи билан бир замонда яшаётган одамларни хўрлаши мумкин эмас. "Султон суягини хўрламас", - деган ибора бор. Шу маънода, устозларимизнинг ҳурматини қўлдан келганича жойига қўйишимиз керак. Имкон қадар кимга ёки нимагадир ҳавас қилсангиз, Оллоҳ ўшандан ҳам кўпроғини беради. 80-90 ёшларга биз ҳам кирайлик. Уларга эътибор бериб, эъзозласак, уларнинг кўнглини кўтаришга интилсак, Оллоҳ уларнинг улуғ ёшларини бизга ҳам бериши бешак. Агар устозларимизнинг ҳаракати бўлмаганида, эҳтимол, ҳозир Муқимий театри ҳам бўлмаган бўлар эди. Буни ҳар биримиз ҳис қилишимиз керак. Биз уларчалик бўла олмаймиз.  Биз "Бетакрор" деган гапни фонограмма айтганга ҳам "эстрадамизнинг ёрқин юлдузи, бетакрор хонанда!", - деймиз. Бетакрор деб, Лутфихоним Саримсоқова, Фароғат Раҳматова, Суръат Пўлатов, Маҳмуджон Ғофуров, Сойиб Хўжаев, Эътибор Жалилова, Ҳамза Умаров, Анвар Юсуповларга нисбатан айтишимиз керак. Тўғри, улар кўрсатган санъатни биз кўрсата олмаймиз, кучимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етмайди, улардаги истеъдодимиз ҳам йўқ. Лекин биз уларнинг руҳларини чинқиратмаслик учун имкон қадар ҳаракат қилишимиз керак. Бу театрни ҳашар йўли билан иккинчи жаҳон уруши, қақшатқич жанг кетаётган пайтда 1943 йили Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари - Усмон Юсупов қурдирганини унумаслигимиз керак. Мана шу театрда Шаҳодат Раҳимова, Омина Фаёзованими, қайси бирини айтай? Таассуфки, шундай санъат дарғалари кўпчиликнинг эсидан чиқиб қолаяпди.  Машрабжон Юнусов каби санъаткорлар бу дунёга бошқа қайтиб келмайди.  Ўз ишимизни садоқат билан бажаришимиз керак. Театрга келмасдан, маошимни оламан, деганлар ҳам кўп. Бўҳтон хатларини ёзади, ҳар хил ташкилотларга чиқиб "Менга кун бермаяпти", -  деб туҳмат қилади.  Бироқ ўзи қонунга хилоф иш қилаётганини ўйламайди. Чунки, ундайлар 20-30 йил шундай яшашди-да, яна шундай яшашни хоҳлайди. Бугун талаб бошқача бўлаяпди. Муҳтарам Президентимиз:  "Боқимандалик ҳиссини йўқотинглар", - демоқда. Майли, ёши улуғларга бир ойда бир марта келса ҳам, маош бераверамиз, уларнинг саҳнага чиқиши - биз учун бахт. Сенлар эса, бурчингни бажариб бўлиб, кейин ҳуқуқингни талаб қилишинг керак. Бурчингни бажарсанг, ҳуқуқингни талаб қилмасанг ҳам, биз сенга ҳаққингни берамиз!  Мен ўйлайманки хар бир одам устозларимизга ўхшаб бурчини  билсин. Фарзанди ўлиб қолса ҳам, театрга келиб, спектакльда ролини ўйнаб: "Эрталаб бизникида бомдод пайти жаноза бўлади, фарзандимдан жудо бўлдим!", - деган устозлар бор. Ҳозир эса ундай эмас. 200 минг сўмга тўй чиқиб қолса, спектакльнинг арияларини қисқартиргиси келадиган одамлар бор. "Мана шу арияни айтмайман, тўйга кеч қоламан", - дейдиганлар бор. Уларни аслида ҳайдаш керак, лекин "Султон суягини хорламас", - деганларидек, уларга яна ачинасан киши.

   Уйдаги ҳаётимга келсам, менинг биринчи қувончим, шодлигим, қайғуим ҳам - ҳамма нарсам, бу - уйим.  Менинг ёнимда турадиган тиргакларим ҳам, яхши кунимда ҳурсанд, ёмон кунимда хафа бўладиганларим ҳам  оилам.  Мен оиламга жонимни бериб яшайман. Оила учун ҳамма нарсага тайёрман.  Худди театр каби. Ижод, саҳна - бу мен учун оиладек гап. Бунинг инқирозини кўрсам, оиламнинг инқирози, деб биламан. Оиламни қандай асрасам, театрни ҳам шундай кўз қорачиғимдек асрайман. Агарда ўзингни устингда ишламайдиган бўлсанг, ақалли 4 соат келиб, бир ёшни тарбиялашинг, монолог ўқишни, ария айтишни ўргатишинг керак. Ўзинг  биласанми, йўқми? Лекин шу 7 соатлик ишдан қочадиганлар бор. Ҳукумат олдида 7 соатлик вазифамизни бажаришимиз шарт! Қиладиган ишларимиз бор.  Шуни сен қилишинг керак. Бир вақтлар шундай бўлганки, иш режасида фамилияси, спектаклда роли бўлмаса, келмасдан юриб ҳам ойлигини қуртдек санаб олаверишган. Ҳозир ундай боқимандаликка ҳукуматимиз ҳам йўл қўймаяпти, талаб шундай.  Шу ишларни қилсанг ўзингга яхши, маҳоратинг ошади, билимингни оширасан. Китобхонлик дегани фақат ёшларгагина эмас, катталарга ҳам тааллуқли. Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр - Баҳодир Йўлдошев: "Ҳар ким бир кунда 50-100 бет китоб ўқисин", - деган.

- Сизни жуда кўп китоб ўқийди, деб айтишади. Ҳозирда кимнинг асарларини ўқияпсиз?

- Ҳозир Ўзбекистон халқ шоири - Усмон Азим тақдим қилган китобларини мутолаа қилаяпман. Шунингдек, Бобораҳим Машраб, Алишер Навоий бобомиз, қолаверса, замонавий, бугунги кунда биз билан бирга яшаётган Қўчқор Норқобил, Хосият Рустамова; Ўзбекистон халқ шоираси (Худо раҳмат қилсин) - Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларини мутолаа қилаяпман. Ёшлардан Меҳриноз Аббосованинг китоблари.

  Устозларимиз "Битта яхши ёзилган шеър, асар -  тўлиқ метражли фильм ёки спектакльга тенг", - дейишарди. Мана шу китобларни иложи борича уйга бориб, кечқурун мутолаа қиламан, ўрганаман. Бугунги кундаги замонавий шоирларимиз, ёзувчиларимиз бор. Уларнинг китобини бир маротаба ўқиганингизда, мазмун-моҳиятини англаб етишга дастлаб ақлингиз  етмайди. Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим, Хосият Рустамованинг шунақанги шеърлари  борки, нега бу гапни гапиряпти, деб охирига етиб, таҳлил қила олмайсиз. Меҳриноз Аббосованинг ҳам шеърлари шунақанги шеърлар. Айтайлик, бир аёл ҳақида. Аёлнинг куз фасли билан таққосланиши. Куздаги сарғайган бурглар олтинсимон кўриниб туради-да, сал шаббода келганида, секин ўйнаб-ўйнаб, булутнинг устида баайни сузаётгандек пастдаги чўп-хасларга, ёмғирлардан ҳосил бўлган ердаги намликларга қўшилиб, йўқ бўлиб кетганини айтади ва уни дарахтдан ерга тушгунигача бўлаётган воқеасини чиройли тасвирлаб ёзади. Унинг шеърларини ўқисангиз, ўтиб кетган оналаримизни эслаймиз, уларнинг жасоратини ёдга оламиз. Оналарнинг шунча дардлари, дунёнинг ташвишларини кичкинагина юрагида сақлаб, ҳеч кимга кўз ёшини кўрсатмасдан, бу дунёдан меҳнат машаққати билан ўтиб, фарзандларининг роҳатларини кўрмаган оналар борлиги акс эттирилади. Яна чет эл драматургиясини, мумтоз адабиётларни ўқиймиз. Чингиз Айтматовнинг асарларини ўқиб чиқамиз. Албатта, ўқийдиган нарсаларимиз жуда кўп. Ўқиганимиздан ўқимаганларимиз, уққанимиздан уқмаганларимиз кўп.  Мен ўзим ҳам фалон ишларни қилаяпман, дея даъво қила олмайман, лекин  кўп нарсаларни билгим келади.

- Ташаккур. Олдинги интервьюларингиздан бирида раҳматли Онангиз ҳақида гапириб ўтган экансиз. Биринчи маошингизни Онангизга бермоқчи бўлганингиз хусусида... Отангиз ҳақида ҳам фахр билан гапирдингиз! Мамажон Азизов - шошмақом бўйича етук санъаткорнинг ўғлиман деб ғурурланиб сўзладингиз! Ҳақиқатдан ҳам Сизни шундай улуғ кишининг фарзанди эканлигингизни эшитганмиз. Онангиз ҳам уй бекаси бўлишига қарамай, Сизлар учун кўп хайрли ишларни қилиб, таълим-тарбия берган эканлар. Онангизни ҳам шу ўринда хотирлаб ўтсангиз...

- Фарзанд онамни кўпроқ яхши кўрардим ёки отамни кўпроқ яхши кўрардим демайди. Мен ҳам ҳар иккалаларини тенг яхши кўрардим. Негаки, дадам бирортамизни бир бора чертмаганлар. Саксонга кириб, оламдан ўтган бўлсалар, мен энг кексайганликларида кўрган  фарзандлариман, яъни оилада энг кенжасиман.  Отам раҳматли жуда жаҳллари чиқса: "Ҳа ярамас, ҳа жоҳил", - деб сўкиб қўяр эдилар.  Нафақат менга, ҳеч қайсимизга қўл кўтармаганлар. Аммо қаттиққўлроқ, яъни талабчан эдилар. Дадаси, яъни бобомиз эски бойлардан бўлган. Ўша пайт "босмачи" деб аташган. Аслида, юртимизни босқинчилардан ҳимоя қилган. Аммо собиқ иттифоқ даврида шўролар уларни шундай аташган. Ер, сувлари, бойлигини топширган бойларга тегмаймиз, деган ёлғон ваъдалар берган эди қизил аскарлар.  Бироқ бойлар ер, сув ва бойликларини топширишса ҳам, бари бир азоб беравергандан сўнг,  улар қизил аскарларга қарши курашишган. Онамнинг дадалари ҳам юрт фидойиси бўлган. Онам, 3 ёшар сингиллари - Маъпурахон холам билан кўчада қолишган. Дадасидан қолган нарсаларини ҳам қариндошлар бўлишиб олиб, онам бошпанасиз қолган. Онам ўшанда 7 ёшда, сингиллари эса 3 ёшда бўлган. Онам синглисининг кўйлагидан, қўлидан ушлаб олиб, болалар уйининг интернат мактабига беришмоқчи бўлишганда, қаршилик кўрсатган. Синглимни йўқотиб қўйсам, ота-онамнинг руҳлари олдида гуноҳга ботаман, деб синглимни интернатга топширишларига кўнмаганман, дердилар раҳматли Онам. Шу тарзда онам синглисини ўзи катта қилган. 15-16 ёшда мактабни битириб,  саводсизликка қарши курашишдан дарс берган. Онам шунақа илғор аёл бўлганки, 20 ёшида Москвага бориб, Калининнинг қўлидан "Илғор меҳнатлари учун" медалини олиб келган. Турмушга чиққандан сўнг, уй бекаси бўлган. Фарзанд тарбияси билан, асосан, онамиз шуғулланарди. Дадам арабча алфавитда битилган эски китоблар: Алишер Навоий, Фузулий, Жомийни кўп ўқирди. Қуръони Каримни яхши биларди. Менга араб алфавитлартни ўргатиб, "Ҳикматларни ўқинг, ўғлим", - дерди. Ёшлигимиздан ҳаммамизни сизлаб гапирардилар. Ўзлари Хўжа Эшон авлодидан эди.  Ҳаттоки, невараларини ҳам сизлаб гапирарди.  Менга ҳам дадамдан ўтганми, 3 яшар болани ҳам сизлаб гапираман.  Онам раҳматли, талабалик давримда шанба кунлари уйга боролмай қолсам, поездга чиқиб, бисотидаги бор гўштларни, беҳи, тухумларни олиб, у пайт салафан йўқ, 5-6 та дастурхонга ўраб, бошларига қўйиб келардилар. "Нима қилиб овора бўлиб юрибсиз?", - десам, "Кеча, шанба куни бормаганингга, йўлкирага ҳам пули тугаб қолибдими, қорни очмадимикан, деб ҳавотир олиб келдим", - дер эдилар. Ётоқхонадаги 63-хонада тўртта курсдошим билан бирга турардим. Жами беш киши эдик. Онам ошни иссиқ етказай деб, тонг саҳар соат 6:00 да поезддан тушиб, таксига ўтириб, менга ош олиб келтирар эдилар...

  Ҳозир болалик ва ёшлик даврларимни кўп эслайман. Ўша пайтлар маҳалламизда ҳаммомлар, газлар бўлмаган. Биз эрталаб уйқудан туриб,  ўқишга кетгунимизча, онам  қишин-ёзин сандалга олов ёқиб, печкага кўмирни ёқарди. Эрталабдан қаймоқларни олиб келиб, чойларни дамлаб, тандирда иссиқ нон ёпиб, акаларимни ишга, кичкина опам билан мени ўқишга кузатардилар.  Кийимларимизни ҳам дазмоллашга улгурардилар. Бундоқ ўйлаб қарасам, онам раҳматлининг умри дадам билан бир умр меҳнат машаққатида ўтган экан. Собиқ иттифоқ пайтларида ҳам бир сўм пул топиш ўзига яраша қийин бўлган. Иттифоқ пайтида битта нон 15-20 тийин эди деймизу, ўша 20 тийин ишламасангиз қаерда эди? Ҳозир Ҳудога шукр қилишимиз керак. Ота-оналаримиз бизни одам қиламан, ўқитаман, яхши одам бўлсин, деб роса азоб чекишган экан.  Эсласам, ҳайрон қоламан! Ўшандай шароитларда бизни катта қилиб, комил инсон қилиб вояга етказаман деб, бор будини сарфлашган. Ота-онамиз жуда жасоратли бўлишган. Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, ниҳолни парваришлаб, дарахт ҳолига келтириб, гуллашини кўришди-ю, мевасини ейдиган пайти келганда, бу дунёдан кўз юмишди. Баъзида жуда ҳам хафа бўлиб кетаман. Оилада ёши катталаримиз ўша пайтда ота-онамизнинг оғирини енгил қилишга ақли етмаганми? Фарзандларнинг бир гуноҳи бўларкан: улар ота-онам ўлмайди, деб ўйлашаркан.  Тирик юрибди-ку, ҳали узоқ умр кўради деган хомхаёлларга бормасдан, борлигида уларнинг ҳурматини жойига қўйишимиз, қўлимиздан келганча фарзандлик бурчимизни адо қилишимиз керак.  Ҳар куни бугун охирги кунларидек фараз қилиб, ҳолидан хабар олиб, дийдорига тўйишимиз керак, зотан, эртага уларни топа олмай қоламиз...  Дадам раҳматли катта фарзандлари куйдирса "Ҳали ҳидимни ҳам топа олмай қоласан", - деганча ўкиниб, койиган бўларди. Ёш эдим, нега шунақа дер эканлар, деб тушунмасдим. Мен эндигина 7-синфлигимда отам оламдан ўтган. Ҳақиқатдан ҳам, ҳидлариниям тополмай қолдим... Ота-онанг ҳаётлигида уларни бағрингга босиб: "Мен СИЗни яхши кўраман!!!", - дейишинг керак экан... Бўлмаса, шу сўзларни айтолмаганинг бир умрга армон бўлиб қолар экан. 

  Халқаро мукофотларни олдим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон халқ артисти унвонларини олсам ҳам, икки марта режиссёр сифатида халқаро театр фестивалларида ютуқларга эришсам ҳам, ҳар сафар ота-онамнинг ёнимда йўқлигидан ўкиниб, йиғлаб юбораман. Шу қувончли кунларимни ота-онам кўрмади, деган армон қийнайди...

- Илоҳим, ота-оналаримизнинг руҳлари шод, охиратлари обод, жойлари Жаннатда бўлсин! Энди мухлисларингизга бугунги кунда қайси фильм ёки сериалда роллар ўйнаётганингиз ҳамда ўзингиз раҳбарлик қилаётган Муқимий театрида қандай спектакллар қўйилаётганини айтсангиз?

- Ҳозир кинода деярли ўйнамаяпман. Айни вақтда Қирғизистондан менга бир таклиф тушган. Таниш ҳамкор йигитлар бир фильмни суратга олишаётган экан. Сценарийси билан ҳали танишганим йўқ. Биз Ўзбекистондан театримизнинг ажойиб, истеъдодли  актрисаси -  Маърифат Ортиқова билан биргаликда қатнашмоқчимиз.  Хусусий Шайхонтоҳур фильм студияси Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманидаги, дунёдаги саккизта заводдан бири ҳақида бадиий фильмни тасвирга олишни режалаштиришган. Шу фильмда ҳам роль ижро этишга таклиф қилишган. Сценарийларини кўрсам, унинг моҳиятидан келиб чиқиб, уларнинг таклифлари хусусида ўйлаб кўраман. Ҳозирча шунақа.  Театрда директор бўлганим учун, кўпчилик Мирза ака бандлар, вақти бўлмайди, деб фильмларга таклиф қилмаяпти, чамаси. Аммо яхши фильм бўлса, роль ўйнашдан бош тортмайман. Фақат аввал сценарийни ўқиб, кейин қарор қабул қилиш керак, деб ўйлайман. Ёшимиз катта бўлиб қолаяпди. Ўз вақтида ҳар хил фильмларда суратга тушдик. Лекин, мен бир нарсадан ҳурсанд бўламанки, биздаги кино қандай даражада бўлса ҳам, маънавияти бор, эзгуликка  хизмат қилади. Ёвузлик, фаҳш ё террорни тарғиб қилмайди. Шу сабабли, мен ҳар қанақа даражадаги ўзбек киносини ҳурмат қиламан. Фильмларимиз сюжети ичида Ватанга хиёнат қилгин, оилангни сотиб кетгин, деган жойи йўқ-да.  Шунинг учун ҳам, мен ўзим ўйнаган фильмларни ҳам, ўйнамаганимларимни ҳам бирдек ҳурмат қиламан. Ўзбек киноси унақа, бунақа дея танқид қиладиганлариннг ўзлари битта фильм олиб кўрсатиб беришсин!

- Фильмларда Сизни доим мард, шижоатли, чўрткесар, қатъиятли, бир сўз билан айтганда, ўзингизнинг феълингизга мос ролларни ижро этасиз. Фильмда роль танлаш имконингиз йўқлигини тушунамиз. Режиссёрга боғлиқ асосан. Аммо спектаклларда ўзингиз орзу қилган ролларни ўйнаш ўз қўлингизда. Келгусида ўзингиз қайси саҳна асарини саҳналаштириш ва қайси ролларни ўйнаш ниятингиз бор? Қайси адибларнинг  асарларига мурожаат қилмоқчисиз?

- Саҳна асарларини саҳналаштиришга вақтим бўлмаяпди, бироқ ўзим саҳналаштирилаётган асарларни назорат қилиб тураман. Ҳозир ёш режиссёримиз - Достон Ҳақбердиев адиб ва драматург - Қўчқор Норқобил қаламига мансуб "Айёргина аёллар" деб номланган, асосан аёллар иштирок этадиган ҳам комедия, ҳам жиддий асари асосида ишлади. Тақдир тақозоси билан ишёқмас бўлиб қолган, ўз ишини кўнгилдагидек бажармаётган, келажакдан умиди сўнгган, дангаса, аммо, қалби тоза аёллар ҳақида жиддий комедия. Яқинда ўша саҳна асарининг премьерасини ўтказдик. Бундан ташқари, Абдулла Қодирийнинг 125 йиллигига спектакль саҳналаштириш арафасида турибмиз. Ҳозир Анвар Обиджоннинг "Жулқунбой кулгулари" деган асари устида ҳам ишлаяпмиз. Яна Отабек ва Кумушни саҳналаштириш ҳақида топшириқ олганмиз. Хуллас, ниятларимиз жудаям кўп. "Ҳалима" деган пьеса бор. Уни ҳам репертуаримизга киритиш ниятимиз бор. Бир пайтлар бўлдики, фақат комедиялар қўйилди. Эндиликда жиддий асарларга кўпроқ эътибор беряпмиз. Мустафо Бафоев мусиқаси билан устоз санъаткор Баҳодир Назаров режиссёрлигида "Тўмарис" спектаклини саҳналаштирдик. Нуфузли театршунослар томонидан спектаклимиз юксак баҳоланди. Худо хоҳласа томошабинларимизнинг, ҳукуматимизнинг олдидаги  бурчимизни бажаришда давом этяпмиз.

- Театрингиз юксак марралар сари парвоз этишда давом этсин! Энди мухлисларингизга  тилакларингизни билдирсангиз!

-Шоирларнинг қўшиқларда куйланган байтлари борда:

Адаб сариштасини тутгил,

Адабдан яхшиси бўлмас.

Адабсиз икки оламда

Билингким, сарфароз ўлмас.

Яъни, ҳаётингда эзгуликни ўзингни дастурий амалинг, деб билгин ва ундан юксак неъмат йўқ. Нимага эришадиган бўлсанг ҳам, ўқимишли, одобли бўлиб, қалбингни тоза қилиб ва эзгуликни шиор қилиб яшагин. Бундан яхшиси йўқ. Мана шуларни шиор қил! Ҳаётингда комил инсон бўлишингга мана шулар хизмат қилади. Одобсиз, ахлоқсиз инсон икки оламда ҳам, у дунё-ю бу дунё ҳеч қачон боши баланд бўлиб, бировнинг кўзига тик қарай олмайди. Шунинг учун юртимиздаги барча 33 миллиондан ортиқ яшаётган халқимизга, "Бекажон" газетаси ва Muzaffar.uz сайтидаги мухлисларимизга, умуман бугун мамлакатимиз раҳбари бошчилигидаги бўлаётган яхшиликларга ўз ҳиссамизни қўшиб яшайлик, демоқчиман! Мана шу яхшиликларни сезиб, шукроналик қилиб яшашсин ва нимаики яхши ниятлар бўлса амалга ошсин, ишлари фақат  аъло бўлсин, тўй тантаналар бўлсин. Юртимизда фақат яхшиликлар бўлсин!  Мана шу яхшиликларга ҳаммамиз қўлимиздан келганича ўз ҳиссамизни қўшиб, Ўзбекистонимизнинг буюк бўлишида, Ўзбек халқини дунёдаги энг бахтли халқ бўлишида улушимизни қўшайлик! Бахтли, тахтли, саодатли бўлиб яшайлик. 

- Раҳмат! Сизга ҳам энг эзгу тилакларимизни тилаб қоламиз! Мартабангиз бундан-да баланд бўлсин! Театрингизнинг довруғи оламни тутсин ва театрингиз ҳамиша томошабинлар билан лиммо-лим бўлсин!

 

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.

Манба: "БЕКАЖОН" газетасининг 11.07.2019 йилги №55-сони.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот