Николай Васильевич Гоголь


  Николай Васильевич Гоголь [1809.20.3 (1.4), Полтава губернияси, Миргород уезди — 1852.21.2 (4.3), Москва] — ёзувчи, драматург, танқидчи. Адабиёт соҳасида танқидий реализмга асос солган. Нежин гимназиясини тугатиб (1828), Петербургга келган. Рассомлик қилган, драма тўгаракларида фаол қатнашган, айрим юмористик ролларни ижро этиб, бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. В. Алов тахаллуси билан ёзилган "Ганс Кюхелгартен" романтик достони (1829) салбий баҳолангач, чет элга кетган. Германиянинг Любек, Гамбург шаҳарларида бўлган. Петербургга қайтиб, давлат маҳкамаларида хизмат қилади. Маҳкамалардаги қоғозбозлик, сансалорлик каби иллатлар Гоголь учун бой мавзу бўлган ("Петербург қиссалари, 1830). А.С. Пушкин билан учрашуви (1831) Гогольнинг ижодида бурилиш ясаган. "Диканька қишлоғи оқшомлари" (1831—32) тўпламига кирган ҳикоя ва қиссалари ("Сорочино ярмаркаси", "Даҳшатли интиқом" ва б.) Гогольга шуҳрат келтирган. Бунда Малороссиядаги турмуш тарзи, одамлар онги, ахлоқи, халқнинг юморга бой афсоналари, урф-одатлари акс эттирилган. Гоголь Санкт-Петербург университети умумтарих кафедрасида профессор бўлиб ишлаган (1834), бу унга тарих билан чуқурроқ танишиш имконини берган. "Миргород" ("Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти", "Вий" ва бошқа қиссалар) тўплами ҳамда "Арабескалар" ("Нева шоҳ кўчаси", "Портрет", "Тентак мактублари" қиссалари) тўпламида (1835) шаҳар ҳаёти манзаралари "Кўздан ёш чиққунча" кулгу қўзғатадиган усулда тасвирланади. "Тарас Бульба" (1835) қиссаси украин халқининг чет эл босқинчиларига қарши курашига бағишланган. Г. 30-й.лар 1-ярмида "3-даражали Владимир" (тугалланмаган), "Уйланиш" (1842 йилда нашр этилган) комедиялари устида ишлайди. "Ревизор" (1836) комедиясида Россиядаги мансабпарастлик, хазинани талон-торож қилиш, порахўрлик каби иллатлар кескин ҳажв остига олинган. Гоголь ижодининг чўққиси бўлган "Ўлик жонлар" (1842) достон-романида Россиядаги ўша давр ҳаётига умумий тавсиф берилган.
  Гоголь ўз дунёқарашида содир бўлган ахлоқпарастлик гоялари таъсирида "Дўстлар билан ёзишмалардан танланган саҳифалар" (1847) асарини эълон қилади. Мазкур асар В. Г. Белинский томонидан танқидга учрайди ("Н. В. Гоголга хат").
 Гогольнинг "Ревизор" асари (1935—52, Кибриё Қаҳҳорова ва Абдулла Қаҳҳор таржимаси), "Иван Иванович ва Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти" (1972, Н. Алимуҳамедов таржимаси), "Ўлик жонлар" (1959, Рустам Абдураҳмонов таржимаси) ва бошқа асарлари ўзбек тилида нашр этилган. "Ревизор", "Уйланиш" пьесалари Ўзбекистон театрлари саҳнасида қўйилган.

Озод Шарафиддинов.
Манба: Википедия










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот