Носир Муҳаммад таваллуд топган кун
Мен дунёга келиб учратган қалби гўзал ва энг беғубор инсонлардан бири Носир Муҳаммад (Насриддин Муҳаммадиев) эди. (Фото 2012 йил Термизда биргаликда тадбир ўтказаётган пайтда олинган).
УЛҒАЯЁТГАН СОҒИНЧ
Устоз Насриддин Муҳаммадиев (Носир Муҳаммад) билан талабалик даврларимдан таниш эдик. У киши Эрондан қайтиб, «Тошкент оқшоми» газетасида ишлаб юрганларида бир даста шеърларимни кўрсатган эдим. Санкт-Петербург университетининг «Журналистика» факультетида ўқиб юрган кезларим юрт соғинчига ғарқ сатрларимни ўқиб, хурсанд бўлган эдилар.
Орадан йиллар ўтиб, «Ёш куч» журналида улуғ устозлар – Худойберди Тўхтабоев, Хуршид Дўстмуҳаммад билан бўлим муҳарири бўлиб ишлаётган кезларим никоҳ тўйимиз бўлди. Носир ака ўшанда адашмасам «Ёшлик» журналида масъул котиб эдилар. 1992 йилнинг апрели эди. Носир ака бошқа устоз ва дўстлар қатори Шаҳрисабзга тўйимизга келдилар. Мен учун қувончлиси тўйга чиройли шеър тўёна қилдилар.
Орадан ўтган 25 йил ичида биз ЎзАда бирга ишладик. Халқаро ахборот таҳририяти Бош муҳаррири бўлган устозга ўринбосар бўлиб ишладим. Ҳар гал “ўша шеърни топиб беринг”, десам “Излаяпман, қайсидир қўлёзмалар орасида бўлса керак, топиб олиб келиб бераман”, дердилар. Мен шеър топилишидан умидимни ҳам узаёзгандим. Вафотларидан тахминан бир ярим ой аввалроқ бир тўйда кўришиб қолдик. Ошдан сўнг мени Чилонзорга ишхонамга машиналарида келтириб қўйдилар. Хайрлашаётганимизда бирдан устоз чарақлаб:
– Э-эҳ, Амирқул, асосий нарса эсдан чиқай депти-ку! Шеър топилди!, - дедилар. Бирдан тушундим, у тўйимизда ўқилган шеър эди.
Устозга миннатдорлик билдирдим. Уни қўлёзмалар орасига солиб қўйган эдим. Бугун у қўлимда турибди.
БАДИҲА ШЕЪР
Амир Темур диёрида туғилади Амирлар,
Истеъдоду шижоати боқий қолур асрлар.
Бу ҳур элнинг ўғлонлари Оқсаройдек бардошли,
Қизларига вафо пеша, нигоҳлари қуёшли.
Дилингизга чўғ солади ўсма ичган қошлар ҳам,
Бунда ҳатто барг чиқариб, гул ёяди тошлар ҳам.
Шундай ўлка омон бўлсин, бошимизда бор бўлсин,
Шон-шуҳрати кўпайсину бахт- саодат ёр бўлсин!
24.IV. 1992 й.
Амирқул Каримовнинг никоҳ тўйи муносабати билан ёзилган.
Имзо: Носир Муҳаммад.”.
Бадиҳа ҳар доим ҳам катта адабиёт бўлмаслиги мумкин. Аммо унда ортиқча зўриқиш бўлмайди. Самимият муҳим аҳамият касб этади.Бадиҳа айниқса, унга бағишланган киши учун ёқимлидир, азиздир.
Аслида адабиёт аҳли орасида сўз масъулиятини сезган ижодкорлар ҳар доим мезонларни баланд оладилар.
Мен қўлёзмада баён қилинган учта сўзнинг тагига чизилганига эътибор бердим. Улардан иккиси менинг, рафиқамнинг исми бўлса, учинчиси “саодат” сўзи эди. Учинчи сўзда устознинг бизга тилаги намоён.
Маъракалари ўтди. Аммо у киши ҳақидаги дўстлар ва танишларнинг эзгу фикрлари тингани йўқ. Соғинчлар эса тобора улғайиб бораяпти. Бетакрор, беғубор инсон, устоз Насриддин Муҳаммадни ўзинг раҳматингга ол, Худойим! Тирикликларида қилган эзгу ишларини ўзларига йўлдош қил! Ҳақларига қилинган биз шогирдлар дуосини ҳам ижобат қилгин! Омин!
Бугун халқимизнинг дилбар фарзандларидан бири, устоз Носир Муҳаммад (Насриддин Муҳаммадиев)нинг таваллуд куни. Устозни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!
Насриддин Муҳаммадиев (Носир Муҳаммад)нинг нашр этилган асарлари.
Шеърлар:
1. “Гулдаста”, баёз, “Ёш гвардия” нашриёти, 1971
2. “Ёшлик”, баёз, “Ёш гвардия” нашриёти, 1976
3. “Салом, келажак”, “Ёш гвардия” нашриёти, 1980
4. “Баҳор таронаси”, Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1981
5. “Сенга интиламан”(жамоа), “Ёш гвардия” нашриёти, 1987
6. “Сумалакдан тош топдим”, Тошкент, 2004
7. «Шайтоннинг истеъфономаси», ҳажвий шеърлар, «Ниҳол” нашриёти, 2008
Рус тилида эълон ќилинган асарлар:
1. “Истоки”, альманах, “Молодая гвардия”, Москва, 1977
2. “Вдохновение”, альманах,“Молодая гвардия”, Москва, 1979
3. “Истоки”, альманах, “Молодая гвардия”, Москва, 1980
4. “Поэзия”, альманах, “Молодая гвардия”, Москва, 1982
5. “Листья чинары” (коллектив), изд-во “Ёш гвардия”, 1988
6. “Тринадцатый стул” (коллектив), юмор. рассказы, Ташкент,1986
7. “Признание”, альманах, Ташкент, 2007
8. “Родники любви”, международный альманах, Ташкент, 2009
9. “Родники любви” (соотечественники), международный альманах, Ташкент, 2009.
Амирқул КАРИМОВ – “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди раиси.