ДУБЛЯЖ МАЛИКАСИ


  Дубляж маликаси, деб ном олган улуғ санъаткор Ойбарчин Бакирова 1950 йилнинг 27 июнь куни Андижонда марҳум актёр Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Аббос Бакиров хонадонида дунёга келган. У оиладаги икки ўғил ва икки қизнинг бири эди. Ойбарчин Бакирова эсини таниганидан буён санъат билан ошуфта бўлиб улғайди. У болалик чоғлари отаси Аббос Бакировнинг ижодини қизиқиб кузатар, кино олами унинг учун мўъжизалар маконидек туюларди гўё. Айниқса, отасининг ролга тайёрланиш жараёнидаги ижро маҳоратидан қизалоқнинг қалби ларзага келарди. Шунинг учун бўлса керак ёш Ойбарчин ҳали жажжи қизалоқлик пайтларидан-оқ актриса бўлишни дилига қаттиқ туккан эди.  У ўрта мактабни тамомлагач, Тошкент театр ва рассомлик санъати олийгоҳида таҳсил олди.  Мана шу давр ҳам актриса учун катта санъат остонасидаги муваффақиятли қадам эди. Чунки талабалик йилларида моҳир устозлар қўлидан олган сабоқ унинг туғма истеъдодини янада чархланишига катта ҳисса қўшди. Актриса ўз фаолиятини 1971 йилда “Ўзбекфильм” киностудиясидан бошлади. У бизга жуда яхши таниш бўлган “Тангалик болалар”, “Армон”, “Ўйин” ва “Фарзандим” каби ўнлаб фильмларда турли образларни яратди ва элга танилди. Юқорида таъкидлаганимиздек, Ойбарчин Бакирова томошабинларга нафақат киноактриса, балки дубляж соҳасидаги  фаолияти билан ҳам қадрли бўлиб қолди. 

ДУБЛЯЖДАГИ ИЛК ҚАДАМ

   1973 йилда актрисани дубляж режиссёри марҳум Камолиддин Усмонов шу соҳага таклиф қилади. Синхрон дубляжни сақлаб қолишга уринган бу инсон билан актриса узоқ йиллар биргаликда фаолият юритиш бахтига эга бўлди ва устозининг муносиб шогирдига айланди. Ойбарчин Бакировага Камолиддин Усмоновдан эринмай дубляж санъатининг барча сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Жумладан, касбга бўлган фидойиликни ҳам. Актриса ўз касбини фидойиларча севиш қандай бўлишини ана шу устози тимсолида яққол кўради ва ўз ишига бўлган масъулият ҳисси янада ошди. Камолиддин Усмонов актрисани нафақат ҳамкасб, балки ўз синглиси ёки қариндошидек яхши кўрар ва кўпинча исми билан эмас, эркалатиб “Чина” деб аташни яхши кўрарди. Ойбарчин Бакирова у кишининг студияга кириши билан “Чина, қани матнни ол” дейишиданоқ ишга қатъий киришиш лозимлигини англаб етади. Дубляж соҳасида устоз шогирд бир-бирини қалбан тушунишарди. Фидойи устозининг ўгитларига амал қилган актриса бугунгача юздан ошиқ кино ва мультфилм қаҳрамонларига овоз берган. Унинг майин ва сеҳрли овози ҳар қандай образга ўзгача жозиба беришини оддий томошабин ҳам яхши илғай олади. Актриса энг кичик персонажларга ҳам шунчаки овоз бермасди. Аксинча ўша образнинг руҳига кириб, унинг ҳолатини ҳис қилиб, чин юракдан, бор маҳорати билан овоз беришга ҳаракат қиларди. Бу ҳолат у билан бирга овозлаштиришда иштирок этаётган инсонга ҳам таъсир этмай қолмасди. Актрисанинг ишга бўлган масъулияти ва дубляж соҳасидаги қобилияти унинг ҳамкасбларига ҳам қайсидир маънода илҳом берар ва Ойбарчин опа билан овозлаштиришда иштирок этаётган актриса ва актёрларда ҳам ишга бўлган масъулият ҳисси янада ошар эди. Ойбарчин Бакирова шогирдларига ҳамиша жонкуяр ва меҳрибон устоз эканлигини билан ҳам  ажралиб турарди.
   Ойбарчин Бакирова ўз фаолияти орқали 2000 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” унвони билан тақдирланди. Актриса ҳали узоқ йиллар санъат соҳасида фаолият юритиши мумкин эди. Аммо бемаврид ўлим у кишини орамиздан олиб кетди. Бу жудолик айниқса, актрисанинг яқинлари, шогирдлари ва ҳамкасблари учун жуда оғир бўлди. Қуйида Ойбарчин Бакирова билан бирга ишлаш ва бирга ҳамсуҳбат бўлиш бахтига муяссар бўлган инсонларнинг у киши ҳақидаги илиқ хотираларидир.

   Элёр НОСИРОВ, Ўзбекистон давлат драма театри ва кино актёри, Ўзбекистон халқ артисти:

“ЎЗБЕК МАДАНИЯТИНИНГ  ТИМСОЛИ ЭДИ”

   Менга бу жудолик ҳақида гапириш жуда оғир. Ойбарчин Бакирова мен учун жуда қадрли ҳамкасбим  ва опам эди. Ҳурматим баланд эди у кишига. Ойбарчинни таниганимга 50 йил бўлди. Илк марта институтга кирган йилим, яъни 17 ёшимда таниганман у кишини. Не бахтки, ўқишни битирганимдан сўнг Ойбарчин билан ҳамкасб бўлиш бахтига муяссар бўлдим. Мен Ойбарчин, деганда ҳақиқий ўзбек маданияти кўз ўнгимда гавдалангандек бўлади. У киши нафақат ўзбек маданиятини, балки бошқа халқлар маданиятини ҳам жуда чуқур биларди. Мен у кишини кўпинча Барчиной, деб атардим. Чунки ўзбекнинг ҳақиқий Барчини эди.  Ҳеч қачон ҳеч жойда Аббос Бакировнинг қизи эканлигини пеш қилмасди. Ота-онаси билан фахрланарди, албатта. Лекин “мен фалончининг фарзандиман”, дея асло керилмасди. Бу борада жуда камтар эди. Биров сўраса айтарди, йўқса овоза қилмасди. Охирги 20-30 йил ичида биргаликда жуда кўп ижод қилдик. Ҳар куни кўришмасак-да, дубляжда доим бирга эдик. Минг афсуски, ўзбек киноси бу аёлдан унумли фойдалана олмади. Уни актриса сифатида намоён этадиган роллар беришмади. Афсус минг афсус... Аммо Ойбарчин ҳақиқий дубляж қироличаси сифатида ўзини намоён эта олди. Токи ўзбек халқи бор экан унинг овози мухлислар қулоғида мангу жаранглайверади.  Барчиной ҳақида ёзганлар уни 100 дан ортиқ фильмларга овоз берган дейишибди. Бу хато. Барчиной юздан эмас, балки мингдан ошиқ фильмларга овоз берган. Масалан, у киши бир ойда 10 тадан фильмга овоз берган тақдирда ҳам бу саноқ бир йилда мингдан ошиб кетарди. Ойбарчин Бакированинг  дубляж соҳасидаги меҳнати кейинги йилларда айниқса, жуда серунум бўлди. Мен Барчиной билан шунча йиллар бирга ишлаган бўлсам-да, унинг бировга қаттиқ гапирганини ёки кимнингдир дилини оғритганини кўрмаганман. Шахсий ҳаётда ҳам сабр-матонатли аёл эди. “Ўтган кунлар”даги Юсуфбек ҳожининг ҳақиқий ўзбек қизи эди у. Сўзлашиш ва кийиниш маданиятини ҳам ўрнига қўрди. Ҳеч қачон бачкана кийинмасди. Доим ўзбекона урф-одатларимизга мос кийинарди. Ўта дидли аёл эди. Мен байрамларда ўзим ҳурмат қилган санъатимиз вакилаларини, шу жумладан, Ойбарчин опамни ҳам табриклар эдим. Охирги марта саккизинчи март байрамида телефон қилганимда жуда қувонганди. Ойбарчин айниқса, дубляжда  ниҳоятда талабчан эди. Сохталикни ёмон кўрарди. Ўз ишига ниҳоятда масъулият билан ёндашар ва бошқалардан ҳам шуни талаб қиларди.  Айниқса, охирги 20 йил ичида телевидениеда берилаётган фильмларни овозлаштиришда ҳар бир сўз ва овозга ҳам аҳамият берарди. Агар бирорта арзимас сўз хато кетса ҳам “бошқатдан ёзамиз”, дерди. Ишга виждонан ёндашарди. Чала ишларни ёмон кўрарди. Дубляж соҳасидан йироқ бўлган кишиларнинг бу соҳага аралашишини хушламасди. Чунки дубляж профессионал тарзда бўлишини истарди. Яқинда бир режиссёр менга Ойбарчин ҳақида гапириб қолди. Дубляжда бир актёр йигитнинг икки оғиз гапи бор экан. Нима бўлибди-ю, дубляж куни ўша таклиф қилинган актёр келмай қолибди. Шунда ўша режиссёр Ойбарчинга “шунга мен овоз берсам бўладими, ўзи икки оғиз гап экан”, деганда опа “йўқ, сен режиссёрсан, ўз ишингни қилишинг керак. У келмаган бўлса бошқа актёрни чақирасан” дея рози бўлмаган экан. Ана шу кичик воқеа ҳам Ойбарчининг ишга бўлган муносабати қандайлигидан далолат беради. Мен Ойбарчиндан жуда кўп нарсалар ўргандим. Дубляж борасидаги қимматли маслаҳатларидан баҳраманд бўлдим. У халқ артисти унвонига ўз меҳнати, тинимсиз ҳаракати ва ноёб истеъдоди билан эришди. Айримлар унвон олганда тарбиклашга ҳам хижолат бўлган пайтларимиз кўп бўлган. Чунки таниш-билишчилик билан унвон олишлар бўларди. Лекин Барчинойнинг халқ артисти унвонини олганлиги ҳақидаги хабардан барча бирдек қувонди. Чунки у бунга муносиб эди. Мен Ойбарчинни дубляж қироличаси, деб биламан.
   Ҳаётда ўта камтар инсон эди. Бир куни телевидениеда Корея киноижодкорлари томонидан суратга олинган бир сериални овозлаштиришни тугатдик. Жуда кеч бўлиб кетганди. Иш жараёнида бундай кечга қолишлар жуда кўп бўларди. Шундай кезлари мен Ойбарчинни уйига ташлаб қўяй десам “йўқ, мени уйим сизнинг йўлингизга тескари”, деб кўнмасди. Аммо мен ҳам, “тескари бўлса нима бўлибди, обориб қўяман”, деб туриб олардим. Ойбарчин шундан жуда хижолат бўлар экан. Ўша куни ҳам кинони тугатгач, йўлга тушдик. Ойбарчинни уйига етгач, у “энди уйга кириб, меҳмон бўласиз. Лағмон пиширганман, еб кетасиз”, дея қўярди-қўймай ичкарига таклиф этди. Суҳбатлашиб, бирга овқатландик.  Бу Ойбарчининг менга билдирган миннатдорчилик ифодаси эди. Аслида, у кишини уйига олиб бориб қўйиш арзимас иш эди. Аммо Ойбарчин шуни ҳам катта хизмат, деб қабул қилар экан. У кишида одамгарчилик ҳисси ниҳоятда кучли эди. Яқинлари меҳмонга келса, албатта,  водийнинг ширин нонидан илинарди. Тўғриси, унинг энди орамизда йўқлигига ҳамон кўниколмаяпман. Бу хабардан қаттиқ қайғуда қолдим. Менга ёмон таъсир қилди. Чунки Ойбарчин билан жуда-жуда қадрдон эдик. Менга ҳам дўст, ҳам устоз, ҳам ҳамкасб ва қадрдон опам эди. Мен энди Ойбарчинни кўз ёшисиз эслолмайман. Ҳақиқатдан ҳам, ўзбек санъати оғир жудоликка учради. Илоҳим, Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!

   Дилдора РУСТАМОВА, Олий тоифали сухандон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

“ОХИРАТИНГИЗ ОБОД БЎЛСИН, БЕОЗОР УСТОЗИМ”

   Ойбарчин Бакирова ўз ота-онасига муносиб фарзанд ва издош бўла олган инсон эди. Ўзбек киноси ва дубляж соҳасидаги самарали ижоди учун ҳам Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланганди. Мен Барчин опам билан танишган кезларимда улар асосан дубляжда фаолият юритардилар. Ниҳоятда самимий, камтар, қалби пок, ўз касбига жуда содиқ, фидойи инсон эдилар. Овозлари чин маънода сеҳрли эди. Шу қадар сеҳрли эдики, дунёдаги энг бадбашара махлуқ ҳам устозимнинг овози билан гўзалга айланарди. Энг салбий қаҳрамон ҳам меҳримизга сазовор бўлар ва уни беихтиёр яхши кўриб қолардик. Барчин опамнинг овозлари билан ҳар бир образ, ҳар бир тасвир яшай бошларди. Наҳотки, буларнинг бари энди ўтмишда қолди?! Наҳотки, бирга ишлаш бахтидан айрилдик?! Бир сериал ёки фильмда бирга ишлашимиздан севинган вақтларимиз наҳот, энди тарихга айланди?! Қаранг, ҳаттоки фалак ҳам биз билан қўшилиб йиғлаётгандек гўё... Соғиняпман... Ҳозирдан жудаям соғиниб кетяпман...
   Меҳрга тўла нигоҳларингиз, “қизим”, дея эркалашларингиз, ўгитларингиз, ширин-ширин суҳбатларингиз, адоқсиз меҳрингиз бир умрга қалбимда қолади...Охиратингиз обод бўлсин беозор устозим. 

   Умида АБДУАЗИМОВА, шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

“ОЙБАРЧИН ОПА БИЛАН МАШҚ ҚИЛГАНМИЗ”

   Мен севимли актрисамиз Ойбарчин Бакирова билан бир вақтда биринчи президентимиз қўлидан унвон олганман. Ўшанда унвон олганлар сафида мен ҳам саҳнага чиқиб, гапиришим керак эди. Жудаям қатиқ ҳаяжонланганман. Менинг бу ҳолимни кўрган Ойбарчин опа кулиб, анча машқ қилдирган, эркин суҳбатлашишимга кўмак берганди. Қандай гапирсам ҳаяжон бўлмаслиги ҳақида эринмай тушунтирганди. Ўша лаҳзаларда у киши худди ўз опамдек, меҳрибон қариндошимдек кўнглимда илиқлик уйғотганди. Актрисанинг овозидаги сеҳр унинг қалби ниҳоятда гўзал эканлигидан далолатлигини ўшанда сезганман. Ҳақиқий зиёли, самимий ва софдил инсон эди. Жойлари Фирдавс жаннатларидан бўлсин, илоҳим

   Мирзабек Холмедов, қизиқчи:

“БИЗГА ХУДДИ ЎЗ ОПАМИЗДЕК ЭДИ”

   Ажойиб санъаткор, дубляж устаси Ойбарчин Бакирова билан Ҳиндистонда суратга олинган “Алиф Лайло ёки маккора” фильмида бирга суратга тушганмиз. Ниҳоятда, маҳоратли актриса эди. Инсоний фазилатлари ҳам юксак эди. Бундан ташқари, жуда кўп фильмларнинг дубляжида овоз берганмиз. Бизга худди опадек эдилар. Илоҳим, Аллоҳ сиздан рози бўлсин, руҳингиз шод бўлиб, жаннатилардан бўлинг.
   Ҳа, бу оламда умргузаронлик қилар эканмиз ён-атрофимиздаги қадрли инсонларимиз мангу яшайдигандек, ҳеч қачон бизни ташлаб кетмайдигандек туюлади гоҳида. Турмуш ташвишлари билан бўлиб қазо ҳақ эканлигини унутиб қўйганлигимиздан  қаттиқ куюнамиз сўнг. Аммо ҳаёт қонуни шундай. Олам чархпалаги навбати билан айланаверади. Яхши инсонлардан эса бизга яхши хотиралар қолади. Таниқли актриса Ойбарчин Бакированинг ҳам ёрқин хотираси яқинлари, шогирдлари, ҳамкасблари ва мухлислари қалбида мангу яшайди. Актрисанинг сеҳрли ва жозибадор овози эса кинофильмлар орқали хонадонимизда ҳар доим янграб тураверади. 

Гулруҳ ЁРМАТОВА.
Манба: "Бекажон" газетаси.
Muzaffar.uz сайти билан ҳамкорликда тайёрланди.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот