БАХТНИНГ ЖУФТ ҚАНОТИ


ЗАМОН ЁШЛАРИ
БАХТНИНГ  ЖУФТ  ҚАНОТИ

    Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри ва кино актрисаси, истеъдодли ва мафтункор ижодкор Умида Норбоева ўзининг ижодий фаолияти билан кўпчиликнинг муҳаббатини қозонган. 
     Актриса ютуқлари ҳақида сўзлаганда,  аввало, умр йўлдоши Бегзод Исмоиловни ҳурмат билан тилга олади. Улар бир синфда ўқишган, бир-бирига муҳаббат қўйиб, турмуш қуришган. Тўйдан кейин бахтли онлар бошланди. Турмуш ўртоғи рафиқасига  ишонгани учун санъат соҳасида ишини давом эттиришига, театр ва фильмларда роллар ижро этишига тўсқинлик қилмади. Аксинча, ҳар лаҳза уни қўллаб-қувватлаб, руҳан, маънан мадад бериб келди. 
    Шу боис санъаткор ҳамиша мароқли ижод қилиб келмоқда. Ўзи фаолият олиб бораётган театрда таниқли режиссёр Олимжон Салимов саҳналаштирган “Дискотека” спектаклида Феруза образини маҳорат билан ижро этганини томошабинлар мамнуният билан гапириб юришади.  Бундан ташқари, “Абдулла Қодирий”да Кумуш, “Широқ”да Спаретра каби тарихий руҳдаги қаҳрамонлари  актрисанинг имкониятлари кенглигини кўрсатади.   
     Аммо ҳаёт фақат қувончлардан иборат эмас экан.  Ҳавас қилса арзигулик бахтли жуфтлик узоқ йиллар давомида фарзанд кўришмади. Текширувларда шифокорлар ҳар иккисининг ҳам соғломлигини қайд этар, ҳар гал қалбларидаги  умид шами яна ёлқинлана бошларди. Бу давр ҳар иккиси учун ҳам кутиш ва синов дамлари бўлди.
Ижоди ва оиласи ўртасида  мувозанатни сақлаш  учун санъаткор аёл ҳамиша ақл-идрок йўлида яшаши керак бўлади. Умида шундай яшади ва яшаб келмоқда. 
   Актриса ёш томошабинлар театрида “Қор маликаси”, “Ғаройиб воқеа” каби саҳна асарларида бетакрор образларни талқин этар экан, ҳар сафар жажжи болажонларни кўрар, уларни кулдирар,  бир яхши кунда бундай жарангдор овозлар ўз уйидан янграшига интиқ бўларди.   
     Буни қарангки, тақдир уларни узоқ йиллик интизорлик  эвазига қўшалоқ фарзанд билан сийлади. Эгизак ўғиллар – Иброҳимжон ва Муҳаммаджон дунёга келиб, уларнинг оиласидаги кемтикликни тўлдиришди. 
    Умидага кино ёки видеофильмларда суратга тушиш таклифи бўлганида, сценарийни биринчи бўлиб қайнонаси Онабиби ая ўқиб кўради. Келинининг  ижодини меҳрли нигоҳда кузатиб борадиган қайнона ҳар бир роли ҳақида  атрофлича фикр билдиради, маслаҳатлари билан ёрдам беради. Сценарий масаласида эса ҳар гал турмуш ўртоғи билан фикрлашади. Ёлқин Тўйчиевнинг “Орзу ортида” бадиий фильмида Насиба образининг ёрқин  чиқишига ана шу ўгитлардан баҳрамандлиги сабаб бўлди, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. 
    Айни кунларда Умида Норбоева “Тақдирлар”, “Денгиздан томчи”, “Кунларнинг бирида” каби дидактик руҳдаги новеллаларда фаол иштирок этмоқда. 
    Албатта, ҳар бир ижро маҳорат мактабидан санъаткор учун бир дарс бўлади. Ўйлаймизки, бу дарслар интилувчан санъаткорнинг янги истеъдод қирраларини кашф этишга рағбат беради.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР
Манба: «САОДАТ» журналининг № 11 сони.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот