ЛИБОСНИНГ ҚИЁФА ВА КАЙФИЯТГА ТАЪСИРИ


   Ўз-ўзимни керакли қиёфа ва кайфиятга йўналтириш ва мослаштириш қобилияти болалик давримданоқ бошланган.
     Бўлажак воқеалар муҳитини олдиндан ўзимча тахмин қилардим ва ташқи кўринишим, кайфиятимни шунга қараб ўзгартирардим. Узоқ вақт давомида бу ўз-ўзидан, ботиний равишда содир бўлди. Кейинчалик эса, бу зарурат, табиий ва мантиқий ҳолатга айланди. 
    Роллар устида ишлаганимда ҳам, кундалик ҳаётда ҳам шунга амал қилишга одатландим. Мен бир нарсага эътибор бердимки: агар узун либос кийсам, қадам ташлашимдан юриш-туришим, хатти-ҳаракатларимнинг мутаносиблиги, овозим, бўйим, табассумим, ёшим ва миямда чарх ураётган фикрлар – бир хил бўларкан. Башарти расмий, ишбилармонлар костюмида бўлсам, бояги жиҳатлар бошқача тус олишига аҳамият бердим. Агарда, кенг ва ноаниқ тарзда кийинсам - учинчи одамга айланарканман. Мабодо, тор ва калта кийим кийсам – ўзимни тамомила бошқа шахсдек сезардим.
    Бир неча марта истисно тарзида ички сезгимга таянмай, таваккал кийинишим бутунлай бошқа йўналишга элтишига амин бўлдим. Ҳафсалам пир бўлди. Ўзимнинг аччиқ, ҳаётий тажрибаларим асосида хулоса чиқаришни ўргана бошладим.
     Ҳамиша хушбичим, ёқимтой ва гўзал аёллар, актрисалар бор. Улар чиройли, ғайриоддий тарзда кийинишлари сабаб янада мафтункор тусга эга бўлишади, лекин бунинг натижасида таниб бўлмас қиёфага келиб қолишади.
     Менда эса бари бутунлай бошқача ва мураккаб. Мен бутунлай, мутлақо ўзгараман. Кийинишимнинг кўринишим ва кайфиятимга таъсири жаҳду жадал билан ўша нотаниш ҳолатга янада киришиб кетишим ва ҳар гал турлича туйғуларни туйиш истаги ва иштиёқидан воз кечолмайман. Шундай кезларда бирдан ўзимдан қўрқиб кетаман. Вужудимдаги кучли зўриқишдан халос бўлиш, яна "ўзга қиёфа"да ўзимни синашга бўлган интилишдан қутулиш ва аввалги хатоларимни такрорламаслик учун имкон қадар ўзлигимни назорат қилишни кучайтираман. Зотан, қизиқишингиз сўнса, уни қайтадан ҳис қилишнинг қизиғи йўқ.
   Агар ролимдаги либосим, соч турмагим энг майда тафсилотларигача тўғри танланган бўлса, юришим, ҳаракатларим, овозим, бўй-бастим, табассумим, ёшим ва фикрларимнинг уйғунлиги ўзимга боғлиқ бўлмаган ҳолда ўзгариб, ўз-ўзидан борлиғимни қамраб олади. Мен ички сезги асосидаги тахминларимни ҳаётга татбиқ қилишни ўзлаштириб олдим. Шундай кезларда, чиройлиманми ё хунукманми, ёш ёки қариманми, бу нарсалар мен учун умуман аҳамиятга эга бўлмай қолади. Мана шундай кезларда шахс – инсон феъл-атвори "намоён бўлади".

Людмила Гурченко.
Манба: «Театральные люди». 
Рус тилидан Музаффар Муҳаммадназар таржимаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот