Дубляж санъати ва маҳоратидаги машаққатлар


   Дубляж санъати - режиссёр ва актёрлардан маҳорат талаб қиладиган машаққатли жараёндир. Дубляж - хориж фильмларини таржима қилганда ўзбек тилида актёрларнинг овоз бериши ёки миллий фильм, сериалларимизни тасвирга олиш жараёни тугаганидан кейинги овозлаштириш босқичидир. Гоҳида шундай бўладики, қайсидир актёр ё актрисанинг ташқи кўриниши чиройли бўлгани билан, ролини қойилмақом тарзда ижро эта олгани ҳолда овозидаги оҳанг рол қаҳрамони билан уйғунлик касб этмайди ёхуд русча ўқигани сабабли ўзбек тилини билмаслиги ёинки шевада гапириши ҳолатлари ҳам учрайди. Айнан шундай кезларда дубляж режиссёрлари ва актёрларининг маҳорати талаб қилинади. Ойнаи жаҳон орқали кўплаб сериаллар намойиш этилмоқда, шу жумладан миллий сериалларимиз сони ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Бироқ барчасида ҳам адабий тил меъёрларига амал қилинаяптими? Бу албатта, биринчи навбатда, муҳаррир, таржимон ва режиссёрларнинг билими, салоҳияти, тилимизни нечоғли мукаммал билишига боғлиқ. Ўз ишининг моҳир усталари бўлмиш - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, дубляж режиссёри - Фахриддин Шамсиматов ва актриса - Раъно Зокированинг дубляж жараёнини кузатар эканман, назарий жиҳатдан дубляж ҳақидаги тасаввурларимдан кўра, амалиётда чиндан ҳам анчагина машаққатли ва сабр, вақт талаб қиладиган соҳа эканига амин бўлдим. Дубляж санъати борасида дубляж режиссёри - Фахриддин Шамсиматовнинг ҳаётий тажрибалари орқали орттирган билимлари, тавсия ва сабоқларини туркум мақолалар тарзида бериб боришни режалаштирдик. Кўп йиллик тажрибаларини баҳам кўришга ва мухлисларни дубляж сирларидан воқиф қилишга розилик билдиргани учун Фахриддин Шамсиматовга миннатдорчилик билдириб қоламиз. 
   Суратда: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж режиссёри, актёр - Фахриддин Шамсиматов, Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист, актриса - Раъно Зокирова ва режиссёр ассистенти - Фазлиддин Йўлдошев сериални овозлаштиришмоқда.    

Музаффар Муҳаммадназар.
2020 йил. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот