Адабиётдан йироқ режиссёрлар сценарий ёзадиган бўлишди
Адабиётдан йироқ режиссёрлар сценарий ёзадиган бўлишди ёхуд «Ўзбеккино»да катта ислоҳотлар қилиш керак Ёзувчи ва драматург Мирзапўлат Тошпўлатов билан суҳбат
- Сиз кўп қиррали ижодкорсиз. Тарихий мавзудаги “Муқанна” (“Санам тоғидаги гулхан”), “Майдон” сингари асарларингизда аждодлар мардлиги тараннум этилса, кўпгина ҳикоя ва қиссаларингиз эзгулик, одамийлик, софлик, инсоф ва диёнат ҳақида. Шу боисданми сизнинг жуда кўп ҳикоя ва қиссаларингиз кино экранларига кўчган.
“Юракдаги сир” номли ҳикоянгиз асосида ишланган “Гуноҳ”, “Тавба”, “Олов қаъридаги фаришта” фильмларининг ишланиш тарихи ҳақида эслаб ўтсак.
- Мен бу асарни ҳам, сценарийни ҳам “Ўзбекфильм” га олиб борганим йўқ. Тўхтасин ака деган киши китобимни ўқиб, уни Фарҳод Ҳайдаров деган режиссёрга берибди. Шу тариқа мени иккаласи излаб топишди. Тўхтасин ака ва Фарход Ҳайдаров. Улар менга шу ҳикояни фильм қиламиз, дейишди. Мен, албатта, хурсанд бўлдим. У пайт ҳали ёш ижодкор эдим. Шу билан сценарий ёзиш йўл-йўриғини тушунтиришди. Дастлаб, бир иккита сценарийларни ўқиб кўрдим. Обдон ўргангач, уларга сценарий ёзиб бердим. Сценарий уларга, актёрларга ёқди. Раҳмат айтишди. Бу фильмни Қашқадарё - Шаҳрисабз ва Тошкентда олишди. Фильм чиққанда жуда катта тантана бўлди. Панорама залининг кўп минг кишилик жойи тўлиб кетган эди. Ҳаммаси зўр бўлган эди. Aбдулла Орипов, Одил Ёқубов, Тўлапберган Қаюпбергановлар ҳам қатнашган эди. Кейин “Гуноҳ”ни “Тавба”сини ҳам олайлик дейишди. Шундай кейин яна ишлай бошладик. Сценарийни янада кенгайтириб “Тавба” олинди. У фильмни ҳам томошабинлар яхши қарши олишди. Шу билан яна “Юракдаги сир” ҳикояси асосида “Олов қаъридаги фаришта” ҳам суратга олинди. 3 та фильм 1 ҳикоя асосида олинди. Хуллас, 1-китобимда-ёқ кинога кириб келганман.
- Учала фильмни ҳам битта режиссёр ишлаганми ёки бошқа?
- “Гуноҳ” ва “Тавба”ни Фарход Ҳайдаров суратга олди, биттасини Юсуф Розиқов. Лекин одамларга кўпроқ “Гуноҳ” ва “Тавба” ёқди.
- Ижодкорлар кўпинча фильм ижодкорлари билан ижодий алоқада бўлиб туришади. Лекин “Олов қаъридаги фаришта” фильмидаги бош қаҳрамон ролини ижро этган актрисани биз қайтиб бошқа фильмларда кўрмадик.
- У Тожикистонлик актриса эди. Биз режиссёр билан келиша олмаганмиз. Лекин Фарҳод Ҳайдаров ҳар бир персонаждаги актёрларнинг ижросини кўрсатиб, розилигимни олган. Ҳамма ҳам асарини кино бўлсин, деб ёзмайди. Улар халқни дардини тушунтиришга ҳаракат қилади. Халқ учун, тарих учун ёзади.
- Барчамиз севиб томоша қиладиган сериалимиз “Занжир” сериалининг бошланишида, эпизод ролда ҳам ўзингиз ўйнагансиз. Бу ҳаётий воқеами ёки бадиий тўқимами?
- Бу ҳаётийроқ. Жуда бўлмаса ҳам 50% ҳаётий. У пайт 1980-1990-йилга қадар ҳаёт жуда бошқача эди. Ҳар бир инсоннинг овоз чиқариб айтолмаган бир орзуси бўлар эди. Бу ҳам бўлса “Қани эди Мустақил бўлсак, ўзимизнинг тилда гапирсак, қани эди ўзимизнинг мустақил армиямиз бўлса” деган. Кейин бу эл дардини “Ўта махфий дафтар” қиссам орқали ёритишга ҳаракат қилдим. Асар “Ёзувчи” газетасида эълон қилина бошланди. Қизиқиш катта бўлиб турганда, ғаламис инсонлар томонидан эълон қилиниши тўхтатилди. Тўҳтатилгандан сўнг одамлар келиб, қиссани газетада ўқиётган эдик, нега тўхтатдинглар, деб жанжал ҳам қилишган.
- Газетангизнинг муассиси бормиди ё мустақил газетамиди?
- Мустақил газета эди. Уни ҳам мен ўзим очган эдим. Ўша пайт Тарғибот маркази деректори эдим. Ўшанда “Ёзувчи” газетаси Тарғибот маркази органи асосида очилган. Уни маблағи ҳам ёнимиздан эди. Ҳеч ким маблағ ҳам бермаган. Энг қизиғи ҳамма газеталар бош мақола билан бошланар эди. Шу газета биринчи маротаба бош мақоласиз ҳам чиққан.
- Сериални олиш жараёни қандай кечди?
- Сериални олиш жараёни бу қиссани ёзаётганимда буни сценарий ҳам қилиш керак, деган фикр хаёлимизга келди. Бу қиссани қўлёзма қилдик. Кейин киносценарий ҳолатига келтирдим. Ўшанда буни суратга олмоқчи бўлган режиссёрлар кўпайиб кетди. 2-3 та режиссёр мен оламан, мен оламан дейишди. Ҳатто ўзаро хафалашиб ҳам қолишган. Бу сценарийни бошқа режиссёр илтимоси билан ёзган эдим, аммо ўша сценарий Санжар Бобоевга насиб қилди. Уларнинг ишларидан мамнун бўлдим, ҳақиқий режиссёр экан. Баъзи режиссёрлар ҳадеб ўзининг нарсасини тиқиштиради. Бу режиссёр муаллифнинг асарига хурмат билан қаради. Фикрини айтди, менга маъқул келса ўзгартирилди, бўлмаса йўқ. Ҳақиқий режиссёр, деса бўлади. Ана шундай режиссёрдан фойдаланиш керак, назаримда. Ўзбекистонда 1950-йилдан бери яхшироқ фильм ишланмади. Ўзбеккинога кўп раҳбарлар келди, энди ўзгаради, яхши асарлар кино бўлар, деб умид қилинди. Умидлар пучга чиқди. Негадир раҳбарлар доим қаршиликка учради. Қандайдир ўз манфаатини ўйловчи кучларга қарши туролмай кетишди. Орзу қилинди, орзулар амалга ошмаётир. Лекин, ҳадеб мақтанишади. Телевизорга чиқиб мақтанади, мукофот олдик, дейди. Ҳаммаси ёлғонга ўхшайди. Муаллиф қолиб актёр ва режиссёр мақтанади. Aслида мақтанадиган, кўрса бўладиган кинонинг ўзи йўқ.
Тўғри, баъзи бир режиссёрларнинг ўзлари сценарийни палапартиш ёзишмоқда, адабиётдан йироқ бўлса-да, ўзларича ёзадиган бўлди. Адабий сценарий бўлмаганда кино ҳам олинмас эди. Баъзи бир журналистларга ҳам ҳайрон қоласан, асар муаллифи ким, ким ёзган деб, сўрашмайди ҳам. Фақат актёрларни, режиссёрларни мақташ бўлади. Сценарийни дунёга келиши билан қизиқишмайди. Ҳатто баъзи режиссёрлар китоблардан, чет эл фильмларидан кўчириб муаллиф бўлиб қолмоқда. Aдабиётни яхши билмасанг, умрингда битта ҳикоя ёзмаган бўлсанг, сценарий ёза оласанми? Сценарий ҳам адабиёт-ку! Бу миллатнинг юзи-ку! Гапирса гап кўп. Бугунги кунда ҳам бор яхши ёзадиганлар, лекин режиссёр ўзича иш тутади. Режиссёрлар қачондир халққа ёқадиган бир фильм олдими?! Бир марта бир амаллаб кўрилади. Ўзбек киночилари ўзларидан томошабинни узоқлаштирди, иккинчи маротаба кўргиси келмайдиган фильм бўляпди. Aввал Тоҳир ва Зуҳраларни неча марталаб кўрардик. Одам зерикмайди. Бугун олинган фильмлар эса эсда ҳам қолмайди. Чунки уларнинг ҳаммаси чўнтак учун ишланган. Яқинда бир нарса ўқиб ҳайрон бўлдим. Ўзбеккинога Фирдавс келганини эшитиб, ёзувчи-ижодкорлар хурсанд бўлдик. Бу инсон тадбиркор, газеталарни йўлга қўйган, кўп яхши ишлар қилган, деб эшитган эдик. Шу одам келганидан жуда ҳурсанд бўлиб, энди ўзбек халқининг урф-одатлари кино-асарлар билан дунёга чиқади, яхши-яхши фильмлар олинади десак, ижтимоий тармоқларда тарқалган янги раҳбарга қарши режиссёрлар ташланган лавҳани ўқиб кўриб ёқа ушладик. Ташланган режиссёрларнинг бирортасини яхши киноси йўқ. Халқ уларнинг бирорта киносини билмайди. Умуман олганда дунёга чиқадиган бирорта фильм йўқ, 30-40 йилдан бери дуруст кино олинмади-ку. Лекин мақтанишади. Ҳуллас, Ўзбеккинода катта ислоҳотлар қилиш керак. Сценарийни барибир ёзувчилар ёки ҳамкорликда ёзиши керак. Ҳозир ҳамма нарсани пала-партиш қилиб ташлашяпди. Ўзбеккино гуллаб яшнайди, деб умид қилган эдик, лекин интернетда янги раҳбарга ёрдам бериш ўрнига режиссёрлар ташланганини кўрдик. Бу ўзбекчиликка ҳам, инсонийликка ҳам тўғри келмайди. Ўша ташланганлар кимдир томонидан ташкиллаштирилган, деб ҳисоблайман.
- Сиз кўп йиллар кино олами билан яқинсиз. Бугунги Ўзбеккино ҳақида қандай фикрдасиз?
- Бугунги Ўзбеккино янги ишбилармон раҳбар атрофида бирлашиб, бир тан-у бир жон бўлиб ишлашса, ўзбек киноси ривожланади. Чунки ҳозирги раҳбар қаерда ишламасин, у жойларни ривожлантирган ҳозирги раҳбар соғлом фикрли, талантли Санжар Бобоевдек режиссёрларни ўз атрофига бирлаштирса, нур устига нур бўлади. Санжар ўзбек киносини дунё экранига олиб чиқадиган режиссёр. Бошқаларни билмайман. Хуллас, ҳозирги раҳбар бошчилигида Ўзбеккинода кино саноати ривожланишига ишонаман. Бизда кино бўладиган асарлар кўп, Миркарим Осимнинг асарлари, Одил Ёқубовнинг асарлари, Ўктам Усмоновнинг, Пиримқул Қодировнинг, Тоғай Мурод, Шукур Холмирзаев, Неъмат Аминов, Эркин Аъзам, Нурали Қобил, Шойим Бўтаев сингари ёзувчиларнинг асарлари жуда кўп, булар дунёга чиққан. Лекин дунёга чиқиши учун яхши режиссёрлар ҳам керак. "Сценарий йўқ" деган ёлғон гапни нима кераги бор. Мана сценарий! Ёзувчиларга келиб "сценарий керак" дейишсин, ўша ёзувчилар ёзиб беришади. Лекин ҳозирги кунда миллатимизни, урф-одатларимизни тасвирловчи фильмлар йўқ, деб ҳисоблайман. Илгари сценарийлар Ёзувчилар уюшмасидан ўтиб, сўнг суратга олинарди. Ҳозир йўқ унақа нарсалар. Ўзлари тузиб олган бадиий кенгаш бор, холос. У кенгашдагиларнинг кўпи ўзбек адабиёти билан таниш эмас.
- Келинг, энди, “Фаришта” сериалингиз ҳақида суҳбатлашсак.
- “Фаришта”ни дастлаб, ҳикоя шаклида ёзганман. Пьеса ҳам қилиб ёздим. Кейин мен ишчиларни, шаҳарларни, одамларнинг муаммолари билан яқиндан танишдим ва сценарий ёздим.
- Сериални кўрмаганларга шу сериалнинг ғояси, моҳияти ва қисқача сюжети ҳақида гапириб ўтсангиз.
- Сериалнинг асосий қаҳрамонлари шаҳарларни озодалиги, софлигини ушлаб турадиган Ободонлаштириш бошқармаси ишчиларининг шаҳар ҳаётида, ҳаётда тутган ўрнига бағишланган. Aгар шулар 4-5 кун ишламаса, шаҳар сасиб кетади. Лекин одамлар уларни камситишади. Шундай қилиб сценарий ёздим. "Маданият ва Маърифат" телеканали шуни сериал қилишди. Сериалда ўзгаришлар киритишган. Лекин китоб билан сериалнинг ўртасида анча фарқ бор. Кўпчиликка сериал ёқди, лекин китоби ундан-да ёқди.
Хуршид деган йигит режиссёрлик қилди. Унга ишонганимизнинг сабаби, илгари “Тандир” деган комедия олган эди. У зўр чиққанди. Лекин бунисида, билмадим, воқеалар сал бузилди. Қиссада воқеалар узвийлиги бор. Кинодан қониқмадим, сериал китобдагидек бўлмади. Мен ўзи тарихни кўпроқ яхши кўраман. Оқ кийимлилар қўзғолонига Муқанна бошчилик қилган. Лекин бунга диннинг алоқаси йўқ. Мен дин ҳеч қачон адоват чиқармайди, деб ўйлайман. Шу ҳақда ёзганман. Полвонлар ҳақидаги қисса ҳам ёздим. Умуман, оқ кийганларнинг кураши, ўзбек халқининг тарихи... Тарихга тош отмаслик керак. “Темур”, “Спитамен”, Муқанна бошчилигидаги оқ кийганлар кураши, Тўмарислар, Гўрўғли, Алпомишлар, ўзбек халқининг ифтихори. Қани эди шулар кино бўлса! Жаҳонга кўз-кўз қилинса. Балки янги раҳбар Фирдавс амалга оширар.
- Бугунги кундаги адабиёт ҳақида суҳбатлашсак.
- Бугунги кун адабиёти ҳам, илгариги адабиёт ҳам инсон руҳиятини, ҳаётини ўзидан олиб, ўзига берувчи ва тарихга қолдирувчи восита. Ҳозирги адабиёт ҳам, аввалгиси ҳам ҳаммаси халқ учун, халқни манфаати учун ёзилган. Адабиёт – миллатнинг юзи. Адабиёт – тилимиз, тарихимиз. Адабиёти йўқ миллат, миллат бўлолмайди.
- Сиз 1-сентябрда туғилгансиз. Лекин сиз туғилган пайт бу кун мустақиллик куни эмас эди. Мустақиллик эълон қилинган куни қўшалоқ байрам бўлган бўлса керак. Икки карра қувонгандирсиз?
- Икки карра эмас, 1000 карра қувонганман. Ўзбекистоним, ўзбек киноси ривожланса миллион баробар қувонаман. Мустақилликка эришганимиздан сўнг ҳамма ўз тилига, ўз тарихига, ўз армиясига эга бўлиш 1000 карра байрам-да, менимча. Буни “Занжир” сериалида мустақилликни ардоқлашга бағишлаганман. Орзу-умидларимизни рўёбга чиқишига атаганман. Сериални томошабин яхши кутиб олди, шекилли. Хатто, “Ҳуррият” газетаси “Ҳамманинг оғзида “Занжир””, деб ҳам ёзишди. Жуда кўп мамлакатларда қўйилди. Бу кинони яхши чиқишида, албатта, режиссёр Санжар Бобоевнинг хизмати катта, ҳар бир деталгача маслаҳатлашиб иш қилди.
Суҳбатдош - Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.
2020 йил.
Манба: https://uza.uz/posts/213522