Оддий, самимий ва камтарин инсон. Бу сифатлар Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Раъно Зокировага хос. "Водиллик келин”, "Шайтанат”, "Ёдгор”, "Бир кам дунё”, "Фотима ва Зуҳра”, "Алпомиш”, "Осмондаги болалар” каби 20 дан ортиқ фильмларда бир-бирини такрорламайдиган ажойиб роллари билан халқ меҳрини қозонган. Кейинги пайтда суратга олинган сериаллардаги ажойиб ролларидан таъсирланган ҳолда Раъно опани йўқлаб хонадонига ташриф буюрдик.
Мени кўпам мақтаманг
– Раъно опа, истаймизми-йўқми, мухлис учун севимли санъаткорининг ижоди билан бирга унинг шахсий ҳаёти ҳам жуда қизиқ...
–Мени мухлисларимдан биронта яширадиган сирим йўқ. Улар каби мен ҳам оддий аёлман. Икки ўғлим ва бир нафар қизим бор. Турмуш ўртоғим спортчи. Тўнғич ўғлим санъат соҳасини танлади. Санкт-Петербургда таҳсил олмоқда. Мана шу бахтли оиланинг оддий бекасиман.
– Суҳбат бошидан "Агар иложи бўлса мени кўп мақтаб ёзманг, оддий ва самимий суҳбатлашайлик...” дедингиз. Бироқ сизнинг касбдошларингизнинг кўпчилиги уларга қанча кўп мақтов ёрлиқларини ёпиштириб ўтсак бениҳоя хурсанд бўлишади?
– Мен ўзимга буни эп кўрмайман. Кимгадир бу нарса ёқар... бу унинг тарбияси, дунёқарашига ҳам боғлиқ. Баъзида сухандонларимиз, ҳали ҳеч бир ютуққа эришмаганларни ҳам "Кино юлдузи” ёки "Эстрадамизнинг қироличаси” дея жимжимадор сўзлар билан эълон қилишади. Балки шу нарса уларга керакдир. Худди мана шу виқорли чақирувлардан ўша санъаткор илҳомланар?.. Биласизми, анча йиллар олдин Тошкентда Бутунжаҳон кинофестивали бўлиб ўтганди. Ўшанда Болливуднинг ёрқин ва таниқли актёрларидан Шаши Капур меҳмон бўлиб келганди. Журналист кўплаб санъаткорларни қатор-қатор унвонлари билан эълон қилиб турган бир пайтда, у икки оғиз сўз билан "Мен Шаши Капур” дея ўзини таништирган.
Халқнинг ўзи баҳо беради. Спортчимисиз, машҳур актёр ёки актриса, хонанда, бастакор, раққоса... хуллас, қайси соҳанинг вакили бўлманг, унинг қиролимисиз ёки қироличаси буни фақат мухлисларнинг ўзи эътироф этади. Мен оддий ишчи оиласида туғилиб, вояга етганман.Санъатга кириб келганимда атрофимда қўллайдиган ҳеч кимим бўлмаган. Меҳнатим билан озми-кўпми нимагадир эришдим ва ўз мухлисларимга эга бўлдим. Бунинг учун шукрона қиламан.
Сиз ҳаётда бошқача экансиз, деган танбеҳ эшитдим
– Санъат олами сизга берган унутилмас сабоқ?
– "Водиллик келин” фильмидан сўнг Раъно Зокирова бўлиб танилганимда Самарқандга учрашувга борганмиз. Ўшанда биринчи маротаба талаба ёшлар мени ўраб олиб дастхат ола бошлашди. Ўшанда устозимиз Рустам ака Сагдуллаев жуда чиройли бир насиҳатни миямга мулойим қилиб сингдириб қўйганлар: "Эсингда тутгин, атрофингни қуршаб олганларга кайфиятинг қандайлигини билдирма. Чарчаганмисан, бетобмисан, улар учун севимли қаҳрамон бўлиб қолишга ҳаракат қил. Ҳеч қачон мухлис дилини оғритма!” Рустам аканинг шу сўзларини ҳар доим эслаб тураман. Аммо ўн йилча аввал театрдан кечки пайт ниҳоятда чарчаб асабийлашиб чиқиб уйга тезроқ етиб олиш учун "такси” тўхтатдим. Ҳайдовчи мени таниб нуқул савол беради денг. Бўлиб ўтган воқеаларни миямда таҳлил қилиб туриб унга совуқ жавоб бергандирман, бу табиий ҳол. Охири манзилга етиб келгач, кира ҳақини узатганимда, "... йўқ, раҳмат, сиздан пул олмайман! Лекин шу пайтгача биз сизнинг иштирокингиздаги барча фильмларни томоша қилиб, оилавий мухлис эдик. Бироқ ҳаётда умуман бошқача экансиз...” деса бўладими. Унинг танбеҳи худди сиз заҳарга яқинроқ экансиз мазмунида туюлдики, юзимга шапалоқ туширилгандек бўлди. Бу менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Ҳанузгача мана шу ҳайдовчининг гаплари хотирамда, қалбимда қолди. Тўғри, ўшанда у мухлис бўлгани учун жуда бир самимий саволларни ёғдирганди. Лекин мен ҳам тирик жонман. Мазам бўлмай, кайфиятсизлигимдан ёқимсиз жавоб бергандирман-да. Энди қачон экранда кўрса, албатта, унинг хотирасида менинг заҳарлигим ёки қўрслигим муҳрланиб қолган. Мана шу ҳолат ҳам менга катта дарс, сабоқ бўлган. Шу боис имкон қадар мухлислар билан тўқнаш келганда ички туйғуларимни, кайфиятсиз ҳолатларни, асабузарликларни... бари-барини бир четга суриб, уларнинг дилини оғритмай, чиройли муомала қилишга ҳаракат қиламан.
Яхши қайнона бўлишга аҳд қилдим
– Яқиндагина “Сабр” номли янги телесериалда ҳеч ким кутмаган салбий қаҳрамон Кимёхон образини яратдингиз. Мухлислар уни қандай қабул қилди, ўзингиз-чи?
– “Биз сизни ҳурмат қилиб, жуда яхши кўрамиз. Илтимос, бундай салбий ролларни ўйнаманг. Сизга ярашмабди!” дея кўпчилик танқид остига олди. Яқинда ўғлим Аслиддинни шифокор ҳузурига олиб борганимда ҳам доктор дарров “Сабр” телесериали ҳақида гап бошлади. “Бундай ролда сизни кўраман деб ўйламагандим, лекин менга сизнинг образингиз жуда ёқди!” деди. Худди мана шу ярашмабди ва ёқди деган икки қарама-қарши фикр мени анча хурсанд қилди. Демак, меҳнатларим зое кетмаган экан. Ҳатто “Тошкент” телеканалининг ижодкорлари ҳам “Раъно опа, ёмон ролда чиқибдилар-ку?!” дея ҳайратда қолишган.
Шахсан мен учун мана шу сериалда роль ижро этиш ва тасвирга олиш ишлари ниҳоятда қизиқарли кечди. Энди ижодкор одам битта қолипда қотиб қолмаслиги керак-да. Ҳар хил қиёфадаги қаҳрамонларни яратиб туриши керак. Мана шунда маҳорати ҳам ошиб боради. Ўйлайманки, мухлисларим бу кино, ҳаётда эса аслида Кимёнинг умуман тескариси эканлигимни тушунишади.
– Кейинги пайтларда кўпчилик сериалларда кўтарилаётган мавзулар ҳаётда учрайдиган икир-чикирлардан иборат бўлиб қолмаяптими?
– Биласизми, ҳаётда Кимёхонга ўхшаган овсинлар жуда кўп. Узоққа бормай ўзимизнинг қариндошлар мисолида кўрадиган бўлсак бундай аёлларни кўп кузатамиз. Кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётганлар баъзида мажбур бўлиб 2-3 талаб келинини шу каталакдай уйга туширади. У хонадонлардаги катта келинлар эса алоҳида уйга кўчиб чиқиб кетиши керак. Ҳар доим ҳам ҳаммада бунинг учун имконият бўлавермайди. Хуллас, бу сериалда кўтарилган ғоя ва воқеалар айни кунда жуда долзарб мавзу. Чунки қайнона-келин, севги-муҳаббат ҳақидаги фильм ва сериаллар жуда кўп. Аммо овсинлар ҳаёти ва уларнинг бир-бирига бўлган муносабати ҳақида қўл урилмаган эди. Шунинг учун бу сериалнинг ютуғи кўпроқ бўлди, қисқа фурсатда оммалашиб, барчанинг кўнглига кириб борди, деб ўйлайман. Ва бу йиллар давомида эскирмайдиган сериалга айланиб қолади.
Сериалдаги қаҳрамоним Кимёхон ҳам неча йил шу уйда яшаб келди. Қайнонасининг хизматини қилди. Вақт ўтиб янги келинчак хонадонга келди. Энди табиий ҳол янги келинга муносабат ҳам ўзгача бўлади. Худди янги либос, янги машинага бўлган эътибор бошқача бўлгани каби. Лекин қайнона бундай вазиятларда иккисини ҳам бир кўзда кўриши керак эди. Халқимиз бекорга овсин-овсинга тош отади демас экан... Сериалнинг менга ўргатган ҳақиқати шу бўлдики, ўзимнинг ҳам икки нафар ўғлим бор. Эрта-индин мен ҳам қайнона бўламан. Хонадонимга келин тушираман. Келинларимни бир поғонада ушлаб туришим шарт бўларкан.
Мендан бошловчи чиқмас экан
– Санъаткорлар, спортчилар, қўйингким элга таниқли шахслар телебошловчилик қиляпти. Тўй-ҳашамларда ўртакашликни ҳам эплаб кетишяпти. Бунга сизнинг шахсий фикрингиз?
– Мана сиз журналистсиз. Мен минг уринай, таниқли актриса бўлишимга қарамай, сизга Худо юқтирган касб-корни эплай олмайман. Чунки бунинг учун менда ақл, дунёқараш ва тажриба етишмайди. Мен актрисаман. Берилган ролни маҳоратим даражасида ижро этиб беришим мумкин холос. 2015 йил Ўзбекистон халқ артисти, тажрибали сухандон, раҳматли Абдумўмин Ўтбосаров билан бирга янги йил дастурини бирга олиб бориш масъулияти топширилган эди. Аввало, бундай бахт насиб этганидан жуда хурсанд бўлдим. Тасвирга олиш куни келганимда бир-икки маротаба баъзи бир жумлаларда қийналганим учун қайта-қайта дубль олишга тўғри келди. Шунда Абдумўмин ака режиссёрга мурожаат этиб, “Майлими, шу жойини менга берсангиз...” дедилар. Ва биттада “олиб кетдилар”. У киши профессионал сухандон. Кўрдилар қай даражада қийналганлигимни. Дилимни оғритмасдан партнёрга жуда чиройли тарзда кўмаклашдилар. Ўшанда тажрибали бошловчи ярим соатда зиммасидаги вазифасини адо этадиган бўлса, мен бир соат вақт сарфладим.
Чунки сухандонлар ўз мактабида таҳсил олган, шу соҳанинг нонини еб юрган одамлар. Мен актриса сифатида бошловчилик қилишга ҳаракат қилдим. Сухандонлик қилишга ҳавасим бор, лекин ҳаётда ҳеч қачон мендан бошловчи чиқмайди. Кимдир эплаётгандир, уларга тасанно. Лекин шахсий фикрим, ҳар бир соҳанинг ўз мутахассиси бўлиши даркор. Хонандами, қандай чиройли, ширали овози бор. Яхши қўшиқларни ижро этсин! Актрисами, юрагида қандай дарди ва изтироблари бор бўлса образлар орқали ижро этиб, маҳоратини юзага чиқарсин!
Мендан ҳам кучлилар бор
– “Ёдгор” фильмидаги Меҳри образингиз ниҳоятда таъсирли чиққан. Агарда шу картина яна қайта суратга олинадиган бўлса, ўзингиз, бу образда ҳозирги ёш актрисалардан кимни кўрасиз? Лекин назаримда айни кундаги биронта актриса сизчалик ўша қаҳрамонни гавдалантира олмаса керак...
– Билмадим (ўйланиб қолди). Ҳозирги кунда жуда кўплаб истеъдодли актрисалар экран юзини кўрмоқда. Бу ёшларга тасанно, дейман. Ким бўлиши мумкин? Тўғриси, билмайман. Сиз ҳозир мени жуда кўкларга кўтариб юбордингиз. Балки ўсиб келаётган ёшлар орасида мендан ҳам зўр ижро этадиганлар талайгинадир. Чунки биласизми, одамлар шундай: битта фильмни кўришдими, тамом. Ўшандаги таъсирли образни жонлантирган санъаткорни ундан бошқаси унингчалик ижро этиб бера олмайди, деб ўйлашади. Вақт ўтиб бошқа актриса ёки актёр бундан чиройлироқ, гўзалроқ ва таъсирлироқ ижро этиб бериши мумкин. Лекин биз уни қабул қила олмаймиз. Чунки илк маротаба уни кўрганмиз. Яна айнан худди шу нарсани такрор зўр қилиб ижро этиб бергани билан илк таассурот қалбимиздан чуқур жой олган бўлади.
Оддийгина мисол: ўша машҳур “Титаник” фильмининг биринчи ва иккинчи талқини бор. Мен иккинчисини кўрганман. Анча вақт ўтганидан сўнг эса биринчи вариантини кўрдим. Лекин негадир менга иккинчиси маъқул келди. Кимгадир эса фақат биринчиси ёқади. Сабаби мен илк маротаба Диео Каприо ва ..... ижросидан таъсирланганман.
Менимча таққослашнинг ўзи нотўғри. Мана яқинда “Водиллик келин” фильмининг ҳам давомини суратга олишди. Экран юзини кўрди, лекин оммалашмади. Ўзи аслида, олдин оммалашган фильмларни қайта суратга олиш ёки давомни экранлаштириш бу хато иш. Балки технология жиҳатдан, янги қиёфалар кашф этилиши жиҳатдан янгилик бўлиши мумкин, аммо ўша ОМАД келмайди. Ундан кўра янгилик яратишгани маъқул. Режиссёр ва драматургларимиздан яна бир нарсани сўраб қолган бўлардим. Айни кунда нуқул 16-17 ёшли йигит ва қизларнинг муҳаббатини экранлаштириш оммалашиб кетди. Менинг ёшим сал кам ярим асрга тенг бўлиб қолган бўлса, актриса сифатида айни шу ёшдаги инсонларнинг муҳаббати ва ҳаёти, ўй-ташвишларини ёритадиган фильмлар яратилишини, сценарийлар ёзилишини истаган бўлардим. Мана шунда кинотеатрга фақат талабалар эмас, бошқалар ҳам қадам ранжида қилган бўлар эди.
Икки кун қолганда актёр ахтаришади
– Ҳозирги кунда ижод қилаётган режиссёрларнинг айнан қайси камчиликларидан эътирозингиз бор?
– Фильмни суратга олишга уч кун қолганда актриса излашади. Ёки ота-она керак бўлиб қолади (хонада кулги кўтарилди). Рост, ўзимга ҳам неча маротаба қўнғироқ қилишган. “Раъно опа, зўр роль бор. Хуллас онасиз...” деб қисқача мазмунини тушунтиришади. Тасвирга олиш ишлари қачон, бир сценарийни кўриб чиқсам бўладими, деб сўрасам “Бир ҳафта ёки уч кундан кейин” деган жавобни оламан. Яхши фильм олмоқчи бўлган режиссёр уч кун вақт қолганда актриса излаб юрмайди. Актриса ҳам бундоқ ўтириб қаҳрамони устида изланиши, ўрганиши керак эмасми?..
Мана Зулфиқор Мусоқовнинг “Новда” фильмни мисол қилиб келтирсак. Ўша картинада неча ойлаб “кино проба”лар ташкиллаштирилган. “Новда” фильмни кўрганлар ҳам буни сезган бўлишса керак. Иккита ўғлимнинг ташқи қиёфаси қанақадир ўхшаш. Қош, кўз ва юз тузилиши бир хил. Партнёрлар ҳам бир-бирига жуда мос. Фильмда актёрлар жамоаси бутун бир ансамбль бўлиши даркор. Мана шунда унинг ютуғи катта бўлади!
– Мазмунли суҳбатингиз учун сизга ташаккур!