БИРОВНИНГ ҚИЁФАСИДА ЯШАШ ОСОНМАС!
АБРОР САИДНАЗАРОВ: “БИРОВНИНГ ҚИЁФАСИДА ЯШАШ ОСОНМАС!”
Аброр Саидназаровни одамлар кўпроқ салбий роллар ижрочиси сифатида билишади. Чунки эпизод роль бўлса-да, “Юраклар жанги” сериалидаги ролидан кейин кўча-кўйда одамлар уни таний бошлашди. Нафақат танидилар, балки танбеҳ ҳам бердилар.
Бугунги кунда у Ўзбек Миллий академик драма театрининг етакчи актёрларидан биридир. Биз унинг саҳнадаги ролларидан ташқари миллий сериаллардаги, “Оталар сўзи”, “Иқрор”, “Тақдирлар” каби теленовеллалардаги ролларини ҳам томоша қилганмиз. Шунингдек, у иштирок этган, фақат Ютуб орқали намойиш қилинган “Фара Ташкентский” сериали орқали ҳам унинг мухлислари сони анчага ортди.
Биз истеъдодли актёр Аброр Саидназаровнинг санъат йўлидаги қийинчиликлари, изланишлари, ўзи ижро этган роллари борасидаги фикрлари билан танишдик.
“БИРИ КАМ ДУНЁ ДЕЙДИЛАР...”
– Аброржон санъат йўлини танлаганингизда яқинларингиз: “Ўзингга ярашадиган ишни қил!” дейишмаганми?
– Санъат йўлини танлаганим учун ҳеч ким мени койимаган ва қаршилик ҳам қилмаган. Қарангки, яқинларим Санъат олийгоҳига ўқишга кирганимни ҳам билмай қолишган. Чунки 1995-96 йилларда Тошкентдаги Юридик институтига кириш учун келганман ва шартномага тушиб қолганман. Бизнинг пайтларимизда бу сўз энди-энди пайдо бўлганди. Шунинг учун “ўқимайман” деб уйга қайтиб боришга ориятим йўл қўймаган ва Тошкентда ҳунар ўрганиш учун қолганман.
Новвойчилик қилганман.Чорсуда ёғли патир ёпиб, нонлар ясаганман. Ўша ерда маҳаллада бир уйни ижарага олган Санъат олийгоҳи талабалари турар эдилар. Нонни ёпиб бўлганимдан кейин охирида кулчалар қолар эди. Шуларни олиб, ўша талабаларнинг олдига борардим ва бир пиёла чой устида гурунглашиб ўтирардик. Санъат ҳақида кўп гаплашишар, шу туфайли менда ҳам санъатга ҳавас уйғонди. Улар менда қобилият борлигини айтишди. 1999 йили устозим Мунаввара Абдуллаеванинг олдига олиб боришган.
Мен Наманган шаҳридаги Иқтисодий-юридик лицейни битирган, инглиз, рус, турк тилларини билардим. Ҳуқуқшунослик бўйича яхшигина маълумот олганман, шу боис устозим аввалига мени бу йўлдан қайтармоқчи бўлганлар: “Тўғри, санъатга кўпчилик ҳавас қилади, лекин санъат соҳасида ишлаш қийин. Бу соҳада ишлаш учун тишингиз темирдан бўлиши керак, тушуняпсизми, ўғлим!” деб роса тушунтирганлар. Барибир ўз сўзимда турдим ва 1999 йили Санъат олийгоҳига юқори балл билан ўқишга кирдим.
Бири кам дунё дейишади. Бувим доим “Болам ўқигин, олий маълумотли бўлгин!” дердилар. Чунки айнан шу йиллар одамларда илм олишга ҳавас сусайган, кўпчилик бозорга чиқиб кетган пайт эди. Аксарият ёшлар пул топиш илинжида ўқишни йиғиштириб қўйган эдилар. Шунинг учун бувимлар кўпроқ насиҳат қилганлар, дуо қилганлар. 1999 йили 18-август куни имтиҳон натижалари чиқиб, мен юқори балл билан институтга қабул қилинган куним эрта тонгда саҳарда бувим ўқишга кирганим ҳақидаги хабарни эшитмай, вафот этганлар.
“ИНСТИТУТДА МАШҲУР БЎЛИБ КЕТГАНМИЗ!”
– Институтдаги устозларингизнинг қайси ўгитлари қулоғингизда қолган ва кўп эслайсиз?
– Устозим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор – Мунаввара Абдуллаеванинг ҳар бир сўзлари мен учун ўгит бўлган.
Ўқишга кирган пайтимизда спектаклларда қатнашиб, анча машҳур бўлиб қолганмиз. Яъни, диплом спектаклини институтдаги домлалар, талабалар, журналистлар ва бошқа факультет талабалари кўриб, баҳо берар эдилар. Шу йиллари мен “Аяжонларим” спектаклидаги бош қаҳрамон Каримжон ролини ижро этганман. Шу сабаб бўлиб, институт миқёсида машҳур бўлиб кетганман. Кўчаларда, институтнинг ўзида “зўр спектакль бўлибди, табриклаймиз” деган қутловлар бўлган. Домлалар табриклашган. Шу кезлари ёш бўлганмиз, озгина юлдузлик касалига учраб қолганмиз. Ўшанда устозимиз Мунаввара Абдуллаева “Бу касаллик ҳозирча институт доирасида бўлди, бу ҳали ҳеч нарса эмас! Эртага насиб қилса, элнинг, халқнинг назарига тушганингизда юлдузлик касалига учрасангиз, қийин бўлади! Бу машҳурликни ушлаб қолганлар ҳам, ушлаб қола олмаганлар ҳам бор. Машҳур бўлишдан кўра, бу машҳурликни ушлаб қолиш жуда мураккаб! Шу нарсаларни унутманг. Насиб қилса, сиз орзу қилган Миллий театрга ҳам борарсиз, катта санъаткорлар билан бир саҳнада роллар ижро этарсиз. Бу ҳам ҳаммага насиб этавермайди. Устоз санъаткорларнинг орасида, улардан ибрат олиб, ўрганиш ҳам осон кечмайди. Санъат йўлини танлабсиз, тишингиз темирдан бўлиши керак!” деганларида тушунмаган эканман. Мана ҳозир олийгоҳни битирганимга 20 йилдан ошибди. Ўша гаплари ҳамон қулоғимда янграйди. Театрга келганимда албатта, машаққатлар билан штатга ўтганман, осон бўлмаган. Устозимга раҳмат. Бизни мана шундай ўгитлар билан ҳаётга тайёрлаган эканлар. Шу ўгитлар ҳалигача мотивация беради, куч беради. Баъзида озгина тушкунликка тушиб қолсам, устозимнинг шу гапларини эслайман.
“МАОШИМ У ОЙДАН БУ ОЙГАЧА ЕТМАЙ ҚОЛАРДИ...”
– Миллий театрга ишга кириш осон эмас, деб эшитганмиз. Бу ерга ишга келишингиз қандай бўлган? – Ҳа, илгарилари шундай эди. Ўқишни битириб, Миллий театрга ишга кираман, деб орзу қилиб юрган талабалар жуда кўп бўлган. 2003 йили бизни Санъат олийгоҳидан Миллий театрга йўлланма билан жўнатган бўлсалар ҳам, у пайтда Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов театрга раҳбар эдилар: “Бизда иш ўринлари йўқ. Миллий театрда саҳна ишчиси штати бор, шу ерда ишлаб турсанг, секин штатга оламиз!” деганлар. Тўрт йил саҳна ишчиси бўлиб ишлаганман. Кейин Ёқуб Аҳмедовнинг ўзлари “Спектаклларинг кўпайиб қолди, “ўйналган спектаклларга қараб” маош олиб турсанг, штатга оламан” деганлар. Яна беш йил фақат ўйнаган спектаклларим учун маош олиб ишлаганман. Ҳаммаси бўлиб тўққиз йил деганда ярим ставкага ишга ўтганман. Лекин саҳна ишчиси бўлиб ишлаб, ёмон бўлганим йўқ. Шу йиллар давомида Миллий театрнинг ички дунёси, ички тартиблари ва тарбиясини ўзимга сингдириб олдим. Устозларнинг саҳнага бўлган ҳурматларини кўриб, ибрат олдим. Тўғри осон бўлмади. Лекин ҳеч ким “сен саҳна ишчиси экансан, сен роль ўйнамаслигинг керак!” ёки “бу ерда нима қилиб юрибсан, умринг бекор ўтяпти!” деган гапларни эшитмаганман.
Устозларимиз ҳам “ҳаммамиз ҳам шу йўллардан ўтганмиз, ҳаракат қил, сабрли бўл! Спектаклларда қатнаш, четдан кузат!” деб менга далда беришарди. Тўғри, ўша кезлари оилали эдим. Оилани боқиш, оилани таъминлаш қийин бўлган. Олган маошим у ойдан бу ойга етмай қолган пайтлар ҳам бўларди. Қарзга яшашга тўғри келарди. Лекин театрга бўлган муҳаббатим, ихлосим шундай бир кучлилик қилардики, ҳар қандай қийинчиликка чидаб, енгиб ўтишга тайёр бўлганман. Ҳаттоки, вақти келганда кўз ёшлар оққан пайтлар ҳам бўлган.
– Ҳозир жадид боболаримизга катта эътибор бериляпти. Янги “Маъсума” спектаклида Мунаввар Қори ролини ижро этдингиз. Уларнинг ҳаёти шу кунларгача ошкор қилинмаган. Жадидлар қандай одамлар бўлган? Уларнинг ҳаёти ҳақида нималарни билдингиз?
– Албатта, жадид боболаримизга катта эътибор қаратиляпти. Ҳукуматимиз раҳбарлари ёшларга жадид боболаримизни тарғиб қилиш, улар ҳаётини ёритиб бериш учун санъат ва маданият ходимларига мурожаат қилдилар. Уларнинг ҳаёт йўли ҳақида спектакллар тайёрлаш, бадиий фильм ва ҳужжатли фильмлар ишлаш вазифаси юкланди.
Яқин йиллардан бери жадидлар кимлар экани, нима ишлар қилганини ва нима учун улар “жадид” деб аталгани ҳақидаги маълумотлар кенг ёритиляпти. Ва улар ҳақида билганларимиз кун сайин кенгайиб боряпти.
Биринчи ўзбек актрисаси ҳақидаги “Маъсума” номли спектаклимизда ҳам жадидлар образи бор. Бундан ташқари “Чўлпон”, “Кундузсиз кечалар” спектаклларида ҳам жадидлар ҳаёти ёритилган. Жадид дегани бу – янгилик дегани. Жадид боболаримиз жуда ақлли, дунё кўрган, олим-уламо инсонлар бўлган. Мен “Маъсума” спектаклида Мунаввар Қори образини яратганман. Шу билан бирга спектаклда унинг издошлари - Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Усмон Носир образлари ҳам гавдалантирилган. Улар юртимизга янгилик киритишга, маданият ва маънавиятни юксалтиришга хизмат қилганлар.
Туркистонда театр санъати ҳам жадидчилар ташаббуси билан ташкил қилинган. 1914 йили Маннон Уйғур томонидан Туркистон ижодий труппаси ташкил бўлган. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” пьесаси ўзбек санъаткорлари томонидан саҳналаштирилган биринчи саҳна асари ҳисобланади. Кейин Ҳамза Ҳакимзоданинг, Чўлпоннинг асарлари саҳналаштирилган. Шу тарзда секин-аста юртимизга театр санъати кириб келган ва оммалашган.
Жадид боболаримиз тарихимизни мукаммал биладиган инсонлар бўлишган. Улар нафақат ўзбек тилини, балки бир нечта хорижий тилларни ҳам билишган. Бир неча давлатларга бориб ўқиб келишган. Ёшларимизни ўқишга чет давлатларига юборишган. Юртимиздаги илм-фан, маданиятни юксалтиришга ҳаракат қилишган. Улар ҳақида янада чуқурроқ маълумотга эга бўлишимиз керак. Улар ватанимиз равнақи, мустақиллиги учун жон-жаҳди билан курашган ва шу йўлда қурбон бўлган кишилардир.
“ИККИ ДАҲО ДЎСТЛИГИ ҲАҚИДА СПЕКТАКЛЬ!”
– Усмон Азимнинг Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳақидаги “Икки даҳо” пьесасида хабарчи Ясовул ролини ўйнабсиз.
Нима учун “шу спектаклдан кичкина бўлса ҳам роль беринглар”, деб илтимос қилдингиз? Бу пьеса нимаси билан сизни ўзига жалб қилди?
– Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Икки даҳо” пьесаси ҳозир бизда иш жараёнида, репетициялар кетяпти. Ҳали саҳнада қўйилмади.
Абдураҳмон Жомий билан Алишер Навоий устоз-шогирд бўлишган. Абдураҳмон Жомий форс-тожик тилида ижод қилган ва Тожикистон ҳудудларида туғилган. Юртбошимиз Тожикистонга борган пайтларида шу таклифни айтдилар.
Бизда Алишер Навоий адабиёт устуни деб ҳисобланса, Тожикистонда Абдураҳмон Жомий жуда қадрланади. Икки Мустақил давлат ўртасидаги дўстликни, ҳамкорликни, маданий алоқаларни тиклаш учун икки даҳонинг ҳаёти, ўзаро муносабатлари ҳақида чиройли бир саҳна асари ёзилди. Тожикистондан туриб, театримиз раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев Усмон Азимга телефон қилиб, юртбошимизнинг таклифларини айтдилар. Бу ғоя шундай туғилди ва ҳозирда иш жараёнлари кетяпти.
Бундай спектакллар ҳар доим ҳам қўйилмайди. Чунки бошқа спектакллар билан солиштирганда унда ҳеч қандай зиддиятлар йўқ. Асосий эътибор икки даҳонинг ижодига қаратилган. Бир-бирларининг ижодларига бўлган ҳурмат кўрсатиб берилган.
Тўғри, “кичик бўлса ҳам шу спектаклдан роль беринглар!” деб режиссёримизга юзланганимда, “йўқ” демасдан, Дўстука исмли ясовул образини менга берганлар.
Ўзи аслида актёр учун ролнинг катта-кичиги бўлмайди. Актёр ҳар қандай ролни катта-кичик демасдан қабул қилиши керак ва шарт, деб ўйлайман. Кичик ролни катта қилиб ижро этиш актёрнинг ўзига боғлиқ. Баъзи бир бош қаҳрамонлардан кўра, ора-орада эпизод ролда чиқиб, шу кичкина образ устун келадиган ҳолатлар бор.
“РОЛИМ УЧУН КЎЧАДА ТАЪНАЛАР ҲАМ ЭШИТДИМ!”
– Қатор сериалларда асосан салбий ролларни ижро этасиз? Қайси сериалдаги ролингиздан кейин бу “анъана”га айланди? Нима учун режиссёрлар сизга кўпроқ салбий ролларни беришади?
– Албатта, қатор-қатор сериалларда роллар ижро этиб келяпман. Ҳозир очиғи, саноғини ҳам билмайман. Чунки давлат сериалларида ҳам, хусусий киностудиялар сериалларида ҳам иштирок этяпман. Албатта, салбий ролларим кўп. Аммо ижобий ролларим ҳам кўп.
Яқин йилларда намойиш этилган “Қизим” сериалини томошабинлар севиб томоша қилишди. Ҳозир “Маҳалла” телеканали орқали “Ғурур” сериали намойиш этиляпти. Бу сериалда ҳам ижобий образ яратганман. “Сарвиноз”, “Фотима-Зуҳра” номли сериалларда ҳам ғамхўр ота, оилапарвар эркак ролини ижро этганман.
Салбий ролларимга келадиган бўлсак, ижодимнинг 60-80 фоизини салбий роллар ташкил қилса керак. Салбий роль ижро этишни режиссёр Озод Шамснинг “Юраклар жанги” сериалидан бошлаганман, десам тўғри бўлади. Бу сериалда биттагина лавҳада роль ижро этганман. Бош қаҳрамон Райҳон Уласенованинг зулмкор собиқ турмуш ўртоғи ролида чиққанман. Сериалдаги аёлим Истанбул кафеларининг бирида юртдоши (Саида Раметова) билан учрашиб, ўтмишини сўзлаб беради. Шунда мени, собиқ ичкиликбоз эрини эслайди. У шунчалик ярамас одамки, бегона аёлларни уйга олиб кириб маишат қилади. Аёлини, болаларини оёқости қилади. Шу қадар разил одам.
Шу пайтгача менга ҳеч ким “шу салбий образни сиз чиқариб бера оласиз!” демаган. Ўшанда Озод Шамс “Ҳамма сизда яхши, олийжаноб, ижобий қаҳрамонларни кўради. Лекин мен сизни салбий ролда синаб кўрмоқчиман” деди. Сценарийда бу эркак шу қадар ёмон қилиб тасвирланган эдики, мен режиссёрдан “Ростдан ҳам ҳаётда шундай эркаклар бормикан? Хотинидан пул талаб қиладиган?” деб сўраганман. Ўз қизининг тўйида ота бўлиб туриш учун аёлидан тўлов сўрайди! “Қайси ота, қайси эркак шундай қилади?” дедим мен. Лекин режиссёр “Ҳаётда бор шунақа эркаклар, ака хўп денг” деди. Режиссёрга йўқ дея олмадим ва шу ролни ижро этдим. Ва менимча, ролим табиий чиққан бўлса керакки, кўча-кўйда бунинг учун таъна-дашномларни ҳам эшитдим. Шу ролим орқали томошабинлар мени эслаб қолишди. Ана шу ролимдан кейин режиссёрлар менга кетма-кет салбий ролларни бера бошлашди. Мен улар учун бир рамзий ижрочига айланиб қолдим. Сценарийда салбий образ бўлса, дарров “Ана, Аброр ака Саидназаров борлар-ку!” дейдиган бўлиб қолишди.
“СЕВГИ ЁШ ТАНЛАМАЙДИ!”
– Режиссёр Шуҳрат Саломовнинг “Қирмизи хонадон” сериалида Пўлат исмли бой одам ролини ўйнаяпсиз. Қаҳрамонингиз 50 яшар одам 18 яшар қизга уйланади. Бунақа ролга нега рози бўлдингиз?
– Салбий образда албатта, ижобий хислатлар ҳам бўлади. Бир одамнинг ёмон бўлиб кетишига сабаблар ҳам топилади. Шуҳрат Саломов фикри тоза, мақсади аниқ режиссёрлардан. “Қирмизи хонадон” сериалини ҳозир томошабинлар мириқиб томоша қилишяпти. Тўғри, қаҳрамоним 50 яшар бой-бадавлат одам 17 яшар қизни севиб қолади ва унга уйланмоқчи бўлади. Аслида у ёмон одам эмас. У оилапарвар, ишбилармон, тадбиркор, маҳалласида ҳурмат-эътибор қозонган шахс. Қўли очиқ, аммо унинг умр йўлдоши бевақт вафот этган.Марҳума аёлидан қизлари бор. Қизи жуда ҳам онасини соғинади. Қаҳрамоним кўчада қизини айлантириб юрганида Самодилга дуч келади. Бу қиз раҳматли аёлига жуда ҳам ўхшар эди. Шунинг учун қизалоғи Самодилга “ойижоним” деб ёпишиб олади, йиғлаб талпинади. Бундан эркакнинг юраги эзилади. Ҳаётда ҳам ким фарзандининг кўзёшларига бефарқ қарайди? Қайси ота боласининг кўнглини олиш учун ҳаракат қилмайди? Шу билан бирга эркак ҳам Самодилни кўрганида биринчи аёлини кўргандай бўлади ва унда ҳам бу қизга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади.
Севги ёш танламайди. У ҳар хил шароитда, ҳар хил вазиятда келади. Албатта, кимдир бу одамни қоралаши мумкин. Лекин бу одамнинг ҳолатини шу ёшида муҳаббат дардига мубтало бўлган одамгина ҳис қила олади. Ёшларимизга у кулги бўлиши мумкин. Катталар бу одамдан нафратланиши мумкин. Лекин мен севги бор нарса ва ҳар қандай ёшда келиши мумкин, деган фикрдаман.
Мен қаҳрамонимнинг ижобий томонларини яхши кўраман. Унга ўхшаган одамлар ҳаётда бор. Мана шундай мураккаб образлар менга ёқади. Бир қолипда кетишни ёқтирмайман. Агар салбий образ бўлса, унинг ижобий томонларини ҳам кўрсатиб беришни истайман.
“БИРОВНИНГ ҚИЁФАСИДА ЯШАШ ОСОНМАС!”
– ”Саид ва Саида” бадиий фильмида дўстини сотган одам, “Усмон Носир” спектаклида НКВД ходими ролини ижро этгансиз. Шу образларингизнинг сиз қабул қилган ҳақиқати борми?
– Тўғри, театр саҳнасида ҳам салбий ролларни кўп ижро этганман. “Бир келса, дарвозани каттароқ оч!” дейишади-ку!
Театрда “Кундузсиз кечалар” спектаклида ҳам салбий образ яратганман. Спектаклни Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр Валижон Умаров саҳналаштирганлар. Чўлпон аёли билан видолашаётганида биз Чўлпонни олиб чиқиб кетамиз, шу билан у ҳамма жадидлар қаторида отишга ҳукм қилинади. “Усмон Носир” спектаклида ҳам НКВД ходими ролини ижро этганман. Бу ерда ҳам қаҳрамоним Усмон Носирга нисбатан жуда қўпол муносабатда бўлади, уни жароҳатлайди. НКВД ходимининг жоҳиллиги оқибатида Усмон Носир касалликка чалиниб, вафот этади. Шундай разил одам ролини ижро этганман. Афсуски, улардан ўзим ҳам нафратланаман.
Жадид бололаримизга нисбатан ҳурматим чексиз. Саҳнада шундай инсонларни хўрлаган одам образини яратиш мен учун ноқулай. Лекин мен актёрман, роль танлашга ҳаққим йўқ. Бундай кишилар образини ҳам халқимизга кўрсатишимиз керак.
Шуҳрат Аббосовнинг ўғли Нозим Аббосов Ўзбекистон халқ Қаҳрамони Саид Аҳмад ҳақида “Саид ва Саида” бадиий фильмини яратганида унинг энг яқин дўсти Аброр ролини ўйнадим. У ҳам шоир бўлади. Лекин ўша даврни кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, у пайтларда айримлар ўз жонини асраб қолиш учун қаҳрамонимга ўхшаб дўстини “сотган”. Аниқроғи, уларни шунга мажбур қилишган. Яъни, шоирни шоир, олимни олим, қўшнини қўшни “сотган”. Ҳатто, улар беайб бўлсалар ҳам ҳурфикр кишилар, мустабид тузум учун “хавфли” ҳисобланган ҳамма уйдирма айбловлар билан қамалган. Сиёсат шундай бўлган. Афсуски, кўп яхши, илғор, халқпарвар кишилар ана шу тазйиқнинг қурбони бўлишган. Қаҳрамоним Аброр ҳам дўсти Саид Аҳмад ҳақида НКВДга нотўғри маълумот етказади ва унинг қамалишига сабабчи бўлади. Саид Аҳмад қамалганидан кейин орадан 6 ой ўтиб, Аброр ҳам қамалади...
Ҳар бир образни яратаётганимизда унинг ўтмишини аниқ-тиниқ билишимиз керак. Фақат режиссёрнинг кўрсатмалари билан чекланиб қолмаймиз. Актёрнинг ўзи ҳам қаҳрамони ҳаётига қизиқиб, у ҳақида маълумот йиғиши керак. Унинг юриши, кулиши, кийиниш маданияти, муомала маданияти ҳақида маълумотга эга бўлиши керак.
Биз ўзимиз учун мутлақо бегона бўлган одамнинг ҳаётини, феълини ўзимизга сингдирамиз. Актёрларга осон эмас. Кино, сериал томоша қилиш осон, лекин актёрга бировнинг қиёфасига кириб, унинг ҳаётини ўзига сингдириб, роль ўйнаш осон эмас. Бунинг учун керак бўлса, асаб ҳам кетади, соғлиқ ҳам кетади. Буни томошабин билмайди. Балки билмагани ҳам маъқулдир!
“ОНА ҲАР ҚАНДАЙ ШАРОИТДА БОЛАМ, ДЕР ЭКАН!”
– Ўзингиз қандай одамсиз? Чунки доим салбий ролда чиққанингиз учун томошабинда “ўзи ҳам шунақамикан?” деган савол туғилиши табиий. Ўзингизнинг ҳаётдаги шиорингиз қанақа? Аёлингизга қандай муносабатда бўласиз? Дўстликни қадрлайсизми?
– Ўзим ҳақимда мен ҳеч нарса деёлмайман. Мен ҳақимда мен билан яшаб келаётган аёлимдан, мени тарбиялаган волидаи муҳтарамамдан, синглим, фарзандларимдан ва четдан кузатиб турганлардан сўраб билишингиз мумкин.
Мен ўзимни яхши ҳам, ёмон ҳам дея олмайман. Қандайдир худди образларим каби мураккаб инсонман. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Турмушнинг мушти бор, рўзғорнинг ғори бор, дейишади-ку!
Аёлимни яхши кўриб севиб уйланганман. Уни жуда ҳурмат қиламан. Лекин буни оила деб қўйибди. Яхши кунларимиз кўп бўлган, синовли кунларимиз ҳам бўлган. Аёлимни хафа қилган кунларим ҳам бўлгандир, деб ўйлайман. Лекин шундай синовлардан ўтиб, йиқилиб туриб, одам ҳаётий тажрибасини ошириб борар экан-да. Катталар “иккита бўлса ҳам кўйлакни сендан кўпроқ йиртганман” деб бежизга айтмас эканлар. Ёшингиз улғайгани сайин ақлингиз кириб борар экан, дунёга, ҳаётга теран кўз билан қарай бошлар экансиз. Иллюзия – хомхаёл деган нарсалар чекиниб, ким, қайси инсон сизга яқинлигини тушуниб олар экансиз. Албатта, аёлингиз билан шунча йил яшаб, яхши-ёмон кунларни бошингиздан ўтказганингиздан кейин энг яқинингиз, энг ишонган кишингиз – бу авваламбор онангиз, ундан кейин умр йўлдошингиз бўлиб қолади. Она – ҳар қандай вазиятда, ҳар қандай шароитда, боласи яхшими-ёмонми, болам дер экан. Шу онанинг паноҳида, шу онанинг ҳимоясида улғайгач, сиз ҳам фарзандларингизга қандайдир устун бўлиб, ҳимоячи бўлишингизга она намуна бўлар экан. Отасиз улғайганим учун онам ҳам ота, ҳам она бўлиб тарбия берганлар. Ўсмирлик, ўтиш даврида баъзан онамга гап қайтарган пайтларим бўлган. Энди ўзим фарзандли бўлганимдан кейин, уларнинг сенга бўлган муносабатини, сенинг онангга бўлган муносабатингни такрорлар экан. Шунинг учун онам менга қандай меҳр-эътибор берган бўлсалар, фарзандларимга худди шундай меҳр беришни истайман. Буни ҳаёт деб қўйибди. Буни яширишнинг кераги йўқ. Баъзан оилада келишмовчиликлар моддий етишмовчиликлар туфайли ҳам келиб чиқиши мумкин. Одамнинг кўнглида дилни хира қиладиган ғубор бўлмаслиги учун инсон кўп нарсаларга кўз юмиши, кечиримли бўлиши керак. Шунингдек, қилган хатосини тан олишни ҳам билиши керак. Кечирим сўрашни ҳам билиши керак.
Аёлимга нисбатан меҳрлиман. Унга нисбатан ҳурматим чексиз. Шиорим эса фақат олға, фақат олдинга, ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтиб, фақат олдинга қараб ҳаракат қилиш керак, деб ўйлайман. Бу ҳозирда ҳамманинг шиори. Чунки биз тезкор, шиддатли замонда яшаяпмиз. Модернизация, технологияларимиз жуда кучайиб кетган. Замон билан ҳамнафас бўлиб яшашга ҳаракат қилишимиз керак.
Дўстликнинг қадрига етаман. Ҳаётда ҳақиқий дўстлар бўлади, деб ўйлайман. Наманганда боғчага бирга борган, мактабда ҳам бирга ўқиган Фарҳоджон Аҳмедов исмли дўстим бор. Ҳали ҳам дўстлигимиз мустаҳкам. Бемалол дилимиздаги гапларни бир-биримизга айта оламиз, тушунтира оламиз. Чунки болаликдан бирга катта бўлганмиз. Энди бошқа дўстларимиз ҳам бор. Одам танламайман, ҳаммага бирдек муносабатда бўлишни хоҳлайман. Ўзимга нисбатан ҳам шундай муносабатда бўлганларни ёқтираман.
– Сизни яна қайси лойиҳаларда кўрамиз?
– Режалаштирган лойиҳаларимиз бор. Ҳозир “Вояга етмаганлар” сериали устида иш жараёни кетяпти. Энди режалар ҳақида олдиндан айта олмайман. Чунки сирларни очиб қўйган бўламан. Уни келгусида ойнаи жаҳон орқали кўришингиз мумкин бўлади. Лойиҳалар, таклифлар кўп, биз қизғин ижоддамиз.
Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси.