“ТЕАТР – БУ ЖОНЛИ ТАЖРИБАХОНА!”


РАЪНО ШОМИРЗАЕВА: “НИМАИКИ БЎЛМАСИН, ҲАММАСИ ЯХШИЛИККА!”
“ТЕАТР – БУ ЖОНЛИ ТАЖРИБАХОНА!”
“ПАРИЗОД”НИНГ 120-ҚИСМИДА ФАҚАТ ЙИҒЛАГАНМАН!”

    Таниқли актриса Раъно Шомирзаева “Паризод” сериалида бош ролни ижро этганидан кейин мухлислар назарига тушди. 
   Бу актриса ижод йўлини Аброр Ҳидоятов номли ўзбек давлат драма театрида бошлаган. У биринчи марта бу театр саҳнасида “Отасининг қизи” спектаклидаги Наргиза ролини ижро этган эди. 
   У “Эгоист”, “101-рейс” каби бадиий фильмларда, “Паризод”, “Сарвиноз”, “Фотима ва Зуҳра”, “Аммажоним аммажон” ва бошқа сериалларда, қатор теленовеллаларда қизиқарли образлар яратган ва яратиб келяпти. 
    Биз актриса Раъно Шомирзаева билан унинг театрдаги ижоди, буюк устозлари ҳақидаги хотиралари, 10 йиллик танаффус ва оиладаги тарбия масаласида суҳбатлашдик. 

“ОТАМ МЕН БИЛАН БИР ЙИЛ ГАПЛАШМАГАНЛАР!”

– Сизга санъатга бўлган қобилият кимдан ўтган, деб ўйлайсиз? Оилангизда актриса бўлишингизга эътирозлар бўлмаганми? Ким сизни қўллаб-қувватлаган ва нима учун?
– Очиғини айтсам, актриса бўлишимга отам эътироз билдирганлар. Дадам болалигимдан ҳуқуқшунос бўлишимни хоҳлардилар. 
   Раҳматли онам эса “Кўнглинг буюрганини, дилингдан истаган касбни танлашинг керак, болам!” деганлар. Ўзлари тиббиёт соҳасини битирганлар. Шифохонада ҳамшира бўлиб ишлаганлар. Аммо адабиётни, санъатни яхши кўрар, жуда кўп китоб ўқир эдилар.
    Санъат олийгоҳига ўқишга кирганимда отам мен билан бир йил гаплашмаганлар. 
   Олийгоҳга киришим ҳам ажойиб бўлган. Ўрта мактабни битирганимдан кейин дадам онамга “Қиз болани Тошкентга ёлғиз жўнатма, тўғри бориб, ўша ердаги Юридик олийгоҳига ҳужжатларини топширинглар” деганлар. “Хўп” деганмизу, лекин онамнинг ўзлари Санъат олийгоҳи манзилини топиб, мени шу ерга олиб келганлар.  “Шу ерда ўқийсан, болам! Худо хоҳласа, мен орзу қилган катта санъаткор бўласан!” деганлар. “Отам унамайдилар!” десам, онам “Қўявер, отангни ўзим амаллаб кўндираман!” деганлар. 
    Имтиҳонлардан жуда чиройли ўтганман, лекин отам мен билан бир йил гаплашмаганлар. Кейин гаплашиб кетган бўлсак-да, анча йилгача ичларида бир тугун турарди. Институтни битириб, Аброр Ҳидоятов номли театрга ишга кирганимда ҳам дадам унча рўйихушлик бермаганлар. Лекин онам жуда севинганлар. Биринчи ўйнаган ролимни кўриб, онам шунақа йиғлаганлар, ҳалигача кўз ўнгимда туради. 
     Биринчи ўйнаган ролим “Отасининг қизи” комедиясидаги Наргиза образи эди. 

“САИДА ОПАМ – МЕҲРЛИ УСТОЗИМ!”

– Санъат олийгоҳида ўқиб юрганингизда қайси устозингизнинг ўгитлари бир умрга ёдингизда қолган?
– Менинг энг бахтли кунларим талабалик йиллари шу олийгоҳда ўтган. Устозим Арсен Исмаилов санъат фидоийси, кучли педагог эдилар. Маҳмуд ака Рашидов уларга ассистентлик қилганлар. Тўрт йил санъат олийгоҳида ўқиган бўлсак, бир гапни кўп такрорлар эдилар. 
    Диплом-спектаклида Ричард образини яратган эканлар. Унинг “Оёқларим даст туринг, асло букилманг!” деган иборасини кўп эслатар эдилар.
    Нушичнинг “Тумов” пьесаси асосида диплом спектакли билан курсни жуда чиройли якунлаганмиз. 
  Мен ўзи Фарғона курсида ўқиганман. Арсен Исмаилов “Йўқ, бу қизни мен Фарғонага бермайман. Фарғоналиклар Фарғонага кетаверинглар. Мен қизимни Аброр Ҳидоятов театрига жойлаштираман” деб ўзлари Баҳодир Йўлдошевнинг қўлларига топширганлар. 1993 йили олийгоҳни битирган бўлсам, шу йили Аброр Ҳидоятов театрида  иш бошлаганман. Режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг қўлида ўн йил бирга ишладим. Жуда кўп спектаклларда қатнашдим. 
    Саида Раметова мени “Отасининг қизи” комедиясидаги Наргиза ролига тайёрлаганлар, қўлимдан етаклаб, битта-битта ўзларининг ҳаракатларини ўргатганлар. Саида опамдан жуда ҳам миннатдорман. Саҳнада шерикни ҳис қилиб ўйнаш, саҳнада қадди-қоматни чиройли ушлаш – буларнинг ҳаммасини ипидан-игнасигача Саида опам ўргатганлар. “Отасининг қизи” комедиясидаги Наргиза ролини худди бу спектакль эндигина саҳналаштирилгандай, мен эса бу ролни илк бор ўйнаётгандай ижро қилганман.

“10 ЙИЛ САНЪАТДАН ТАНАФФУС ҚИЛДИМ!” 

– Режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан ишлаган йилларингизни эсласангиз? Эсингизда қолган, таъсирли воқеалар бўлганми? 
    Театрдаги бошқа устоз санъаткорлар сизни қандай қабул қилишган? Театрдаги муҳит сизга ёққанми?
– Катта устозларимиз бизни жуда яхши қабул қилишган. Тўйчи Орипов, уларнинг аёллари бор эди, Азиза Бегматова, Дилбар Исмоилова, Доно Бобохонова, Ноила Тошкенбоева – буларнинг ҳаммалари бизга устозлик қилишган. Муҳит жуда чиройли бўлган. Баҳодир Йўлдошевнинг режиссёрлик аудиторияси, ёнларида рассом Георгий Брим бор эди. Ҳозир ишлаган йилларимни эсласам, жуда таъсирланаман, яна театрга қайтгим келади. Чунки 2003 йил турмушга чиққан бўлсам, фарзандларнинг таътилидан кейин театрда ишламадим. 10 йил санъатдан танаффус қилдим. Кетма-кет қизларим туғилишди. Аллоҳ ҳадя қилган неъматларим, фарзандларимнинг тарбияси билан уйда ўтириб қолдим. Кейин 2010-2011 йилларда яна севимли касбимга қайтиш бахти насиб этди. Бунинг орасида онам вафот этдилар. Йўқотишлар бўлди. Ана шулар таъсирида анча уйга боғланиб қолдим. 
    Лекин худога шукр, мен эркин ижодкор бўлиб актёрлик фаолиятимни бошладим. Кинода, теленовелла ва сериалларда роллар ижро эта бошладим. Балки шу танаффус керак эди! Ахир айтишади-ку, нимаики бўлмасин, ҳаммаси яхшиликка, деб. Театрда 10 йил ишлаган ижод йўлларим умуман бошқа. Чунки театр – бу жонли тажрибахона. Жонли эфир деса ҳам бўлади. Бунда томошабин нафасини ҳис қилиб, томошабиннинг нигоҳи билан юзма-юз бўлиб роль ижро этасиз ва ролингиз хоҳ салбий, хоҳ ижобий бўлсин, томошабин буни қандай қабул қилаётганини ҳис қилиб турасиз. 
   Баҳодир Йўлдошевдай буюк режиссёр мактабини ўтаганимдан жуда хурсандман. Раҳматли Гулбаҳор Йўлдошевадан ҳар тарафлама ҳаёт дарсларини ҳам, саҳна дарсларини ҳам олганман. Тожибой Норматов, Неъмат Олимов – устозларимни номма-ном санасам, юрагимда бир соғинч уйғонади. Уларнинг ҳар биттасидан жуда катта ҳаёт мактабини олганмиз. Уларнинг жойлари жаннатдан бўлсин, ҳаётда яшаётганларининг умрлари узоқ бўлсин! Яна ёнма-ён ишлаш насиб қилсин!

“МЕН НАРГИЗНИ ТОПДИМ, ДЕГАНЛАР!”

– ”Отасининг қизи” спектакли роса шов-шув бўлган. Бу спектаклнинг ютуғи нимада деб ўйлайсиз?
– Исфандиёр пьесаси асосида саҳналаштирилган “Отасининг қизи” спектакли ҳали ҳам саҳнадан тушгани йўқ. Илгари янги қўйилган пайтларда  бу пьесани Бахтиёр Ихтиёров саҳналаштирган эканлар. Ўша кезлари Саида Раметова, Мурод Ражабов, Матёқуб Матчонов шу спектакль дунёга келишига сабабчи бўлганлар. Ҳозир ҳам янги актриса институтни битириб келса, “Отасининг қизи”даги Наргизани ўйнамасдан бошқа ролга ўтмайди. Умуман, шу спектаклдаги ҳар битта персонажни ҳозир театрда ишлаб келаётган актёрларнинг ҳаммаси ўйнаб чиққан десам, янглишмайман. Наргизалар ҳам кўп бўлса керак! 
    1993 йили театрга ишга келганимда Наргизани Саида Раметова ўйнар эканлар. “Раъно, кел синглим, энди биз оналар ва опалар ролига тасдиқланяпмиз, кези келса оналар ролини ўйнашга мажбур бўляпмиз. Демак, ёшимиз катта бўлиб қолибди” деб ўзлари саҳнага олиб чиқиб, шу ролни менга ишониб топширганлар. Мен билан бирга келган бошқа қизлар ҳам бор эди. Лекин, билмадим негадир Саида опам мени танлаб олганлар. “Бўлди, мен Наргизни топдим! Бемалол энди бошқа спектаклларимни ўйнасам бўлади!” деганлар. 
    Мен институтни битирганимга 35 йил бўлди. Ҳали ҳам шу спектакль қўйиляпти. Ҳамон томошабин олқишлари билан намойиш қилинади ва театрнинг репертуаридан тушмасдан яшаб келяпти. 
– Баъзан қийинчиликлар бўлганида “бекор шу соҳани танлабман” деб ўйлаган пайтларингиз бўлганми?
– Ҳалигача курсдошлар йиғилиб қолсак, Арсен Исмоиловнинг “Санъатнинг нонини ейиш учун темирдан тиш, темирдан тирноқ бўлиши керак!” деган сўзларини эслаймиз. Ёшлигимизда буни тушунмас эдик. Оилада бўладиган қийинчиликлар, айниқса, аёл санъаткорларимизга қийин. Оила ва фарзандлар билан театрни – умуман санъатнинг қайси бир соҳаси бўлмасин, олиб кетиш қийин. Энди билсам, мана шу қийинчиликларни гапирар эканлар. “Шунга қараб ишингизни қилинглар. Бу Тошкентда 20 тийинга газли сув ичиш билан тенг эмас, бу боша нарса!” дер эдилар.
  Қийинчиликлар бўлмаган десам, ёлғон гапирган бўламан. Албатта, қийинчиликлар бўлган. Қанақа? Фарзандларингизга кўп вақт ажрата олмайсиз. Оиладан бироз узоқ бўласиз. Ҳозиргидай тунда ҳам ишлашга тўғри келиб қолади. Гоҳида фарзандларингиз ухлаганида кириб келасиз, ҳали уйқудан уйғонмаган пайтларида ишга кетишингизга тўғри келиб қолади. 
    Бахтимга умр йўлдошим жуда ҳам тушунган инсон. Тушуниб, ҳар доим мени қўллаб-қувватлайдилар. Умуман олганда, ҳамма соҳанинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Лекин санъаткорни беминнат хизмати баъзан жуда паст баҳоланади: бу хоҳ бирон тадбир бўлсин, хоҳ тўй-ҳашам бўлсин! Ана шунда ўзингизнинг қадрингизга юрагингиз сал эзилган жойлари бўлади. Лекин ҳеч қачон шу касбни танлаганимдан афсусланмаганман. Ҳар доим шукронамни айтаман. Аллоҳ шу касбни менга раво кўрибдими, ҳалолидан берсин, ҳеч қачон ношукур бўлмаганман! 
    Агар иккинчи ҳаёт берилганида ҳеч иккиланмай, мана шу ўзимнинг севимли касбимни, актрисаликни танлаган бўлардим.  

“ҚИЗЛАРИМ – АЛЛОҲ БЕРГАН НЕЪМАТЛАРИМ!”

– Қайнонангиз сизни ваъда бериб олиб, кейин ишлатмаган эканлар. Сиз бунга қандай сабр қилгансиз? Ижодкор одам агар ўша ишни қилмаса, кўнгли кемтик бўлиб юради. Унга тўлиқ бахтни ҳис қилиш учун нимадир етишмаётганга ўхшайди. Сиз бу синовлардан қандай ўтгансиз?
– Қайнонамнинг умрлари узоқ бўлсин! Ойижоним бизникига совчиликка келганларида Шомирза ҳожи ота, дадамнинг дадалари қизга қалин пули бериладиган пайт, бир воқеа бўлган экан. Бўлғуси қайнонам қалин пулини узатсалар, ҳожи отамиз: “Тўхтаб туринг, энди қуда дейман-да сизни, худо хоҳласа, қуда бўламиз. Шу қалин пулини оляпман. Лекин олмаслигим ҳам мумкин...” деганлар. Қайнона ойим ҳайрон бўлганлар. Бу қизимизни санъаткор бўлишини онаси билан мен жуда хоҳлаганмиз. Мана ўқиди, театрда ишлайди. Менга ваъда беринг, театрдан, санъатидан айрилмайман деб айтинг. Ана шунда олиб келган қалин пулингизни ҳам оламан, қўлини сўраб келибсиз, “қўша қарисин” деб дуосини ҳам бераман!” деган эканлар. Шунда ойижоним “мана шунчалик ўқитибсизлар, ишлатибсизлар, бизнинг оиламизда ҳам ишлаб юраверадилар. Оиламизда унақа ишлатмаймиз деган гап йўқ.!” деганлар. 
   Тўй ўтди, ҳаммаси жой-жойида. Орадан бир ой ўтиб, ойижоним шундай қаршимга чиқдилар-да, ажойиб гапирдилар. 
   “Ҳунарингизни қилманг, келин!” дедилар. Ичим музлаб қолди. Нима дейишимни билмайман. Чунки мен тўйдан олдин ишлашимга розилик беришганини эшитган ва хурсанд бўлгандим. Турмуш ўртоғим санъатда қолишимни хоҳлаганлари билан қайнонам буни хоҳламаганлар. 
   Тўнғич қизимга ҳомиладор бўлдим. Бағримга эсон-омон босиб олдим. Ортидан кейинги қизим туғилди. Шукронамни айтиб, уни ҳам бағримга босдим. 
    Биласизми, қайнона ойижонимни нега яхши кўраман? Ана шу 10 йиллик танаффус, қизларимнинг тарбияси билан жуда чиройли ўтди. Ҳозир қайнонам 83 ёшни қаршилаяптилар. Ҳар доим “ойижон, сизга катта раҳмат!” дейман. Чунки қизларимни ўзим хоҳлагандай ўқитдим, тарбия қилдим, рўзғор юмушларига ўргатдим. 
    2014 йили Шавкат Жунайдуллаевнинг 30-қисмли “Аммажоним аммажон” сериалида қатнашганман. Бу сериалда 10 йиллик танаффусдан кейин биринчи энг катта ролим – она образини яратганман. Ўша кезлари бу фильмни жуда кўпчилик яхши кўриб томоша қилди. Рейтинги баланд бўлди. Ўшанда ҳам Саида опам ёнимда эдилар. Бу ерда ҳам устозим менга камера қаршисида туришни, камерани ҳис қилишни ўргатдилар. Етаклаб олиб юрдилар, десам, тўғри бўлади. 
    Танаффусдан кейин санъатга қайтиш ҳам осон эмас экан. Худди игна билан қудуқ қазигандай гап. Мен буни ичимдан руҳиятимда ҳис қилдим. Яна юқоридагидай чиғириқлардан ўтиб, бугунги мавқеимга эришдим. 
    Театрда роль ўйнамаган бўлсам ҳам, қайнонамдан беркиниб, теленовеллаларда кичик-кичик роллар ўйнардим. Орада қизларим улғайишди. 4-5-синфларда ўқийдиган, рўзғор юмушларини ҳам эплайдиган бўлишди. Ўшанда Ўзбеккинонинг кичкина эпизод ролларига, новеллаларга бориб турардим. Қайнонам буни билар эканлар. Кунларнинг бирида “Қани ёнимга ўтиринг, болам. 
    Кичкина-кичкина роллар ўйнаётганингизни кўриб турибман!” десалар, жуда уялдим. “Энди қизлар катта бўлди, Худога шукр, ўзини ўзи эплаяпти. Ўйнасангиз, катта-катта ролларни ўйнанг!” дедилар-да, қўлларини очиб, “касби-корингизга Аллоҳ барака берсин!” дедилар ва бошқа ҳеч нарса демадилар. Ана шу дуодан кейин Шавкат Жунайдуллаев “Аммажоним, аммажон!” сериалига чақириб, роль бердилар. Ота-она, қайнона-қайнотани, буюкларни дуосини олишда гап кўп экан. Дуо олиб бир иш бошласангиз, у Аллоҳнинг ижобатига ўтар экан. Бу сериал жуда муваффақиятли чиқди. Кам бўлмадим. Энди ўйлаб қарасам, янги келинлигимда қайнонам тўғри айтган эканлар. Чунки турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам катта ёшимизда шу фарзандларимизни Аллоҳдан тилаб олган эдик. Ўшанда мен 30 ёшда бўлсам, турмуш ўртоғим 41 ёшда эдилар. Энди билсам, қайнонам мени ва шу невараларини ўйлаган эканлар. Ҳозир мана катта қизим йигирма бирга кирди. Тиббиёт олийгоҳини битирди, ишга кирди. Кичик қизим 18 га кирди. Бу йил худо хоҳласа Шарқшунослик институтига киришга ҳаракат қилади. Қиз болани барибир рўзғорга ўргатган яхши экан. Илоҳим йўллари очиқ бўлсин, қизларимни! Ҳозир телефонда “уйга меҳмон келяпти!” десам, бекаму кўст, ўзимдай дастурхонимни шай қилиб қўйишади. Бу оналарни хурсанд қиладиган ҳолатлар. Ана шуларни ўйлабгина, рўзғорбоши бўлсин, қизларига эътиборли бўлсин, деб мени санъатда танаффус қилишимга сабабчи бўлганлар. Ҳозир уларга меҳр-муҳаббатим чексиз! Ҳам онам, ҳам қайнонам!

“ПАРИЗОД”НИНГ 120-ҚИСМИДА ФАҚАТ ЙИҒЛАГАНМАН!

– Сизга қайси режиссёр билан бирга ишлаш ёқади? Қайси сериалдаги ролингизни яхши хотиралар билан эслайсиз ва “яна шунақа роль беришса, ўйнардим” деб орзу қиласиз?
– 2021 йили тақдир тақозоси билан кинопродюсер Умид Соатов мени кинокомпаниясига таклиф қилди. Ўшанда “Худбин” (“Эгоист”) номли фильм суратга олинаётган эди. Мен бу фильмда Муқаддас Холиқованинг қудаси Саломат исмли аёл ролини ўйнаганман. Шу кичкина ролим сценарий муаллифи Равшан Йўлдошга жуда маъқул бўлган экан. 120 қисмли “Паризод” сериали ғояси шу ҳамкорлик замирида туғилди. Муаллиф бу сценарийни менга атаб ёзганларини айтган, бош қаҳрамоннинг исми ҳам Раъно эди. Бундан продюсеримиз Умид Соатов ҳам хабардор эдилар. Сериалга “101-рейс” фильми режиссёри Акром Шоҳназаров режиссёрлик қиладиган бўлди.  У жуда талабчан, актёрлар билан тенгма-тенг ишлайдиган истеъдодли, меҳнатсевар режиссёр.  
   “Паризод”да мен бор вужудим билан чўмилиб роль ижро этганман. У ердаги Раънонинг қисмати очиғини айтсам, онамнинг дардлари. Қаерларинидир онамдан олганман. Жуда ҳам чиройли сериал бўлди. Ҳалигача шу сериалнинг давомини сўрашади. 
   Продюсер Умид Соатов билан ҳамкорликда  жуда кўп ишлар қилдик. Лекин айнан “Паризод” сериали 10 йиллик танаффусимни, ичимдаги бари ғуборим ва дардларимни чиқариб юборди. Қаҳрамоним билан яшадим, десам муболаға бўлмайди. Агар “Паризод”нинг юз қисмли кейинги мавсумлари ишланса, мен албатта, қатнашган бўлардим.
   Сериални суратга олиш жараёнида сценарий ўн қисм-ўн қисм қилиб ташлаб бериларди. Ўшанда сценарий муаллифи билан телефон орқали гаплашардик. Шунда Равшан ака “Мен сизни қийнаб қўймаяпманми, Раънохон? Сизни кўп йиғлатмаяпманми, синглим? Мен ўзим кўриб, чидолмасдан йиғлаб юборяпман. Ишонсангиз, бундан хижолат чекиб, сериални оиламдан бошқа хонада кўряпман...” деб сўрардилар. Ижодкорнинг хаёлида жонланган воқеалар актёр ижросида тўлақонли мужассам бўлганини кўпчилик эътироф этди. Буни сценарий муаллифининг ўзидан эшитиш актриса учун катта баҳо! 
    “Паризод” сериалида ижро этган Раъно образи ижод йўлимдаги энг севган ролим ҳисобланади. Мен режиссёр Акром Шоҳназаров билан  “101-рейс”да ҳам бирга ишлаганман. Шунинг учун продюсеримиз режиссёрдан “Паризод”даги Раъно ролига кимни танлайсиз?” деб сўраганида, ҳеч иккиланмай “Раъно Шомирзаевани!” деб жавоб берганлар. 
    Агар шу сериалнинг давоми ёзилса, ҳеч иккиланмай, яна Раъно ролини ижро қилган бўлардим.  

“МЕНИ КЎПРОҚ ЙИҒЛАЙДИГАН РОЛЛАРГА ТАКЛИФ ҚИЛА БОШЛАШДИ!”

– Бир хил пландаги роллар бераётган режиссёрларга эътироз билдирасизми?
– Албатта, эътироз билдираман. Биласизми, “Паризод” сериалининг  120 қисмнинг ҳаммасида фақат йиғлаганман. Шундан кейин мени кўпроқ йиғлайдиган ролларга таклиф қила бошлашди. 
    “Севимли” телеканалидаги “Тақдирлар” теленовелласини тайёрлайдиган режиссёрларимизга “Нега мени доим йиғлайдиган ролларга чақирасизлар?” десам, улар “Ишонинг, ҳеч қайси актриса сизга ўхшаб йиғлай олмайди!”деган жавобни беришган. 
    Чиндан ҳам кўз ёшларим бирпасда оқиб кетади. Лекин ҳадеб йиғлайверсангиз, юрагингизга оғир келади, юрак чарчайди.
    Менинг иккинчи энг севимли режиссёрим Шуҳрат Салом. Биз бу режиссёр билан “Сарвиноз”, “Фотима ва Зуҳра” сериалларида ҳам ҳамкорлик қилганмиз. Февраль ойи ўрталарида “Менинг юртим” канали орқали Шуҳрат Салом режиссёрлик қилган “Қирмизи хонадон ёхуд қалбим ўғриси” номли янги сериал эфирга узатилади. Бу сериалда “Паризод”даги Раъно образининг мутлақо акси бўлган аёл ролида чиқаман. Шу режиссёр мендаги бошқа қирраларни ҳам юзага чиқарди, деб ўйлайман. 
    Ҳозир энди яна бир ажойиб роль ижро этяпман. Билмадим, мухлисларим бу ролимни қандай қабул қилишади, жуда ҳам бир-бирига контраст бўлган образ яратдим. Бунга ҳам режиссёр Шуҳрат Саломов сабабчи бўлди.  “Онажон, нега сизни битта амплуага тушириб қўйишган. Қаерда йиғлайдиган роль бўлса, Раъно Шомирзаева кўринади! Она, сиз жуда катта устозлар мактабини ўтагансиз. Сизда катта хазина бор!” деди. 
    Шу кунларда комедия жанрида ишланаётган кинода ўта салбий образга қўл урдим. Худо хоҳласа, экран юзини кўриш арафасида. 

“ХЎП БЎЛАДИ, ДЕСАНГИЗ ОЛАМ ГУЛИСТОН!”

– Мана, икки нафар қиз фарзандларингиз бор экан? Қиз тарбиялаётган оналар биринчи навбатда нималарга эътибор беришлари керак, деб ўйлайсиз?
– Қизларни рўзғор юмушларига ўргатиш ҳам қизлар тарбиясининг муҳим жиҳатларидан бири саналади. Айниқса, балоғат ёшига етган қизлар – улар эртага она бўлишади. Уларга тавсиям, оналаридан рўзғор юритишни ўрганишсин, сабрли бўлишсин! 
    Мен ҳам қизларимни сабрли бўлишга ўргатганман. Чунки касбим нозик, санъаткорлар доим эл назарида бўлади. Шунинг учун тарбия масаласига қаттиқ қараганман. Қизларимга ҳар доим ”рўпарангдаги одамга тик қараб гапирма болам, эгилган бошни қилич кесмайди!” деб тайинлайман. “Хўп” десанг, ҳеч нарса камайиб қолмайди. Майли, рўпарангдаги ноҳақ бўлса ҳам!” дейман. Аллоҳга беҳисоб шукр, энг асосийси – фарзандларим, иккита қизим касбимни ҳурмат қилишади. Мана шу ўгитларимни борича қабул қилиб, қулоқларига зирак қилиб тақиб олишган. Бу тарбия менга онамдан мерос. Эртага қизларим ҳам фарзандларига, хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин, “хўп бўлади” деган иборани айтишни ўргатишади. Ҳар бир қиз “хўп бўлади”, деса, уни жамиятда ҳам, оилада ҳам ўз ўрни бўлади. Чунки биз ўзбекмиз. Биз европалик ҳам, турк ҳам эмасмиз. Бизнинг оналаримиздан қолган чиройли шарқона тарбия усулимиз бор. Чиройли табассум қилиб, “хўп бўлади, билмай қолибман” деса, олам гулистон. Мен ҳаётда ҳаммадан ҳам одамнинг кўзига тикка қараб гап қайтарганларни ёмон кўраман. Айниқса, у хоҳ ҳақ бўлсин, хоҳ ноҳақ бўлсин, аёл кишининг, қиз боланинг гап қайтариши четдан қараганда жуда хунук кўринади. Кўчадан уйга гап олиб кирилгани ва уйдан ташқарига гап олиб чиқилгани ёқмайди. Мен шу нарсаларни қизларимнинг қулоғига қуяман. Онам бизга шундай тарбия берганлар. “Болам, қўявер, сен “хўп” дегин, ҳар ким қилса, ўзига қилади!”дер эдилар. Бу ҳадисларимизда ҳам, “ёмонлик қилсангиз ҳам, яхшилик қилсангиз ҳам ўзингиз учун қиласиз” деб ёзиб қўйилган. Илоҳим, фарзандларимизнинг йўллари очиқ бўлсин! Борган жойларида тиниб-тинчиб, бизга фақат “раҳмат” олиб келишсин! 
     Дунёда энг муҳим нарса – фарзандларнинг одоби, деб ўйлайман!  
– Мустаҳкам оиланинг пойдевори нима, сизнингча?
– Биласизми, онам раҳматли биз қизларга бир нарсани доим таъкидлар эдилар: “Дастурхон”ингни кўчага ёзма! Кўчадаги одам “ейди-ичади”, лекин сенга тасалли бўлолмайди. Яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам гапиради. Қўрғонингни мустаҳкам қилишинг учун “дард дастурхон”ингни кўчага олиб чиқма!” дер эдилар. 
    Мустаҳкам оила бўлиши учун аёл киши уйидаги эркакни ҳамиша улуғлаши керак. 
   Оилада эркакнинг ҳурмати қанчалик баланд бўлса, шу оила мустаҳкам бўлади. Бу ҳам аёл кишига боғлиқ. Кўчадаги ҳеч ким дардингизга малҳам бўлолмайди. Дардингизни эшитади, бориб кимгадир айтади, барибир. “Бу аёл ўзи кулиб юрар экану, лекин ҳаёти бунақа экан!” дейди. Бунақа гап-сўз кимга керак!?
    Онам ўтдилар, дадам умрлари узоқ бўлсин, 87 га кирдилар. Онамдан кейин бошқа аёл билан оила қурмадилар. Чунки болалигимдан эслайман, онам билан ўтказган чиройли кунлари кўп бўлган. Отам  сабр қилиб, охират учун дуода ўтирибдилар. 
    Қачонки, аёл эрини улуғласа, уларнинг ҳаёти чиройли бўлар экан, бу Аллоҳга ҳам ёқар экан. Мустаҳкам оила бўлиши учун дастурхонингизни очмайсиз, уйингиздаги шу Чинорингизни чиройли қилиб парвариш қиласиз. Бу бахт формуласи жуда ҳам оддий!

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР фотоси.
Манба: «Бекажон» газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот