ЖИЛМАЙГАН АЁЛ – ЭНГ КЎРКАМ АЁЛ!


ОЙГУЛ АБДУРАҲМОНОВА: “АХИР БУ РОЛ-КУ!” ДЕЁЛМАГАНМАН!

“ЖИЛМАЙГАН АЁЛ – ЭНГ КЎРКАМ АЁЛ!”

    Актриса Ойгул Абдураҳмонова ижодини “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” теленовелласидан бошлаган. Бугунги кунда ҳам у “Тақдирлар”, “Иқрор”, “Буни ҳаёт дейдилар” каби теленовеллаларда роллар ижро этиб келади. Шу билан бирга биз бу актрисани халқимиз орасида рейтинги баланд бўлган “Бахт овчиси”, “Туҳмат гирдоби”, “Журналист” каби телесериаллардаги ҳамда “Оқибат”, “Бир кунлик тўй” каби бадиий фильмлардаги роллари орқали яхши биламиз. 
    2024 йили у Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, биз актрисанинг Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳамкорлигида яратилган “Адолат” телесериалида яратган янги образи билан танишамиз. 
    Биз халқимизнинг севимли актрисаси Ойгул Абдураҳмонова билан санъат йўлини қандай танлагани, бошига тушган оғир жудолик ва оиласи ҳақида суҳбатлашдик.

“ОИЛАДА БОШ ФАРЗАНД ЭДИМ...”

– Ота-онангиз қандай инсонлар бўлишган? Сизда санъатга ҳавасни ота-онангиз уйғотишганми? Сиздаги мусиқага қобилият кимдан ўтган?
– Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилганман. Отам заводда, онам колхозда ва боғчада ишлар эдилар. Оилада олти фарзанд бўлиб, мен тўнғич фарзанд эдим. Болалик инсоннинг энг беғубор даври, деймиз. Ана ўша беғуборлик менда бўлса-да, лекин зиммамда катта масъулият бор эди. Онам билан баравар рўзғор юмушларини бажарганман. Онамга елкадош, маслакдоши, дўсти эдим. Онамнинг яхши куни бўладими, оғир меҳнатлар бўладими, ҳаммасида баб-баробар онамнинг ёнларида бўлганман. 
   Ҳовлимиз катта эди. Томорқаларга қараш, экин экиш, мол-қўйларга қарашдан ортиб, мактабда фақат аъло баҳоларга ўқиганман. “Тўрт” баҳо олишни ўзим учун уят ҳисоблаганман. Шу даражада интилувчан эдим. 
    Кунларнинг бирида рус тили ўқитувчимиз менга “тўрт” баҳо қўйдилар. Мен орқаларидан чиқиб, ўқитувчилар хонасига борганман. Шунда “кейинги дарсда жавоб берасан” деб мени чиқариб юборганлар. Хафа бўлдим.Ўртоқларимга ҳеч нарса демадим. Аммо бошига бир мушкулот тушган одамдай, кайфиятим эзгин эди. Ўқувчи бўлсам-да, буни кўнглимга яқин олганман. Ўқитувчимиз қўшни қишлоқда яшар эдилар. Дарсдан чиқиб, уйларини қидириб бордим. Афсуски, ҳали ишдан қайтмаган эканлар. Икки қишлоқ ораси узоқ, бола эканман, кеч қолиб кетишимни ўйламабман. Ўқитувчимизнинг дарвозаси ёнида уларнинг ишдан қайтишларини кута бошладим. Куз пайти, шом туша бошлади, эгним юпун, оёғим юпун, анча совуқ қотган бўлсам-да, устозимни шу ерда кутдим. Келишлари билан олдларига югуриб бордим. Мени кўриб улар ҳайрон бўлиб қолдилар. “Сен бу ерда нима қиляпсан, ким билан келдинг” деб сўрадилар. Иккита қишлоқнинг ораси олис эди. Аслида автобусда бориларди. Мен шуни ўйламасдан қоронғига қолиб кетганман. Кейин “Бир ўзим келдим. Мен дадамга “4” олдим деёлмайман. “5” олишим керак. Дадам уришадилар” деб йиғлаб юборганман. Лекин дадам ҳеч қачон “бугун қанақа баҳо олдинг” деб сўрамасдилар. Мени аъло баҳоларга ўқишимни билардилар. “Сен иқтидорлисан, яхши баҳоларга ўқийсан. Укаларинг ҳам илоҳим, сенинг ортингдан эргашишсин!” деб мени мақтар ва дуолар қилардилар. Шунинг учун барибир дадамни баҳона қилдим. Устозимнинг раҳмлари келдими, бошларимни силадилар-да, “Ҳозир уйингга бор. “Сен “3” баҳога жавоб берсанг ҳам, мен сенга бу баҳони қўёлмайман, сенга фақат “5” қўяман”, журналдаги баҳойингни тўғрилаб қўяман!” дедилар-да, эҳтиёт бўлишимни тайинлаб, ортимдан хавотир олиб қолдилар. Хурсанд бўлганимдан уйимга қандай учиб етиб олганимни билмайман. 
    Мендаги иқтидорни, яхши баҳоларга ўқишимни мактаб директоримиз, кўпчилик яхши билар, доим бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишарди. Бир куни синф раҳбаримиз ўқитувчилар хонасига чақиришаётганини айтиб қолдилар. Борсам, 9 февраль Алишер Навоий бобомизнинг туғилган кунларига мактабимизда катта тадбир бўлишини, районодан меҳмонлар, бошқа мактаблардан ҳам устозлар келишини айтишди. “Шу тадбирда сен бошловчилик қиласан!” дейишди. Бундан қаттиқ ҳаяжонга тушдим. Чунки саҳнада ўзимни қандай тутишни билмайман, саҳна маданиятини билмайман. Ўқувчи эмасманми, сўзга ҳам бой эмасман. Менга тадбир лойиҳасининг номигагина қилинган чизгисини беришди. Аслида шунча катта одамларнинг олдида бошловчилик қилиш бир ўқувчи қиз учун катта бир масъулият эди-да. Шунга бўлса керак, аввалига анча чўчидим. 
    Уйга бориб, катта тайёргарлик қилдим. Иқтидорли мактабдошларимизни чақириб, роллар бердим. Уларга ролларни қандай ўйнаш кераклигини ўзим кўрсатиб тушунтириб бердим. Тадбир кўнгилдагидек ўтди. Унинг кетидан 14 февралда яна Бобур бобомизнинг таваллуд кунига бағишланган тадбирни ҳам менинг зиммамга юклашди. Мактабимизда қандай тадбирлар бўлса, ҳаммасида мен бошловчилик қиладиган бўлдим. 
    Ўша пайтларда озгина мусиқага, санъатга қизиқиш уйғонган бўлса ҳам ажаб эмас. Чунки аммам, дадамнинг Ҳавохон исмли сингиллари гап-гаштакларда, аёллар йиғилишларида чилдирма чалиб, ашула айтар эканлар. Дадамнинг дадалари – бобомиз ҳам катта ҳофиз бўлган, йиғинларда дутор чалиб ашула айтардилар, деб гапиришарди. 
    Лекин мен мактабни битириб, Педагогика олийгоҳига пианино йўналиши бўйича ўқишга кирдим. Бу ҳам барибир санъатга яқин. Кейинчалик пианинодан боғчада болаларга машғулот ўтдим.  

“МЕН БУНИ БИР ҲАФТА ОЛДИН БИЛГАНДИМ...”   

– Шу касбингиз ўзингизга ёқармиди? Шу йиллари ёдингизда қолган бирон таъсирли воқеа бўлганми?
– Болалар билан ишлаш ҳам осон, ҳам қийин, ҳам завқли. Чунки болалар беғубор бўлади. Улар билан ишлашнинг ҳам ўз гашти бор. Мен улар билан ишлашдан мамнун эдим. Ишим ўзимга ёқарди. Чунки пианино чалишни, қўшиқ айтишни яхши кўрардим. 
    Шу ерда ишлаб юрган кезларим мени турмушга узатишди. Афсуски, орадан кўп вақт ўтмай отам оламдан ўтдилар. Бу пайтда қўлимда қизчам бор эди. 
    Тўнғич фарзанд сифатида онамга маслаҳатгўй, таянч бўлдим. Чунки фақат мени узатган, мендан кейин яна бешта фарзанд бор эди. 
    Мендан кейинги укам Абдураҳмонов Адҳамжон баланд бўйли, бўй-бастлари келишган, бош қаҳрамонларни ўйнаса арзийдиган алпқомат, чиройли йигит эди. Шу укам санъат йўлидан кетишни, актёр бўлишни жуда хоҳларди. Мактабни битиргач, Театр ва рассомчлик олийгоҳига ҳужжат топширишга келди. У пайтларда репетитор деган нарсалар йўқ эди, таниш-билишимиз йўқ эди. Укам имтиҳон бошланмасданоқ, ижодий танловнинг ўзидан йиқилди. Жуда хафа бўлдик. 
     Отамиз йўқлиги сабабли укамни ҳарбий хизматдан озод қилишган эди.  Ўшанда собиқ Совет тузуми даври бўлиб, кўпчилик Ўрта Осиёлик йигитларни Афғонистонга урушга олаётган эдилар. Укам бизга билдирмай, туманимиздаги ҳарбий қисмга бориб, ўз номидан “Мени ҳарбий хизматга Афғонистонга юборинглар” деб ариза ёзиб келган. Чунки Афғонистонда хизмат ўтаб қайтган йигитларга олийгоҳларга ўқишга кириш учун имтиёз бериларди. Укамнинг мақсади шу имкониятдан фойдаланиб, актёрлик бўйича таҳсил олиш эди.  Бундан хабар топгач, нима қилишни билмай бошимиз қотди. 
     Укам 1986 йили 27 май куни Афғонистонга хизматга кетди. Онам ҳайронлар. “Нега Афғонистонга бораман, деб ариза ёзади” дейдилар. Чунки ўша кезлари Афғонистондан аскар йигитларнинг жасади темир тобутларда келаётганини эшитган эдик. Онам хавотирда қолдилар. Мен пойтахтдаман. Бир куни туш кўрдим. Тушимда укамдан хат келганмиш. У “Опа, хатнинг ичига тирноғимни солиб жўнатяпман, уни дарвозанинг тагига кўмиб қўйинглар. Мен борганимдан кейин уни кўрсатасизлар” деб ёзган эмиш. Шу тушни кўриб, жуда хавотирга тушдим. У кезлари қўл телефонлари йўқ, хонадондаги телефонлар ҳам ҳаммада бўлмас эди. 
     Хавотир олганим учун пойтахтдан уйга, онамнинг олдларига бордим. Онамга кўрган тушимни айтиб бердим. Онам “Уканг ҳиндикуши лолақизғалдоғини конвертга солиб жўнатибди. Шуни кўргандирсан!” дедилар. Уни олиб чиқиб кўрсатдилар. Лолақизғалдоғи қуриб, қотиб қолган экан. Уни ушлаганимда худди тирноқни ушлагандай бўлдим. Кўнглим бир сесканди. Лекин кўнглим ғаш бўлаётганини онамга билдирмадим. 
     Пойтахтга қайтдим. Аммо орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, телефонлар йўқлиги сабабли, маҳалламиздаги бир йигит келди. У Тошкентда Юридик институтида ўқир эди. У “Ҳамма керакли нарсаларингизни олинг, болангизни ҳам олинг, бир ҳафта, 10 кун бу ёққа келолмайсиз!” деди. Лекин сабабини айтмади, мен ҳам сўрамадим. Чунки мен буни бир ҳафта олдин билиб бўлгандим. Уйимга бориб, укамнинг темир тобутини кўраман...” деган мудҳиш хаёллар билан водийга қараб кетдим. Довон ошиб кетдик. На у гапирди, на мен гапирдим.
    Борсам, не кўз билан кўрайки, “Афғонистондан темир тобут келибди” деган гап бутун туманга тарқалиб кетган, кўчамизни тумонат одам босган эди. Ҳеч нарса, ҳеч нарса гапира олмасдим. Борсам, онам шундоқ дарвозахонада ҳушдан кетиб ётган эканлар. Одамлар кўп, дўхтирлар чақирилган. Афғонистондан ҳам иккита офицер келган, уйда укамнинг темир тобути турибди. Ички ишлар ходимлари ҳам келган, ҳеч кимни тобутнинг ёнига яқинлаштиришмаяпти. “Очамиз!” десак, уришиб ташлашяпти. Бирпасда қий-чув тўполон бўлиб кетди. Қўшни туман ва қишлоқлардан ҳам одамлар келган. “Бу темир тобут қанақа бўларкан?” дея қизиққан ҳам, бизга ҳамдард бўлганлар ҳам шу ерда эди. Ўшанда мен онанинг боласига қанчалик вафодорлигини, фарзанди учун жонидан кечишга тайёрлигини кўрдим. Онамнинг кўзларидан ёш эмас, қон оққанини мен ўшанда кўрганман.
    Укам 1986 йили 27 май куни ҳарбий хизматни ўташ учун Афғонистонга кетган бўлса, 1987 йил 27 май куни, орадан роппа-роса бир йил ўтиб, темир тобути келган. Чиндан ҳам оғир жудолик бўлган. Укам аслида “актёр бўламан, ҳарбий хизматдан қайтиб, Театр ва рассомлик институтига ўқишга кираман!” деб кетган эди.
     Онам укамга куя-куя, фарзанд доғида адо бўлдилар ва орадан бир йил ўтиб, улар ҳам 27 май куни оламдан ўтдилар. 
    Ҳозир роллар ўйнасам бир чеккаси укамнинг армонларини юзага чиқаряпман, деб ҳам хурсанд бўламан. Шу воқеа бир умрга юрагимизда доғ бўлиб қолган. 

“УКАМНИНГ АРМОНИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРДИМ!”

– Актрисаликни танлашингизга бир чеккаси укангиз ҳам сабабчи бўлган эканлар-да? Кино оламига қандай кириб келгансиз?
– Ҳаёт давом этаверар экан. Укамнинг маросимларини ўтказиб, пойтахтга қайтдим. Ўшанда бир қиз фарзандим бор эди. Унинг кетидан яна иккита ўғиллик бўлдим ва боғчадаги ишларимни давом эттирдим. Туманлар аро, боғчалар аро бўладиган танловларда, тадбирларда тарбияланувчи болаларим билан бирга қатнашиб юрдим. Бу йиллари асосан болалар тарбияси билан шуғулланганман. 
     Шу пайтда тақдир тақозоси билан режиссёр Мираббос Мирзаҳмедов билан учрашиб қолдим. Улар мени “Оталар сўзи” теленовелласида бир турмушга чиқаётган қизнинг дугонаси ролига таклиф қилдилар. Иккитагина эпизод экан, шу лавҳаларда қатнашдим. Шунда Мираббос ака “сенда қобилият бор экан, кейин яна чақирсам, съёмкаларга келгин!” дедилар. Мен розилик билдирдим ва катта режиссёрнинг таклифидан жуда хурсанд бўлдим. Худдики, мен укамнинг армонларини юзага чиқараётгандай суюндим ва кетма-кет роллар ўйнай бошладим. 
– Ёқуб Аҳмедов сизни кўп бора театрга ишга чақирган эканлар. Улар сизни биронта ролингизни кўриб чақирганмилар? 
– Хуллас, мен ижодимни “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатувидан бошлаганман. Кунларнинг бирида мен Ёқуб Аҳмедов билан шу “Оталар сўзи” съёмкасида учрашиб қолдим. Ёқуб ака бош қаҳрамоннинг отаси ролини ўйнаганлар. Менга бир кичик эпизод роль берилган. У пайтда “Оталар сўзи” кўрсатуви жуда машҳур эди. Ҳамма мириқиб томоша қиларди. Ёқуб Аҳмедов ҳам “Ижро этган ролларингизни кўриб боряпман. Сиз бизнинг театримизга ишга келинг. Бунақа иқтидор билан кичик роллар ўйнаш билан чекланманг. Ўзингизда бор нарсани юзага чиқаринг. Театр саҳнасига чиқинг, халқ сизни кўрсин!” деган таклифни билдирдилар. Мен эса “ўйлаб кўраман, ҳали болаларим ёш” дедим. Ундан кейин яна уч-тўрт марта Ёқуб Аҳмедов билан съёмка жараёнларида учрашиб қолдик ва ҳар сафар шу таклифни айтардилар. Театрга боролмасдим. Чунки бундай катта даргоҳ саҳнасида роль ижро этиш мен учун катта имтиҳон бўлиши мумкин эди. Мен учун катта санъатга очилган йўл бўлиши мумкин эди. Билмадим, қандайдир чўчидим, катта масъулиятни ҳис қилдим. Болаларим ёш бўлгани учун улар тарбияси ва парвариши билан шуғулланиш менинг асосий оналик вазифам, деб билдим. 

“ҚАЙНОНА ҲАМ ОНА, АСЛИДА!”

– Сиз “Тақдирлар”, “Буни ҳаёт дейдилар”, “Иқрор” каби теленовеллаларда кўп қатнашасиз. Сизнингча, ижодкорлар қайноналардаги салбий жиҳатларни бўрттириб юборишмаяптими? 
– Тўғри, баъзида бўрттирилган жойлари ҳам бўлади. Бундай ўйлаб қарасангиз, ҳаётда бир-бири билан чиқишолмайдиган қайнона-келинларга, доим ғижиллашадиган ака-укаларга ибрат бўладиган тарбиявий мавзуларни ёритар эканмиз, ундан таъсирланиб кимдир ўзидаги салбий жиҳатларни йўқотса, ижобий томонга ўзгарса, биз ишлаяпмиз, деб ўйлайман. Чунки халққа нафи, фойдаси тегяптими, халқ шундан ибрат оляптими, демак, қилган меҳнатимиз зое кетмабди, деб ўйлайман. 
     Кўпчилик “келин бировнинг боласи, у сенинг хизматингни қилишга мажбур эмас!” дейди. Лекин биронта одам “қайнона ҳам она, у ҳам бировнинг онаси!” демайди. Мен бир нарсани жуда кўп ўйлайман-да. Алишер Навоий бобомизнинг жуда чиройли сатрлари бор:
    “Кўнгил хазина бил. Унинг қулфи дил. Ушбу қулфни очувчи калит, ширин тил! Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам аслида шу тилингдандир, буни яхши бил!”.
    Албатта, биз қайноналар тилимизни ширин қилсак, яхши гапирсак, ўша ёмон келинни ҳам йўлга солишимиз мумкин. Келинимизни мақтаб, “сизни вояга етказиб, тарбия берган ота-онангизга раҳмат, борингизга шукур! Яхшиям сизни келин қилган эканман!” десангиз, ёмон келин ҳам яхши томонга ўзгаради. Бу келишмовчиликларнинг ҳаммаси мана шу тилимиздан, деб ўйлайман. Масалан, келинингиз бемаза овқат пиширадими, уйни яхши тозаламайдими, унинг қилган ишлари сизга маъқул келмаяптими, ёмонини яшириб, яхшисини ошириб, “уйларимни жуда чиройли қилиб тозалаб қўйибсиз, қизим. Бугунги қилган овқатингиз кечагисидан ҳам ширин бўлибди, қўлингиз дард кўрмасин!” деб қўйинг.  Шунда келин бундан ҳам ширин овқат қилишга ҳаракат қилади. Ёки келинларимиз ҳам “Ойижон, онам сизни доим мақтайдилар. Сиздай қайнонага келин бўлганимдан жуда ҳам хурсандман” дея қайнонасидан ширин сўзини аямаса, майли, қайнонанинг феъли чатоқ бўлса ҳам, келинига меҳри ортади. 
– Сизга супермаркетда ёмон қайнона ролини ўйнаганингиз учун мухлислар танбеҳ беришган, ҳатто светофорларда туриб гапиришган экан. Бу борада ўзингиз нима дейсиз? 
– Қарангки, ижобий роллар халқнинг ёдида қолмаса-да, салбий ролларингиз кўз ўнгида муҳрланиб қолади. Супермаркетда чиндан ҳам “Сиз қанақа қайнонасиз, сиз қандай келинни тарбиялаяпсиз?!” деган танбеҳни эшитганман. Лекин барибир хурсанд бўлганман. Ўша салбий ролни ишонарли қилиб ижро этганим учун томошабин мендан норози бўлиб, танбеҳ берган-да. Супермаркетда юрганимда жуда шарманда бўлганман. Бир эркак ҳамманинг олдида: – сизнинг ҳам келинингиз борми? Келинларга сиз қанақанги қайнонасиз?” – деб бақирган. “Бу ахир рол-ку!” деёлмай, уялганимдан қочиб кетганман. Халқимиз жуда ишонувчан-да, ижромизни роль деб эмас, худди ростдан бўлгандай қабул қилишади. 
     Бир куни йўлда светофорда қизил чироқда тўхтасам, ёнимга келиб тўхтаган машина шофёри “ойнани очинг” деб ишора қилди. Ойнани очсам, машинада ўтирган жойидан “опа, илтимос, ёмон роллар ўйнаманг, яхши ролларда чиқинг. Сизга салбий роллар ярашмайди!” деган истакни билдирди. Мен бундан жудаям хурсанд бўлдим. Чунки халқ шуни биляпти. Халқимиз барибир яхшилик тарафдори. Ўша атрофга қараб, фақат яхши инсонларни кўришни хоҳлашади.
    Албатта, режиссёрлар менга салбий роль беришганида “падарингга лаънат, оғзингдан қонинг келсин” деб келинни қарғайдиган жойларини ўзгартиришни таклиф қилганман. “Мен падарингга лаънат!” демайман. Қайнона-онажонларимиз, қайноталар келинларини ёмон кўриб қолишади, улар мени ёмон кўришмайди, лекин “шундай қайноналар бор экан-да” деб нафратланишади. Ундай оғир қарғишларни айтмайман, юмшатиброқ гапираман, деган таклифларни кўп киритганман.  

“БУНГА ЎЗИМ САБАБЧИ ЭМАСМАНМИ?”

– Агар оилада келишмовчилик бўлса, бунда фақат бир тарафни айбдор қилиб кўрсатиш нотўғри, менимча. Халқимизда қарс икки қўлдан чиқади, деган гап бор. Сиз бунга нима дейсиз?
– Оилада, рўзғорда барибир келишмовчиликлар бўлади. Тўғри, қарс икки қўлдан чиқади. Келишмовчиликлар бўлса, ширин сўз билан, яхши гапириб, “булар ҳаммаси ўткинчи, болам, ўтиб кетади” деб тушунтириш керак. Эридан аразлаб келган қизингиз бўладими, аёли билан уришиб қолган ўғлингиз бўладими, уларга “оилада ҳар хил гаплар бўлади, сен бунга сабр қилишинг керак, сен бунга бардош беришинг керак, сен барибир яхши бўлавергин!” деб яхши томонга йўналтирсангиз, ўғлингиз ҳам, уйидан аразлаб келган қизингиз ҳам “Онам тўғри айтади. Барибир ўз уйим, ўзимнинг эрим яхши, қайнона-қайнотам яхши” деган фикрга келиб, уйига қайтиб кетганини ўзи билмай қолади. Ёки уйда эр-хотин уришса, сиз аралашсангиз, улар бироз ўтгач ярашиб олишади. Шунда ким ёмон, қайнона ёмон бўлиб қолади. Яхшиси, аралашмаслик керак. Уларни муросага келтирган яхши. Ўғлингизга бирон юмуш буюриб, чалғитинг ёки келинингизга “майли, қизим сиз оғирроқ бўлинг, ҳозир у бир кўча айланиб келса, ўзига келиб қолади” деб насиҳат қилсангиз, қарабсизки, “эр-хотин уруши, дока рўмол қуриши” деганларидай, эр-хотин яна апоқ-чапоқ бўлиб, бирпасда ярашиб олишади. Шунинг учун оиладаги келишмовчиликларни ҳам яхши гап билан, ақл, оғир-босиқлик билан ҳал қилса, мен ўйлайманки, оиладаги келишмовчиликлар ҳам бартараф бўлади, ажримлар ҳам камаяди. 
     Уйда аёл киши ўзини эркакдан бир поғона паст тутиши керак. Мана шарқда аёлларни қизғанганлари учун эмас, аяганлари учун кўча юмушларидан озод қилиб қўйишган. Оилани боқиш, унинг муҳофазаси каби куч талаб қиладиган ишларни эркак кишининг мажбурияти, деб билишган. Пешана тери билан тебратилган рўзғор энг хотиржам, хосиятли ҳисобланади. Масалан, кўнглимизни биров оғритса, бировдан озор есак, уйимизда нотинчлик бўлса, муаммоларимиз кўпайса, “шу ишларга авваламбор ўзим сабабчи эмасманми?” деб ўйлаб кўришимиз керак. Заиф инсонгина айбни бошқалардан қидиради. Алишер Навоийнинг бир сатри бор: “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам!”. Ўзингни топиш, нималарга қодир эканлигингни англаш, бу ҳам битта жасорат. Бунинг бошқача номи – инсон бўлиш, деб ўйлайман мен.
     Бола аслида бегуноҳ, беғубор. Агар у бирон айб қилса, бунинг масъулияти кўпроқ биз аёлларнинг зиммасида деб ўйлайман. Масалан, аёлнинг ўзи ким? Унинг заиф ва кучли томонлари нимада? Миллатнинг бошланиши ҳам, унинг бошқалардан афзал бўлиши ҳам аёл туфайли, деб биламан. Ахир биз аёллар фақат ўзимиз учун эмас, фарзандларимиз учун  яшаймиз-ку! Бола масалан, сиз ёлғон гапиряпсизми-ростми, у чиппа-чин ишонади. Э, биз оналар ўз болаларимизга аталган 90 фоиз гапимизни ичимизга ютамиз. Биз ўзбек оналари мана шундаймиз! Биз ҳам фарзандларимиз учун бир МАМЛАКАТ ҳисобланамиз. Фарзандимизга қараб, болам ўксимасин, деймиз, катта бўляптими, деган ўйлар юрагимизни ўяди. Шунинг учун фарзандларимизнинг кўзларида “онажон, сиз менга кераксиз” деган маънони ўқиймиз. “Дунёдаги энг катта бойлигим сиз бўласиз, онажон!”, деган сўзларни ўқиймиз. Болажонларимизнинг кўзларига қарасангиз, худди мана шу қувончни кўрасиз. Болаларимиз қалбини синдираётган шайтон, у бегона эмас, у бизнинг ўзимиз. Ахир биз фарзандларимиз учун оби ҳаётмиз-ку. Биз жуда кучли бўлишимиз керак. Фарзандимизнинг ҳаётга қизиқишини уйғота олишни билишимиз, унга яхши дўст бўла олишимиз керак. Унга далда берувчи, ҳаётга яхши назар билан қарашни ўргатишимиз, яхши ният қилиб яшаши учун замин яратиб беришимиз керак. Қайсики, оилада онапарвар, отапарвар фарзандлар бўлса, билингки, ўша хонадоннинг катталари яхши инсонлар бўлган. Қайси бир оқилона ишларимиз эвазига Аллоҳ бизга ана шундай вафодор, ширин фарзандларни бериб қўйибди. Бунинг ҳали ажру савобларини кўрамиз. 
    Мана шундай соғлом муҳитда тарбия топган фарзандлар ҳам эртага ота-она қилган ишларини, берган тарбиясини болаларига ҳам қўллайди. Келажакда ота-онасидан ҳам илмли-билимли бўлиб, оиласини мустаҳкам тутишга ҳаракат қилади. Мана шундай соғлом оилада, соғлом муҳитда кислород бўлади, деб ўйлайман-да. Бундай оилаларда келишмовчиликлар ҳам кам бўлади.
– Киноарбоблари уюшмаси аъзоси экансиз? Нима учун сизни шу пайтгача катта киноларга таклиф қилишмаган? Бу йил сизни яна қайси лойиҳаларда кўрамиз. Қайси янги сериалларда чиқасиз?
– Йўқ, мен киноларда роль ижро этганман. Бунга анча йил бўлди. Режиссёр Хуршид Ҳасанов томонидан “Оқибат” номли бадиий фильм олинган. Бу фильмда мен Фарғона вилояти театрининг энг катта актёри, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсупов билан шерик бўлиб роль ижро этганман. Ўз пайтида бу фильм вилоятларда, кинотеатрларда шов-шув бўлган. Ундан кейин “Бир кунлик тўй” фильми суратга олинди. Бу фильмда ҳам маҳалланинг энг фидоий аёлларидан бири ролини ижро этганман. Бу ҳам кинотеатрларда ва ойнаижаҳоннинг ҳамма каналларида берилди. Халқимизга жуда манзур бўлди. Ундан кейин Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Республика Бош прокуратураси билан ҳамкорликда “Адолат” телесериали суратга олинди. Бу фильмнинг ҳам катта премьераси бўлиб ўтди. Яқинда бу телесериал телеканаллар орқали намойиш этилади.
– Сиз кўпинча халқ артистлари, катта устоз санъаткорлар билан шерик бўлиб ишлаган экансиз. Қийин бўлмаганми?
– Тўғри, сериал ва теленовеллаларда катта-катта устоз санъаткорлар билан шерик бўлиб роль ўйнаш бахтига муяссар бўлдим. “Орият” сериалида Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов билан шерик бўлиб ишладик. Жуда яхши сериал бўлди. Эркин ака билан ишлаш мен учун ҳам катта масъулият, ҳам бундай атоқли санъаткорлар билан ишлашнинг ўзига яраша машаққатлари ҳам бўлади. 
    Эркин аканинг салобати босса-да, ўша образни чиройли қилиб чиқариб беришга ҳаракат қилдим, шекилли, режиссёрга маъқул тушди. Шу ролларим орқали режиссёр ва сценарий муаллифлари назарига тушдим. Зулхумор Солиеванинг “Туҳмат гирдоби” сериалида эса устоз санъаткор Нозим Тўлахўжаев билан шерик бўлиб ишладим. 
     Нозим Тўлахўжаев жуда инжиқ, талабчан одам. Ўзларига яраша феъл-атворлари бор экан. Лекин жуда ҳам яхши инсон. Русча гапирсалар ҳам роль ўйнаётганларида тўймасдан ўйнар эдилар. “Ҳали тугамадими, яна ролимиз давом этадими?” деб сўрардилар. Мен мана шундай катта санъаткорлар билан ишлашга муяссар бўлдим. Ундан кейин “Иқрор”, “Тақдирлар”, “Буни ҳаёт дейдилар” каби туркум теленовеллалар кўпайиб кетди. Бу ерда ҳам мен устоз санъаткорлар билан ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Мен бундан жуда хурсандман. Мана шундай улуғ инсонлар билан ижод қайнаган кемада бирга эканимдан, битта оқимда бораётганимдан жуда бахтлиман.  

“ОИЛА ТАЪМИНОТИ БАРИБИР ЭРКАКНИНГ ЗИММАСИДА!”

– ”Бахт овчиси” сериалини кўпчилик кўрди, шов-шув бўлди, десак ҳам бўлади. Сиз ҳам шу сериалда иштирок этдингиз. Лекин ўзбек эркакларини “алфонс” , хиёнаткор қилиб кўрсатиш авж оляпти. “Бахт овчиси”да ҳам сериалдаги биронта персонаж Зуля Боситовнага рад жавобини бермади. Бизда оиласига садоқатли, Зуляга ўхшаганларга дарс бериб қўядиган эркак йўқми? 
– “Бахт овчиси” сериалида бош қаҳрамонлардан бирининг қайнонаси образини гавдалантирдим. Албатта, ҳақиқатан ҳам халқ эътиборини қозонган, рейтинги баланд сериаллардан бири бўлди. Албатта, эркакларимиз орасида Зуля Боситовнани жойига қўйиб қўядиган эркаклар бор. Бу албатта, тўқима образ. Бизнинг ўзбек йигитларимиз эр йигитлар, шер йигитлар. Ҳақиқий эркак номига доғ туширадиганлари кам учрайди. Ахир гуруч курмаксиз бўлмайди, дейишади-ку!.  
    Ҳозир афсуски, ишсиз эркакларимиз кўпайиб қолди. Аёлларимиз ишли, оиласи учун пул топиб келяпти-да, эркакларимизнинг жуда кўпчилиги, айниқса, ёшларимиз уйда ўтириб қолишди. Мен ўйлайманки, бунга сабр билан, ақл билан ёндашса, эртага барибир елкасига мана шу оилани боқиш юки тушади. Оила таъминоти барибир эркакнинг зиммасида туради. Эр йигитларимиз жуда ақлли, оиламни боқишим керак, дейди. Оиланинг машаққати, аёлини бахтли қилиш, фарзандларни тўқ қилиб ўстириш, уларни касб-корли қилиш эркаклик вазифам, бурчим деб ўйлашади. Фақат айтганингиздай, эркакнинг омади юришмаган пайтларда аёл сабр қилиши керак. 

“ЖИЛМАЙГАН АЁЛ – ЭНГ КЎРКАМ АЁЛ!”

– Кўркамсиз. Ёш кўринасиз. Қоматингизни сақлаш учун қандайдир парҳезлар қиласизми?
– Албатта ҳаракат қиламан. Нафақат биз санъаткорлар, бошқа соҳа вакиллари ҳам қоматларини сақлашга ҳаракат қилишлари керак, деб ўйлайман. Аввало бу ўзларининг соғлиғи учун керак. Мен ҳам агар парҳезга риоя қилмасам, 90-100 кило бўлиб кетишим мумкин. Бу қоматни сақлаб туриш одамнинг ўзига боғлиқ. Қайси касб эгаси бўлишимиздан қатъи назар, биз аёллар ўзимизга қараб юрсак, ўзимизга эътиборли бўлсак, ўзимизни севсак, ана ундан кейингина атрофимиздагилар учун ҳам севимли бўлишимиз мумкин. 
– Юз парваришига ҳам эътиборлимисиз? Косметологларга мурожаат қилганмисиз? Аёл киши доим ёш, чиройли кўриниши учун нималарга эътибор қилиши керак, деб ўйлайсиз? 
– Мен косметологларга бормайман. Ўзимнинг табиий гўзаллигим, мана шу юзимга тушган ажинларим ўзимга ярашади, деб ўйлайман. Айниқса, она, қайнона образларида чиққанимда рўмолларни ўраб туриб, шундай ойнага қарасам, ажинларим билан файзли кўринишим ўзимга ёқади. Биз ўзбек аёллари барибир ўзимизнинг табиий гўзаллигимиз билан, йиллар изи тушган чеҳрамиз ва чиройли табассумимиз билан кўркам кўринамиз, атрофдагиларга ҳам шу табиийлигимиз ёқади, деган фикрдаман.  Жилмайиб турган аёл, мен ўйлайманки, ҳаммага ёқади. 
– Либосларингиз ҳам ўзингизга ярашиб туради. Уларни ўзингиз танлайсизми?
– Кийимларимни биров танлаб бермайди. Ўзим тиктираман. Ижарага ҳам олмайман, бировнинг кўйлагини киймайман. Шунақанги феълим бор. Кўйлакларимни кимларгадир бериб юборишим мумкин, лекин ўзим бошқа одамнинг кийимини киймайман. Чеварларга бориб ўзим тиктираман. Шу кўйлагимга мослаб рўмол оламан. Ҳатто тақадиган зиракларимни ҳам либосимга мослаб оламан. Менга сценарийни юборганларидан кейин, уни ўқиб чиқаман-да, шу она ёки қайнона образига мослаб кийимларимни ўзим тайёрлайман. Бир сўз билан айтганда либослар устаси ўзим учун ўзимман. 
– Қайси ҳикматли сўзни, иборани яхши кўрасиз ва унга ҳаётингиз давомида амал қилиб келяпсиз?
– Мен шукроналик, ватанпарварлик ҳисси билан яшайман. Тинч юртда яшаётганимга шукр дейман. Эрталаб тонгда соғ-саломат уйғондимми, Раббимга шукрлар айтаман. Кечқурун ишларимдан уйга соғ-саломат қайтдимми, яна шукронамни айтаман. Фарзандларим, набираларим ҳаммаси соғ-омонми, ҳаммаси тинчми, бунга ҳам шукроналар келтираман. Уларга ҳам шукроналик ҳисси билан яшаш кераклигини уқтираман. “Соғломмисан, фарзандларинг соғ-омонми, шукр қил, болажоним!” дейман. Айниқса, қизларим ёки ўғилларимда қандайдир муаммолар бўлса, “болаларинг соғлом, ишинг бор, ўзинг ҳам соғ-саломатсан, шунисига шукр қилгин!” деган гаплар билан кўнглига таскин бераман ва бу муаммолардан осонгина чиқиб кетишлари учун замин яратаман. Албатта, шукроналик ҳисси билан яшашимиз керак. 
    Фарзандларимга келадиган бўлсам, бир қизим, икки ўғлим ва икки келиним бор, тўққизта набирам бор. Албатта, улар ўзларининг севимли касби билан шуғулланишади, бахтли ҳаёт кечиришади. Бунга ҳам шукр қиламан. Набираларим ҳаммаси соғлом, ақлли, бунга ҳам шукр қиламан. 
    2024 йил мен учун жуда омадли йил бўлди, деб ўйлайман. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан менга “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони берилди. Камтарона меҳнатимни инобатга олиб, шундай мукофот билан тақдирланганим учун ҳам шукр қиламан. Ва келгусида халқимизга манзур бўладиган, ибрат бўладиган чиройли образлар яратаман, деб ваъда бераман. 
     Шу ўринда “Бекажон” таҳририяти ижодкорларига раҳматлар айтаман, омадлар тилаб қоламан. 

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди. 
Манба: «Бекажон» газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот