Болаларга спектакл қўйишнинг ўзига яраша қийинчилиги бор...


Феруза Атакузиева: Болаларга спектакл қўйишнинг ўзига яраша қийинчилиги бор...

     Бугун санъат оламида юлдуз каби порлашни истаган ёш, истеъдодли актёрлар бисёр. Албатта, ҳар бир актёр меҳнати ва иқтидорига яраша мукофотланади, эътиборга тушади. Ёш актриса Феруза Атакузиева ҳам қалбида бир олам орзу-мақсадлар билан санъат самосида порлашга интилаётган ва касбини севиб, унда юксак парвоз этишни кўзлаётган актрисалардан. Феруза билан суҳбатлашиб, унинг касбини нечоғли севишини ва  завқланишини гувоҳи бўлдик.
     Қисқача маълумот:
     Феруза Атакузиева— Ўзбекистон давлат Ёш томошабинлар театрининг актрисаси.
   Туғилган — Наманган вилоятида.
  2014–2018 йилларда Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтининг “Эстрада ва оммавий байрамлар режиссураси” йўналишида Илҳом Содиқов ва Нилуфар Аҳмедова курсини битирган.

– Феруза, аввало сиз билан суҳбатлашиб турганимдан мамнунмиз. Актёрлар олийгоҳни тамомлаганидан кейин баъзилари театрда ишлашни исташса, айримлари кинони танлашади. Мана сиз Ёш томошабинлар театрида ишлаяпсиз. Ёши катта томошабинларга спектакль намойиш этиш бошқа, болалар учун роллар ижро этиш бутунлай бошқа. Сиз учун ушбу театрда ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари нимада?
– Мен ҳам сизлар орқали “Бекажон”газетасининг мухлислари билан ғойибона дийдорлашиб турганимдан хурсандман. Ёш томошабинлар театрида ишлаш менга касбимда тажриба орттириш, иқтидорни сайқаллаш учун учун ажойиб имконият беради. Театрда фаолиятимни бошлаганимга беш йил тўлди. Шу йиллар давомида мен театр саҳнасидаги спектакллар болаларни қандай завқлантириши, илҳомлантириши ва уларга маънавий озуқа бериши, маданиятига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрдим. Бу ишимнинг менга энг ёққан жиҳати. Болалар билан мулоқот қилиш эса менга беғубор болалик дамларимни эслатади. Уларнинг самимий ҳис-туйғулари, спектакллардан қувониб кулишлари саҳнадаги актриса сифатида менга куч ва илҳом бахш этади. Биласизми, ҳар гал уларнинг томошаларимиздан ҳаяжонланаётгани, қувонаётганини кўрганимда, шу касбни танлаганимдан ғурурланаман, ўзим ҳам ёш боладек қувониб кетаман.
     Бироқ, ҳар бир ишда бўлгани каби, болалар учун мўлжалланган спектаклларда роль ижро этишнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги, масъулияти бор. Мисол учун, баъзи ҳайвонларни, ҳашаротларни саҳнада гавдалантиришимиз керак бўлганида, бу актёрдан бой тасаввур ва маҳорат талаб қилади. Болалар учун ўша жонзотнинг характерни қизиқарли ва ишончли кўрсата олишингиз учун сиз тўғри ёндашувни топишингиз керак. Бу эса актёрдан зийраклик, меҳнат талаб қилади. Аммо мен бу қийинчиликларни муваффақият билан енгишга ва ўша жониворни ишонарли тарзда саҳнада “жонлантиришга” ҳаракат қиламан.
    Умуман олганда, ёшлар театрида ишлаш нафақат қувонч, балки бутун фаолиятингиз давомида ўзингизни такомиллаштириш ва ўрганиш имкониятидир.
– 2024 йилнинг 22 ноябрида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди. Ушбу Қарор барча театрлар, санъат аҳли учун кўплаб имкониятлар тақдим этади. Мана сизнинг театрингизда ўзгаришлар бўлаётган бўлса керак?
– Президент қароридан сўнг барча театрлар каби бизнинг театримизда ҳам кўплаб ижобий ўзгаришлар юз берди. Биринчидан, томошабинлар сони сезиларли даражада ошди. Бу барчамизни қувонтиради, чунки бу ишимизга талаб ортиб, спектаклларимиз оммага қизиқарли бўлиб бораётганини англатади. Иккинчидан, театр ходимларининг масъулияти ошиши баробарида маошларимиз ҳам ошди. Бу биз, актёрлар ва ходимлар учун ижобий томонга интилиш ва ўз касбимизда соҳани ривожлантириш учун қўшимча мотивация беради.
     Шу ўринда, Театримиз раҳбари Зулфия Ҳамроева ва бош режиссёр Малика Искандарова бошчилигида кўплаб янги ташаббуслар бошлаб юборилганини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. Улар томошабинлар эътиборини тортадиган, ишимизни янада ранг-баранг қиладиган қизиқарли лойиҳа ва спектакллар билан репертуарни бойитишмоқда.
     Давлатимиз томонидан берилаётган мана шундай имкониятлар ва болажонларнинг спектаклларга қизиқиши бор экан, театримизнинг келажаги порлоқ ва муваффақиятли бўлишига ишонаман. Биз олдимизда очиладиган янги синовлар ва имкониятларга тайёрмиз.
– Феруза, мана саҳнада роллар ижро этишдан ташқари, «Севдо» бадиий фильмида прокуратура ходими ролини гавдалантирдингиз. Ушбу фильм ҳақида нималар дея оласиз? 
– Бош прокуратура ва Кинематография Агентлиги ҳамкорлигида, Ҳилол Насимов режиссёрлигида "Севдо" номли фильми суратга олинди. Мазкур фильмнинг премъераси 2024 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтди. Фильмда Прокуратура ходимларининг сўнгги йиллардаги машаққатли ва шарафли фаолияти ёритилган. Бундан ташқари, фильмда жамиятда учраб турадиган ғаразли кимсаларнинг кирдикорлари фош қилинган. Фильм кастингида олти нафар талабгорлар орасидан танлаб олинганимдан ва ушбу рольни ижро этганимдан хурсандман. Эстрада оламига ёрқин юлдуз каби кириб келган гўзал Севдо таҳдид ва маломатларга учрайди. «Севдо» бадиий фильмининг тасвирга олиш ишлари Россиянинг Санкт-Петербург ҳамда Туркиянинг Истанбул ва Буюк Ада шаҳарларида бошланиб, Ўзбекистон ҳудудининг Тошкент ва Хоразм вилоятида ҳам бўлиб ўтди. Фильмда Айсанем Юсупова, Самидхон Лутфуллаев, Нигора Каримбоева, Машхура Зулфиқорова, Меҳриддин Раҳматов, Рустам Каримов, Баҳшилло Фатуллаев, Боир Холмирзаев, Фотиҳ Насимов, Одина Ғозиева, Шоҳруҳ Ҳамдамов, Даврон Каримов сингари устоз ва ёш актёрлар роллар ижро этишди. Ушбу фильмда мен Шаҳзода исмли прокуратура ходими ролини ижро этдим. Аслида хонанда сифатида намоён бўламан ва прокуратуранинг махфий ходими сифатида жиноятчиларнинг жиноятини фош қиламан. Бу давлат буюртмаси асосида суратга олинган фильмдаги дастлабки энг катта дебют ролим бўлди. 
– Саҳнада ва фильмда роль ижро этиш бутунлай бошқа-бошқа жараён. Иккиси ўртасидаги тафовут спектакльда дубль олинмаслиги, жонли эканида, фильмда эса бир кадрни қайта-қайта олиш имкони борлигида бўлса керак.  Дебют ва масъулиятли ролни ижро этишдан чўчимадингизми?  
– Тўғри, театрда ва кинода роль ижро этиш  икки хил бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эга. Театрда беш йиллик тажрибам бор ва унда қўрқув бўлмайди. Кинодаги илк катта ролим бўлгани сабабли дастлаб қўрқиб, ҳаяжонландим.
     Театрда, айтганингиздек, ҳамма нарса жонли равишда содир бўлади. Актёр томошабинни, томошабин актёрни кўради, ҳис қилади. Бу шуни англатадики, ҳар бир ижро ўзига хосдир. Сиз томошабинларнинг диққатини, эътиборини, томоша манзур бўлаётган ё лоқайд нигоҳларини кўрасиз ва ҳис қиласиз ҳамда бу сизнинг ишлашингизга таъсир қилади. Агар бирор нарса нотўғри бўлса, сиз тезда ҳаракат қилишингиз ва вазиятдан чиқиш йўлини топишингиз керак. Бу эса театр томошасига ўзгача ҳолат ва сўз бойлиги, маҳоратни талаб этади. Кинода эса иш кўпроқ ўлчанади. Бу ерда жуда кўп маротаба тасвирга олинади ва сиз керакли натижага эришиш учун саҳналар қайта ва қайта суратга олинади. Бу эса актёрдан тафсилотлар ва ҳис-туйғуларни чуқурроқ ўрганишга имкон беради. Аммо кинода томошабинни ҳар доим ҳам театрдагидек ҳис қилавермайсиз, чунки ҳамма нарса алоҳида суратга олинади, томошабин эса буни фақат экранда кўради.
    Кино ва театр, санъатнинг икки йўналиши. Мен бирини бошқасидан устун қўймайман, сабаби, иккиси ҳам ўзингизни, иқтидорингизни турлича ифодалаш имкониятини беради. Уларнинг ҳар бири ўзига хос тарзда қизиқарли ва машаққатли. 
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Ижодингизга омад ва яна унутилмас, залворли роллар ижро этишингизни тилаб қоламиз.
–  Сизга ҳам раҳмат!

Ҳусния ПАРДАЕВА суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот