ОМАД ЎЗ-ЎЗИДАН КЕЛМАЙДИ!
ОТАБЕК ҲАҚБЕРДИЕВ: “ОМАД ЎЗ-ЎЗИДАН КЕЛМАЙДИ!”
Отабек Ҳақбердиевни кино ва театр ихлосмандлари яхши билишади.
У 1976 йили Сурхондарё вилоятида таваллуд топган. 1998 йили Тошкент давлат санъат институтининг мусиқали драма факультетини битирган.
1998 йилдан бери Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида ишлайди.
Отабек Ҳақбердиев театрдаги фаолияти давомида репертуардан жой олган қатор спектаклларда хилма-хил образлар яратиб, томошабинлар эътиборига тушган ижодкорлардан бири.
Маҳоратли актёримиз “Ўлдинг, азиз бўлдинг”да Бўстон, “Хонума”да Акоп, “Гаровдаги муҳаббат”да Самир, “Осмондаги Ҳулкарим»да Миршаб, “Антиқа совчилар”да Ота сингари етакчи ролларни ижро этиб келмоқда. Шунингдек у театрдан ташқари “Алданган аёл”, “Оппоқ қор”, “Ат-Термизий”, “Виждон”, “Ҳаёт” сингари бадиий фильмларда, “Опа-сингиллар”, “Саодат”, “Олтин даврим” телесериалларида ва “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”, “Турмуш чорраҳаларида”, “Иқрор” каби телетуркумларда қатор характерли ролларни ижро этган.
Биз у билан санъатнинг заҳматлари, бир йилда тўрт тобут кўтаргани ва оилада аёлнинг ўрни каби мавзуларда суҳбатлашдик.
“ҲАРБИЙ ХИЗМАТ – ЭР ЙИГИТНИ ТОБЛАЙДИ!”
– Мана яқинда Ватан ҳимоячилари кунини нишонладик. Сиз ҳарбий хизматни ўтаганмисиз? Ҳақиқий эр йигит бўлиш учун ҳарбий хизматни ўташ шарт, деб ўйлайсизми?
– Армияга борганман. Бир ойлик ҳарбий хизматни ўтаганман. Агар соғлиғи жойида бўлса, ҳар бир йигит, ҳар бир ўғлонимиз ҳарбий хизматни албатта ўташи керак, деб ҳисоблайман. Биринчи навбатда бу ўзининг соғлиғи учун яхши. Чунки ҳарбий хизмат пайтида йигитлар жисмоний машқлар қилиб, анча тобланишади. Уларда Ватан туйғуси шаклланади. Оиласига, фарзандларига нисбатан масъулият уйғонади. Ҳарбий хизмат ёшларда иродани тоблайди. У Ватанининг, оиласининг ҳимоячиси эканини англайди. Шу боис ҳам ўғлонларимиз ҳарбий хизматни ўташлари керак, деб ўйлайман.
– Албатта, ўғил-қиз фарзандларингиз бўлса керак. Ўғил бола тарбияси қиз боланикидан фарқ қиладими? Ўғил бола тарбиясида нималарга эътибор бериш керак, деб ўйлайсиз? Дадангиз сизларга қандай тарбия усулини қўллаганлар?
– Мени тўрт қиз, битта ўғил фарзандим бор. Албатта, қиз бола билан ўғил боланинг тарбияси бир-биридан фарқ қилади. Аёлларимиз, онажонларимиз, опа-сингилларимиз ҳар доим биз эркакларнинг ардоғимизда. Уларга нисбатан юмшоқлик, меҳр билан тарбия бериш керак, деб ўйлайман. Чунки аёл киши табиатан нозик қилиб яратилган. Мен тўртала қизимни ҳам меҳр бериб тарбия қилганман. Уларга жуда эътиборлиман. Аммо ўқишларига, ҳаётда ўз ўрнини топишга ота сифатида қаттиқ турсам ҳам, лекин уларга ўғлимга нисбатан кўпроқ меҳр берганман.
Битта ўғил фарзандим бор, исми Озодбек. Ҳозир у бизнинг соҳамизга яқин, операторлик касбига қизиқиб қолган. Агар шу касбга чин дилдан ихлос қилган бўлса, мен унга ота сифатида ёрдам бермоқчиман.
Мени дадам жуда қаттиққўл бўлганлар. Тарбия масаласида қаттиқ турганлар. Аммо ҳаётда жуда маданиятли, мўмин инсон бўлганлар. Кўп китоб ўқиганлар. Мен ҳаётда нимага эришган бўлсам, бунда дадамнинг ҳиссалари катта. Тарбия борасида ҳам, ҳаётга муносабат борасида ҳам дадамнинг ўгитлари менга ҳаётда қалқон бўлган.
Ватанни севишни, оилага масъулият билан ёндашишни, одамларга нисбатан меҳр-мурувватли бўлишни мен дадамдан ўрганганман.
– Ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги бирон кино ёки саҳна асарида роль ижро этганмисиз?
– Албатта! Ҳарбий ватанпарварлик мавзусидаги сериал ва новеллаларда жуда кўпларида қатнашганман. Бадиий фильмларда, жумладан, Ҳилол Насимовнинг фильмларида кўп бор роллар ижро этганман. Мана яқинда “Ҳудуд” номли фильмимиз премьераси бўлиб ўтади. Ҳақиқий ватанпарварлик руҳида суратга олинган бу фильм ИИБ ходимлари ҳаётига бағишланади. Бу кинода иштирок этган янги ишларимдан бири ҳисобланади.
“КЎП НАРСАНИ ЎЗИМИЗДАН ҚЎШИБ ИЖРО ҚИЛГАНМИЗ!”
– ”Йиғлаган қизлар” сериалида бир ичкиликбоз, лекин кўнгли тоза эркак ролини ижро этдингиз. Сизларнинг чиқишларингиз менга жуда маъқул бўлди. Эри ичкиликбоз бўлса ҳам, аёли уни “бегим” деб чақиради. Кейинги пайтда пул топмайдиган ёки қуруқ маошга яшайдиган эркакларни камситиш, “алфонс” деб ҳақорат қилиш авж олган эди. Шундай ўйлайдиганлар учун сериалдаги шу саҳналар яхшигина сабоқ бўлибди. Ахир ҳамма эркак ҳам бадавлат-тадбиркор бўлолмайди-ку!
Сериалдаги шу жуфтлик ва ролингиз ҳақида гапириб берсангиз. Ундаги комик ҳолатларни ўзингиз қўшганмисиз? Ёки сценарийда шундай ёзилганмиди?
– Юқоридаги фикрларингизга юз фоиз қўшиламан. Авваламбор “Йиғлаган қизлар” сериалида иштирок этганим учун мен шу фильм муаллифи ҳамда продюсери Озод Шамсга миннатдорчилик билдиришим керак. Бу сериалда қатнашишим тасодифан бўлиб қолди. Мен Озодбек билан “Ўзбекфильм”да кўришиб қолдим ва у бир яхши сериал ишлашни бошлаганини, сериалда менга мос бир масъулиятли роль борлигини айтди.
Қаҳрамоним ўзи ичкиликка ружу қўйгани билан кўнгли очиқ, қалби тоза инсон бўлади. Озодбек билан шу роль устида гаплашдик, маслаҳатлашдик. Тўғри, иш жараёнида ҳам анчагина ўзгаришлар бўлди. Озод Шамс билан маслаҳат қилиб, сериалнинг кўп жойларини актёр сифатида импровизация қилдим.
Партнёрларим халқимизнинг севимли санъаткорлари Муҳаббатхоним Сотиволдиева, Заҳрохоним Мирзаева билан ҳамкорликда ўйнадим ва бизнинг бу учлигимиз кўпчиликка маъқул бўлди.
Қаҳрамоним ароқ ичгани билан юрагида дарди бор. Тўғри, дардни, унинг юрагидаги армонларини ичкилик ичиб ҳал қилиб бўлмайди. Лекин у юраги сиқилганидан ичади. Бир ёқда ҳаётдан куйган қайнонаси, яна бир ёқда бефарзандликдан эзилаётган аёлига ачинади. Юрагидаги аламларини ароқнинг тафти билан босишга ҳаракат қилади. Ролимизнинг эътиборли жиҳати ижодкорлар ана шундай драматик саҳналарга юмор қўшиб суратга олишган. Шу томони томошабинларга айниқса, маъқул бўлди.
Айтмоқчиманки, бу роль менинг карьерамда катта аҳамиятга эга бўлди. Ўзим ҳам маза қилиб ишладим. Киноижодкорлар ҳам қаҳрамон характерини ва руҳий ҳолатини очиб берадиган жуда чиройли деталларни топа олишди. Халқимизга ҳам манзур бўлди. Шунингдек, мухлисларим Инстаграмимга шу сериал ва менинг ролим ҳақида жуда яхши фикрлар ёзиб қолдиришди. Бундан хурсандман.
“УЙИМНИНГ ФАРИШТАСИ, ШУ АЁЛИМ!”
– Шу ўринда аёлларга қандай насиҳат қилган бўлар эдингиз? Эркакнинг омади аёлининг қўлида, деб ўйлайсизми?
– Албатта, эркакнинг омади аёлнинг қўлида эканига ишонаман. Чунки манаман деган, тоғни урса талқон қиладиган эркаклар аёлининг босими, эрини беҳурмат қилиши, беодоблиги туфайли қанчадан-қанча эр йигитларнинг синиб кетганини кўрганман.
Эркакнинг ғурури, бахти, кўчадаги омади нимада биласизми? Буларнинг ҳаммаси аёлига боғлиқ.
Аллоҳга шукр, мен жуфти ҳалолим билан бир-биримизни тушуниб, аҳил яшаймиз. Менинг актёрлигимни билиб туриб оила қурган. Ўйнаган ролларимни кўриб, менга далда беради. Ҳаттоки, тўғри маънода ролларимни танқид ҳам қилади. “Дадаси, манови жойини шундай қилиб ижро қилсангиз, яна ҳам яхши чиқарди” деб маслаҳатлар ҳам беради. Яхши ўйнаган бўлсам мақтаб қўяди.
Юриш-туришимга жуда эътиборли. Кийимларим ҳамиша дазмолланган, кийишга шай туради. Фарзандлар тарбияси, парвариши, рўзғор ташвиши – аёлимнинг зиммасида. Уйимнинг фариштаси ҳам, сариштаси ҳам шу аёлим.
Эркак киши кўпроқ кўчада, рўзғорнинг камини тўлдириш билан овора бўлади. Айниқса, биз санъаткорлар уйда кам бўламиз. Съёмкалар, гастроль сафарларига борамиз. Шундай пайтда аёлим менга елкадош бўлиб, доим мени қўллаб-қувватлайди.
“ТУРМУШ ҚУРИШ – БУ ЎЙИН ЭМАС!”
– ”Очилмаган сир” кўрсатувида “Одам ақл билан эмас, юрак билан ҳам севиб қолар экан” дебсиз. Аслида ақл билан севиш мумкинми? Унда бу севги бўладими? Йигитлар уйланишдан олдин бўлғуси турмуш ўртоғининг қайси жиҳатларига эътибор бериши керак, деб ўйлайсиз?
– Ҳа, бўлар экан. Мени ҳаётимда шундай нарса бўлиб ўтди. Ҳавас, бир кўришда севги дейишади-ку! Ёшликда мен ҳам хато қилганман. Ўзига умр йўлдоши танлаш жуда муҳим ҳаётий масала. Чунки турмуш қуриш – бу ўйин эмас!
Агар ўйламасдан жуфт танласангиз, эртага бу ажрим, фожиа билан тугаши мумкин. Мен буни “Очилмаган сир” кўрсатувида ҳам айтдим. Одам ҳамиша қалбига қулоқ солиб, ақл билан иш тутиши керак. Одам бир кунлик ёки икки кунлик нарсани ўйламаслиги, КЕЛАЖАК ҲАЁТИНИ ўйлаши зарур. Чунки бу ўринда фарзандлар тақдири ҳам бор, эртага кексайишингиз бор. “Ҳаётнинг гаштини сураман, мазмунли умр кечираман” десангиз, албатта, ақл билан севишингиз керак. Бундай севги бор. Мана ҳозир бутун дунё бўйича ажримлар жуда кўпайган. Нега бундай бўляпти? Чунки кўпчилик ҳиссиётга берилиб, юраги дук этиб уриши билан турмуш қуряпти. Буни севги деб ўйлашяпти. Лекин эртанги кунини ўйламай оила қуришяпти.
Тўғри, севги бор нарса. Лекин шундай турмуш қуриш керакки, ақл билан шошмасдан, синаб турмуш қурса, бундай оила мустаҳкам бўлади. Уларнинг севгиси ҳам бардавом бўлади. 80, 90, 100 ёшга кирганда ҳам бундай эр-хотинлар бир-бирларига елкадош, таянч бўлишади. Мана буни ҳақиқий севги, деса бўлади!
“БИР ЙИЛДА ТЎРТТА ТОБУТ КЎТАРГАНМАН!”
– 2008 йил бошингизга оғир жудолик тушган экан. Ўшанда нималарни ҳис қилдингиз? Бу синовдан қандай ўтдингиз? Жудолик оғриқларини енгиш учун одам қанчалик иродали бўлиши керак?
– Тўғри, 2008 йилда бошимга оғир жудоликлар тушган. Шу йили мен тўртта тобут кўтарганман. Биринчиси дадам раҳматли ёш кетдилар. Амаким, бувим ва 27 яшар синглим ҳаётдан кўз юмишган. Бир йилда тўртта тобутни елкамда кўтарганман. Ҳақиқатан ҳам жуда оғир бўлган. Ҳаттоки театрдан ҳам ишдан кетишимга тўғри келган. Чунки онамнинг ёнларида бўлишим керак эди. Ўша пайтда ука-сингилларим ҳали ёш эди. Театрда икки йилча ишламаганман. Укаларимни уйлантирганимиздан кейин менга яна театрга қайтиш насиб қилган.
Энди ҳаётингизда нимаики бўлмасин, авваламбор худодан! Агар инсон Яратганни яхши кўрса, албатта, у берган қисматга кўнади ва тақдирга тан бериб, шукрона келтиради. Мард одам йиқилса ҳам туради, дейдилар-ку! Бу дунё аслида мардларнинг дунёси, деган экан файласуфлар. Аллоҳнинг буюрганларига тан бермасдан иложингиз йўқ. Тан берган одам албатта, шукр қилади. Шукрда гап кўп.
“МАШАҚҚАТ ОРТИДАН ОМАД КЕЛАДИ!”
– Театрдаги ижодингиз ҳақида тўхталсангиз. Ижодда ҳам омадли ва омадсиз бўлган даврлар бўлганми? Қайси ролингизни қийналиб ижро этгансиз? Ва нима учун?
– Умр оқар сув, деганларидай, мана бу йил театрда ишлаётганимга ҳам 27 йил бўлибди. Бирпасда шунча вақт ўтиб кетибди. Қўлдан келганча ролларни ижро этиб келяпман. Ҳамкасбларим билан аҳил-иноқман.
Менга омад келтирган, мени халққа танитган авваламбор шу театр бўлади. Шу театрда ишлаб туриб, бошқа кино ва сериалларда роллар ижро этдим. Режиссёрлар мени театрдаги ролларимни кўриб, киноларига таклиф қилишди. Театр мен учун бир мустаҳкам пойдевор бўлди.
Албатта, омадсиз кунларим бўлган. Буни айтишни хоҳламайман. Бундай ҳолатлар ҳамманинг ҳаётида бўлади, деб ўйлайман. Ҳозир ҳам “жуда омадлиман”, деб юборсам, бўлмайди. “Ҳар доим ишларим бирдай силлиқ кетган!” десам, албатта, нотўғри бўлади. Бу ўз номи билан синовли дунё. Театрда ҳам ўзига яраша синовлар бўлган. Лекин менга кўпроқ омад кулиб боқди.
“Ўлдинг, азиз бўлдинг” номли спектаклда шоир Бўстон ролини ижро этганман ва шу ролим машҳур бўлган. Менга бу ролни ижро этиш жуда ҳам қийин бўлган. Ўшанда режиссёрлар, ҳамкасбларим, раҳматли устозларим - Малика Қаюмова, Насриддин Рустамовлар менга катта ёрдам беришган, ёнимда туришган. Репетиция жараёнларида шу ролимни қийналиб чиқарган бўлсам ҳам, бу роль менга катта муваффақият олиб келган.
– ”Актёр роль кутиб яшайди” дейишади. Сизни ҳам роль кутиб яшашингизга тўғри келганми?
– Йўқ, мен тўғрисини айтишим керак. Бир кўрсатувда ҳам бу ҳақда гапирганман. Мен роль кутиб яшамайман. Тўғри, театрда, кинода менга яхши роллар беришсайди, деб умид қиламан. Лекин фалончи образни менга беринглар, демайман. Чунки шу ролни сўраб олиб, кўнгилдагидай ижро қилолмасам, кейин бу менга армон бўлиб қолади. Бундай бўлишини хоҳламайман. Менга режиссёрлар қайси ролни ишониб топширишса, шу ролни халққа, менга ишонган режиссёр ва ҳамкасбларимга манзур бўладиган даражада чиройли қилиб ўйнаб беришга ҳаракат қиламан.
“ИШДАГИ ИШҚ” СЕРИАЛИДА ҚАТНАШЯПМАН!”
– 2025 йилда сизни қандай лойиҳаларда кўрамиз. Саҳнада қайси янги ролларда чиқасиз?
– Ҳар йили театрда тўртта янги спектакль топширилади. Мана ҳозир режа қилиняпти. Бу анъана. Насиб бўлса, режиссёрлар менга қайси ролни беришса, ижро этаман. Киноларда ҳам шундай, қандай роль беришса, ижро этаман.
Яқинда “Ўзтелефильм томонидан юз қисмли “Ишдаги ишқ” номли комедия устидаги иш жараёнлари бошланди. Бу сериалда мен эътиборга молик роллардан бирини ижро этаман. Шунингдек, йил охирларида “Ота” номли сериалнинг съёмка жараёнлари бошланган эди. Насиб қилса, шу сериалларда роллар ижро қиламан. Иккита аниқ режам бор.
– “Бекажон” мухлисларига тилакларингиз.
– Илоҳим ҳамма соғ-саломат бўлсин, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз тинч бўлсин. Дунёда ҳеч ерда уруш бўлмасин!
Мана таҳликали замонда яшаяпмиз. Қанча давлатларда қирғин-барот урушлар бўляпти. Яратганга беҳисоб шукр, юртимиз Аллоҳнинг назарига тушган юрт. Халқимиз Ватанини, тинчликни севадиган кишилар, илоҳим тинчлик-хотиржамлик бўлсин! Ижодкорлардан тортиб, ҳамма касб эгаларига омад тилайман. Аёлларимиз ҳамиша эркакларимизнинг ардоғида бўлишсин!
Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси.