РАҚС — ВУЖУД ТИЛМОЧИ


РАҚС — ВУЖУД ТИЛМОЧИ

     Биласизми, 1957 йилда ўзбек рақсининг бетакрор маликаси Мукаррама Турғунбоева «Баҳор» халқ рақс ансамблига асос солади. Бу ансамбль ўз фаолияти давомида етти иқлимдаги юзлаб давлатларни забт этишга муваффақ бўлади. Мукаррама Турғунбоеванинг шогирдларидан бири бугун шу ансамблга устозлик қилмоқда. Улар орасида Мукаррама Турғунбоеванинг истеъдодли шогирдларидан бири бўлган Маъмура Эргашева ҳам бор. Ўзбекистон халқ артисти, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси, бўлган санъаткор Мукаррама Турғунбоева номидаги «Баҳор» давлат рақс ансамблига 1990–2019 йилларда бадиий раҳбар ва бош балетмейстрлик қилган. Қаҳрамонимиз ўзининг болалик йиллари ҳамда устозлари ҳақидаги хотираларини сизлар билан бўлишди.

«БАҲОР»НИНГ ТАЙЁР «КАДР»И

    Мен санъаткорлар оиласида дунёга келганман. Дадам Ўзбекистон халқ ҳофизи Зокиржон Эргашев, онам Тўхтахон Рисметова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, раққоса эди. Ота-онам Давлат филармониясида бирга фаолият олиб боришган. Мусиқа, ашула, рақс, шеърият билан катта бўлдим. Олти ёшимда «Тўқимачилар» маданият саройидаги рақс тўгарагига қатнаганман. Устозим Сора Мушаева менга сабоқ берган. Шунингдек, маданият саройидаги катталар рақс тўгарагига Маргарита ва Исахор Оқиловлар раҳбарлик қилишган. Онам Мукаррама опа билан жуда яқин бўлганлар. Шу боисдан, уйимизга тез-тез «Баҳор» ансамблининг раҳбарлари, кўзга кўринган созандаю хонандалари келиб туришарди. Жумладан, Қаҳрамон Дадаев, Бахтиёр Йўлдошев меҳмонга келишарди. Даврада қўшиқ айтиб, рақсга тушишарди. Мукаррама опа мени кўриб, онамга: «Қизингни кейинчалик ансамблимга оламан, «Баҳор»нинг тайёр «кадр»и», деган эканлар. 1962 йилда мени қўлимдан тутиб, илк бор «Баҳор» ансамблига олиб келишди.
     Болалик чоғларим маҳалладаги дугоналар билан ўйин-кулги қилиб, вақтимизни ўтказардик. Рамазон ойи келса, қўшни маҳаллаларга бориб, «Рамазон» айтиб, ширинлик, қанд-қурс, пуллик бўлардик. Маҳаллаларни шу даражада таниганимиздан қўшнининг кучугини лақабигача билардик. 146-мактабда 3-синфгача таҳсил олганман. Сўнгра, таҳсилимни Хореография билим юртида давом эттирганман. У вақтда ҳар бир мактабда хор бўларди. Устозим Мария Михайловна бизга қўшиқ ўргатарди. Мен мактабда шўх қиз эдим, лекин аъло баҳога ўқирдим.

УСТОЗИМ – ИККИНЧИ ОНАМ

     Хореография билим юртида етти йил давомида таълим олдим. Энди ўйинқароқликни унутиб, жиддий ўқишга киришганман. Эрталаб еттидан кечги еттигача ўқишда бўлардик. Меҳнат ва яна меҳнат билан таълим олиб, ўз устимда ишладим. Билим юртини тамомлагач, етти қиз 1969 йилда «Баҳор» ансамблига ишга келдик. 17-18 ёш қизлармиз, ҳали ҳеч нарсани билмаймиз, фақат ўқиб, шундай катта даргоҳга тушганмиз. Мукаррама опа бизга ҳам устоз, ҳам она, ҳам дўст эдилар. Дастлаб, ансамблда Гулнора Маваеванинг шогирди бўлдим. Гулнора опа Мукаррама опанинг шогирди, тажрибали раққоса эди. Кейин Лев Засга шогирд тушдим. У киши Санкт-Петербург классика мактабини кўрган кучли санъаткор. Розия Каримова, Қундуз Миркаримова қўлларида камол топдим. Шундай машҳур шахсларда ўқиш бахтига муяссар бўлганимдан фахрланаман.  
     Мукаррама опа фаолияти давомида «Олтин фонд»га кирган рақсларни саҳнага қўйган. Қолаверса, ансамблнинг махсус мактабида ўқувчиларга рақснинг барча сир-асрорларни ўргатарди. Улар мен билан яккахон рақслар бўйича шуғулланиб, ярим йилда «Муножат» рақсини ишлаганмиз. Ўзи кийган либосларни бизга берарди, бизни телевидениеда тасвирга олишда бош-қош бўлдилар. Ҳар бир шогирд ўз йўлидан кетишда, ўз калитини топишда ёрдам берди. Ҳеч бир қизни бир-биридан устун кўрмай, бир хил муомала қилганига қойил қолганмиз.

ТАРБИЯ МАСАЛАСИ БИРИНЧИ ЎРИНДА ТУРГАН 

     «Баҳор» ансамбли биз учун тарбия ўчоғи бўлган, десам, муболаға бўлмайди. Қачонки, автобусга чиқар эканмиз, аввал катталарни ўтказиб, сўнг ўзимиз чиққанмиз. Қаерда тадбир бўлиб қолса, Мукаррама опани бошлаб борардик. Тарбия масаласи биринчи ўринда турган. Таъбир жоиз бўлса, армияда хизмат қилгандек хизмат қилардик. 
– Бу қиз солист бўлмагандир. Бироқ, сендан кўпроқ саҳна чангини ютган, қишлоқма-қишлоқ юриб, халқ хизматини қилган. Сендан бир йил олдин келган бўлсада, уни ҳурмат қилишинг керак. Ўзбек миллатининг ойнасисан, сенинг хиромларинг орқали ўзбекнинг урф-одати, маданияти акс этади, – деб насиҳат қиларди Мукаррама опа. 
    «Ларзон», «Фарғона рубоийси», «Муножат», «Гулсара», «Роҳат», «Лазги», «Эрон», «Афғон», «Панжоб» халқ рақсларини ижро этдим. Кейинчалик Рушана Султонова, Елена Тўхтаева, Олима Ёқубова, Раъно Сафаралиева, Ирода Исмоилова каби таниқли шогирдларимни етиштирдим. Қарийб, ўттиз йил «Баҳор» халқ рақс ансамблига бадиий раҳбарлик қилдим. Босиб ўтган умр йўлимдан доимо миннатдорман.

КИТОБГА МУҲАББАТ 

     Болаликдан биз фарзандларни бувим раҳматлик тарбиялаганлар. Турли чўпчакларни айтиб берарди. Эртаклар оғушида сеҳрли оламга саёҳат қилардим. Аллаларини эшитмасдан ухламасдик. 
    Улғайганимдан сўнг, жаҳон классикаларини ўқий бошладим. Шекспир дейсизми, Шарлотта Бронте, Дженни Герхардт каби ижодкорларнинг китобини ўқиганман. Ўзбекнинг севимли адиби Ўткир Ҳошимовнинг асарларини гастроль сафарларида ўқирдик. «Дунёнинг ишлари», «Икки эшик ораси»ни мутолаа қилиб, таъсирли қисмларида йиғлардик.
    Хореография билим юртидан таътилга чиққанимизда, бизга узун рўйхат берилиб, ундаги барча адабиётлар ўқиб чиқилиши шарт эди. Билим юртининг катта кутубхонада кўплаб китобларни топиш мумкин эди. Ёшларимиз санъаткор бўлишлари учун айнан бундай қилиш керак, дея олмайман. Сабаби, истеъдод, аввало, Аллоҳдан. Ҳозирда «санъаткор»лар  кўпайди. Хонандаларни мисол қилайлик. Техника ривожланиб, фонограмма пайдо бўлди. Овози бўлмаса ҳам, компьютер ёрдамида тузатиб олишяпти. Ўз устида ишламасдан, фақат шоу-бизнесга эътибор бериши тўғри бўлмайди. Ёшларга айтмоқчи бўлганим, сиз санъат ичида эмас, балки санъат сизнинг ичингизда. Балки хонанда бўларсиз, балки шифокор, энг муҳими, кўзингиз етадиган соҳани танланг. Қайси касбни эгалламанг, чин кўнгилдан ишлашингиз шарт. Мансаб ёки катта миқдорда пул топишни ўйласангиз, ишингизнинг ривожи бўлмайди. Кўпроқ ўқиб, устингизда ишласангиз, албатта, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишингизга ишонаман! 

«Тонг юлдузи» газетаси мухбири 
Зиёдулла Ҳамидуллаев суҳбатлашди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот