Биз бир-биримизга керакмиз ва тиргакмиз


Севара Ҳамроқулова: Биз бир-биримизга керакмиз ва тиргакмиз

     Тўғриси, бу актрисани кинода, саҳнада кўрганман-у, лекин шу пайтгача сира ака-ука Ҳамроқуловларнинг синглиси деб ўйламаган эканман. Токи суҳбатимиз бошлангунгача ҳам Севара Ҳамроқулова Искандар ва Самандар Ҳамроқуловларнинг ягона синглиси эканидан бехабар эдим. Суҳбатимизда ҳам актриса ҳеч бир кибрга берилмасдан, оддий, камсуқумлик билан саволларга жавоб берди. Бу ҳам бўлса, актрисанинг фақат ўз истеъдодига, меҳнатига ишонганидан деб ўйладим. Ўзбекистон давлат Сатира театри актрисаси – Севара Ҳамроқулова билан кечган суҳбатимиз сизни ҳам бефарқ қолдирмайди деб ўйлаймиз.  
– Севарахон, дастлаб суҳбат беришингиз ҳақида сўраганимда, камтарлик қилиб: "Мен ҳали лойиқ эмасман", – деб рози бўлмадингиз. Ахир барча санъат вакили тезроқ ва кўпроқ танилишни, назарга тушишни истайди-ку. Нима, сиз назарга тушишни истамайсизми ёки бу камтаринликданми?
– Тўғрисини айтсам, бу камтаринлик ҳам, манманлик ҳам эмас. Актриса сифатида интервью бериш бу санъатда маълум бир чўққини забт этишдан сўнг бўладиган жараён деб ўйлайман. Сизнинг суҳбатингизни ўқиётган муштарий ролингизни ҳам билиши керак, дунёқараш, фикрларингизга ҳам таҳсин айтиши керак. Шу нақтаи назардан, интервьюга розилик бермай тургандим. Шунингдек, унчалик гапга уста эмасман деб ўйлайман. Қайта-қайта мурожаат этганингиздан кейин раъйингизни қайтаргим келмади. 

“Сенга “ёрдам” керакмас”

– Бугун санъатда озми-кўпми ўрнингиз борлиги, актриса сифатида танилишингизда Искандар ва Самандар Ҳамроқуловларнинг синглиси эканлигингизни ҳиссаси борми? Дадангиз ҳам таниқли сўз устаси – Рустам Ҳамроқулов бўлган, акаларингиз ҳам таниқли санъаткорлар. Машҳур оиланинг ёлғиз қизи бўлиш сизга имкониятлар бердими?
– Тўғри, мен таниқли сўз устасининг қизиман, томошабинларга севимли бўлишга улгурган ака-ука Ҳамроқуловларнинг синглисиман. Лекин театрга ишга киришимда, роллар ижро этишимда яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши йўқ. Мен театрга ўзим бордим ва ишга кирдим. Саҳнадаги дастлаб кичик, кейин катта ролларимни кўриб, режиссёрлар кинога таклиф этишди. “Бир ўпичнинг баҳоси” фильмида суратга тушганим менга омад олиб келди. Шундан сўнг  “Ўгай она” сериалида бош рольга таклиф этишди. Биласизми, суратга олиш гуруҳидагилар мени Ҳамроқуловларнинг синглиси эканимни кейин билишган. Дадамдан, акаларимдан менга ҳазилга усталик ўтган десам хато бўлмайди. Тўғри, жаҳлим чиқса, лов этиб ёнаман-у, бирпасда ўчаман ва унутаман. Хафа қилган одамларимдан кечирим сўрашга ор қилмайман ва ўзим ҳам тезда кечирувчиман. Дилозорлик қилгим келмайди. Ролларга тасдиқланишимда акаларимдан ёрдам сўрасам бўларди, лекин мен бундай қилмадим. Чунки, санъат ўзингни истеъдодингни кўрсатадиган марду майдон. Онам бизни кучли қилиб тарбиялаганлар. Менга доим “Сенга ҳеч кимни “ёрдами” керакмас, ўзинг истеъдодлисан, сенга ишонаман” деб руҳлантирадилар. Фильмларда суратга тушиш борасида Самандар акам билан маслаҳатлашиб тураман. Акам “Қаҳрамонинг вафот этадиган саҳнаси бўлса, ижро этма ёки унга ўзгартириш кирит” деб доим таъкидлайдилар.

“Меҳр-муҳаббат олишдан олдин...”

– Тўғриси, сизни кўринишингиздан жуда жиддий, босиқ деб ўйлагандим. Аммо сизни билганлар ҳазилкаш, қувноқ дейишди. Ташқи кўринишингиз алдамчими? Нима деб ўйлайсиз, санъаткорга ташқи кўриниш қанчалик муҳим?
– Мени яқиндан танимаганлар, билмайдиганлар жуда мағрур, баджаҳл деб ўйлашар экан. Аммо мен ундай эмасман. Бу ҳаётда ҳаммани яхши кўраман ва бугунги кунимга шукр қиламан. Ишдаги жамоамни-ку, жонимдан ортиқ кўраман. Негаки, улар менга Яратганнинг неъмати. Инсон меҳр-муҳаббат олиши учун аввало, ўзи уларни бера олиши керак, деб ўйлайман. 
 
“Таниқли курсдошларим бор”

– Севара, Санъат олийгоҳида таҳсил олган экансиз. Устозларингиз ҳақида ҳам сўзлаб беринг.
– 2004 йилда Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтини тамомладим. Олийгоҳда устозимиз – Ҳамида Маҳмудова бизни курс раҳбаримиз бўлган, жуда яхши устоз эди. Санъатда омад кимгадир тез, кимгадир кечроқ келади, деб бежизга айтишмас экан. Бизнинг гуруҳдагилар истеъдодли бўлишгани учунми, уларга омад эрта  келган. Улуғбек Қодиров, Гулчеҳра Эшонқулова, Босидхон Раҳматов, Ботир Имомхўжаев, Бегзод Мирзаев, Акмал Мирзаев, Абдубосид Саримсоқов, Фарҳод Бадалов каби таниқли санъаткорлар билан бир курсда ўқиганмиз. Тўғри, институтда устозлардан кўп сабоқ оламиз, тажрибаларини ўрганамиз. Аммо Самандар акам доим бир гапни такрорлайди: Санъат соҳасида кимгадир ўхшашга ҳаракат қилиб, ортидан эргашма, ўзингга, истеъдодингга ишонсанг, йўлинг очилади, ўз ўрнингни топасан. Институтда устозларимдан олган билимларимни саҳнада, экран қаршисида қўлласам, акаларимдан олган сабоқларимни ҳаётимда қўллаяпман. 

“Афсусланиб ўтирмайман”
 
–  Бу ҳаёт жуда қисқа – топиш ва йўқотиш, дейишган экан. Топиш ва йўқотишлар бугунги Севара учун қанчалик яқин? Айрим кишилар ҳаётда йўқотганларини тан олгиси келмай, уларни яна қайта топишни исташади. Сизда ҳам шундайми?
– Тўғри, ҳаётимда топганларим ҳам йўқотганларим ҳам бор. Топганларим йўқотганларим эвазига берилган неъмат деб ўйлайман. Шу кунгача йўқотганларимдан сира афсусланмадим. Демак шундай бўлиши керак экан, бўлди дейман. Йўқотганларим эвазига Аллоҳ менга қадрдон дўст-биродарларни учраштирди. Энди йўқотдим деб афсусланиб ҳам ўтирмайман. Ўтмиш билан эмас, келажак билан яшайдиган, олдинга интиладиган инсонман. 

“Орзуйимдаги ролларим кўп...”

– Бугун кўпчилик актёр ва актрисалар билан суҳбатлашганимда, улар кўнглидагидек роль ижро этмаётганидан ва бундай роллар деярли кино саноатимизда яратилмаётганидан шикоят қилишади. Сиз бу фикрга қандай муносабат билдирасиз? Сизни актриса Севара сифатида кўрсатиб берадиган қандай роль таклиф этишларини истардингиз?
– Ҳар бир актёр унинг истеъдодини очиб берадиган роллар таклиф этилишини истайди. Мен кинода қўрқмас, жасур, қаттиққўл она ёки ҳарбий полковник, учувчи ролларини ижро этгим келади. Шунингдек, қамоқхонада маҳбуслар билан ишлайдиган аёллар ролини, болаларнинг тановул қилаётган ҳаққидан қўрқмай ўмараётган боғча раҳбарларининг ролларини гавдалантиргим келади. Дарвоқе, кинода робот аёлни ўйнаш ҳам орзуларимдан бири деб айта оламан.  
– Тўғриси, аксарият актёрларга бу саволни берганимда, асосан, тарихий ролларни ижро этиш истагида эканликларини айтишганди. Сиз эса замон билан ҳамнафас ролларни ижро этиш истагида эканлигингизни айтдингиз. Режиссёрларимиз шундай ролларга сизни таклиф этишса, ажабмас. Энди театрдаги фаолиятингизга тўхталсак, бугун кўнглингиздаги ролларни ижро этяпсизми? Саҳнага чиққанингизда нимани ҳис этасиз?
– Ўзбекистон давлат Сатира театрида ишлаб келаётганимга ҳам 10 йилдан ошди. Аслида, мен кинода унчалик кўп роль ижро этмаганман, экранга ўзимни фидойи қилмаганман. Лекин театр, саҳна мени жону дилим. Томошабинлар билан жонли мулоқот актрисани бутунлай ўзга оламга олиб киради. Томошабинлар олдига чиққанимда масъулиятимни янада кўпроқ ҳис этаман ва ролимни жон-жаҳдим билан ижро этишга ҳаракат қиламан. Саҳна муқаддас деб бежизга айтишмайди. Саҳнага чиққанда ҳамма нарсани унутаман. Боя санаторияга концерт қўяётганимизда бир онахон олдимга келди. Онахон шундай деб қолди: – Боя келганимда, ошхонада сизни кўриб, жудаям жаҳлим чиқиб кетганди. “Ўгай она” сериалидаги ролингиздан кейин сизни жудаям ёмон кўриб қолувдим. Азбаройи ёмон кўрганимдан ҳатто олдимдаги чойнакни сизга отмоқчийдим. Аммо саҳнадаги ижройингизни кўриб, умуман ўзгардим, сизга бўлган нафратимдан асар ҳам қолмади. Беш ой олдин чолимни бериб қўйгандик. Юрагимга қил сиғмасди. Болаларим санаторияга юборишди, бироз дам олиб келинг деб. Бу орада ҳали кулмагандим, лекин сизнинг ижройингиздан мазза қилиб кулдим, сиздан Аллоҳ рози бўлсин, – деб дуо қилдилар ва менга мухлис бўлиб қолганларини айтдилар. Шундай пайтларда кўнглим кўтарилади, хурсанд бўлиб кетаман.  

“Бировга ялинишинг шартмас, дейишади”

– Аёл қанчалик кучли, матонатли кўринса-да, аммо унга доим тиргак, ишончли суянчиқ керак. Аёлни буюк ишларга ундайдиган инсони, суянчиғи бўлади. Сиз учун бу мотивация берувчи инсон ким?
– Онам доим айтади: Сен Рустам Ҳамроқуловни қизисан, бир қадам қўйсанг, ўнта ишинг юришади. Бировга ялиниб юришинг шартмас, ўзингдаги истеъдодинг, санъатинг бор, деб доим олдинга ундаб туради. Ҳаётимда менга мотивация берадиган яқинларим бисёр: онам, акаларим, дўстларим. Биз бир-биримизга керакмиз ва тиргакмиз. 
– Сизга қайси саволни беришимни кутгандингиз ва унга жавобингиз?..
– Сиз бахтлимисиз, деган саволни беришингизни истардим. Менимча, ҳар бир инсон бу саволга жавоб беришни истайди. Менинг жавобим эса шундай: Албатта, жудаям бахтлиман. Бахтимга онам, акаларим, ҳамкасбларим бор. Атрофингизда шунча яхши инсонларнинг борлиги, бу – бахт деб биламан. Ўзимни ёмон томонларимни доим синдираман, яхшиликка интиламан, яхшилар даврасида бўлишни истайман. Бу ҳам бўлса, менда яхши инсон бўлишга мойилликдан деб биламан. 
– Самимий суҳбат учун ташаккур! Ижодингизга омад тилаймиз!
– Раҳмат, сизга ҳам, соғ бўлинг!
  
Ҳусния суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот