МАШҲУРЛИКНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ ОСОНМАС!


ВАЗИРА ЮНУСОВА: “МАШҲУРЛИКНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ ОСОНМАС!”

     Вазира Юнусова элимиз суйган санъаткор. Мана неча йиллардан буён у Ўзбекистон Миллий академик драма театрида ишлаб келади. 
     Шу билан бирга суюкли актрисамиз миллий сериалларимиз ва теленовеллаларда ҳам фаол иштирок этади. 
   Вазира Юнусова “Осмондан тушган юлдузлар” номли “Миллий” телеканали лойиҳасида кондукторлик вазифасини чиройли уддалади. “Севимли”да намойиш этилган “Болливуд-баттл”да ҳиндча мумтоз рақсларни ижро этиб, мухлисларини янада ҳайратда қолдирди.
    Шунинг учун ҳам бу актриса билан суҳбат қилишни анчадан бери истаган эдик. Ва ниҳоят Вазира Юнусова билан спектакль олдидан, парда ортида суҳбатлашишга муяссар бўлдик. 

“2024 ЙИЛ МЕН УЧУН ОМАДЛИ БЎЛДИ!”

– Бу йил мучал йилингиз, олтин тўйингиз экан. Ижтимоий тармоқларда ҳамма мухлисларингиз табриклашяпти. Биз ҳам таҳририятимиз номидан сизни мучал йилингиз билан табриклаймиз!
– Авваламбор ассалому алайкум. Раҳмат. Юртдошларимизга Байрамлар муборак бўлсин! 
     Ижтимоий тармоқларда негадир “Вазира Юнусова 1964 йилда туғилган” деб маълумот берилган. Бу нотўғри. Мен аслида 1969 йилда туғилганман. Шунинг учун ҳам ҳайрон бўлдим. 
   Ўтган йили “Севимли” телеканали орқали намойиш этилган “Болливуд баттл” танловида қатнашганимда ижтимоий тармоқларда “Олтмишга кириб ҳам ҳиндча рақс тушадими? Бу нимаси?” қабилидаги таънали изоҳлар ёзишганига ҳайрон бўлгандим. Кейин қарасам, туғилган санам озгина хато кетган экан. Худо хоҳласа, ўша ёшларга ҳам кирайлик, ундан ҳам ошайлик. Умримиз узоқ бўлсин! 
– 2024 йилни сарҳисоб қиладиган бўлсак, у сиз учун қандай совғалар билан келди? Ижодда, ҳаётингизда қандай янгиликлар, яхшиликлар бўлди?
– 2024 йил мен учун омадли келди. “Болливуд баттл” қироличаси бўлдим. “Номус”, “Йиғлаган қизлар”, “Алфонс. Бахт овчиси” сериалларида қатнашдим. Халқ орасига яна ҳам яқинроқ кириб бордим.
    Бу сериаллар бир пайтда кетма-кет эфирга узатилди. Уларнинг ҳаммаси элимиз яхши кўрадиган режиссёрлар томонидан ишланди ва шунга яраша мен ижро этган роль ҳам, сериал воқеалари ҳам қизиқарли бўлди. Уларда асосан оналар ролини ижро этган бўлсам-да, улар ранг-баранг, бир-бирини такрорламайди. 
    Яна 2024 йил мен учун яна шуниси билан бахтли йил бўлдики, кўпгина юртдошларимиз қатори мен ҳам Умра сафарини адо этишга мушарраф бўлдим. Умра сафарига, зиёратга боришни Аллоҳдан илтижо қилиб сўраган эдим, бориш насиб этди. Ҳамма юртдошларимизга шундай сафарларга бориш насиб қилсин, илоҳим. 
     Театрда ҳам ижод қизғин. Худо хоҳласа, янги йилда янги спектакль топширамиз. Бу спектаклда менга каттагина жуда яхши роль беришди. Устозимиз Ёдгор Саъдиев ҳамда спектакль режиссёри Марат Азимов ролни менга ишониб топширдилар. Таниқли драматург Эркин Ҳушвақтов қаламига мансуб бу пьеса комедия жанрида ёзилган бўлиб, у бир замондош аёлнинг кўрган-кечирганлари ҳақида ҳикоя қилади. Унда ҳозирги замондаги оғриқли муаммолар мароқли, кулгили саҳналар орқали ёритилади. Ҳозир иш жуда ҳам авжида. Репетиция жараёнларини ноябрь ойидан бошлаганмиз. Сўзларини анча ўзлаштириб олдик ва уни саҳнага олиб чиқиш арафасидамиз. Уни янада пишириб, саҳнада репетиция қилишни ҳам бошлаймиз. Бир-бир ярим ойларда бу спектакль премьераси бўлади, дея режа қиляпмиз. Шу билан бирга “Номус” сериали ижодкорлари томонидан “Она” деб аталган янги сериалнинг иш жараёнлари бошланди. Бу сериалда ҳам мен яна бир она ролини ижро этаман. 
    Лекин мен бир нарсадан озгина хафаман. Кўнглимда бироз кемтиклик бор. “Ўзбекфильм”да Давлат буюртмаси асосида ишланадиган фильмларда қатнашгим келади-ю, лекин улар негадир бизларга қиё боққилари келмайди. 
    Мана, юзимизни ҳар балолар қилиб ўзгартириб ташламаганмиз. Кўринишимиз табиий. Билмасам, бунинг сабаби нимада. Улар “сериалларда роль ўйнаманглар” дейишади. Улар чақирмаганидан кейин биз ҳам бола-чақа боқишимиз керак-ку! “Олдин чақиринглар, роль беринглар, ана ундан кейин “фалон ишни қилманглар” деб тақиқ қўйсангиз бўлади!” дейман. Орада неча йиллар ўтиб кетди. Умримиз ўтди, кексайдик ҳам, лекин орзумиз орзулигича қолди.
    Аллоҳга шукр, театрда ишларим яхши, оила аъзоларим - турмуш ўртоғим, фарзандларим ва невараларим ҳаммалари соғ-саломат. Бу энг катта бойлигим, албатта.

“ХИЁНАТНИ КЕЧИРСА БЎЛАДИМИ?”

– Нима учун ижтимоий тармоқларда “Вазира Юнусова эрининг хиёнатини кечирадими!” деган ғалати гапларни ёзишяпти. Буни пиар учун қилишяптими? 
– Йўқ, ундай эмас. Яқинда мен янги тайёрлаётган спектаклимиздан келиб чиқиб бир фикр айтгандим. Балки бу спектаклнинг номи “Муҳаббатимиз сўнмасин” ёки “Эр-хотин уруши, дока рўмол қуриши” деб ўзгартирилар, аниғини ҳозирча айтолмайман. Мен умумий маънода ҳар бир аёл эрининг хиёнатини баъзида кечириши керак, дегандим. Хиёнат деганда фақат бегона аёл аралашуви туфайли бўладиган вазиятни тушуниш тўғри эмас. Масалан, ёлғон гапириш, хотинидан пул яшириш, яна қандайдир ишларни аёлига айтмай қилиш – бу ҳам хиёнат аслида. Мен шу маънода гапиргандим. Лекин уни ижтимоий тармоқларда сал бошқачароқ ёритишибди-да. Оилани сақлаб қолиш учун баъзида аёл киши эркакнинг айрим айбларига кўз юмиши керак, деб ўйлайман. Ҳозир ёшларимиз сал нарсага ажрашиб кетишяпти. Оналаримиз даврида эркаклар бундай айб қилишмаганми?! Бизнинг ёшимиздагилар ҳаётида бўлмаганми, бунақа гаплар. Улар сабр қилиб яшаганлар-ку, бизнинг тенгдошларимиз ҳам яшаяпти-ку, мана, этагини невараларга тўлдириб! 
   Эр-хотин қачон ажрашади? Мен бу масала юзасидан катта-катта масжидлардаги илмли домлалар билан маслаҳатлашганман. Улар “Қачонки, эркак гиёҳванд бўлса ёки одам савдоси билан шуғулланадиган палид бўлса, ундай инсонлардан қочиш керак” деган фикрни билдиришди. Ана шундай инсонларга яқинлашмаслик, шундай эркаклар билан ажрашишни тўғри йўл деб  биламан. Бу жиддий сабаб. Қолган айб бўладими, келишмовчиликми, уни сабр билан, яхши гап билан енгиб кетиш керак, деб ўйлайман. Аёл киши уйим-жойим, оиламни сақлаб қоламан, деса бундай ҳолатларга сабр қилиши керак, чидаш керак.  “Лекин чидаш керак дегани” эркакка ҳам аёлини хўрлашга, калтаклашга бемалол йўл қийиб қўйиш керак, дегани эмас. Шунчаки, ҳаммада озгина бўлса ҳам ўзининг ақл-фаросати, виждони бўлиши керак. Соғлом одамда шу нарсалар бор!  
   Ўзим Тарози буржида туғилганим учун турмуш ўртоғим ишдан жаҳл отига миниб келса, буни у кишининг кўзидан билардим. Шу сонияда унга ҳеч нарса гапирмасдим. Кейин масалан, агар “овқат сузайми?” деб сўрасам, “ҳеч нарса керакмас!” десалар, бўлди, тушунардим, қайтиб уларга гапирмасдим. Эрталаб ўзлари туриб, “Чой қўясанми, ичамизми?” деб кетсалар, яна гаплашиб кетаверардим.
– Кейин нега кайфиятлари бўлмаганини сўрармидингиз?
– Мени бир одатим бор. Агар ўзлари айтмасалар, мен сўрамайман. Эркакларнинг бир одати бор, улар “Қаерда эдингиз?” деган саволни жуда ёмон кўришади. Янги келинлик пайтимда турмуш ўртоғим ҳам “қаердасиз?” деган саволни бермайсан!” деб огоҳлантирганлар. “Унда нима деб сўраш керак? Ўзбек тилида бунинг бошқача атамаси борми, дадаси? Аслида бу сўроқ “сиз қаердадир бир бегона аёл билан ўтирибсиз” деган маънода айтилмайди, яна қанақа ибора билан буни тушунтирса бўлади?” деб сўраган ва шу борада ўз фикримни айтгандим. “Театрдан кеч чиққанимда “қаердасиз, мени йўл-йўлакай олиб кетасизми?” деган маънода ҳам айтилади-ку!” дердим. Шу каби сўзларни, фикрни юмшатиб айтиш керак, деб ўйлайман.  
    Турмуш ўртоғим санъат соҳасида ишлашимга розилик берганлари учун оғир-вазмин бўлишга ҳаракат қилдим. Лекин ана шу ўзини оғир олишлар охир бориб, ёшингиз ўтган сайин асаб тизимига таъсир қилар экан. “Барака топсин шу аёл, оиладаги муаммоларни ичига ютди, оиласини сақлаб қолди!” деймизу, лекин шу аёл ҳаммасини ичига ютавериб, ўзини-ўзи тамом қилганини билмаймиз. Шунинг учун гапириб-гапириб, шақир-шақир қилиб, аламларини ичидан чиқариб юборадиган аёл ютар экан. Ичида ғубори қолмас экан. Шунинг учун аёл ўзига ҳам эътибор қаратиши керак. Дам олишга бориши, саёҳатларга чиқиши керак. 

“МАНМАНСИРАГАН ЮЛДУЗ ТЕЗ СЎНАДИ!” 

– Санъат соҳасидаги кишилар қачон машҳур бўлади? Бунга нима сабаб бўлади, деб ўйлайсиз?
– Бир пайтлар актёр театр саҳнасида битта ролни ижро этиб ҳам машҳур бўлиб кетган. Телевидениеда бир-иккита канал бўлган, холос. Масалан, Шукур Бурҳоновлар даврида “Шоҳ Эдиплар” қандай аншлаг билан намойиш қилинган. Кейинчалик Ўзбекистон ТВ каналлари ҳам ривожланиб, “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” номли яхши кўрсатувлар, видеофильмлар эфирга узатила бошланди ва энди актёрлар телевидение орқали ҳам халққа танила бошлашди. Кимдир театр орқали, кимдир телевидение, яна кимдир сериаллар орқали машҳур бўлади. 
    Машҳурликка эришиш эмас, уни узоқ йиллар қўлда тутиб қолиш қийин. Бу эса актёрнинг ўзига боғлиқ. Ахлоқи-одоби, оғир-босиқлиги билан машҳурликни ушлаб қолиши керак. “Мен юлдуз бўлдим!” деб дарров ўзидан кетса, унақа юлдуз жуда тез сўнади. Олов “гурр” этиб ёниб, бир зумда ўчади-ку, ўзига бино қўйган санъаткорнинг машҳурлиги шунга ўхшайди. Агар у манманликка берилса, уни атрофдаги актёрлар ҳам, унинг ҳамкасблари ҳам суймай қўйишади. Ҳамма ундан қочади. Масалан, бундан 27 йил олдин мен “Оталар сўзи” кўрсатувида кетма-кет тўрт-бешта бош қаҳрамонлар ролини ўйнаганман. Биласизми, у пайтда бунақа телефонлар, ижтимоий тармоғу, хилма-хил каналлар йўқ эди. Кўчага чиқишим билан, автобуслар, троллейбуслар тўхтаб, мухлислар тушиб мен билан сўрашар эдилар. Шунчаки сўрашиш эмас, қучоқлаб, бағирларига босиб ўпишар, раҳматлар айтишарди. “Вой-ей, битта нимачани кийиб, эрингиз хиёнат қилса ҳам ҳеч нарса демадингиз!” дейишарди. Халқимиз содда-да, бу воқеани мен билан бўлгандай тасаввур қилишарди. Баъзида қанча-қанча аёллар театримиз биносига келиб, мени гуллар билан кутиб туришарди, ишонасизми?! Мана буни машҳурлик деса бўлади.
    Кунларнинг бирида Наманганга борибмиз. Бир аёл “сизнинг ашаддий мухлисингизман, ҳамма ролларингизни, газета-журналларда чиққан суҳбатларингизни йиғиб, битта альбом қилганман!”деди. Мен ишонмадим. “Мен у даражада машҳур эмасман! Мени Саида Раметовага ўхшатяпсиз, шекилли!” дедим. Буни қарангки, ўша мухлис исм-фамилиямни айтиб, мени ҳайрон қолдирган. Ишонасизми, альбомини олиб келди. Айтганидай ҳамма интервьюларим, роллардаги суратларимни қирқиб ёпиштириб қўйибди. Мен ўшанда ҳайрон қолганман. Биласизми, бу ҳар бир мухлиснинг мана шунақанги кумирлари бўлади. Бу бахт! Бу нарса ҳозир янада кўпайган. “Биз сизни севамиз! Мен сизнинг ашаддий мухлисингизман, келинг, битта ўпиб қучоқлай!” дейдиган аёллар кўп. Масалан, шунчаки, “ролларингиз зўр, келинг, битта расмга тушайлик!” деб кетмайди-да. Бағрига босиб, астойдил миннатдорчилик билдиради.

“ШУНЧАЛИК ЁМОН АЁЛЛАР БОРМИ?”

– Йиғлаган қизларда сериал ниҳояси ҳиндча киноларга ўхшаб қолмадими?Сериал сўнггида ҳамма тарбияланиб қолди-я!? Эътибор қилинг, қаҳрамонингиз келинини ўғлидан ажратиш учун бегона эркакнинг қўйнига киритмоқчи бўлади. Бунинг учун қанчалик ёмон одам бўлиш керак!?
– Мен сериалнинг учинчи фаслида кириб келдим. Менгача сериалнинг 1-2-фасллари ишланган экан. Режиссёр билан бу ҳақда гаплашганмиз, фикрлашганмиз. Ижодкорлар менга бу воқеалар тизимининг ўз вазифаси бор, сиз ундан ҳеч хавотир олманг!” дейишди. Лекин барибир сериалнинг бирон ери менга маъқул бўлмаса, албатта фикримни айтаман.  “Номус”нинг биринчи қисмида она фарзандини топа олмайди ва боласининг ўлигини кўриб, ўзи ҳам нобуд бўлади. Ҳаётнинг шунча қийинчиликларига чидаган, қанча оғир  чиғириқлардан ўтган она фарзанди ўлимини кўтара олмайди. Энди “Йиғлаган қизлар” сериалида ҳам она ўғли фарзандли бўлиши учун оиласидан ажратиш ниятида келинини хиёнаткор қилиб кўрсатмоқчи бўлади. Тўғри мен режиссёрга шу саволни бердим. “Шу даражада ёмон одам бўлиши мумкинми?” деб сўрадим. Улар саволимга “Шунақа аёллар бор!” деб жавоб беришди. Мен балки билмасман. Баъзида муаллиф ва ижодкорларга ана шундай ён беришимизга тўғри келади. 

“КЕЛИННИНГ ЁШИ ҚАЙНОНАСИДАН КАТТАМИ? ЙЎҒ-Э!”

– “Алфонс” сериалидаги она ролингиз борасида тўхталадиган бўлсак, қаҳрамонингиз тутган йўлни мен оқлай олмайман. Ҳаётда бир 40 яшар уйланмаган йигит уч болали аёлга уйланди. Улар анча йилдан бери бирга яшаётганига, яна фарзандлар кўришганига қарамай, ҳалигача жанжал давом этяпти. Қайнона ўғли уйланган аёлни келини сифатида қабул қилмаяпти. Лекин сизнинг ижроийингиздаги она ўғлига ён босяпти...
– Афсуски, ҳаётда сериалдаги каби бойликка ўч ва шу ниятда кўп нарсадан кўз юмиб юборадиган аёллар бор! Бу билан оналар боласи пул топиб келса, сўраб-суриштирмай, уни чўнтагига ураверсин, демоқчи эмасман. Халқимиз содда, кўп нарсани тўғри қабул қилишади-да. Бундай оналарни кўрсатиб, сериал ижодкорлари “шу онага ўхшаган она бўлманглар!” демоқчи бўлишган. Тушуняпсизми? 
     Сериалдаги ўғлим Азаматнинг биринчи аёли онаси билан тенг, иккинчи уйланган аёлининг ёши ўз онасидан ҳам катта. Табиийки, Азамат бойиш учун у аёллардан фойдаланади. Ижодкорлар “шу онага ўхшаб бойлик орттириш йўлида фарзандингизнинг номақбул ишларига кўз юмманглар, вақтида олдини олинглар! Ўғлингиз пул топиб келса, индамай олаверманглар, суриштиринглар. Бундай ҳаром йўлларга юришмасин! Уларга шерик бўлманглар!” дея бонг уришган. 

“ЭЛДАН БУРУН “ЎЛГАН” ПЕРСОНАЖЛАР?”

– Сериаллардаги ижодий муҳит, қайси ҳолатлар сизни хафа қилади, қайси ҳолатлар сизни қувонтиради?
– Агар шу кунларда ишланаётган миллий сериалларимиз ҳақида умумий фикр билдирадиган бўлсам, мен битта нарсадан хафа бўламан. Агар сериалда қатнашаётган биронта актёр озгина ўзининг иши билан овора бўлиб қолса, бетобланиб қолса ёки қайси бир жойга саёҳатга кетадиган бўлиб қолса, уни дарров сериалда “ўлдириб” юборишади. Сериал ижодкорларининг энг катта хатоси шунда деб ўйлайман. Шу билан сериалдаги воқеалар ўзгариб кетади, маъноси-мантиғини йўқотади. Сериалга бошқа персонажлар киритилади. Буни кўриб, томошабинлар биздан норози бўлишади. Мени фикримча, чидаш, бояги актёрнинг қайтишини кутиш керак. Аслида ижодкорлар воқеалар тизими бузилмаслиги учун шундай қилишга мажбур, деб ўйлайман. Бу томошабин ишончини оқлаш учун ҳам керак, менимча. Ўша актёрга нима бўлганини сўраб-суриштириш керак. Олдинги режиссёрлар ўша актёрни кутган, бошқа одамни олишмаган. Шунинг учун ҳам аввал ишланган сериаллар анча салмоқли чиққан.
     Шунинг учун одамлар айрим миллий сериалларимизни кўргилари келмаяпти. Персонаж сериалнинг бошида бир гап айтса, кейинги қисмларида, ўз-ўзига қарши чиқяпти. Ҳатто қўшниларим, кулиб гапиришяпти-да. Кўпгина сериалларда бундай муаммолар борлиги бизни ранжитади. Ахир биз бунинг учун кучимизни, меҳримизни бериб ишлаймиз. 
– 2025 йил режалари ва мухлисларингизга тилакларингиз?
– Худо хоҳласа, 2025 йилда янги спектакль билан чиқаман. Яхши катта роль. Илоҳим юзларимиз ёруғ бўлсин, албатта, премьераларга таклиф қиламан. Яхши спектакль. Яна яхши сериалларда, яхши лойиҳаларда қатнашиш ниятим бор. 
    Режиссёрлар билан яхши режалар тузяпмиз, маслаҳатлар қиляпмиз. 
    Худо хоҳласа, боя таъкидлаб ўтганимдай, “Номус” сериали ижодкорлари яна янги сериал устида иш бошладилар. Дадахон Обидов бошчилигидаги ижодкорлар гуруҳи томонидан, Беҳзоджон Жониев режиссёрлигида ҳозирча “Она” деб номланаётган сериалда она ролини ижро этаман.
     Юртдошларимизга тилакларим энг биринчи ўринда ҳаммамизнинг оиламиз тинч бўлсин, фарзандларимиз соғ-саломат бўлиб, ўзларидан тиниб юришсин! Ҳар бир инсоннинг қалби поклансин!
    Ҳар бир юртдошларимизга Аллоҳим сабр-тоқатлар берсинки, ҳаммамиз яхши инсон бўлиб, бир ёқадан бош чиқарсак, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлади! Ҳаётимиз янада фаровон бўлишига тилакдошман!

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди. 
Манба: «Бекажон» газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот