УСТОЗИМ АСЛИДА ҲАЁТ...


Кўнгилга ташриф

МУНАВВАРА УСМОНОВА: “УСТОЗИМ АСЛИДА ҲАЁТ...”

   Таниқли ижодкор, ҳассос шоира Мунаввара Усмонова мана бир неча йилдирки, “Саодат” журналининг бош муҳаррири сифатида фаолият юритиб келмоқда. Бунгача у жуда кўп жойларда раҳбарлик лавозимларида ишлаган ва ижодини давом эттирган. 
   У Андижон вилоятининг Марҳамат туманида кадрлар бўлими инспекторидан тортиб, ҳоким ўринбосари лавозимларида ишлаган. Қатор ўқув масканларида директор ва директор ўринбосари вазифаларида фаолият юритган. 
    2008 – 2010 йилларда "Саодат" журнали адабий бўлим муҳаррири,    2010-2018 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабий маслаҳатчиси ва “Саодат” журналининг адабий бўлимида муҳаррирлик қилган. 
    2018 йилнинг Май ойидан эътиборан “Саодат” журнали Бош муҳаррири вазифасида фаолият юритиб келмоқда.
    Мунаввара Усмонованинг “Дийдор”, “Сизга ўхшасин”, “Соғинч манзили”, “Юрагимдасан, Ватан”, “Бундай элни қайдан топасан”, “Керагимсиз” каби шеърий ҳамда “Ватан − улуғ дарсхона” номли публицистик мақолалар тўпламлари нашр қилинган.
   Шоиранинг кўплаб шеърлари қўшиққа айланган. Бир қанча асарлари озарбайжон, немис, тожик, рус ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. 
     Мунаввара Усмонова 2013 йили “Шуҳрат” медали, 2022 йилда  "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони билан тақдирланган.
      Бу йил таниқли ижодкоримиз бир йўла иккита олтин тўйни нишонлайди. 
    2025 йилда аёлларимизнинг севимли журнали “Саодат” ташкил қилинганига юз йил тўлади ва ҳассос шоирамиз қутлуғ ёшни қаршилайдилар.
    Шу муносабат билан биз “Саодат” журнали ҳамда шоиранинг қутлуғ саналар остонасида кўнглидан қандай кечмишлар ўтаётгани ҳақида суҳбатлашдик. 

“ГЎЗАЛ КУНЛАР КЕЛИШИНИ КУТМА, УНГА САРИ ОДИМЛА!”

– Ҳар йили янги йил киргач, нималар ҳақида ўйлайсиз? Қандай режалар тузасиз? Режаларингиз амалга ошадими?

– Ассалому алайкум! Суҳбатга чорлаганингиз учун раҳмат. Кириб келган янги йилимиз қутлуғ, баракали йил бўлсин.
     Ҳар йили янги йилни оила даврасида кутиб оламиз. Янги йилнинг илк куни тонгда Андижонга йўлга отланаман, онамнинг зиёратига бораман. Яқинларимиз билан дийдорлашиб волидамнинг дуоси билан куч-қувват олиб қайтаман. 
   Жалолиддин Румий ҳикматлари ҳаётий шиоримга айланган.“Гўзал кунлар келишини кутма. Унга томон бормоғингни унутма”, деганларидек яна заҳматлар орасига ўзимни ураман. Ижодда, жамиятда, оилавий ҳаётда ҳам давр нафасини ҳис этиш учун бедор ва беҳаловат яшамоқ зарур, деб ўйлайман. Яна бир ёшга улғайиб соғу саломат яшаш имконини берган Раббимга шукрона айтиб одимлайвераман. 

– Бу йил иккита олтин тўйларни нишонлар экансиз. Сиз учун қўшалоқ байрам. Сиз эслаб қолган ҳаётингиздаги энг муҳим нарса нима эканини билдингизми ва уни топгандаймисиз?

– Ҳаёт мен учун эриб тугаётган шам эмас. У менинг қўлимга бир лаҳзага берилган ва мен уни келажак авлодга тутқизишдан олдин мумкин қадар ёруғроқ аланга олдиришга мажбур этишим керак бўлган аллақандай ажиб машъалдир, деган экан бир алломаи замон.
     Отам эккан ниҳолларнинг мевасини болам еди. Бундан кўриниб турибдики, авлоду аждодларимизнинг меҳнати, қудрати вужудимизда яшайди. Ўз-ўзидан равшанки келажак авлод ҳам ўз навбатида бизнинг меҳнатимиз, бизнинг кучимиз ва бизнинг ақлимиздан наф олиб яшамоғи керак. Биз ўзимиздан боғ қолдиришимиз, яхши ном қолдиришимиз зарур.
     Кўз очган ҳар бир тонгда омонлигим учун шукур айтаман. Буни ўз ҳаётимнинг ибтидоси деб биламан, ҳар оқшом қуёш ботишида менинг кўнглимга ҳам шом чўкади, бу тун ҳаётимнинг  интиҳоси  бўлиши мумкин, деб маҳзун ҳолатга тушаман. Бу ҳаётда топганларим ҳам, йўқотганларим ҳам бор.  Аммо йўқотганга афсусланиб, қийинчиликлардан нолиб яшаш бу менинг йўлим эмас. Яшаб ўтилган ҳаёт йиллар билан эмас, балки ўзидан қолдирган эзгу амаллар билан ўлчанади. Ана шу ҳаракат билан яшайман асли.

– Йиллар одамни нечоғлик ўзгартиради? Масалан, 30-40 ёшингизда нимани орзу қилган эдингиз? Ҳозирги орзуларингиз қандай? Улар нимаси билан фарқ қилади?

– Румий ҳазратларида: “Минг йил ўқисаму, мендан “нимани билдинг”, деб сўрасалар, “ҳаддимни билдим” дейман”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Ёшлик пайтимда  суратимни безашни орзу қилардим, бугун эса бошқача, сийратимни сайқаллашни мақсад қилиб яшаяпман. Авваллари одамларнинг хатоси кўпроқ кўринарди. Энди эса ўз қусурларим ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим. Демак, донишмандлик фаслига кириб бораяпман. Бугуннинг орзуси ҳам, армони ҳам шунга яраша...

“ЮРАГИМДА БИР БУЮК ИШҚ БОР!”


– Инсон ҳаётида оқ ва қора кунлар бўлади. Ҳаётингиздаги “энг оғир кунлар” деб қайси кунларни айта оласиз? Уларда қандайдир ҳикмат борлигини англаганмисиз?

– Келинг, мана шу саволга “Бахтлиман”, деб номланган шеъримдан мисол келтира қоламан.

Бахтлиман дейману, гарчи бу кунга,
Етмоқлик  мен учун кечмади осон.
Гоҳ гулдек яшнадим, гоҳи ўтинга,
Айланиб қирқ жоним қилганман қурбон.

Не-не мушкулотлар кўрди бу бошим,
Дардларим аллага қўшиб айтганман.
Ҳаётдан ҳориган  онда йўлдошим,
Рўзғорнинг юкини бирга тортганман.

Бирни бирга улаб етказмоқ сирин,
Онамдан ўргандим, ўргатди йиллар.
Билмадим, яна не илми яширин,
Гоҳ сийлаб, гоҳ дилим қонатди йиллар.

Ижара балоси, хароб кулбалар,
Товоним тешилган йўлакчасида.
Ўйласам аламим қўшилиб йиғлар,
Қизчам ечиб берган зиракчасида.

Бахтга етиш қийин, унга етгунча,
Қоқилдим эҳтимол, етмиш минг бора.
Кўзимга мўлтираб бола ёшида,
Қозон қучоқлади қизим бечора...

– Сиз машҳур шоира ва намунали уй бекасисиз. Иккисини бирдай олиб бориш қийин бўлгандир? Шоира, журналист, ёзувчи сифатида китобхон назарига тушиш учун қандай излангансиз? Бунинг учун истеъдоднинг ўзи етарли, деб ўйлайсизми?

– Менинг назаримда истеъдод бошқа, ҳаёт бошқа. Мингга бўлиниб яшайман. Оилам катта. Ўн нафар набиранинг бувиси бўлиш ҳам бахт, ҳам ширин ташвиш. Айни пайтда муҳтарама онам учун фарзандман. Тўқсон ёшни қарши олаётган жаннатим ҳолидан тез-тез хабар олишим, корига ярашим керак. Умр йўлдошим Тўлқин ака билан ҳаёт қурганимизга бу йил қирқ йил тўлади. Ҳар ишда елкадош бўлдик. Бошқа соҳа одами, аммо китобга, адабиётга кўнгли ошуфта инсон. Ҳамиша ёнма-ёнмиз. Гулни яхши кўраман. Мўъжазгина боғимиз, гулзоримиз бор. Ҳориган пайтим боғ оралайман, набираларимни ёнимга олиб гулларни парвариш қиламан. Буларнинг ҳаммаси кучимга куч қўшади. Ҳаёлимда қўлимдаги қаламимдан ҳам райҳон иси келади. Ҳаётни яхши кўрган одам ундан  гўзаллик қидиради-да. Менинг ҳам юрагимда бир буюк ИШҚ бор...  

“...ФАҚАТ РАЗИЛЛИККА ТОҚАТ ҚИЛОЛМАЙМАН!”

– Танқидга муносабатингиз қандай? “Танқид келажакнинг меваси” эканига ишонасизми? Бугунги кунда танқидчиларга ҳасадгўйлар, деб қараляпти. Сиз бунга нима дейсиз?

– Танқидни тўғри тушунаман. Фақат ўша танқид ҳам тўғри бўлса... Танқид ҳақиқатнинг дояси бўлмоғи керак. Танқидсиз одам (айниқса ижодкор) ўз-ўзини англаши қийин. Иллатнинг сабабини топиш, унга тўғри даво чораларини қўллаш билан истеъдоднинг ҳам умри боқий бўлади. Мен ҳар синовга чидашим, ўзимга сингдиришим, сабр билан саодатни топишга интилишим мумкин, фақат разилликка тоқат қилолмайман.

– Шеър қандай туғилади? Тўқиб ёзилган шеър билан илоҳий туғилган шеърнинг фарқи нимада? Ижод ҳаёт ва кайфият билан уйғун ҳолда бўладими? 

– Шоирлик – қисмат, бу унвон эмас. Шеър эса кўнгил мулкидир. Устоз Эркин Воҳидов айтганидек: “Шоир ўзи ёнмаса, бошқаларни ёндиролмайди, қалб ҳисларида оташ бўлмаса, бошқа қалбларга ҳарорат беролмайди. Бу сеҳрли оташсиз ҳар қандай шеърий жимжималардан, бадиий воситалардан, маҳоратдан наф йўқ!”  
    Истеъдод ва қобилият, ижод заҳмати, шеърият ва ҳаёт ҳақида ҳар бир ижодкорнинг ўз нуқтаи назари бўлади. Тўқилгани эмас, юракдан тўкилгани асл шеър бўлади. Шоирлик мен учун дард, туғён, шу Ватаннинг бир парчасига айланмоқ, тунларни тонгларга улаб сочмоқ дегани...  

– Аслида шоираларнинг тақдири ўтмишда ҳам яхши бўлмаган. Сильвия Платт исмли инглиз шоираси икки фарзандини ташлаб, эри хиёнатига чидай олмай, ўз жонига қасд қилган. Ўшанда катта қизи 5 яшар, кичик ўғли бир яшар бўлган. Эркакларнинг хиёнат қилишига қандай қарайсиз? У фақат эри хиёнат қилгани учун эмас, етишмовчилик, рўзғор юмушлари уни эзиб юборган. Ҳам шоира, ҳам ўзбек аёли сифатида бундай ҳолатга қандай фикр билдирасиз?

– Халқимизда хиёнатли уйдан файз қочади, деган қараш бор. Бу сўзни эшитиш илгари одамлар учун уят саналган. Оила шаънини асраш учун эркак ҳам, аёл ҳам тўғри йўлдан юришга ҳаракат қилган. Бугунги кунга келиб эса... Афсуски орамизда хиёнат сабаб ажрашаётган ва бундан заррача уялмаётган ота-оналар бор. Хўш, бунга сабаб нимада?
      Назаримда аёлнинг умр йўлларидаги йўлдошининг қувонч-ташвишларига елка тутиши, фарзандларининг бахту-камоли учун жон фидо бўлиши унинг  жамиятда ҳам ўрин топиши учун имкон беради. Агар мени оилада умр йўлдошим қўллаб-қувватламаганида эҳтимол, бугунги ютуқларим ўзимники бўлмасмиди?! Эр-хотин икки ёрти бир бутун дегани. Хиёнат қачон содир бўлади, қачонки, аёл умр йўлдошини ўзидан, уйидан, оиласидан бездирсагина. Қолаверса, танганинг иккинчи томони ҳам борки, эркак рўзғорининг камини тўлдиришга ожизлик қилса, зиммасидаги вазифани уддалай олмаса, аёли ва фарзандларига муносиб ота бўлолмаса, ўша оила жаҳолат томон кетаётгани кундай равшан. Бу масала эса жиддий, албатта... 

“СИБИРГА СУРГУН ҚИЛИНГАН МУҲАРРИРЛАР БОР!”

–  “Саодат” журналида бош муҳаррир бўлиб ишлаётганингизга ҳам ўн йилдан ошиб қолди. Илгари ҳам турли ташкилотларда раҳбар лавозимларда ишлагансиз. Хусусан, Андижондаги Марҳамат туманида ҳоким ўринбосари вазифасида фаолият юритгансиз. Босма нашрлар қийин даврларни бошдан кечираётган даврда юз ёш билан юзлашаётган журналда ишлаш қийинчиликлар туғдирмаяптими? Журналнинг юз йиллигига режалар қандай? 

– "Саодат" журнали яхши инсонлар, истеъдодли ижодкорлардан бизга қолган бебаҳо мерос. Мен шу журналда журнал таъсис этилгандан буён ўн учинчи бош муҳаррир ҳисобланаман. Журналимиз бир асрлик – юз йиллик йўлни босиб ўтди! Бир қараганда, оддийгина қоғоз, оддий журналдек кўриниши мумкин, лекин залворли йўллардан дадил қадам ташлаганча, шунча йил яшади ва яшаб келмоқда. Мана шу журналда бош муҳаррир бўлганлар орасида Сибирга сургун қилинганлари бор, жонига озор берилиб, қанчадан қанча қийноқларга дучор қилинганлари бор, жадидлар қаторига киритиб, қатл қилинган қанчадан-қанча онахонларимиз бўлган. Мана ШУНДАЙ ҚИСМАТГА УЧРАГАН АЁЛЛАР ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан журналимиз. Журналда ишлаган масъул ходимлар, хусусан, бош муҳаррирларга кўплаб тазйиқлар ўтказилган, бошига оғир кунлар тушган. Уруш даврида журнал бир муддат чиқмаган, фаолияти вақтинча тўхтаб қолган. Зулфияхоним умрининг энг гуллаган даврини журнал орқали хотин-қизларимиз эрки, ҳақ-ҳуқуқи учун курашга, истеъдодларни кашф қилишга бағишлаган. Ўзбекистон халқ шоирлари – Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева сингари устозларимизнинг муҳташам йўлини биз давом эттираётганимиз учун шукрона келтираман.
     Журналнинг қиёфасини замонавийлаштираяпмиз. Аммо кўп ҳам ўзгартиришга бироз ҳадик аралаш истиҳола қиламиз, сабаби ўқувчиларимиз, ёши улуғ опа-сингилларимиз, онахонларимиздан иборат бўлганлиги учун асл қиёфаси, руҳиятини сақлаб қолишга интиламиз. Журналимизнинг ютуқли жиҳатларидан яна бир тарафи, у бугунги кунда дунёга юз тутмоқда, жаҳондаги бошқа мамлакатларнинг матбуот вакиллари бир асрдан буён чиқаётган хотин-қизлар журнали фаолиятидан воқиф бўлишаяпти. Бугунги кунда, техника асрида ўқувчилар янгиликларни кўпроқ интернетдан излашини инобатга олиб, журналнинг электрон нусхаси ва расмий веб сайтини ишга туширганмиз. Журналимиз Фейсбук, телеграм каби ижтимоий тармоқларда ҳам ўз саҳифаларига эга. Хуллас, ўқувчиларимизга журналимизни электрон тарзда ҳам етказаяпмиз. Замон билан ҳамнафасмиз.
      Кўпчиликка маъқул ва манзур бўлаётган рукнларимиздан: "Жаннатим – Онам", "Бугуннинг нафаси", "Давр ва аёл", "Олисдаги яқинимиз", "Ёшлар – бизнинг келажагимиз", "Аёл ва сиёсат", "Ростон буви ўгитлари". Бу рукнлар "Саодат" журналининг ташриф қоғозига айланган ва ўйлайманки, бу рукнда эълон қилинаётган мақолалар барчага ёқаяпти. Ўқувчиларимиз кўп, бизни йўқлайдиган, бизни кутадиганларимиз бор. Бизга шуниси шарафлики, бу момоларимиз, оналаримиз ўқиган журнал. Эртага фарзандларимизга, келажак авлодга сайқалланган, аммо бус-бутунлигича етказиб беришга биз масъулмиз. Шунинг учун ҳам бу ишларга елка тутиб, суянчиқ бўлаяпмиз. Оллоҳим йўлларимизни мунаввар қилсин, саодатли кунларимиз кўп бўлсин.
    "Саодат" журналимиз 2025 йилда роппа-роса 100 ёшга киради. Журнал минг йиллар давомида яшашини хоҳлардим ва бунга камарбастамиз.

“ОДАМ 100 ЁШГА КИРАМАН, ДЕБ КАФОЛАТ БЕРОЛМАЙДИ!”

– Узоқ умр кўришнинг сири нимада деб ўйлайсиз? Онажонингиз ҳақида икки оғиз гапириб ўтсангиз.

– Аслида умр, қисмат, тақдир Оллоҳдан. Бу илоҳий неъмат. Инсон қанчадир умр кўришни орзу қилиши, шунга интилиши мумкин. Аммо неча йил умр кўриши, қанча ёшга кириши ўзига боғлиқмас. Ҳеч ким ўз-ўзига умр қўша олмайди ё 80-90-100 га кираман, деб кафолат беролмайди. Буни кўпчилигимиз биламиз. Оллоҳдан умр сўраб яшашни ўзимизга неъмат, деб биламиз. 
      Лекин шунинг баробарида, тақдирни дуо ва яхшилик, хусусан, кимларгадир қилган савоб ва эзгу амалларингиз ўзгартиради, дейишади. Менинг ОНАМ мана шундай инсонлар тоифасига киради. Ҳаммага қўлидан келганча яхшилик қилади, ҳеч кимдан қўлидан келган ёрдамини аямайдиган ИНСОН! Биринчидан, жуда ҳам дарёдил, феъли кенг аёл. Биз – 12 фарзандни дунёга келтириб, боқиб, вояга етказиб тарбиялаган, ўнлаб невара, чевара, эвара дегандек катта авлоднинг боши бўлиб турибдилар. 
     Келаётган йил 90 ёшга қадам қўядилар. Онамга қараб туриб айтаманки, Онам каби дил, феъл, онамники сингари умр беришини ўзимга ҳам, бошқаларга ҳам тилардим. Онамнинг бошидан қанча синовлар, қийинчиликлар, йўқчилик, очарчилик, тўқчилик ўтган. Онам буларнинг барини енгиб ўтиб, яна бизга ғамхўрлик қилиб, биз қийинчилик кўрмай улғайишимиз учун ўзини фидо қилган ҳазрати ИНСОН ОНАМ! Онам нафақат бугуни, эртасини ҳам ўйлаб, фарзандлари учун қайғуриб яшайдиган аёл. Шу сабабли ҳам умрлари узоқ бўлса керак. Илоҳим, юз ёшдан ошсинлар. Ўнта келин олган қайнонанинг кўнглида бирорта келинига нисбатан нописандлик йўқ. Онам келинларини қизидек қабул қилганлар ва келинлар ҳам Онамни ўз онасидек кўришади. Ҳаммамизга Онамнинг йўлини берсин.

“ОРАСТА БЎЛИШ УЧУН ҚИММАТ ЛИБОС КИЙИШ ШАРТ ЭМАС!”

– Сиз доим ораста, тартибли, ўзингизга ярашиб турадиган либосларни киясиз. Ўзингизга беэътибор эмассиз. Қандай қилиб ҳаммасига улгурасиз? Нимадан куч оласиз? Кўпинча ўзбек аёллари ёши улғайгач, ўзларига қарамай қўйишади. Руҳиятларида “ҳаётим поёнига етяпти” деган тушкунлик ҳам бўлади. Аммо сиз, кўз тегмасин, ҳамиша бардамсиз, чақнаб турасиз. Шунинг учун ҳам ёш кўринасиз. Юқоридаги каби тушкунликка тушиб қоладиган аёлларга нима деган бўлардингиз?

– Саволингиздан юрагим бироз жиз этди. Сабаби – ўзимни ҳали табаррук ёшга етган, деб ҳисобламайман. Энди 60 ёшни қаршилайман. Ҳали ёшмиз, ғайрат ва шижоатимиз бор. Худо хоҳласа, Оллоҳдан умр сўраймиз. Энди фикрларнинг қаймоғи ажралиб, яхши ижод қиламиз. Болаларимиз катта бўлишди. Фарзандларимиз улғайиб, ўзидан тиниб-тинчиган пайтда бемалол ижодга шўнғиб, ўйлаган асарларимизни энди ёзамиз, дейдиган ёшдамиз.
     Орасталик инсоннинг ўзига, оиладаги муҳити ва тарбиясига боғлиқ. Аёл ораста бўлиши учун қимматбаҳо либос олиб кийиши шартмас. Оддий, ўзига ярашган матодан либос кийиб ҳам ораста кўриниши мумкин. Ўзим ёшлигимдан катта чевар бўлганман. 
    Бувинисо чеварнинг невараси бўлганим учун бу қондан ўтган. Устазодалик деб қўямиз-ку. Бир пайтлар пардалар, келинлар учун сарполар, келинлик либослари тикканман.  Бугунги кунда тикувчилик билан шуғулланишга бироз вақтим йўқ, лекин куни кеча оила даврасида ўтирганимизда умр йўлдошим болаларимиз ва невараларимиз билан бирга бўлганимизда: "Менга бир тикув машинаси керак. Одамни хумори тутганда, ишдан ҳориб чарчаганда, либос тиксам ёки набираларим эгнига кийим тикиб, кийдирсам, чарчоқларим ёзилиб, кўнглим тин олади, улар қувончидан кўнглим кўтарилади", деган гапни айтиб ўтдим. Худо хоҳласа, шу ниятим амалга ошса, энг аввало, ОНАЖОНИМГА, кейин набираларимга ўзларининг ўлчамига ва ёшига мос либослар тикмоқчиман. Ўзим ҳам дўконлардан ўзимга ярашадиган, кўнглимга ёқадиган либосларни топа олмагач, кийимларимни ўзим тикканман. Кийимларимнинг дизайни, бичими, ўлчовини ўзим танлаб, ўзим тикканман. Сиз айтгандек, либосларимнинг ўзимга ярашишининг сабаби ҳам шунда бўлса керак. Онамдаги феъли кенглик менга ҳам ўтган. Қалбимизда ҳасад йўқ, фақат ҳавас бор.  Ҳавас билан яшаган одамнинг, менимча, ҳамиша юзларида нур балқиса керак.  Оллоҳим ҳаммамизнинг юзларимизга нур берсин. Икки дунё саодатини насиб айласин ва Сизларга ҳам шуни тилайман.

– Она, қайнона сифатида бекаларимизга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

– Афлотундан сўрадилар: - Дунёда ҳамма нарсадан юқори ҳисобланган ва ҳеч қачон вайрон бўлмайдиган нарса нима? 
     Афлотун жавоб берди: - Меҳр ҳамма нарсадан устун ҳисобланади. Қадр-қиммат ила бунёд бўлган адл бино ҳеч қачон вайрон бўлмайди. 
    Инсон меҳри билан борлиқни яшнатади, меҳр билан фарзандлар улғайтиради, яқинларининг қадрига етиб яшашни улуғлайди, ота-она ғаниматлигини, уларни ўз вақтида қадрлаш лозимлигини англайди. Меҳр-оқибат, қадр-қиммат инсонийликнинг улуғ фазилатларидан саналади. Ушбу фазилатлар инсоннинг одамийлигини акс эттиради. 
     Оналаримиз, қайноналаримиз ва келинларимизга айтмоқларим – оила муқаддас. Оилани муқаддас билмаганлар учун ҳаётда муқаддас нарсанинг ўзи бўлмайди. Демак, бахт бирламчи бўлса, аёл унинг бошқарувчисидир. Оила мустаҳкам бўлса, жамият барқарор бўлади. Оиланинг фаровонлиги жамиятнинг мустаҳкамлигини таъминлайди. Оилада маънавий муҳит соғлом бўлса, ютуқлар бардавом бўлади!

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: «БЕКАЖОН» газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот