“ОДАМЛАР НУРГА АЙЛАНИБ КЕТАДИЛАР!”


Нигина Ниёз:  
“ОДАМЛАР НУРГА АЙЛАНИБ КЕТАДИЛАР!”

– Отангиз Ҳусан ака адабиётни ва СИЗни ғоятда қадрлардилар. Жойлари Жаннатда бўлсин! СИЗнинг адабиётга, хаёлот ва ғайб оламига қизиқишингизга ҳам айнан Отангиз сабабчи бўлсалар керак ва СИЗ билан доим фахрланардилар. Отангиз билан боғлиқ хотираларни сўзлаб берсангиз.
– Раҳмат. Чиндан ҳам отам Ҳусанжон Ҳомиджон ўғли санъат ихлосманди эдилар. Жуда кўп китоб ўқиганлар.
   Илмли, зиёли одамларни қаттиқ ҳурмат қилар эдилар. Бизга ҳам шундай тарбия берганлар. Айтишларича, она тили ва адабиёт фанидан доим аъло баҳо олган эканлар. 
   Аввало, боланинг ўзида бўлиши керак. Ота-она боланинг истеъдоди камол топишига ёрдам бериши керак, деб ўйлайман. 
   Болалигимдан шеър ёдлашни яхши кўрардим. Ота-онам менга шеърий китоблар олиб берар ва ёдлатар эдилар. Ёдимда, онам менга “Қоплон терисини ёпинган паҳлавон” номи билан чиққан афсоналарни ўқиб берар эдилар. 
    Мактабда-ёқ қораламалар қилишни бошлаганман. Шунда дадам: “Ундай қилиб ёз, бундай қилиб ёз”, – деб билганларича ўргатар эдилар. Баъзида ёзиб ҳам берардилар. Аммо дадамнинг ёзганлари менга жуда жўн туюларди. Шунда уларга буни тушунтиришга уринар ва ўзим қайтадан ёзар эдим. 
    Дадам мени ҳамиша қўллаб-қувватлаганлар ва энг муҳими, менга ишонганлар. Иш сафари билан Санкт-Петербургга борганларида, менга рус адабиёти ва танқидчилигига оид энг янги китобларни олиб келган эдилар. 
    Ҳар доим нимадандир хафа бўлсам, доим юпатар ва чекинмасликни маслаҳат берардилар. 
  Китобларда, киноларда ёзилган ёки айтиладиган чиройли ибораларни ёзиб боришни дадам маслаҳат берган эдилар. Мен ҳалигача бу одатни тарк этмаганман. Қандай китоб ўқиётганимдан қатъи назар, мен уни қўлимда ручка ва бир парча қоғоз билан ўқийман ва чиройли ибораларни белгилаб қўяман. Қарангки, дадам мен билан бирга адабиётшуносларнинг уйига борар ва мен билан бирга уларнинг ўгитларини тинглар эдилар. Улардан: “Қизимдан бир нима чиқадими?”, – деб сўрар эдилар.
   Отам ҳам, онам ҳам менга, мендаги қобилиятга етарли даражада эътибор қилишган. Уни ривожлантириш учун имконият яратиб беришган. 
   Энг биринчи, навбатда ота-она фарзанди билан шуғулланса, унинг қизиқишларини қўллаб-қувватласагина, ундан нимадир чиқади. У ҳаётда муваффақиятларга эришади, деб ўйлайман. Лекин бугунги кунда ота-оналар бундай нарсаларга камроқ эътибор қаратишяпти.   
– СИЗ мистика йўналишини асарларингизда моҳирона ёритасиз ва ўқувчи ҳам ўша ҳолатларни ўз кўзи билан кўргандек ҳис этади. Ғайб олами ҳақида қандай тасаввурдасиз? Умуман келгусида қачондир инсон қариш жараёнини тўхтатиши ва абадий яшашига ишонасизми?
– Ғайб олами мавжудлигига ишонаман. Шунингдек, биз билан ёндош оламлар борлигига ва у ерда ҳам биз каби одамлар яшашига ишонаман.
    Кунларнинг бирида москвалик сураткашлар тунда кимсасиз кўчани суратга олмоқчи бўлишган. Бунинг учун одамлар оқими тинишини кутишган. Ва улар чиндан ҳам кимсасиз, бўм-бўш кўчани суратга олишган. Аммо сурат чиқарилганида унда у ёқдан бу ёққа юриб кетаётган одамлар тасвири тушиб қолган. 
    Физик олимларнинг фикрича, ёндош оламлар бор. Фақат биз уларни кўра олмаймиз. Уларни ўта сезгир фототасмалар ёрдамидагина илғаш мумкин. 
    Балки бу воқеа сизнинг ҳам ёдингиздадир, бир куни “Сирли олам” таҳририятига бир-иккита талаба йигитлар қўлларида сурат билан кириб келишди. Уларнинг айтишича, йигитлар иккита дугонани суратга олишган. Суратда эса, мавсумга мос бўлмаган, пальто кийиб, рўмол ўраган бир бегона аёл тушиб қолган. Воқеа ёз ойларида юз берган. Қизлар суратга тушаётган пайтда атрофда ҳеч ким бўлмаган. Аёл кадрга қарамаган, унда ҳайронлик аломатлари ҳам йўқ. Жуда ҳам ноёб ҳолат. Бугунги кунда Ютубда ғойибдан пайдо бўлиб қолган, машиналар, одамлар, эрамиздан аввал яшаб ўтган жониворлар тушиб қолган видеолавҳаларни истаганча топиш мумкин. Лекин фан ҳали буни исботлай олганича йўқ. Инсоннинг абадий яшашига келадиган бўлсак, моддий оламда бунинг имкони бўлмаса керак. Лекин руҳимиз абадий эканига ишонаман. 
    Балки кексаликни олдини олиш мумкин бўлар, лекин абадий шу танада яшаб қолишнинг имкони йўқ, деб ўйлайман. 
    Олимлар каламушлар устида бир тажриба қилиб кўришган. Одамда ҳам, жониворларда ҳам кексаликни ишга туширадиган ирсий ҳужайралар бор экан. Аслида, инсон боқий қилиб яратилган экан. Чунки, ҳар ўн йилда танамиздаги ҳамма тўқима-лар янгиланиб турар экан. Ички аъзоларимиздан тортиб, юз териси, мушакларимиз, ҳаммаси янгиланади. Бир еримиз кесилса, у битиб кетади, тўғрими? Шу сингари танамиз ҳам ўз-ўзини тиклай олади. Хуллас, олимлар каламушлардаги кексаликни ишга туширадиган РР ҳужайрасини “боғлаб” қўйишган ва улар кексайишмаган. Демак, одамларнинг танасида ҳам шундай ҳужайра бор ва вақт ўтиб, у ишга тушади. Унинг таъсирида инсон танасида ортга қайтариб бўлмайдиган кексайиш жараёни бошланади. Қарангки, денгиз ва океан тубида умуман кексаймайдиган мавжудотлар бор экан. Улар йил ўтгани сайин кучайиб, бақувватлашиб боравераркан. 
  Умуман олганда, ердаги ҳаёт сир-синоатларга тўла. Унинг тубига етиб бўлмайди. Бир пайтлар Циолковский инсон зоти ҳамиша шаклланиб, камол топиб боради ва охир-оқибат нурга айланиб кетади, деган. Мен бу фикрга қўшиламан.  
– Фантастика соҳасини келгусидаги воқеаларни илмий фараз қилиш деб ҳам аташ мумкин. Бугунги кунда сунъий интеллект ўзимизда ҳам ўта тезкорлик билан ривожланаяпти ва ундан интернет фойдаланувчилари самарали фойдаланишаяпти. Аммо кимдир унинг тарафдори бўлса, яна айримлар қоралаяпти. Аслида, АҚШда бундан 70 йиллар илгари бу мавзуларда ҳам асарлар ёзил-ган, фильмлар ишланган. Гўёки сунъий интеллект инсониятга қарши уруш очади, қирғин солади. Сунъий интеллектни инсон яратади ва уни назорат ҳам қила олмайдими? Сунъий интеллектнинг афзаллик ва зарар томонлари борасида нима дея оласиз?
– Илгарилари роботларни – улар машина холос, ҳеч қачон одамга айлана олмайди, деб ўйлардим. Менга роботларда инсонга хос туйғуларнинг пайдо бўлиши, уларнинг севиб қолиши ва одамларга ўхшаб изтироб чекиши мавзулари жуда ёқарди. Бугун эса... ҳозирги одамдан жуда кам фарқ қиладиган роботларни кўриб, саросимага тушиб қоляпман.
    Тузилиши, ҳаракатлари, нигоҳларида фарқ жуда кам. Аммо, масалан, автомат кир ювиш машиналарини оладиган бўлсак, улар ҳам робот, аслида. Лекин одамга айлана олмайди. Масалан, охирги русумдаги компьютерларни оладиган бўлсак, улар ҳам робот. Аммо одам эмас. 
    Шифокорларнинг бир фикри бор. Инсон физиологиясини улар ҳалигача том маънода охиригача ўргана олмаганлар. Инсон мияси яна бир синоат. Шу боис шифокорлар “одам қўли билан ясалган асбобларни тузатса бўлади, лекин Аллоҳ яратган инсон организмини, баъзан биз даволай олмаймиз. Чунки, биз уни яратмаганмиз. Яратилган нарсани ўрганишга ҳаракат қиляпмиз, холос. Шу боис хатоликлар қиламиз, баъзан касалликларни тузатолмай қоламиз”, дейишади. Инсон организми ҳали юз фоиз ўрганилган эмас. Шунинг учун баъзида шифокорлар танг аҳволда қолишади. Аллоҳнинг яратгани шу даражада мукаммал. Инсон ўша даражагача ета олади, деб ўйламайман. Сунъий тафаккур ҳеч қачон одамга айлана олмайди. У издан чиқиши, бузилиши мумкин. Баъзан, одам ўз-ўзига душманлик қилаётганини билмай қолади. Масалан, ядро қуролини олайлик. 
   АҚШдаги, Россиядаги ядровий қуроллар бошқаруви ишдан чиқса нима бўлишини тасаввур қила оласизми? Бу одам ўз-ўзига қарши уруш очгани бўлади. Бунга ҳеч қандай роботларнинг, сунъий тафаккур-нинг алоқаси йўқ. Шу сингари роботларнинг ишдан чиқиши худди шунга ўхшаган ҳолат бўлади. Уларга қандайдир дастур юкланган бўлсагина, улар ишлайди. Шу дастур асосида ҳаракат қилади. Инсон каби мустақил фикр юритиш ва қарор қабул қила олмайдилар, деб ўйлайман. 
   Роботларнинг яхши томони, улар инсон меҳнатини енгиллаштиради. Масалан, ёнғин ичига кириш роботлар учун хавфсизроқ. Уран рудаси конларида ишлаш ва шу каби инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган жойларда роботлардан фойдалансак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Лекин уларни ҳамма жабҳага олиб кириш тўғри бўлмайди. Шундай бўлган тақдирда ишсизлик авж олади. Ишсизлик бўлган жойда ўғрилик, жиноят ҳам урчиб кетади-да.
     Одам оиласини боқиши учун қандайдир меҳнат тури билан шуғулланиши керак. Бу нафақат, пул топиш, балки шахс сифатида шаклланиши учун ҳам керак.
  Менимча, ўша сунъий тафаккур устида ишлаётган олимлар бўладими, уларни буюртма қилувчи миллиардерларми, ўйлаб иш қилишади. Улар ҳам одам, уларнинг ҳам фарзандлари, давомчилари бор. Шу билан бирга, агар иш ўринларини роботлар эгалласа, одам ўзи учун ундан-да, мураккаброқ юмушларни топади ва ҳаётимиз буткул бошқача бўлади, деб ўйлайман. 
    Бу ёғи энди, хаёлот олами, фантастика! Одамлар инсон яшаши мумкин бўлган сайёраларни забт этадилар ва худди бошқа давлатларга саёҳатга боргандай, Коинот сафарига отланадилар! Ва, балки нурга айланиб кетарлар...

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
Манба: «Ижод чашмаси» журнали, 
2024 йил № 6-сони.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот