“ШЎРДАНАК”НИНГ ЎЗИ ШЎР, МАҒЗИ ШИРИН!
ЭРКИН ЖЎЛЛИЕВ: “ШЎРДАНАК”НИНГ ЎЗИ ШЎР, МАҒЗИ ШИРИН!”
Бу актёрни ҳаётда кўрмаган одам, уни бир 60-70ларга кириб қўйган отахон, деб ўйлайди. Баъзида халқ хизматларига борганида онахонлар унинг ёш йигит эканига ишонмай, ушлаб ҳам кўришар экан.
Мана “Шўрданак” кўрсатувининг ташкил бўлганига ҳам яқинда 20 йил бўлади. Шу билан бирга бугунги кунда “Шўрданак”нинг издоши бўлган “Шакарханда” ҳам ўз мухлисларини топиб улгурди.
Биз истеъдодли комик актёр, ҳажвчи сўз устаси Эркин Жўллиев билан санъатга кириб келиши, “Шўрданак”нинг қандай ташкил қилинганлиги, бугунги кундаги ижодий ишлари ва оиласи ҳақида суҳбатлашдик.
“МОМОМ МЕНИ ТАНИМАЙ, ҲОЛ-АҲВОЛ СЎРАШАР ЭДИЛАР!”
– Мактабда ҳам қизиқчи, тўполончи бола бўлганмисиз?
– Мактабда тўполончи бўлмаганман. Аъло баҳоларга ўқиганман, деб бемалол айта оламан. Лекин қизиқчилик санъатига мактаб давридан жуда қизиққанман. Болалигимдан турли кишилар қиёфасига киришни, у шифокор бўладими, тракторчими ёки кекса отахонми, уларнинг сўзлаш оҳангини, қилиқларини ўхшатиб беришга ҳаракат қилардим. Аллоҳ раҳмат қилсин, раҳматли момомни бунга кўп марта ишонтирганман. Қўй жунидан соқол-мўйлаб ясаб, дўппиларни кийиб, кўчадан дадамни исмларини айтиб чақирардим: “Раҳматилла, ҳой Раҳматиллабой...” деб чақирсам, момом, “Ҳа, ойнажон, келинг, келинг! Ўғлим ишга кетган эди-я! Унда нима ишингиз бор эди?” дер эдилар. Шундай кезлари момом мени уйга таклиф қилар, азбаройи ишонганларидан, мени бошқа одам деб ўйлаб, ҳол-аҳвол сўрашар эдилар.
Бу ҳолатни онам ёки укаларим кўриб, яйраб кулишарди. Ўзим кулиб юборганимдан кейин момом таниб қолиб, мени койиб берардилар.
Биринчи-иккинчи синфларда ўқиб юрган кезларим шундай ҳар хил образларни яратишга қизиқардим. Тўғрироғи, қизиқчиликни танлашимга ҳам момом раҳматли сабабчи бўлганлар.
Уйимизнинг ёнида момомнинг кичкинагина уйчалари бўларди. Кечқурун уларни ёлғиз қолдирмаслик учун мен, укам алмашиб, момом билан бирга ётардик. Момом жуда кўп эртак биларди. Лапарлар, топишмоқларни, “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонларини ёд айтардилар. Биз уларни маза қилиб тинглардик. Шу туфайли қалбимизда адабиётга, театр ва кино санъатига муҳаббат уйғонган.
– Илгаридан қизиқчилик санъатига қизиққанмисиз? Бунга ким ёки нима сабабчи бўлган? Кулги усталаридан кимни ўзингизга устоз деб биласиз?
– Илгарилари телевизион миниатюралар театри кўрсатуви бўларди. Унда шу кўрсатувни ташкил қилган машҳур ҳажвчи устоз санъаткорлар Эргаш Каримов, Ҳусан Шарипов, Бахтиёр Ихтиёровларнинг чиқишларини биз мароқ билан кузатар эдик. Кейинчалик “Шариф ва Маъруф” комедияси намойиш этилгач, Ака Шариф роли ижрочиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Толиб Ҳожиев устозимиз билан кўришишни, танишишни жуда хоҳлагандим. Тошкентга келиб, шу одамга устоз-шогирд тутиндим. Сатира театрида устозим билан бирга ишладик. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Давлат Ёшлар театрида бирга, елкадош бўлиб ишлаяпмиз.
Мана учта спектаклни топширдик. Шу кунларда “Юсуфжон қизиқни эслаб” номли тўртинчи янги спектаклни топшириш арафасида турибмиз.
“КУЛГИ – ТАНГА ДАВО БЎЛАДИ!”
– Кулги, ханда деганда нимани тушунасиз? У одамларга нима беради, деб ўйлайсиз?
– Кулги шундай нарсаки, у инсоннинг кайфиятини кўтаради, соғлиғини тиклайди. Кулги танада қон айланишини тезлаштиради, юрак-қон-томир тизими ишини яхшилайди. Кулги – инсон соғлиғига жуда катта ижобий таъсир қилиши тиббиётда исботланган. Кулги одамнинг умрига умр қўшади, деб бекорга айтишмайди. Ким кулади? Қалби тоза одам кулади, юраги тоза одам кулади! Юрагида кири бор, бахил одам кулмайди. Афсуски, бугунги кунда шунақа кулмайдиган одамлар ҳам жамиятимизда кўп учраяпти. Шунақанги ҳасадгўй, юраги тор, кулиш нималигини билмайдиган одамлар билан бир ўн дақиқа гаплашинг, ҳаётдан тўйдириб ташлайди. Нолигани нолиган. Уларда шукр йўқ. Некбин, доим хушкайфиятда юрадиган одамлар билан соатлаб гаплашинг, тўймайсиз! Вақтни қандай ўтиб кетганини билмайсиз. Кулиб юрган одамлар билан суҳбатлашсангиз, қувват оласиз. Хўмрайган одам билан гаплашсангиз, қувватингизни йўқотасиз.
Энди кулги – ҳажв, сатира, у оддий бўлиб қолмаслиги керак. Унинг тагида бир мақсад ётиши зарур. Мақсад – жамиятдаги айрим оғриқли муаммоларни, камчиликларимизни кулги остига олиш, шу орқали айрим иллатларни томошабинга кўрсатиб беришдир. Агар кулги бирон мақсадга йўналтирилган бўлса, у одамларга ҳам, жамиятга ҳам манфаатли бўлади.
– Институтни битириб, Сатира театрига ишга келганмисиз? Нега айнан Сатира театрини танладингиз? Жамоа сизни қандай кутиб олди? Бу ерда қандай қийинчиликларга учрадингиз?
– Ҳали институтни тугатмай туриб, мени Сатира театрига ишга таклиф қилишган. Тўғрироғи, ўша йили Сатира театри раҳбарияти бир гуруҳ талабаларни ишга таклиф қилган. Кўпчиликнинг орасидан мен уларга маъқул келдим, шекилли, мени ишда олиб қолишди. Сиртдан ўқиб, театрда ишлаганман. Сатира театрида анчагина спектаклларда роллар ижро қилдим. Илк бор ўйнаган ролим, драматург Эргаш Раҳимов қаламига мансуб, “Ой ёруғи оламгача” номли эртак-спектаклдаги Ҳасан образи бўлган. Ундан кейин “Уйланиш”, “Сеҳрли курси” каби спектаклларда турли роллар ижро этдим. Хуллас, театр жамоасига келиб ишлаш мен учун қийинчилик туғдиргани йўқ. Чунки устозларим билан, ўзим таниган, билган одамлар билан бирга ишлаш мен учун мароқли бўлган. Театрда иш фаолиятимиз ёмон бўлмади, яхши ишладик.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Давлат Ёшлар театрида иш фаолиятини давом эттиряпмиз. Толиб Ҳожиев, Шерзод Боймуродов, Рўзимбой Алланазаров акаларимиз билан шу театрда чиройли бир ҳажвий, томошабиннинг кайфиятини кўтарадиган ажойиб спектакль ва томошалар тайёрлаяпмиз.
НИМА УЧУН АЙНАН “ШЎРДАНАК”?
– Мана бир неча йилдан бери “Шўрданак” кўрсатуви муваффақиятли намойиш этиляпти. Бу кўрсатувнинг ғояси кимдан чиққан? Қандай муаммолар бўлган?
– “Шўрданак” кўрсатуви 2005 йили декабрь ойида илк бор ойнаижаҳон орқали намойиш этилган эди. Ўшандан бери мана 19 йил ўтибди. Янаги йил насиб бўлса, 20 йиллик кичик юбилейимиз бўлади.
Энди кўрсатувнинг номига келадиган бўлсак, унинг номини шеригим Дониёр Ҳасанов билан бирга танлаганмиз. Аввалига бир-икки юзтача номни ёзиб раҳбарларга олиб кирганмиз. Ўшанда улар “ўзингизга қайси бири маъқул?” деб сўрашган. Бизга маъқул бўлиб турган, уч-тўртта ном ичида “Шўрданак” ҳам бор эди. Раҳбарлар “Шўрданак” деб қўйсанглар қандай бўларкан? Эртага мухлислар, журналистлар сизларга “Нима учун “Шўрданак” деб сўрашса, қандай жавоб берасизлар” деб сўрашган. Буни биз кулгига олиб, “Шўрданак”нинг сирти шўр бўлгани билан мағзи ширин-ку!” деб жавоб берганмиз. Кулгининг ҳам шўри бор, ширини бор. Кулги сатирага йўғрилган бўлиши керак. Ундан кейин “Шўрданак” қишда ҳам, баҳору ёзда ҳам ачимайди, айнимайди, тузлаб қўйсангиз янгидай тураверади!” деб озгина ҳазил қилдик. Ўша-ўша “Шўрданак” бўлиб кетган.
“ПУЛНИ ДАРВОЗАНИНГ ТАГИДАН БЕРГИН!”
– Кўрсатув мавзуларини қандай танлайсизлар? Кимлардир маслаҳат берадими? Қайси кўрсатувни олишда қийналгансизлар ёки бирон-бир фавқулодда ҳолат бўлган?
– Биз халқ ичида, гастролларда, тўй-томошаларда кўп юрамиз. “Шўрданак”нинг мавзусини халқ ичидан оламиз. Одамлар бизни қизиқчи деб, кўпроқ кулгили воқеаларни гапириб беришади. Ўша йўл-йўлакай айтилган воқеалар бизга илҳом беради ва ўша жойда кўрсатувнинг мавзуси, сценарийси тайёр бўлиб қолади. Кейин биз уни қоғозга туширамиз. Яъни, кўпроқ халқнинг ўзидан олишга ҳаракат қиламиз.
Баъзи, кўрсатувларни олишда албатта, қийинчиликларга ҳам дуч келганмиз. Бир-иккита бизга ёрдам бериб турадиган ёзувчиларимиз ҳам бор. Лекин кўпроқ ўзимиз ёзамиз. Чунки ёзувчилар ҳам ҳар сафар бир хил ёзиб бера олмайди. Бир сафар яхши чиқса, кейинги сафар бўш чиқиши мумкин. Шунинг учун имкон қадар кўрсатувларимизнинг деярли 60 фоизини ўзимиз ёзганмиз. Ўзимиз топганмиз.
Баъзида “Шўрданак”ни қийинчилик билан суратга олган пайтларимиз бўлади. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Карантин пайтида эрталаб еттидан кеч саккизгача йўлда юришга рухсат бериларди. Кейин тўхтатиларди. Биз шу вақтнинг ичида Бўкага бориб, кўрсатувни съёмка қилиб келишимиз керак бўлган. Йўлнинг ўзига анча вақт кетиб қолади. Шу сабабли анча қийин бўлган. Чунки кеч саккиз-тўққизгача етиб келмасак, шаҳарга киришимиз қийин бўларди.
Шеригим карантин пайтида касал юқишидан анча чўчиб қолганди. Қарасам, ниқоб тақиб олибди, қўлига қўлқоплар ҳам кийган! Атай яқинига бориб “ўхху-ўхху” десам, ростдан қочяпти. Касалманд товушда “Ҳа, қаёққа қочяпсан, Жўрақул, тўхта!” десам, “Э, қўй, бугун съёмкани бекор қилайлик. Нима қилди, сенга? Нега йўталиб қолдинг? Илтимос, кетинглар!” дейди-да. Кейин кулиб юборганмиз. Ўша кезлари унга телефон қилиб ҳол-аҳвол сўрашсам, у “Уйдаман, кўчага чиқмаяпман. Уйни қулфлаб қўйганман. Уйга келганларни ҳам киргизмаяпман. Битта-яримта қарзи борлар келса, пулни дарвозанинг тагидан бергин” деяпман!” дейди. “Пулни қўлқоп кийиб ушлаяпман. Битталаб устига антисептиклар сепиб, тозалаб кейин оляпман. Кўчага чиққаним йўқ!” деган гапини эшитиб, ҳазилга бурдим. Атай телефонга “ўхху-ўхху!” деб йўталиб қўйдим. Шунда у “Ҳой, сенга нима бўляпти?” дейди, телефонига ҳам дастрўмол тутиб олган. “Касал бўлган бўлсанг, иситманг чиқаётган бўлса, келма, илтимос! Шу съёмка ҳам керакмас!” дейди-да. Карантин пайтида шунақанги қизиқ воқеалар ҳам бўлган, қийинчиликлар ҳам туғдирган, бизга.
“БУ РОСТДАН ҲАМ ЧОЛМИ ЎЗИ?”
– Мухлислар ёшингизни кекса деб ўйлашмайдими? Чунки чоллар ролини жуда ўхшатасиз-да? Кексалар бунга қандай фикр билдиришади?
– Жуда кўпчилик шу фикрни айтади. “Телевизорда ёшингиз роса катта кўринади, чолларнинг ролини зўр ўйнайсиз. Ҳаётда ёш, чиройли, келишган йигит экансиз-ку!” дейишади. Уларга раҳмат айтаман. Энди нуроний отахонларимизга ҳавас қилиб, уларнинг образини яратганмиз. Ижром мухлисларга маъқул келган шекилли, қаерга борсам, “чол образини қойиллатасиз, роса ўхшайди, маза қилиб томоша қиламиз!” дейишади. Айниқса, онахонлар мени негадир ушлаб кўришади. Нега бунақа қилишади, десам, бу бекорга эмас экан. “Бу ростдан чолми ёки ёш одамми” деб текшириб кўришар экан-да.
– Яна бир нарса: кейинги йилларда қизиқчилар орасида интим, бачкана мавзуларга урғу бериш кучайди. Бундай қизиқчилар ҳақида нима дея оласиз?
– Қизиқчилик дегани – бу саҳнага чиқиб бачканалик қилиш дегани эмас. Тўғри, охирги пайтда шарм-ҳаёсиз сўзлар билан кулдириш, шу орқали мухлис орттириш, обуначи йиғиш ёшларимиз орасида кўпроқ учраяпти. Буни мен тўғри, деб ҳисобламайман. Чунки биз битта нарсани эсдан чиқармаслигимиз керак. Биз қилаётган ҳазилларни фақат эркаклар кўрмайди-ку! Уни оналаримиз, опа-сингилларимиз, аёлимиз, қизларимиз кўради. Ана шуни эсдан чиқармаслик керак-да. Ақл фаросати бор одам, ўз онаси, опа-синглиси, қизига бачкана ҳазилларини, бачкана гапларини айта оладими? Олдин ана шу ҳолатни кўз олдимиздан ўтказишимиз керак-да. Мен бу нарсага салбий қарайман. Қизиқчиликнинг ҳам ўз тош-тарозиси, юки бор. Не-не устоз санъаткорлар халқимизнинг кайфиятини кўтариш учун беғараз, самимий ижод намуналарини намойиш қилишган. Ҳалигача ретро кўрсатувларни кўриб, маза қиламиз. Бачкана, шармсиз гаплар билан кулдириш шартми? Беғараз кулги энг самимий кулги бўлади. Юракда доғ қолдирмайди. Мен ўзим ҳам шогирдларимни, атрофимдаги кишиларни кўпроқ шунга ундайман. Кўрсатувимизда ҳам беғараз, самимий гапларни гапирайлик, дейман. Майли, бизни миллионлаб одам кўрмасин, минг киши кўрсину “э, раҳмат, барака топинглар!” десин! Чиқишингизни кўриб, “Сенларга минг лаънат!” дейишса, қанчалар ёмон. Халқнинг қарғишини эмас, дуосини олиб яшайлик!
– Яқиндан бошлаб, “Маҳалла” телеканали орқали “Шакарханда” номли ҳажвий кўрсатув намойиш этила бошланди. Нима учун бунга эҳтиёж сездингиз? “Шўрданак”, театрдаги ишларингиздан кўнглингиз тўлмаяптими?
– Биласизми, “Шўрданак” кўрсатувини узоқ йиллар давомида тайёрладик ва у анча машҳур бўлиб қолди. Янги ҳажвий кўрсатув эса ижодий йўлимизга яна бир қўшимча, янгилик қилиш учун бир имконият. Шу билан бирга янги келган укаларимизни қўллаб-қувватлаш учун ҳам “Шакарханда” ҳажвий кўрсатувини ташкил қилдик. Бир вақтлар устозларимиз бизга ҳам имконият беришган, эфирга чиқишимизга ёрдам қилишган. Биз ҳам бугун шогирд укаларимизга йўл-йўриқ кўрсатиб, истеъдодларини юзага чиқаришга ёрдам беряпмиз. Масалан, “Шўрданак”да кўпроқ чол ролида чиққан бўлсам, янги ҳажвий кўрсатувда Раис образида чиқяпман. Маҳалладаги ижтимоий муаммоларни, қўштирноқ ичидаги баъзи бир инсонларнинг хато ва камчиликларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилаяпмиз. Унинг ҳам анчагина сонини тайёрладик. Айрим телетомошабинларимизнинг ижобий фикрларини эшитиб хурсанд бўляпмиз. Хуллас, ижод қилишда давом этяпмиз. Ижодкор бирхилликдан қочиши керак. Иложи борича, хилма-хилликка интилиши зарур.
“ЭР-ХОТИН ЁНМА-ЁН ЎТИРИБ, ТЕЛЕГРАМ ОРҚАЛИ САЛОМЛАШГАНМИЗ!”
– Оилада ҳам қизиқчимисиз? Қандай отасиз? Қаттиққўлмисиз?
– Оилада ҳам албатта, қизиқчи эканим сезилса керак. Масалан, мана ҳар жумада юртдошларимиз бир-бирларини Жума айёми билан табриклашади, яхши тилаклар ёзиб юборишади, дуолар қилишади.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир жума тонггида нонушта пайти аёлим иккаламиз ёнма-ён ўтиргандик. Менинг қўлимда телефон, аёлимнинг қўлида телефон. Кейин “Ассалому алайкум аяжониси. Яхшимисиз. Хайрли тонг, бугунги жума кунингиз муборак бўлсин!” деб Телеграмдан ёзиб юбордим. Ўзи ёнимда ўтирибди! У ҳам “Ваалейкум ассалом. Дадаси сизга ҳам Жума айёмингиз муборак бўлсин!” деб Телеграмимга ёзиб ташлаб қўйди. Мен эса “Аяси, бир вақтингиз бўлганида икки оғиз суҳбатлашсак, жуда узоқлашиб кетяпмиз” деб ёзиб, Телеграмига ташладим. Буни ўқиб, аёлим кулиб юборди. Кулги кулги билану, лекин ҳақиқатан ҳам телефон чиқди-ю, ёру дўстлар, қариндошлар, таниш-билишлардан анча узоқлашгандаймиз. Илгари масалан, улар билан бир ой кўришмасак, бир йил кўришмагандай соғинч билан бағирлашиб кўришар эдик. Ҳозир-чи, бир йил кўрмасангиз ҳам, худди кеча кўришгандай оддийгина саломлашасиз.
Ҳа, отаман, оилада жойи келганида қаттиққўл бўлмасангиз ҳам бўлмайди. Чунки юмшоқ кўнгиллик фарзандларнинг талтайиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Жойи, келганида яхши гапириб кайфиятини кўтариш, далда бериш керак, жойи келганида озгина қаттиққўллик ҳам керак.
– Оилада эр-хотин хафалашиб қолсангиз, вазиятдан қандай чиқасиз? Аваз Охун аёлига бундай пайтда “янгисидан” айтиб берар экан. Сиз-чи?
– Энди, оилада баъзан тушунмовчиликлар бўлиб туради. “Эр-хотин уруши, дока рўмол қуриши!”, дейишган-ку! Баъзан, эр-хотин озгина тортишиб қолишимиз мумкин. Шунақа пайтда мен ҳам янги ҳангома, янги латифалар айтиб бераман. Баъзида ижро ҳам қилиб бераман. Шундай қилиб, кайфиятини кўтараман. Кулиб юборади-ю, шу билан ярашиб кетаверамиз. Ҳангома, янги латифалар ҳар қандай инсоннинг кайфиятини кўтариб юборади.
– Аёлингиздаги қайси фазилатларни қадрлайсиз?
– Меҳрибончилигини қадрлайман. Кейин аёлимнинг яна бир фазилатини жуда ҳурмат қиламан. Дарров кечириб юборади. Бу жуда яхши фазилат, деб ўйлайман. Баъзи бировларга ўхшаб, аламини ичига солиб, йиғиб юрмайди. Дарров унутади, дарров кечириб юборади. Бу унинг софдил, яхши инсон бўлганлигидан, деб биламан.
– Мухлисларга тилакларингиз ёки бирорта янгисидан бўлса яхши бўларди.
– Мухлисларимизга тилагимиз, ҳамиша яхши кайфият уларни тарк этмасин! Кулиб юришсин! Зеро, кайфият яхши бўлса, кулиб юрсангиз, ишонинг, оилада бўлсин, ишда ё ўқишда бўлсин, унум бўлади. Кайфиятсизлик ҳаракат унумдорлиги коэффициентини жуда тушириб юборар экан. Шунинг учун мухлисларимизнинг ҳеч бирини яхши кайфият тарк этмасин?
Эркин Жўллиевдан янги латифа:
Бир отахон дўконга кириб, сотувчи йигитдан “болам, тухуминг борми?” деб сўрабди. “Бор, ота. Икки хил тухум бор, сингани ва бутун тухум бор” дебди. Шунда отахон тухумларнинг нархини сўрабди. Сотувчи йигит: “Бутун тухумларни 1800 сўмдан, синганини 900 дан сотяпмиз. Ота, қайси биридан берай?” деб сўраса, отахон: “Бутунидан қирқтасини синдириб бергин!” дермиш.
Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси.
2024 йил.