ЖУРНАЛИСТ АЁЛЛАР – ЧИНАКАМ ЖАСОРАТ МАЛИКАЛАРИ


–  Феруза, журналистика соҳасини танлашингизга нима сабаб бўлган? Нега ҳуқуқшунос ёки санъат жабҳасини эмас, айнан журналистикани танладингиз? Ушбу соҳага бўлган қизиқишингиз қачондан ва қандай бошланган?
– Агар журналистлик қисматми ёки танлов, десангиз шундай жавоб берган бўлардим, назаримда бу – қисмат, боиси Яратган биз фоний дунёга келмай туриб тақдиримиз ва ризқимизни ёзганида, албатта келажакда қилажак касб-коримизни ҳам битиб қўйганлиги рост. Болалигимдан китоб ўқишни, шеър ёд олишни роса яхши кўрардим. Мактабда адабиётдан устозимиз Қобилжон Ҳалимовнинг ҳеч кимга ўхшамаган тарзда дарс ўтиши, ўқувчиларига меҳрибонлиги, яхши нотиқлиги, воизлиги сабабли уни жуда ҳурмат қилардим. Адабиёт фанига қизиқишим ҳам шу туфайли, устозимнинг топшириғи билан мактабда ўтказиладиган тадбирларда доим шеър айтиб олқиш олардим. Қобилжон домланинг ўзи ҳам машҳур сухандон Мирзоҳид Раҳимовга ўхшаб шеър ўқирдилар. Мактабда бешинчи синфда ўқиётганимда шеър ёза бошладим ва устозим бундан беҳад қувондилар. Илк машқларимни ўзлари туман газетасига юбориб, матбуотда чиқишига сабабчи бўлгандилар.
   “Ёш куч” журналида “Қатортолга мактублар” саҳифасида мактабимиз ҳақида кафтдаккина мақолам босилиб чиққанида бир ҳафта хурсанд бўлиб юрганлар. 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ўтказилган тадбирда Эркин Воҳидовнинг “Нидо” шеърини тўлиғича ёд айтгандим, кейин шу шеър сабаб туманда ўтказилган катта хотира тадбирида ҳам иштирок этиш насиб қилди. Шундан кейин мактабимизда бўладиган деярли барча тадбирларда бошловчилик қилардим, ўзим сценарийлар ёзардим.
    Устознинг кўмаги билан она тили ва адабиёти фанидан олимпиадада иштирок этиб, аввал ҳудуд, кейин туман, кейин эса вилоят босқичларида ғолиб бўлдим. Афсуски, Республикада мағлуб бўлиб қайтдим. Ўшанда улар, – қизим, мағлубликни билмаган одам ғалабага эриша олмайди. Сен учун бу кичик тажриба бўлди, лекин Республика даражасига чиқиш ҳам аслида ғолибликдир. Ишонаман, олдинда сени катта ютуқлар кутяпти бу учун сен билим олишдан эринма, ўйинқароқлик қилма, кўп ўқи, – деган эдилар. 
    Сиз айтгандек, ҳуқуқшунос ёки санъат соҳасини танламаганлигимга сабаб, бу соҳада ўзим ўзимни кўра олмайман. Болалигимдан китоб қучоқлаб юрганман, қариндош-уруғлар, яқинлар даврасида шеър ўқитишарди менга. Мактабга бормай туриб ҳам анчагина шеърларни ёд билардим.
    Бугун журналистика соҳасида эришган бари ютуқларим энг аввало раҳматли Қобилжон устозимнинг ишончи туфайли, деб биламан. Гарчи бир неча йиллар бошқа соҳаларда ишлаган, фаолият кўрсатган бўлсам-да ҳозирда яна ўзим меҳр қўйган касбнинг этагидан тутганим менинг бахтим. Демак, менинг журналистликни танлашим бежиз эмас, бу – қисмат.
– Сиз “Туркистон” газетасида фаолият кўрсатган вақтда энг ёдда қоларли воқеалар бўлганми?
– Талабалик йилларим ҳам ўқиб ҳам “Туркистон” газетасида ишлаганман. Ўша пайтда бош муҳарриримиз (Аллоҳ раҳматига олсин) Абдуқодир Ниёзов ижодкорларга яхши эркинлик берардилар. Талабаларнинг ички оламидан ҳикоя қилувчи “Сирдош” саҳифаси ташкил қилмоқчи эканлигимни айтиб, ўз таклифларимни берганимда улар қўллаб-қувватладилар. Натижада, ойда бир маротаба ушбу саҳифани шахсан ўзим тайёрлай бошладим. Қувончларнинг ўзига яраша ташвишлари ҳам бўлиши табиий. Бир гал бекатда ўзим гувоҳи бўлган воқеани қоғозга туширдим. Унда бир талаба қизга икки-уч безори йигит тегажаклик қиларди. Атрофдагилар эса жим, ўзини четга олар, биров юрак ютиб йигитларни тартибга чақиролмасди. Шунда қаердандир пайдо бўлган бир ногирон ўсмир ўша қизни ҳимоя қилиб йигитларга ташланди. Албатта қаршиликка учради ва яхшигина калтакланди. У мана шу ночор ҳолида ҳам талаба қизга ишора қилиб кет, тезроқ кет дерди. Шу воқеани кафтдеккина мақола қилиб ёздим ва саҳифада чиқди. Ўша пайтларда босма нашрларнинг назорати жуда қаттиқ бўларди. Раҳбарни юқорига чақириб яхшигина танбеҳ берилган экан, ишхонада бу ҳақида ҳамма билган, фақат менинг хабарим бўлмаган.
– Журналист сифатида қандай муаммоларга дуч келгансиз ва уларни қандай енгиб ўтгансиз?
– Андижонда телевидениеда ишлаб юрган кезларим бир куни бир тадбирда устоз журналист Назиржон Саидов – қизим ТВда ишлаб яхшигина натижаларга эришдинг, ҳурмат, иззат топдинг. Сен тузуккина қалами бор журналистсан, ижоддан тўхтаб қоляпсан. Энди матбуотда ҳам ўзингни синаб кўр, – дедилар. Улар ўша пайтда улар “Андижоннома” газетаси бош муҳаррири эди. Мен устознинг сўзини икки қилмай, уларнинг таклифи билан газетага ишга ўтдим. Вилоятнинг ижтимоий, сиёсий, маънавий ҳаётига доир мавзуларда мақолалар ёзиб тез орада ўз ўрнимни топиб олдим. Бир гал шаҳар марказидаги манзарали дарахтлар маскани бўлган жойда қурилиш ишлари бошланаётганига гувоҳ бўлдим. Катта майдонни эгаллаган дарахтзорнинг йўқ қилинишидан хавотирга тушиб бу ҳақида мақола ёзмоқчилигимни бош муҳаррирга айтдим. Улар рухсат бердилар, мен эса мавжуд вазиятни обдан ўрганишни бошлаб юбордим. Кейинги сонига танқидий руҳдаги ярим саҳифа мақола босилиб чиқди. Ўша кунни ўзидаёқ телефон қўнғироқлари, суриштирувлар, дағдағалар бошланиб кетди. Табиийки, раҳбаримиз мени ўз ҳимоясига олди ва дарахтзор ҳам асраб қолинди.
– Қайси мавзудаги бадиий асарларни севиб ўқийсиз?
– Тарихий асарларни севиб мутолаа қиламан. Илк ўқиган китобим Ўлмас Умарбековнинг “Одам бўлиш қийин” асари эди. Мен уни сарлавҳасини ёқтириб қолиб ўқиш учун олгандим. Кейин Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, “Нур борки, соя бор” асарлари, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Саид Аҳмаднинг “Жимжитлик”, Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асарларини ўқувчилик йилларим ўқиганман. Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши”, Аҳмад Лутфий Қозонжининг “Саодат асри қиссалари”ни қайта-қайта ўқиганман.  Китобга меҳр, адабиётга муҳаббат ўшанда оловланган. Мана ҳануз бу ўт сўнгани йўқ. На ижоддан ва на китобдан узоқлашдим. Китоб ўқимасам назаримда ўзимни худди занглаб қолгандек ҳис қиламан. Талабалик йилларим жаҳон адабиётига кўп мурожаат қилганман. Кейинги пайтларда турк адабиётидан кўп ўқияпман. Китоблар сени ҳеч қачон сотмайдиган, ташлаб кетмайдиган, садоқат кўрсатадиган дўст ҳисобланади. Улар сени фақат камолотга етказади.
– “Атиргул” ва “Эҳтиром” танловларида ғолибликни қўлга киритгансиз. Мукофот Сиз учун қандай аҳамиятга эга?
– 2008 йили Республика Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган “Атиргул” танловида хотин-қизлар йўналишида долзарб  мавзудаги мақолалар тўплами учун фахрли 1- ўринни, 2022 йилда  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган “Аёлга эҳтиром” танловида фахрли 2- ўринни эгалладим. Кўплаб ижодкор опа-сингилларимиз орасида айнан менга ғолиблик насиб этгани ўзига яраша масъулият юклади албатта.  
– Бугунги кунда журналистика соҳасида аёлларнинг ўрни ва мавқеи қай даражада? Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг нашри – “Саодат” журнали бош муҳаррири ўринбосари сифатида ижодкор аёлларга эътибордан кўнглингиз тўлаяптими?
– Мен журналистларни жамиятнинг ҳарорат ўлчагичлари, давлат ва халқ ўртасидаги алоқа кўприги вазифасини ўтовчилар дегим келади. Зотан, бугунги Информатизм тузуми ахборот алмашинуви даври журналистдан тезкорлик, воқеликни ҳам ёза олиш, ҳам муносабат билдириш, ҳам ўз фикрига эгаликни талаб қилмоқда. Ижтимоий тармоқлар эса уларнинг асл ҳақиқатини очиб бермоқда. Қачонки журналистга ишонч, эътибор, муносабат юқори бўлса у доим ўзидан-да кечиб, фидойилик билан ишлайди ва яшайди.
     Журналистика соҳасида аёлларимизнинг фаоллигини алоҳида ҳурмат билан тилга олгим келади. Улар кундузлари суҳбатдошини излаб манзилларда адашади, ёзнинг саратони, қишнинг қаҳратонида ҳам қўлида қалами, хаёлида эса мақоласини тўлдириб боради. Бемор боласининг ташвишига қаҳрамонининг қувончини аралаштирмайди, тунлари бешик қучоқлаб, тонгда янги мақоласини тайёр қилади. Йўлларда ҳам кўрсатув ёки эшиттиришининг сценарийсини хаёлан ёзиб боради, суҳбатдошларига беражак саволларини қозон бошида ҳам ўйлаб юради. Мен газета, радио ва телевидениеда меҳнат қилаётган журналист аёлларни чинакам жасорат маликалари дегим келади.
   Ҳар йили журналистлар байрамида, Мустақиллик айёмида бошқа соҳа вакиллари қаторида ижодкор аёллар ҳам давлатимиз раҳбари томонидан орден ва медаллар билан тақдирланадилар. Аслида ижодкор бир оғиз ширин сўздан ҳам юксаладиган камтар инсонлар бўлади. Бу каби эътиборлар эса уларни янада масъулият билан ишлашга ундайди.
– “Саодат” журнали – онахон журналимиз бир асрни қарши олиш арафасида. Келаси йил 100 йиллигини нишонлаймиз! Журналнинг мақсади ва вазифалари ҳақида нима дейишингиз мумкин?
– Мамлакатимиз хотин-қизларининг ижтимоий фаоллигини юксалтириш, ҳуқуқий саводхонлигини кучайтириш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёш қизларимизнинг истеъдодларини кашф этиш, бир сўз билан айтганда уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир.
    “Саодат” журнали ҳам узоқ йиллардан буён ана шу мақсадга хизмат қилиб келмоқда. Нашр ўзининг анъаналарига суяниб, замонга ҳамнафас ҳолда ўз саҳифаларида опа-сингилларимизнинг энг ибратли фаолиятларини оммалаштиради.  Тадбиркорлик, ҳуқуқ, тиббиёт борасида хонадонларимизга тажрибали ишбилармонлар, малакали мутахассислар билан кириб боради. Фарзанд тарбияси, бекалик маҳорати билан боғлиқ энг сўнгги янгиликлардан хабардор қилади. Ўзбек ва жаҳон адабиёти, санъатига ҳам “Саодат” саҳифалари орқали яна ҳам яқинлашиш имкони кенгаяди.
     Онахон журналимиз келгуси йили ўзининг юз ёшини нишонлайди. Бизнинг бувиларимиз, оналаримиз севиб мутолаа қилган журналда бугун ўзим фаолият кўрсатаётганлигим кўксимда фахр туйғусини уйғотади. Келгуси йил учун насиб бўлса кўплаб ижодий режаларни амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Юртимиз бўйлаб “Саодатхонлик кунлари”ни ўтказишдан тортиб, журнал тарихига оид китоб нашр қилишгача. Келинг, яхшиси бу сир бўлиб қола қолсин. Хуллас, 2025 йилда юртимиз аёлларининг қадрдон сирдоши, дугонаси ва маслакдоши “Саодат” журналининг юбилей тўйида кўп ва хўб қувонарли воқеаларга гувоҳ бўласизлар.
– Оила ва хотин-қизлар қўмитасида ишлаган пайтларингиз аёлларнинг мурожаатлари билан ишлагансиз. Бугунги кунда ҳам журналда ижодкор хотин-қизлар билан кўп суҳбат, ижодий учрашувлар ўтказасиз. Аёллар ва маънавият, маърифат хусусида кўплаб ибратли ҳамда таҳлилий мақолалар ёзгансиз? Сиз ёритган мавзулар аҳамияти ҳақида нима дейсиз?
– Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида фаолият юритиб, давлатимиз сиёсатини, миллий истиқлол ғояси ва мафкурасини кенг аҳоли қатламлари орасида тарғиб-ташвиқ этиш, жамият маънавиятини юксалтириш, хотин-қизлар ва ёш авлодни ватанпарварлик, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш йўлида озми-кўпми хизмат қилдим. Шу билан бирга, чигал тақдирлар, аёл қисмати, оила, жигарчилик билан боғлиқ воқеаларга ҳам кўп бора тўқнаш келдим.  Ўшанда мени журналистлигим сабаб мазкур муаммо ҳақида ёзиш керак, деган фикр тинч қўймасди. Натижада, ўзим кўриб, гувоҳ бўлган ёки ишончли инсонлардан эшитган воқеалар асосида матбуотда бир йилдан зиёд вақт давомида айни шу мавзуларда туркум мақолалар бериб бордим. Таҳририят ходимлари кейинги сонга қайси мавзу, дея интиқ кутишарди. Боиси, газетанинг мухлислари “Маънавият сабоқлари” рукнида бериб борилаётган яхшилик, сабр, шукр, меҳр, ҳалоллик, дўстлик каби инсоний фазилатлар ҳақида ҳикоя қилувчи ибратли воқеалар ҳамда ёлғон, худбинлик, миннат, ғазаб, ҳасад, туҳмат каби салбий иллатлар тасвирланган мақолаларни кутадиган бўлдилар. Ҳатто, бир гал совчилар ҳақидаги мақолам сабаб Намангандан бир отахон телефон рақамимни сўраётганлигини айтишди. Майли, беринглар дедим. Ўша куни отахон қўнғироқ қилиб, қизим, ўғлим пойтахтда яшайди ва ишлайди, ёши ўттизни қоралаб қолди. Кўнглидаги қизни учратмаётганлиги сабабли уйланиши кечикаяпти. Сиз мақолангизда келтирган тиббиёт институтини тамомлаган қизнинг манзилини бера оласизми, деди. Мақоламда келтирган қаҳрамонларимдан бирининг шу каби муаммо қаршисида эканлиги сабаб уларнинг рухсати билан манзили ва рақамини бердим. Орадан бир ойга яқин вақт ўтиб улардан менга тўйга таклифнома келди. Ҳозирда икки нафар фарзанднинг ота-онаси бўлиб, бахтли ҳаёт кечиришмоқда. 
    Айнан мақолаларим сабаб бу сингари ҳолатларга кўп бора тўқнаш келдим. Йигирма йилдан буён гаплашмаётган опа-сингиллар ярашгани, фарзанд отасидан кечирим сўрагани, ака оламдан ўтган отадан қолган меросдан воз кечиб ука-сингилларига ҳадя қилгани, узоқ йиллардан буён фарзанд кўрмаётган оила бола асраб олгани каби маънавий қадриятларимизни белгиловчи воқеаларга шахсан гувоҳ бўлганман.
– Устоз журналист сифатида ёш журналист ва ҳаваскор шоира қизларга қандай маслаҳатлар берасиз?
– Мен ҳаётим давомида олтин ўрталикни сақлаб келдим. Оилам, касбимни ҳурмат қиладиган турмуш ўртоғим, бағримни тўлдирадиган фарзандим бор. Жамиятда ҳам ўз ўрнимга эга бўлдим, Республика Хотин-қизлар қўмитасида, Мудофаа ҳамда Меҳнат вазирликларида ишладим. Вақтида сиз айтган карьерани ҳам қилдим, темир йўл ташкилотида оддий мутахассисликдан то ижрочи директор лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтдим. Бугун ўз севган соҳамда фаолият юритаяпман. Мен учун бундан ортиқ саодат йўқ, аёл сифатида оила муқаддаслигини, фарзанд азиз неъмат эканлигини, оналик улуғ бахтлигини англаганингда ҳаёт кўзингга янада чиройли кўринади. Яшаш учун топилган ушбу сабаблар сенинг жамиятда муносиб ўрин топишингга ҳам йўл очади.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот