АРМОНЛИ ДУНЁ ЭКАН...
БАҲОДИР НИШОНОВ: “АРМОНЛИ ДУНЁ ЭКАН...”
Бугунги меҳмонимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Меҳнат шуҳрати ордени соҳиби, Ёш томошабинлар театрининг устоз санъаткори Баҳодир Нишоновдир.
1970 йилларда “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатуви орқали кенг томошабинлар оммасига танилган бу актёр Ёш томошабинлар театри саҳнасида ҳам бош қаҳрамонлар ролини ижро этарди.
Орадан 46 йил ўтиб, актёрнинг ўзи “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатувини олиб боряпти ва энди уни мухлислар ҳурмат билан Баҳодир ота, деб атаяптилар.
Баҳодир Нишонов қатор сериалларда яратган образлари орқали ҳам кино ихлосмандларига яхши таниш. У “Одамлар орасида”, “Иқрор”, “Тақдирлар” каби кўрсатувларда ҳам ажойиб роллар ижро этади. Шу билан бирга Баҳодир Нишонов Ёш томошабинлар театрининг маҳоратли, етакчи устоз санъаткорларидан бири ҳисобланади. Биз элимизнинг севимли актёри билан театр ҳақида, унинг ҳаёт йўли, армонлари ҳақида суҳбатлашдик.
“ЕБ ТУРГАН НОНИНИ АКТЁРГА БЕРГАН БОЛА!”
- Театрдаги зиддиятлар ҳақида кўпинча гапиришни истамайдилар. Телекўрсатувлардан бирига берган интервьюнгизда Ўзбекистон халқ артисти Манзура Ҳамидовага мавқеига ҳам, ёшига ҳам ярашмайдиган роль беришгани ҳақида гапирган экансиз. Мана ўзингиз ҳам 20 йил театрда ишлаб, орада санъатдан узоқлашгансиз. Театрдан кетишингизга юқоридаги каби зиддиятлар сабаб бўлганми?
- Йўқ, мен бошқа сабаб билан кетганман. 1991 йилларда театрда ойлик маошлар жуда камайиб кетган. Сўм-купонлар чиққан даврларни эслайсизми? Фарзандларим вояга етган, авжи тўй қиладиган пайтим, бу маошга яшаш қийин эди. Ўшанда театрдан кетиб, ҳатто таксичилик қилганман. Мавҳум давр бўлган, эртага нима бўлишини билмасдингиз. Ўйлаб-ўйлаб, кейин кетишга мажбур бўлганман. Машинам бор эди, шу машинада Қозоғистонга Чимкентга қатнардим. Тирикчилик, яшаш керак, театрнинг маошига қараб ўтирадиган бўлсам, ойлик кам. У ҳам бир бор, бир йўқ.
Ундан кейин таксичилик қилиб юрган вақтимда иккита ҳинд йигити қўл кўтариб, тўхтатди. Улар кутилмаганда “Бизда ишламайсизми? Бир ойда қанча топасиз?” деб сўрашди. Мен ўрта ҳисобда бир кунда топадиган пулимни ўттизга кўпайтириб айтдим. Улар рози бўлишди. Эртасига борсам, бу “КОРФАРМСАНОАТ” номли дори ишлаб чиқарадиган қўшма корхона экан. Менга бу ерда янги Нексия машинасини беришди, унда шу корхонанинг бош директорини олиб юрардим. Яхши маош тўлашди. Ўша пайтда ўғлимни уйлантирдим, қизимни узатдим. Масалан, театрда 50 доллар ойлик олсам, у корхона менга 300 доллар маош тўлар эди. Менга маъқул томони, ҳар ҳафта шанба куни қўлингизга 70-80 доллар пул беришарди. Байрам ёки дам олиш кунлари ишлашингизга тўғри келса, ўша куниёқ икки баравар пулингизни қўлингизга тутқазишарди. Улар билан яна ишлашим мумкин эди. Лекин барибир, саҳнани соғинардим. Саҳнада 20 ишлаганим учун саҳнасиз яшай олмадим. Орада 5 йил Сатира театрида ишладим. Ундан кейин 2005 йилда Маданият ва санъат институтида Маҳоратдан, Саҳна нутқи, Нутқ маданиятидан дарс бердим. Институтда дарс бериб юрган кезларим, кўп сериалларга таклиф қилишди.
Саҳнада 20 йил ишлаган актёр театрдан кетолмайди. Барибир Ёш томошабинлар театрига қайтдим.
- Болаларнинг ишонувчанлиги актёрларга панд бермайдими?
- Унақа воқеалар кўп бўлган! Воқеага ишониб кетиб, болалар актёрларни урган пайтлар ҳам бўлади.
“Этик кийган мушук”да мен мушукнинг эгаси ролини ўйнаганман. Мушукни Хайрулла Саъдуллаев ўйнарди. Турсун ака деган актёримиз сеҳргар ролида чиқардилар. Мени занжирга осиб қўйиб, қийнайдиган жойи бор. Ўшанда ўғлим синфдошлари билан театрга келган, ўртоқларига “шу жойида дадамни занжирга осиб қўйиб қийнайди, сизлар қўрқманглар, у ёлғондан қийнайди” деган. Аммо навбат ўша қийноқ саҳнасига етганида барибир болалар йиғлаб юборишган, уларга қўшилиб ўғлим ҳам йиғлаган. Шунинг учун доим ҳақиқий томошабин болалар, дейман. Агар уларга спектакль ёқса, икки соат бўлса, икки соат қимир этмай ўтиришади.
Бир йили “Сен етим эмассан” асарини саҳнада қўйганмиз. Шунда етим болаларнинг нон талашадиган жойи бор. Оилага янги болалар келиб қўшилган жойида актёр Абдусамад Жўрабоев “мана энди сизлар келдингиз, бизга нон қолмайди, энди” деганида, томошабин бола танаффус пайтида буфетдан гумма олган ва уни ярмигача еган экан. Шу бола ўрнидан туриб, саҳнага чиққан ва ўзи еб турган гуммасини саҳнадаги ўша етим бола ролини ўйнаётган актёрга берган. У ҳам гуммани олиб, “раҳмат, энди бориб жойингга ўтир” деган йиғламсираб. Хуллас, бундай пайтларда актёрлар ўзларидан қўшиб, вазиятдан чиқиб кетишади. Бу спектакль жуда зўр кетган. Ўз пайтида “Уч мушкетёрлар”, “Олов қалблар”ни болалар севиб томоша қилишарди.
Мен “Уч мушкетёрлар” спектаклида Д’Артаньян ролини ўйнаганман. Костюмларимиз жуда чиройли эди. Шляпалар, унга қадалган патлар, этиклар...Раҳматли устозимиз Арсен Исмоилов қўйганлар, қиличбозлигу ҳаракатларга бой, жўшқин спектакль бўлган. Жуда томошабоп эди. Катталардан тортиб, болаларгача маза қилиб кўрар эдилар. Ажабтовур саҳна асари бўлган, ашула-ю, рақслари билан жуда чиройли чиққан.
“ОҚ КЕМА”НИ КЎРИШ УЧУН ЧИНГИЗ АЙТМАТОВНИНГ ЎЗИ КЕЛГАН!”
- Энди нега ўша асарларни қўймаяпсизлар. Ўйнайдиган ёшлар йўқми?
- Ёшлар борку-я, яхши пьесалар йўқ. 70-80 йилларда битта пьесага яхшигина пул беришарди. Унақа шоҳ асарларни қўйиш учун эса маблағ керак. Чиройли либослар, шунга яраша саҳна керак. Бизни саҳнамиз театрбоп саҳна эмас. Бу мажлислар зали. Бино театр учун мўлжалланмаган.
Театр саҳнаси айланадиган бўлиши керак. Бизда ҳатто, кулис - саҳна орти декорацияси, декорацияларни тепага ёки ёнга олиб кириб кетадиган механизмлар йўқ. Яхшиямки, ишчиларимиз жон куйдириб, қоронғида декорацияни қўлларида кўтариб, алмаштиришади.
Аслида саҳнада декорация қандайдир сониялар ичида ўзгариши керак. Болажонларимиз эса буни бир неча дақиқалаб кутишларига тўғри келади. Шунинг учун томошабоп, сиз айтганингиздай ёнадиган нарсаларни қилолмаймиз.
Яқинда 2029 йилда театримизнинг юз йиллиги нишонланади. Биномизнинг аҳволи бу ҳолатда.
Мана биз бошқа МДҲ давлатларига гастроль сафарларига бориб келяпмиз. Ҳаммаси академик театр, бизники ҳалигача, иккинчи тоифали театр ҳисобланади.
Мана Қозоғистондаги Олмаотада Ўзбекистон кунлари бўлди. Уч кун “Аловуддиннинг сеҳрли чироғи” номли спектаклни қўйдик. Болалар театри биноси беш қаватли академик театр экан. Саҳнасида футбол ўйнаса бўлади. Ҳамма керакли ускуналари бор. Жудаям ҳавасимиз келди. Қачондан бери гапирамиз, лекин натижа йўқ.
Аввал спектакл топширадиган бўлсак, Маданият вазирининг ўзи келиб спектаклни қабул қиларди. Вазирликдан 20-30 чоғли одам келарди. Премьера куни театршунослар, санъатшунослар, драматурглар келар, бир юз чоғли одам тўпланарди. Ўша йиллари Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема”сини саҳналаштирганмиз. Шунда премьерага Чингиз Айтматовнинг ўзлари аёллари билан бирга келганлар. “Тошкентда Ёш томошабинлар театрида мени асаримни қўяётган эканлар! Бормасам бўлмайди!”, деганлар. Ва, бизларга раҳмат, айтиб кетганлар.
Мен Қулибекни, Мирғози ролини Ёдгора Зиёмуҳамедова ўйнаган. Бу спектаклни кўриб, болалар ўтириб йиғлар эди. Охирги саҳнасида Мирғози “Мен балиққа айланиб кетаман!” деб ўлимга кетаётганида, болалар уни йиғлаб тўхтатар “Борма, сен балиқ бўлолмайсан, чўкиб кетасан!” деб бақирар эдилар. Ҳозир айрим режиссёрлар “нега манави ерини бундай қилдинг” десангиз, “болаларни йиғлатишнинг нима кераги бор!” деб жавоб беришади. Бўлмаса, эрталабдан кечгача, “ваҳаҳ-ҳа” деб куладиган нарса қўйиш керакми?!
Бола йиғласа, унинг юрагида ҳамдардлик, бировга меҳр-муҳаббат пайдо бўлади-ку! Нега ёшига етмаганлар бугун бир-бирини пичоқлаб қўйяпти. Йиғлатмайдиган, енгил-елпи асарлар қўяётганимиздан эмасмикин, деб ўйлаб қоламан. Интернет ўйинларида ҳам, аксарият чет эл мультфильмларида ҳаммасининг қўлида қурол, отишма! Чет элда мактабга кириб, автомат билан ўқувчиларни отиб ташлаётганини кўряпмиз-ку! Бола ёмон-яхшини, қаҳр-ғазаб, ўлим нима эканини билиши керак-ку!
Бизда ҳозир “Аловуддиннинг сеҳрли чироғи”, “Соҳибжамол ва маҳлуқ”, “Маликани ким қутқаради”, “Гейн ўғри” номли спектакллар намойиш этиляпти. Охирги саҳна асарини Барот Ҳасанов ҳозирги замонга мослаб ёзган. Интернетда шундай номли ўйин бор экан-да. Бу болажонларимиз учун жуда яхши совға бўлди.
“САҲНАДА БИР СОАТ ТИК ТУРГАН АКТРИСА!”
- Манзура Ҳамидова билан нега ноҳушлик бўлган. Актёрларнинг ёши ролга тўғри келмай қоладими? Нега уларга оммавий саҳнада манекенни суришни буюришган?
- Театримизга Эргаш Масофаев деган режиссёр келган. Ўз соҳасини яхши биладиган, маҳоратли режиссёр эди. Агар Ўзбекистонда бешта яхши режиссёр бўлган бўлса, бештадан биттаси шу одам эди. Агар иккита яхши режиссёр бўлган бўлса, иккитадан биттаси Эргаш Масофаев эди. Бу одам шу даражада фидоий эдики, санъатни ҳамма нарсадан устун қўярди. Унинг учун фақат актёр бор эди. Инсоний муносабатлар унинг учун иккинчи даражали эди. Бу режиссёрга у катта ёшлими, ёшми, фарқи йўқ эди.
Мен бу режиссёр билан тарбия, одамийлик борасида кўп тортишардим. “Сиз аввало тарбиячи бўлишингиз керак. Актёр режиссёр билан бир-бирини ҳурмат қилиши, қалин дўстлардай тушуна олиши керак, акс ҳолда бирга ишлаш қийин” дердим.
Афсуски, бир яхши спектаклни яратишни истаса, у ҳеч кимга шафқат қилмасди. Бўлмаса, 60-70 яшар театримизнинг онахонини бир соат тикка турғазиб қўядими?!
Балки буни режиссёр санъат учун қилгандир, лекин актёрларни жуда қийнарди, ёмон муомала қиларди. Мен шу режиссёр билан бироз келишолмай қолдим. Директоримизга кетиш ҳақида ариза ёзиб кирдим. Шунда опа “Мен сизни бўшата олмайман, нечта спектаклда бош қаҳрамон ролини ўйнайсиз. Майли, бўлмаса, сизни Эргаш Масофаев қўйган спектакллардан озод қиламан” деб мени ишда олиб қолишган.
Эргаш Масофаев “Ревизор”ни қўйган, ўшанда мен Почмейстерни ўйнар эдим. Биз Жумадилла Раметов билан галма-галдан саҳнадаги манекенларни сурардик. Почмейстерни мен ўйнасам, манекенларни у сурарди. Жумадилла Раметов ролда чиққанида манекенларни мен сурардим. Спектакл учун 20-30 килоли манекенлар ясалган, шуларнинг ўртасида спектакл кетарди.
Бир куни борсам, Манзура Ҳамидова шу манекенларни суриб юрибди. Режиссёр атайдан, менга жаҳл қилиб, бу ишни онахонимизга берган, деб тушундим. Бу аҳволни кўриб титраб кетдим. Одамда этика деган нарса бўлиши керак-ку!
Директорни олдига чиқиб, Манзура опамизни бу спектаклдан озод қилишларини сўрадим. Ўшанда онахонимиз мени йиғлаб дуо қилганлар. “Менга ўхшаб, Халқ артисти бўлиб юринг!” деганлар. Мана, дуолари ижобат бўлиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, унвонига сазовор бўлдим.
Шукр, халқнинг назарига тушдим. Ҳозир кўчада юролмайдиган бўлиб қолганман. Одамлар чопиб келиб сўрашиб кетишади, суратларга тушишади.
“ЭНДИ МАНА БАҲОДИР ОТА БЎЛДИМ!”
- Кўпроқ қайси сериалдан кейин машҳурликни ҳис қилдингиз?
- Шу кунгача 40дан ортиқ сериалларда роллар ижро этдим. Бу йил мана 60 қисмли “Оққушлар” сериалида бош ролда чиқяпман. Бу сериал “Зўр” ТВ орқали намойиш этиляпти.
“Одамлар орасида” теленовелласида, “Бахт овчиси”, “Бобомни уйлантирамиз”, “Виждон” фильмида қатнашдим.
Буни қарангки, мен аслида томошабинларга 70-йилларда “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатуви орқали танилганман.
Бизни томошабинларга танитган шу кўрсатув бўлади. У кезлари кўрсатувни Карим Хонкелдиев олиб борар эдилар.
46 йилдан кейин ўзим шу кўрсатувнинг бошловчисига айландим.
Аслида бу кўрсатувни Эргаш Каримов, Элбек Мусаев, Мираббос Мирзаҳмедовлар биргаликда ташкил қилишган. Манзура Ҳамидова, Муҳаббат Йўлдошева, Обид Юнусовлар, Лутфулла-Гулчеҳра Саъдуллаевлар қатнашишган.
Қизиғи шундаки, бир сафар “Оталар сўзи” кўрсатуви Ёш томошабинлар театри актёрлари иштирокида тайёрланарди. Бошқа сафар Муқимий, ундан кейин Ҳамза, ҳозирги Миллий театр актёрлари иштирокида тайёрланарди. Учта театр актёрлари галма-галдан “Оталар сўзи”да роль ўйнардик. Театрга режиссёрлар келиб, қаҳрамонларни танлаб кетишарди.
Шу ерда репетиция қилиниб, кейин телевидениеда тайёр ҳолда ёзиларди. Кейин-кейин актёрлар аралаш бўлиб ўйнайдиган бўлишди. Репетиция ҳам телевидениеда ўтказиладиган бўлди.
“Маҳалла” каналида “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатуви бошловчиси учун кастинг ўтказилди. Аввалига рад этгандим. Кейин яна телефон қилиб чақиришди. 2021 йил, пандемия пайтидан бошлаб, шу кўрсатувни олиб боряпман.
“БЕТАРБИЯ ОТАНИ ТАРБИЯЛАГАН ҚОЗИ!”
- Ўзингиз афсус қилган ролларингиз борми?
- Ҳозир мен салбий ролларни камроқ ўйнашга ҳаракат қиляпман. Чунки “Оталар сўзи”нинг бошловчиси сифатида ролларимга эътиборли бўлишим керак. Одамларни яхшилик қилишга, савоб ишлар қилишга ундаш, тўғри йўлга солиш, гуноҳ ишлардан тийилиш, ёмонлик қилмаслик, меҳр-мурувват кўрсатиш ҳақида гапирганимдан кейин ўзим ҳам шунга муносиб роллар ўйнашим керак. Бизнинг томошабинлар шунчалик соддаки, мени актёр сифатида эмас, бир ёши улуғ, маслаҳатгўй отахон сифатида қабул қилади. Мен кўрсатувда бошловчи ролини ўйнайман, холос. Аммо томошабинлар мени кўчада кўришса, “Баҳодир ота!” деб, чопқиллаб келиб кўришишади.
Бугун эрталаб кўп йиллар филармонияда ишлаган бир одам қўнғироқ қилди. “Бу телефонда айтадиган гап эмас, сиз билан бир кўришиб, маслаҳатлашмоқчи эдим” дедилар. Хатлар ёзишади, маслаҳат сўрашади. Қўлимдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Кўпроқ моддий жиҳатдан қийналиб қолган акалар, сингиллар телефон қилишади, қонуний томондан хато қилган, оиласида хатоликка йўл қўйган кишилар маслаҳат сўрашади. Баъзан катта ёшли отахонлар “фарзандларим менга қарамай қўйди” деб шикоят қилишади. Масалан, бу оилада мен айта олмайдиган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин.
Оиладаги келишмовчиликларга фақат бир томон айбдор бўлмайди. Балки шу отанинг ўзи ҳам фарзандига етарлича меҳр бермагандир, зуғум қилган бўлиши мумкин. Ўғил ёки қиз отага ўз-ўзидан бемеҳр бўлиб қолмайди. Гап тарбияда, демак, у фарзандларига нотўғри тарбия берган. Ислом динимиз “аввало ўзинг атрофдагиларга ибрат бўл!” деб ўргатади. Ота ўғлига “тўғри юр, ичма-чекма” дейишдан олдин ўзи шунга амал қилиши керак.
“Қадим замонда бир ота қозининг олдига ўғлидан шикоят қилиб келибди. “Ўғлим мени менсимайди, ота ўрнида кўрмайди. Гапимга гап қайтаради...”дебди. Қози ақлли одам экан, ҳузурига шу одамнинг ўғлини ҳам чақиртирибди. Шунда ўғил “отамнинг ўзлари ичадилар, ёмон йўлларга юрадилар. Менга жуда хунук исм берганлар. Мана неча йиллардан бери мени уйлантирмаяптилар, ёшим ўтиб кетяпти. Оғизларидан ҳар хил ёмон гаплар чиқади. Яна ҳам мен чидаб муроса қиляпман” деганида, қози шикоятчи отага ўгирилиб, “ҳамма айб ўзингизда экан-ку, аслида ўзингиз бетарбия экансиз. Ўғилга тарбия беришдан олдин, ота аввал ўзини тарбият қилиши керак. Фарзандга чиройли исм қўйиш, таълим-тарбия бериш, динни ўргатиш, вақти етганида уйлантириш оталик фарзи ҳисобланади!” дебди.
Мен бахтли актёрман. Энг кераклиси кўчага чиқсам, муҳлисларим югуриб келиб, “Манави ролингизни кўрдим, менга жуда ёқди, раҳмат акажон” деб кетишади. Аслида бизга баҳони томошабин беради.
“ОНАМ “ЁР-ЁР” АЙТГАНИДА ОДАМЛАР ЙИҒЛАР ЭДИ!”
Мен фарзандларим санъатни танлашларини истамадим. Барибир санъаткор бировга тобе. Драматург пьеса ёзади, режиссёр уни саҳналаштиради, ундан кейин сиз роль ижро этасиз.
Мен ҳам актёр бўламан, деганимда дадам “бизнинг авлодимизда санъаткорлар йўқ-ку!” деб қарши бўлганлар. Дадам дутор чалиб, яхшигина қўшиқ айтар эдилар. Онам доира чалиб, “Ёр-ёр”ларни шундай куйлардиларки, қишлоғимиздаги тўйлар онам ва уларнинг сингилларисиз ўтмасди. Улар “Ёр-ёр” айтишганида одамлар эшитиб, йиғлар эди. Ҳозир “Ёр-ёр”га одамлар ўйнаб кетади. У пайтларда “Ёр-ёр” ҳазин мусиқа билан айтиларди-да. Унда давр фожиаси, қиз-жувонларнинг эрксизлигига ҳам ишора бор эди. Йиғламаган одам қолмасди. Ахир қиз ота уйидан бутунлайга кетяпти, бу видолашув қўшиғи эди. Ўшанда “дада сиз ҳам қўшиқ айтгансиз-ку!” деганман. Сегоҳларни шунақа чиройли куйлар эдилар...
Дадам катта лавозимда давлат ишида ишлаганлар. Шунинг учун биз дадамизни жуда кам кўрардик. Айниқса, пахта пайтида отамизни ойлаб кўрмасдик. “Актёр бўламан!” деганимнинг эртасига, қарасам, дадам уйда юрибдилар. Бир кун олдин “Ўзбекфильм”да ишлайдиган дўстларига “Ўғлимни айнитиб бергин!” деб айтган эканлар. У мени, 10-синфни энди битирган болани, чироқ устаси қилиб ишга олган. Биринчи кундан съёмкаларга чиқиб, айниш ўрнига баттар қизиқиб кетганман. Съёмка майдонида Сора Эшонтўраева, Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаевларни кўриб, кино оламига янада ҳавасим ортган.
“БИР УМРЛИК АРМОНИМ БОР!”
- Ҳаётда армонингиз борми?
- Отам жуда ҳалол инсон бўлганлар. Уч марта инфаркт, икки марта инсультни бошларидан ўтказдилар. Иккинчи марта инсульт бўлганларида кетдилар-да. Мен Тошкентда эдим. Мендан катта опам телефон қилиб, “Укажон, дадамни Тез ёрдам олиб кетди. Жуда мазалари йўқ. Етиб келсанг яхши бўларди!” деди. Қаранг, аксига олиб, тўйим бор эди. Ўша йиллари театрда маош кам эди. Бола-чақани боқиш керак, ўзинг кийинишинг керак, қаердан оласан, тўйларга хизматга боришга мажбур бўлганмиз. Тўй тугади. Келсам, яна қўнғироқ бўлиб қолди. “Тез етиб кел, оғирлашиб қолдилар” дейишган. Ўшанда ўтиб бўлган эканлар. Кўнглим сезган, тўйни қандай ўтказганимни билмайман. Отам билан видолашолмай қолганим менга бир умрлик армон бўлиб қолди. “Нега югуриб кетмадим, ўшанда!”, дейман. Энди тўй эгасига ваъда бериб қўйгандим. Актёр танишларимдан илтимос қилдим, аксига олиб ҳаммалари банд экан. Етиб борганимизда отам узилган, ғассол мени сўраётган экан. Ичкарига кирсам, отамнинг ўнг қўллари очилмай қолибди. Ғассол амаки, “қўлларини силанг, зора очилса!” деди. Мен “дада, мен келдим, мени кечиринг, вақтида келолмадим!” дедим. Йиғлаб, рози-ризолик тилашдим. Айтиб-айтиб қўлларини силадим. Мўъжизани қарангки, отамнинг мушт бўлиб қолган қўллари бирдан очилиб кетди!
Онамда ҳам шундай бўлган. Ўша кезлари Жигули машинам бор эди. Перевалдан ўтаётганида бир кориҳол бўлмасин, деб онам ўтганларини айтишмаган. Етиб борганимизда онамни ювиб, кафанлаб ҳам қўйишган экан. Ўшанда холам раҳматли “Онанг билан видолаша олмадинг. Ғассолни бошқатдан чақиринглар, бу онаси билан хайрлашиб олсин!” деб йиғлаганлар. Мен “марҳумни уринтирманглар” дедим. Оёқ томонларига ўтиб, рози-ризолик тилашганман. Чунки бош томонига кўз ёши тушмаслиги керак экан. Оёқларини силаб, хайрлашганман. Ҳозиргача шу армонлар мени қийнайди.
Ота-она учун ҳар қандай ишни ташлаб, туғилган кунларида, байрамларда ёки шунчаки, соғиндингми, ҳамма ишингни ташлаб, ота-онанг қошига югур! Албатта, тўртта нон кўтариб бориш керак. Биз эса “спектаклим бор, ишим бор, дубляж бор!” деб юраверибмиз. Бундоқ ўйлаб қарасам, биз баҳона қидирар эканмиз. Йўқ, баҳона қилманг. Ҳар қандай ишни, муҳимдан муҳими бўлса ҳам ташлаб, ота-онангизни бориб кўринг. Юзларидан, қўлларидан ўпиб, кейин бошқа нима ишингиз бўлса, қилаверинг. Менинг ёшларга айтадиган насиҳатим, маслаҳатим шу.
Чунки кейин менга ўхшаб армон бўлиб қолмасин! Бекорга алломалар “бу дунё армонли дунё” деб айтишмаган. Афсуски, йўқотганингиздан кейин билар экансиз. Жуда қимматбаҳо нарса олиш шарт эмас, тўртта нон, битта рўмол.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Онамнинг туғилган кунларига битта жемпер олиб борганман. Шу жемперни неча йил фақат байрамларда, тўй-томошаларда “буни менга ўғлим олиб берган” деб аяб-аяб кийганлар. “Ҳар куни кийсам, эскириб қолади!”, дер эдилар. Буларни ёшим ўтиб, энди-энди англаяпман. Ўша оддий битта жемпер онам учун қанчалар қадрли бўлган!
Ёшларга айтар сўзим шу, ота-она ғанимат, уларни тириклигида ҳурсанд қилинг, кўнглини олинг. Эрта-индин, деб пайсалга солманг. Чунки эртага кеч бўлиши мумкин!
- Баҳодир ака, мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Сизга сиҳат-саломатлик, оилангизга тинчлик-омонлик тилаймиз. Доим элимиз ардоғида бўлинг!
Мавлуда Иброҳимова суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси.