ЭРКИН ҲУШВАҚТОВ: “ЧУМОЛИЛАР ТОРТИБ КЕТГАН ОДАМЛАР!”
Бугунги меҳмонимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Маданият ходими, Меҳнат Шуҳрати ордени соҳиби, драматург Эркин Ҳушвақтовдир.
Кўпчилик томошабинларга у “Меҳмонжонлардан айланай”, “Сабр” телесериаллари, “Чимилдиқ”, “Қаллиқ ўйин”, “Қирмизи олма”, “Андишали келинчак” номли комедиялари орқали яхши таниш.
Унинг ижодида миллий қадриятларимиз, этнографик-фольклор йўналишидаги қўшиқларимиз ва миллий урф-одатларимиз алоҳида ўрин тутади. Шу боис томошабинлар унинг саҳна асарларини алоҳида завқ билан томоша қилишади.
Эркин Ҳушвақтов Абдулла Қодирий ижоди ва тақдири билан яхши таниш. У адибнинг ўғли Ҳабибулла Қодирийнинг хотира қиссаси ва бошқа манбаларни ўрганиб, “Қодирийнинг сўнгги кунлари” номли киносценарий ёзганидан хабардор эдим.
Унинг кейинги йиллардаги ёзган янги асарлари ва шу фильмнинг тақдири нима бўлганини билиш мақсадида драматургимиз билан суҳбатлашишга чоғландим.
“ҲАЛИ ҲАМ ТЕАТРГА БОРАДИГАНЛАР БОРМИ?”
– Бугунги кунда театрга томошабин жуда камнамо. Таксига ўтириб, фалон театрга десангиз, “ҳали ҳам театрга борадиганлар борми?” деб ҳайрон ҳам бўлишади. Аммо актёрларимизнинг аксарияти “бунга асосий сабаб, драматургия оқсаётгани!” дейишяпти. Бу борада драматург сифатида фикрингиз қандай?
– Менимча, драматургия адабиётнинг энг мураккаб жанрларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун унга кўпчилик қўл уришга журъат қилолмайди. Ўз пайтида Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров каби таниқли адибларимиз ҳам пьесалар ёзишган. Масалан, Амир Темур ҳаётига бағишланган “Бир кошона сирлари” номли саҳна асари Миллий театримизда қўйилган.
Мен ўйлайманки, драматургия учун бир яхши асос бўлиш керак. Бу кино учун ёки телевидение учун сценарий бўладими, саҳна учун пьеса бўладими, муаллиф аввал асар ғоясини, мақсадини белгилаб олиши керак. Шундагина у асар мукаммал бўлиши мумкин.
“Антигона”, “Шоҳ Эдип”, “Макр ва Муҳаббат”, “Қирол Лир”лар биз учун бир намуна бўлиши керак, деб ўйлайман. Масалан, Ҳамлетни оладиган бўлсак, Шекспир ўша даврнинг энг оғриқли масаласини қаламга олган. Яъни, ака-укалар ўртасидаги тахт талашишлар, Ҳамлетнинг фожиавий муҳаббати – драматурглар ўзлари яшаётган даврга кўзгу тута олишлари керак. Муаллиф шу давр муаммоси ва фожиаларини ҳаққоний ёритиб бериши лозим. Шундагина томошабинлар уни кўради. Агар томошабин саҳнада юрагидаги дардини, ўзини ўйлантирган муаммоларни кўрса ва саволларига жавоб олса, шунда унинг учун бу асар қизиқарли бўлади.
Аммо шундай асарлар борки, улар орадан асрлар ўтгани билан ўз таъсир кучини йўқотмайди. Масалан, Ҳамзанинг “Майсаранинг иши” асарини олайлик. Ҳозир ҳам ноҳалол қозилар бор-ку, ахлоқи бузуқ бойлар ҳамма замонларда бўлган. Ёки Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек”и ҳам ўлмас асар ҳисобланади.
Йил бошида Франц Кафканинг “Жараён” номли асарини ўқидим. “Нега улар ўлмас, ҳозирги давргача, бу асарлар қўлма-қўл ўқилади?” деган саволга жавоб топгандай бўлдим. Асарнинг бош қаҳрамони Йозеф К. айбсиз эканига қарамай, уни шундай сарсон қилишадики... Охири айбсиз одамни ўлдириб юборишади. Бундай ўйлаб қарасак, ҳозир бизларда ҳам ижтимоий тармоқларда “бормаган жойим қолмади, қирқтадан кўп ҳужжат тўпладим, аммо ҳаммаси отангга бор, онангга бор деб сарсон қиляпти...” қабилидаги хабарларни кўп ўқиймиз. Асарни ўқиётиб, у юз йил илгари ёзилган бўлса ҳам, худди бугунги кунни тасвирлагандай туюлди. “Коррупция деймизми, айрим ҳуқуқшуносларнинг ноҳалоллиги деймизми, ҳаммаси бугунги муаммолар-ку!” дея ҳайратга тушдим. Гарсиа Маркес “Ёлғизликнинг юз йили” асарида жамиятнинг чириганлигини, одамлардаги иллатлар, худбинликни кўрсатган. “Одамзод биринчи авлодини дарахтга бойлаб қўйган бўлса, охирги авлодини чумолилар тортиб кетди” деб ёзади у. Одамзоднинг кейинги авлоди шунчалик кичрайиб, майдалашиб кетган, бир махлуққа айланган. Бу билан адиб авлодлар ўртасидаги юз йиллик фарқни, чириган жамиятнинг фожиасини кўрсатяпти. Шу мумтоз асарларни ўқиганимдан кейин ўзимга бўлган талабим кучайди. Бу асарлар олдида бизнинг ёзганларимиз жуда оддий ва жўн туюлиб қолди. Шу сабаб ёзиш керак бўлса, шунақа ўлмас асарлар ёзиш керак, деган хулосага келдим.
“МАЙИТНИ АЁЛЛАР КЎМГАНМИ?”
– “Тобут кўтарган аёллар” номли пьеса ёзибсиз. Пьесанинг номини эшитиб, менда дарров қизиқиш уйғонди. Асарингизда тобутни аёллар кўтарадими?
– Мустақиллигимизнинг илк йилларида кўпчилик эркаклар чет элга ишлагани кетди. Қишлоқларда асосан аёллар қолди. Ўша кезлари, бундан 30 йил аввал қулоғимга “Эшитдингларми, фалон қишлоқда майитни аёллар кўмаётган экан...” деган гаплар чалинганди.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида катта қийинчиликлардан ўтганимиз сир эмас. Кўпчилик рўзғорини тебратиш учун бозорга чиқиб кетди. Ҳатто институт домлалари ҳам бозорда савдо қилар эдилар. Мактаблар бўшаб қолди. 8-9-синф ўқувчилари ҳам Россияга ишлагани кетар эдилар. Чунки оилани боқиш керак эди. Пьесада эркаклари кетиб, ҳувуллаб қолган бир чекка қишлоқ қаламга олинган. Қишлоқда газ йўқ, электр токи йўқ... Болалар неча километр узоқдаги мактабга, номига илиниб турган кўприк устидан ўтиб қатнашади. Шуларни ўтириб, ёзиш ниятим бор эди. Яна Шўро даври бизни “Худо йўқ” деб эътиқодимизни хиралаштирган эди. Бу даврда айрим миллатимизга ёт бўлган фикрлар бизга мажбурлаб синдирилган. Бу ҳақда кўп ўйланиб юрардим. Ана шу дардларимни қоғозга кўчиришга ҳаракат қилганман.
Бу пьеса Маданият вазирлигининг бадиий кенгашидан ўтди. Энди театримизнинг бадиий кенгашидан ўтиши керак. Аммо номини бир ўйлаб кўринг, деб таклиф беришди. Пьесани Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловга атаб ёзганман. Бир чол мактаб очишга ҳаракат қилади. Ўша кезлари биргина шийпонни мактаб қилишга беришмайди. Аҳвол шу даражада бўлган. Бу қаҳрамоннинг прототипи отам бўладилар. Қишлоқда мактаб очиш учун 7 йил курашганлар. Мактаб очиш муаммоси орқали бошқа муаммо ва зиддиятларни ҳам олиб чиққанмиз.
Аслида саҳна асари яхши чиқиши учун режиссёр, муаллиф ва актёрлар бир ёқадан бош чиқариб, бир-бирларини тушуниб ишлашлари керак. Масалан, “Чимилдиқ”ни устозларим Турғун Азизов билан Мунаввара Абдуллаевалар маслаҳати билан қўйганмиз. Улар менга қўшимча саҳналар ёздирган эдилар.
Масалан, “Келинлар қўзғолони” ҳам олдин “Саодат” журналида кичкина интермедия бўлиб чиққан экан. Кейин Баҳодир Йўлдошев бошчилигида қайта ишланиб, “Келинлар қўзғолони” номли ажойиб кулгили комедия яратилган.
Менимча, яхши саҳна асарлари театрда туғилади. Драматург саҳнанинг қонун-қоидаси ва муҳитини билиши керак. Масалан, Мольернинг ўзи ҳам театрда ишлаган, роллар ижро этган. Ижро қанақа бўлади, актёр саҳнада қандай ҳаракат қилиши керак? Хуллас, шу каби саҳна сирларидан хабардор бўлган. Шекспирнинг ҳам “Глобус” номли театри бўлган. Буюк драматургларнинг ўзлари театрга яқин кишилар бўлган. Франц Кафканинг ҳам театр ҳақида айтган жуда яхши фикрлари бор.
“ОЧИҚЛАНМАГАН ҲАҚИҚАТЛАР БОР ЭДИ...”
– “Абдулла Қодирийнинг сўнгги кунлари” номли сценарий ёзган экансиз. Шу сценарий фильм қилиндими?
– Бу сценарий адибнинг 125 йиллигига бағишлаб ёзилган эди. Мен Абдулла Қодирийни маънавий устозим, дейман. Қаттиқ ихлос қилганман. Шунинг учун ёзувчининг ҳаёти, фожиавий тақдири ҳақида кўп ўқиганман.
Бундан анча йиллар олдин “Ёшлик” журналида Ҳабибулла Қодирийнинг “Қодирийнинг сўнгги кунлари” номли хотира қиссаси босилди. Шуни ўқиб ҳайратга тушдим. Унда биз билмаган аччиқ ҳақиқатлар бор эди. Бу қиссада машҳур шоир-ёзувчиларимизнинг исмлари ҳам келтирилган, кўп нарсалар очиқ айтилган. Мен шу асосда 2000 йили сценарий ёздим. Уни адибимизнинг невара авлодларига ўқитдим. “Ўтган кунлар” билан “Меҳробдан чаён”ни ҳам Қодирийнинг авлодларига ўқитганман. “Меҳробдан чаён”га Мақсуд ака Абдуллаев оқ фотиҳа берганлар.
Адибимиз ҳақидаги сценарийни Шуҳрат Ризаевга олиб борганман. Ўша кезлари сценарийда ёзилган айрим аччиқ ҳақиқатлар ҳали очиқланмаган эди. Асосий муаммо айрим машҳурларимизнинг Қодирий фожиасига дахлдорлиги бўлган деб ўйлайман. Чунки ўша машҳурларнинг авлодлари бу киносценарийга биринчи бўлиб эътироз билдиришлари мумкин эди. Афсуски, қатағон фожиалари аллақачон ижтимоий тармоқларда очиқланиб бўлди. Ҳозир ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Чўлпон, Усмон Носирларнинг қатағон қилинишига кимлар сабабчи бўлгани аллақачон айтиб бўлинган. Ўша пайтда чиқиши қийин, дейишди. Қодирийнинг 125 йиллиги арафасида сценарийни Ўзбеккинога олиб бордим. Лекин ҳеч ким бир жўяли жавоб айтмади. На бўлади, дейишди, на рад жавобини беришди. Қудуққа ташлагандай жимжитлик.
1953 йили Сталин вафот этганидан кейин кўпчилик адиблар “биз ўша пайтда нима ёзган бўлсак, қатағон йилларининг зуғуми, босими остида ёзгандик ” деган тазарруга ўхшаш номалар ёзишади. Аммо шунда ҳам бир машҳур шоиримиз “мен ўз фикримда қоламан” деб айтган экан.
Ҳабибулла Қодирийнинг хотира қиссасида ҳамда Набижон Боқийнинг “Қатлнома”сида ҳаммаси очиқ ёзилган. Лекин шунга қарамай, кимлардир ҳалигача бу нарсалар кенг оммага ёйилишидан чўчийди. Балки шунинг учун сценарийнинг тақдири ҳал бўлмагандир.
“ТАЪЗИЯЛИ ХОНАДОНДА МЕҲМОНЛАР!”
– “Меҳмонжонлардан айланай” сериали билан машҳур бўлгансиз. Нега ҳозир шу каби сериалларга сценарий ёзмаяпсиз. “Меҳмонжонлар”нинг ғояси қандай туғилган эди?
– Мунаввара Абдуллаева, Турғун Азизовлар мени устозларим. Нима ёзсам, баъзан қўлёзма ҳолида ҳам уларга кўрсатгани олиб бораман. “Меҳмонжонлар” ғоясини ҳам Мунаввара Абдуллаева айтган эдилар. “Бир ёш оила бўлсин-да, уйларига меҳмон келаверганидан шу оила дарз кетсин! Шу мавзуни бир пьеса қилинг!” деган эдилар. Худди шу йили Моҳигул Ҳамроева ҳам “Ўзбектелефильм”да менга бир имконият беришяпти. Сериал ишлашим керак. Эркин ака сиз яхши драматургсиз, сценарий ёзиб беринг!” деб қолди. Тасодифни қарангки, худди шу пайтда грузин ижодкорларининг “Кўчатлар” номли фильмини кўриб қолдим. Бир таъзия арафасида турган хонадонга меҳмон келиб қолади. Уй эгалари хонадонда оғир ётган касал борлигини меҳмонларга билдиришмайди. Бошқа хонада уларни сидқидилдан меҳмон қилишади. Биргина шу лавҳа билан грузин киночилари халқининг мавқени осмонга олиб чиқиб қўйган. “Биз ўзбеклар улардан ҳам ўтадиган меҳмондўстмиз-ку! Меҳмонлар уйимизга истаган пайтда, тунми-кунми, қачон келса, бағримизни очиб кутиб оламиз-ку!” деб ўйлаб қолдим. Нега биз халқимизнинг шу жиҳатларини намойиш қилмаймиз, деган фикр билан “Меҳмонжонлардан айланай” сериали дунёга келган. Иложи борича, халқимизнинг тоза кўнгилли, бағри кенг, самимийлигини кўрсатишга ҳаракат қилганман.
Сценарий ёзилди ва у экранларда 15 қисмдан иборат сериал сифатида намойиш этилди. Шукрки, халқимиз уни яхши кўриб томоша қилди. Ундан кейин “Сабр” номли сериал сценарийсини ёздим. Сериалда янги оила қурган келин-куёвлар бошига мусибат тушади. Куёв сўридан йиқилиб, юролмайдиган бўлиб қолади. Сериалнинг асосий ғояси аёл садоқатини кўрсатиш эди. Бу ролни Шаҳло Темирова маромига етказиб ижро этган.
Театримизнинг рассоми Бобониёз Қурбоновнинг 45 яшар қизлари вафот этди. Рассом эди, вафотидан олдин кўргазмалар қилганди. Рассомимиз қизларига жуда меҳр қўйган эканлар. Унга атаб “Шамолнинг сурати” номли эссе ёзганлар. Шу асар менга қаттиқ таъсир қилди ва шунинг асосида сериал учун сценарий ёздим. Шу кунларда 21 қисмли сериал суратга олиш арафасида турибди. Бу сценарий ёзилганига ҳам 6-7 йил бўлди. Суратга олиш ишлари бошланай деб турганди. Телефильм таркибида ўзгаришлар бўлиб қолди. “Бемор ётган бош қаҳрамонингизни иккинчи даражага тушириб, яна битта қаҳрамон қўшиб беринг!”, дейишди. Аммо бу фикр муаллиф сифатида менга маъқул келмади. Энди шу сериал хусусий киностудия томонидан суратга олинадиган бўляпти.
ҚАЙНОНА-КЕЛИНЛАРНИ ЯРАШТИРГАН “АНДИШАЛИ КЕЛИНЧАК”!
– “Меҳмонжонлардан айланай” сериали чиққанидан кейин бир мухлис бош роль ижрочиси Ҳамид Тошпўлатовнинг олдига келиб, “менинг хотинимга ҳам бир насиҳат қилиб қўйинг, уйга меҳмон келса, “дод” дейди” деб илтимос қилиб келган экан. Ўзингиз билан ҳам шунга ўхшаш воқеалар бўлганми?
– “Андишали келинчак” спектаклини қўйганимиздан кейин Саида Раметованинг ва менинг олдимга жуда кўп қайнона-келинлар келишган ва иккаламизга ҳам “раҳмат” айтиб кетишган. Қанчадан қанча қайнона-келинлар ярашишган. Милиционерлар ҳам шу каби воқеаларни гапириб беришарди. Бир сафар ўзим ҳам дуч келганман. Спектакль пайтида бир келин боласи билан фоеда юрган экан. “Болангиз спектакль кўришга қўймаяптими?” деб сўрасам, ҳалиги келин “йўқ, шу спектаклни қайнонам кўрсалар бўлди! Атайлаб олиб келдим!” деган.
“Андишали келинчак” Тожикистонда, Татаристонда, Қримда қўйилди. “Кўнгил”, “Қирмизи олма” Қозоғистоннинг 5-6 та вилоятларида қўйилди. Туркияда икки марта Гран-при олди. “Чимилдиқ” ҳам Гран-прига сазовор бўлган. Бу бежизга эмас, албатта. Аммо ўз пайтида бу спектаклларим айрим ҳамкасблар томонидан танқидга ҳам учраган. Ўшанда мени раҳматли Тоҳир Малик ҳимоя қилган эдилар. Тоҳир аканинг ўзлари театрга келиб кўриб, уйларига чақириб гаплашганлар. Аммо халққа, мухлисларимизга манзур бўлганидан хурсандман.
Иззат Султон домла менга “Чимилдиқ” билан “Қаллиқ ўйин”ни кўрдим. Сен фольклор-этнография йўналишида янги йўл топгансан!” дея шу асарларимга юқори баҳо берганлар. Биз домланинг қўлларида Олий драматургия курсида ўқиганмиз.
“БАҲО ҚЎЙИБ БЕРИНГ” ДЕБ КЕЛАДИГАНЛАР КЎП!”
– Сизни институтда Драматургия фанидан дарс беради, деб эшитган эдим. Ҳозир ҳам талабаларга дарс берасизми?
– Ҳа, шу фандан институтда дарс берганман. Битта курс чиқариб кетганман. Кетишимга сабаб, ўқимайдиган талабаларга “баҳо қўйиб беринг”, деб келадиганлар кўп эди. Ишонасизми, проректорларгача “баҳо қўйиб беринг”, дейишади-да. Дарсга келмаган болага қандай қилиб баҳо қўясиз?! Ўқишга олти ой келмаган болага баҳо қўйиш тугул, уни ўқишдан ҳайдаш керак-ку! Шунақа ноҳақликлар ҳам бўлган. “Агар шу болага мен баҳо қўйиб берадиган бўлсам, ишдан кетаман” деганман.
Бир куни автобусда портфелимни кўтарганча институтга кетаётсам, ёнимда ўтирган бир одам “институтда домламисиз?” деб қолди. “Ҳа, ёшларни ўқишга киритиб, буёқда пулларни олиб, маза қилар экансиз-да” дейди. Унга қараб “айрим талабаларим контракт пулини тўлаш учун кундузи ўқиб, кечқурун ишлашади, ўқишга кўзлари қизариб келади, баъзида ёқасининг оҳори тўкилиб кетган кўйлакда келади. Ўшалардан пул олгандан кўра заҳар егани яхши эмасми, домланинг! Нега унақа дейсиз?” дедим жаҳлим чиқиб. Бир талабамга контракт пулини тўлашга ўзим ёрдам берардим. Жуда истеъдодли бола эди. Афсуски, ўша бола учинчи курсдан кейин контрактини тўлолмай, ўқишни ташлаб кетибди. Шу йигит ҳозир новвойчилик қиляпти. Менга телефон қилиб йиғлайди. Мен унга ўқишни ташламагин, дегандим. Мен кетганимда талабаларим ҳаммалари йиғлаган эдилар.
Энди мана яна чақиришяпти.
Тоҳир Малик, Хотам Файзиев, Шуҳрат Аббосов, Турғун Азизов каби катта санъаткорлар билан ишлаганимдан фахрланаман. Ўшаларнинг таълимини олдим. Турғун Азизов менга оталик қилган, жуда кўп яхшилик қилган. Бу одамни мен шогирдларига жонини берадиган даражада фидоий устоз, деб биламан.
“ОДАМ КЕКСАЙГАЧ, ХАЗИНАГА АЙЛАНИБ ҚОЛАР ЭКАН!”
ОИЛАСИ ҲАҚИДА
– Оилада қаттиққўлман. Қаҳримиз қишдан, меҳримиз баҳордан олинган. Мен ўзим баҳорда туғилганман. Иккита қизим, битта ўғлим бор. Катта қизим ҳам Санъат ва маданият олийгоҳини тугатган. Касбий таълим йўналиши бўйича иккинчи йўналиши психология, ҳозир психолог бўлиб ишлайди. Кичкина қизим Тошкент давлат Маданият институтининг Санъат журналистикаси факультетида ўқийди. “Ассалом Ўзбекистон” кўрсатувида муҳаррир бўлиб ишлайди. Яқинда “Даракчи” газетасида мен ҳақимдаги мақоласи чиқди. “Отамиз ижод қилаётган пайтда оёғимизнинг учида юрардик, фикрлари бўлинмасин, деб ҳатто овқатга ҳам чақира олмасдик!”, деб ёзибди. Кенжамиз Турсунмурод Туркиядаги Абан Иззет Байсал номидаги Болу университетида киноактёрлик йўналишида ўқийди. Ўғлим “Мендирман Жалолиддин” сериалида қатнашди, “Ҳукмдор Усмон”тарихий сериалида эпизод ролларда чиқди. Бу йил тўртинчи курсда ўқияпти. 1993 йилда туғилган ўғлимиз 10 ёшида лейкемия касаллиги туфайли қазо қилган. Бу оиламиз учун жуда катта руҳий зарба бўлган.
Аёлим Шоира Ражабова Миллий театрда рассом бўлиб ишлайди. Мулойим, уйим-жойим, дейдиган зиёли аёл. Қайнотам - Ҳожи бувамиз юзга кириб қазо қилдилар. Қайнонам 95 ёшда вафот этдилар. Мени ҳам ота-онам 86 ёшда ўтишди.
Аям 60 дан ошганларида биз - беш ўғилни уйлантирган, синглимизни ҳам узатган эдилар. Ўша пайтлардаёқ “Мени худойимдан ҳеч гинам йўқ, беш ўғил ва бир қизни учириб, уяга қўндирдим. Азроил шу бугун келиб олиб кетаман, деса мен тайёрман!” дердилар. Оналаримиз файласуф. Ҳар бир гапни чиройли ўхшатиш қилиб гапирар эдилар. “Чимилдиқ”нинг ёзилишига момом сабабчи бўлганлар. Тўйларга кўп олиб борар эдилар. Момом ҳам, отам ҳам гапга чечан, чиройли ўхшатишлар қилиб гапирар эдилар. Улар ҳаётда кўп нарсаларни кўришган-билишган, ибратли сўзларни, мақолларни хотираларига жойлаб, файласуфга айланиб қолишган, деб ўйлайман. Ҳақиқатан, ҳаётни кўриб, қоқилиб, боши деворга урилиб, охири ёши улғайганида одам файласуфга, хазинага айланиб қолар экан-да.
Онам асли каштадўз бўлганлар. Бутун қишлоққа кашта нусхасини чизиб берар эдилар. Каштанинг нақшларини ўзлари ихтиро қилар эдилар. Кейин яна чанқовузни маҳорат билан чалар эдилар. Улар ўз қўллари билан 8-10 метрлик чимилдиқ тикканлар. Шунақанги чиройли қилиб тикканларки, бутун қишлоқ йигитлари тўйларида шу чимилдиқни сўраб олиб тутар эдилар. Чунки шу чимилдиқни тутганларнинг ҳаммаси бахтли бўлиб кетган. Ўша чимилдиқ менга онамдан ёдгорлик бўлиб қолган.
Менга ижодкорлик хислати шу ота-буваларимдан ўтган бўлса керак, деб ўйлайман.
– Эркин ака мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. “Бекажон” мухлислари номидан сизга сиҳат-саломатлик, оилангизга хотиржамлик тилайман. Сиздан яна миллий қадриятларимизни улуғлайдиган ажойиб асарлар кутиб қоламиз.
Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.