“Алп қўнғироқ гули” каби яшаш ҳикмати...
"IJOD CHASHMASI" журналининг навбатдаги сонида "Шуҳрат" медали соҳибаси, филология фанлари номзоди, шоира, педагог, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси – Гуландом ТОҒАЕВА билан суҳбатимиз берилди.
“Алп қўнғироқ гули” каби яшаш ҳикмати...
1. Шеърларингизда Сурхондарёнинг виқорли Вахшивор тоғлари, қадимий тарихини ҳам акс эттиргансиз. Воҳадаги болалик даврингиз ва оилавий муҳитингиз ҳақида ва буларнинг ижодингизда қай даражада таъсир ўтказганини сўзлаб берсангиз?
1972 йилнинг 1 январида Сурхондарё вилояти, Денов (ҳозирги Олтинсой) туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида таваллуд топдим. Мен туғилган гўша тоғлар бағрида бўлиб, денгиз сатҳидан икки минг метр баландликда жойлашган. Ҳавоси шу қадар тозаки, нафас олсанг, бағринг яйрайди.
Булоқларидан оқаётган сув шу қадар ширин ва шифобахшки, ичсанг, дилингдаги барча заҳматлар арийди, кўнглинг қонади. Мен туғилган ҳовлидан баланд ва пурвиқор тоғлар қўр ташлаб туради. Ҳар ёмғир ёққанида, тоғлардаги арча ва кавраклар ҳиди димоққа урилади.
Менинг орзуларим ҳам Вахшивор тоғларидай қўл етмас ва ниҳоятда юксак эди. Шу тотли туйғулар мени шеъриятга ошно қилди. Тинмай китоблар ўқирдим. Уйдагилар ҳам менинг китоб ўқишим ва илм олишим учун катта имконият яратиб беришди. Отам алоҳида айвон қурган. Унда китоб ва газеталарни тахлаб қўйиб, чиройли иш столи тайёрлаган эдим. Мен ёзиб ўтадиган айвондан шундоққина тоғлар, поёнсиз арчазорлар кўриниб турар эди. Ҳар бир ёзган шеъримга тоғларим гувоҳ десам, бўлади.
Отам менга турли шаҳар ва қишлоқларга бориб, кўплаб бадиий китоблар олиб келиб берар эди. Ҳар куни ишга кетиш олдидан чўнтагига керакли китоблар рўйхатини солиб қўяр эдим. Почтальон эса тинмай газета-журнал ташир эди.
Унинг устига мухлислардан ҳар куни 20-30 талаб хатлар келар эди. Мен таълим олган Катта Вахшивор қишлоғидаги 39-ўрта умумтаълим мактабидаги устозларимнинг ёрдамини ҳам айтиб ўтишим керак. Мактабдаги устозларим ҳам ижодий ўсишим учун катта ҳисса қўшишган.
Ўқитувчиларимнинг ўз уйидаги китобларни ҳам бир-бир ўқиб чиққандим. Биринчи ўқитувчиларим Каромат Холов, Майрам Шодиева, Рауф Шоймардонов, Маҳмуд Ҳотамов; физика ўқитувчиларим Мелиқул Сиддиқов, Тилло Тўраев; адабиёт ўқитувчиларим Насим Азизов, Нарзулла Ҳотамов, Аҳмад Ҳотамов; тарих ўқитувчиларим Йўлдош Тоғаев, Туроб Қурбонов; химия ўқитувчиларимиз Нозим Ёров ва Мамалатиф Боев; немис тили ўқитувчиларим Абдусамад Нормуродов, Усмон Мелиқулов; меҳнат ва чизмачилик фани ўқитувчиларим Қурбон Ҳидоятов, Алишер ва Анвар Ҳакимов; жисмоний тарбия фани ўқитувчиларим Анор Ҳалимов ва Холмурод Расулов; мусиқа ўқитувчим Холбегим Хидирова; география ўқитувчим Насрулло Ҳусанов; биология ўқитувчим Абдулазиз Абдуалиев; рус тили ўқитувчиларим Муҳаммади Тўраев, Баҳодир Тоғаевларнинг ҳаётимдаги алоҳида катта ҳиссасини таъкидлаб ўтгим келади.
Уларнинг менга берган билимлари, адабий суҳбат ва тарбиялари туфайли адабиётга, сўзга меҳрим ошди.
Айниқса, физика ўқитувчим Мелиқул Сиддиқов, ўзи ҳақиқий шеърият ва адабиёт мухлиси бўлганлиги учун, унинг ўгитлари шууримга чуқур таъсир қилган. Ўша пайтдаги туманимизнинг "Олтинсой тонги" ва унга ёндош Денов шаҳридаги "Ғалаба учун" ("Чағониён") каби газета таҳририяти ижодкорлари — Зоир Мамажонов, Абдуғаффор Одинаев, Хуррам Раимов, Р. Мамадиев кабиларнинг ҳам менга, энди йўлга чиқаётган ижодкорга берган меҳри ва ижодий кўмаклари учун миннатдорман. Шунингдек, бизнинг юртимизнинг салоҳиятли олими, кўплаб ёш ижодкорларнинг устози Тоштемир Турдиевнинг ўгитларини олганимдан миннатдорман.
2. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўқиб юрган талабалик даврингиздан буён Сизни танийман. Ўша кезларда ҳам кўпчилик Сизга ҳавас билан қарашарди. Чунки нуфузли нашрларда шеърларингиз мунтазам равишда чиқиб турарди. "Сирли олам" журналига ҳам шеърларингиздан берганингиз ёдимизда. Талабалик ва таълим жараёнидаги энг ёқимли лаҳзаларни ёдга олсангиз?
Болалигимдан “Катта бўлсам, Тошкентга бораман, университетда таҳсил оламан”, дея ҳар сафар ният қилар эдим. “Фалончи ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)да ўқийди”, десалар, уни ҳамма талабалардан бир қур баландроқ баҳолардим. Мен 8-синфдаёқ университетга кириш учун қаттиқ тайёргарликни бошлаб юбордим.
Моҳир сайёҳ ва олим Руал Амундсен ҳақидаги китоб бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди. Қатъий кун тартиби, тинимсиз китоб ўқиш ва ҳаётда, мактабда ҳам фаол бўлиш, ахлоқ-одобда бошқаларга намуна бўлиш менинг асосий муваффақиятларим эди. Кучим-қувватим, ғайратим кўплиги, юракда чексиз орзуларга ўт ёқарди. Ўн соатлаб мутолаа, ўқиш-ёзиш билан шуғулланардим. Тўрт-беш соат уйқу кифоя эди. Руал Амундсеннинг ҳаётидаги бу шиор менинг ҳам шиоримга айланган эди: “Илм, ирода, соғлик!”
Ўзим севган, ижодини ҳурмат қилиб, ғойибона “устоз” деб атаган қарийб барча шоир-ёзувчилар университет талабалари бўлишган. Масалан, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева, Хуршид Даврон, Усмон Азим, Икром Отамурод, Сирожиддин Саййид кабилар. Айниқса, менга таниқли шоирлар Ойдин опа Ҳожиева ҳамда Икром Отамуроднинг ижодий кўмаклари беқиёс бўлди.
Дорилфунун остонасига илк бор қадам ташлаганимда, юрагимдаги чуқур-чуқур зарбларнинг товуши ҳамон ёдимда. Кичик-кичик нақшли атлас кўйлакда, сочи узун, нияти қатъиятга айланган, китоб ўқиб, орзу қилиб тўймайдиган, жиддий бир қиз... Ўша мен эдим. Умр бўйи ўзим орзу қилган журналистика факультетига ҳужжат топширдим. Акам аэропорт яқинидаги чоғроққина ижара уйда яшар эди. Мен абитуриентликнинг “ташвиш-қувончларини” шу ерда татиганман.
Ниҳоят, кутилган кун етиб келди. Мен талабалар сафига қабул қилиндим. Бу қувончларни сўз билан таърифлаб бўладими?! Балан-баланд бинолар ичидаги муҳташам аудиторияларда ўзим севган касб сирларини ўргандим. Университетдаги таҳсил йилларим эса янада жўшқин, талабаликка хос воқеаларга бой кечди. Ғайбулла Саломов, Талъат Солиҳов, Нажмиддин Комилов, Назира Абдуазизова, Қудрат Эрназаров, Сайди Умиров, Бойбўта Дўстқораев, Файзулла Мўминов, Омонулла Мадаев каби ўз соҳасининг билимдонларининг маърузаларини эшитдим, тинимсиз китоблар ўқидим.
Ўзимдан ҳам билимлироқ ва ўта иқтидорли тенгдошларимни кўриб, уларга ҳавас қилдим. Курсимиз адабиётда, журналистикада жуда фаол, иқтидорли йигит-қизларни ўзида жамлаган эди. Биз илк бор чиройли шеър ўқиган устозларни кўрдик, улар кўз-ёшини яширмайдиган одамлар эди. Улар раҳматли Ғайбулла Саломов ва Тилак Жўра эди.
Навоий ҳақидаги теран ва янгича нуқтаи-назарни илк бор шу аудиторияларда эшитдик. Бизга бу илмни Нажмиддин Комилов, Талъат Солиҳов ва Афтондил Эркиновлар ўргатишди. "Тасаввуф" сўзининг ҳақиқий маъносини, ҳаёт лаззати илмда ва ҳалолликда эканлигини шу дарсхоналарда топдик. Сабоқларимиз гоҳо шеърият мусобақасига, гоҳо адабий танқид майдонига айланар эди. Устозларимиз Сайди Умиров, Бойбўта Дўстқораев, Назира Абдуазизова дарслари жуда қизиқарли, кўнгилга яқин эди. Улардаги чинакам одамийлик ва илмий теранликнинг қоришиқлиги бизни ҳайратлантирарди.
Бир йил фое деворида журналистика факультетини битирган барча ижодкорларнинг портретларини осиб қўйишган эди. Биз ҳар кўрганда улардек бўлишга дил-дилимиздан жасурлик қилар эдик. Шу университет партасида дунёни танидик, ўзлигимизни англаб етдик. Ҳамиша касб дипломимга кўзим тушганида, кўнглим беихтиёр фахрга тўлади, кўзимга ёш келади. "Университет" сўзининг ўзи юракда туғилмас шавқ-завқ пайдо қилади. Инсоннинг инсон бўлиб шаклланишида, жамиятда ўз ўрнини топиб олишида дорилфунун таҳсили жуда муҳим. Мен то талаба бўлмагунча мутолаанинг ҳақиқий қадрини англамаганман. Хаёлимда Р. Акутагава, Камю, Кортасар қаҳрамонлари ҳақидаги ўткир баҳслар, талабаликнинг ўзига хос жўшқинлигига, ҳазил-ҳузулларига қоришиб кетган.
Ф. Аттор, Ж. Румий, А. Навоий, Ф. Достоевский, А. Блок, Ж. Жойс, К. Абэ, А. Ахматова, М. Цветаева каби ижодкорларни қайтадан кашф этдим. Ҳатто битирув ишим Ф. Аттор ижоди ҳақида бўлди.
Мен ЎзМУ (севикли дорилфунуним) берган тузни оқлай олдимми?
1989-1994 йилларда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида таҳсил олдим. Кейинги йилларда "Чақмоқ хўрсиниқлари" (1995), "Муҳаббат асри" (2004) каби шеърий китобларим чоп этилди. 1999 йили "Шуҳрат" медалига сазовор бўлдим ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиндим.
2007 йили "Ўзбек матбуотида тасаввуф таълимотининг ёритилиши: муаммолари, тамойиллари ва шакллари" мавзусида номзодлик ишини ҳимоя қилиб, филология фанлари номзоди илмий даражасини олдим.
Музаффаржон, “Сирли олам” журнали таҳририятига борганимда илк бор сиз билан, устоз Абдуқаюм Йўлдошев билан кўришганмиз. Устоз сочлари қўнғироқ, кўзлари порлаб турувчи, адабиётни жондан севгувчи ёш бир йигит, яъни сиз билан таништирганлар ўшанда. Эсингизда бўлса, адабиёт ва келажакдаги орзуларимиз ҳақида ўша кунлари кўп суҳбатлашган эдик. Бу журнални ўзим севиб ўқиганим учун у ерда шеърларим чиқиши мен учун фараҳли эди. Устоз Абдуқаюм аканинг кўмаги билан шеърларим ўша журналда ҳам чоп этилди.
3. Шеърларингизни болалик даврларингиздан саҳифаларида чоп этган “Гулхан” журнали ва “Тонг юлдузи” газетаси шеърият уммонига янада чуқур шўнғишингиз учун муҳим аҳамият касб этдими? Ушбу журналда чоп этилган илк шеърингизни таҳририятга юбориш тарихи қандай бўлган? Илк шеърингиз ёдингиздами?
Албатта. “Гулхан” журнали ва “Тонг юлдузи” газетасининг ҳаётимда ўрни жуда катта бўлган. Инсоннинг босиб ўтган йўллари ҳамиша қўриқ ер каби илк бор кашф этилади. Илк қадам, илк машқлар, илк машаққатлар... Ҳар сафар янги мукофот, янги ютуқ аввалги довонни босиб ўтганинг эвазига берилади. Нарвоннинг ҳам бошланғич зинасини аввал босиб чиқмасанг, тепа зинага чиқиш мушкул... Биз қалам аҳлининг ҳам ана шу дастлабки қадамлари болаларнинг севимли нашрлари “Гулхан” ва “Тонг юлдузи” кабилардан бошланган. Ёш ижодкорга умид ва қувонч, ишонч ва юксак руҳият бағишлашда бу нашрлар ўрнини ҳеч нима боса олмайди. Дастлабки шеърий машқларим ана шу нашрларда чоп этилган.
Биринчи устозим Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиеванинг ҳаётимдаги ўрни жуда катта. Уларнинг сабаб журналда илк бор шеърларим чоп этилди. Кейинги ҳаёт йўлларимда ҳам у киши ўз ёрдамларини аямаган. Ўшанда журналда шеърим чиққандаги гўзал ва самимий қувончларни кейин ҳеч қаердан топа олмадим. Болаликда ҳайит байрамида лойқуштак чалгандаги қувонч ёки қирлардаги лола ва бинафша териш қувончига ўхшатаман бу шодликни. Азиз устозим, ўша пайтдаги “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Абдусаид Кўчимовдан ҳам жуда миннатдорман. Ўшанда газетада чиққан илк шеърларим сабаб, юзлаб мактублар олардим. Ҳар куни камида 15-20 тача мактуб келар эди.
Минглаб болалар газетада илк шеъри чиққан қизалоққа, яъни менга ҳавас қилишар эди. “Шеърларингиз бизга ёқди, худди мени ёзибсиз, келинг, бир умр дўст бўлиб қолайлик”, дейишар эди. Ана шундай қилиб, юзлаб дўстлар орттирдим. Гулноза Эрназарова, Нодира Баратова, Дилфуза Қўзиева, Асадулла Жўраев, Лола Соипова, Наргис Довурбоева, Баҳриддин Умрзоқов кабилар менинг ёшлик йилларимдаги дўсту қадрдонларимдир. Болалар газетасидаги ижодий танловларда ҳам бир неча бор ғолиб бўлиб, фахрий ёрлиқ ва дипломлар билан тақдирланганман.
Айтганимдек, ўша пайтда газетага азиз устозим Абдусаид Кўчимов раҳбарлик қилар эди. Таҳририятда ёш ижодкорлардан келган ҳар бир хат алоҳида эътиборда эканлиги сезилиб турар эди. Ҳатто устозларим Ойдин Ҳожиева ва Абдусаид Кўчимовлар шахсан ўзлари мактуб ёзиб, ижодий ўгитлар бериб турар эдилар. Менинг бутун вужудим, қалбим матбуот билан боғлиқ эди. Тинимсиз ўқиш-изланишдан чарчамас эдим, дунё кўзимга камалак рангда товланар, мен учун осмон ҳам, булоқ ҳам, дарахту гуллар ҳам шеър эди.
Руҳиятимдаги маҳзунликни, кайфиятимдаги ўлчовларни шеърга мослаб, ижодга мослаб фикр тарозисида тортар эдим. 1989 йил сентябрь ойи мен учун қувончли келди, чунки мен Ўзбекистон Миллий университети талабаси бўлдим. Шундан кейин ҳам болалар матбуоти билан ҳамнафас бўлиб ижод қилдим. Ахир инсон қадим илдизларини унутиши мумкинми? Мен учун бу нашрлар шодлик ва бахт маёғи бўлган, биз ўз ҳаётий тимсолларимизни шу орқали топганмиз.
Кимлардир журнал ва газета фақат онлайн бўлиши керак, дейди. Мен қаршиман. Журнал ва газета сиз гул каби ҳидлаб, ушлаб кўра оладиган, ранг-баранг саҳифалари чарақлаб турадиган, дашту далаларда ҳам юмалаб ётиб ўқийдиган, хоҳласангиз каттароқ, хоҳласангиз кичикроқ шаклга кирадиган реал қувонч бўлиши керак. Худди тирик одам каби, ҳатто сукутида ҳам, гапирмаётганида ҳам, ҳарфларига, сарлавҳаларига кўзингиз тушиб, кўнглингиз ором олиши керак.
Ҳар сонини орзиқиб кутишингиз керак. "Гулхан" ва "Тонг юлдузи" биз учун шундай мақомда эди. Биз ўз тенгдошларимиз ҳаёти, қизиқишлари, ўқиётган китоблари, саёҳатлари ҳақида билиб турар эдик. Хуллас, бу нашрлар бизга йўл кўрсатувчи, ёшлигимиз компаси эди. Шу боис ҳам ҳаётда кам бўлмадик.
4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги фаолиятингиз давомида қайси кўрсатувларни тайёрлаш сиз учун энг муҳим бўлди? Ойнаи жаҳонда ишлаш фаолиятингиз қандай бошланди? "Ватандош" радиостанциясидаги биринчи кунларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
Бу жуда катта мавзу. Менинг ҳаётимнинг 27 йили МТРКда кечди. Осон бўлмади, албатта. Аммо катта ижодий пафос билан ижод қилишга у ерда имкон топа олмадим. Сабаблари кўп. Ўз пайти билан буни очиқлайман.
Мен меҳнат фаолиятимни 1995 йили Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ватандош" радиостанциясидан бошлаганман. Устозим Тўлаган Тўхтаев, Музаффар Туробов, Дилбар Пўлатова, Абдулҳамид Пардаев, Мавжуда Йўлдошевадан бир умр миннатдорман. Тўлаган ака илк радиоижод сирларини менга ўргатган. Ўзлари ҳам яхши шоир эдилар.
1996 йилдан ЎзТВ мусиқий ва дам олиш кўрсатувлари дирекцияси муҳаррири лавозимида ишлаган кезларда миллий қадриятлар тарғиботига бағишланган "Тарих сарҳадлари" номли кўрсатувни тайёрладим. Ушбу кўрсатув миллий қадриятларни тараннум этган ва "Ёшлигимнинг олтин сози" каби миллий оҳангларини ўз ичида намоён этган.
1996 йилдан Ўзбекистон телевидениеси "Ассалом, Ўзбекистон!" студияси муҳаррири, 1997 йилдан эса мазкур дастурнинг катта муҳаррири лавозимида фаолият юритдим. Бу масканда мен Насиба Мақсудова, Тўра Раҳимов, Тўра Мирзаев, Ёқубжон Хўжамбердиев, Мусулмон Номозов, Абдуғофир Маматов, Ҳабибулло Абдуллаев, Шукрулло Абдуллаев, Тўлқин Ҳайит, Ҳожиакбар Мирҳидоев, Саъдулла Нарзуллаев каби устозлардан ижод сирларини ўрганганман.
2014 йили, биринчи Президентимиз ташаббуси билан очилган янги "Маҳалла" телеканали учун йигирмадан ортиқ лойиҳалар тақдим этдим.
Деярли барча лойиҳаларим ижодкорлар томонидан қўллаб-қувватланди ва ўз даврида улар "Маҳалла" телеканали эфир мундарижасини бойитди. Жумладан, менинг муаллифлигимда тайёрланган "Халқ виждони" ток-шоуси ҳамда "Чироғи ёниқ уй" телелойиҳалари томошабинлар томонидан юқори баҳо олди. Сўнг "Аждодлар хазинаси," "Шукрона," "Илм қудрати," "Саодатли умр," "Умрбоқий қўшиқлар," "Сиз соғинган қўшиқ" каби қатор кўрсатувларни тайёрладим.
"Маънавият дарғалари" рукнида тайёрланган ҳар бири икки қисмли Чўлпон, Қори Ниёзий, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода каби олим ва ижодкорлар ижодига бағишланган фильмларим мухлислар томонидан яхши кутиб олинди ва ойнаи жаҳоннинг олтин фондидан жой олди. Шунингдек, мингга яқин "Умрбоқий қўшиқлар" ретро- кўрсатуви тайёрлаб, ўзбек мусиқа санъатининг йўқолиб бораётган қўшиқлари ва тароналарини эфирга узатдим. Архивлардан ва бошқа шаҳарлардан бўлса ҳам, йўқолиб кетаётган қўшиқларни жамладим. Архивларда чанг босиб ётган дурдоналарни мухлисларга қайтариш мен учун заҳматли, аммо шу билан бирга хайрли иш бўлди.
5. “Шуҳрат” медали билан тақдирланганингизда кўнглингиздан нималар кечган. Мукофотланишингиз Сизнинг фаолиятингизга қандай таъсир қилди? Мукофот сиз учун қандай аҳамиятга эга?
Бу нуфузли мукофот олишим телевидениедаги биринчи ва охиргиси бўлган. Ҳар бир ижодкор учун рағбат ва эътибор катта аҳамият касб этади. Мен учун ҳам бу мукофот ана шундай шукуҳли ва қувончли бўлган. Чунки ижод кишиси учун эътибор “шифойи асил”. Аллоҳга кўп шукур. Мен ижодкор сифатида халқим берган тузни ҳали оқлай олганим йўқ. Аммо ҳали Ватанимиз, мухлислар учун яхши асарлар яратаман, деган ишонч бор. Худо хоҳласа, насиб бўлади.
6. Шеърият билан касбий фаолиятингизда қандай боғлиқлик бор?
Дунёга янгича нуқтаи-назар, ҳаётга муҳаббат бор жойда ривожланиш бўлади. Бунда энг аввало, асосий мақсад ўсиб келаётган ёш авлоднинг кўнгил ободлиги, маънавий бойлиги, келажакда ширин ва мазмунли ҳаёт кечириши учун саъй-қилишдир. Мен 1995 йилдан буён педагогикадан ажралмаган ҳолда МТРКда ишладим.
Ҳозир Чирчиқ давлат педагогика университети Гуманитар фанлар факультетида “Ўзбек адабиётшунослиги” кафедраси доценти бўлиб ишлаяпман. Барча талабаларимни яхши кўраман. Университетда яхши педагогик ва илмий-адабий муҳит бор. Энг қувончлиси, бу ерда алоҳида адабий-маърифий тўгарагимиз иш олиб бормоқда. Юзга ортиқ қаламкаш ёшлар билан ишлаяпмиз.
Эндиликда “Истеъдод” клубимизни кенгайтирдик, бутун университет ижодкор ёшларини бирлаштирувчи “Мушоира” клуби ҳам очилди. Ректоримиз Ғафур Муҳаммедов, ректор ёрдамчиси Ҳошимжон Мансуров, маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар масалалари бўйича проректор Самариддин Қораев, факультет декани Равшан Икрамов ва декан ўринбосари Лочин Муҳаммадиевларнинг бу клуб ишида ёрдамлари катта бўлаяпти.
Тўгарагимизнинг дастурига кўра, энг асосий мақсадимиз ёшларда сўз санъатига муҳаббат, ҳаётда ўз йўлини, ўзлигини топиш йўлида кўмаклашишга интилаяпмиз. Адабиёт, шеърият, проза, драматургия ва публицистика сирларини қўлимиздан келганича ўргатмоқдамиз.
Энг асосийси, ёшларимиз мутолаа маданияти, сухандонлик сирлари, креатив ва танқидий фикрлаш, ахборот маданиятини ҳам ўзлаштиришаяпти. Мушоираларимиз ҳам қизғин ва дўстона баҳсларга айланади. Баъзан талабаларимиз ижросидаги куй-қўшиқлар ҳам ҳамроҳимиз бўлади. Чунки одатда, адабий ижодга мойил инсонда албатта санъатнинг бирор турига иқтидор бўлади.
Айни пайтда Зебо Мамасолиева, Ўғилой Ўрмонова, Севинч Рўзиева, Гулнора Ҳимматова, Рухшона Раҳматуллаева, Райҳона Акрамова, Акбар Кароматов, Миршод Неъматов, Феруза Қозоқова, Азизбек Равшанов, Севинч Алимбоева, Мадинабону Саловатова, Севинч Ортиқова, Дастан Ширинбеков, Ҳосила Очилова, Фазилат Олимжонова каби ёшларнинг ижодий қадамлари тобора жадал бўлиб, кўнглимизни қувонтираяпти.
Барчамизнинг қалбимиздаги мўъжиза деб билганимиз - СЎЗ, барчамизнинг қалб озуқамиз - СЎЗ, ҳавасимиз - ГЎЗАЛЛИК ВА ВАТАНГА, ҲАЁТГА МУҲАББАТ, мақсадимиз - ЎЗЛИГИМИЗНИ АНГЛАШ.
7. Дастлаб телевидение, кейин педагогик фаолият билан биргаликда ижодни ҳамоҳанг тарзда олиб бораяпсиз. Сиз учун шеър ёзишнинг аҳамияти қанчалик муҳим? Шеър ёза олмай қолган пайтларингиз ҳам бўлганми? Ўша кезларда ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?
Журналистика мен учун ҳаёт тарзига айланиб қолган. Мен ҳамиша ўзимни журналист деб ҳис қилганман. Ижодкор сифатида менинг мухлислардан жуда катта қарзим бор. Жуда кам асарлар ёздим. Ҳаёт ташвишлари, ўтиш даври машаққатлари, айниқса, ижод аҳли учун осон бўлгани йўқ. Йўлларим эса текис кечмади. Шундай бўлса-да, келгуси ижодимдан умидим катта.
Ўз ҳаётимга юксакроқдан назар ташлаганда, улкан қониқмаслик кўраман. Ҳали шундай қутлуғ эл-юртга муносиб ҳеч қандай иш қила олмадим. Мен ҳамон йўлдаман. Болалик орзуларимнинг исмини, рангини, вазифасини шу кезлардагина яққол кўра олаяпман. Мақсадим - энди уларга эришишда. Истайманки, шу тупроққа, халқимга муносиб бир фарзанд бўла олсам.
Ушбу суҳбатда тилга ола олган-олмаган барча устозларимга ташаккур, дейман. Ҳаётда барчамиз бир умр ўқувчимиз, ўрганувчимиз.
Ҳа, ижод, илҳом бу Аллоҳнинг берган неъмати. Аммо мана шу неъматни билимлар билан мустаҳкамлаш, ўз устида ишлаш, тинмай изланиш орқали ривожлантириш лозим. Баланд-баланд тоғлар чўққисида, қоялар бағрида, тошни ҳам ёриб ўсгувчи гулларни кўрганда ажабланамиз. Аммо у гуллар, матонатли гиёҳлар бекорга тошларни ёриб ўсмайди. Улардаги мана шу заминга, она тупроққа бўлган туганмас меҳр яшашга, курашишга чорлайди.
Айтишларича, "Алп қўнғироқ гули" деб аталган гиёҳ ўзидан шунчалик ҳарорат чиқарар эканки, бунинг натижасида атрофидаги қорлар ҳам эриб кетар экан. Айни қиш палласида бу гиёҳнинг қордан "бош кўтариб", эрта баҳорда ўзининг бежирим гулларини намойиш этишининг боиси шунда экан.
Бизнингча, ҳар бир ижодкор мисоли "Алп қўнғироқ гули" каби яшаши керак. Ҳаётга, ана шундай юрак қўри, меҳр нури билан қарамоғи лозим.
Суҳбатдош: Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.